1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Ҳусну хулқ

05:00 / 07.03.2017 6366 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Қандай бўлсанг – шундай кўрин,
қандай кўринсанг – шундай бўл!”
Мазкур шиор ҳар бир хонадон пештоқига
ёзиб қўйилгани маъқулдир?

Мавлоно Румий ҳазратлари ёзганларким: “Иймон недир?” дея сўрадим. У қалб қулоғига эгилиб: “иймон одобдан иборатдир”, дея шивирлади”.

Яна ёзмиш эдиларким: “Менинг бу байтим байт эмас, маъно жаҳонидир. Латифам ҳам латифа эмас, тарбиядир. Қиссаларим ҳам оддий сўзлар йиғиндиси эмас, таълимдир. Яширин бўлган нарсаларни изоҳ ва идрок эттириш учундир”.
Муҳтарам мухлисларимизга аёнким, мазкур рисоланинг биринчи фаслидаги тарбия боби баёнида хулқ хусусинда бир оз фикр юритиб эдик. Энди, яхши-ёмон хулқларга доир бобларга ўтишдан аввал яна шу мавзуда суҳбатлашиб олсак, ўтмишда ўтган доноларнинг бебаҳо маънавий меросларини эсласак фойдадан ҳоли бўлмас, деган қарорга келдик.
Ҳазрати шайх Абу Муҳаммад Жаририй (қ.с.) хилват ерда бўлса ҳам оёқларини узатмасдилар, “Ҳусну адаб ҳазрати Ҳақ ҳузурида кўп яхшидир”, дер эдилар. Ҳазрати шайх Али Бин Саҳл эса “Адаб - истамоқ ва қидирмоқ биландир. Жаннат ҳам шундоқдир”, деганлар. Абу Усмон таъбирлари билан айтганда, “гўзал хулқ Аллоҳ таолодан розиликдир”. Кишига яхши хулқ зарурлигини, хулқ ақлнинг ташқи сурати эканини ҳамма билади. Лекин ҳамма уни изламайди, унга интилмайди. Улуғлик сармояси насл ва насаб билан эмас, балки ақл ва яхши хулқ билан эканлиги бировларга маълум, бировлар эса била туриб ўзини билмаганга олади. Бу биродарларимизга Арасту ҳакимнинг “Адабнинг кўркамлиги насабнинг ярамас томонларини беркитади. Фазилат асилзодалик ва насл билан эмас, балки илму одоб билан ҳосил бўлади”, деган ҳикатларини эслатсак фойда келтирар... Чунки хулқ – иймон ва ақлнинг чироғи, обрў-эътибор сармоясидир. Ёмон хулқнинг эгаси эса нафс булоғидан ташналигини қондирувчи шайтондир. Биров яхши хулққа ўргатса ҳам ўрганмаганни донишмандлар ҳайвон атайдилар, узр сўралганда қабул қилмаганни эса шайтон, дейдилар.
Айрим одамлар яхши хулқ эгаси бўлиш учун яхши илм олиш керак, деб ҳисоблайдилар. Илм олиш зарурлигини инкор этмаймиз ва рисоланинг иккинчи фаслида бу ҳақда сўз юритганмиз. Илм олмоқ ва яхши хулқ эгалламоқ масаласида айтамизки, илмли одамларнинг барчаси ҳам яхши хулқ эгаси бўлавермайди. Ёки аксинча, илмсиз одамларнинг барчаси ёмон хулқли эмас. Шарафли ҳадисда таъкид этилганким: “Сизларнинг яхшиларингиз – ахлоқи ёқимли бўлганларингиздир”. Имом Шофиъий ҳазратлари “Ўзини гуноҳ ва бадхулқликдан сақлай олмаган кишига илм фойда бермайди”, деганлар. Хушхулқли, кулар юзли, хушмуомалали одам андиша ва фаросат эгаси бўлади. Шундай гўзал сифатларга етишган, лекин ўқимаган одам билан суҳбат қуриш ёмон хулқли, қўрс бир олим билан ҳамсуҳбат бўлишдан кўра яхшироқдир. Ахлоқсиз олим имонсиз жоҳилга ўхшайди. Кишиларга жоҳил қила олмаган ёмонликларни ахлоқсиз олимлар қиладилар. Шу боис Фузайл ибн Иёз дедиларким: “Менга хулқи ёмон обиднинг ҳамроҳ бўлганидан кўра, хулқи яхши фожирнинг ҳамроҳ бўлгани суюклироқдир”. Анас ибн Молик дедилар: “Шундай банда бор, чиройли хулқи билан жаннатнинг баланд даражаларига етади, гарчи обид бўлмаса ҳам. Шундай банда бор, ёмон хулқи сабабли дўзахнинг энг қуйи қаватларидан жой олади, гарчи обид бўлса ҳам”.
Бу хусусда ҳазрат Сўфий Оллоҳёрда гўзал бир байт бор:

Кел, эй обид, ўзингни айлагил хок,
Ҳарому шубҳадин хулқингни қил пок.

Дейилмоқчики: Эй Аллоҳга бандалик қилиб юрган инсон, ўзингни тупроқ билан тенг қилгину ҳаром ва шубҳали нарсалардан бўғзингни тийиб, хулқингни поклагин.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломга:
-Фалончи аёл кундузлари рўза тутади, кечалари бедор бўлиб намоз ўқийди. Бироқ, унинг хулқи ёмон: қўшниларига тили билан азият етказади,- дейишди.
Шунда Расули акрам (с.а.в.):
-Унинг бу ишларида хайр йўқ. У аёл жаҳаннам аҳлидандир,-дедилар.
Байт:

Барча ишдан хулқи хуш яхши эрур,
Хулқи хуш одамни эл иззат қилур.

Инсон моддий жиҳатдан эмас, маънавий жиҳатдан мукаррам бўлгани учун руҳининг гўзаллиги даражасида бандалик камолига эришади. Қуръони каримда таърифланган камолот ҳам шу камолотдир. Инсонлар ҳар бир нарсани унинг зиддига қараб ўрганадилар. Яхшиликни билиш учун ёмонликни, гўзалликни билиш учун чиркинликни, тўғрини билиш учун эгриликни ва иймонни таниш учун куфрни билиши керак бўлади. “Билиши керак бўлади” деганимизни “гўзалликка чиркинлик орқали кириб борилади, эгри бўлмаган тўғри бўлолмайди, кимса кофирлик сўқмоғидан юриб бориб, сўнг иймон боғига киради”, деган маънода тушунмаслик керак. Ота-она фарзандини чойнакдаги қайноқ чойдан асрагани каби ёмон хулқлардан иҳота қилиши шарт. Тўғри, яхшиликка ёмонлик сахроси орқали кириб келувчилар ҳам учрайди ҳаётда. Бундайларнинг ёмонлик сахросидаги азоб-уқубатлари учун ким айбдор? Умр йўлининг бир томони гўзал водий, иккинчи томони уқубат сахроси эканини ким тушунтириши керак эди? Одамнинг табиати шундай: саодатга элтувчи қадриятларни уларнинг акси билан қамраб олади.
Озор уруғини сепган киши зарардан ўзга ҳосил олмайди. Гўзал хулқ ниҳолини кўкартирган киши тинчлик, шодлик мевасини ейди. Тоғда қичқириб нима десангиз, акс-садо туфайли ўша айтган гапларингизни ўзингиз эшитасиз. Ҳаёт ҳам шундай: “нима эксанг – шуни ўрасан”, деган ҳикматни унутмаслик керак. Низомий ҳазратларидан ҳикматким:

Ўз-ўзингга зўрлик қилиб, шер монанд,
Сўнгра ўзинг бўл ўз хулқингга фарзанд.

Расули Акрам (с.а.в.) дедиларким: “Исломиятда бузуқлик йўқдур. Бузуқликни устига олув ҳам йўқдур. Исломиятда энг мўътабар кишилар - яхши хулқ эгаларидур”.
Алҳол “Ахлоқ нима?” деган саволга қайтсак-да, улуғлар меросидан жавоб изласак:
“Ахлоқ” сўзи луғавий маънода кишининг хулқ-атвори (одати), феъли, қилиғи, одобини англатади. Қадим адабиётимизда “ахлоқи ҳамида” ёки “ахлоқи ҳасана” атамасини учратамизки, бу “яхши, мақтовга арзийдиган хулқ” демакдир. Яна “ахлоқлик” дейилганки, бу “одобли” деганидир. “Хулқ” атамаси ҳам “одоб”га мазмундош. “Хулқи зишт” – ёмон хулқ, “хулқи карам” – чиройли одоб, дегани. “Хулқлиқ” эса яхши хулқлидир. Алишер Навоий ҳазратлари ёзганларким: “Гўзал кўнгилни очади, хунук ҳаётни ўкситади. Яхши хулқли – гўзалдир ва у жаннат ҳуридир; ёмон табиатли – хунукдир ва у дўзахбоп девдир”.
Имом Ғаззолий ҳазратларида бу изоҳни ўқиймиз:
“Хулқ” ва “хулуқ” калималари айни илдиздан келади, яъни иккаласи биргаликда қўлланувчи сўзлардир. Асос эътибори билан бири зоҳирий, иккинчиси эса ботинийдир, яъни, инсоннинг ички дунёсига оиддир. Масалан, “фалончининг хулқи ва хулуқи гўзал” дейилса унинг ички ва ташқи гўзаллиги тушунилади. “Хулуқ” ташқи туйғулар билан идрок қилинадиган сурат, ҳайъат ва шакл маъноларини билдиради. “Хулқ” эса ботинга далолатдир ва инсоннинг ташқи кўринишида намоён бўлмайдиган омилдир. Унинг ҳақиқати инсоннинг аҳлоқи, табиати ва амаллари билан майдонга чиқади. Инсон ташқи кўриниши билан аслида кимлигини қанчалик яширмасин, бир кун ички кўриниши албатта намоён бўлади. Инсон ташқи кўринишидан завқ олиш учун бир кўзгуга муҳтож бўлгани каби, ички оламини, феъл ва тамойилларини ўрганиш ва лозим кўрилган шаклда тарбиялаш учун ҳам бир авлиёнинг файз ва талқинларига, яъни, инсонларни тарбия қиладиган, ўзига ўзини таништирадиган кўнгил кўзгусига муҳтождир”.
Қуръони каримнинг Сод сурасида Парвардигорнинг Ҳазрати Одамни яратгани, унга руҳидан уфургани баёни мавжудким, алҳол, ундаги фаришталарга хитобан айтилган: “Албатта, мен Одамни лойдан Яратгувчиман, вақтики, унинг вужудини ростлаб, ичига руҳимни дохил қилсам (киритсам), унга сажда қилган ҳолларингда йиқилинглар!” оятидаги “руҳимни дохил қилсам” калимасига диққатни қаратайлик. Мазкур оятда жасаднинг лой-тупроққа, руҳнинг оламлар Парвардигорига мансублиги таъкидланяпти. Ғаззолий ҳазратларининг тафсирларига кўра, бу ўринда руҳ ва нафс (жон) билдирган маъно биттадир. Хулқ нафс, яъни жонга мустаҳкам ўрнашган ҳайъат (ҳолат) бўлиб, бу ҳайъатдан ҳеч бир иккиланишларсиз, машаққатсиз, ўй-фикрларга ҳожат сезилмасдан, осонгина феъллар содир бўлади. Агар бу ҳайъатдан ақл ва шариатга мувофиқ мақталган чиройли феъллар содир бўлса, уни “ҳусни хулқ”, яъни “гўзал хулқ” деб, агар зидди бўлса, “ёмон хулқ” деб номланади.
Хулқ – нафсда мустаҳкам ўрнашган ҳолат, дейилишининг сабабини бундай изоҳлаш мумкин: масалан, фақат эҳтиёж туғилган пайтдагина, яъни камдан кам ҳолатда молини сарфлайдиган кишини сахий дея оламизми? Йўқ! Чунки, бу ҳолат унинг нафсида собит (доимий) эмас. Шунинг учун у молини ихтиёрий суратда эмас, қандайдир ичкию ташқи босимлар остида, бошқа иложи қолмагани учун сарфлайди. Кимидир оғир хасталикка чалинса ёки вафот этса эҳсон дастурхонларига меҳмон чорловчининг сахийлигини мақтайдиганлар ҳам бор. Қачонки киши молини қийналиб сарфласа ёки ғазаби келганда чираниб, ҳар хил ўй-фикр, иккиланишлар билан ўзини босса, бу ҳали унинг хулқида саховат ва ҳилм пайдо бўлди, дегани эмас.
“Хулқ ҳақида тўлақонли тасаввур ҳосил қилиш учун тўртта нарсани назардан қочирмаслик керак,-деб таъкидлайдилар Ғаззолий ҳазратлари.

-Биринчиси – яхши ва ёмон феъл. Иккинчиси – яхши ва ёмон феълни қилишга қодирлик. Учинчиси – яхши ва ёмон феълдан хабардорлик. Тўртинчиси - нафснинг ҳолати бўлиб, нафс доимо ё яхшиликка ёки ёмонликка мойил бўлади. Бу икки ишдан бирига эришиш унга осон кечади”.
Хулқ феълдан иборат эмас. “Сахий” деб танилган қанча кишилар бор, бордан ажраб қолишдан қўрқиб ёки бошқа монеликлар сабабли молини сарфламайди. Қанча бахил кишилар бор, молини бекорга ёки риё учун сарфлайди.
Хулқ қувватдан иборат эмас. Чунки, қувватни ҳам сахийлик, ҳам хасисликка боғласак, битта нарсада иккита зидликни жамлаган бўламиз. Ҳар бир инсон саховат этиш ва зиқналик қилиш имконияти билан, яъни саховат ва зиқналикка қодирлик фитрати билан яратилган. Шунинг учун бу фитрат инсонга на бахиллик хулқини, на сахийлик хулқини юклайди.
Хулқ билишликдан ҳам иборат эмас. Чунки билишлик, яъни маърифат яхшилик ва ёмонлик, гўзаллик ва хунуклик тушунчаларининг барчасига баробар таалуқлидир. Яъни, гўзал хулқ фақат яхшиликни таниб, билишни эмас, балки ёмонликдан ҳам хабардор бўлишни тақозо этади.
Хулқ ҳайъат (ҳолат)дан иборатдир. Нафс шу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда “беради” ё “қизғанади”. Демак, хулқ нафснинг ички ҳолати ва суратидан иборат. Масалан, ташқи кўринишнинг гўзаллиги фақат икки кўзнинг чиройлилиги билангина тўла ва мукаммал бўлмайди. Балки, ташқи чирой мукаммал бўлиши учун бурун ҳам, оғиз ҳам, ёноқ ҳам, хуллас, барча аъзолар унга мутаносиб гўзал бўлиши керак.
Шунингдек, ботинда ҳам тўртта рукн борким, уларнинг гўзаллигисиз хулқ гўзал бўла олмайди. Қачонки шу тўрт рукн ўзаро мутаносиб бўлса, гўзал хулқ ҳосил бўлади. Булар: илм қуввати, ғазаб қуввати, шаҳват қуввати, ва бу қувватлар орасидаги адолат қуввати. (Шаҳват дейилганда фақатгина жинсий муносабатга алоқадор тушунчалар эмас, балки дунёга боғлиқ барча истак ва иштаҳалар назарда тутилади.)
Илм қувватининг гўзал ва манфаатли бўлиши – сўзларда тўғри ва ёлғоннинг, эътиқодда эса ҳақ ва ботилнинг, феълларда чиройли ва хунукнинг орасини осон ва енгил фарқлаш билан белгиланади. Илм қуввати соғлом бўлар экан, ундан ҳикмат мевалари ҳосил бўлади. Ҳикмат эса гўзал ахлоқнинг бошидир. Бу фикрнинг исботи ўлароқ Бақара сурасида ўқиймиз:
“У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар”.
Ҳикмат дейилганда нафснинг ҳолати назарда тутиладиким, шу ҳолат орқали ихтиёримизга боғлиқ феъллардаги хатони ўнглаш идрок қилинади. Ҳар қандай нарса ҳаддан ошса, сифати ўзгаради. Жумладан, ҳикматни ҳам беҳуда, бузуқ ғаразлар йўлида ишлатавериш, уни кераксиз нарсага айлантириб қўяди. Ҳикматга эътиборсизлик эса аҳмоқликни келтириб чиқаради. Ўрталик (мўътадиллик) ҳикматга хос фазилатдир.
Ғазаб қувватининг гўзал ҳолати хоҳ у кучайсин, хоҳ пасайсин, ҳикмат тақозо қиладиган даражада бўлишидир.
Шунингдек, шаҳват қуввати гўзал муносиб шаклда ҳикмат ишорати остида, яъни шариат ва ақл кўрсатмаси доирасида бўлиши билан белгиланади.
Адолат қуввати шаҳват ва ғазабни шариат ва ақл кўрсатмаси остида ушлашдир. Адолат ҳам нафснинг ҳолати. Нафс ундан қувват олади. Ҳикмат тақозосига кўра, шу қувват ғазаб ва шаҳватни босиб турадигина эмас, балки бошқаради ҳам.
Ақл - бамисоли йўл кўрсатувчи насиҳатгўй. Адолат эса ақл кўрсатмасини бажарувчи куч. Ғазаб - бамисоли, овчи ит. У нафс истагидаги ҳаяжон билан эмас, балки битта ишора билан тўхташ даражасида тарбияга муҳтож. Шаҳват эса бамисоли овга миниладиган от. У баъзан тарбия кўрган, ювош. Баъзан эса асов ва қайсар.
Кимда бу хислатлар мўътадил бўлса, демак унинг хулқи гўзал. Акс ҳолда, кўз олдимизда аъзоларининг бири чиройли, бошқаси хунук манзара гавдаланади.
Устоз Абдулла Авлоний ахлоққа бундай таъриф берганлар: “Ахлоқ инсонларни яхшиликка чақиргувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илмдир. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладурган китобни “ахлоқ” дейилур. Ахлоқ илмини ўқуб, билуб амал қилган кишилар ўзининг ким эканини, Жаноби Ҳақ на учун халқ қилганини (яратганини), Ер юзида нима иш қилмак учун юрганини билур. Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмни, уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини, қимматини билмас. Ўз айбини билуб, иқрор қилуб, тузатмакға саъй ва кўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидир. Расули Акрам набиййи муҳтарам афандимиз: “мезон тарозусига қўйиладурган амалларнинг ичида яхши хулқдан оғирроғи йўқтур. Мўъмин банда яхши хулқи сабабли кечаси ухламасдан, кундузлари рўза тутуб ибодат қилган кишилар даражасига етар”, демишлар”.
“Инсон икки нарсадан мураккабдур: бири – жасад, иккинчиси – нафсдур. Жасад кўз ила бор нарсаларни кўрур. Аммо нафс идрок ила яхшини ёмондан, оқни қорадан айирур. Жасаднинг ҳам, нафснинг ҳам бирор сурати бордурки, ё яхши ё ёмон бўладур. Жасаднинг сурати ҳаммага маълум бир нарсадурки, ҳар вақт кўзга кўринуб турадур. Аммо нафснинг сурати кўзга кўринмайдурган, ақл ила ўлчанадурган бир нарсадурким, буни “хулқ” деб аталур. Агар бир киши ёшлигида нафси бузулуб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлуб ўсдими, “Аллоҳу акбар!” бундай кишилардан яхшилик кутмак – ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур”.
Ахлоқнинг фалсафаси, моҳияти, ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳақида кўп гапириш мумкин. Қисқароқ айтилса, ахлоқ ижтимоий ҳодиса ва у жамиятда муҳим ўрин тутади. Фақат ижтимоий муносабатларда аҳамияти билинади ва кўзга ташланади. Ахлоқ жамиятдаги хулқлар йиғиндиси бўлгани учун ҳам ёлғиз бир инсоннинг ахлоқли бўлиши етарли эмас. Бир хонадондан бир-икки кишининг одобли бўлиши кифоя қилмайди. Чунки инсон ахлоқ муносабатларини якка ҳолда юзага келтиролмайди. Атрофдаги одамлар билан ўзаро муносабатларда, яъни инсоний муносабатларда шу жамиятга хос бўлган ахлоқ мажмуаси шу жамиятга мансуб бўлган кишилар гуруҳи томонидан давом эттирилади, бир ҳолда таҳлил қилинади. Шунинг учун пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ахлоқлари хусусинда сўз юритилганда у муҳтарам зотнинг замондошларига, яқинларига, ҳаммаслакларига бўлган адолатли муносабатлари, хушмуомалаларининг гувоҳи бўламиз. Бу барча учун муҳимдир, ҳаётимиз давомидаги ҳаракатларга нур берувчи, ёритувчи манбадир. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ахлоқлари биз учун намуна, ғоят таъсир этувчи, ёшлар учун эса қизиқарли бўлиб, замонавий маданият соҳибларини таажжублантирадиган хусусиятларга эгадир.
Ҳар бир ёш олдида “кимга ўхшасам экан?” деган савол қад ростлайди. У ҳаётни кузатиб, ўзига ёқувчи шахсни одамлар орасидан излайди. Бу жараёнга баъзан катталар ҳам аралашадилар. “Фалончига ўхшасанг бўлмайдими?!” деб дашномлар берадилар. Бу жараёнга қалам аҳлининг аралашиб қолишига ҳам баъзан гувоҳ бўламиз. Ўтмиш жамиятда компартия ғоявий соҳасида бу масалага катта аҳамият берар эди. Қалам аҳли эса бу сиёсий-ғоявий жабҳанинг илғорларидан саналарди. Большевикларнинг ғоясига кўра, барчага ўрнак бўлувчи ягона инсон Ленин эди. Унинг Сталин томонидан қораланмаган сафдошлари ҳам бебаҳо инсонлардан саналиб, уларнинг айрим фазилатларидан ўрнак олишга даъват этиларди. Ленин ва унинг сафдошларини фаришталарга ўхшатиш учун турли-турли ёлғон “фазилат”лар тўқиларди. Бу ҳам камлик қилиб, янги-янги “қаҳрамон”лар яратиларди. Айниқса болалар орасидан қаҳрамон яратишга уриниш зўр бўларди. Оқибатда Лениндай яшашга сўз берган бола отасини сотган Павлик Морозов ҳаётидан ўрнак олиши шарт эди. Шу ўринда тарбиянинг асоси ёлғондан иборат эканига диққат қилиш керак. Ахлоқ – ҳаётий фазилатлар эмас, пуфак эди ва ниҳоят бу пуфак ёрилди. Энди ақл кўзи очиқ одамлар учун “кимдан ўрнак олиш керак, кимнинг ахлоқи намуна бўлиши лозим?” деган саволга жавоб топиш унчалик мураккаб эмас. Агар бу савол сўралса, ақл эгалари ҳеч иккиланмай дейдиларки: “Аллоҳнинг элчиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг хулқлари Ер юзидаги барча инсонлар қатори бизларга ҳам ўрнакдир!”
Шундай дейишнинг ўзи билан чекланиш кифоя эмас, ҳар бир одам бу ҳақиқатни амалга оширмоққа масъул бўлмоғи шартдир. Чунки Тавба сурасидаги “лақод жаакум расулун мин анфусикум” деб бошланувчи ояти каримада Аллоҳ хитоб қиляптики: “Эй инсонлар, сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг тўғри йўл – Ҳақ динга келишингизга ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку?”
Айрим уламолар бу ояти каримадаги “анфусикум” сўзини “анфасакум” тарзида баён қилиб, бунда “сизларнинг нафисроғингиз, гўзалроғингиз” маъноси мавжуд, деб шарҳлашади. Ҳақиқат шуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) сизу биз мансуб бўлган инсон тоифасидан эдилар. Аллоҳнинг элчисида бошқа одамларга нисбатан “анфас” – нафис бир шахсиятлари, айрим хусусиятга эга бўлган руҳониятлари бор эди. Мазкур ояти каримада Аллоҳ шу хусусда кафиллик берган.
Баъзи мушриклар: “Нега Аллоҳу таоло бизга инсон жинсидан пайғамбар юборди? Фаришталаридан юбормади? Фариштлар қанотлари билан учиб келсалар бўлмасмиди?” деган бемаъни даъволарни қилишарди.
Ер юзида инсонлар яшагани ва Аллоҳнинг ҳукмлари инсонларга юборилгани учун, уларни Ҳақ йўлига бошловчи элчининг комил, намунали одамлардан бўлиши шарт эди. Нега? Чунки бошқалар унинг ҳаётига, ҳаракатларига қараб, ўз ҳаётларини ҳатти-ҳаракатларини тартибга солишлари лозим эди. Шу мақсадда Аллоҳ таоло башардан, инсонларнинг ўз ораларидан Ўзига элчи танлади. Агар мушриклар даъво қилганларидек, пайғамбар фаришталардан юборилганида улар ибодатлардан ёки Аллоҳнинг бошқа ҳукмларидан бош тортиш учун дарров баҳона топишлари аниқ эди: яъни, “бу ҳукмларни бажаришга биз – инсонларнинг тоқатимиз етмайди, бунга фақат фаришталар қодир...” деб фисқ ботқоғига ботганларича яшаверардилар.
Пайғамбарнинг вазифаси фақат Аллоҳнинг ҳукмларини бандаларга етказиш билан чекланмайди. Балки бу ҳукмларга биринчи навбатда ўзининг итоат этиши лозим бўлади. Аллоҳ бандаларни ғийбатдан қайтаряптими, демак, Расулнинг ўзи бу иллатдан ҳоли бўлиши керак. “Домланинг айтганини қил, қилганини қилма” деган мақол бу ҳолда мутлақо ноўриндир. Бандага буюрилган амалларни ҳар бир инсон боласи бажаришга қодир эканини Аллоҳнинг элчиси ўз амали билар исбот этиб беради.
Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) барчаникидек нафслари, кўз-қошлари, қалблари, туйғулари, қувонч-қайғулари мавжуд бўлган, ҳамма қатори еб-ичадиган, ухлайдиган, чарчайдиган, инсон эдилар. Лекин шу билан бирга Аллоҳга энг мақбул шаклда қуллик қилишни ишда, амалда, сўзда кўрсатадиган пайғамбаргагина хос бўлган беназир ва ўхшаши йўқ ажиб фазилатлари ҳам бор эди. Энг муҳими – иллатлардан ҳоли эдилар. Тасаввур этингки, ғийбатни ўзига ҳаром деб билмаган одам буни бошқалардан талаб қилса? Нафсини енга олмаган инсон ўзгаларни бунга даъват этса? Шу боис ҳам Аллоҳ таборак ва таоло Ёсин сурасида Ўз элчисига шоирлик дуруст эмаслигини ва бу касбни раво кўрмаганини баён қилган. Маълумки, ўша даврларда шоирларнинг мартабаси эл аро юқори бўлган. Лекин шоирлар шеърларида муболаға ёки қандайдир ўхшатишлардан фойдаланишлари туфайли рост гапдан чекинадилар. “Шеърнинг энг ширини – энг ёлғонидир”, деб шоирларнинг ўзлари ҳам, баъзан ҳазил, баъзан чин тарзда эътироф этадилар. Аллоҳнинг элчиси эса зиммасидаги вазифани бажармоғи учун фақат рост сўзламоғи шарт. Шунга кўра, ўз умматларига бир умр амал қилиб ўтишадиган дин арконларини ўргатадиган ва ғайб олами, Охират диёри ҳақида хабар берадиган Пайғамбар шоир бўлиши дурустмиди? Албатта йўқ!
Баъзилар “Аллоҳга янада яқин бўлай, янада яхшироқ қуллик қилайин...” деб қандайдир ғайри оддий йўлларни танлашади. Масалан, тарки дунё қилишади, яъни жамиятни тарк этишади. Ажабо! Жамиятни тарк этиб, узлатга чекиниш билан яхши инсон бўладими ёки яшаб турган жамиятида ўз ҳаётини, ҳатти-ҳаракатини тартибга солишга эришадими? Агар ҳар бир киши дунёни тарк этаверса - узлатга чекинаверса, жамият тартиби бузилмайдими? Бундай ҳолда ҳар бир киши шахсий эҳтиёжини қондириш учун ҳаракат қилишга мажбур бўлади. Натижада башариятнинг, жамиятнинг ривожланиши издан чиқади. Ҳаёт мезони, яшаш низоми бузилади. Нотўғри ҳолат юзага чиқади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) шунинг учун ҳам ҳар бир кишининг жамиятдан бутунлай ажралиб, тарки дунё қилиб ўз раъйига кўра ғалати ибодат турларини адо этишларини таъқиқлаганлар. Бундай ибодат турида ҳикмат йўқлиги учун ҳам ман қилганлар. Бу ҳақда “Қутадғу билиг”да ҳам ибратлар мавжудким, одамлардан қочиб яшаш фазилат саналмайди.
Қалам сурасида Аллоҳ ўз элчисига хитобан: “Албатта сен улуғ хулқ соҳибидирсан”, деб марҳамат қилади. Мазкурдаги “улуғ хулқ”нинг маънолари ҳақида турли тафсирлар мавжуд. Бу ўринда “хулқ” ўзининг асл маъносида англашилгани маъқулроқ кўринади. Қуръонда баён этилган барча олий хулқлар билан хулқланган, яъни яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирган Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилганман”, деганлар. Сийрат ва шамоилларга доир асарлардаги маълумотлар ҳам шунга далолат қилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) биров озор етказса, унга жазо бериш ўрнига инсоф, тавфиқ сўраб, ҳақига дуо қилар эдилар. (Тоифда тош отганларни лаънатламай, дуо қилганлари барча мўъминлар учун ибратдир.) Лекин Аллоҳ таоло қайтарган ишлардан тийинилмаса ёки Яратганнинг буйруқлари бажарилмаса, шариат қонуни бўйича жазо берардилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “комил инсон, буюк хулқ эгаси” деб аталишга лойиқ зот эканликларида ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Айрим муфассирлар ояти каримадаги “улуғ хулқ”дан мурод – Қуръон ёки улуғ дин, яъни Ислом дини, деб ёзадилар. Зеро, Аллоҳ таолонинг наздида Ислом динидан суюклироқ ва гўзалроқ бирон хулқ йўқдир. Ойиша онамиздан (р.а.) Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари тўғрисида сўралганида: “У зотнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон рози бўлган ишдан рози, Қуръон норози бўлган ишдан норози бўлар эдилар”, деб жавоб қилганлари ҳам бу тафсирни қувватлайди. Ойиша онамиз яна деганларки: “Расулуллоҳ (с.а.в.) қўл остидаги ходимни ҳам, хотинни ҳам ҳеч қачон урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч бир жонзотни қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлаган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта осонини танлаганлар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқлашардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч, қасос) олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина Аллоҳ учун интиқом олганлар”.
“Аллоҳ пайғамбарининг иймон, эътиқод, хулқ-атворида гўзал намуна бор” (Азҳоб сураси) эканлигини Аллоҳ қасам ичиб таъкидлайдиким, Унинг бу марҳамати Аллоҳдан ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд этадиган кишилар учундир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари дедиларки: “Менга Раббим одоб берди. Ўзи яхшилаб тарбия қилди”. Бу муборак ҳадисдаги ҳикмат беқиёсдир. Аввали шуки, бутун дунёнинг тарбиячиси Аллоҳдир. Биз ҳам Унга “Роббимиз!” деб топинамиз. “Роббим” – “Тарбиячимиз” демакдир. Энди шарафли ҳадиснинг моҳиятига келсак, Расулуллоҳнинг ота-онадан етим қолганлари, ул зотни боболарининг вафотларидан сўнг амакилари Абу Толиб тарбияларига олганлари маълум. Абу Толиб жиянларига қанчалик меҳрибон бўлмасинлар, афсуским, иймон келтирмай дунёдан ўтдилар. Муҳаммад алайҳиссалом яна ўзлари қолдилар. Ён-атрофларида, қариндош-уруғлари орасида ул зотга тарбия бера оладиган, хулқда намуна бўладиган ҳеч ким йўқ эди. Жаноби Ҳақнинг Ўзи элчисини атрофидаги одамлардан айириб (бу ҳам ўз ҳикматига эга!) тарбиялади. Илоҳий неъматини, эҳсонини, унга мукаммал қилиб берди. Шу нарса диққатга лойиқ ва муҳимки, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳали пайғамбар бўлмай туриб, халқ орасида “амин” – энг ростгўй ва ишончли киши сифатида эътиборли эдилар. Ниҳоятда хушхулқ, хуштабиат ва ҳамма ҳурмат билан қарайдиган эъзозли бир инсон эдилар.
Каъбани таъмир этиш жараёнида бир ибратли воқеа содир бўлганини эшитганмиз: Каъбанинг эски деворлари йиқитилиб, қайтадан тиклаш пайтида Ҳажарул-асвадни ўз ўрнига кўтариб қўйиш масаласида қабилалар орасида ихтилоф чиқди. Ҳар бир қабила бошлиғи ўзининг мартабасини юксакроқ ҳисоблаб, бу шарафли вазифани бажаришга ўзинигина ҳақли деб биларди. Масала чигаллашиб, жанжал қилич яланғочлашга тақалганида инсоф эгаларидан бири: “Масжидул-ҳарамда жанжаллашманглар! Эшикдан биринчи бўлиб ким кириб келса, ўшани ҳакам қиламиз. У кимни лойиқ кўрса, ўша одам бу вазифани бажарсин”, деб таклиф қилди. Ўша замонда Каъбанинг атрофи девор билан ўралган, унда бир эшик бўлиб, “Бобус-салом” деб юритиларди. Таклиф бўйича баҳслашаётган онларида ўша эшикдан Муҳаммад алайҳиссалом кириб келдилар. Ихтилофдаги бошлиқлар: “Ана, Муҳаммад ал-амин келдилар. Биз бу шартга розимиз!” дедилар. Адолатли, энг ақлли ва ишончли кишининг биринчи бўлиб эшикдан кириб келгани ва унинг ҳакам бўлганидан севиндилар. Бу вақтда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳали пайғамбар эмасдилар. Қурайш қабиласининг бир етим фарзанди эдилар. Бой эмасдилар, мавқе-мақомлари ҳам йўқ эди. Фақат хушхулқ эдилар ва ҳамма ул зотга ишонарди. Айримлар пулларини омонатга топшириб қўярди. Аллоҳ таолонинг тарбияси туфайли улуғ хулқ соҳиби бўлиб етишган эдилар.
Расулуллоҳга (с.а.в.) вазият баён қилингач, ул зот бир пишиқ мато келтиришни буюрдилар. Муқаддас Қора тошни ўша мато устига қўйиб, барча қабила бошлиқлари бараварига кўтардилар. Сўнг Муҳамад алайҳиссаломнинг ўзлари тошни ўз қўллари билан жойига қўйдилар. Бундан ҳеч ким ранжимади. Шу воқеанинг ўзиёқ ул зотнинг яхши хулқлари туфайли жамиятдаги мавқеларини, ижтимоий масалаларни ҳал қилишдаги қобилиятларини аён кўрсатади. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳали пайғамбар бўлмасларидан аввал ҳам марҳаматли, меҳр-шафқатли эканликлари, гуноҳ ишларга аралашмай, ёмонликлардан ҳазар қилганликлари билан машҳур бўлганлар. Каъба ичида ўша замонда 360та бут бўлган экан. Одамлар гуруҳларга бўлиниб олиб у ёки бу бутга сиғинганлар. Ул зот эса буларнинг ҳеч бирига сиғинмайдиган сокин инсон эдилар. Расулуллоҳнинг ўтмишларига, хусусан, ёшликларига доғ бўлиб қолган бирон воқеа йўқ. Демак, ҳали ваҳий юбормай турибоқ, Аллоҳ таоло у муборак зотни Ўзи тарбиялаган ва ҳимоя қилган.
Ато дейдиким: “Баланд даражага фақат гўзал хулқ билан етилади. Ҳеч бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафода бўлганидек гўзал хулқ камолига эришмаган. Соликлар гўзал хулқ билан Аллоҳ таолога яқин бўлишган”.
Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақларида бутун қамрови билан сўз юритиш, албатта, Аллоҳнинг биз - ожиз қуллари учун имконсиз бир нарсадир. Чунки Жаноби Ҳақнинг энг суюкли бандаси бўлмиш, икки дунёнинг энг мукаммал ва муборак инсони, сарвари коинот, фахри коинот бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) хусусида сўз юритиш осон иш эмас. Ҳазрати Одам Атодан қиёмат кунига қадар дунёда яратилган, ўтиб кетган ва келиб-кетувчи инсонларнинг энг афзали ва энг гўзал ахлоқ соҳиби бўлган Зоти муҳтарам – Расули акрамнинг (с.а.в.) таърифлашга ҳар қандай қалам ожиздир... Зотан, қуруқ мақтовга ҳожат йўқдур, ул муборак зотнинг ахлоқларини ўзимизда тарбия этишимиз шартдир. Тарбия этишнинг ўзи ҳам кифоя эмас, бу гўзал хулқларни амалда кўрсатишимиз зарурдир. Бунинг учун Аллоҳнинг расулига бўлган муҳаббатимиз комил бўлиши талаб этилади. Бу ҳақда рисоланинг Ишқ фаслидаги баёнида фикр юритган бўлсак-да, яна бир-икки қўшимча киритсак айни муддао бўлар:
Туркиялик машҳур шоирлардан Асад Эрбилийда ҳикматга бой шундай байт бор:

Мумкинми бунча оташла шаҳидий ишқни ғусл қилмоқ,
Жасад оташ, кафан оташ, ҳам оби хўш ғубор оташ.

Дейилмоқчиким, бу қадар олов алангаси билан ишқ туфайли шаҳид бўлган кимсанинг танасини ювиш мумкинми? Танам – оташ ичида, кафаним оташ ичида шаҳидни ювадиган сув ҳам оташ ичида. Бу ўринда тилга олинаётган “ишқ” Аллоҳ ва унинг расулига нисбатан айтилаётганини муҳтарам ўқувчиларимиз англаган бўлсалар керак.
Уҳуд жангида бир аёлнинг эри, отаси ва укаси шаҳид бўлди. Шум хабарни эшитганда “Менга Расулуллоҳни кўрсатинглар!” деди. Расулуллоҳни (с.а.в.) кўриб: “Ё Расулаллоҳ! Сиз саломат экансиз, менга қолган фалокатлар ҳечдир!” деди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозни бошлашларидан олдин шундай дуо қилардилар: “Аллоҳим, мени гўзал ахлоққа ҳидоят қил. Сендан ўзгаси мени чиройли хулққа ҳидоят қилолмас. Аллоҳим, ёмон хулқни мендан узоқлаштир. Сендан ўзгаси буни қилолмас”.
Инсоннинг гўзал ахлоқи туфайли жаннатга киришидан огоҳ этувчи ояти карималар, шарафланган ҳадисларга асосланган ҳикматларни донишмандларнинг китобларида кўп учратамиз. Алишер Навоий ҳазратлари яхши хулқли кишини “гўзалдир, у жаннат ҳуридир” деб, ёмон табиатли кимсани эса “хунукдир, у дўзахбоп девдир”, деб таъриф берганлар. Яна деганларки:

Иймонга эрур нишон - ҳаё бирла адаб,
Ҳурмат била таъзим – саодатқа сабаб.
Ҳаййию муаддаб ангаким, бўлса лақаб,
Мақсудиға кеч етса ажаб англа, ажаб.

Дейилмоқчиким, ҳаё билан адаб - кишининг иймон-эътиқодидан нишонадир. Ҳурмат билан таъзим эса оқибатда саодатга сабаб бўлади, яъни етказади. Хаёли ва адабли деб танилган киши мақсадига албатта етади, бироқ, кутилмаганда мақсадига кечроқ етгудай бўлса, бундан ажабланмоқлик керак бўлади.
Гўзал ахлоқларнинг номини билишимиз яхши. Аммо бунинг ўзи кифоя қилмайди. Балки уларни ўрганишимиз, касб этишимиз, ўзлаштиришимиз, тадбиқ этишимиз, ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасида, ҳар ерда амал қилишимиз лозим. Гўзал ахлоқлар сонини олимлар санаб, беш юзга етказганлар. Сиз, азизлар билан бўлаётган ғойибона суҳбатимизда шуларнинг бешдан бирини қамраб олсак ҳам катта гап. Азизлар, шу ўринда ўзингизни бир синаб кўрмайсизми? Таклифимиз маъқул келса, рисоламизни четроқ сурингда, қўлингизга қалам ва қоғоз олиб, аввал яхши хулқлар рўйхатини, сўнг ёмон иллатларн ёзиб чиқинг. Менинг мўлжалимча, рўйхатингиз етмиш рақамидан ошиб ўтолмас. Агар юзга етказа олсангиз, тан бериб, “баракалла!” деб дуо қиламиз. Рўйхатни ёзиб тугатгач, шу хулқлар ҳақида нималар билишингизни бир-бир ёдга олинг. Сўнг рисолани яна қўлга олсангиз, самимий суҳбатимиз давом этаверади.
Ҳужжат ул-Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари дедиларки:
“Билгил! Одамлар гўзал хулқнинг моҳияти, унинг нима эканлиги ҳақида кўп гапирдилар, лекин аслни очиб бера олмадилар. Гўзал хулқ меваларини санадилар, аммо бунида тўла қамраб ололмадилар. Балки, хотирига нима келса, ўша пайт зеҳнида нима бўлса гапирдилар, гўзал хулқ чегараларига эътибор қаратмадилар. Гўзал хулқнинг барча самараларини ўз ичига олган моҳиятни муфассал баён қилолмадилар”.
Донишманд олимларимиз гўзал ахлоқларни санаб, сонини беш юзга етказган бўлсалар, демак, ёмон иллатларнинг адади ҳам айнан шунча бўлади. Чунки ҳар қандай яхши хулқнинг зиддида ёмони ҳам туради. Яхши хулқни эгаллашга интилган инсон ёмон иллатдан сақланишни ҳам билиши шарт. Баъзиларнинг айтишича, гўзал хулқ – одамларга яқин бўлиш ва уларда содир бўладиган ёмонликлардан четда туриш экан. Инсон гўзал ахлоқли бўлса, ишлари юришади, инсонлар билан муомала ва муносабати яхши йўлга қўйилади. Бошқаларга ҳам фойдаси етади. Бошқаларнинг бахтга етишига сабаб бўлади. Ёмон хулқли инсон эса бошқаларнинг хафагарчиликларига, жамоат тартибининг бузилишига сабаб бўлади. Бир қанча келишмовчиликларни, ҳатто нотинчликларни юзага келтиради. Инсон ишончдан иборат. Яъни: ишончи яхши бўлса, яхши ишларга ишонса – яхши инсон; ишончи ёмон экан, демак, ёмон инсон бўлади.
Ҳазрати шайх Абдуллоҳ ибни Муборак (қ.с.а.) деганларким: “Ҳар кимда адаб йўқтур, суннатдан маҳрум бўлур. Ҳар кимки суннатни тутмаса, фарзлардан маҳрум бўлур. Ҳар кимки фарзларни бажармаса, маърифатдан маҳрум бўлур. Ҳар кимки маърифатдан маҳрум бўлса, тавҳиддан маҳрум бўлур. Ҳар кимки тавҳиддан маҳрум бўлса – кофир бўлди...”
Энди яхши ва ёмон хулқларга нималар кириши билан қизиқиб кўрайлик: донолардан ҳикматким, тўрт нарса ҳамма учун керак: саломатлик, гўзал хулқ, ростгўйлик ва ҳалол меҳнат. Байт:

Ҳар кишида бўлса эрликдан нишон,
Ҳеч бир одамга раво кўрмас зиён.

Беш нарса ақлли одам хислати: қўлдан кетган нарсаларга ачиниб ўтирмаслик, меҳнатдан қочмаслик, мағрур бўлмаслик, қўлдан келмаган ишга киришмаслик, хоҳлаган нарсаси қўлга кирмаганига қайғурмаслик.
Олти нарса роҳатда яшашга ёрдам беради: ишчанлик, ҳақиқий дўст, тарбияли фарзанд, меҳрибон хотин, ширин, мақбул сўз ва ақлу фаросат. Байт:

Хоҳласангким, эл сани яхши кўрар,
Бўлмагил ҳар кимга бадгў, бад назар.

Саккиз хислат олижаноб одамларда топилади: афв, тавозе, шафқат, қўли очиқлик, очиқ юзли бўлиш, ҳаё, номус ва мурувват, кичикларга шафқат, қаноатли бўлиш, вафодорлик, иффат ва адолат.
Ўн хислатни қўлдан бермаслик лозим: тўғрилик, инсоф, мулойимлик, олим ва фозиллар билан суҳбат, қариларга ҳурмат, кичикларга шафқат, қаноатли бўлиш, вафодорлик, иффат ва адолат.
Мўъминликнинг ўзига ҳос шартлари мавжуд. Шулардан бири – гўзал хулқ соҳиби бўлиш. Ёмон хулқ эгасининг мўъмин бўлишини тасаввур этишнинг ўзи ғалати. Шарафли ҳадисда айтиляптики: “Мўъмин киши Аллоҳ таоло учун баъзи фаришталардан кўра афзалроқдир. Мўъмин киши Аллоҳ таоло учун муқаррабин фаришталардан ҳам кўра мукаррамроқдир”. Мумтоз адабиётимизда ҳам тез-тез тилга олинувчи “муқаррабин малоикалар” дейилганда Аллоҳ таолога яқин, доимо суҳбатда бўлиб турувчи фаришталар назарда тутиладиким, шарафли ҳадисга кўра, мўмин банда Тангри таоло учун яқин фаришталаридан ҳам азизроқ экан. Буни гўзал хулқ соҳибларига нисбатан айтсак ҳам янглишмаймиз. Шубҳасизки, Аллоҳ таоло комил иймон соҳибларини мукаррам қилади. Комил иймонни эса гўзал хулқсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Фаришталарда нафс ва шаҳват бўлмаганидек, ҳирс, ҳасад каби иллатлар ҳам йўқ. Шу боис шайтони лаъин ҳам уларни йўлдан оздира олмайди. Фаришталар нурдан яратилган. Ҳолбуки, инсон ундай эмас. Инсонни бир тарафдан нафси, иккинчи тарафдан шаҳвати, ҳирси, учинчи тарафдан ҳақ йўлдан адаштиришга, жаҳаннамга етаклашга, Аллоҳдан узоқлаштиришга уринадиган шайтон, унинг етовидаги мунофиқлар, ҳасадгўйлар, кофирлар қамраб олгандир. Улар билан бўлган курашларда ғолиб чиққан банданинг мукофоти, ҳеч шубҳасиз, фаришталардан ҳам мукаррамроқ ва афзалроқ бўлишликдир. Шунинг учун Аллоҳнинг хос мўъмин бандалари фаришталарнинг авомидан афзалдир, дейилади.
Ҳасан Басрий (қудисаллоҳу сирруҳу) ҳазратлари айтадилар: “Агар мўъминлар гуноҳ қилмасалар эди, само мулкидаги малоикалар каби учган бўлардилар”. Муҳйиддин ибн Арабий (раҳматуллоҳи алайҳ) дейдилар: “Ҳақойиқи олам инсонга оиддир. Инсон оламдан фақат кичиклиги билан ажралиб туради. Бу олам асли икки қисмдан иборат бўлиб, бири камолотни қабул этмагани учун яратилгани бўйича қолган, бири эса камолотни қабул қилди ва бунда Ҳақнинг Жалол ва Жамол сифатлари тажаллий этади, шу боис у Аллоҳ учун ҳар ҳолатда мукаррам ва афзалдир”.
Ҳасан Басрий ҳазратлари “Ҳусни хулқ – очиқ юзли, хайру саховатли бўлиш, озор беришдан тийилишдир”, деганлар. Эзгу хулқ дўстликни, ёмон хулқ эса душманликни келтириб чиқаради. Шу боис “Гўзал хулқ – хусуматлашмасликдир”, деб таъриф берган Воситий ҳазратлари маърифати кучли, яъни Аллоҳни танийдиган инсоннинг ҳеч қачон душманликка бормаслигини таъкидлаб, яхшию ёмон кунда халқни рози қилиш – хулқи чиройли бўлган кимсаларга хос фазилат эканини айтганлар. Али, каррамаллоҳу важҳаҳу, дедиларки: “Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрини кенг қилиш”. Шоҳ Кирмоний “Гўзал хулқ – озорлардан тийилиш ва машаққатга сабр-тоқатдан” иборат эканини баён қилганлар. Саҳл ибн Тустарийдан гўзал хулқ ҳақида сўрашганда ул зот бундай жавоб қайтардилар:
-Гўзал хулқнинг энг қуйи даражаси – машаққатларни кўтариш, мукофотдан кечиш, золимга раҳм-шафқат қилиб, унга мағфират тилаш.
Луқмони Ҳакимнинг ўғиллари оталаридан сўрадилар:
-Отажон, инсондаги хислатларнинг қайсиси яхшироқ?
-Дини,-дедилар Луқмони Ҳаким.
-Демак, иккитами: дини ва моли? Ё учтами: дини, моли ва ҳаёси? Ёки тўрттами: дини, моли, ҳаёси ва гўзал хулқи? Ёхуд бештами: дини, моли, ҳаёси, гўзал хулқи ва саховати? Ё олтитами..? –дея яхши хислатларни бир-бир санаётган ўғилларига Луқмони Ҳаким дедилар:
-Болажоним, агар кишида бу бешта хислат жамланса, демак у ҳақиқий муттақий, Аллоҳнинг дўсти, шайтондан ҳалос бўлган инсондир.
Энди баён этилмиш фазилатларнинг акси қандай экан, диққат қилайлик: Ваҳб ибн Мунаббиҳ дедиларки: “Ёмон хулқ чил-чил синган кўзага ўхшайди. Уни ямаб ҳам, лой ҳолатига қайтариб ҳам бўлмайди”.
Кишилардаги тўққиз иллатдан ҳамма нафрат қилади: жоҳиллик, ялқовлик, ҳасад, такаббурлик, хиёнат, таъмагирлик, ғазаб, иғвогарлик ва мунофиқлик.
Имом Ғаззолий ҳазратлари дедиларки:
“Яхши хулқ мурсаллар саййидининг сифати, сиддиқлар амалининг афзали, муттақийлар меҳнатининг меваси, обидлар риёзатининг натижаси, янада тўғрироғи, яхши хулқ – диннинг ярмидир”.
Ёмон хулқ - ўткир заҳар, хор қилувчи бузуқлик, оламлар Парвардигоридан узоқлаштирувчи разолат, янада тўғрироғи – шайтоннинг хизматига ёлланишдир. Яхши хулқ Раҳмон ҳузуридаги жаннат неъматларига очиб қўйилган қалб эшиги бўлса, ёмон хулқ – жаҳаннамга очиб қўйилган эшикдир. Жаҳаннам эса ёқиб қўйилган бир оловдирки, алангаси баданларни тешиб ўтиб, юракларга қадар етади.
Қабиҳ ахлоқ – қалб хасталиги, жонларни ўртовчи оғриқдир. Жасаднинг тириклиги тугаши билан поёнига етадиган дунёдаги барча оғриқлар қалб оғриғи олдида ҳеч нарсадир. Жисмоний дард фоний ҳаёт каби ўткинчи. Лекин ёмон хулқ туфайли қалб хасталанса, абадий ҳаёт бой берилади. Малакали табиблар жасадга қанчалик эътибор беришмасин, фоний ҳаётнинг ўткинчилигини англашдан бошқа натижага эриша олмадилар. Шундай экан, улар абадий ҳаётни бой бериб қўйишга сабаб бўладиган қалб хасталикларига кўпроқ эътибор қаратишлари аълороқ эмасми?
Донишманддан сўрадилар:
-Дунёда инсон учун энг яхши нарса нима-ю энг ёмони нима?
Донишманд жавоб қайтарди:
-Дунёда инсон учун энг яхши нарса – гўзал ахлоқли, тарбияли, саъй-ғайратли бўлиб, шу гўзал хислатлар билан ном чиқариш. Ўлимдан ҳам баттар ёмон нарса эса ахлоқсизлик, тарбиясизлик ва ялқовлик билан ном чиқаришдир.
Донишманддан яна сўрадилар:
-Одамлар хулқлари жиҳатидан неча туркумга бўлинадилар?
Донишманд дедики:
-Тўрт туркумга. Биринчи туркумдагилар бир ишни қилишга сўз берадилар ва сўзларининг устидан чиқадилар. Бу гўзал сифатли одамлар хулқи. Иккинчи туркумдагилар сўз бермайдилар, лекин индамасдан юриб ишларини кўнгилдагидек дўндирадилар. Бу жувонмардлар хулқи. Учинчи тоифа оғизни кўпиртириб сўзлайди, ваъдалар беради. Аммо амалда ҳеч бир иш кўрсатмайди. Бу мунофиқлар шеваси ва ҳийлакорлар ишидир. Тўртинчи туркумдагилар сўз ҳам бермайдилар ва ҳеч бир иш ҳам кўрсатмайдилар. Бу хасис ва пасткаш одамлар хулқи.
-Яхши хулқ одамга қандай фойдалар етказади?-деб сўралди.
Жавоб берилдиким:
-Адабли, тарбияли одам бошқаларга муҳтож бўлмас. Балки бошқалар унга муҳтож бўлурлар. Яхши хулқли одам бировдан койиш эшитмас. Ҳамма уни дўст тутар. Ёмон хулқлидан ҳамма ўзини олиб қочур ва у халқ орасинда “якка мохов” деб аталур. Ёмон хулқдан қочган кимса босиб ўтган масофаси қадар соғлом бўлади.
Шарафли ҳадиским: “Чиройли хулқ кишининг бўйнидаги Аллоҳнинг розилигидан бўлган ҳалқадир. У ҳалқа раҳмат занжирларига уланган. Раҳмат занжирлари эса, жаннат эшиги ҳалқасига туташган. Чиройли хулқ қайси тарафга юрмасин, занжир уни ўзига тортиб туради ва ўша эшикдан уни жаннатга олиб киради. Ёмон хулқ кишининг бўйнидаги Аллоҳнинг ғазабидан бўлган ҳалқадир. У ҳалқа азоб занжирига боғланган. Занжир эса, дўзах эшигига уланган. Ёмон хулқ қаёққа юрмасин, занжир уни ўзига тортиб туради ва ўша эшикдан дўзахга киришига сабаб бўлади”.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар:
-Шубҳасиз, Қиёмат куни менинг мажлис ва суҳбатимга энг яқин ва маҳбуб киши сизлардан ахлоқан яхши бўлган кишидир ва Қиёмат куни менинг мажлис ва суҳбатимга энг узоқ ва мардуд киши сизлардан эзмалик қиладиган, беҳуда сўзлайдиган в мутавайҳиқ бўлган кишидир.
-Ё Расулаллоҳ (с.а.в.), мутавайҳиқ киши кимдир?-деб сўрадилар.
-Кибру ҳаволи бўлган кимсалар,-деб марҳамат қилдилар.
Инсон илми илоҳийдан, пайғамбарлар ахлоқидан насибадор бўлсагина одамийликни билади. Бундан бўлак барча нарсалар кераксиздир. Ахлоқнинг асоси иймонга боғлиқ. Ахлоқсизнинг иймони бўлмайди. Иймон тахтини эгаллаб туриш эса осон эмас. Юқори даражадаги иймонга етдим, деб ўзини ишонтирган ва бошқаларни ҳам бунга ишонтирмоқчи бўлган киши салгина тойиш оқибатида иймонсизлик ботқоғига ботиб кетиши ҳеч гапмас. (Аллоҳ сақласин!) Рисоланинг биринчи фаслида ўқиганингиз шайх Санъон қиссалари бунга далилдир. Ҳамонки, шайтон васваса қилиб кишини иймондан чиқариб юборар экан, “мен гўзал хулқ соҳиби бўлдим” деб керилишга ёки ҳотиржам бўлишга ҳеч бир асос йўқ. Шайтон кишини иймондан чиқариш учун энг аввало гўзал хулқ қалъаларини янча бошлайди. Одам боласи гўзал хулқлардан бирини тарк этдими, тамом, ўрнига албатта иллат орттиради. Иллат мавжудми, комил иймон ҳақида гапирилмаса ҳам бўлади.
Инсон “одоблиман!” деб ўзини ўзи ишонтирган ондан ҳаётга ҳалақит беришни бошлайди. Бир танишим ҳикоя қилиб эди:
“Рамазон ойи арафасида Аллоҳнинг марҳамати ила намоз ўқишни бошладим. Биродарларим таровиҳ намозининг фазилати ҳақида сўзлашгач, уларга қўшилиб масжидга чиқдим. Хуфтон намозининг фарзини адо этишга чорловчи такбир айтилишидан аввал муаззин хонақоҳга кирди-да ҳе йўқ, бе йўқ, тўсатдан баланд ва ғазабли овозда: “дўппи киймаганлар масжиддан чиқиб кетсин!” деди. Мен масжидда бундай қўполлик, бундай беодоблик бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Биздан бир саф олдинда икки йигит бош яланг ўтирган эди. Мен муаззиннинг қўполлигидан сўнг бу йигитлар аразлаб чиқиб кетишса керак, деб ўйладим. Йўқ, улар индамадилар, намозларини ўқийвердилар. Таровиҳ намозининг ўн иккинчи ракаати ўқилгач, таровиҳ тасбеҳидан сўнг имом хатиб маъиза қилдилар. Сўнг: “бир хатда биродарларимиз “дўпписиз намоз ўқиш макруҳми?” деб сўрабдилар”, деб саволга ҳилмлик ила жавоб қайтардилар. Дўппининг миллий бош кийими экани, боболар одобига риоя қилиниб ҳурмат юзасидан кийилса дуруст бўлишини тушунтирдилар. Эртасига шу масжидга чиққим келмади. Биродарларим менга танбеҳ беришгач, узоқроқ бўлса ҳам бошқа масжидга бора бошладим”.
Ўтган асрнинг қирқинчи йилларида Тошкентдаги Кўкча масжидига имомлик қилган Ҳалиуллоҳ мақсумнинг бир одоблари ҳақида гапириб беришган эди. Қори домламиз намозга келаётиб қарасаларки, беш-олти одам чойхонада гурунглашиб ўтиришибди. “Азизлар, беш дақиқа вақтингизни аямай мен билан бирга масжидга кириб намоз ўқисангиз қанчалар савобга қолардингиз-а!” дебдилар. Чойхўрлар “кирардиг-у таҳоратимиз йўқ-да. Азон чақирилди, энди улгурмаймиз”, дейишибди. Шунда қори домламиз “Таҳоратингиз бўлмаса ҳам юраверинглар, гуноҳини мен бўйнимга оламан”, дебдилар. Бу гапдан сўнг бошқа баҳона топа олмаган чойхўрлар ўринларидан туриб, у кишига эргашибдилар ва кейинги кунлари ҳам намозни канда қилмайдиган бўлибдилар.
Бадахлоқ кишининг ёмон хулқини кўрганда ҳам индамай юрадиган инсонни гўзал ахлоқ соҳиби демоқлик мумкин эмас. Бу хусусда имом Шофиъий ҳазратларидан ҳикматким: “Инсон зоҳирида қанчалик гўзал хулқли бўлса ҳам, била туриб виждонсиз ва бадахлоқ кимсалар билан дўст тутинган бўлса, ахлоқсизликда ўшалар билан баробар ҳисобланади”. Унутмаслик шартким, дўстнинг энг яхшиси – энг гўзал хулқлисидир.
Шайх Саъдий ҳазратларидан ҳикматким:
“Ҳаммомда менга бир сиқим тупроқ – гил бердилар. Гил гул каби ёқимли ҳид таратди. Мен ажабланиб гилга дедим:
-Эй гил, сен гулмисан ё анбармисан? Гулдек ҳид таратишинг мени маст қилди.
Гил деди:
-Эй Саъдий!.. Гул ҳам, анбар ҳам эмасман. Балки тупроқларнинг-да энг хокисориман. Лекин бир куни гул билан ошно бўлдим. Шу гулнинг хушбўй ҳиди кўксимга ёйилди. Мендаги ёқимли ҳид ўша гулнинг ҳидидир. Йўқса, Мен оддий бир гил – тупроқман холос...
Шайх ҳазрат бу ҳикоят билан кишиларга бир ибрат дарси бериб, шундай дейдилар:
-Эй инсон!.. Гўзал феъл-атворли кишиларни ўзингга дўст қилиб олсанг, уларнинг гўзал феъллари сенга таъсир этади. Оқибатда сен ҳам улар каби гўзал хулқли бўласан. Гул ҳиди гилга таъсир қилгани каби, яхши кишиларнинг гўзал ахлоқи ҳам сенга таъсир этади ва ҳақиқий инсон бўлиб етишасан. Яхшиларнинг ёнида ўтирмоқ, мушк-анбар дўконида ўтирмоққа ўхшайди. Киши бу дўконда ҳеч нарса харид қилмаса ҳам, доимо фойда олади. Аввало кўнгли ёқимли ҳидлардан баҳра олиб, роҳатланади. Бадфеъл кимсалар билан бирга бўлишни эса, темирчи дўконида ўтирмоққа қиёс қилса бўлади. Ким бу жойда ўтирса, у албатта дўконнинг нохуш ҳидидан ёки оташ учқунларидан зарар кўради.
Бу каби ҳикматларни ҳар биримиз онгимизга муҳрлаб, кўнглимизга мурожаат этайлик:
-Эй кўнгил! Билурмисанки, дунё яхши ва ёмон хулқлилар жанг қиладиган жойдир. Шундай экан, сен бу муҳорибада яхши хулқлилар тарафида бўл. Билки, жанг майдонининг у томонида турганлар сенга бегона эмаслар. Жангдан мақсад уларни яхшилар майдонига тортиш бўлмоғи шарт. Бир кишини яхши йўлга солиш – бутун инсониятни яхши йўлга солиш кабидир. Чунки бир кишининг яхши бўлиши жамиятнинг яхши бўлиши кабидир.Зинҳор унутмагинки, ахлоқсиз одамнинг қалби кир бўлади. Гўзал хулқ эса баҳор шамолига ўхшайди - ҳаёт беради. Ёмон хулқ самум шамолига ўхшаб, уйларни йиқитади, инсонларни ҳалок қилади .Шундай экан, тунд юзли бўлма, бу итларнинг ҳолини эслатади. Бу хулқдан узоқлаш. Хуш табассум, ширинсўзли бўлиш юзларча одамларга зиёфат беришдан хайрлироқдир. Инсон қалби шайтонга тахт бўлса, Раҳмоннинг ҳидояти бу қалбларни ёрита оладими? Қалб кўзи билан томоша қилинса, олам бир ибратлар кўргазмаси кабидир. Ўзинининг турли кўринишлари билан бу дунё имтиҳонга тўла иймон дарсхонасидир. Илоҳий тарбия ва ирода ҳоким бўлган бу оламда буни инкор қилганлар саодатдан маҳрум бўлган ҳаёт етимларидир. Бундай кишилар шаҳватнинг гирдобида чўкиб ҳалок бўладилар.
Шарафли ҳадисда: “Мўъмин мўъминнинг биродаридир, ҳеч бир ҳолатда унинг насиҳатини ерда қолдирмайди”, деб таъкидланади. Чиндан ҳам мўъминлар бир-бирлари билан ака-ука кабидирлар. Шундай экан, мўъминлар ўртасидаги ҳақиқий муносабат туғишган биродарлари билан қиладиган муносабати каби бўлиши керак. Ҳатто зиёдароқ бўлиши лозим. Шу сабабдан биродарини севмоқ, унга гўзал муомала қилмоқ, унинг олдида камтар бўлмоқ, ўзининг ва ака-укасининг обрўсини ҳимоя қилгани сингари унинг ҳам шарафини ҳимоя қилмоқ – мўъминлик, биродарлик шартларидан ҳисобланади.
Маълумки, инсон нуқсондан ҳоли эмас. Аммо ақлли одам биродаридаги баъзи камчиликларни шартта юзига солмайди. Балки муносиб бир вақтда, муносиб бир тилда, танҳо жойда айтади ва насиҳат қилади. Биродарининг хатою камчиликларини ошкор айтиш жоҳилларнинг ҳаракати эканини яна бир бор таъкид этамиз. Чунки бу ошкора танбеҳнинг фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлади. Чунки ўртада ҳасад, кин-адоват, жанжаллар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун насиҳат қилувчилар, мутлақ танҳо бир жойда, ширин муомала билан, ҳатто ўзининг камчиликларини ҳам тилга олгани ҳолда, уни ўзидан совутиб, узоқлаштирмайдиган даражада ўгит беришлари лозим. Ҳақиқат шуки, ҳар биримиз кимнингдир насиҳатига муҳтожмиз. Бир-биримизни холис ният ила кузатган ҳолда тўғри йўлга чақиришимиз аввало динимиз амридир, иккинчидан эса дунёю охиратимизнинг саодати учун зарурдир.
Ривоятким, бир майхўр бағоят кўп ичганидан йўлда йиқилиб қолди. Девқомат одамнинг унга раҳми келди. Бўш қопига мастни солди-да, орқалаб уйига равона бўлди. Бир оз юргач, кўлмакда ағанаб ётган бошқа бадмастга йўлиқди. Қопдаги маст бақириб бораётган эди. Иккинчи маст унинг наърасини эшитгач, чидай олмасдан ётган жойида бақирди:
-Эҳ бечора! Эҳ нодон! Охирги пиёлани ичмаганингда қопга тушмасдинг, уйингга роҳатланиб ўз оёғингда кетардинг...
Латифа кўринишидаги бу қиссадан ҳисса шуки, ҳаётда ўз айбини кўрмасдан, бошқаларнинг айбини кўриб, насиҳат қиладиган кишиларни кўп учратамиз. Инсон ўз нафсига насиҳат қилмасдан туриб, бошқаларга ақл ўргата бошласа, кўлмакда ағанаб ётган бадмастнинг гапи каби фойда бермайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам шу боисдан “Энг аввало нафсингга насиҳат қил, кейин эса бошқаларга”, деганлар. Бу шарафли ҳадис кишиларга, шубҳасиз, ёруғлик ва ҳақиқат булоғидир. Амалсиз олимнинг сўзи мевасиз дарахтга ўхшайди. Икки бадмаст қиссаси эса бизга насиҳатни кимларга қилиш кераклиги ва насиҳат ким томонидан берилиши ўринли бўлиши тўғрисидаги ибратдир.
Ҳар қандай тарбия, хусусан насиҳат оилада бошланади. Бола тонгдан тунга қадар ўнлаб насиҳат эшитади. Шулар орасида бадмаст “ичма”, кашанда “чекма”, сўконғич эса “сўкма” деган ўгитларни унинг қулоғига қуймоқчи бўлади. Оқибатда бола насиҳатдан безийди. Айримлари очиқдан-очиқ қўл силтаб нари кетади, баъзилари чидаб эшитади, бироқ амал қилмайди, ўз билганидан қолмайди.
Тарбиясизлик балога бошлашини, бу балони фақат яхши хулқ билан даф этиш мумкинлигини аввало тарбия берувчи ота ва онанинг ўзи яхши англаб олиши керак. Фарзандга энг биринчи яхшилик қиладиган ҳам, ёмонлик қиладиган ҳам онасидир. Нима учун “она тили” деймиз? Чунки гўдак биринчи сўзларни онасидан ўрганади. Тарбияни ҳам дастлаб она беради. Тарбиянинг бош мақсади – бир-бирига меҳр-оқибатли инсонларни вояга етказишдир. Ота ва оналар яна унутмасинларки, бугун фарзандлари тарбиясига эътибор бермаган киши орадан йиллар ўтгач, уйсиз, оиласиз қолади.
Мавзуни атрофлича англамоқ учун яна Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари баён этган фикрларга диққат қилайлик:
-Билгин! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота ва онага омонат,-дейдилар ул зот.-Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир.
Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади. Бу хусусда Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида “Эй мўъминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангиз”, деб огоҳлантиради.
Тарбиянинг икки асоси бор: фазилатни қўриқлайдиган гўзал ахлоқ ва ярамас йўлдан, ёмон аҳволга тушишдан сақлайдиган ҳушёрлик.
Ота фарзандини дунё оловидан қанчалик ҳимоя қилса, охират оловидан ундан-да кўпроқ ҳимоя қилмоғи керак. Одобу тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин-сочинликка одатлантирмаслик, зийнатга муҳаббат уйғотмаслик билан ота фарзандини охират оловидан асрайди. Аксинча, бола дунё талабида уйғонса, абадий ҳалокатга юз тутади.
Болани тўкин-сочинликда, қимматбаҳо кийимлар кийиб ўсган болалардан, бундай дабдабали ҳаётга рағбат уйғотадиганлар даврасига аралашиб қолишдан асрамоқ керак. Чунки вояга етаётган болани эътиборсиз ташлаб қўйилса, кўп ҳолларда бу ахлоқнинг тубанлашувига сабаб бўлади. Натижада бола улғайгач, каззоб, ҳасадгўй, ўғри, чақимчи, қайсар, маҳмадана, енгилтак, маккор, беҳаё, ярамас бир кимсага айланиб қолиши мумкин.
Булардан сақланишнинг бирдан бир йўли – чиройли тарбия. Кейин мактабда дарс билан машғул бўлмоқ. Қачонки болада чиройли хулқ, мақтовга арзигулик бир феъл содир бўлса, уни ҳурмат билан шарафламоқ, кўнглини қувонтирадиган нарса билан тақдирламоқ, кўпчилик орасида бу феълини изҳор этмоқ зарур. Баъзи ҳолатларда бир марта бу феълига хилоф иш қилиб қўйса, айниқса, бола бу ишни яширишга ҳаракат қилса, уни кўрмаганга олиш фойдалироқ. Чунки бола бундай ҳолда айбидан ортиқроқ жазога тортилиб қолса, жазо акс таъсир этиши, айбининг очилиб қолишига ўрганиб, хатодан қўрқмайдиган бўлиб қолиши эҳтимол.
Агар бола ота-онаси кўрмаганга олган айбини яна такрорласа, у ҳолда унга яширин, яъни ёлғизлигида танбеҳ бермоқ, бу ишнинг оқибати ёмон бўлишини уқтирмоқ лозим. Айни дамда танбеҳни меёридан ошириб юбормаслик керак. Акс ҳолда, боланинг қулоғи маломат ва хунук сўзлар эшитаверишга одатланиб, панд-насиҳатлар қалбга етиб бормайдиган бўлиб қолиши мумкин.
Бола тарбиясида отанинг қатъияти, сўзидан қайтмаслиги муҳим аҳамиятга эга. У ўзининг бу табиатини фарзандига доимо сездириб туриши зарур. Она ҳам ўз навбатида отанинг айнан шу хусусиятини боланинг ёдига солиб турмоғи, шу тарзда фарзандини ёмонликлардан қайтармоғи лозим.
Қалбимиз азоб чекса-да, бир ҳақиқатдан кўз юммаслигимиз, бу хусусдаги тўғри гапни ичимизга ютмаслигимиз жоиз. Болани дағал, сўкиниб гапирадиган оғзи шалақ кишиларга аралашиб қолишидан сақлаш лозим деймиз. Аслида, боланинг ёмон муҳитга тушиб қолишидан асраш тарбиянинг асоси ҳисобланади. Лекин афсусларки, атрофимизда ёмон хулқли ота-оналар ҳам йўқ эмас. Тилидан сўкиш тушмайдиган оталар, қарғишдан тинмайдиган шаллақи оналар, ароқхўрлар, ғийбатчилар, текинхўрлар... Хўш, бу одамлар фарзандларига қандай тарбия берадилар? Бундай хонадоннинг фарзанди яхши хулқли оилада тарбия кўрган болага қандай таъсир кўрсатади? Баъзан майхўр ота-оналарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишади. Аслида одамлик ҳуқуқидан ўзларини ўзлари маҳрум қилган бу кимсаларга суд ҳукми нима экан? Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлгач, буларнинг қанчаси тавба қилиб, яхши йўлга ўтган экан? Ҳеч қанчаси!
Яқинда бир суд жараёнига гувоҳ бўлдим. Ҳали ўн саккизга тўлмаган йигитчани ота ва онасини зўрлаб қамашда ва отасининг ўлимига сабабчи бўлишда айблашарди. Айбланувчининг қора курсисида ўтирган бу йигитчага падаркушлик жандасини ёпишдан аввал унинг ҳаётига назар солайлик. Йигитча саккиз ёшга тўлганида суд унинг майхўр ота-онасини одамзот учун энг мукаррам бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилгач, у қарийб ўн йил давомида “меҳрибонлик уйи” деб аталмиш етимхонада тарбия топган. Бу йиллар мобайнида майхўрлар фарзандини бир марта ҳам йўқлаб боришмаган. Бола эса ота-онасини унута олмаган. Етимхонани тарк этиш муддати етгач, уйига қайтиб майхўр ота ва онасини ўзича тарбия қилмоқчи бўлган. “Уч-тўрт кун уйга қамаб қўйсам, ароқ ичишдан қайтишади”, деб ўйлаган. У эшикни қулфлаб кўчага чиқиб кетганида хумор азобидан эзилган отаси дераза орқали кўчага чиқмоқчи бўлиб йиқилгану ўлган. Жиноятчиликка доир қонунга кўра йигитча айбдордир. Майхўр ота ва она эса айбсиз. Лекин аслида-чи? Судда жабрланувчи сифатида иштирок этаётган майхўр она йиғлаб: “Боламни кечиринглар, отаси ўлди-кетди. Уни қамаб қўйсанглар боқувчимдан ажраб қоламан-ку?” дейди. Бу ноинсофга нима дейиш мумкин? Боқувчиси борлигини энди эслаб қолдими? Эри-ку хорлик ўлимини топди. Энди бу йигитча уни боқиши керакми? Боқишга мажбурми?
Ҳаммамиз биламизки, гўдак туғилганида йиғлайди. Атрофдагилар эса қувончдан ханда отадилар. Бир-бирларини қутлайдилар. Инсон шундай яшаши керакки, ўлар вақтида ўзи кулсину, унинг бу дунёни ташлаб кетишидан афсусда қолаётган олам кўз ёшларидан бўғилсин. Оқибатнинг бундай гўзал бўлиши гўдакка тарбия бериши лозим бўлган ота ва онанинг ҳаракатига боғлиқ.
Мактабни “илм ва одоб маскани”, деймиз. Фарзандларимиз мактабдан кўп яхши нарсаларни ўрганадилар. Шунинг баробаринда уйда сўкишни ўрганмаган бола мактабда ёмон сўзларга одатланди, уйда ҳилмдан сабоқ олган бола мактабдаги тенгдошларидан қўполликни ўрганади. Синфда 25-30 бола, ўқитувчи эса битта. Ҳамма болага бир ҳилда сабоқ бера олмайди, ҳар бир боланинг хушхулқи ёки бадхулқини назоратда тутиши мушкул.
Бир мактабда ўқитувчи синфга кирсаки, қайсидир бадхулқ қора тахтага оқ бўр билан ахлоқсиз расмни чизиб, беҳаё сўзларни ёзиб қўйибди. Буни кўрган муаллимнинг ранги ўзгарди, лаблари титради. Бундай ҳолларда кўпчилик “Бу кимнинг қилиғи!” деб бақириб, болаларга таҳдид қила бошлайди. Бу муаллим эса ғазабланганини шогирдларига сездирмади. Чунки у гўзал хулқ эгаси эди, гўзал хулқ эса қаҳр-ғазаб келганда билинади. Муаллим индамайгина қўлига латтани олиб, қора тахтани артиб қўйди. Ниманидир ўйлагандай у ёқдан бу ёққа юрди, сўнг деди:
-Болалар,узоқни кўра оладиган бўлинглар... Ҳа, узоқни кўра оладиган бўлинглар! Фақатгина ҳозирги кунни, ҳозирги мавсумни ва йилни ўйламанглар. Ҳеч бўлмаса, хаёлан беш-ўн йил кейинги ҳаётга саёҳат қилинглар. Бугун шундай нарсалар ёзинг, чизинг ва гапиринг-ки, келажакда ўғил ёки қизингизга ор-номус дарси берганингизда юзингиз қизармасин... Бугун шундай яшангки, эртага умр йўлдошингизнинг юзига уялмай қарай олинг ва ўзингизга ўзингиз: “Бу ҳам мени назар-писанд қилмай, ечиб-алмаштириб кетса бўлаверадиган пойабзал деб ўйлаяпти-ку?” деманг.
Муаллимнинг донолигига тан беринг-у ҳикматга йўғрилган гапларининг шогирдларига қанчалик таъсир қилганини тасаввур этаверинг. Биз эса унинг гапларига бундай қўшимча киритишимиз мумкин:
Киши ёшлик чоғида фазилат эгаллаш учун захмат чекса, қариганида фазилатнинг ўзи унга хизмат қилади. Байт:
Фазилатни айлар эсанг ихтиёр,
Бўлур давлатинг ҳамдам-у, бахт – ёр.
Болаларнинг юксалиши диний туйғулар, илми ирфон тарбияси туфайли юзага келади. Бу тарбиядан маҳрум бола келажак учун хатарлидир. Ўтган асрнинг биринчи чорагида фаолият юритган жадидлар буни яхши англаганлар. Эски мактабни ислоҳ қилишда бу масалалаги асосий эътиборни қаратганлар. Янги мактаб дарсликлари асосан тарбия йўналишида бўлган. Шулардан бирини устоз Мунаввар Қори қаламларига мансуб “Адибус-соний” дарслигига кўз югуртирайлик:
“Тарбияли бола улуғларни иззат ва ҳурмат қилур. Ўзи баробариға яхши муомала қилур. Ва ўзидан кичикларға шафқат ва марҳамат қилур. Ҳар кимнинг қадрини билур. Ўзидан рози қилмоқға ҳаракат қилур. Қўлидан келганича бошқа инсонларға ёрдам берур. Инсонликға ярашған ишлардан ўзини тортмас. Ярашмаған ишларнинг (қанча фойдалик бўлса ҳам) яқинига бормас. Ўзи билмайдурғон сўзларға ва қўлидан келмайдурғон ишларға асло аралашмас. Доимо яхшини яхши, ёмонни ёмон дер. Ҳар сўзни вақтиға ва жойиға қараб сўзлар. Ҳар ишда бир фойдани кўзлар. Ўзлариға ёки бошқа инсонларға фойдаси тегмайдурғон ишларға қадам қўймас. Ҳеч кимнинг ишиға, кучиға зарар еткурмас. Тарбиясиз, ёмон болаларға қўшилмас. Ота ва онасининг, муаллим ва халфаларнинг сўзларидан чиқмас. Ҳар ишда инсофни қўлдан бермас. Бировдан бир яхшилик кўрса, эсидан чиқармас. Қўлидан келмаган ишни устиға олмас. Устиға олган хизматини қилмай қолдирмас. “Миллат” деган сўзни жонидан ортиқ суяр...”
Дарсликка жо бўлган қисқа сатрларда комиллик йўли аниқ ва содда равишда кўрсатиб берилган. Бола эҳтимол яхши хулқнинг бу асосларини бир ўқишда англаб етиши қийин бўлар. Масалан, ҳеч кимнинг ишига ва кучига зарар етказмаслик қандай бўлишини тасаввур эта олмас. Бу ҳолда унга ота-онаси ва муаллими ёрдамга келади. Ўзининг ҳаётий тажрибаси ёки ўкиган ҳикматлари асосида тушунтириб беради. Афсуски, ҳозирги дарсликларимизда гўзал хулқ соҳиби бўлиш йўллари ҳақида маълумот кам. Муаллимлар, айтайлик адабиёт дарсида, ёзувчининг таржимаи ҳолига кўпроқ аҳамият берадилар. У ёзган китобларни ўқимаганлари туфайли асардан олиниши лозим бўлган маънони четлаб ўтишга ҳаракат қиладилар. Болага ёзувчиниг қачон ва қаерда туғилганини билиш шарт эмас. Аксинча, адиб ёзган асарлар ўқувчининг дунёни англашига қанчалик хизмат қилади, уни ўқиган одамнинг маънавий олами қанчалик бойийди – шуни билиши муҳимроқ. Бола адабиёт дарсида бадиий адабиётни тушунишни, фикрлашни ва таҳлил қилишни ўрганиши шарт. Бу фазилатларсиз гўзал хулққа етишиш қийин.
Нафс ва ахлоқ тарбияси жиддий ва мушкул иш. Ҳатто ахлоқ ҳақида тинмай гапирадиганлар ҳам амалий ишга келганда ўзларини олиб қочадилар. Чунки бу бир-икки кунда ёки ойда ниҳоясига етадиган иш эмас. Тез кунларда чиройли натижага эришиш мушкул.
Яна бир тоифа борки, улар ахлоқни ўзгартириб бўлмайди, чунки табиат ўзгармайди, деб ҳисоблайдилар ва ўзларини бу юмушдан четга оладилар. Имом Ғаззолий ҳазратлари бу масалани ҳам атрофлича ўрганиб, таҳлил қилиб, тўғри хулосаларни баён этганларким, биз ҳам бунга эътиборни қаратсак чакки бўлмас:
Ахлоқни ўзгартириш мумкин эмас, деб ишонувчилар икки қарашни далил сифатида келтирадилар. Биринчиси, хулуқ зоҳирнинг сурати бўлганидек, хулқ ботиннинг сурати эканлиги. Яъни, хилқатни – ташқи кўринишни ўзгартириб бўлмайди. Масалан, бўйи паст одам новчаликни қанчалик хоҳламасин, бўйини узайтира олмайди. Найнов қанча истамасин, бўйини қисқартиролмайди. Хунук киши ўзини чиройли қилолмайди. Шундай мисолларга асосланган кишилар “Ботин ҳам шу асосга қурилган. Демак, хулқни ўзгартириб бўлмайди”, деб ишонадилар.
Иккинчи қарашга кўра, улар айтадилар: “Гўзал хулқ шаҳват ва ғазаб оловини ўчиради, дейишади. Аслида, шаҳват ва ғазаб мижоз ва табиатнинг тақозоси. Одамзод бу ҳиссиётлардан ҳеч қачон узилолмайди. Демак, улардан узилиш учун қилинган ҳаракат бекорга вақтни йўқотишдан бошқа нарса эмас. Чунки бу ерда қалбнинг ўткинчи лаззатларга майл этишини қирқиш талаб этилаётир. Бу мумкин бўлмаган ишдир!”
Имом Ғаззолий ҳазратлари дейдилар: агар ахлоқ ўзгармайдиган нарса бўлса, у ҳолда тавсиялар, панд насиҳатлар ва тарбияларнинг барчаси бекор ишлар экан-да?! Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Хулқларингизни чиройли қилинг!” Ёввойи табиатли лочин овчининг тинимсиз ва тоқат билан олиб борган тарбияси туфайли қўлга ўрганиб, ювош ва мулойим бўлади. Очкўз ит тарбия қилингач, ўлжани олиб келадиган, қанча машаққатлар билан олиб келган бу ўлжани эгасининг бир ишораси билан қўйиб юборадиган даражага етади. Асов от жиловга ўрганади. Ҳайвонларнинг хулқини ўзгартириш мумкину, наҳот одамзоднинг хулқини ўзгартириб бўлмаса?!
Буни шундай изоҳлаш мумкин: тўлиқ ва нотугаллиги жиҳатидан мавжудотлар икки хил бўлади. Инсон ва унинг аъзолари тугал яратилган. Шунингдек, ҳайвонот олами, қуёш, юлдуз, ой каби самовий жисмлар ҳам тугал ва комил яратилган. Яна шундай нарсалар борки, уларнинг мавжудлиги ҳали тугалланиб охирига етмаган. Шарт-шароит пайдо бўлиши билан бу нарсалар ўзидаги яширин қувват таъсирида ривожланиб, комил суратга киради. Шарт-шароит баъзан банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлади. Масалан, уруғ олма эмас, хурмо ҳам эмас, балки ўзи қандай бўлса, шундай яратилган хилқат. Лекин бу уруғни тарбияласа, хурмога айланиши мумкин. Ёки аксинча, қандайдир уруғни экдингиз, қанча тарбия қилдингиз – унмади, масалан, олмага айланмади. Демак, уруғ маълум таъсир остида баъзи ўзгаришни қабул қилиб, баъзисини қабул қилмаслиги ҳам мумкин экан.
Агар биз ғазаб ва шаҳватни буткул сўндириб, уларнинг таъсиридан тўлиқ халос бўлишни хоҳласак, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Агар уларни жиловлашни, бўйсундиришни хоҳласак ва бу йўлда озгина риёзат ва машаққат чексак, албатта бунинг уддасидан чиқамиз. Аслида биз бунга буюрилганмиз ва бу бизнинг нажот топишимизга, Аллоҳ таолога етишишимизга сабаб бўлади.
Соддароқ мисолларга мурожаат қилсак, майхўр атрофидагиларнинг яхши тарбияси, насиҳатлари туфайли бу иллатдан қутилади. Бузуқликни одат қилган эса фахшдан юз ўгиради. Бахиллик кулбасидан қутилган одам эса саховат саройига ўтади. Иғвогар иғволарини бас қилади. Ҳатто энг разил хасталиклардан ҳисобланган ҳасад ва ғийбатдан тўла бўлмаса-да, қутулиш мумкин.
Тирик одамнинг нон топиш мақсадидаги ҳаракати сўнмагани каби гўзал хулқни эгаллашга бўлган интилиши тўхтамаслиги шарт. Шарафли ҳадисда “Бешикдан то лаҳадга қадар илм эгалланг!” дейилишини хулқ эгаллашга нисбатан ҳам англасак бўлади. Одамнинг ёши улғайиб, ҳаёт тажрибаларига эга бўлгандан сўнг ҳам бу интилишни тўхтатмаслиги керак. Бу ёшда унинг масъулияти икки карра ортади. Биринчидан, у зурриётларини ва атрофидаги бошқа ёшларни тарбия қилиши керак. Иккинчидан, ўзини ўзи тарбиялашни давом эттириши зарур. Мана шу юмушда Аллоҳдан барчаларимизга собитлик, бардавомлик, ирода тилаб, дуога қўл очамиз:
-Ўзининг тадбири билан ишларни тартибга солган, мўътадилликни хулққа чирой этиб берган, инсонни энг гўзал шаклу шамойил билан зийнатлаб, уни зиёдаю нуқсондан асраган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин!
Аллоҳим! Илоҳий сирларинг соясида ва муборак номинг билан бизларни Ўзинг кўрсатган тўғри йўлдан айирма! Аллоҳим! Бизларнинг яхши ва ёмон томонларимизни Сенинг розилигинг учун қўлланишга бизларни муваффақ айла! Аллоҳим! Бизларни саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари билан хулқлантир. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон, ҳазрат Али (р.а.), Хадича онамиз, Фотима онамиз ва солиҳ сахобалар хулқларини бизларга ҳам, то қиёматга қадар туғилиб, яшайдиган барча зурриётларимизга ҳам насиб эт. Омийн, йа Раб ал – оламийн!

Тоҳир Малик

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола Ҳар бир даврнинг зиёлиси учун ўзга юртлар тарихи, маданияти, илму фани ва адабиёти билан қизиққан. Мисол учун, Шарқ ренесанси олимлари антик давр давоми...

2667 14:00 / 09.06.2023
Оврўподаги миллатчилик Черковнинг мағлубияти мутаассиблик, миллатчилик ва ирқчиликнинг кучайишига сабаб бўлдиМиллатчилик, ирқчилик, халқ ва жўғрофий давоми...

5165 05:00 / 11.03.2017
Мир Алишер Навойининг ажиб байтларини шу пайтга қадар ҳамма хар ҳил тушуниб келган. Шу боис, собиқ иттифоқ даврида ҳам бобомиз томонидан қолган меросларни давоми...

5423 05:00 / 07.03.2017
ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИОтаси суярди кенжа ўғлини...Ҳажрида ёш тўкиб йиғларди юмюм.Сўндирмоқ бўлишди дилда чўғини,Бироқ, умидини узмади бир зум.Ўлдирмоқ бўлишди давоми...

4593 05:00 / 07.03.2017