1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

«Саботул-ожизин»

05:00 / 07.03.2017 8171 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқ орасида «Сўфи Оллоёр» номи билан машхур «Саботул-ожизин» асари Мовароуннаҳр ўлкаларида XX асрга қадар мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган. Ўкувчилар саводхонликнинг маълум даражасидан кейин ушбу китоб мутоаласига киришишган. XX асрнинг 1-чорагигача эса ўрта мактабнинг бошланғич синф ўкувчилари «Саботул-ожизин»-дан дарс олишган. Фикримизнинг тасдиғи сифатида «Шўро» журналининг 1917 йил 7-сонида босилган куйидаги хабарни келтирамиз: «Усули қадим ила ўқиган замонда мактабларда ҳам, ўрта мактабларда ҳам ўкувчи болаларнинг ҳеч бири «Саботул-ожизин» ўкимай қолмаган, десам муболаға бўлмай-ди. Ул вактда деволга осиб кўйилган «праграмма» деган нарса бўлмаса-да, «...Фазоилуш-шухур» ўқигач, «Саботул-ожизин»-ни ўқимай ўтиш мумкин эмасдек эди. «Саботул-ожизин»нинг шарҳи - «Рисолаи Азиза» ўқитилар эди. Лекин ўқиш билан англаш орасинда жуда катта фарқ бўлганидек, китобнинг адабий фойдаси яширин қолган...»
Ҳақиқатан ҳам ифода услуби содда, оҳанги туркона, бадиий савияси юксак «Саботул-ожизин» китобини ўқиш билан уқиш ўртасида фарқ сезиларли равишда улкан. Шунинг учун ҳам юқорида келтирилган хабар муаллифи: «Барча ўкув-чилар китобнинг аҳамиятини англаган эдилар, деб айтишга ботирчилик қилуб бўлмайди. Англаган тақдирда ул китобни бошланғич синф ўкувчиларга эмас, юқорироқ чиқиб, араб, форсий тилидан хабардор бўлганларга ўқиш лозим эди», деб бежиз айтмаган. Негаки, «Саботул-ожизиняни тўла маънода англаш нафақат арабий, форсий ва қадим тўркий тилдан хабардор бўлиш, балки ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, тарих, сийрат ва адаб илмлари бўйича ҳам муаййан тайёргарликка эга бўлишни тақозо этади.
Сўфи Оллоёр адабий меросининг ўрганилиши у яшаган даврдан бошланган. Ўша даврдаёқ, адибнинг туркий, фор­сийда битилган китобларига луғатлар тузилган, шарҳлар ёзилган.
Жумладан, «Маслакул-муттақин» китобига тузилган луғат Абу Райҳон номидаги Шарқшунослик институтининг Ҳамид Сулаймон фондида сақланади. XIX асрда кўчирилган бу луғатда 950та махсус истилоҳлар мазмуни изоҳланган ва ҳар бир сўз форсий маънодоши билан берилган. Шу луғатнинг бошқа нусхаси ҳам бор, унда истилоҳлар сони сал кам икки мингта. Олим Булғорий Сўфи Оллоёрнинг «Муродул-орифин» китобига шарҳ ёзган. Тожик тилидаги бу шарҳ «Туҳфатут-толибин фи шарҳи «Муродул-орифин» деб номланган. Татар олими Тожуддин Елчикул «Саботул-ожизин» китобига «Рисолаи Азиза» деган шарҳ битган.6 Саид Ҳабибуллоҳ ибн Яҳёхон томонидан Покистонда чоп этилган «Ҳидоятут-толибин шарҳи «Саботул-ожизин» номли китоби ҳам эътиборга моликдир. Китоб муқаддимасида хабар берилишича, шарҳга асос бўлган матн олтита нусхани ўзаро қиёслаб тикланган. Муаллиф муқаддиманинг «Сабаби таълиф» қисмида мазкур шарҳнинг ёзилиш сабаблари ҳақида шундай маълумотлар беради: «Баъзи мажлисларда «Саботул-ожизин»-ни ўқуб, ўртада мутолаа этганда ҳама нусхаларда саҳву ғалат, тахриф ва табдил борлиги зоҳир ўлурди. Ва ҳам баъзи алфози мутародифа ва мутажониса тавжиҳи, баъзи абётларнинг таъвилида мубоҳасалар воқеъ бўлур эрди. Шунинг учун бу бандаи осий дилига ўтдики, агар баъзи қаламий нусхалар топилса, аларни бир-бирига муқобала этиб, бир нусхаи саҳиҳа қўлга келса яхши бўлур эрди».
Шу ўринда «Саботул-ожизинянинг қадимий нусхаларидан бирининг муқаддимасида айтилган қуйидаги фикрлар ҳам мазкур масаланинганча жиддийлигини кўрсатади: «...бу йилларда такосур бирла ойдин-ойға босилатурғон фаръ нусхалар халқнинг эътиносизлиғи сабабидин шундоқ жалилул-қадр китобнинг ғалатларин биттазоъуф орттируб, билкуллия аслини хароб қилғонлар...»
Дарҳақикат, «Саботул-ожизин»нинг хоҳ қўлёзма, хоҳ бос­ма нашрлари бўлсин, юқорида таъкидлаганидек, барчаси хатою камчиликлардан, ҳарф ва сўзларни ўзгартириш ёки алмаштиришлардан холи эмас.
Афсуски, бу «анъана» ҳалигача давом этяпти. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун «Саботул-ожизин»нинг 1991 йил «Чўлпон», сал кейинроқ «Меҳнат» нашриётлари томонидан кирилл алифбосида нашр этилган нусхаларини ўқиш кифоя. Ачинарлиси, қачонлардир котиблар содир этган хатоларни қайта такрорлаш камлик қилганидек, айрим сўзларнинг нотўғри ёки тахминий ўқилиши матнни аслиятдан янада узоқлаштирган, оқибат, мазкур нашрларнинг илмий қиммати пасайган.
Аммо, Сўфи Оллоёрнинг илмий-адабий меросини матншунослик нуқтаи назаридан ўрганиш қанчалик оқсамасин, сўнгги йилларда адабиётшунослик, тилшунослик йўналишиг да Сўфи Оллоёр ижоди, хусусан, «Саботул-ожизин» асари билан боғлиқ бир неча тадқиқотлар қилинди, илмий конференциялар уюштирилди.
Бу саъй-ҳаракатлар савиясидан қатъий назар таҳсинга лойиқ. Негаки, ният холис, кўзланган мақсад аниқ. Қолаверса, бу эътибор халқимизнинг ички эҳтиёжига мувофиқ кечяпти, маънавий бўшлиқни тўлдиряпти. Балки, биз «номукаммал, хатолари ғиж-ғиж», деб таърифлаётган нашрларнинг бугунгача турли йуллар билан қайта-қайта чоп қилинаётгани диёнатли халқимизнинг Сўфи Оллоёрга, «Саботул-ожизин»га бўлган муҳаббатидан бўлса, ажаб эмас. «Саботул-ожизин»нинг ҳали илмий-танқидий матни тайёрланмасдан номзодлик, ҳатто докторлик иши даражасида тадқиқот объектига айланишининг сабаби ҳам, балки, шу жиҳат билан изоҳланар.
Сўзимиз аввалида «Саботул-ожизиюти тўла маънода англаш хусусида гапирган эдик. Улуғларлардан бири: «Саботул-ожизин» мағзи Қуръондир» деган экан. Демак, бу мағзга етиш байт мазмунини шарҳлаб, ундаги тасвир воситаларини санаш билангина амалга ошмайди. Балки, байтларга яширин сирлар тафсир ёрдамида очилади, нозик ва чигал маънолар ҳикматини ҳадислар чақиб беради, шарҳлайди. Ана шундагина Сўфи Оллоёр шахси, унинг ижодий куввати бутун қирралари билан намоён бўлади, тилидаги фасохат ва балоғат тўла англанади.
«Саботул-ожизин»нинг Сиз азизларга тақдим қилинаётган ушбу нусхаси ЎзР ФАШИ фондида сақланаётган, турли даврларда кўчирилган 94 та қўлёзма, 61 та тошбосма ва шахсий кутубхоналарда мавжуд матнларни ўзаро қиёслаш натижасида тайёрланди.
Муқояса жараёнида матн тарихи яхлит контекстуал, палеографик, хронологик, биографик ва географик аспектда атрофлича ўрганилди. Тадқиқотга жалб этилган 150 дан ортиқ нусханинг умумий ва фарқли жиҳатлари матншунослик нуқтаи назаридан изчил текширилди ва 25 та (15 та кўлёзма, 10 та тошбосма) нусха қиёсий тахлил объекти сифатида танланди. Узлуксиз мурожаат учун сараланган бу манбалар муайян принципиал хусусиятларига кўра уч қисмга ажратилди:
А - асос нусха (3 та);
Б - таянч нусха (8 та);
В - ёрдамчи нусха (14 та).
Мазкур нусхаларнингҳар бири ўз гуруҳида битта етакчи нусха атрофида марказлашди.
Маълумки, кўп нусхали матн устида ишлаш, айниқса, унинг илмий-танқидий матнини тайёрлаш бутун «инжиқлик»лари билан ўта нозиква масъулиятли, тўхтовсиз аниқлик ва интизом талаб этувчи «заҳматялари билан ўта машаққатли, аммо сермаҳсул меҳнатдир.
Меҳнатимизни самарали қилган Зотга шукрлар бўлсинки, бугун «Саботул-ожизинянинг имкон қадар аслиятга яқин, илмий изоҳлар билан таъминланган ишончли матни юзага келди. Шак йўкки, ҳар қандай ишда Яратувчидан бўлак ҳеч ким мукаммаллик даъвосини қилолмайди. Албатта биз ҳам бу даъводан йироқмиз. Аксинча, «Саботул-ожизин» матни бўйича олиб борилаётган тадқиқотларнинг навбатдаги босқичи энди бошланди. «Саботул-ожизин»нинг уч хил (кирилл, лотин, араб) алифбосидаги, шарҳли изоҳ ва илмий таснифлар билан бойитилган, матний тадқиқ нати­ясалари акс этган жадвалларни ўз ичига олган илмий-танқидий матни фундаментал тадқиқот сифатида нашрга тайёрланмоқда.
Азиз китобхон! «Саботул-ожизин»нингушбу нашри эса хайрли ишлардан даракчи, балки маърифатсевар халқимизга бир «суюнчи» сифатида тақдим этилаётир.

Рашид Зоҳид

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўртинчи бобОврўпо асриБиринчи фаслМоддиюнчи ОврўпоҒарб цивилизациясининг табиати ва тарихиДунёнинг ақл тарзи, халқлар ва элатларнинг ахлоқи, маданият, жамият, давоми...

5654 05:00 / 11.03.2017
Машаққат меҳнатдан мумдек эригай,Ношуд кетмон тутса илдиз чиригай,Оқибат ўртанса, қадр қаригай,Агар юргинг келса бахтнинг изидан,Офтоб аритмагин кўнгил давоми...

966 14:46 / 07 январь
Дилни изҳор айламоққа сўзни яратди, Сўзни бесўз айтмоқликка кўзни яратди. Сўз билан сўз маъносининг фарқи бисёрдир, Мисол қилиб атлас билан бўзни яратди. давоми...

947 11:08 / 20 май
Оврўподаги миллатчилик Черковнинг мағлубияти мутаассиблик, миллатчилик ва ирқчиликнинг кучайишига сабаб бўлдиМиллатчилик, ирқчилик, халқ ва жўғрофий давоми...

5165 05:00 / 11.03.2017