1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Ўн бир ёшли ворис

05:00 / 07.03.2017 7228 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Муборак деди:
- Ҳикмат, панд-насиҳатни деворда топсанг ҳам, ўқи, ибрат ол.
- Фиқҳни-чи? – деб сўрашди ундан.
- Фиқҳни фақат олимлардан таълим ол.

Имом Бухорий ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий қисса

"Ворис" калимасига кўзингиз тушиши ҳамон "балоғат ёшига тўлмай тахтга ворис бўлган шаҳзода саргузаштлари ҳақида ўқир эканмизда" деб ўйлашга шошилманг. Қиссамиз заволга маҳкум салтанат, бевафо тахт ҳақида бўлмайди. Қонли жангу жадаллардан омон қолиб, ташидан осойишта кўринган қаср қаърида хиёнат тиғидан қурбон бўлган шаҳзодалар, тожу-тахт талашиб юртини абгор қилган амирлар, мансаб ва мансабдорларни илоҳ тутган ҳоким тўралар ҳақида ҳикоя қилмоқчи эмасмиз.
Қиссамиз илм-маърифат салтанатида тож кийган, ҳали-ҳануз бошидан тожи тушмаган, юртимиз номини оламга танитиб, донғини чиқарган, ҳадис илмининг султони – амирул мўминин фил ҳадис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларидадир.

Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
Тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
Эртак , афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.

Болалар бобосин кимлигин билсин,
Шонли ўтмиш ҳануз жимлигин билсин.
Сардорлик қонида жўш урган элим,
Йўллари тиканли симлигин билсин.

Содиқ тонгинг отар, порлар қуёшинг,
Узоринг чароғон, тўхтагай ёшинг,
"Илму фан, маърифат, Ҳаққа ибодат"
Дебон иқбол этса, қари-ю ёшинг.

Митти қорин учун кезилса сарсон,
Нон ғамида чопса эркагу жувон ,
Боболар битигин кемирса сичқон,
Улғайиш бўлурми, эй, азиз ўғлон?!

Ибратли қиссалар ҳақида уламолар сўзлари

"Қиссалар Аллоҳ таолонинг қўшинларидандир, у қиссалар билан Аллоҳ ўз дўстларининг қалбини мустаҳкамлайди". Бунинг тасдиқи:
وكلا نقص عليك من أنباء الرسل مانثبت به فؤادك ﴾ ﴿
"(Эй Муҳаммад), сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкамлайдиган қиссаларни ҳикоя қилурмиз". Ҳуд сураси 120-оят

Абу Ҳанифа дейдилар: "Уламолар ҳаёти ҳақидаги қиссалар мен учун айрим фиқҳий масалалардан кўра суюклироқдир. Чунки унда олимлар одоби ва гўзал хулқлари ҳикоя қилинади".
Бунинг тасдиқи: ﴿ أولئك الذين هدى الله فبهداهم اقتده ﴾
"Улар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир, бас уларнинг йўлларига эргашинг". Анъом 90-оят

Замондош олимларимиз дейишади: "Қиссалар тарбия учун энг қулай восита (қўлланма)дир. Қисса орқали буйруқ феълини ишлатмай буюриш мумкин, наҳий лафзини келтирмай кўп нарсадан қайтариш мумкин.
Қиссалар улуғликка ундовчи, сабр-матонатга, мардлик ва фидокорликка чорловчи нидосиз чақирув, хорлик, қарамлик, жаҳолатдан қайтаргувчи, сассиз ундовдир.
Қиссаларда ҳимматни олий қилгувчи куч бор. Қиссалар овозсиз моҳир мураббийдир. Қиссалар орқали бир гал олам кезсангиз, бир гал мозийга саёҳат қиласиз.
Қиссалар ибратларга кон, битмас-туганмас хазинадир. Бунинг тасдиқи:
﴿ لقد كان في قصصهم عبرة لأولى الألباب ﴾
"Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақли расолар учун ибрат бордир". Юсуф 111-оят
﴿ فاقصص القصص لعلهم يتفكرون ﴾
"Улар тафаккур қилишлари учун қиссалардан айтиб беринг". Аъроф 176-оят

Ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган, дунё матоси – ейиш, ичиш, никоҳдек лаззатлардан узилиб қолган кекса кишидан сўрашибди:
– Яшашдан умидингиз қолмагандир, ҳаётдан зериккандирсиз-а?
– Йўқ, аксинча яшашдан умидим катта. Ҳаётдан зерикканимча йўқ.
– Нима учун?
– Олам ажойиботларини эшитиш учун.

Табаррук инсон ҳақидаги ушбу қисса ҳам дунё ажойиботлари жумласидан, десак янглиш бўлмас. Чунки қисса қаҳрамони яшаган давр, қаҳрамоннинг шахси, илмга бўлган муҳаббати, қолдирган бой илмий мероси, зуҳд тақвоси, етук ахлоқ-одоби, буларнинг барча-барчаси кишининг ҳайратини оширадиган ажойиботлардандир.

بسم الله الرحمن الرحيم

Хушхабар

Қаҳратон қишнинг аёвсиз совуқ кунлари ортда қолди. Кечагина авзойи бузулиб турган табиат Ҳамал кириши билан чеҳрасини очиб, безаниб олган. "Ҳамал кирди – амал кирди" деганларидек Бухорода ишлар қизғин, кўчалар одамлар билан гавжум. Улар юзидан мамнуният ва қувонч белгиларини ўқиш қийин эмас. Баҳорни соғинган боғбон ва деҳқонлар анжомларини елкага ташлаб далага отланган. Қаттиқ кечган қишдан безиган косиб-ҳунармандлар баҳорнинг ёқимли шабадасидан жонланиб астойдил ишга киришганлар. Расталар оралаб бораркансиз эшиклари ланг очиқ дўконларда дўкондорларнинг қишдан қолган матоларни йиғиштириб баҳорга, янги ҳаётга мос матоларни уюм-уюм қилиб тахлаётганларини кўрасиз. Ҳар икки қадамнинг бирида китоб растасига дуч келавериб "бу шаҳарда китоб савдоси авжида эканда" деган ўй кечади хаёлингиздан.
Дарҳақиқат, қуёш ердан ярим қулоч кўтарилар-кўтарилмас шаҳар кўчалари китоб- дафтар кўтарган ўқувчи болалар билан тўлади. Ҳар бир хонадондан уч-тўрттадан бола чиқиб кўчадаги талабалар селига қўшилади. Косиблар устахонасига иш билан кириб қолсангиз ёки бирон нарса хариди учун дўконга кирсангиз, кўзингиз албатта токчага терилган хилма-хил китобларга тушади. Шундай бўлгандан кейин авжига чиққан китоб савдосининг бежиз эмаслигига ишонч ҳосил қиласиз.
Мадрасага ошиқаётган ёшларнинг кўплигидан ишга кетаётган катталарнинг бор йўқлигини сезмайсиз. "Аҳолининг турмуш даражаси нечоғлигини билишни истасанг бозорига бор, келажагини қўришни истасанг мадрасасига бор", деганларидек, бозорга борсангиз истаган нарсангиз муҳайё, арзончилик, пишиқчилик, мадрасага келсангиз, дарслар қизғин, руҳ баланд. Мадрасалар ўқувчилар билан тўлиб тошган.
Мадрасага шошаётган ўғилларни оналар остонагача кузатиб насиҳат қилишади.
- Ўғлим, устозингизни илмидан, тақвосидан ва унинг гўзал одобидан таълим олинг. Қулоқларингиз устоз оғзидан чиқаётган дарсни тингласа, кўзларингиз унинг одоби, оғир вазминлиги, одамларга бўлган муомаласини кузатиб сабоқ олсин. Бугун ўқиган бир варағингиз сизни яхши томонга ўзгартирса, иккинчи варағини очиб ўқинг. Агар биринчи варақ сизнинг иймонингизни, тақвойингизни ва одобингизни зиёда қилмаса, асло иккинчи вараққа ўта кўрманг. Фойдаси кам, зиёни кўп бўлур.
Аллоҳ учун ўқинг. Шаҳарда ном чиқараман, тенгдошларимни ортда қолдириб, ҳаммадан олдин бўламан, давралар тўрида ўтираман, одамлар диққатини ўзимга қаратаман, кимларнидир гап билан ўсал қиламан, деган мақсадда ўқиманг. Буларнинг бари шуҳратпарастлик дейилади. Шуҳратпарастлик одам ичига беркинган юқумли балодир. Иймони заиф, эътиқоди суст кимсаларга тез юқадиган вабодир. Шуҳратпарастлик ихлосга зиддир. Фикрингизни дунё ташвишлари билан чалғитманг. Сизнинг ёшингизда илм таҳсилидан ўзгаси дуруст бўлмас.
- Хўп бўлади онажон. Сизнинг қимматли ҳар ўгитингиз мен учун йўлчи юлдуздир. Биҳадулиллоҳким, сизнинг панд-насиҳатингизни олиб асло кам бўлган эмасман.
- Аллоҳ тани жонингизни соғ, ризқингизни мўл қилсин, илоҳим манфаатли илм ато қилсин.
- Айтганингиз келсин онажон. Сизга ҳам Холиқи яктодан соғлик-саломатлик, офият тилайман. Худованди карим сизга узоқ йиллар хизмат қилишимни насиб этсин.
- Ўғлим...
- Лаббай онажон.
- Жавонингизга янги оқ кийим қўйиб эдим, уни киймай яна сиёҳ теккан кўйлакни кийиб олибсизда.
- Ҳечқиси йўқ онажон. Абдуллоҳ ибн Муборак "аҳли илмлар кийимидаги сиёҳни киёвлар кийимидаги зийнат" деб айтган эканлар. Шоир айтганидек:
مداد المحابر طيب الرجال
وطيب النساء من الزعفران
Суфён Саврий "Сиёҳ (аҳли илм учун) катта сармоядир" деб айтганлар.
- Ундоқ бўлса "куёв" ўғлим, сармоянгизнинг кўпроғини манфаъатли ишларга, яъниким дафтарингизга сарфлаб, озроғини кўйлагингизга чапланг, тоинки "сармоянгиз" тоғорада чириб кетмасин, - деди онаси ўғлининг ҳазиломуз айтган чин гапларига ҳазил мутойиба тариқасида ва хижолатдан ёноғи қирмизи тусига кирган ўғлини мадрасага кузатар экан, уни хижолатдан қутқариб ширин табассум ила хайрлашди.
- Сўзингиз чин ўғлим, эркакларнинг безаги сиёҳдир.
"من خدم المحابر خدمته المنابر" "сиёҳдонларга хизмат қилганларга минбарлар хизмат қилгай". Ахмад ибн Ҳанбал сиёҳдонларни: "هذه سرج الإسلام" деганлар. Яҳё ибн Маин "إظهار المحبرة عزٌّ" деганлар. Хайр энди, яхши ўқиб келинг.
- Лутф этдингиз онажон, миннатдорман. Устоздан рухсат бўлган ҳамоно ёнингизга чопгайман, хайр.

Муҳаммад учун бугунги кун жуда қувончли бўлди. Онаси уни дарсга кузатар экан бу йил ҳажга боришларини айтиб қолди. Муҳаммад бу хабардан жуда қувониб кетди. Севинчдан ичига сиғмай, қалб тўридан "Алҳамдулиллаҳиллазий бинеъматиҳи татиммус солиҳат" деб жажжи лабларини қимирлатди. Одатда бундай хушхабарни эшитган у тенги ўсмирлар ўз хурсандликларини ёшларига хос хатти-ҳаракатлар билан ифодалайдилар. Дўппиларини осмонга отганча чопқиллайдилар, сакрайдилар.
Муҳаммад ундай қилмади. Ўғлининг феъл-атворини яхши биладиган онаси ҳам ундан бу каби хатти-ҳаракатни кутмади. У ўғлидаги ўқишга бўлган муҳаббатни, айниқса Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳадис-шарифларига бўлган катта қизиқиши ва рағбатини кўриб қувонарди. Муҳаммаддаги катталардек оғир вазминлик, кам топиладиган нодир истеъдод, раҳматли дадасидан шундайича кўчиб ўтган ҳалол-поклик ва гўзал ахлоқ- одоблар онани бағоят хурсанд қиларди. Шуларми ёки бошқа сабаблар боисми ўн бешга тўлган ўғлини бу йил ҳажга олиб кетишга қарор қилди. "Ўқиши нима бўлади? Узоқ муддат талаб қиладиган бу сафар боланинг ўқишига салбий таъсир кўрсатмасмикин? Йўқ, бундайин хавотирга ўрин йўқ. Муҳаммад Бухорода оладиган илмларни олиб бўлди. Марвлик, ҳатто балхлик муҳаддисларни эшитиб, улардан ҳам таълим олди, демак бу йил айни ҳажга борадиган палласи. Ажаб эмас, раҳмли эгам фазлу карам айлаб бу сафаримизда биз билмаган ва кутмаган яхшиликларни очса".
- Бу йил Аллоҳ насиб қилса акангиз Аҳмад, сиз ва мен биргаликда муборак ҳаж сафарига чиқурмиз, инша Аллоҳ. Бугундан сафар тадорикини кўраверинг ўғлим.
- Қуллуғ онажон, сарафрозман. Ўғлингизни бу сафарга ушбу соатдан бошлаб тайёр деб билаверинг.
Нақадар қувочли хабар-а!
Ҳажга бориш Қиблага юзланиб намоз ўқиётган ҳар бир мўминнинг орзуси. Ҳар бир мўминнинг қалби Макка ва Мадинага талпинади. Муҳаммаднинг Макка ва Мадинага бўлган интилиши эса ўзгача. У ҳаж билан бирга бошқа бир улуғ орзуни дилига туккан. Шунинг учун онасининг гапи Муҳаммад учун қўшалоқ хушхабар бўлди.

Илмга муҳаббат

Кўчани тўлдириб шошаётган болалар, гўё йўл четидаги анҳордан шоввуллаб оқаётган сув билан ким олдин мактабга боришга беллашаётгандек илдамлаб тез-тез юриб борадилар. Баҳор нашидасини куйлаб чуғурлаётган қушлар эса ўқувчи болаларни кузатиб қўяётгандек, тинмай у дарахтдан бу дарахтга учиб ўтар, оламни ёритиб турган қуёш болакайларни ардоқлаётгандек беозор нури билан уларни сийпаларди. Майин эсаётган ёқимли шабада юзидан иймон ва илм нури барқ ураётган жажжи олимларни эркалатиб таналарига ором беради.

Эрур илму адаб, фазлу ҳунар осор мактабдан,
Етар ҳар рутбаи олий эса такрор мактабдан.

Ҳама гулшан уза ёмғур ёғуб чун сабзавор этса,
Тараққий гулшани обод ўлур анҳор мактабдан.

Ҳама иззу шарофат ҳам саодат конидур мактаб,
Етар икки жаҳонда матлабинг зинҳор мактабдан.

Қаю миллатда мактаб ўлмаса бешак хароб ўлгай,
Ҳама миллатда шу чун гуфтугу бисёр мактабдан.

Ҳама илму маориф ганжини деворидир мактаб,
Ҳама ҳикмат чиқар бу махзани асрор мактабдан.

Чиқуб турмакда ҳар куни юз туман асбоб ашёлар,
Тамоман, асли бешак, меваи ашжор мактабдан.

Қўшар инсон қаториға қилуб инсонларни инсон,
Ўқиб илму адаб бўлғай, керак хушёр мактабдан.

Талабалар нилий гумбазли, хашаматли бино ичига кириб кетишлари билан йўллар бўшаб, кўча ҳувиллаб қолди.
Бошланғич таълим учун мўлжалланган бу мадраса манзараси кишининг диққатини ўзига тортиб маҳлиё қилгудек жозибали, гўзал. Бинонинг тарҳиёқ шарқ меморларининг буюк санъати ва юксак дунёқарашидан дарак бериб туради. Кўзимиз ўрганган дераза ўрнига тепадан қаторасига очилган панжара гулчин туйниклар ҳам беҳикмат эмас. Талабалар деразадан кўчага қараб фикри бўлинмасин дейишгандирда?
Мадраса дарвозаси ёнғоқ ёғочидан ўймакор қилиб ишланган. Бу гўзал ўймакорлик девор ва шифт безакларига ўта муносиб. Қуёш нури нақшларни ва гумбаздаги кошинлар рангини алланечук очиб кўрсатади. Баланд пештоқли ганчу гилмоя, ғишту кошинлардан мустаҳқам қилиб қурулган бу бино "ҳали мен, бир неча асрлар яшаб илм аҳлининг маёғи бўлгум" дегандек савлат тўкиб турибди. Ҳақиқатан бино шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турарди. У шунчалик мустаҳкамки, агар уни тек қўйиб, қасдан бузулмаса шу тарзда кўп асрлар туриб бериши мумкин.
Муҳаммад бошланғич таълимни шу мактабда олди. Бошланғич таълим марҳаласидаёқ ҳадис илмига қаттиқ қизиқиб қолди. Ёши улғайиб, катта муҳаддис бўлиб етишган пайтларда ҳам хотирасига муҳрланган бу даврларни эслаб юрди. Ёддан кўтармади.
Муҳаммад ибн Аби Ҳотим дейди: "Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилдан ҳадис илмига қачон қизиқа бошлагани ҳақида сўрадим:
- Куттоблик чоғимдаёқ ҳадисга муҳаббатим тушган.
- Ўшанда ёшингиз нечада эди?
- Ўн ёки ундан ёшроқ эдим. Ўн ёшдан кейин куттобни тамомлаб чиқдим. Дохилий ва ҳадис илмидан дарс бергувчи бошқа олимлар дарсларига қатнай бошладим. Бир куни Дохилий одамларга ҳадис ўқиётиб "Суфён Абу Зубайрдан ривоят қилади, Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилади", деб қолди. Шунда мен:
- Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмайди, -дедим. У урушиб берди.
- Китобга мурожаат қилинг, - дедим.
Дохилий ичкарига кириб кетди. Бироздан сўнг чиқиб:
- Тўғриси қандай бўлади, эй бола,-деди.
- Абу Зубайр эмас, Зубайр ибн Адий Иброҳимдан ривоят қилади.
Дохилий қўлимдан қаламимни олиб китобдаги хатони тўғрилади ва - Тўғри айтасан,- деди.
- Дохилийни тўғрилаганингизда ёшингиз нечада эди,- сўрадим мен.
- Ўн бир ёшга тўлган эдим.

Дарҳақиқат Муҳаммад ўн бир ёшиданоқ ҳадис фани соҳасида кўзга ташланиб қолди. Бу фаннинг ўта нозик, дақиқ ўринларигача пухта эгаллаб, устозлар ҳайратини оширди. Балоғатга етмаган бу ёш боланинг ақл заковати, ўткир зеҳни, нодир истеъдоди, тенгдошларида топилмас қобилияти ва гўзал одоби устозлардаги ҳайратни янада оширди. Бу фан эгалари бола келажагини порлоқ кўришди.
Бухорий ҳикоя қилади:"Ёшлик чоғимдан Марв фуқаҳоларининг дарсларига қатнаша бошладим. Дарсга келиб, уларга салом беришга уялар эдим. Бир куни марвлик тарбиячилардан бири:
– Бугун қанча ёздинг, – деб қолди.
– Икки дона , – дедим хижолат ичи. Йиғиндагилар хо-холаб кулиб юборишди. Улар ичидаги кекса бир киши "кулманглар, кун келиб у сизларнинг устингиздан кулмасин", деди.
Муҳаммад ибн Салом дейди: "Ҳадис айтаётганимда шу болача кириб қолса мени сир босиб, донг қотиб қоламан. Эсанкираб нима дейишни билмайман. У чиқиб кетгач, ўзимга келиб, бемалол дарсда давом этаман".
Абу Умар Сулайм ибн Мужоҳид ҳикоя қилади: "Муҳаммад ибн Салом Байкандий ҳузурига кирдим, кирган заҳотим "бир оз олдинроқ келганингизда етмиш минг ҳадисни ёд билган болани кўрар эдингиз", - деди. Бу гапни эшитиб болани кўргим келди, дарҳол хонадан чиқиб болага етиб олдим.
– Етмиш минг ҳадисни ёдлаган бола сенмисан?
– Ҳа, ундан кўпроғини ёд олганман. Ҳар бир ёдлаган ҳадисимни ривоят қилган саҳобанинг ва тобииннинг исми, турар жойи ва уларнинг кўпининг туғилган ва вафот этган йилини ҳам биламан. Саҳоба ва тобиинлардан ривоят қилаётган ҳар бир ҳадисимнинг Қуръон ва суннатдаги аслини биламан (яъни мавқуф ҳадисни).
Бухоронинг Сармарой қишлоғидан чиққан муҳаддис олим, имом Бухорийнинг устозларидан бўлмиш Аҳмад ибн Исҳоқ дейди: "Ҳақиқий ва чинакам фақиҳни кўрмоқчи бўлганлар Муҳаммад ибн Исмоилга боқсин".

Донишмандлар айтганидек "Бўладиган бола ўн беш ёшида бош бўлур, бўлмайдигани қирқ ёшда ҳам ёш бўлур". Муҳаммад ўша бўладиган болалар туридан эди. Унинг истеъдоди ва қобилияти жуда эрта намоён бўлди. Ўн олтига етганда Абдуллоҳ ибн Муборак ва Ваке китобларини ёд олди ва бошқа олимлар илмлари, фикр ва мазҳаблари билан танишиб чиқди. Ўн етти ёшида эса донги чиқиб, талабалар ундан ҳадис ёза бошлади. Абу Бакр Аъён хабар қилади: "Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбийнинг уйида Бухорий ҳадис айтарди, биз эса ёзардик. Бухорийнинг юзида соқоли йўқлиги учун унинг ёши билан қизиқиб қолиб, ўтирганлардан бири сўради:
– Ёшингиз нечада?
– Ўн еттига тўлдим".

Бухорийнинг ўзи ҳикоя қилади:
"Ҳумайдий ёнларига кирдим. Ўшанда ёшим 18 да эди. Ҳумайдий бир киши билан ҳадис борасида баҳслашаётган экан. Мени кириб келганимни кўриб: "Бизнинг ўртамизни ҳал қиладиган киши келиб қолди" деб, менга ўртадаги можарони айтиб берди. Мен уларни тинглаб ҳақ Ҳумайдий биланлигини айтдим. Баҳслашилаётган масала шу қадар нозик эдики, тортишиб турган ноҳақ томон ўзининг нотўғри фикрида қаттиқ туриб оламдан ўтганда кофир ўлур эди".
Ўн саккиз ёшга етганда китоб таълиф қила бошлади. Даслабки китоби саҳобалар ва тобиинлар ҳақида эди. Бухорий дейди: "Ўн саккиз ёшимда саҳобалар ва тобиинлар ҳаётлари ва уларнинг сўзлари ҳақида китоб таълиф қилдим. Ўша пайтда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларининг равзасида, ойдин кечада التأريخ الكبير китобини ёздим. Китобда келтирилган ҳар бир исмга тааллуқли қисса билар эдим, лекин китобнинг каттайиб кетишидан хавотирланиб у қиссаларни келтирмадим. Исҳақ ибн Роҳавеҳ التأريخ الكبير китобимни Абдуллоҳ ибн Тоҳир ҳузурига олиб кирибди.
– Эй амир, сизга бир мўъжиза кўрсатайми? – деб китобимни тақдим этибди. Амир уни варақлаб кўриб:
– Офарин, тасанно, – деб таҳсин айтибди".

Муҳаммад йигитлик чоғидаёқ вақтнинг қадр-қийматини англаб етди. Шунинг учун бўлса керакки, унинг ҳаётидан бефойда кетган озгина вақтни топмайсиз. Ҳали устозлар ёнига борган, ҳали мутолаа қилган, ҳали ёдлаган, ҳали дарс берган, хулласи такрорланмас, қимматбаҳо ёшлик давридан жуда унумли фойдаланган. Ҳатто дўстлари билан сайрга чиққан пайтларида ҳам китоби ўзи билан ҳамроҳ бўларди. Муҳаммаднинг тенгдошларидан Ҳоне ибн Назир ҳикоя қилади: "Бизлар Шом диёрларида Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбий ёнларида эдик. Гоҳида узумхўрлик (ёки тутхўрлик) сайлига чиқардик. Муҳаммад ибн Исмоил ҳам биз билан бирга чиқарди. Лекин у биз каби ўйинга берилиб кетмасди. У илмга бутунлай мукка тушган эди.
Гоҳида Муҳаммад ибн Исмоил устоз оғзидан чиқаётган дурдона ҳадислар маъносига берилиб кетибми ёки ўткир зеҳнига таянибми, ҳар нечук имло қилинаётган ҳадисларни дафтарига ёзмас эди. Талабалар одатига кўра шайх оғзидан чиқаётган ҳар бир ҳадис толиб дафтарига ёзилиши керак. Бу ҳолатни кузатган айрим талабалар ҳайрон бўлиб сўрашди.
– Биз билан бирга дарсга қатнашасиз-у, лекин ҳанузгача қўлингизга қалам тутиб бир ҳадис ёзганингизни кўрмадик-а?
Муҳаммад жавоб бермади. Орадан ўн олти кун ўтди. Тенгдошлар бу кунлар орасида Муҳаммаднинг ёзмаслик сабабини билишга қизиқиб учурма гаплар ташлаб туришди. Охири Муҳаммад дўстларига қарата: "Ҳеч қўймадиларингда, қани ёзганларингни менга берингларчи" деди. Талабалар дафтарларини кўриб чиқиб, ўн беш мингта ҳадисни ёддан айтиб, уларга қўшимча қилиб қўйди.
Ҳошид ибн Исмоил бу воқеани эслаб, шундай ҳикоя қилади: "Муҳаммаднинг ҳадисларни ёзмаслигидан ҳайрон бўлиб қолдик. Уни жон ҳолига қўймай, ёзмаётганлигининг сирини айтишни сўрадик. Шунда у биздан ёзган ҳадисларимизни унга кўрсатишимизни талаб қилди. Биз кўрсатдик. У биз ёзганларга зиёда қилиб ўн беш минг ҳадисни ёддан айтиб берди. У зеҳндан айтиб бераётган ҳадисларга қараб биз дафтаримиздаги хатоларни тўғрилаб бордик. Ҳадисни айтиб бўлгач:
–Мени шайхлар ҳузурига беҳудага келади, умрини зоя кетказади, деб ўйлайсизларми? – деди.
Шу воқеадан кейин ундан ҳеч ким ўта олмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик."
Муҳаммад ибн Исмоил номи ҳадис фанининг устозлари орасида, талабалар ва омма халқ орасида тилдан-тилга ўтиб машҳур бўлиб кетди. Муҳаммад ибн Исмоил номини эшитган ҳар бир киши уни бир бор кўришни, ундан ҳадис эшитишни орзу қиладиган бўлди. Яна Ҳошид ибн Исмоил ҳикоя қилади: "Басрадаги маърифатли ва зиёли кишилар ёшгина Муҳаммад кетидан эргашиб юрар эдилар. Минглаб кишилар жамланиб ундан ҳадис имло қилишни талаб қилишди. Юзига ҳали соқол чиқишга улгурмаган бу йигит уларнинг сўзини ерда қолдиролмай талабларига "хўп" деб жавоб берди".

Имом Заҳабий سير да, Бағдодий التاريخ да Ғунжарнинг تاريخ بخارى номли китобдан қўйидаги тарихий ривоятни нақл қиладилар.
Юсуф ибн Мусо Марвазий дейди: "Басранинг Жомеъ масжидида эдим. Бир киши туриб: "Эй аҳли илм, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ташриф буюрдилар" деб қолди. Одамлар гув этиб ўринларидан туруб унинг истиқболига чиқишди. Мен ҳам шу оламон билан бирга ўрнимдан турдим.
Кўзларимиз кўришга муштоқ бўлиб турган киши устун орқасида икки ракаат намоз ўқир эди. Қарасам ёшгина бир йигит экан. Намозни тугатган ҳам эдики, тик турган оламон унинг атрофини ўраб олишди. Улар Бухорийдан ҳадис имло қилишни сўрашди. Талаблари қондирилган оламон аста тарқашди. Эртаси Бухорий уларга қарата деди: "Эй аҳли Басра, мен ҳали ёшман, лекин ўзларинг мендан ҳадис айтишимни талаб қилдингиз. Талабларингизга биноан сизларга ҳадис айтгум, айтган ҳар бир ҳадисим ўз диёрларингизнинг уламоларидан бўлгай"

Бухорийнинг ўзи ҳикоя қилади: "Басра шаҳрига келиб Бундор дарс бераётган даврага келиб ўтрдим. Олимнинг кўзи менга тушиб қолди.
– Йигит, қаердан бўласиз?
– Хуросонданман.
– Хуросоннинг қаеридан?
– Бухороданман.
– Бухородан бўлсангиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилни танирсиз?
Даврадагилар "шу йигит Абу Абдуллоҳнинг ўзи бўлади" дейишди.
Бундор ўрнидан туриб ёнимга келди. Қўлимдан тутиб маҳкам қучоқлади "Хуш келибсиз, марҳабо, қаранг-а, неча йиллардан бери сиз билан фахрланиб юрамиз-у кўришмаган эканмиз (мана бугун кўришиш насиб қилибди)".

Ибн Ҳажар Асқалоний مقدمة الفتح да Абу Саҳлдан ривоят қиладилар: "Мен ўттиздан ортиқ мисрлик олимларнинг, қани эди бир бор Муҳаммад ибн Исмоилни кўрсак, деб орзу қилаётганларини эшитдим, дейди". Яна шунча адад мисрлик олимлар "дунёдаги тилагимиз Бухорийнинг التاريخ الكبير китобларига боқишдир" дёйдилар.
Бағдодликлар Муҳаммад ибн Исмоилга йўллаган мактубларида қўйидаги байт бор эди.
المسلمون بخير ما بقيت لهم وليس بعدك خير حين تفتقد

Бухорийнинг мароқли илмий ҳаётига берилиб кетиб, унинг тўлиқ исми, туғилган йили, кичкинагина боланинг етук олим бўлиб етишишида жуда катта ҳисса қўшган ота-онасини таништиришни кечиктириб юборибмиз. Кеч бўлса ҳам бир-икки оғиз сўз Бухорийнинг тўлиқ исм шарифи, таваллуди ва ота-онаси ҳақида бўлади. Ана ундан кейин, оламни ларзага келтирган зотнинг серқирра илмий ҳаёти ичра қизғин кезаётган сайримизни давом эттирамиз, инша Аллоҳ.

Муборак чақалоқ ва исм танлаш

Ҳижрий бир юз тўқсон тўртинчи сана, ўн учунчи шаввол, жума куни.
Бухороликлар жума намозига ошиқмоқдалар. Кимдир жума кунининг аввалги соатини топиш мақсадида, яна кимдир имомнинг яқинроғидан жой олиб хутба маърузасидан фойдаланиш мақсадида Жомеъ масжидга шошмоқда. Айримлар шаввол ойининг олти кунлик рўзасини ҳайитдан кейиноқ тутиб олишган. Айримлар эса "айёмул бийз"– тўлин ой (13-14-15-) кунлари билан бирга қўшиб тутамиз, деган мақсадда Шаввол рўзасини кечиктиришган. Шунинг учун бўлса керак, рўзадорлар намозга эрта келиб хонақоҳни тўлдириб олишган.
Исмоил аёли билан бирга шаввол ойининг рўзасини эртароқ тутиб олди. Шу ой ичи аёлининг кўзи ёриши иҳтимоли бор. Эрталаб аёлининг холи оғирлашаётганини кўриб жума намозига одатдагидан кўра сал кечроқ чиқиб кетди.
Жума намози ҳам ўқилиб бўлди.
Тинчликмикан? Аллоҳ осон қилсин. Ўғил бўлармикан, қизми? Ким бўлса ҳам Аллоҳнинг инъоми-ку, ўзига шукр айтамиз. Агар ўғил туғилса исмини Муҳаммад қўйгум. Бундан олдинги ўғлимизни ҳам Аҳмад деб номлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан атаганман. Раҳматли волидимиз менга Исмоил пайғамбарнинг номини қўйганлар. Бобомиз Аллоҳ раҳмат қилсин, волидимиз таваллуд топганда Иброҳим алайҳиссалом номларини қўйган эканлар. Мен ҳам, агар ўғил кўрсам исмини Муҳаммад қўйгум, инша Аллоҳ. Пайғамбарлар исмидан кўра гўзалроқ исм бўлурми?! Ажаб эмас-ки, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳавас қилиб фарзадларимизга у зоти бобаракотнинг исмларини қўйсак, ўша кишидек бўлиб вояга етишса. Сарваримиз муҳаббатида ўсиб улғайса. Аллоҳнинг Ўзи фарзандларимиз тарбиясида кўмак берсин...
Исмоил шу ҳаёллар билан жума намозидан кейин уйига шошиб кириб келди. Кирган заҳоти "суюнчи беринг! Ўғил!" дейишди. Исмоил бу хушхабардан қувониб, фарзандларни ҳиба қилгувчи Аллоҳга қалб тўридан шукроналар айтди. Хонадон аҳли чексиз қувончда эдилар. Нечун қувонишмасин? Ахир уйларига янги меҳмон келдику! Бўлиб ҳам ўғил меҳмон-а!
Лекин бу қувонч узоққа чўзилмаслигини ҳеч ким билмасди. Хонадон аҳлининг иймонини имтиҳони учун тақдирда пайдарпай икки катта синов битилганлиги уларга қаронғу эди. Қайдан ҳам билишсин. Тақдир битикларини ҳеч ким билмайдику. Тақдир битиклари ошкор этилиб, ҳамма уни бемалол ўқий олганда, қувонч ва ташвиш деган туйғуларнинг ўзи бўлармиди? Қувончда не маъно-ю, ғам-ташвишда не маъно қоларди?
Бугун биргина хонадонга шодлик ва қувонч олиб кирган, йўргакдаги бу чақалоқ шу оёқлари билан олам кезиб тонгла қиёмат қадар аҳли иймон хонадонларига қувонч олиб киришини ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмасди. Оппоққина, жажжи қўлларини муштлаб ухлаётган бу чақалоқ шу қўллари билан Қуръони Каримдан кейинги иккинчи муқаддас китоб "Саҳиҳни" таълиф қилишини ҳеч ким билмасди. Буларнинг бари тақдирнинг очилмаган саҳифасида – ғайб оламида беркитилган эди. Балким чақалоқнинг ота-онаси у туғулмасдан олдин, Аллоҳдан шунақанги нодир истеъдодли фарзанд тилаб дуо қилишгандир? Шунга кўра ақл заковати ва илми билан оламни забт этган мана бу фарзанд ота-она дуосининг самараси ўлароқ дунёга келгандир? Балким бу фарзанд ёш мўмин ота-онанинг Аллоҳ ва Росулига бўлган чин ва самимий муҳаббатларига мукофотдир? Буниси эса бизга қоронғу.
Тарих архивидан: "194-йил 13-шаввол (810-йил 19-июл)жума куни намоздан кейин Бухоро шаҳрида муборак чақалоқ туғилди. Уни Муҳаммад деб номлашди. Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардезбаҳдир.
Муҳаммаднинг катта бобоси Муғийра Бухоро амири Ямонул Жуьфий қўлида Ислом динини қабул қилган. Бардезбаҳ ўз қавмининг динида қолган".
Бундан 1200 йил муқаддам яшаб ўтган улуғ имомнинг исми ва унинг ота-боболарининг исми остида тарихий кўп ҳақиқатлар яширингани боис ва яна, фақатгина инсоний ҳислат ҳисобланмиш чақалоққа исм қўйишдек маъсулиятли ишда айрим хатоликларга йўл қўйилаётганини пайқаганимиз ҳолида, исм танлаш борасида ҳам бироз тўхтамоқчимиз. Агарчи бунинг мавзуимизга бевосита алоқаси бўлмасада, бироқ билвосита алоқаси бордир. Ана ундан кейин қаҳрамонимиз хонадонига кундан кунга яқинлашиб келаётган икки катта мусибат ҳақида тўхтаймиз.

Бухорий исми мижҳар остида

Ҳар қандай исмни мижҳар (микроскоп) остига олиб кўрсангиз, унда тарихга оид, эътиқод ва маданиятга оид кўп ҳақиқатларни кўришингиз мумкин. Яъни мижҳар орқали исм эгасининг тарихини, эътиқодини, маданиятини ва дунё қарашини қисман билиб олишимиз мумкин. "Бу ғайриилмий ёндашувдир" деб эътироз билдиришар. Тўғри, бу бир тахминий йўл орқали ҳақиқатни тўлалигича билиб оласиз, демоқчи эмасмиз, лекин ҳақиқат излаганларга жўн бир вариантни – содда услублардан бирини тавсия қиляпмиз холос. Аслида-ку исмга мижҳарсиз қараб туриб исм эгаси ҳақида анча-мунча маълумотни билиб олиш мумкин. Мижҳар остида эса оддий кўз пайқамайдиганларни кўриш мумкин.
Қисса қаҳрамонининг исми, ота-бобоси ва акасининг исмини мижҳар остида кўрайлик.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардезбаҳ. Акасининг исми Аҳмад ибн Исмоил ибн Иброҳим.
Абу Абдуллоҳ – куняси.
Муҳаммад – исми

Исмоил – отасининг исми
Иброҳим – бобосининг исми
Муғира – катта бобосининг исми
Бардезбаҳ – Муғиранинг отаси, Бухорийнинг учунчи бобоси.
Аҳмад – Муҳаммаднинг акаси.

Бобо, ўғил ва набираларнинг кетма-кет келган исми пайғамбарлар исмига ҳавас қилиб қўйилганидан, бу хонадондагилар анча диндор эканлигини хулоса қилсак бўладими?! Уларнинг пайғамбарларга бўлган муҳаббати жуда чексиз ва самимий экан, деган хулосага келсак хато қилмаймизми?! Улар (умуман Бухоро аҳли) Ислом динини қилич зарбидан қўрқанлигидан эмас, балки онгли равишда, чин қалбдан қабул қилган экан, десак янглишмасак керак?! Чунки инсон ўзининг суюкли фарзандига ўз душманининг номини қўймайди-ку? Бизга ўргатилганидек, ҳақиқатда "араб босқинчилари" ўз маданиятини ва динини бизнинг диёрларга қилич билан сингдирган бўлганда, бу диёрдагилар ҳам армани ва гуризинлар тутимидек иш юритган бўларди-ку? Улар фотиҳ арабларга қарата"бўлди Исломни қабул қилдик, оманно ва соддоқно" деб иймон келтириб, фотиҳлар қайтиш учун отига миниши билан яна ўз динига қайтиб олган эди-ку.
На Муғийра, на Иброҳим ва на Исмоил ўз ўғилларига бобокалонлари бўлмиш Бардезбаҳнинг номини қўйишмади. Аслида ўғилларга ота-боболар номини қўйиш қондан-қонга, наслдан-наслга ўтувчи анъана. Лекин улар бу анъанага тўла зид равишда ўғилларига боболар номини эмас, анбиёлар номини қўйишди. Бундан уларнинг боболарининг ботил – ноҳақ динидан бутунлай воз кечиб, ҳақ динга – Исломга бутунлай иқбол қилишганини англаб етамиз. Фарзандларини Доро, Широқ ва шу каби ҳалқ қаҳрамонларининг номи билан атамай, Муҳаммад, Аҳмад, Исмоил ва Иброҳим деб аташларидан ўша даврда диний туйғу ҳар қандай миллий туйғудан баланд эканини билиш мумкин.
Самандар, Қўчқор, Тўхтасин, Болтавой деган маъноси яхши бўлмаган исмлардан воз кечиб улуғ инсонлар исмини танлашлари исм танловчиларининг дидининг юксаклигига далолат қилади.
Шу пайтгача халқимиз орасидан ҳеч ким ўз фарзандини Чингизхон, Никалай, Ленин, Сталин ва шунга ўхшаш мустабид, ясама доҳийлар исми билан атамаслигидан, халқнинг уларга бўлган нафрати ва адоватининг кучлилигини англаш мумкин. Халқимиз 1200 йилдан бери ўз суюкли фарзандларига Муҳаммад, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Юсуф, Закариё, Сиддиқ, Умар, Усмон, Али деб пайғамбарлар ва соҳобалар исмини танлашидан эса улар қалбида дин, иймон, ислом қандай ўриндалигини билиб олиш мумкин.
Энди бир икки оғиз сўз исм танлаш борасида.
Исм танлашнинг ўзига яраша битилган ва битилмаган қонунлари бор. Битилмаган қонунлардан мурод ҳар бир миллатнинг ўз урф-одатлари ва миллий анъаналаридир. Битилмаган бу қонунларга исталсин, исталмасин амал қилинади. Лекин амал қилиш шариат, ақл ва ўша тилнинг қоидалари доирасида бўлмоғи керак.
Битилган қонунлардан мурод шаръий ва ноишаръий қонун-қоидалардир. Ношаръий деганимиз ҳар бир давлатнинг дастуридаги қонунлардир. Масалан: Балгарияда туғулганлик ҳақидаги шаҳодатномага ва паспортга исломий исмларни ёзиш тақиқланган. Баъзи давлатларда исломий исмларга рухсат берилиб, улар ичидан айримларигина мустасино қилинган. Мисоли: Абу Бакр, Умар, Муовия, Марвон каби саноқли исмлар.
Биз қўйида ўта мухтасар ҳолда исм танлашдаги шаръий қонун-қоидаларга ишора қиламиз.
1- Аллоҳ таолонинг Ўзига хос исмлари билан бандаларнинг номланиши асло дурус эмас. Мисол: Аллоҳ, Раҳмон, Холиқ каби. Унинг ўрнига Абдуллоҳ, Абдуррахмон, Абдулхолиқ дейилиши матлубдир.
2- Бут ва санамлар номи билан аташ ва Аллоҳдан бошқага нисбат бериш ҳаромдир. Мисол: Лот, Манот, Ноила, Абдуррасул, Абдуннабий, Абдулҳусайн, Абдулали Абдуннор каби.
3- Маъноси хунук бўлагн номлар билан номлаш макруҳдир. Мисоли: Ханжар, Самандар, Қучқор, Қўзи, Норқўзи каби. Золимлиги билан танилган кишиларнинг исмини қўйиш ҳам дуруст эмас. Мисоли: Фиръавн, Ҳомон, Қорун, Чингиз, Мэлс каби. Дин калимасига қўшилаган исмни ҳам айрим олимлар макруҳ кўришган.
4- Исм танлаш ота-онанинг вазифаси. Агар ота-она бир исмга келишмай қолса, исм танлаш ҳаққи отадир. Чунки бола онасига эмас, отасига нисбат берилади. Ота-она ўзлари исм танламай бошқа кимсаларга маслаҳат солишлари ҳам мумкин. Исм чақалоқ туғулган куни ёки учунчи ёки еттинчи куни қўйилади.
5- Фарзандга энг гўзал исмлар танлаб қўйилади, энг гўзал исмлар эса, бандачиликни намоён қилиб турган исмлардир. Мисоли: Абдуллоҳ, Абдурраҳмон каби.
6- Фарзандларни пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ кишилар исми билан аташ Исломдаги энг юксак анъаналардандир.
7- Малоикалар исми билан ўғил болаларни номлашда хилоф бор. Аммо қизларни Малоикалар номи билан аташ муҳаррамдир.
8- Исм танлашда ота-она фарзанд улғайганда уяладиган исм танламаслиги керак. Исм маъносига эътибор бермоқ лозим. Ўғил болаларни жасорат, матонат, мардлик руҳида улғайшига ундайдиган исмлар билан аташ керак. Қизларни эса иффат, ҳаё, ор-номус руҳида улғайишга олиб борадиган исмлар билан аташ керак. Фоҳишалиги билан танилган ёки кофир бўлган кимсалар исми билан атамаслик даркор. Мисоли: Дияна, Сузана каби.
9- Номни ўзгартириш жоиздир. Ном ўзгартириш учун қўй сўйиш ёки зиёфат бериш шарт эмас. Аммо уйланган йигитнинг келинни ўз фамилясига ўтказиши Исломдан эмас. Огоҳ бўлиш керак.
10- Гоҳида фарзандларнинг гўзал исмлари ўзгариб кетишида ота-она сабаб бўлиб қолади. Масалан: Абдуллоҳни эркалатиб Абду, Фотимани эркалатиб Фотти дейлиши билан исм бора-бора Абду ва Фоттига айланиб кетади.

Тобут кирмаган хонадон борми?

Жаҳонни забт этган жаҳонгирлардан бири Искандар Зулқарнайн жангдан музаффар қайтаётганида касалликка учрайди. Баданини совуқ тер босади. Моҳир табибларнинг елкаларини қисганча қўл қавиштириб туришларидан "қўлимиздан келгани шу, катта табиб бошқа нарсани истаётганга ўхшайди" деган маъноларни англаб, омонатни топширар маҳали яқинлашганига кўзи етади. Зудлик билан онасига мактуб йўллайди.

"Онажон! Ушбу рисолам етиб борган заҳоти халққа дастурхон ёзинглар. Лазиз таомлар ҳозирлаб халоиқни зиёфатга таклиф қилинглар. Жарчига айтингларки "Ушбу дастурхонга фақат мусибат кўрмаган хонадон аҳли келсин" дейишни унутмасин".

Искандар айтгандек бўлди. Кенг майдонга дастурхонлар ёзилди. Сурув-сурув қўйлар сўйилди. Дошқозонлар вақира-вуқир қайнади. Тандир тўла нон ёпилди. Лекин шоҳ зиёфатига ҳеч ким келмади. Ҳатто сарой аъёнлари ва дастурхон безаганларнинг ўзи ҳам тайёр дастурхонга яқин юламадилар. Иси атрофни тутуб кетган тотли таомдан бир чуқум олишга бирон бир киши ботинмади. Бу не ҳол? Ҳайрати ошган шоҳ онаси тўрт теваракка чопар жўнатди.Чопарларнинг барчаси бир хил жавоб билан қайтишди:"Улуғ шоҳимиз, дастурхонга фақатгина мусибат кўрмаганлар келсин, деб амр этмишлар. Шунга кўра, одамлар биз зиёфат аҳлидан эмасмиз дейишур".
Искандарнинг онаси ўғлининг бу тадбиридан бўлган муродини англаб ўғлига аза очибди. Доим ўғлини ғалаба қозонган ҳолда, учқур отда музаффар кириб келаётганини кўрган она, бу гал тобутда кириб келишини кўриб ўзидан кетиб қолмасин, деган мақсадда, Искандар шу йўлни тутган экан.
Қиссадан ҳисса деганларидек, қасру капани қолдирмай "тинтиб" чиқадиган ажал Исмоил хонадонига тобора яқинлашаётган эди. Қаср билан қамоқни бир хилда қўриқлайдиган соқчи ва қўриқчиларни доғда қолдириб ўз вазифасини ҳеч қандай қаршиликсиз, бемалол бажарадиган ўлим, бу гал соқчисиз уйга – олим кулбасига келаётган эди.
Ҳаётини ҳалол-поклик асосига қурган Исмоил кенжа ўғли Муҳаммад кичиклик чоғидаёқ оламдан ўтди. Ўғлини ўйнатиш, суйиш, эркалатиш, қўлидан етаклаб масжидга олиб бориш, улуғ устозлар ёнига ўз қўли билан топшириш унга насиб қилмади. Ҳаммага таниш тобут Исмоилни ўз бағрига олиб уйдан чиқиб кетди. Кечагина чақалоқ олиб келган қувончдан асар ҳам қолмади. Ўзи шундай – бешик қувонч олиб келади, тобут эса... Аслида бешик кирган уйга тобутнинг эргашиб кириши турган гап, буни ҳеч ким инкор қилмайди. Лекин инсонгарчилик экан, гоҳ қувонасиз, гоҳ қайғурасиз.
Айтмоқчи, бозорда ҳамма нарса сотилар экану, лекин тобут сотилмас экан. Турфа хил нарсаларга, ажойиботлару ғаройиботларга кон бозорда номига бўлсада бир дона тобутсозни кўрмайсиз. Минглаб аҳоли яшайдиган катта шаҳарда атиги 3-4та тобут бўлар экан холос. Ана шу саноқли тобут дам олиш нималигини билмай, тинимсиз равишда шаҳар уйлари ичра кезиб юради. Бир гал отани олиб кетса, бир гал ўғилни, бир гал қайнонани олиб чиқиб кетса, бир гал келинни. Бу шоҳ, бу гадо, бу муқим, бу мусофир, уйига етиб олсин, демас экан.
Исмоил хонадонига кириб ўз вазифасини бажариб чиқиб кетаётган тобут, ортда қолган аёлларнинг кўзларини жиққа ёшга тўлдириб кетди. Тобуткашлар уйни тарк қилишганда ҳовлида фақат аёллар ва ёш болалар қолди.
Марҳумнинг рафиқаси ёқаларини ертиб, сочларини юлуб, юзларини тимдалаб, овозининг борича: "Бизни кимга ташлаб кетдингиз? Бир этак болаларни етим қилиб қаёққа кетдингиз? Вой, шурум қуриди, бегиммо, бегиммо..." деб ўзини уриб, сакраб, чайқалиб-чайқалиб йиғламади. Бақир-чақир қилмади. Тобут орқасидан чопмади. Эрининг ўлимини эшитган заҳоти илк айтган сўзи:
"إنا لله وإنا إليه راجعون اللهم أجرني في مصبيتي واخلف لي خيرا منها"
"Албатта биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта бизлар Унга қайтажакмиз. Илоҳо, тортган мусибатимга ажр бергин, мусибатим ортидан яхшилик ато қил ", деган дуо бўлди.
"إنا لله ما أخذ وله ما أعطى وكل شيء عنده بأجل المسمى "
"Бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Аллоҳ, ҳамма нарса Унинг ҳузурида ўлчаб (тақдирда битиб) қўйилган", деб ўзини қўлга олди. Дарҳол қўлидаги узук, қулоғидаги исирғаларини ечиб қутига солиб қўйди. Гулдор шойи кўйлагини ўрнига гулсиз одми кўйлак кийди. Бошидаги ўзига ярашиб турган шоҳи рўмолини ечиб, ўрнига мовитсимон кўримсиз рўмолни ўради. Жавон устидаги атир-упа, сурмадон ва шунга ўхшаш нарсаларни тортмага солиб қўйди, ким учун безаниб, ким учун ҳам оро берарди?
Уйларида нима бўлаётганига ақли етмай катталар оёғи остида ўралашиб юрган кичкина ўғлини кўтариб ичкари уйга кириб кетди. У ўзини ҳар қанча босишга уриниб ўқтин-ўқтин "إنا لله وإنا إليه راجعون", "Албатта биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта бизлар Унга қайтажакмиз" ва яна "Эй бор Худоё, қазои қадарингга розиман, бизга битган битикларинг учун ҳамд айтгум ва берган неъматларинг учун шукр айтгум" деб дуо қилсада, лекин ичкаридан вулқондек отилиб чиқаётган кўз ёшларини тўхтатишнинг иложини қилолмади. Селдек оқиб келаётган кўз ёшлар юзда бўш жой қолдирмай ҳаммаёқни эгаллаб олди. Кечагина қувончдан чақнаб турган ёрқин юзни ишғол этган кўз ёшлар қайси томонга оқишга йўл тополмай ўзларини пастга – дуога кўтарилган қўл томонга урдилар.
"Аллоҳим, болаларимнинг дадасини раҳмат қилгин, гуноҳларини мағфират қилгин. Қабр фитнаси, қабр азобидан Ўзинг сақла. Саволда қадамларини собит қилиб, Ўзинг қўлла. Биз у кишидан розимиз, Илоҳо, Ўзинг рози бўл..."
У ўғлини бағрига босиб пана жойда дуо қилаётган шу паллада, эшикдан кексароқ аёлнинг товуши эшитилди:
– Келинпошшо.
– Лаббай бегойим, – рўмолининг учи билан кўз ёшларини артиб овоз келган томонга шошди.
– Ўзингизни қўлга олинг, бардам бўлинг, қизим. Ўлим ёшу қарини билмайди, яхши ёмонни фарқламайди. Гоҳи касални қўйиб соғни олади, отани қўйиб ўғилни. У бой, бу камбағал, деб танлаб ўтирмайди. Бу дунёда тобут кирмаган хонадон йўқ. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зотнинг муборак юзларига тупроқ тортишди-ю... Бас, шундай экан, тақдирга тан бериб, Аллоҳнинг қисматига рози бўлайлик. Болаларим етим қолди, деб ўксиманг, – бошида дадил чиқаётган кампирнинг овози титрай бошлади. – Кўп улуғларимиз етим ўсишган. Сарваримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам отадан ҳам онадан ҳам, бободан ҳам айрилиб етим қолганлар. Тўйиб "ая-дада" демаганлар. Ҳозир маййитни қабрга қўйишади, дуо қилиб туринг, сабот сўранг. Ораларингда бирон гап ўтган бўлса, афв этинг, кечириб юборинг.
– Асло гап ўтган эмас, бегойим. Биҳамдиллоҳ аҳл-иноқ яшаганмиз. Биз дадасидан минг бор розимиз. Агарчи бирон гап ўтганда ҳам, албатта кечган бўлур эдим.
Кейинги паст овозда айтилган гап кампирга эшитилмади. Кампир ҳовлига йиғилган аёлларни ичкарига ундади.
– Ичкари киринглар. Ҳовлини ўртасига ўтириб олиб йиғи-сиғи қилиш жоҳилият ишларидан. Сизу бизнинг овоз чиқариб йиғлашимиздан маййит азобланади. Тобутни орқасидан "додлаб" чопган билан ўлик тирилиб қолармиди? Дийдиё айтиб йиғлаш, уввос солиш шайтондан. Овозсиз чиққан кўз ёшининг зарари йўқ. Ёқубдек сабрли пайғамбар ҳам йиғлаганлар... Лекин Аллоҳнинг ғазабнок қилгувчи, тақдирга норизоли гапларни оғизларингдан чиқарманглар. Оғаларингга сабот сўраб дуо қилинглар. Ҳозир у савол-жавоб қилингай. Аллоҳ раҳмат қилгур пок одам эди. Боамал олим эди. Ҳаммага ёрдами тегар эди. Дунёдан бугун насибаси узулибди. Ҳаммамизнинг ҳам бир кун ўша ерга бораримиз бор...
Кампир ўзини тутолмай йиғлаб юборди. Унинг гапларига қулоқ солиб ўтирган аёллар орасидан ёшроқ жувонни ишора қилиб, астагина ёнига чақирди.
– Ҳой ойпошшо, бери келинг.
– Лаббай бегойим.
– Сиз буларга энг яқин қўшни бўласиз, шундайми?
– Шундай.
–Барака топкур, мусибат тушган хонадонга таом киргизиш савоб иш. Қўшнингизникига енгилроқ овқат пишириб киргизсангиз. Уларнинг юрагига қил сиғмайдиган бу пайтда қозон осиб овқат пишириш сиғармиди, ўргилай. Бечоралар кечадан бери туз тотмаганга ўхшайди.
– Жоним билан бегойим.
– Илоҳим дард кўрманг қизим.

Дори даволай олмаган дардни вақт даволар экан. Вақт ўтиши билан мусибат унутилиб, аста-секин ҳамма нарса ўз ўрнига тушиб кетар экан. Шунга кўра, мусибатнинг бошида сабр қилганлар ажр остига кўмилиб кетиши ҳақида илоҳий ваъдалар келган.
Исмоилнинг рафиқаси ўқимишли, тақводор, доно аёл бўлгани учун мусибат аввалидаёқ ўзини қўлга олди. Бухороликлар ҳавас кўзи билан боқадиган, кўркам, келишган олим эрининг ўлимидек оғир мусибатни сабр-бардош билан енгди. Лекин бу муслима аёлга иккинчи бир кўргилик, ўзга бир катта мусибат эшик қоқаётган эди. Навбатдаги мусибат кичик ўғлини нишонга олганди.
Эрининг мусибатига бардош қилган бу аёл фарзанд мусибатига бардоши етармикин? Хотин бўлибку сабр қилди, она бўлиб сабр қилолармикин? Аллоҳ ихтиёр этган синовдан ўтолармикин? Фарзандларнинг ҳаммаси ширин. Лекин кенжаси ҳаммасидан ҳам ширин бўлади. Ана шу ширин фарзанд бошига тушганни муштипар она кўтаролармикин?
Отасидан эрта айрилиб етим қолган Муҳаммад учун оғир мусибат остона хатлаб уйга кириб келди. Туппа-тузук ўйнаб юрган бола кўзи хиралашиб, бир зумда кўзи ожиз бўлиб қолди.

Сен истаган бўлур, истамасак ҳам,
Истамасанг бўлмас, минг истасак ҳам.

Табибга кўрсатишди, бўлмади. Дори дармонлар кор қилмади. Кўпчилик боланинг кўр бўлганини кўриб "ҳозир кўр кўз очиладиган Исо Масиҳ замони эмаску" деб умидсизликка таслим бўлди. Илло муштипар она ҳар тамондан чангал солаётган умидсизлик исканжасига ўзини топширмади. Умид билан Унинг ҳузурига қўл кўтарганларни ноумид қайтаришдан ҳаё қилгувчи Карамли Зотга умид боғлаб арз-дод қилди.

Арз-додимни Сенга айтмай, кимга айтай.
Оғир кунда Сенга қайтмай, кимга қайтай.
Ожиз қулинг умидла ёлворар Сенга.
Лутф этсанг, иқбол кулиб қора кун кетгай.

Айтишларича гўдак бола бир ёшидаёқ онасининг оёқ товушини билиб олар экан. Ётган жойида онасининг келаётганини оёқ товушидан сезар экан. Агар бола шу ёшда онасининг оёқ товушини билиш қобилятига эга бўлса, демак онанинг меҳрга тўла, ёқимли, майин овозини жуда эрта билиб олиши мумкин, деб фараз қилсак хато бўлмас. Тетапоя қилиб юраётган Муҳаммад ҳам онаси ёнига унинг нуроний юзини кўриб эмас, балки мўнгли товушини эшитиб борадиган бўлди. Чопқилаб эмас, пайпаслаб юрадиган бўлди.
– Муҳаммад ўғлим, онанг ўргилсин, бери кел, полвоним.
Бола онасини кўрмади. Қўлини олдинга чўзиб овоз чиққан томонга талпинди. Яқиндагина тинган аёл кўз ёшлари қайта яна жўнбушга келди.
"Кўз ёши ҳам қуримас булоқдек қайнаб чиқаверар эканда", ҳаёлимдан кечган ушбу шошқалоқ фикр кетидан, худди жиноятчини қувиб келган миршабдек ўзга бир фикр келиб қолди: "модомики, кўз ёш илдизлари мусибат анҳоридан суғорилар экан, ёшларнинг тиниши душвордир". "Тил сокит, қалб рози, қўл-оёқ исёндан узоқ бўлса, кўздан чиққан сувнинг зарари йўқ", деб учинчи бир дониш фикр ўртага тушди.
Илоҳо, бу дунёда йиғлаган кўзларимизни охиратда йиғлатмагин. Барча умидларини Сенга боғлаган мўмин бандаларингни ноумид қўймагин.

Сабр қилиб қазога Ҳаққа ёқсак ажабмас,
Биргалашиб Биҳиштда Ёрга боқсак ажабмас.
Ҳасрато,деб йиғласа бесабрлар ул Куни,
Хандон отиб чаккага гуллар тақсак ажабмас.

Ибн Ҳажар Асқалоний مقدمة الفتح китобида дейди: "Муҳаммад ибн Исмоил ёшлик чоғида кўр бўлиб қолди".

Ота-она

Исмоил фарзандларига она танлашда фаросати адашмай жуда тўғри йўл тутгант эди. Донишмандлар ўқтирганидек, "мумтоз тарбия марҳаласидаги дастлабки босқич, фарзанд учун яхши она танлашдир". Исмоил бу қалтис босқичдан мувофақиятли ўтди. Исмоилнинг ўзига жуфт, фарзандларига эса она танлашда фаросати адашмай тўғри йўл тутганинии тушуниш учун гапни сал узоқроқдан бошлаган маъқул.
"Ҳар бир буюк инсон ортида она бор", деб айтилган пурҳикмат гапни, она фарзандни дунёга келтириб қўйгани учунгина эмас, балки фарзанднинг буюк инсон бўлиб етишишида онанинг тутган ўрни катта эканлиги эътибори билан айтишган. Зеро, инсон дунёга фақат она орқалигина келади холос, бундан бошқа йўл ҳам йўқ. Дунёга келтириб қўйишнинг ўзи билан эса иш битмайди. Дунёга келтириб тарбия бермай ташлаб қўйса ёки фарзанд тарбиясининг бузулишида онанинг ўзи сабабчи бўлса, у ҳолда она олқишга сазовор бўлмайди. Чинакам она номига лойиқ бўлмайди.
Қадимда бир ўғрини тутиб, қўлини кесишга ҳукум чиқарилади. Шунда ўғри онасини келтиришларини талаб қилибди. Она ижро майдонига – кунда олдига келтирилади. Ачинганнамо кўринаётган онани ўғил ўз ёнига имлайди. Она яқин келгач ўғил уни қаттиқ тишлаб олади. Бундай бўлишини кутмаган навкарлар ғазабланиб:
– Эй лаънати, биз сени ўғри десак, сен ҳали падаркуш ҳам экансанку,- дейишада.
– Онам ҳам ўз насибасини олсин дедимда.
– Қандай насиба, эй падаркуш.
– Ёшлигимда қўшнининг тухумини ўғирлаб уйга қўрқа-писа кирганимда, қўлимдан тухумни олиб "қаердан олдинг?" демай жилмайиб қўйган. Кейин каттароқ нарса ўғирладим. Унда ҳам индамади. Кейин-кейин ўғирлик касбкорга айланди. Устозим ўз насибасини олиб, шогирд ҳолини ҳам кўриб қўйсинлар, дедимда.
Туғуш машаққати билан тарбия машаққатини биргаликда тортган оналаргина олқиш- ардоққа лойиқ бўладилар.
Аҳли илмлар Аллоҳ таолонинг ( وقل رب ارحمهما كما ربياني صغيرا ) "Парвардигорим, ота-онам мени ёшлигимда тарбия қилганларидек, у иккиларини раҳм қилгин" оятидан истифода олиб дейишади: "Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардандир".
Тўлиқ маънодаги эъзоз, иззат-икром учун ота-она фарзандларига таълим-тарбия бермоқлари керак. Лекин улуғ динимиз ота-она ким ва қандай бўлишидан қатъий назар, уларга эзгулик қилишга ва улар ҳурматини бажо келтиришга ундайди. Ота-оналардан эса фарзандга таълим-тарбия беришни талаб қилади.
Ислом тарихининг зарҳал ҳарфлар билан битилган саҳифаларини варақлар экансиз онанинг фарзанд тарбияси ва унинг таълимида фаол иштирок этганини кўплаб учратасиз. Оналар фарзандларининг ўқиб, ўрганиб етук инсон бўлиб етишуви йўлида барча қийинчиликларни кўтаришган. Ҳадис илмининг устозларидан Суфён Саврийнинг онаси ўғлини илм йўлига йўллаб шундай деган эди: "Ўғлим, илм ўрганинг, рўзғор ташвишларини ўйлаб фикрингизни бўлманг. Мен инша Аллоҳ ип йигириб сотиб ўқишингизга кўмаклашаман". Натижада Суфён Авзоий таърифлаганидек: "Ислом уммати унинг сўзини бир овоздан қабул қиладиган нодир уламолардан" бўлиб етишди.
Муҳаммад ибн Идрис Шофиий Фаластининг Ғазза шаҳрида туғилади ва отаси оламдан ўтиб, жуда эрта етим қолади. Фарзанд тарбиясидан хавотирланган она икки яшар ўғлини Ғаззадан Маккага олиб келади. "Ота-боболарингни юртида ўсиб улғайганинг яхши" дейди. Шофиийнинг ўзлари ҳикоя қилганларидек:"Онам мени ўқитишни жуда-жуда истарди. Лекин ўқитиш учун етарли маблағи йўқ эди. Менинг ўзим ўқишга астойдил киришдим".
Азиз ўқувчимизга таниш Ҳумайди ҳикоя қилади: Шофиий бизга шундай деган эди: "Мен онам қарамоғида етим ўсдим. Бошланғич таълим марҳаласида тенгдошларимга дарс бера бошладим. Устоз дарсга келмай қолганда устоз ўрнига талабаларни бошқариб, уларга таълим берардим. Буни кўриб устоз мендан ҳақ олмай қўйди". Музаний дейди: "Шофиий етти ёшида Қуроънни ёд олган, ўн ёшида эса"Муватто"ни ёдлаган".
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ҳикоя қиладилар. (Имом Аҳмад ҳам жуда эрта етим қолганлар) "Олти ёшимда онам мени тонг саҳарда уйғотиб, ўзи таҳорат олдирар эди. Таҳорат олиб бўлганимдан сўнг чиройлик кийимларни кийгазиб, қўлимдан етаклаб масжидга олиб келарди. Мени хонақохга киргизиб ўзи масжиднинг пана жойига ўтиб оларди. Бир оздан кейин муаззин келиб бомдод намозига азон айтарди".
Дунёни яёв кезиб илм олган, Ханбалий мазҳаб асосчиси имом Аҳмаднинг ҳаёти ана шундай бошланган экан.
Ибн Нажийя (Нужийя) номи билан танилган улуғ олим Али ибн Иброҳим ўз даврининг катта муфассир ва воизларидан бўлган. Султон Нуриддин Зинкий ва Салоҳиддин Айюблар ҳурматига сазавор бўлган. Ана шу олим тафсир фанида катта ютуқларни қўлга киритишидаги сирни айтиб дейди:
"Тафсирни тоғамдан таълим олганман. Дарсдан қайтишим билан онам сўроққа тутарди:
– Бугун тафсирдан қайси сурани ўргандинг?
Мен бугунги дарсни тоғамдан қандай эшитган бўлсам шундайича онамга айтиб берардим. Онам сўзларимни охиригача тинглаб бўлиб, бошини чайқарди.
– Яхши, лекин ҳамма билганларини айтмабдида. Мен тафсирни тоғанг билан бирга ўрганганман. Аслида уламолар бу оят тафсирида мана бундай дейишган, ана бундай дейишган,– деб тоғам дарсига қўшимча қилиб қўярди".
Ҳа, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ўз оқловчисига мунтазир ўтмишимизда аёллар эркаклар билан теппа-тенг илмга эга бўлганлар. تحفة الفقهاء китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизлари, بدائع الصنائع китобининг муаллифи Косонийнинг рафиқалари Фотима бинт Алоуддин замонасининг кўзга кўринган катта олималардан эди. Дадалари таълиф қилган, ҳанафий мазҳаб фиқҳида ёзилган تحفة الفقهاء китобини ёддан биларди. Тарихий манбаъларнинг айтишича Фотима довриғи оламга тарқаб, ҳатто Рум подшоҳлари унга совчи қўйишган. "Маликул уламо" номи билан танилган Абу Бакр Косоний устозларининг تحفة فقهاء китобига шарҳ битиб بدائع الصنائع китобини таълиф этганларида, устозлари ўз қизини Косонийга никоҳлаб берган. Кейинчалик одамлар "китобини шарҳлаб қизини никоҳлаб олди" дейишадиган бўлди.
Фатволарга Алоуддин Самарқандий ва қизлари Фотиманинг муҳри босилар эди. Турмушга чиққач эрларининг муҳри ҳам қўшиладиган бўлди.
Абу Бакр Косоний Зинкий ҳукмронлик қилган даврида Ҳалаб (Сурия) шаҳрига мударрисликка чақирилади. Анча муддат мударрислик қилганидан сўнг одил султон Зинкийдан уйга қайтишга ижозат сўрайди. Султон олимдан Ҳалабда қолишини сўрайди. Олим аҳли аёли Мовороуннаҳрда қолганини, уйга қайтмаса бўлмаслигини тушунтириб узр сўрайди. Шунда султон: "Бунинг ечими осон, аёлингизни Ҳалабга чақиртирамиз", деб Фотима ҳузурига чопар юборади. Чопар Самарқандга етиб келиб рисолани Фотимага тақдим этади. Фотима рисолани ўқиб бўлиб, рисола орқасига "дадаси, фиқҳдан шу қадар узоқлашиб кетдингизми? Аёлингиз ёнига номаҳрамни чопар қилиб юборибсиз-а?!" деб рад жавобини ёзади. Тарвузи қултиғидан тушган чопар Сурияга қуруқ қайтишга мажбур бўлади.
Шулардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, фарзанд тарбиясида онанинг тутган ўрни жуда катта. Ўтмиш олимларининг талайгинаси етим қолиб она қарамоғида ўсган. Улар она тарбиясини олиб етук инсон бўлиб етишишган. Демак мумтоз тарбия марҳаласидаги энг биринчи босқич фарзанд учун яхши она танлашдир. Худди яхши ҳосил олиш учун замин танланганидек.
Мовардий ёзишича бир кекса ота ўғил-қизларини йиғиб "мен сизларга туғилмасларингдан олдин ҳам, туғилганларингдан кейин ҳам яхшилик қилганман" дебди. Туғилмасдан олдинги яхшилик қандайлигини тушунмаган фарзандлар отага савол берадилар:
– Туғилганимиздан кейинги ҳамма яхшиликларингизни биламиз, кўз ўнгимизда сақлаймиз. Аммо туғилмасимиздан олдинги яхшиликка бир оз тушунмай турибмиз.
– Сизлар учун, сизлар уяладиган она танламадим.

Бир донишманд ҳузурига ёш йигит оппоқ йўргакда чақалоқни кўтариб кириб деди:
– Фарзандлик бўлдим, тарбия сир-асрорларини ўргатсангиз.
– Кечикибсиз.
– Тақсир, ўғлимиз эндигина икки ойлик бўлади.
– Тарбияни бола туғилмасдан анча олдин, унга она танлашдан бошланади.

Муҳаммаднинг отаси Исмоил ҳам фарзандларига она танлашда хато қилмаган эди. У ўзига жуфт, фарзандларига она ихтиёр қилишда жуда тўғри йўл тутиб янглишмагани унинг вафотидан кейин яна ҳам яққол кўриниб қолди.
Қўлимдаги тарихий манбаълардан Бухорийнинг онаси бўлмиш бу улуғ аёл ҳақида оз маълумот топдим. У аёлнинг исми, туғилган ва вафоти этган йили ҳақида маълумотга кўзим тушмади. Лекин ўша топилган оз маълумотнинг ўзиёқ Бухорий онасининг тақвоси, гўзал хулқи ва маънавий қиёфасини чизишга етарли бўлди.
Аввало у – меҳрибон она, ғамхўр мураббийдир.
Заҳабий дейди: "Абу Абдуллоҳни онаси тарбия қилган".
Эрининг вафотидан кейин фарзандлари тарбиясига катта эътибор қаратди. Ўғли кўр бўлиб қолган пайтида кеча-ю кундуз Аллоҳга ёлвориб, кўзда ёшлари билан дуо қилди. Оқибатда табобат ханузгача давосини тополмай ожизлигини тан олиб турган дардга ихлоси ва тинимсиз дуоси билан даво топти.
سير أعلام النبلاء ва مقدمة فتح الباري муаллифлари Ғунжорнинг تاريخ البخاري китобидан ва Лалкоийнинг شرح السنة китобидан нақл қилиб дейдилар: "Муҳаммад ибн Исмоил ёшлигида кўр бўлиб қолади. Онаси тушида Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-саломни кўради. Иброҳим алайҳис-салом унга қарата: "Кўп дуоингиз сабабли (бошқа ривоятда кўп йиғингиз сабабли) Аллоҳ таоло ўғлингиз кўзини қайтарди", дейдилар. Тонг отгач ўғлини соппа-соғ, кўзи очиқ ҳолда кўради".
Ҳозирги кунда кўряпмиз, оналар боласи касал бўлиб қолса дўхтирга бир-икки қаратиш билан кифояланади. Аммо саждаларда узоқ қолиб бола ҳақига дуо қилиш, тун яримлаганда намоз ўқиб болага шифо сўраш жуда нодир. Духтирни "қўлидан ҳеч нима келмайдиган пандавақи"ликда айблагандан кўра оналарнинг ўзи астойдил дуога киришсалар, ажабмас Аллоҳ таоло уларга ҳам моҳир табибни рўбара қилар.
Иккинчидан у – эрига чин маъноли вафодор хотиндир.
Эрга ҳаммаслак ва ҳамфикр бўлишлик вафодорлик кўринишларидан биридир. Фарзандларни эр юрган тўғри йўлда юрғизиш ҳам эрга садоқат кўринишларидандир.
{ فخانتاهما) إلى قوله { ضرب الله مثلا للذين كفروا امرأة نوح وامرأة لوط } Таҳрим сураси 10-оят. Аллоҳ таолонинг "У икки хотин эрларига хиёнат қилди" деган оятидаги хиёнатдан мурод зино эмас. Ибн Аббос айтганидек "Бирон бир пайғамбарнинг хотини фоҳиша бўлмаган, оятдаги хиёнатдан мурод диндаги хиёнатдир".
Ибн Касир айтадилар: { فخانتاهما ) яъни иймонда хиёнат қилишди.
Исмоил оламдан ўтгач унинг рафиқаси фарзандларининг ота йўлидан юришга эътибор қаратди. Ўғилларнинг ота ишини давом эттиришга ўзи бош қош бўлди. Маълумки, Исмоил ҳадис илмига қизиққан ва бу борада кўзга кўриниб қолган олимлардан бўлган. Ҳаммод ибн Зайд ва Молик ибн Анасдан ҳадислар ривоят қилган. Илм талабида сафарга чиққан. Мадинага келиб Моликдан ҳадис эшитган. Ироқликлар ундан ҳадис ривоят қилишган. Ибн Ҳиббон كتاب الثقات да Исмоилнинг таржимаи ҳолини ёзган. Бухорийнинг ўзи ҳам تاريخ الكبير китобида отасининг таржимаи ҳолини келтирган. Унда жумладан шундай дейилганди: "Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира Молик ва Ҳаммод ибн Зайддан ҳадис эшитган. Абдуллоҳ ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган". Бухорий تاريخ الكبير да таржимаи ҳолини ёзган ҳар бир кишининг ким билан қандай қилиб кўришганини ёзган эмас. Лекин отасининг Абдуллоҳ ибн Муборакдек олим билан таниш эканлигини билдириб "икки қўллари билан кўришган" деб илова қилган. Оталарни фахр билан эслаш ўғиллардаги яхши ҳислат.
Учинчидан у – омонатдор аёлдир.
Исмоил жуда катта мерос қолдирди. У ўлими олдидан айтган эди: "Алҳамдулиллаҳ, топган молларим ичида ҳаром ва шубҳали мол йўқ". Ибн Ҳажар дейди:"Бухорий отасидан катта мол мерос олди. У пулларини музорабага берар эди".
Муҳаммад отасидан мерос олган молларни совдагарларга шерикликка бериб ўзи илм таҳсилида давом этди. Савол туғилади: унинг отаси у ёшлигидаёқ ўлиб кетган бўлса, қандай қилиб у ота меросига етишди? Қайси йўл билан ўзи билмайдиган молига эга бўлди? Жавоб: Бу ерда жуда омонатдор қўл у пулларни сақлаган. У омонатдор инсон Бухорийнинг онаси эди. Она жуда катта маблағни эҳтиёт қилиб сақлаб болалар вояга етганда уларнинг қўлига икки қўллаб топширди.
Эрдан қолагн молни беркитмай, ўзиники қилиб олмай ҳақдорларга топшириш учун жуда катта иймон керак."Болалар ёш, ҳеч нимани билмайди" демасдан мол-мулкни ҳавога совурмай, болалар катта бўлгунча авайлаб кутиш учун инсон Аллоҳдан қўрқадиган омонатдор бўлиши керак. Кези келганда шуни ҳам айтиш ўринлики айрим аёллар тежамкорликни билмай, эрининг топган тутганини кулини кўкка совурадилар, бу ҳам етмагандек, ўз ҳолларидан нолиб ҳам қўйишади. Айримлар эса, борига барака тилаб танг ҳолатда ҳам нолимайдилар. "Егани олдида, емагани кетида" бўлган тантиқ, эрка хотинлар рўзғори бутун бўлишига қарамай тили шикоятдан тўхтамайди. Қиммат масаллиғлардан тайёрланган ширин таомни ҳам ёмон хулқи билан бемаза қилиб юборади. نسأل الله العافية والسلامة
Баъзи доно аёллар эса супраси қуриб ётган бўлсада тили шукрдан тинмайди. Қўли гул, тили ширин бу каби аёллар супрани қоқиб бўлсада ширин таомлар ҳозирлайдилар. Гўзал муомилалари билан қуруқ уннинг ўзидан таёрланган таомни тотли қилиб юборадилар.
Тўртинчидан у – маърифатли, зиёли, доно аёл.
Бу аёлнинг фарзандларни ўқитиб таълим беришидан ва илм таҳсили учун тўлиқ шароит яратиб берганлигидан унинг маърифатли, зиёли ва доно аёл эканини англаш қийин эмас.
Юқорида билдикки, Бухорий ўн бир ёшида 70 минг ҳадисни ёд олган экан. Инсоф билан айтайлик, агар она болага шароит яратиб бермаса бола қандай қилиб 70 минг ҳадисни ёдлай олади. Айтиш мумкинки боланинг ўзида катта талант бўлган шунинг учун ёдлаган. Талантнинг ўзи кифоя қилмайди. Уни тўғри йўналтирилмаса, назорат қилинмаса у талант бошқа жойга бурилиб кетади.
Ҳозирги кунда гувоҳи бўлинаётганидек ота-оналар фарзанддаги талантни ё тирклайин кўмиб ташлашяпти ёки бошқа манфаатсиз нарсаларга буриб юборишяпти. "Молга қара, қўйга ем бер, товуққа дон сеп, ерни чоп, далага сув қуй, уни сот, буни харид қил" деган буйриқлар ичида ўсган бола 70 минг ҳадис ёдлаб 18 ёшида تاريخ الكبير китобини ёзармиди? Бундай буйруқлар остида вояга етган йигитларни қандай етилганларини, миялари ҳам қай даражада етилганини кўриб турибмиз. Китоб ёзишни эмас, китоб ўқишни эпласалар ҳам катта гап бўлиб қолди.
Бешинчидан у – матонатли жасур аёл.
Ўн беш яшар ўсмир ўғлини, ёлғиз ўзини Маккада таълим олсин, деб ташлаб кетиш учун анча жасорат керак. Илмга бўлган муҳаббат билан биргаликда эркакча жасорат ва матонат бўлсагина ёш ўғлини бегона юртда истиқоматда қолишига розилик беради. Бу аёл ҳам бошқа оналардек: "Дадангни ўқигани етади, сен ишла, сен тенгхўрларнинг қўлида жарақ-жарақ пул ўйнаяпти. Дадангдан айрилганим етар, сен ёнимда бўл. Ака-ука бўлиб рўзғор тебратинглар" деса бўлар эдими? Бўлар эди. Лекин ундай демади.
Аёлнинг бундайин жасоратига ўша даврлардаги осойишталик, тинч-тотув, осуда ҳаёт ҳам кўмаклашган албатта. Агар ҳаёт фаравон, тўкин-сочин бўлмаса, йўл тинч, осуда бўлмаса ёш жувон икки ўсмир ўғли билан узоқ масофа босиб ҳажга келармиди? Ўғлини мусофирчиликка ташлаб кетармиди? Ҳозирги замонда теливизорга термилиб мултфилм кўраётган ўғилларни аяётган оналар билан бу аёлни таққосланса, ўтмиш аёлларининг тақвоси, иймони, дунё қараши жуда ҳам юксак бўлганлиги янада ойдинлашади.
Олтинчидан у – обида, художўй, авлиё аёл.
Бунга яққол мисол ёшгина икки ўғли билан Ҳажга келишидир. "Ўғиллар катта бўлса борармиз" демади. Ҳаж вожиб бўлган ҳамоно йўлга тушди. Иккинчи мисол, дуосининг ижобат бўлиши. Шунинг учун Лалкоий бу аёл ҳақида ёзганда شرح السنة нинг "Авлиёлар каромати боби"да зикр қилади. Учинчи мисол: у тарбия қилган гўдак, ўқиб-ўрганиб дунёга устоз бўлганлиги.
Еттинчидан у – фарзандлар муҳаббатини қозонган аёл.
Маълумки ҳамма оналар ҳам фарзанд муҳаббатини бирдай қозонмайдилар. Фарзандлар оналарни яхши кўрадиларми, йўқми барибир уларга яхшилик қилишга, ширин сўзлашга, табассум қилишга ва эзгулик маъноларининг ҳаммасини тадбиқ қилишга маъмурлар. Лекин муҳаббат билан қилинган яхшилик билан мажбурий яхшилик ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.
Бухорий ҳар қачон ёшлигини эсласа ва илмий ҳаёти бошланишини ҳикоя қилса аввало онасини ёдга оларди."خرجت مع أمي وأخي إلى الحج" яъни "Онам ва акам билан ҳажга чиққанмиз". "Онам" дея ўзига нисбат бериб фахрланиши ҳам диққатга сазовордир. "Ўн беш ёшимда ҳаж қилдим"деб онасини ёдламай кетса ҳам маъно чиқаверади. Энди мана бу тарихий ҳақиқатга қаранг. 597-ҳижрий йилда вафот этган катта олим, воиз, муфассир Абул Фараж Ал-Жавзий ёшлигини эслаб ёзади:
"فإن أبي مات و أنا لا أعقل به و الأم لم تلتفت إلي" яъни "Отам мен эсимни танимасдан олдин вафот этган. Она эса менга эътибор бермади". Диққат қилсангиз дадалари ҳақида ёзаётганда "отам" деб ўзларига нисбат бердилар, она зикри келганда "онам" демай "она"дейиш билан кифояланади. Ҳолбуки аммаларини эслаганларида "аммам"дегандилар. "Отам" "аммам" деган бола "онам" деёлмади. Сабаби оналари дадалари вафотидан кейин бошқа турмиш қуриб, ўғилларига қарамаган экан. Отаси ўлган, онаси ташлаб кетган қип-қизил етимни аммалари парваришлаб ўқитадилар, натижада бола ўз асрининг катта олимларидан бўлиб етишади. Заҳабий таърифлаганидек "ундан олдин ҳам, кейин ҳам бу қадар воиз келмаган". Шайхул Ислом айтганларидек, у ёзган китоблар мингга етган.

Фарзандлар муҳаббатини қозониш оналар қўлида. Муҳаббат қозонаман деган она муҳаббат сарфлаши керак, меҳр оламан деган она меҳр бериши керак.

Муҳаммад ибн Исмоил Бухородан чиққандан кейин онаси ва акаси билан учрашгани маълум эмас. Ўртада хат ёзишиб турганлари ҳақида ишоралар бор, лекин дийдорлашув ҳақида хабар йўқ. Зоҳиран, мушфиқ она фарзанд мусофирлик чоғида оламдан кўз юмган. Акасининг Бухорода вафот этгани аниқ хабарларда келган. Муҳаммад эса Бухорога жуда кеч қайтади.
Ҳеч шубҳа йўқки, буюк имом кўп ўринларда пешқадам бўлганларидек, ота-она ҳурматида, уларга итоат ва эзгулик борасида ҳам кўпларни ортда қолдирганлар. Биз муражаат қилган манбаларда оналари билан бўлган алоқалари ҳақида малумот жуда оз берилган. Лекин шундай бўлсада, Бухорий таълиф этган китоблар унинг нодир талант эгаси эканлиги билан бирга, ажойиб, ҳавас қилгули, нодир фарзанд эканлигига ҳам ёрқин мисол бўла олади. Имом Бухорий بر الوالدين "Ота-онага эзгулик" номли китоб таълиф қилган (қўлёзма). "Саҳиҳда" ва "Адабул Муфрадда" ота-оналар учун алоҳида боблар келтирган.

Қумсаб қувноқ дамларимни ёшлигимга қайтгим келур,
Аяжону дадажон деб қайта-қайта айтгим келур.
Ўғлим, деса онажоним, лаббай дея чопгим келур,
Нонуштага чойлар қуйиб, иссиқ нонлар тутгим келур.

Меҳр тўла юзларига тўйиб-тўйиб боққим келур,
Ҳар буюрган ишларини эринмасдан қилгим келур.
Оҳ, найлайин ғарибликда ўлим бизни ажратди-ку,
Тонг саҳарда ҳақларига истиғфорлар айтгим келур.

Ақл заковат ва ўткир зеҳн

Ибн Муфлиҳ Мақдисий الآداب الشرعية китобида Ҳокимнинг التاريخ китобидан нақл қилиб дейди: Абдуллоҳ ибн Муборакдан сўрашди:
– Инсонга берилган энг яхши нарса нима?
– Ақл-заковат.
– У бўлмаса-чи?
– Гўзал хулқ.
– У ҳам бўлмаса-чи?
– Маслаҳатини аямайдиган, ғамхўр оға-ини, дўст-ёр.
– Улар ҳам бўлмаса-чи?
– Узоқ сукут (тилни ёмон гапдан тийиб, жим юриш).
– У ҳам бўлмаса-чи?
– У ҳам бўлмаса, ўлимнинг тезроқ келгани яхши.
Ҳаёт тизгини иқтисод қўлига ўтиб кетган янги асримиз шароитидан келиб чиқиб, юқоридаги тўрт нарсага мол-дунёни ҳам қўшиб қўйсак ортиқча бўлмаса керак. Чунки ҳозирги кунларда мана бу тўртининг йўқлигини биргина молнинг ўзи билдирмай турибди.
Гоҳида бир инсонга ушбуларнинг ҳаммаси – ақл-заковат, гўзал хулқ, маслаҳатгўй оға-ини, дўст-ёрлар ва ақл амри билан фойдали сўзни сўзловчи тил берилар экан. Гоҳида бир инсондан шуларнинг ҳаммаси маҳрум қилинар экан. Гоҳида эса бир кишида буларнинг ярими топилиб, иккинчи бир кишида қолган ярими топилар экан.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга юқоридаги ҳислатларнинг барчаси зиёдаси билан берилган эди. Унга одамнинг тизгини бўлмиш ақл, инсоннинг жамоли бўлмиш гўзал хулқ, исломий жамиятларнинг кўрки ва фахри бўлмиш холис маслаҳатгўйлар, фақат яхшиликни сўзловчи тил, шунингдек ҳаёти дунёнинг безаги бўлмиш мол ва буларга қўшимча ўлароқ ўткир зеҳн, илмга муҳаббат, гўзал ҳулқ ва нодирлашиб кетаётган зуҳду тақво ҳам берилган эди. Қўйида Бухорий ҳаётидан ана шу лавҳаларни ўқиймиз.
Бухорийнинг ўткир ақл-заковати қўйидаги нуқталарда намоён бўлади.
1- Ўзига берилган нодир қобилятни ҳис қилиб, уни манфаатли ўринларга ишлата билганида. Бошқача ибора билан айтганда талантининг қадрига етганидадир.
Ҳаммага ҳам бундай қобилят берилмайди. Берилганларнинг ҳаммаси ҳам ўзига берилган қобилятни қадрлаб, уни тўғри йўлга йўналтиролмайди. Зеҳни ўткирлардан бири минглаб қўшиқни ёд билишини айтиб фахрланган, сўнг пушаймон бўлган экан. Яна бир ўткир зеҳнли киши минглаб мисра шеър ёд билишини айтиб "унинг ўрнига манфаатли бошқа нарсаларни ёдласам бўлар экан", деб афсусланган экан. Бошқа бир қобилятли кимса ўзидаги нодир истеъдодни илмий ишларга сарфламай меҳнат ичида "гумдон" қилганидан нолиган экан. Хуллас, ўткир зеҳндан тўғри фойдаланганлар, ўткир зеҳннинг ўзидек нодир.
Ўткир ақл ва ўткир зеҳн берилган инсонлар жамият ва давлат бойлигидир. Халқ ўз орасидан чиққан нодир қобилятли фарзандларини эъзозлаб, авайлаб улардан оқилона фойдаланмоғи билан хазинаси бойийди, шан-шавкати ошади. Уларни эътиборсиз қолдириш, муносиб ўринларга қўймай, ҳар қандай одамнинг қўлидан келадиган ишларни улардан талаб қилиш оқилона тадбир бўлмас. Оқилона тадбир юритилмаган ишдан ахмақона натижа олинади. Ахмоқлар сафи кенгайиб жамият хасталанади, тузалмас дардга мубтало бўлади.
Исо алайҳиссаломдан сўрашди:
– Сиз туғма кўр ва пес кишиларни даволадингиз, Аллоҳнинг изн-ихтиёри билан ўликни тирилтирдингиз, айтингчи, аҳмоқни қандай даволадингиз?
– Шу дардни тузатолмадим, уни тузатаман деб ҳолдан тойдим.

Бухорий ўз талантини эрта ҳис қилди ва уни манфаатли йўлга йўналтирди. Ўзидаги қобилиятни ва бор куч-қувватни нубувват бойлигини жамлашга сарфлади. Бу тадбири билан аввало ўзига, динига, қолаверса халқига ва келажак авлодларга хизмат қилди. Уларга битмас-туганмас илмий бойлик қолдирди. Ўз юртининг номини оламга танитди.
2- Ёшлик даврини ғанимат билиб, бир зумда ўтиб кетгувчи бу олтин даврдан жуда унумли фойдаланди.
3- Бир шахс ёки бир шаҳарга боғланмай турли шаҳарларга илмий сафарга чиқиб, турли устозлардан илм олди. (Қўйида унинг мингдан ортиқ шахс билан учрашиб, улардан ҳадис олгани ҳақида ривоят келади).
4-Ўқиб ўрганган илмини жуда эрта вақтдан бошлаб ўзгаларга ўргатди. Ўқувчиларга маълумки Бухорий бир томондан таълим олиб, иккинчи бир томондан таълим берарди. Бу услуб эса ўрганган илмингизни ўзингизда мустаҳкам ўрнашишида мувофаққиятли ва унумли методлардан биридир.
5- Олдинга қўйилган мақсад рўёбга ошмагунча она юртга қайтмай илмий изланиш- да давом этди.
6- Илмни фақатгина маълумотни кўпайтириш ёки шуҳрат қозониш, ном чиқариш учун эмас, балки илмига амал қилиш учун, дунё ва оҳиратини обод қилиш учун ўрганган.
7- Фақат илм деб, дунёвий манфаатларни ташлаб қўймади. Илм билан савдо-сотиқни жамлай олди. Музороба – шериклик тижорати билан шуғуланган. Ерни кирага берган.
8- Саҳиҳ, заиф ва мавзу (тўқима) ҳадислар кўпайиб кетган бир пайтда, фақат саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига олган "Саҳиҳ" китобини таълиф қилди. Бухорийнинг ана шу ишигина унинг етук ақл эгаси эканлигига кифоядир. "Саҳиҳ Бухорий"ни тааммул билан ўқиган киши уни жамлаб, юзга яқин китобга ва бобларга ажратган ва ҳар бир боб ва ҳадисларни ўта пухталик билан тартиблаган муаллиф ақлга лол қолиб, тасанно айтмай иложи йўқ. Киши бу фандан қанчалар маърифати кўп бўлса, шунчалаб даҳшатга тушаверади.

Имом Термизий дейди: "Ҳадис илми, тарих ва санадлар борасида Ироқ ва Хуросонда Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра олимроқ кишини кўрмадим"

Абу Ҳотим 247-ҳижрий йилда деди: "Ироққа кирган олимларнинг энг билимдони Муҳаммад ибн Исмоилдир"

Аҳмад ибн Ҳанбал дейди:
"Ҳадис ёдлаш бўйича маррага хуросонликлардан тўрт киши етгандир: Улар –Абу Зуръа, Муҳаммад ибн Исмоил, Доримий ва Ҳасан ибн Шужо Балхий"

Абу Аҳмад Ҳоким дейди: "Бухорий ҳадис илмида етишган олимларнинг бири эди. Агар мен унинг китобига ўхшаш гўзал китоб кўрмадим" десам хато қилмаган бўлурдим.

Муслим ибн Ҳажжож ("Саҳиҳ Муслим" муаллифи) Бухорий илмидан ҳайрати ошиб ва қаттиқ таъсирланиб деган эди: "Эй устозлар устози, муҳаддислар пешвоси, ҳадис илмининг табиби оёқларингизни ўпишга ижозат беринг"

Абу Исо Термизий ҳикоя қилади: "Муҳаммад ибн Исмоил Абдуллоҳ ибн Мунир ҳузурида эди. Унинг ёнидан туриб чиқмоқчи бўлганда Абдуллоҳ ибн Мунир унинг ҳаққига дуо қилиб: "Аллоҳ таоло сизни бу умматнинг зийнати қилсин", деди Ҳақиқатда дуоси ижобат бўлиб, Бухорий бу умматнинг зийнатига айланди". Дуоси ижобат бўлган бу улуғ инсон билан қисқача танишиб чиқсак.
Заҳабий سير أعلام النبلاء китобининг 12-жилд 316- саҳифасида бу олим таржимаи ҳолида қўйидагиларни баён қилади: "Абдуллоҳ ибн Мунир ҳаммага ўрнак бўладиган, авлиё олимлардан. Ҳадис илмида ҳофиз ва ҳужжатдир. Бухорий, Термизий, Насоий ва бошқалар ундан ҳадис ривоят қилишган".
Дарс бериб бўлгач саҳрога чиқиб "ушнан"ва шунга ўхшаш шох-шаббалардан териб келиб сотар ва шу билан рўзғор тебратар эди. Бир кун шериклари билан саҳрога чиқишганда шерга дуч келиб қолишди. Абдуллоҳ шерикларига қарата "тўхтанглар" деб ўзи шернинг ёнига борди. Шерга яқинлашиб нималардир деган эди, шер ҳеч нима бўлмагандек кетиб қолди.
Исҳоқ ибн Роҳавеҳдан сўрашди:
– Саҳрога ҳеч қандай зод олмай чиқиш жойизми?
– Абдуллоҳ ибн Мунирдек кишларга жоиз, қолганларга йўқ.

Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий "Насаф тарихи" номли китобиди қўйидагиларни айтади: "Менга қолса Бухорийни ҳамма устозларидан ортиқ билиб, унинг ўзи икки кўзи билан ўзига ўхшаш олимни кўрмаган" дердим.

Замонасининг таниқли олимларидан Амр ибн Зурора ва Муҳаммад ибн Рофеъ "элалул ҳадис"дан (ҳадис илмига оид қисм) тушунмаган ўринларини Муҳаммад ибн Исмоилдан сўрар эдилар. Бу ҳолдан хайрати ошган аҳли илмларга қарата "Бизни Абу Абдуллоҳдан устун қўйманглар. У киши биздан анча катта олимдирлар" дердилар.

Аҳмад ибн Ҳарб вафот этганда Исҳоқ ибн Роҳавеҳ билан Муҳаммад ибн Исмоил жанозага келишди. Ёш шогирд билан улуғ устозни бир жойда кўрган одамлар пичирлашиб қолишди. Кўпчилик бир овоздан Муҳаммад ибн Исмоилни Исҳақ ибн Роҳавеҳдан кўра фақиҳроқ деб айтарди. Исҳақ ибн Роҳавеҳнинг ўзи буни тан олиб талабалар даврасида: "Абу Абдуллоҳ мендан кўра анча билимдон" дер эди.

Муҳаммад ибн Исмоилни яқиндан кўриб билиб юрганлар унга билдирилган ишонч, унга берилган юксак илмий даражалар ва у ҳақида айтилга мақтовларни жуда ҳақли деб топса, баъзи бирлар "муболаға" деб ўйларди.

Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Фирёбий ҳикоя қилади: "Мен ибн Ишкобнинг илмий йиғинида эдим. Бир киши кириб келиб ўзини таништирди. Ҳофизлардан экан. Муҳаммад ибн Исмоил ҳақида сўз очилиб қолди. Шунда бояги киши: "Муҳаммад ибн Исмоилга ҳеч тоқатимиз йўқ-да" деб қолди. Бу гапни эшитган ибн Ишкоб ғазабланиб ўрнидан туриб кетди. Қовоғини ўйганича йиғинни ташлаб ташқарига чиқиб кетди".

Бухорий Бағдод шаҳрига келганда айрим аҳли ҳадислар жамланиб уни имтиҳон қилиб кўришга келишиб олишди. Бухорийга ўз фикрларини очиқ айтмай, илмий йиғинга таклиф қилган кўринсаларда, лекин Бухорий уларнинг муддаосини фаҳмлади. Бағдодликлар юзта ҳадисни ўнта кишига ўнтадан тақсимлаб чиқишди. Бир ҳадиснинг иснодини олиб иккинчи ҳадис матнига, иккинчи ҳадиснинг иснодини эса биринчи ҳадис матнига қўйиб юзта ҳадисни аралаш-қуралаш қилиб ташлашди.

Мисоли: Биринчи ҳадис:
حدثنا أبو معمر حدثنا عبد الوارث حدثنا جعد أبو عثمان حدثنا رجاء العطار عن ابن عباس رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وسلم فيما يروي عن ربه عز وجل قال:" إن الله كتب الحسنات و السيئات ثم بين ذلك فمن هم بحسنة فلم يعملها كتبها الله له عنده حسنة كاملة فان هو هم بها فعملها كتبها الله له عنده عشرة حسنات إلى سبعمائة ضعف إلى أضعاف كثيرة ومن هم بسيئة فلم يعملها كتبها الله له عنده حسنة كاملة فان هو هم فعمله كتبها الله له سيئة واحدة " رواه البخاري 6491
Ҳаддасана Абу Муаамар, ҳаддасана Абдул Ворис, ҳаддасана Жаъд Абу Усмон, ҳаддасана Рожаул Аторидий ан ибн Аббос розияллоҳу анҳума:
"Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббиларидан ривоят қилиб шундай марҳамат қиладилар: "Аллоҳ таоло яхшиликлар ва ёмонликларни битгандан сўнг баён қилиб деди: кимда ким бир яхшиликни ният қилиб, рўёбга оширолмаса унга Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида бир яхшиликнинг тўлиқ ажрини ёзгай. Агар ният қилган яхшилигини рўёбга оширса Аллоҳ таоло унга Ўз ҳузурида 10 дан 700 баробар – жуда кўп зиёдаси билан ажр ёзади. Кимда ким ёмонликни ният қилиб, сўнгра уни юзага чиқармаса Аллоҳ таоло унга Ўз ҳузурида бир яхшиликнинг тўлиқ ажрини бергай. Ният қилган ёмонлигини юзага чиқарса, Аллоҳ таоло унга бирдона ёмонлик гуноҳини битгай".

Иккинчи ҳадис:
حدثنا علي بن عبد الله حدثنا سفيان قال حدثنا عمرو بن دينار أن ن عمرو بن أوس أجبره أن عبد الله بن عمرو بن العاص رضي الله عنهما أخبره أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال له: أحب الصلاة إلى الله صلاة داود عليه السلام أحب الصيام إلى الله صيام داود عليه السلام و كان ينام نصف الليل ويقوم ثلثه وينام سدسه ويصوم يوما ويفطر يوما" رواه البخاري 1131

Али ибн Абдуллоҳ Суфёндан ривоят қилади. Суфён Амр ибн Дийнордан. У эса Амр ибн Авсдан, унга Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос хабар бериб деди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарата дедилар:
"Аллоҳга энг суюкли бўлган намоз Давуд алайҳиссаломнинг намозидир. Аллоҳга энг суюкли бўлган рўза Довуд алайҳиссалом рўзасидир. Кечанинг ярмигача ухлаб, учдан бирида намоз ўқир эдилар, қолган олтидан бирида ухлаб дам олардилар. Рўзани эса бир кун тутиб, бир кун тутмас эдилар".

Босма ҳарфда ёзилган исмлар "иснод" дейилади, яъни ҳадисни ривоят қилган кишилар силсиласи. Исноддан кейин келган қора эгик ҳарфларда ёзилганлар "матн" дейилади. Аввалгилар иснод билан матнни биргаликда "ҳадис" дейишган.
Бухорийни имтиҳон қилгувчилар ана шундай ҳадислардан юз донасини матн ва иснодларини алмаштириб ўнта кишига тақсимладилар. Иснодда камида учта кишини исми келади. Ғолибан тўрт билан беш орасида бўлади. Тақрибан ҳар бир иснодда тўрттадан киши келган десак, юзта ҳадис ичида тўрт юзта киши бўлар экан. Уларнинг юзтаси ёки ундан кўпроғи саҳоба, яна юзтаси ёки ундан кўпроғи тобиин, қолган икки юзтаси эса ҳадис ривоят қилган кишилар. Имтиҳон қилинаётган кишидан шу тўрт юзта кишининг исмини билиши ва исмлар тартибини алмаштириб юбормаслиги, ҳақиқатда улар айтилган ҳадисларни ривоят қилганми, йўқми, буни ҳам аниқ билиш матлуб эди.
Йиғинга жуда кўпчилик келди. Олимлар, толиблар, Ироқ аҳлидан бир талай мухлислар, ишқибозлар, ҳатто бу гапдан ҳабар топган хуросонлик мусофирлар ҳам йиғинга оқиб келишди. Ҳамма ўз ўрнига жойлашгач ғала-ғавур тинди. Мажлисда осойишталик ва сукунат пайдо бўлди. Чурқ этган товуш эшитилмасди. Ҳамманинг нигоҳи ўртага қаратилган. Ўртада эса гўё хонага нур таратиб, теварак-атрофни ёритиб турган чироқдек Бухорий ўтирарди. У шу паллада нималарни ўйлаётганини билиш қийин. Балки энг севимли машғулоти бўлмиш ҳадис шарифларни бирма бир ҳаёлдан ўтказаётгандир, балким кишини тоблайдиган имтиҳон олдидан мушкулларини осон қилгувчи Аллоҳга боғланиб мадад сўраётгандир. Қалбларга хотиржамлик бағишловчи Аллоҳ зикри билан қалбига таскин бераётгандир? Ҳаётининг ҳар бир лаҳзасидан самара олгувчи бу каби донишларнинг ҳозирги паллада ҳам фойдали, муҳим бир нарса билан машғул эканлигида шубҳа йўқ. Бухорийнинг замондоши Маъруф Кархий сартарош курсисида ўтирган пайтида ҳам тинмай зикр қилиб ўтирар экан. Мўйлабни текислашга қийналиб кетган сартарош:
– Бир пасга лабингизни қимирлатмай туринг, – деса,
– Сен ҳам ўз ишингни қилавер, мен ҳам ўз ишимни қилавераман, – деб жавоб берган экан.
Хонада ҳукмронлик сураётган сукунатни имтиҳон қилгувчилардан бирининг овози бузди. У ўзига топширилган ўнта ҳадисни бирма-бир айта бошлади. Бухорий ҳар бир ҳадисни эшитиб бўлгач "бундайин ҳадисни билмайман" деб жавоб берди. Иккинчи киши ўрнидан турди. У ҳам ўзига топширилган исноди ўзгартирилган ўнта ҳадисни айта бошлади. Ҳар бир ҳадисни айтиб бўлгач "қани жавоб беринг" дегандек Бухорийга қараб қўяди. Бухорий унга ҳам аввалгисига берган жавобни беради. Учинчи, тўртинчи, бешинчи кишилар навбатма-навбат туриб ҳадис айтдилар. Бухорий эса "мен бундайин ҳадисни билмайман" дейишдан нарига ўтмасди. Йиғилганлар бир-бирига қараб олишди. Наҳот бир донасини ҳам билмаса-я?
Ҳадис айтиш топширилган ўнта киши биринма-кетин туриб топшириқни қойиллатиб бажардилар. Ўнинчи кишидан кейин ҳеч ким ўрнидан турмади. Бухорий "яна бирон киши борми?" деган ўйда бир оз кутиб ўтирди. Ҳеч ким турмагач "бўлдими гапираверайинми?" деган нигоҳда имтиҳончиларга қараб қўйди. Улардан садо чиқмагач биринчи ҳадис айтган кишига юзланди. "Сиз айтган ҳадис ундоқ эмас. Иснод мана бу кишилардан иборат, матн эса мана бундайдир. Сиз мана бу ерда хато қилдингиз, мана бу ерда янглишдингиз, тўғриси эса бундай бўлади"деди. Биринчи кишидан бўшагач иккинчи кишига ўтди. "Сиз айтган ҳадис сиз келтирганча эмас. Сиз бу ерда янглиш айтингиз, бу ерда ўрнини алмаштирдингиз, тўғриси эса мана бундай бўлади" деди. Иккинчи кишининг хатоларини тўғрилаб бўлгач қолган кишиларга ўтди. Шу зайлда ўнта кишининг 100 та ҳадисини аввал хатосини, кейин тўғрисини бирма-бир айтиб чиқди. Ана шундай кейин йиғилганларнинг барчаси Бухорий илми ва ўткир зеҳнига қайта иқрор бўлишди.

Бу қиссани Бухорий ҳаётини ёзган ҳар бир тарихчилар ва олимлар келтиришган. Жумладан Ибн Ҳажар مقدمة الفتح да Заҳабий سير أعلام النبلاء ва да баён қилишган. Ибн Ҳажар ушбу қисса кетидан ҳайратланиб ёзган эди: "Ажабланадиган жойи Бухорийнинг 100 та ҳадисни ёд билишида эмас. Кишининг ҳайратини ошириб, ажаблантирадиган жойи Бухорий ўнта кишининг хатоларини эсда сақлаб, у хатоларни тўғрилашдан олдин, хатоларни уларнинг оғзидан чиққандек такрорлашидадир".
"Енгилган курашга тўймас" қабилиданми ёки бу имтиҳонлардан умуман бехабарликданми, ҳар нечук тўрт юзта самарқандлик муҳаддислар жамланишиб Бухорийни имтиҳон қилмоқчи бўлишди. Бухорий уларнинг таклифларини қабул этиб, ҳозироқ тайёр эканлигини билдирди. Самарқандлик муҳаддислар шомликлар иснодини ироқликлар иснодига, ироқликлар иснодини эса шомликлар иснодига, маккаликлар иснодини яманликлар иснодига аралаштириб юбордилар. Лекин бу ҳатти-ҳаракатларнинг барчаси бефойда кетди. Бухорийни бир марта бўлса ҳам адаштиришга муваффиқ бўлмадилар.

Бухорий дейди: "100 минг саҳиҳ ҳадис, 200 минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд биламан. Гоҳида Басрада эшитган ҳадисларимни Шомга келиб ёзиб қўяман. Шомда эшитганларимни эса Басрага келиб ёзиб қўяман". "Мингдан ортиқ шайхдан ҳадис ёзганман. Уларнинг ҳар биридан ўн минг ва ундан ортиқ ҳадис ёздим. Ёзган ҳар бир ҳадисимнинг исноди хотирамдан кўтарилмаган"

Дедим: Башармисиз ё малакми ё нима?
Деди: Башарман, асло мени малак дема!
Унда, бу заковат барчаси қайдан? – дедим.
Деди: Роббим фазли, фазлидан умид узма.

Гўзал хулқ, зуҳду тақво ва меҳнат

Инсонга берилган илмни амал тасдиқласа, ўткир зеҳнни ўткир ақл бошқарса ва шуларнинг барчасини гўзал ахлоқ-одоб, зуҳду тақво ва тавозулик безаб турса инсон яна ҳам такомиллашади. Илмига илм, қувватига қувват, ҳуснига ҳусн ва ҳатто умрига умр қўшилаверади. Имом Бухорий ана шундай васфга молик, баракотли умр кечирган инсон эди.
Навбатдаги сайримизни илмнинг самараси бўлмиш амал бўстонида давом эттирамиз. Бу сайрда бир текис йўлдан юришга ваъда беролмайман. Боғ сайрининг одати шундай. Кимдир лолазор томон чопса, кимдир атиргул, райҳонлар томон чопади. Кимнидир кўнгли олма ила анор тусаса, кимникидир нок ила анжир тусайди. Мени ҳам қайси манзара ўзига мафтун этиб, жалб қилса ўша томонга юришим тайин.
Тарихий китобларни қўлга олиб ўқисангиз, унда турли хил тарзда ҳаёт кечирган инсонларга дуч келасиз. Кимнингдир илм билан амални жамлаган ҳаёти бошидан охиригача гулзору чаманзордек яшнаб туради. Мевалари тугамас бўстон бўлади. Қачон ва қайси маҳалда кирсангиз этагингизни мева-чеваларга тўлдириб чиқаверасиз. Кимнингдир амалдан холи, қуруқ илмга асосланган ҳаёти қуп-қуруқ саҳро-ю, тиканзор бўлади. Кимникидир қўрқинчли, қуёш нури тушмайдиган қоронғу ўрмонзор бўлади. Биров унга киргани қўрқади. Қизиғи шундаки, у турли хил ҳаётлар, қандай кечишдан қатъий назар бир хил бошланиб бир хил тугайди. Чақалоқ бўлиб туғилади, вақти соати етгач вафот этади. Ўзларига тақсимлаб берилган умрни ўтказиб, оламдан аллақачон ўтиб кетган ўтмиш одамларининг ҳаётини кўриб, Парвардигордан яхши ҳаёт сўрайсиз. Гўзал, осуда, баракотли, унумли ҳаёт беришни тилайсиз:

Илоҳо, йўлмизни ёритгин, ҳаётимизни гулзору чаманзордек яшнатгин. Охиратимизни обод этиб, Фирдавс жаннатида солиҳ бандаларинг билан бирга жамлагин. Илмимизни зиёда қил, илм билан бирга тақво ва тавозумизни зиёда қил. Бесамара ўтган бу ҳаётимизнинг қолганини ғанимат билиб, ҳузуринга мақбул амал, ёруғ юз билан боришимизни насиб эт. Фарзандларимизни ҳаётимизга боқиб қувонадиган қил, ота-онаси ҳаётига боқиб кўзини олиб қочадиганлардан қилмагин... Аллоҳумма амийн.

Имом Бухорийнинг сермазмун, баракотли ҳаёти мевалари тугамас боғ кабидир. Қачон ва қайси маҳал, қишинми-ёзинми сайр қилмоқ истасангиз бағри дилингиз очилиб, янги-янги тотли меваларни узаверасиз.
Кеча Макка ва Мадинага келишни орзу қилиб юрган, отадан эрта айрилиб, она қучоғида тарбия топган бухоролик ўспирин йигит илму амали, ихлос ва садоқати билан бугун Макка ва Мадина минбарларида хутба ўқимоқда. Нафақат Макка ва Мадина, балки ер юзининг қайси бурчагида исломий минбар ўрнатилган бўлса, ана шу ерда унинг номи янграйди. 1200 йил ўтибдики у Ислом умматига раҳнамолик қилади. Хонадонларга қувонч олиб киради.
Кеча маккалик устози Ҳумайди ва ўзга бир киши ўртасида ўтган ҳадис борасидаги келишмовчиликни одилона ҳал қилган 18 ёшли йигит, мана бугун орадан 1200 йил ўтгандан кейин ҳам одамлар ўртасидаги келишвочиликларни одилона ҳал қилиб келмоқда. "Ҳадисни имом Бухорий ривоят қилган эканлар" дейилса бас, шунинг ўзи кифоя. "Бухорий Саҳиҳида ривоят қилган" деган гап билан қалб таскин топади. Шунга кўри 1200 йилдан бери одамлар ичида яшаб, одамлар ишончини оқлаб келаётган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳимнинг ёшини ҳеч иккиланмай 1200 ёшга тўлди, десак янглиш бўлмас. Чунки 12 асрдан буён мусулмонлар хизматида юриб, саноқсиз талабаларга устозлик қилаётган бу инсонни қандай қилиб ўлган деймиз. Ҳа,тўғри, унинг танасини тупроққа қўйишган, нурафшон юзига тупроқ тортилган. Лекин унинг ўлмас асарларини кўмишган эмас. Бажарган амаллари устидан тупроқ тортилган эмас. Ана шу маъно билан у баракотли умр кечиряпти демоқдамиз. Унинг китобига ўт қалаганларнинг ўзларининг куллари кўкка совирилганига тарих ва бугунимиз гувоҳ бўлди.
Демак, имом Бухорий қабрига бориб топингандан кўра, унинг ўлмас асрларини излаб, топиб ўқиган фойдадир. Қабр тупроғидан барака истагандан кўра, унинг китобларидан барака истаган тўғрироғдир. "Бухорийга ҳам юртман", деб фахрлан- гандан кўра, "Бухорийга ҳамфикрман, унга диндошман", деб фахрланга тўғрироғдир.

Қутайба Бухорийни Умар ибн Хаттобга ўхшатганда хато қилмаган эди. "Муҳаммад ибн Исмоил соҳабалар орасида тақвоси ва садоқати билан Умар ибн Хаттобга ўхшайди", бошқа бир ўринда "агар Бухорий саҳобалар даврасида бўлганда, чинакам муъжиза бўлур эди" дейди.
Қутайба сўзига эътибор берсангиз "тақвоси ва садоқати" билан демоқда. Ҳифзи, кўп маълумоти билан эмас, балки амали билан демоқчи.

Абу Ёқуб деган киши Қутайба ибн Саъиддан имом Бухорий ҳақида сўраганда, у : "ҳадис илмидан бохабарман, аҳли раъй фикрлари билан ҳам танишман, кўпгина фақиҳ олимлар, зоҳид тақводорлар ва ҳаётини ибодатга бағишлаган обидларни кўрдим, улар билан ҳамсуҳбат бўлдим, лекин ақлимни таниганимдан бери Муҳаммад ибн Исмоилдек инсонни кўрмадим".

Бухорий деган эди: "Ғийбат ҳаромлигини билганимдан бери бирон бир кишини ғийбат қилган эмасман". "Умид қиламанки қиёматда Аллоҳ таоло мени ғийбат борасида ҳисоб қилмас". "Охиратда бирон бир киши менга хусумат қилмас"
Заҳабий ушбулардан кейин дейди: "Қасам Аллоҳгаким, айни шу нарса – ўзгаларни ғийбат қилмай яшаш чинакам тақво белгисидир".

Бухорийнинг котиби ҳикоя қилади: "Бухорий моҳир мерган эди. Жуда кўп бор отга миниб камондан ўқ отгани чиқарди. Унга узоқ муддат ҳамроҳ бўлдим. Шу муддат ичи икки мартагина хато отганини кузатдим холос, қолган пайт ўқни нишонга бехато урарди. Мерганликда Бухорийни бирон киши енганини кўрмадим.
Бир куни Фирабрдалигимизда отларга миниб камондан ўқ отгани чиқиб кетдик. Ёйлардан ота бошладик Абу Абдуллоҳнинг отган ўқи дарё устидаги кўприк қозиғининг ўртасига тегиб, уни иккига бўлиб қўйди. Абу Абдуллоҳ дарҳол у ерга етиб бориб отдан тушди. Ўқни ёғочдан суғуриб олди. Бизга "орқага қайтинглар, етар" деди. У менга қарата:
– Абу Жаъфар, сенда юмишим бор, – деди. У оғир нафас оларди.
– Буюринг, – дедим.
– Кўприк эгасига боргин ва унга "бизни кечиринг, биз ёғочни ёриб қўйдик, ўрнига янгисини ўрнатишга ижозат берсангиз ёки қиёматини олсангиз"деб сўра.
Кўприк Ҳумайд ибн Аҳзарга қарашли экан. Мен унга Бухорий сўзларини етказдим. Сўзимни тинглаб бўлгач: "Абу Абдуллоҳга мендан салом айтинг. Биз у кишини афв этдик. Бир ёғоч эмас, балки топган-тутганим, бор мол-мулкимни у кишига фидо қилишга тайёрман" деди. Бухорийга унинг сўзларини етказганимда юзлари ёришиб, хурсанд бўлиб кетди. Ўша куни толиб илмларга 500 та ҳадис имло қилди ва 300 дирҳам садақа қилди".
Қайси бирига хайратланишни ҳам билмайсан киши: унинг мерганлигигами ёки бировнинг ҳаққидан қўрқишигами. "Бир ёғоч эканда, шунга ҳам ота гўри қози хонами?" демай эгасини рози қилишга киришганигами?
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад дейди: "Мен Муҳаммад ибн Исмоил уйларида эдим. Ташқаридан жориялари келиб қолди. Уй ичидан ўтатуриб оёқ остидаги сиёҳини тўкиб юборди.
– Бу қандай юриш?! – дедилар Бухорий.
– Йўл тор бўлса қандай юрай? – деди жория.
– Бораверинг, сиз озодсиз.
– .............
Мен гапга аралашиб:
– Жория ғазабингизни чиқардими? – дедим.
– Ғазабимни босадиган ишни қилдимку, – дедилар".

Муҳаммад ибн Салом дейди: "Муҳаммад ибн Исмоил бокира қизлардан кўра хаёли эди".
Бухорий Абу Мишъар номли кўр кишига деди:
– Абу Мишъар, меннинг гуноҳимдан ўтсангиз.
– Қайси гуноҳингиздан?
– Бир кун ҳадис ривоят қилаётиб сизга қарадим. Сиз ҳадисдан таъсирланиб бошингизни чайқаб, қўлларингизни қимирлатиб қолдингиз. Мен бу ҳолни кўриб бироз кулдим. Мана шу гуноҳимдан ўтсангиз.
– Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ сизни раҳматига олсин, албатта мен сизни кечирдим.

Муҳаммад ибн Исмоилнинг дўстларидан бири уни ўз боғига таклиф қилди. Пешин бўлгач Бухорий улар билан пешин намозини ўқиди. Фарз намозидан кейин узоқ туруб нафл ўқиди. Намозини тугатиб бўлгач боғдаги кишилардан бирини чақириб кўйлагини кўтарди.
– Белимга қарангчи, намозда мени бир нарса тоза безовта қилди.
Қарасак занбур Бухорийнинг 17 жойидан чақиб олибди.
– Тақсир, занбур чақибди. Биринчи чаққандаёқ бизни чақирмабсизда?
– Намозда каттароқ сурани бошлаб қўйган эдим, бузгим келмади.
Муҳаммад ибн Аббос Фирёбий ҳикоя қилади: "Бухорийнинг дўстларидан бири уни меҳмонга чақирди. Бизни ҳам Бухорий билан бирга таклиф қилди. Меҳмонлар учун боғга жой ҳозирлабди. Боғни жуда ҳам безаб юборибди. Ариқлар қазиб, сувлар оқизибди, гиламлар тўшабди...
– Қалай?.. – деди мақтанганнамо.
– Ҳаёти дунёда, – деб жавоб бердилар, бундан ортиқ ҳеч гап айтмадилар.
(Мақтаб кўкка ҳам кўтармадилар, ёмонлаб ерга ҳам урмадилар). Бухорийнинг одати дунё ҳақида гапирмоқчи бўлса, аввало Аллоҳга ҳамд сано айтиб, сўнг сўзларини бошлардилар".

Унинг дўстларидан бири:
– Сиз фалончи ҳақида ёмон сўз айтиб қўйдингиз , – деди.
– Субҳаноллоҳ! Бирон кишини ёмонлик билан гапирганимни эслолмайман. Фаромуш бўлиб айтган бўлсам, билмадим... Лекин қиёмат кунида менинг номаи аъмолимдан бирон бир кишининг исми чиқмас".

Муҳаммад ибн Мансур дейди: "Дадамиз бизга Бухорий ҳақларида бир ҳикоя айтиб бердилар. Дадамиз Бухорийнинг масжиддаги илмий халқаларда ўтирган эканлар. Мажлисдагилардан бири соқолини силкиб, унга илашиб қолган бир нарсани масжидга ташлади. Бухорий буни пайқаб қолди. Дарс тугаб, одамлар тарқала бошлаганда Бухорий аста ҳалиги киши ташлаган нарсани олиб енги ичига беркитди. Гўё у бояги киши ўз соқолига муносиб кўрмаган кирни Аллоҳнинг байтига муносиб кўрмаган эди".

Бухорий шогирдларининг хабар беришича, у хом пиёз ва шунга ўхшаш ҳидли нарсаларни емас экан.
– Нега емайсиз? – деб сўрашганда.
– Ёнимдаги кишиларга бадбўй ҳид билан озор бергим келмайди,– деган эди.

Шогирдлардан Муҳаммад ибн Аббос Бухорий билан Фирабр масжидларидан бирида ўтирган эди. Муҳаммад ибн Аббос соқолига илашиб қолган нарсани ерга улоқтирмоқчи бўлди. Шунда Бухорий "туринг, ташқарига ташлаб келинг"дедилар. Кўз илғамас кичкина нарсани ҳам масжидга ташлашни раво кўрмасдилар.

Бир куни Бухорий шу йигитга жуда кўп ҳадис имло қилди. Унинг кўнглини кўтариб: "Сиз, сиқилманг, ҳурсанд бўлаверинг. Чунки маишатпарастлар маишат- хонада, ҳунармандлар ишхонада, савдогарлар бозорларда сиз эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар билан биргасиз" дедилар.

Сулайм ибн Мужоҳид дейди: "Ҳозирги кунда Абу Абдуллоҳдан бўлак ҳеч ким савобликка ҳадис ўргатмайди. Мен у кишидан ҳар куни уч донадан ҳадис шариф айтиб, ҳар бир ҳадиснинг маъносини шарҳлашларини ва иллатларини тушунтиришларини сўрадим. У киши шу ерда туруш муддатларича дарс беришларини айтиб талабимга кўндилар. Шу зайл бир хафта мен у кишидан дарс олдим"
Сулайм "ҳозирги кунда фақат савобликка ҳадис ўргатадиган киши қолмади" деганда Бухорийдек бағри кенг, унинг шарт ва талабларини сўзсиз қабул қиладиган устозни назарда тутган бўлса ажаб эмас. Йўқса, бу асрда ҳадис айтгувчилар сон-саноқсиз эди. Имом Бухорий ҳам ҳар қандай одамнинг шарт ва талабларини қабул қилавермаганлар. Охирроқ саҳифаларда имомнинг Бухоро амири талабини рад этган воқеъалари келади.

Ҳусайн ибн Муҳаммад Самарқандий дейди: "Муҳаммад ибн Исмоилда кўп олий хислатлари билан бирга яна уч дона ажойиб хислатлари бор эди.
1- Жуда камгап эдилар.
2- Одамлар кўлидаги нирсадан ҳеч таъма қилмаганлар.
3- Одамларнинг ишига аралашавермасдилар. Барча машғулотлари илм билан эди".

Умар ибн Ҳафс Ашқар ҳикоя: "Бухорий билан бирга Басрада таълим олаётган эдик. Бир неча кунлар давомида дарсга келмай қолди. Уни истаб бир бир уйга бордик. Кирсак Бухорийнинг пули тугаб ҳеч вақоси қолмаган экан. Дарҳол унга дирҳам жамлаб бердик ва янги кийим ҳарид қилдик".

Бухорийнинг ўзи ҳикоя қилади: "Одам ибн Аби Иёсдан таълим оламан деб сафарга чиқдим. Пулим кечикиб қолди. Бир неча кун овқат емадим. Охири ҳеч иложи қолмай ердаги ўт-ўланлардан ея бошладим. Ҳеч кимга бу ҳақида хабар бермадим. Учинчи куни бир киши келди, мен уни умримда кўрган эмасман. Менга халта узатди. Ичи тўла дийнор экан (тилла танга) "Ўзингга ишлатарсан" деди".

"Ойлик даромадим 500 дирҳам (кумуш танга) эди. Топганимнинг барчасини илм йўлида инфоқ қилдим", деган эди Бухорий. Унинг ери бўларди. У ерни ҳар йили 700 дирҳамга ижарага берарди.
Шунингдек тижорат билан ҳам шуғулланарди. Бир кун анчагина мол келди. Бухорийда яхши мол борлигини эшитган савдогарлар кечаси унинг уйига келишди. Бухорий уларга молни беш минг дирҳам фойдасига сотишни ният қилиб, "эртага келинглар, эртага гаплашамиз" деди. Улар чиқиб кетгач бошқа савдогарлар келиб шу молни ун минг дирҳам фойдасига нақд сотиб олишларини айтишди. Бухорий уларга узр айтиб, молни бошқаларга сотиб бўлганини айтди. Бу воқеъани кузатиб турган шогирдлар:
– Шуларга берсангиз бўларди, ахир улар яхши баҳо белгиладилар, – дейишди.
– Ниятимни бузгим келмади, – деди Бухорий.

Бухорийдан кўпчилик қарз оларди, кўпчилик мол оларди. Қарз сўраганларнинг баъзилари қарзни узмай қочиб юрар, Бухорий улардан қаттиқ туриб талаб қилмасди. Бухорийдан жуда катта қарз олганларнинг бири Хоразмга қочиб кетади. Хоразм амирига мактуб йўллаб уни туттириб келамиз, дейишганда Бухорий кўнмайди.

Кунлардан бирида Бухорий Муҳаммад ибн Ҳотимга: "менга бир йилда тўрт минг, беш минг дирҳамча керак бўлади" деди. Кам овқат, кам ҳаражат бўлган бу инсон ҳаддан ортиқ садақа қилгани учун шунча маблағ керак эди. Бухорийда кишининг ҳолатини пайқаб оладиган хислати бор эди. Одамнинг ҳожатини юзидан ўқиб ёрдамга шошарди. Ўта зийрак, сезгир эди. Ҳадис билан шуғулланувчи камбағал толибларга ҳеч кимга сездирмай йигирма, ўттиз дирҳам ёрдам қилиб турарди. Маблағ солинган ҳамён унинг ёнидан ажрамасди.

Бухорий Фирабрнинг Бухорога яқинроқ жойига работ қуришга киришди. Бундан хабар топган одамлар ҳашарга кела бошлади. Ҳашарга жуда кўпчиллик йиғилди. Олимнинг ўзи ҳашарчилар билан бирга теппа тенг ишларди. Ҳали ғишт кўтариб элтар, ҳали занбилда юк ташир эди.
– Ўзларини уннатмасинлар, одамлар кўп-ку, – дейшди унга.
– Ҳечқиси йўқ, шу ишимиз бизга фойдалидир, – деди.
Бухорий ҳашарчиларга мол сўйиб таом ҳозирлатди. Таом пишгач одамларни дастурхонга чақирилди. Дастурхонга юздан ортиқ одам келди. Шаҳарга тушиб дарҳол кўпроқ нон олиб келинди. Таом ҳаммага етиб, ортиб қолди.

Бухорийнинг оддий кишилар қатори енг шимариб ишлаши бежиз эмас. Чунки дин таълимоти шунга ундайди. Келинглар, бир озга бўлсада ташқарига чиқиб, Бухорий таълим олган манбаларга мурожаат қилайлик.
Сарваримиз Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибратга кон ҳаётларини ёзган китоблар у зотнинг Мадинага ҳижрат қилиб келганларида дастлабки бажарган ишлари масжид қуриш бўлган дейди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга ишга киришдилар. Масжид биносида ўзлари фаол қатнашдилар. Бу қурулишда Аммор ибн Ёсир ҳаммадан кўра кўпроқ жонбозлик кўрсатди. Ҳамма бир донадан ғишт кўтарса, у икки донадан кўтарарди. Бири ўзи учун, яна бири Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун. У бу иши билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга "сиз ишламанг, мен сиз учун ҳам ишлай оламан" дер эди. Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аммор елкасини муборак қўллари билан силаб: "Сумая ўғли, одамларга бир ажр бўлса, сенга икки ажрдир. Бу дунёдаги охирги ризқинг бир хўплам сутдир. Сени тажовузкор гуруҳ улдиргай" дедилар.
Ҳаммани бир хил хавфга солган "Хандақ" ва "Аҳзоб" номи билан тарихга кирган таҳликали уруш бошланди. Ҳам ичкаридан, ҳам ташқаридан ҳужум кутулгани учун Мадина мудофасини кучайтириш зарурати пайдо бўлди. Жуда тез вақт ичида катта хандақ қазиш керак эди. Ҳамма куч ҳандақ қазишга қаратилди. Ана шу кунларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам енг шимариб саҳобалар билан теппа-тенг ҳандақ қазидилар.
Нуҳ алайҳиссалом 950 йил кеча-ю кундуз, ошкор ва махфий тарзда одамларни ягона Аллоҳ ибодатига чақирдилар. Нуҳ даъватига жуда озчилик ижобат қилди. Оқибатда ҳаммамизга маълум туфон балоси келди. Ер юзи сув остида қолди. Шунда Аллоҳ таоло иймон келтирган озгинагина мўъминларни омон қолдиришни ихтиёр қилиб Нуҳга:
( اصنع الفلك ) "Кема ясанг" деб амр этди.
Диққат қилинг, бировларга ясатинг, ёшларни ишга солинг, тайёрини сотиб олинг, нима қилиб бўлса ҳам кема топинг, демади. Балки Нуҳнинг ўзига амр қилиб: "Ўзингиз ясанг" деди.
Кема Нуҳ билан бирга иймон келтирган озгинагина кишиларни ва ер юзидаги ҳар бир ҳайвонлардан бир жуфтини сиғдириш керак эди. Ҳар бир ҳайвондан бир жуфт – бир урғочи, бир нар. Агар буни тасаввур қилсак жуда катта рақамлар чиқади.
Хуллас улкан кема ясаш учун катта маҳорат керак бўларди. Пайғамбар Нуҳ алайҳиссаломда ана шу маҳорат бор эди. Нуҳ пайғамбарлик лавозимига муносиб иш бўлмади-да, анави кофирларга масхара бўладиган бўлдикда, демай Парвардигор амрига киришдилар. Ҳолбуки беадаб қавмнинг Нуҳ устидан кулиши турган гап эди.
( ويصنع الفلك وكلما مر عليه ملأ من قومه سخروا منه)
Қўлларида ҳунарлари бўлгани учун қандай ясайман экан, деб бош қотирмадилар. Ҳунарни ишга солиб нажот кемасини ясадилар.
Буюк Аллоҳ бандасига кемасиз ҳам нажот беришга қодир. Лекин Ўз илоҳий нажотини бандасининг саноатига боғлади. "Кема ясанг" деб кема саноатига буюрди. Агар Нуҳ алайҳиссалом кемасозликдан бехабар бўлганда қандай қилиб Аллоҳнинг амрини бажарган бўларди? Иймон келтирганларни масхара қилиб кулаётган динсиз кемасозларга ялинармиди? Улар "тошингни тер, қўлингдан келса ўзинг ясаб ол" деб калака қилмасмиди? (Бизнинг нажотимизни ҳам саноатимизга боғласа, ҳолимиз нима кечади?)

Довуд алайҳиссалом пайғамбар, подшоҳ ва беназир гўзал овози билан Забур тиловат қилувчи қори бўлишлари билан бирга темир саноатида ҳам маҳоратлари бор эди.
"Довудга сизларга зиён етишидан сақлайдиган темир совут ясашни ўргатдик".
Бу оятни тушиниш учун ҳозирги кунимизни бир тасаввур қилиб ўзингизга савол бериб кўринг. Унвирстетни қизил дипломга битириб мансабга минган шахс, шуларга қўшимча ўлароқ беназир гўзал овозили шахс темирсозликни ёки бирон бир бошқа ҳунар ўзига эп кўридими? "Қора" ишга бўйни ёр берадими?
Исо алайҳиссалом табобат илмида моҳир эдилар. Аллоҳ таоло умум пайғамбарлар ҳақида хабар бериб деди:
الفرقان: 20 (وما أرسلنا قبلك من المرسلين إلا إنهم ليكلون الطعام ويمشون في الأسواق )
Ибн Касир оят тафсирида "тижорат иблан шуғулланар эдилар" дейди.
Шавконий فتح القدير номли тафсирларида {وعلم آدم الأسماء كلها } "Одамга барча исмларни ўргатди" оятининг тафсирида қўйидаги ҳадисни келтирадилар:
"Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга мана бу исмлар билан бирга мингта ҳунарни ҳам ўргатди ва унга деди: Фарзандларингга ва зурриётларингга айт, улар дунё исташса мана бу ҳунарларнинг бири билан исташсин, дин орқали дунё топаман, дейишмасин. Дин холис менинг ўзим учундир, дин орқали дунё топаман деганларнинг ҳолига вой, ҳолига вой!! (فتح القدير1 :160 )

Демак биз мусулмонлар умуман, аҳли илмлар хусусан ишлаб чиқаришга ҳам бироз аҳамият қаратмоғимиз керак. Саноат, тижорат, табобат борасида беэътибор бўлмаслик керак. Саноатнинг барча турларини йўлга қўйишга саъй қилмоқ даркор. Оғир саноат, енгил саноат, ер ости бойликларини қазиб чиқариш саноати ва ҳоказо.
Айрим диёрларда касб-ҳунар, саноат ва ҳатто тижоратга ҳам бўйин товламай, фақатгина идора ва канторанинг оромкурсисида ўтириб ишлаш, қўл қўйиш иши ғояга айланганлиги натижасида ишсизлик муаммоси пайдо бўлган. Ҳолбуки, у диёрларнинг ўзи ишчи кучига муҳтож. Ишчи, қурувчи, ҳунармандларни ва ҳатто табибларни ҳам ташқаридан жалб қилинади. Ёшларнинг эса касб-ҳунар эгаллашга тоби йўқ. ишга бўйни ёр бермайди. Ёқасини кир, кўйлагини ғижм қилгиси келмайди. Ахир ҳар қанча ривожланган давлатлар ҳам аҳолисининг ҳаммасини идора иши билан таминлай олмайдику?
Қаранг, ибрат олинг! Нуҳ алайҳиссалом тўққиз юз эллик йил пайғамбарлик лавозимида бўлишига қарамай, дурадгорлик касбини эгаллаган. Довуд алайҳиссалом пайғамбар, подшоҳ ва хали ҳанузгача ўхшаши келмаган жуда катта туғма қобилят – хушовоз инсон бўлишига қарамай темирсозлик билан шуғилланган. Ҳозирги кунларда беназир, чиройли овози бор кишининг қора кийим кийиб иссиқ аланга олдида "тарақа-туруқ" қилиб ишлаётганини тасаввур қилиш қийин. Мабодо шундайлар топилиб қолса, дарҳол холис насиҳатгўйлар топилиб:" ийи, бу нимаси? Бу ишингизни ташланг,қўлга тор олинг, ашула айтинг",деб қимматли маслаҳат берадилар.
Қушнинг баланд парвози учун икки соғлом қаноти шарт бўлганидек, инсониятнинг юксак чўққиларга кўтарилиши учун ҳам икки соғлом қаноти бўлиши шарт. У иккиси – дин ва дунёдир.
Аллоҳ таоло Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб пайғамбарлар алайҳимуссалом ҳақларида хабар бериб деди:
الأنبياء: 73 ( وجعلناهم أئمة يهدون بأمرنا و أوحينا إليهم فعل الخيرات و إقام الصلاة وإيتاء الزكاة )
Исмоил алайҳиссалом ҳақида дейди: مريم :55 (وكان يأمر أهله بالصلاة والزكاة )
Мусо алайҳиссаломнинг сўровларига жавобан деди:
غافر :7 ( ورحمتي وسعت كل شيء فسأكتبها للذين يتقون ويؤتون الزكاة والذين هم بآياتنا يؤمنون )
Исо алайҳиссалом тилларидан деди: مريم : 31 (وأوصاني بالصلاة والزكاة ما دمت حيا )
Бу каби намоз билан закотни жамлаб келган оятлар Қуъони Каримда талайгина. Намоз – Яратгувчига қуллик. Холиққа қулликдан бош тортганларнинг, махлуққа қул бўлиши тайин. Ё ўзига ўхшаш одамзодга, ёки ўзидан қўйи ҳайвонотга, ёки бўлмаса жонсиз жамодотга қуллик қилади. Молиявий ибодат ҳисобланмиш закот эса – ҳалол касб-ҳунар, ишлаб чиқариш, саноат ва тижоратнинг самарасидир. Закотга буюрган оятлар мафҳумидан иқтисодни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга тарғиб борлигини англаш қийин эмас. Парвардигорнинг намоз амрига "лаббай" деган ҳозиржавоб, олийҳиммат, ғайратли бандаси, закот амрига ҳам "лаббай" деб саъй қилиши аниқ.
Ягона Аллоҳга иймон, ибодат, илму маърифат билан бирга саноат, меҳнат, тижорат ва табобатни жамламоқ даркор. Буларни айри ҳолда қўйиш хатарлидир. Инсоният ҳаёти учун хатарлидир. Иккисини жамлагандагина, чинакам инсоний тараққиётга эришилади. Иймон, эътиқод, якка Худога ибодатни эътибордан қолдирилиб, фақат техниканинг ўзига ишлов бериш, инсон тараққиёти эмас, темир тараққиёти дейилади. Фақатгина индустрлаштириш – саноат, меҳнат, тижорат, модда, деб илм-маърифатни ва чин маъбудга ибодатни тарк қилинса робитлар мамлакати бунёдга келади. Одамлар ишдан бошқа нарсани билмайди, ишдан бошқасига ақли етмайди. Ишлайверади, ишлайверади... Ҳар бир бошлиқ сиғиниладиган маъбудга, ҳар бир идора одамлар юзланадиган қиблага айланади.
Пайғамбарлар ва уларга эргашган солиҳ мўминлар ҳаётини (юзаки эмас) чуқур ўрганилса, улар илм ва ибодатда биринчи бўлишганидек, дунёвий ишларда ҳам биринчиликни ўзгаларнинг қўлига бериб қўйишмаганни гувоҳи бўлинади.

Аввалгиларнинг мувофаққияти дин ва дунёни жамлай билишида ва дунёни дин йўлида хизмат қилдиришида эди. Дунё мол-мулки илкларида бўла туриб камтарона ҳаётни ихтиёр қилишди, дунёга алданмай жаннат завқ шавқида яшашди. Атрофдагилар улардан ибрат олабошлашди. Ғайри динлар саодатли, тинч-тотув, осуда ва фаровон ҳаёт андозасини, ривожланиш сир-асрорларини мусулмонлардан олиб кетишди.
Оврупалик инсофли зиёлилар Оврупанинг ўрта аср зулматидан қутилишида ва бугунги тараққиётга етишишида Ислом ва мусулмонлар тутган ўрни катталигини эътироф этишади. Улардан маданиятлилари миннатдорчилик билдиришни ҳам унутмайдилар.
Улуғ олимимиз имом Бухорийнинг енг шимариб ишлаганларидан ва илм билан биргаликда меҳнатни ҳам йўлга қўя билганларидан руҳланиб бу мавзуларга кириб чиқдик.
Илмнинг самараси бўлмиш амал бўстонидаги сайримизни давом эттирамиз.
Бухорийга кўп йиллар ҳамроҳ бўлган шогирди Муҳаммад ибн Абу Ҳотим дейди:"Бухорий баъзи кунларда бир бурда нон емай, икки-учта мағиз билан кунни ўткарарди".
Имом Бухорий Рамазон кириши билан Қуръон тилватига қаттиқ киришарди. Рамазонда ҳар куни кундизи Қуръонни бир бор хатм қилиб ўқиб чиқарди. Кечалари эса таровеҳ намозидан кейин ёлғиз ўзи нафл намоз бошлаб, ҳар уч кечада Каломуллоҳни хатм қилар эди.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим дейди:"Абу Абдуллоҳ саҳарлик вақтида ўн уч ракаат намоз ўқир эди".
"Саҳиҳ"ни ёзаётганларида ҳар бир ҳадисни қоғозга кўчиришдан олдин, икки ракаат намоз ўқир эди. Бир кечада ўн саккиз, йигирма маротаба уйғониб нималарнидир ёзиб қўярди.
Азиз ўқувчиларга таниш, қиссамизнинг аввалидан бизлар билан ҳамроҳ бўлиб келаётган, Бухорийнинг шогирди Муҳаммад ибн Абу Ҳотим ўзи билан устози орасида бўлиб ўтган қизиқ воқеани ҳикоя қилади. Устоз билан шогирд ўртасида бўлиб ўтган ибратомиз бу воқеа орқали бизлар ўтмишга оид ва Бухорийнинг кўпчиликка номаълум бўлган шахсий ҳаёти – оиласига оид янги маълумотларга дуч келамиз.
Имом Заҳабий سير ألام النبلاء китобининг 12-жилд 450- саҳифасида келтиради:
"Мен (яъни Муҳаммад ибн Абу Ҳотим) тўққиз юз йигирма дирҳамга ҳовли сотиб олдим. Бундан Бухорий хабар топдилар. Бир куни у киши менга:
– Сизда юмишим бор, бажарасизми? – деб қолдилар.
– Бажонидил, – дедим қувонч билан.
– Нуҳ ибн Шаддод Сайрофий ёнига боринг. Ундан минг дирҳам олинг.(У билан олди-берди муомиламиз бор). Ўша пулни менга олиб келсангиз.
Мен топшириқни бажардим. Омонатни Бухорийга ўзатдим. У пулни олмади.
– Бу сизга, олинг, янги уйнинг камига ишлатасиз, – деди.
– Ташаккур, миннатдорман...– дедим, "йўқ, олмайман", деб у кишини ранжитгим келмади.
Биз ўша пайтларда الجامع ни таснифи билан банд эдик. Орадан чамаси бир соатлар вақт ўтгач Бухорийга дедим:
– Менинг ҳам сизга бир ҳожатим бор эди, шуни айтишга хижолат бўлиб турибман.
Бухорий менинг бу сўзимдан, берганим етмай қолди шекили, яна озроқ керак бўлса тортиняптимикин , деб ўйладилар.
– Асло хижолат бўлманг. Қандайин иҳтиёжингиз бўлса, беҳижолат, тортинмай менга очиқ айтаверинг. Сизга ёрдам бермай гуноҳкор бўлиб, Аллоҳ азобига дучор бўлишдан қўрқаман.
– Қандай азоб, нега?.. – тушинқирамай савол бердим.
– Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом саҳобаларни бир-бири билан биродарлаштир- дилар. Жумладан мадиналик Саъд Ансорий билан маккалик Абдурраҳмон ибн Авф رضي
الله عنهما оға-ини тутиндилар. Саъд бой эди. Икки катта ҳовлиси ва иккита хотини бор эди. Абдурраҳмон эса муҳожир, бор бутуни Маккага ташлаб Мадинага қочиб келган фуқаролардан. Саъд биродарлик таомилига мувофиқ Абдурраҳмонга яхшилик қилмоқчи бўлди.
– Дўстим, менинг икки ҳовлим, икки аёлим бор. Бир ҳовлимни сизга тухфа қилдим. Аёлимдан ихтиёр қилганингизни сиз учун талоқ қўймоқчиман, буюринг дўстим, – деди
–Аллоҳ таоло мол-мулкингизга, аҳли аёлингизга баракотлар берсин. Миннатдорман, ташаккур. Менга Мадина бозорини кўрсатиб қўйсангиз кифоя, ана шунинг ўзи катта яхшилик.
Саҳобалар биродарлик – оға-иниликни шундай тушинишган. Мен сизга биродар бўлиб қандай яхшилик қилдим? Менинг бир хотиним ва жорияларим бор, сиз эса уйланганингиз йўқ – ёлғизсиз. Биз ҳам биродарлик таомилига кўра тенглашишимиз керакда.
– Агар сиз шуни гуноҳ, деб билсангиз, мен гуноҳингиздан ўтдим. Сиз менга қанчалар кўп яхшилик қилдингиз. Мени фарзанд ўрнида кўрдингиз, ҳаммадан кўп мурувват кўрсатдингиз.
– Боя бир ҳожат ҳақида гапирган эдингиз, қандай ҳожатингиз бор, тортинмай айтаверинг.
– Бажарасизми?
– Албатта бажараманда, балки бу билан хурсанд бўламан.
– Мана бу минг дирҳам, қўлимни қайтармасангиз.
Бухорий ваъда бергани учун маблағни олишга мажбур бўлди. Орадан икки кун ўтди. Яна الجامع таълифига киришдик. Шу куни пешингача жуда кўп нарса ёзиб қўйдик. Пешин намозини ўқиб бўлиб, ҳеч нима тановул қилмай, яна ёзишга ўтирдик. Бухорий мендаги секинликни пайқаб, зерикди, деб ўйладилр. Мен зерикканим йўқ эди. Қабзиятдан ичим оғриётганди. Абу Абдуллоҳ хонамга кирдилар.
– Ҳовли пулини олишни истамасангиз, ҳеч бўлмаса мана буни олинг, – деб уч юз дирҳам узатдилар. Мен пулни олмадим. Яна таълифга ўтирдик. Аввалгидек пешингача бош кўтармай ёздик. Бухорий менга аста йигирма дирҳам узатиб:"бозорга тушиб, кўнглингиз тусаган нарсалардан харид қилиб келинг", дедилар. Мен бозордан Бухорий суядиган нарсалардан харид қилиб келдим. Бухорий олиб келган бозорлигимни кўриб:
– Аллоҳ юзингизни ёриқ қилсин. Одам ўзини бу қадар қийнамаслиги керакда. Ҳеч сизга хийла ишлатиб бўлмас эканда.
– Нақадар олийжаноб, улуғ инсонсиза. Киши ўз ходимига шунчалик ҳам яхшилик қиладими-я?"

Қиссадаги фойдаларга қиқача тўхтаб ўтсак.
1-Абу Ҳотим ҳикоя қилган ушбу қиссадан салаф солиҳларнинг Аллоҳдан бўлган қўрқувларининг қанчалар катталигини билиш мумкин. Бухорий шогирдига "сизга ёрдам бермай гуноҳкор бўлиб қолишдан ва Аллоҳ азобига дучор бўлишдан қўрқаман", деди. Арабча лафзида "فإني أخاف أن أكون مأخوذا بسببك" дейилган.
Улар муҳтожга ёрдам бермасликни азобга ҳақли гуноҳ деб билишган. Дарҳақиқат, уламолар таъкидлашича, шаҳар ё қишлоқда бирон киши очлик сабабидан ўлса ёки қишда иссиқ кийим тополмаса, умуман уй тополмай бошпанасиз қолса, ўша шаҳар ёки қишлоқдаги қодир кишиларнинг ҳаммаси гуноҳкор бўлиб, Аллоҳ жазосига ҳақли бўлиб қоладилар.
2-Сахийликнинг замондошимизга нотаниш кўриниши. Сахийликнинг қадимдаги кўриниши қандай бўлганини икки саҳоба ва Бухорий ва унинг шогирди тимсолида кўрдингиз. Бераётган одам олаётган одамдек уятчан ва ҳаёли бўлган. Олувчининг назари тўқ бўлган. Сахийлик, танқислашаётган инсоний гўзал хислатлар сарасига кираётган ҳозирги кунда берувчи билан олувчининг қандайлиги ҳеч кимга махфий эмас.
3- Назари тўқлик, иззати нафс, ўзгалар молига тама қилмаслик. Бири тинмай пул беради, иккинчиси эса доим рад қилади. Буни ҳам икки саҳоба ва қўли очиқ, сахий устоз ва назари тўқ, озига қаноат қилгувчи шогирд тимсолида гувоҳи бўлдингиз. Муҳтож киши ҳам тамадан йироқ бўлган.
Ибн Жавзий أحكام النساء китобида икки Мадиналик камбағал аёлнинг ҳиммати ва тақвоси ҳақида ҳикоя қилади. "Қадимда бойлардан бири ҳажга кетаётган дўстига бир халта тўла олтин пул беради. Ушбу пулни Мадина Мунавварада яшовчи энг фақир хонадонга беришлигини тайинлайди. Ҳожи Мадина зиёратига келганда омонатни эгаларига топшириш учун фақир хонадонни суриштиради. Унга бир бева хотиннинг уйини кўрсатишади. Киши уйни топиб келиб аёлга бор гапни айтиб тилла солинган халтани узатади. Аёл халтани олишдан бош тортиб: "рўпара қўшнимиз биздан кўра ночорлар, ўшаларга берганингиз яхши", дейди. Киши миннаддорчилик билдириб, рўпара қўшнинг эшигини қоқади. Уларга ҳам мақсадини баён қилгач, қўшни аёл аввалгисидек пулни олмай:" қўшнимизга берсангиз яхши", дейди. Киши ўртада сарсон бўлиб, охири пулни иккига тақсимлаб, ҳар икки қўшнига бўлиб беради".
4- Бухорий кўпчилик ўйлашича сўққабош олимлар сирасидан эди. Лекин юқоридаги қиссадан бунинг хилофи маълум бўлади. Бухорий шогирдига деди:" Менинг бир хотиним ва жорияларим бор, сиз эса уйланганингиз йўқ – ёлғизсиз", демак Бухорийнинг рафиқаси бўлган. Бу тахминни қўйидаги далил тахмин даражасидан ҳақиқат даражасига кўтаради. Имом Ҳоким Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Нийсобурий ўзларининг كتاب معرفة علوم الحديث номли китобларининг ذكر النوع السابع عشر من علوم الحديث қисмида: "Ҳадис фанидаги яна бир қисм саҳобалар фарзандларининг исмларини билиш ҳақидадир", деб бошлаб, охирроқда:"ана ундан кейин тобиинлар ва улуғ уламоларнинг фарзандларининг исмини билиш керак. Имом Молик ибн Анаснинг ўғли Яҳё ибн Моликдир. Бундан бўлак ўғиллари борлигини билмаймиз. Абу Ҳанифанинг ўғли Ҳаммоддир. Ҳаммоддан бошқа ўғиллари йўқ. Шофиийнинг ўғиллари Усмон ва Муҳаммаддир. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғиллари Солиҳ ва Абдуллоҳдир. Абдуллоҳ ибн Муборак фарзанд қолдирмаган. Али ибн Мадинийнинг Муҳаммад ва Абдуллоҳ деган ўғиллари бўлган. Яҳё ибн Маиннинг ўғли бўлмаган, қизлари орқали зурриёт қолган. Аммо Бухорий билан Муслимга келсак, улар ўғил фарзанд қолдиришмаган", дейди. (қисқартириб кўчирилди)
"Аммо Бухорий билан Муслим ўғил фарзанд қолдиришмаган", деган жумладан "демак, қиз кўришган экан", деган маъно англанилади. Хулоса, Бухорий сўққабош бўлмаган, балки оиласи ва қизлари бўлган, унинг сулоласидан бирон киши "Саҳиҳни"ривоят қилмаган, ривоят қилганда танилар эди. والله أعلم والإسناد إليه أحكم
Қиссага тааммул билан қайта назар ташласангиз, бундан бошқа бир талай фойда билан чиқасиз.

Устозлар, шогирдлар ва китоблар

Устозлардан мурод, Бухорий улардан ҳадис илмини ўрганган ва улардан ҳадис ривоят қилган шайхлардир. Шогирдлардан бўлган мурод ҳам айни шундай – Бухорийдан ҳадис илмини ўрганган ва ҳадис ривоят қилган аҳли илмлар.
Бухорийга Қуръон, тажвид, тафсир, ақида, фиқҳ, наҳв-сарф, адабиёт, ҳисоб ва шунга ўхшаш бошқа фанлардан таълим берган устозларга тўхтамаймиз.
Заҳабий дейди:"Муҳаммад ибн Исмоил илм талабида сафарга чиқмасдан олдин Бухорода Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Жаъфарий, Муҳаммад ибн Салом Байкандий ва булардан бошқа муҳаддислардан ҳадис эшитган. Улар Бухорийнинг катта шайхларидан ҳисобланмайди".
Муҳаддислар одатига кўра, толиб ўз шаҳридаги муҳаддислардан таълим олиб бўлгандан кейин ҳадис талабида сафарга чиқиши керак. Бухорий ҳам шу одатга мувофиқ, ўз диёридагилардан эшитиб бўлгандан кейин, Бухоро ташқарисига сафарга чиқди.
Илм талабида ўзга диёрларга сафар қилаётган йигитлар ҳам шу анъанага риоя қилишса, мақсадга мувофиқ иш бўлур эди. Аввал ўз диёрларидаги олимлардан таълим олишади, сўнгра илм талабида сафарга чиқишади. Бу билан ташқарида таълим олиш осонроқ кечади ва шунинг билан бирга арзимаган ихтилофлар, "ташқарида ўқиганман" деб, калон димоғлик билан ичкаридаги аҳли илмларни менсимай қўйиш ва шунга ўхшаш, миллатга кони зарар бўлган бошқа кўнгилсизликларнинг олди олинади.
Заҳабий сўзини нақл қилишда давом этамиз. "Сўнгра Балхда (Афғонистон) Маккий ибн Иброҳимдан эшитган. Бухорийнинг энг олий санади ундандир. Маккий ибн Иброҳим Бухорийга тобиинлардан ривоят қилганлар табақасидандир.
Марвда (Туркманистон) Абдон ибн Усмон, Али ибн Ҳасан ибн Шақиқ, Садақа ибн Фазл ва бошқалардан эшитган.
Нийсобурда Яҳё ибн Яҳё ва бошқалардан.
Райда(Эрон) Иброҳим ибн Мусодан.
220-ҳ йилнинг охирида Ироққа кирганда бағдодлик Муҳаммад ибн Исо ибн Таббо, Сурайж ибн Нуъмон, Муҳаммад ибн Собиқ ва Аффондан эшитган.
Басрада Абу Осим Набил, Ҳажжож ибн Минҳол ва бошқалардан
Куфада Убайдуллоҳ ибн Мусо, Абу Нуайм, Холид ибн Махлад ва бошқалардан.
Маккада Абу Абдурраҳмон ибн ал-Муқри Халлод ибн Яҳё, Ҳумайдий ва бир неча муҳаддислардан.
Мадинада Абдул Азиз Увайсий, Айюб ибн Сулаймон ва ўзгалар.
Мисрда Саид ибн Абу Марям, Аҳмад ибн Ишкоб ва ўзгалар.
Шомда Одам ибн Абу Иёс, Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбий ва ўзгалар".
Ибн Ҳажар مقدمة الفتح нинг 665-саҳифасида Бухорий шайхлари ҳақида баён қилиб, уларни беш табақага бўлади. Биринчи табақа, Бухорийга тобиинлардан ривоят қилганлар, улар озчиликни ташкил қилади. Бешинчи табақа, Бухорийдан ёши ва санади қўйи бўлганлар, яъни талабалар қаторидаги муҳаддислар, булар ҳам озчиликни ташкил қилади. Иккинчи, учинчи ва тўртинчи табақалар эса кўпчиликдан иборатдир. Бухорий деган эди:"Киши ўзидан юқори ва ўз тенгхўри, шунингдек ўзидан қўйи бўлганлардан ривоят қилмагунча, комил муҳаддис бўлолмайди".
Бухорий вафотидан бир ой олдин айтган эди:"бир минг саксонта муҳаддисдан ҳадис ёзганман". Хулоса , Бухорий устозлари мингдан ортиқдир.

Шогидларга келсак, улар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Шунинг учун улардан айримларининг исмини келтириш билан кифояланамиз.
Абу Исо Термизий, Абу Ҳотим, Ироҳим ибн Исҳоқ Ҳарбий, Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбий (Саҳиҳни ровийси) ва бошқалар. Саҳиҳни имом Бухорийдан тўқсон минг киши эшитган.
Бухорийнинг ва умуман ўша даврдаги серғайрат ёшларнинг ҳимматига қойил қолмай илож йўқ.
Илм орзу-истакнинг ўзи билан рўёбга ошмайди. Орзу-истак билан бирга ҳиммат ва узликсиз меҳнат – ўқиш, ёзиш, ёдлаш, изланиш, илмий сафарларга чиқиш, тафаккур қилиш ва билганини ҳаётга тадбиқ қилиш билан илмга эришилади. Илм олиш учун эса гоҳида уй-жойни тарк этиб, узоқ сафарларга сиқишга тўғри келади, балки ўшандагина илм ўз самарасини кўпроқ бериши мумкин.
Юқорида {وعلم آدم الأسماء كلها } "Одамга барча исмларни ўргатди" оятини ўқиб билдингиз. Аллоҳ таоло отамиз Одам алайҳиссаломга ҳамма нарсанинг исмини ўргатиб бўлгандан кейин:" فلما خلقه قال: اذهب فسلم على ألئك نفر من الملائكة جلوس فاستمع ما يحيونك فإنه تحيتك وتحية ذريتك "Аллоҳ Одамни яратгач унга деди: "сен ана у ерда ўтирган Малоикаларнинг олдига боргин ва салом бергин ,сенга қандай алик қайтаришларига қулоқ сол. Ана шу сен ва зурриётинг учун салом-алик бўлгай", деди. Бухорий Саҳиҳда ривоят қилган.كتاب الاستئذان باب بدء السلام
Аҳли илмлар бу ҳадисдаги " Малоикаларнинг олдига боргин" калимасидан бир неча истифода олиб дейишади:
"اذهب" феъли йўл босишга далолат қилгани учун илм олиш учун сафар қилиш кераклиги тушинилади.
Биринчи бўлиб илм олиш учун йўл босган киши Одам алайҳиссалом.
Афзал бор ўринда, ундан қўйироқдан таълим олишнинг жоизлиги. Аллоҳдан ҳамма нарсанинг исмини таълим олган Одам малоикалардан ҳам таълим олди.

Ҳадисдаги "салом бергин" калимасидан "толиб ўрганадиган дастлабки илм гўзал одоб бўлиши керак", дейишади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга муқаддас Туво водийсида деди: إني أنا ربك فاخلع نعليك إنك بالواد المقدس طوى وأنا اخترتك فاستمع لما يوحى}
طه 1214{ إنني أنا الله لا إله إلا أنا فاعبدني وأقم الصلاة لذكري
"(Эй Мусо), Мен сенинг Парвардигорингман. Кавушингни ечгин, чунки сен муқаддас Туво водийсидан. Мен сени пайғамбарликка ихтиёр этдим. Ваҳийга қулоқ тут. Албатта Мен Аллоҳдурман. Мендан бошқа (сиғинилишга ҳақли) маъбуд йўқ. менгагина сиғин ва Мени ёдлаб намоз ўқи".
Аҳли илм дейишади:
1- Аввало умумий одобга буюрди: "Кавушингни ечгин"
2- Сўнг ваҳийни ўзлаштириш (таълим олиш) одобини ўргатди: "Ваҳийга қулоқ тут"
3- Ана ундан кейин тавҳидга буюрди.
4- Тавҳиддан кейин ибодатга буюрди.
Имом Бухорий ёшлик чоғиданоқ илм олиш тартибларини, қачон ва нимадан бошлаш кераклигини англаб етиб катта ютиқларга эришди. Илм ва амали билан одамлар тилига тушди. Гоҳ уловда, гоҳ яёв кезиб илм ўрганди. Олимлар олдига бориб илмларини жамлади. Қўлига қалам олиб билганларини дафтарга қайд қилди. Натижада нодир, қимматбаҳо китоблар дунёга келди. Жуда ўлкан илмий мерос қолдирди.
Толиб илмларимиз ҳам илм олишдаги тартиб, қонун-қоидаларни билиб, амалга оширишса, аввалгилар олган самараларни олаверадилар, инша Аллоҳ.
Қўйида имом Бухорийнинг асосий китобларининг рўйхатини берамиз.
Ушбу рўйхатни خير الكلام في القراءة خلف الإمام китобининг муқаддимасидан нақл қилинди. Муҳаққиқ Али Абдулбосит Мазид (Азҳар Дорилфунуни).

Бухорий таълиф этган ушбу китобларнинг 1-рақамдан 10-рақамгача бўлганлари ҳозирги кунда чоп қилинган бўлиб, кутубхоналардан ва китоб расталаридан топишингиз мумкин. Бешинчи рақмли китоб 9 жилддир. Бухорий уни ўн саккиз ёшида пайғамбаримиз масжидларида равза ичида, ой ёғдусида ёзганларини юқорида билиб ўтдик. 11- рақамдан 25-рақамигача бўлганлари чоп этилмаган. Бу нодир қўлёзма асарлар, астойдил енг шимариб, изланиб, меҳнати ва вақтини аямай у китобларни топиб, чоп қиладиган холис халаскорига муштоқдир.

Имом Бухорий таълиф этган асосий китоблар рўйхати

الجامع الصحيح
الأدب المفرد
القراءة خلف الإمام
رفع اليدين في الصلاة
التأريخ الكبير
الكنى
التأريخ الصغير
الضعفاء الصغير
التأريخ الأوسط
خلق أفعال العباد ورد على الجهمية وأصحاب التعطيل.
.
بر الوالدين
الجامع الكبير(وهو غير الجامع الصحيح)
المسند الكبير
التفسير الكبير
كتاب الهبة
كتاب أسامي الصحابة
كتاب الوحدان
كتاب العلل
كتاب المبسوط
كتاب الفوائد
كتاب الاعتقاد والسنة
كتاب السنن في الفقه
أخبار الصفات
قضايا الصحابة والتابعين
الأشربة

Қайтиш

Нийсобур, Бухоро, Самарқанд...

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи балоғат ёшидан бошлаган ғарибона – мусо- фирликда кечган ҳаётига чек қўйиб, ўз диёрига қайтишни ихтиёр этди. Ўша даврда илму маърифат маркази ҳисобланмиш Макка, Мадина, Бағдод, Куфа, Басра, Шом ва бундан бошқа кўп шаҳарларга бир неча бор кириб, у ерларда таълим олиб ва таълим бериб юрган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Нийсобурга, ундан кейин туғилиб ўсган она юрти Бухорога қайтар экан, гўё бу диёрларга қайта келмаслигини ҳис қилгандек дўст-ёрлар билан видолаша бошлади. Сўнги бор Бағдодга келиб устози ва дўсти бўлмиш имом Аҳмад ибн Ҳанбал билан хайрлашди. Имом Аҳмад Бухорий билан хайрлашар экан, уни кўзи қиймай: "Абу Абдуллоҳ, илм ва аҳли илмни тарк этиб Хуросонга қайтасизми?" - деган эди.
Она юртда Бухорийни оғир синовлар кутаётгани унга зимистон тундек қаронғи эди. Гўдак она қучоғидан фақат яхшилик, меҳр-муҳаббат топганидек, Бухорий ҳам она юрти қучоғидан фақат яхшилик ва меҳр-муҳаббат кутиб йўлга тушди. Дунё кезиб жамлаган илмини ҳамюртлари даврасида ёйишни дилига тугди. У дуосида деган эди: "Эй бор Худоё, албатта, Сен билурсанки, мен Нийсобурга ёмон ниятда келган эмасман. Кибр, манманликдан йироқман. Бу диёрларга мансаб ва обрў талабида келганим йўқ".
Бухорий Нийсобурга етиб келди. Нийсобур Хуросоннинг йирик илмий шаҳарларидан.
Муслим ибн Ҳажжож Бухорийнинг Нийсобурга кириб келишини шундай тасвирлайди: "Муҳаммад ибн Исмоилни катта тантана билан кутиб олишди. Унинг истиқболига шаҳардан икки-уч чақирим ташқарига чиқишди. Мен нийсобурликлар- нинг бирон бир ҳокимни ёки олимни бу қадар тантана билан кутиб олишганини билмайман.
Нийсобурнинг таниқли олимлари, жумладан Хуросонда катта шуҳрат қозонган Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий каби олимлар Бухорий истиқболига чиқишди. Зуҳлий шогирдларига қарата: "истаганлар Муҳаммад ибн Исмоил истиқболига чиқсин. Лекин ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар, хилоф чиқиб қолмасин тағин", - деди.
Бухорий "Дорул бухорий"га тушди. Келган одамларнинг кўплигидан, ҳовлида қадам босгулик жой қолмаганди. Одам ҳеч қаерга сиғмасди. Ҳовли саҳнидан жой топмаганлар томларга чиқиб олишди. Шу аҳвол уч кунгача давом этди".

Муҳаммад ибн Жобир ҳикоя қилади:"Бухорий Нийсобурга келганда, Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий бизларни Бухорий ёнига боришга ундаб:"солиҳ киши келдилар, ундан ҳадис тингланглар", - деди. Бухорий даврасига одамлар оқиб кела бошлашди. Муҳаммад ибн Зуҳлий давраси бўшаб қолди. Шундан кейин Зуҳлий Бухорийга ҳасад қилиб, у ҳақида нотўғри гапларни айта бошлади". (Бу маълумот, айни шундай лафзлар билан учта мўътабар манбадан нақл қилинди. Шу саҳифа ва эллик биринчи бетдаги ҳошияга қаранг).

Абу Аҳмад ибн Адий дейди:"Бухорий Нийсобурга келганда, жуда кўпчилик унинг атрофига жамланди. Бухорийнинг мухлислари кўпайганини кўролмаган баъзилар унга ҳасад қилишди. "Бухорий Қуръоннинг лафзи махлуқ", деяпти, у билан гаплашиб қўйиш керак. Савол бериб уни бир синаб кўриш керак", деган ташвиқот юрғизишди.
Синовчилардан бири Бухорий уйидаги дарсга келди. Ўрнидан туриб:"Қуръоннинг лафзи махлуқми, махлуқ эмасми? Сен бунга нима дейсан?" - деди. Бухорий саволга жавоб бермади. Айни шу саволни иккинчи марта такрорлади. Бухорий унга эътибор бермади. Киши тик турган жойидан қимирламай учинчи марта шу саволни қайтарди: "Абу Абдуллоҳ, жавоб бермайсанми?" Бу гал жавоб беришлигини қаттиқ талаб қилди. Шунда Бухорий:"Қуръон – Каломуллоҳ, махлуқ эмас, бандаларнинг феъли махлуқдир, бу каби имтиҳон қилиб сўраш бидъатдир", - деди. Савол берган киши алла нарсалар деб шовқин кўтарди. Унга жўр бўладиганлар ҳам топилди. Ҳовлида шовқин сурон, ғала-ғовур кўтарилди. Келганлар аста чиқиб кетишди. Бухорий уйда ёлғиз ўзи қолди".

Фирёбий дейди:"Мен Бухорийнинг:"Қуръон – Каломуллоҳ, махлуқ эмас. Ким Қуръонни махлуқ, деса кофир бўлур", деганини ўз оғзидан эшитдим".

Абу Амр Хаффоф Бухорийга деган эди:
– Айримлар сизни Қуръонни махлуқ деган, деб гап тарқатиб юришибди.
– Эй Абу Амр, сен мени гапимни яхшилаб ёдлаб олгин, кимда ким, у Нийсобурдан бўладими, Қумисданми, Райданми, Ҳамадон, Ҳалвон, Бағдод, Куфа, Басра, Макка, Мадинами, қаердан бўлишидан қатий назар, агар мени шу гапни айтияпти, деса, у ёлғончи, каззобдир, ишонма. Мен ҳеч қачон бундай гапни айтган эмасман. Бор йўғи "бандаларнинг иши махлуқдир", деганман холос".

Муҳаммад ибн Шозил дейди: "Зуҳлий билан Бухорий ўртасига совиқчилик тушгандан кейин Бухорий ёнларига кирдим.
– Абу Абдуллоҳ, нима қилишга ҳам ҳайронмиз. Сизни ёнингизга келган ҳар бир кишини Зуҳлий ўз ёнидан ҳайдамоқда, – дедим.
– Ҳасад қачонгача уни илмдан тўсаркин? Илм Аллоҳнинг ризқи Ўзи истаганига беради?
– Сиз ҳақингизда кўтарган масала...
–Эй ўғлим, бу - машъум масаладир. Шунинг орқасидан имом Аҳмад бошларига нималар тушмади ахир? Шунинг учун бу борада оғиз очмасликка қарор қилдим".

Абу Ҳомид Аъмаший ҳикоя қилади: "Саид ибн Марвон номли кишининг жанозасида Бухорий билан Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳли икковларини кўрдим. Зуҳлий ҳадисга оид билмаган масалаларни Бухорийдан сўраб, унинг кетидан юрган эди. Бухорий унинг саволларига ўқдек тез ва тўғри жавоб берарди. Шу воқеадан бир ой ўтар-ўтмас Зуҳлий: "Бухорий дарсига қатнашаётганлар бизнинг дарсга келмасин. Бағдоддан бизга хабар беришдики, Бухорий лафз борасида гапириб қўйибди.(Унинг Қуръон борасидаги эътиқоди бузуқ), биз уни тўғрилашга ҳаракат қилдик, у сўзимизни олмаяпти. Унинг олдига борадиганлар, бизга яқин йўламасин".

Заҳабий хабари: "Бухорий мухлисларидан кўпи унинг олдига келиб:" баъзилар сизга туҳмат қилишмоқда", дейишганда, Бухорий ушбу оятни ўқир эди:
( إن كيد الشيطان كان ضعيفا) "Бешак шайтоннинг макри заиф, кучсиздир".Нисо : 76
"Сизга тил текизаётган бўҳтончи, золимларни дуоибад қилмайсизми?" -деди Абдул Мажид Иброҳим номли киши. "Пайғамбаримиз мен билан Ҳовуз олдида учрашгунларингга қадар сабр қилинглар", деб марҳамат қилганлар, деб жавоб берди Бухорий".
Фитначилар мусулмонлардан бўлгани учун Бухорий дуоибад қилишдан тийилган бўлса керак.
Аҳмад ибн Салама ҳикоя қилади: "Бухорий олдиларига кириб дедим:
– Абу Абдуллоҳ, бу одамни Хуросонда, айниқса Нийсобурда жуда қаттиқ ҳурмат қилишади. Унинг гапини олишади. У эса ўз сўзида оёқ тираб туриб олган. Биронтамиз унга гап уқтиролмаймиз, бизга нима қил дейсиз?
Бухорий ғамгин товишда оят ўқиди:
غافر :44(و أفوض أمري إلى الله إن الله بصير بالعباد) "Мен ўз ишимни Аллоҳга топширдим, албатта Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир", сўнгра дуо қилди: "Эй бор Худоё, албатта Сен билурсанки, мен Нийсобурга ёмон ниятда келган эмасман. Кибр, манманликдан йироқман. Бу диёрларга мансаб ва обрў талабида келганим йўқ, мухолифлар зўридан ватанга бормаётган эдим. Бу ерда эса мана бу одам, Аллоҳ менга берган инъомига ҳасад қилиб менга озор берди. Сўнгра менга деди: Аҳмад, мен эртага кетурман, унинг гапларидан қутилурсизлар".
Таниш-билишларга Бухорийнинг кетиши ҳақида хабар бердим. Бухорийни кузатгани мендан бошқа ҳеч ким чиқмади. Шаҳар дарвозасида олдида уч кун қолиб кетилди".
Шунча фитналар бўлишига қарамай Муслим ибн Ҳажжож Бухорий ёнидан жилмади. Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий "ким Бухорийга борса бизнинг дарсимизда ўтирмасин, анави одам бу шаҳарда яшамасин", деганда Аҳмад ибн Салама билан Муслим ибн Ҳажжож ўринларидан туриб чиқиб кетишди. Муслим чиқиш олдидан Зуҳлийдан эшитиб ёзган ҳамма ҳадисларини унинг ёнига қўйиб кетди. Шу воқеалар сабаб бўлиб Муслим ўз саҳиҳида Зуҳлийдан ҳам, Бухорийдан ҳам ривоят келтирмади.
Бухорий Нийсобурни тарк этиб Бухорога йўл олди.
Бухороликлар ватандошларини жуда яхши кутиб олишди. Аҳмад ибн Мансур Шерозийнинг хабар беришича, Бухорий келаётганини эшитган одам борки унинг истиқболига чиққан. Шаҳар ташқарисига қубба тиклашади, ҳатто унинг оёқлари остига дийнору дирҳамлар ва турли ширинликлар сочишади. Абу Абдуллоҳ шундай тантана ва иззат-икром билан Бухорога кириб келади.
Бухоро байрам тусига кирганди. Ҳамма хурсанд, суюнган. Қайга борсангиз қувноқ юзлару, очиқ чеҳраларга дуч келасиз. Нега суюнишмасин? Нега қувонишмасин? Ахир диёрларининг номини оламга танитган ўғиллари ўз қучоқларига қайтдику. "Бухорий биздан, йўқ, аксина, Бухорий биздандир", деб ҳамма орасида талаш бўлаётган буюк аллома ватанига қайтдику.
Улуғ инсон ташрифига бағишланган шодиёна билан бўлиб, ҳеч ким Нийсобурдан келган отлиқни пайқамай қолди. Отлиқ тўғри Бухоро амири Холид ибн Аҳмад ҳузурига келди. Отлиқни бу шодиёналар қизиқтирмасди. У қўйнидаги жуда қисқа ёзилган мактубни узатди. Мактубда қўйидагилар ёзилган эди:"Сизларга борган киши суннатга хилоф иш юрғизадигандир". Худди шундай мактуб Рай ва Марвга ҳам йўлланган эди.
Мактуб оламонга ўқиб берилди. Оламон ичидан "Ёлғон, бекор гап. Унинг ёнидан бир қадам ҳам жилимаймиз", деган бақириқлар эшитилди. Бухороликларнинг бу уйдирмага ишонмасликлари аниқ эди. Ахир ўн бир ёшида етмиш минг ҳадис ёдлаган ва бутун ҳаётини Росулуллоҳ r ҳадисларининг хизматига бағишлаган инсон суннатга хилоф иш юритиши мумкинмиди? Оғизидан фақатгина ҳадис чиқаётган инсон суннатга мухолиф бўлармиди? Лекин ҳоким буни тушинишни истамади. Бухорийга шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга буюрди. Бунга бундан бошқа сабабларни ҳам кўрсатишади.
Заҳабий Ғунжор тарихидан нақл қилиб дейди: "Бухоро ҳокими Холид ибн Аҳмад Бухорийга чопар жўнатади. Чопар ҳоким сўзини унга етказади."Менинг ҳузуримга Жомиус саҳиҳ, тарих ва бошқа китобларингни кўтариб кел, уларни ўзингдан эшитамиз". Бухорий чопарга қарата айтди: "мен илмни хурламайман. Унга илм керак бўлса, масжидга ёки уйимга келсин".
Бундан 1200 йил муқаддам бўлиб ўтган бу воқеа ҳам кишини ҳайратини оширади. Воқеани 748-ҳижрий, 1374-милодий йилда вафот этган тарихчи, аллома, қиссамиздаги аксар маълумотларни унинг қимматбаҳо асари سير أعلام النبلاء дан нақл қилинаётган, имом Заҳабий келтирган."Бухорий ёнларига баъзи кишилар келиб туришарди. Улар суннатни маҳкам ушлаб, амал қиладиган яхши кишилар эди. Заҳабий ҳикоя қилади: "Ҳурайс ибн Аби Варқо деган шахс "одамларни Бухорий бузяпти , у ғалаёнчи", деб гап тарқатди. "У одам ғалаёнчи, бузғунчи, исёнкор. Шаҳримизни бузади. Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий уни бекорга Нийсобурдан қувган эмаслар..." шу тариқа уни султонга чақиб, Бухородан чиқаришга муваффақ бўлди".
Бухорий она юртини тарк этишга мажбур бўлди. Уни Самарқанддаги қавм-қариндошлари ўзларига таклиф қилишди. 62 ёшни қоралаб қолган кекса олим бир-икки ҳасадчининг фитнаси сабабли ўз туғилиб ўсган диёридан қувғин еди.

Ҳасад қачон туғилгану, қачон ўлади?
Ғалати, лекин ечимини топиш лозим бўлган жумбоқ.
Ҳасаднинг тарихи башарият тарихига уйғун. Ҳасадни одамзодга тенгдош десак янглиш бўлмас. Унинг онаси ҳам, отаси ҳам иблис – шайтондир.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганда, иблис ҳасадга ҳомила бўлган. Аллоҳ таоло Малоика ва жинларни Одамга сажда қилишга буюрганда, иблиснинг кўзи ёриб ҳасадни туққан. "Мен ўтдан яралганман, тупроққа сажда қилмайман", деган беъмани иддиодан ҳасад зуваласи қорилган. Қачон ўлишига келсак, бу бандасига қоронғи. Ҳойнаҳой охирги шайтон оламдан ўтгач ҳасад ҳам ўлса керак.
Росули Акрам r хабар бериб дейдилар: "...دب إليكم داء الأمم من قبلكم الحسد والبغضاء" "Сизларнинг орангизга аввалгиларга теккан дарду бало сизиб кирди. У дард ва бало – ҳасад ва адоватдир". Аҳмад ва Термизий ривояти. Демак хушёр тортилмаса, бу касаллик ҳаммага ҳам юқиши мумкин экан, ҳатто табиблару олимларга ҳам... Ҳаёт китобининг ҳар икки - уч саҳифасида бунга мисоллар топишингиз мумкин.

Бухорий кексайганда ватанни ташлаб Самарқанд сафарига ҳозирлик кўра бошлади.
Абдул Қуддус Самарқандий ҳикоя қилади: "Муҳаммад ибн Исмоил Самарқанддан икки фарсах беридаги Хартанг қишлоғига келдилар. У ерда Бухорийнинг қариндошлари бор эди. Кечки намозни ўқиб бўлганларидан кейин: "Эй бор Худоё, кенг ер менга торлик қилди. Мени Ўз ҳузурингга олгин", деб дуо қилди. Бу дуога бир ой ўтар-ўтмас имом оламдан кўз юмдилар".

Абу Мансур Ғолиб ибн Жибрил хабар беради: (Бухорий шу кишининг манзилига тушгандилар) "Абу Абдуллоҳ бизникида бир неча кун турдилар. Сўнг қаттиқ бетоб бўлиб қолдилар. Самарқандга кетишга тайёргарлик кўрдилар. Маҳсиларини кийдилар, саллани ўрадилар, от томон йигирма қадамча юрдилар. Мен ва яна бир киши икки қўлтиқларига кириб келаётган эдик,"бас, мени ичкарига олиб киринглар, мадорим йўқ, тинкам қурияпти", дедилар. Ичкарига олиб кирдик. Бухорий ўринларига ётиб дуо қилдилар. Бир оздан сўнг дуо қилаётган лаблар ҳаракатдан тўхтади".

Ҳасан Баззоз хабари: "Бухорий шанба оқшоми, Рамазон ҳайити кечаси, хуфтон намози пайтида, 256-ҳижрий йили 62 ёшларида оламдан ўтдилар".
Ҳасан Баззоз Бухорийни тавсифлаб дейди: "Бухорий озғиндан келган, ўртабўй шайх эдилар".

Абдуллоҳ ибн Одам дейди: "Тушимда Росулуллоҳ r ни кўрдим. Росулуллоҳ r бир жойда кимнидир кутгандек тик турибдилар. Икки ёнларида саҳобалар туришарди. Мен салом бердим, онҳазрат алик қайтардилар.
– Ё Росулуллоҳ, тик туришларини боиси недир? – дедим.
– Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни кутиб турибмиз, – дедилар.
Бир неча кундан кейин Бухорий вафоти ҳақида хабар келди. Ҳисоблаб чиқсам, вафот ўша туш кўрган кунимга тўғри келди".

Яҳё ибн Жаъфар дейди:"Агар Муҳаммад ибн Исмоил умрига умр қўшишнинг иложи бўлганда эди,ўз умримни унга бағишлардим. Зеро олим ўлими олам ўлимидир..."

Абу Мансур Ғолиб ибн Жибрил хабари: "Бухорийни ҳайит куни дафн қилганимиздан кейин қабрдан жуда хушбўй ҳид таради. Одамлар ҳайрон бўлдилар. Қабр олдига келиб бир сиқимдан тупроқ олабошлашди. Қабрдан тарётган ширин ҳид жуда узоқ кунгача давом этди. Одамлар эса тинмай тупроқдан чангаллашарди. Охири бўлмади. Қабр атрофини ёғоч билан тўсишга мажбур бўлинди. Бу ғайритабиий ҳолат теварак атрофга тарқади. Бухорийга қарши чиқиб юрганларнинг кўпи қабр пойида туриб афсус-надомат тортдилар. Қилмишларига пушаймон бўлдилар".
Ҳеч қанча кун ўтмай, Бухорийга манзил берган ва унинг дафн маросимида иштирок этган Абу Мансур Ғолиб ибн Жибрилнинг ўзи ҳам оламдан ўтди. Уни васиятига биноан, Бухорийнинг ёнига дафн этилди.
Ибрат: Росули Акрам r ҳажжатул вадода, арафа куни, ҳожилар Муздалифага қайтишларига саноқли онлар қолганда, саҳобаларнинг диққатини ботаётган қуёшга қаратдилар. Ҳамиша Аллоҳ таолонинг ҳар ким ўқий оладиган, мўъжизавий, очиқ китоби бўлмиш коинотга боқиб тааммул қилишга ундовчи ҳабибимиз r ботаётган қуёшдан ибрат олишга чорлаб:
"Дунёнинг қолган умри ҳам шу қадар оз қолди", деб марҳамат қилдилар. Аҳмад ривояти
Ибрат ва ҳикматга ташна саҳобалар Росули Акрам r муродларини англаб етдилар. Росулуллоҳ r нинг қисқа айтган бу муборак ҳадисларидан "Бомдоди, пешини, асри ўқиб бўлинган дунёнинг шомига ҳеч қанча вақт қолгани йўқ. Бу оз фурсатни ғанимат билинглар. Тонги отган дунёнинг туни кириши тайин бўлганидек, дунёга келган инсоннинг ундан чиқиши тайин. Мудроқ босаётган дунёга боқиб сергак тортинглар. Фанога маҳкум дунёда боқий қоламан деб ўйламанглар", деган маъноларни англаш мумкин эди.
"Дунё безавол, унинг интиҳосига далил йўқ", деб ўжарлик қилаётган инсон, нега далил йўқ деб жар соласан?! Ахир далил ўзингга ҳамроҳку. Сен бир далил эмас, минглаб далиллар оғушида яшаяпсанку. Кундек равшан далиллар ҳар олти томонингдан қамрам олган. Нега атрофингда қалашиб кетган далиллардан кўз юмасан?!
Орқа-олдингга, икки ёнингга, осту устингга боқ! Ой-қуёшга, кун ва тунга ёзу қишга боқ! Ойна олдига ўтириб юзингга, соч-соқолингга боқ. Кечагина навқирон, гўзал, ёш йигит эдинг, бугун мункайган чолга айланибсан. Чўзсанг ҳамма жойга етадиган қўлинг, бугун, ерга тушиб кетган ҳассага ҳам етмай қолибди. Кимгадир ялиниб "эй яхшилар, ҳассамни олиб беринглар", дея кўмак истаяпсан. Тим қора сочларинг қани, қаён кетди?! Юзингдаги жамолчи, у қаёққа кетди?! Тоғни талқон қиладиган қувватинг қани?! Ҳассага суяниб қолибсанку. Кечагина тоғ бағрида кўкка бўй чўзаётган дарахт бугун сенинг қўлингга асир тушибди. Сен ҳам кеча кўк томон бўй чўзиб, фақат ўсаётган эдинг, бугун эса...

Соқол оқи ўлимга пешравдир,
Тириклик сабзаси узра қировдир.

Буларни заволга маҳкум этган Яратгувчи, сен абадий деб ўйлаётган дунё заволига қодир эмасми?! Сену мени ва биз яшаётган оламни яратишдан олдин Аллоҳ биздан маслаҳат сўрамагани каби, уни тугатаётганда ҳам маслаҳат сўрамайди.

Мудом тавба эшиклари очиқ экан, тавба эшикларини қоқиб, бу гулшан аро бош суқ. Ҳамма лаззат ва роҳат маъсиятда деб ўйлама, тавбанинг ҳам таъмини татиб кўр. Тавба - ҳаёт сувидир. Сув чўл-биёбонни боғ-бўстонга айлантирганидек, тавба ҳам мурдадек жонсиз ҳаётга жон бағишлайди. Йиқилиш айб эмас, йиқилган жойдан турмай ётавериш айбдир. Ўрнингдан тур, бандасининг тавбасини қабул қилгувчи Аллоҳга юзлан. Холиқингга иймон ва тавба билан йўлиқ.
Майли, қўлингдан келса, истаганингча яша, хоҳлаган ерингни маскан тут, лекин шуни унутмаки, охир оқибат қайтиш - Аллоҳгадир. Мана бу оятларда тааммул қил. Аллоҳ жалла жалолуҳ дейди:
( ثم إلي مرجعكم فأحكم بينكم فيما كنتم فيه تختلفون )
"Сўнгра қайтишингиз Менгадир. Бас, Ўзим сизлар ўзаро ихтилоф қилиб тортишган нарсаларда ҳукм қилурман". Оли-Имрон сураси 55-оят
( ثم إلينا مرجعكم فننبئكم بما كنتم تعملون )
"Сўнгра қайтишингиз Бизгадир. Бас, Биз сизларга қилиб ўтган амалларингдан хабар берурмиз". Юнус сураси 23- оят
Қайтиш Аллоҳга эканлигини таъкидлаган оятлар жуда кўп. Кунда Аллоҳга қайтаётганларни кўриб, гувоҳи бўлинмоқда. Шундай экан, жасадинг Холиқига қайтишидан олдин сен ўзинг тавба билан Аллоҳга қайт. Охиритга қалбинг Аллоҳга ширкдан, мўминларга ҳиқд-адовотдан пок ҳолда бор.

Сўнги сўз ўрнида

Орадан анча вақт ўтди. Хазонрезлик – куз пайти бошланди. Узумзор ва анорзорлар ёз бўйи кўтариб турган меваларидан айрилиб, қовжираган барглар билан сўппайиб қолганлар. Куз шамоли чанг-тўзон кўтариб кўз очтиргани қўймайди. Бундай шамолда одамлар кўз ва оғизларини маҳкам беркитиб олишган. Шундай қилмаса ҳам бўлмайди, очиқ кўз, очиқ оғиз тупроққа тўлиши аниқ.
Узоқ давом этган куздан сўнг қирчиллама қиш кириб келди. Зўрға осилиб турган яккам-дуккам барглар ўз кучини йўқотиб ерга қулаган. Хазонрезлик одатига бўйсунмай, баҳордагидек яшнаб тураман деган битта-иккита дарахтлар устини қор қоплаган. Қиш ўз қаҳрини кўрсатиб аёвсиз совитмоқда. Табиат яқинларидан айрилиб, ёлғиз қолган азадор хотиндек маъюс ва мунгли. Айрим кексаларнинг айтишича Бухоро шу пайтгача бунчалик қаттиқ, изғирин совуқни кўрмаган эмиш. Айримларининг айтишича эса, бир маҳаллар худди шунга ўхшаш совуқ бўлиб ўтган эмиш.
Бизга таниш Муҳаммад таълим олган мадраса аллақачон бузулиб кетиб, ўрнига пастак-пастак дўконлар қурилган. Афтидан озиқ-овқат дўконига ўхшаётган бу пастак дўконларнинг эшикларига бесўнақай, катта қулф осилган. Қиш ойларининг иккинчиси бўлмиш Далвнинг айни авжига чиққан бу палласида одамлар сандал (танча) атрофида кўрпачага ўраниб жон сақламоқдалар. Бирон юмуш билан кўчага чиқмоқчи бўлганлар, кўча четидан деворни ушлаб юрмасалар сирғалиб кетишлари ҳеч гапмас. Бир чеккадан аста юрилган чоғда ҳам эҳтиёт бўлиб юрилмаса, тарновдан найзадек осилиб турган қалин ва учли сумалакка (музларга) бош урилиб майиб бўлиш турган гап. Кўча ўртасидан юришнинг сира иложи йўқ, ер сирпанчиқ.
Одамлар кун санаб, бесабрлик билан Ҳут ойини кутмоқдалар. Ҳутдан қуёш кучга тўлиб, ҳаволар илийди, музлар эрийди. Баҳор насимидан тирик жонзод тебраниб уйғонади. Ҳамал кириши билан табиат безаниб ҳаммани ўзига ром этади. Бодом, ўриклар гуллайди. Қора қарғаларнинг ёқимсиз қағ-қағлаши ўчиб, атрофга хушовоз сайроқи қушларнинг ёқимли куйлари тарайди. Қувончдан ичларига сиғмай, тинимсиз учаётган қушлар одамларни янги айём билан қутлаётгандек баҳор нашидасини куйлашади. Майсалар ердан бош кўтариб заминга ям-яшил янги гиламлар тўшалади. Тор уйларда диққинафас бўлиб ўтирган одамлар олам кенглигидан баҳраманд бўлиб, эркин нафас оладилар, ҳар ён югуриб оёқ чигалларини ёзадилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳ алайҳнинг ёрқин ҳаёт йўллари ҳақидаги қисқа қиссамизга охирги нуқтани қўяр эканман, кўзимда ёш қалқийди. Бешак бу ёшлар қувонч ёши, шундайин улуғ инсонларга ҳаммаслак ва ҳамюрт бўлиш севинчидан пайдо бўлган ёшлардир. Лекин қалбимни кўпларнинг қалбини тирнаган хавф тиғлари тирнаб, кўз ёш омилини ўзгартириб юборади. Наҳот, шундай ширин мева берган дарахтлар қуриб битган бўлса? Сой-анҳорлар қуриб қақшаган бўлса? Наҳот, оламни маърифат мевалари билан таъминлаган боғ-роғлар саҳрога айланган бўлса? Наҳот, бобоси бутун дунёга ҳадис ўргатганларнинг набираси ҳадис ва диндан бехабар бўлса? Наҳот, Аллоҳ фазли биздан юз ўгирган бўлса? Астағфируллоҳа ва атубу илайҳ, астағфируллоҳа ва атубу илайҳ...

Роббано, ҳар қанча гуноҳимиз кўп бўлсада, лекин Сенинг мағфиратингга, раҳматингга ва фазлингга бўлган умидимиз ҳам кўп. Гуноҳларимизни афв эт, фазл-караминг ва баракотларинг эшигин оч, аввалгиларга сочган инъомларингни бизлардан маҳрум этма.

Инша Аллоҳ, бир куни оламга келгай бир улуғ,
Файзи собиқ келгуси оламга чандон айланиб.

Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли, мўътабар ва бебаҳо китоб الجامع الصحيح муаллифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий муҳаддислар пешвоси, шайхулислом, художўй олим, камтарин, табаррук инсон эдилар. Доно мураббий, ҳақиқий ва чин маънодаги имом – раҳнамо, дунё муҳаббатдан йироқ зоҳид, чинакам обид, камбағалпарвар, қўли очиқ, эзгулик амаллардаги мусобақаларда доимий совриндор бўлган, илмига амал қилгувчи аллома эдилар.
Бу улуғ олимдан ҳаммаларимиз қандай ўқишни, қандай яшашни ва умрни эъзозлашни ўргансак арзийди.
Қўлингиздаги рисола юртимиз кўрки бўлмиш буюк инсоннинг серқирра ҳаётини ёритишдаги бир уринишдир. Ўзингиз ўқиб гувоҳи бўлганингиздек, кичик ҳажмли бу рисолада улуғ олимнинг ҳаётлари тўлалигича берилмаган. Шунга кўра, Бухорий ҳаёти битилган тарихий китобларга мурожаат қиларсиз деган мақсадда олинган маълумотлар манбаларини бақадриҳол бериб борилди. Бухорий ҳаёти ва фаолиятига оид асарда асил манбаларга таянилгани учун "тарихий ҳақиқатларни очишда дағал хатоларга йўл қўйилмади, инша Аллоҳ", деб айтишга журъат қилсак бўлади. Бадиий нуқсонлар эса кўзга ташлангудек яққол, уларни яширишнинг иложи йўқ. Яхши ниятларда қўл урган бу асаримизда йўл қўйган барча саҳву хатоларимизни Аллоҳ таоло афв этишини ва асарни сиз азизларга маҳбуб ва манзур айлашини сўрайман.
Қимматли вақтингизни сарфлаб рисолани ўқиб чиққан- ингиз учун миннатдормиз, Аллоҳ таоло барча эзгу ниятларингизни рўёбга чиқарсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казоказоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, оҳвоҳ ва дийдиёлар эмас. Балки шеър эзгулик, давоми...

6722 05:00 / 07.03.2017
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи ndash мамлакат давлат суверенитетининг давоми...

1143 13:42 / 18.11.2023
биринчи мақола Ҳар бир даврнинг зиёлиси учун ўзга юртлар тарихи, маданияти, илму фани ва адабиёти билан қизиққан. Мисол учун, Шарқ ренесанси олимлари антик давр давоми...

2667 14:00 / 09.06.2023
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳақидаШайх Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда Суриянинг шимолидаги Ҳалаб шаҳрида, 1335 ҳижрий сана 17 ражаб, 1917 мелодий давоми...

5522 05:00 / 11.03.2017