1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳаж ва умранинг мийқотлари

15:31 / 07 июнь 977 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَالَ اللهُ تَعَالَى: ﭑ ﭒ ﭓﭔ

Аллоҳ таоло:

«Ҳаж маълум ойлардир», деган («Бақара» сураси, 197-оят).

Демак, ҳажни адо этиш учун маълум вақт, маълум ойлар эътиборга олинади.

Шаввол ва Зулқаъда ойлари тўлиқ, Зулҳижжа ойининг биринчи ўн куни ҳаж ойлари ҳисобланади. Мана шу пайтда ҳажни ният қилиб, эҳромга кирса бўлади. Албатта, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни Қурбон ҳайити куни бундан мустасно.

قَالَ ابْنُ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَشْهُرُ الْحَجِّ شَوَّالٌ وَذُو الْقَعْدَةِ وَعَشْرٌ مِنْ ذِي الْحَجَّةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу:

«Ҳаж ойлари Шаввол ва Зулқаъда ҳамда Зулҳижжанинг ўн кунидир», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Шаввол ойининг бошидан ҳажни ният қилса бўлади. Ният қилиб, эҳром боғлаб, тавоф ва саъй қилиб, сўнгра эҳромдан чиқиб юриш, ҳаж кунлари келганида яна эҳром боғлаб, ибодатни давом эттириш мумкин.

 

Макон мийқотлари

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَّتَ لِأَهْلِ الْمَدِينَةِ ذَا الْحُلَيْفَةِ، وَلِأَهْلِ الشَّامِ الْجُحْفَةَ، وَلِأَهْلِ نَجْدٍ قَرْنَ الْمَنَازِلِ، وَلِأَهْلِ الْيَمَنِ يَلَمْلَمَ، وَقَالَ: هُنَّ لَهُمْ وَلِكُلِّ آتٍ أَتَى عَلَيْهِنَّ مِنْ غَيْرِهِنَّ، وَمِمَّنْ أَرَادَ الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ، وَمَنْ كَانَ دُونَ ذَلِكَ فَمِنْ حَيْثُ أَنْشَأَ، حَتَّى أَهْلُ مَكَّةَ مِنْ مَكَّةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина аҳлига Зулҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Нажд аҳлига Қорнул-манозилни ва Яман аҳлига Яламламни мийқот қилдилар. Ўшалар у ерликларга ва ўша томондан келадиган улардан бошқа ҳаж ҳамда умрани ирода қилганларга мийқотдир. Ундан ичкарида бўлганлар қаердан жўнаса, ўша ердан эҳромга киради. Макка аҳли Маккадан», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Мийқот» сўзи арабча «таъқийт» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «бирон нарсанинг вақтини тайин қилиш» маъносини англатади. Кейинчалик бу сўз кенгроқ кўламда «макон» маъносида ҳам ишлатиладиган бўлди. Шаръий истилоҳда эса «мийқот» сўзи ҳаж ёки умра қилмоқчи бўлган кишининг эҳром боғлайдиган жойи ва вақтини билдиради. Табиийки, умра учун вақт маъносидаги мийқот бўлмайди, умрани йил давомида адо этиш мумкин.

Демак, «мийқот» деб эҳромга киришнинг тайинли вақти ва тайинли маконига айтилади. Ҳажнинг вақт бўйича мийқоти – Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунидир.

Макон мийқоти эса турли мамлакатлардан келган ҳожилар учун, уларнинг Маккаи мукаррамага келиш йўлларига қараб турли жойлар бўлади. Масалан, макон мийқоти – Маккаи мукарраманинг атрофидаги махсус белгиланган чегара, десак бўлади.

Ҳадисда айтилаётган Зул-Ҳулайфа Мадинаи мунавварадан Маккаи мукаррамага қараб юрганда биринчи келадиган манзилдир. У ер ҳозирда «Обори Али» деб ҳам номланади. У ерга махсус масжид, ғуслхоналар қурилган ва эҳром боғлаш учун лозим бўлган бошқа шароитлар яратилган. 

Жуҳфа ҳақида машҳур олим Ёқут Ҳамавий «Мўъжамул Булдон» китобида қуйидагиларни ёзади:

«Жуҳфа Мадинадан Макка томон кетишда тўрт марҳала (манзил) узоқликда жойлашган катта қишлоқ бўлган. Миср ва Шом аҳли Мадина орқали юрмасалар, мийқотлари Жуҳфа бўлади. Агар Мадина орқали юрсалар, мийқотлари Зул-Ҳулайфа бўлади.

Унинг қадимги исми Маҳайъа эди. Баъзи йиллари сел келиб, унинг аҳлини хонавайрон қилганлиги учун Жуҳфа (вайрона) деб аталиб қолган».

Қорнул-манозил – Маккаи мукарраманинг шарқий тарафида, икки кунлик масофада жойлашган тоғнинг номи. У «Қорнус-саъолиб» деб ҳам аталади.

Яламлам – Маккадан икки кунлик масофада жойлашган Тиҳома тоғларидан бирининг номи.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, юқорида зикри келган мийқотлардан ташқарида яшайдиган мусулмонлар Маккаи мукаррамага ҳаж ёки умра нияти билан келмоқчи бўлсалар, ўша мийқотлардан эҳромсиз ўтишлари мумкин эмас. Кимки ҳаж ёки умрани ният қилиб туриб, мазкур мийқотлардан эҳромсиз ўтса, жиноят қилган ҳисобланади (ҳаж ва умра истилоҳида жиноят деб эҳром ман қилган амалларни содир қилишга айтилади).

Ким мазкур мийқотлардан ўтмасдан, бошқа томонлардан ўтадиган бўлса ҳам, мийқотларнинг тўғрисига келганда эҳром боғлаши шарт.

Мийқотлардан кейин келадиган манзилларда яшайдиган кишилар эса ўзларининг турар жойларидан эҳром боғлайдилар. Макка аҳли ҳажга ўз уйидан эҳром боғласа, умрага ҳарамнинг чегарасидан чиқиб туриб эҳром боғлайди.

وَعَنْهُ قَالَ: وَقَّتَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِأَهْلِ الْمَشْرِقِ الْعَقِيقَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам машриқ аҳлига Ақийқни мийқот қилдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги машриқдан мурод Ироқдир.

Ақийқ – Маккаи мукаррамага Ироқ тарафдан келаётганда икки кунликдан кўпроқ йўл қолган жойнинг номи. Демак, ўша тарафдан келадиган ҳожи ва умра қилувчилар Ақийқдан ўтишдан олдин эҳром боғлашлари керак бўлган.

وَلِأَحْمَدَ وَأَبِي دَاوُدَ وَالنَّسَائِيِّ: وَقَّتَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِأَهْلِ العِرَاقِ ذَاتَ عِرْقٍ.

Аҳмад, Абу Довуд ва Насаийларнинг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ироқ аҳлига Зоти ирқни мийқот қилдилар», дейилган.

Шарҳ: Зоти ирқ – Маккаи мукаррамага Ақийқдан кўра яқинроқ  бўлган жойнинг номи. Баъзи уламолар «Эҳтиёт учун Ақийқдан эҳром боғлаган афзал», дейдилар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا فُتِحَ الْمِصْرَانِ أَتَوْا عُمَرَ فَقَالُوا: يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ، إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَدَّ لِأَهْلِ نَجْدٍ قَرْنًا، وَهُوَ جَوْرٌ عَنْ طَرِيقِنَا، وَإِنْ أَرَدْنَاهَا شَقَّ عَلَيْنَا، قَالَ: انْظُرُوا حَذْوَهَا مِنْ طَرِيقِكُمْ فَحَدَّ لَهُمْ ذَاتَ عِرْقٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Икки шаҳар фатҳ қилинганида Умарнинг олдига келиб:

«Эй мўминларнинг амири! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажд аҳлига Қорнни чегара қилиб берган эдилар. У бизнинг йўлимиздан узоқда. Агар уни ирода қиладиган бўлсак, бизга машаққат бўлади», дейишди.

«Йўлингиздан у (мийқот)нинг тўғрисига назар солинглар», деди ва уларга Зоти ирқни чегара қилиб берди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ривоятда зикр қилинган икки шаҳардан мурод Куфа ва Басра шаҳарларидир. Бу икки шаҳар фатҳ қилиниб, уларда мусулмонлар истиқомат қиладиган бўлгунларича одамлар ҳадиси шарифларда номлари зикр қилинган жойлардан эҳром боғлаб, юрганлар. Куфа ва Басра шаҳарларидан ҳаж ва умра қиладиган бўлганларидан кейин эҳром боғлаш учун ҳадисда номи зикр қилинган маконларга бориш машаққат туғдирган. Бу вазиятни халифа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга билдиришганида уларга Зоти ирқни мийқот қилиб олиш мумкинлигини айтганлар.

Бу ҳадисдан эҳром боғлаш учун албатта, номи зикр қилинган маконлардан ўтиш лозим эмаслиги, балки бошқа йўллардан ҳам ўтиш мумкинлиги маълум бўлмоқда. Фақат ҳадисда номлари зикр қилинган жойларнинг тўғрисига келганда ёхуд олдинроқ бўлса ҳам эҳром боғлаш лозим бўлади. Аммо мийқотлар ва уларнинг тўғрисидаги жойлардан эҳром боғламаган ҳолда ўтиб кетиш жиноят ҳисобланади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 10-жузи

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳожи ёки умра қилувчи ватанига яқин қолганда ушбу дуони ўқийди.Бисмиллаҳ, ааибуна, тааибуна, обидуна, лироббинаа ҳамидуна, содақаллоҳу ваъдаҳу ва насора аҳдаҳу ва давоми...

6491 17:20 / 11.09.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Одамзот қурбонлик куни қон оқизишдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш давоми...

7582 11:12 / 28.08.2017
Ҳaж бир ошиқона ибoдaтдир. Aллoҳга қулчилик қилишга oшиқ бўлгaн бaндa дунёнинг ҳaр нaрсaси билaн xaйрлaшиб, телбаларча сафарга равона бўлади. Кулфaт вa мусибaтлaргa пaрвo давоми...

2872 05:00 / 16.01.2017
Каъбанинг неча марта қурилганини билиш учун quotСаҳиҳи Бухорийquotнинг машҳур шарҳлари quotУмдат алқориquot, quotФатҳ алБорийquot, quotалИршодquot кабилар, тарих китобларидан давоми...

7314 05:00 / 16.01.2017