1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Пушкин ва Қуръон

14:00 / 09.06.2023 2666 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)


Ҳар бир даврнинг зиёлиси учун ўзга юртлар тарихи, маданияти, илму фани ва адабиёти билан қизиққан. Мисол учун, Шарқ ренесанси олимлари антик давр вакилларининг асарларини ўқиб, буюк кашфиётларга қўл урган бўлсалар, йиллар ўтиб, европалик мутафаккирлар шарқлик ҳамкасбларидан илҳомланиб Уйғониш даври ихтироларини амалга оширишган. Худди шундай «сценарий бўйича» XIX асрда рус адабиёти намояндалари Фирдавсий, Ҳофиз, Саъдий, Жомий, Румий каби Шарқ адиблари асарларини ўрганишга киришиб кетдилар. Улар сафига замонавий адабий рус тили асосчиларидан бири – Александр Пушкинни ҳам қўшиш мумкин. Эътиборлиси, Пушкин ҳам таниқли олмон шоири Иоганн Вольфганг фон Хёте сингари Қуръони Карим оятларидан таъсирланиб, Исломни мадҳ этувчи асарлар ёзди. Хусусан, Хёте «Ғарб ва Шарқ девони»ни ёзган ҳолда, Пушкин «Қуръондан иқтибос» шеърий туркумини чоп эттириб, бу борадаги мақсадларига эришдилар.


Шу ўринда Александр Пушкиннинг Шарққа нисбатан қизиқиши унинг Россия жануби – Шимолий Кавказ ва Қримга амалга оширган саёҳатлари пайтида туғилганини айтиб ўтиш мумкин. Мазкур сафарлари мобайнида ана шу ҳудудлардаги масжидларга кириб кўрган шоир у ерда ибодат қилаётган мусулмонларни кузатди, уларнинг тиловатларини эшитди, турмуш тарзларини ўрганди. Айна ўша пайтларда ижодкор қалбида «Кавказ асири», «Боғчасарой фонтани», шунингдек, «Қуръонга иқтибос» шеърий асарларни ёзиш фикри уйғонган бўлса, ажабмас.


Пушкиннинг Шарққа боғланиб қолгани, Ислом динига, Расуллулоҳ солаллоҳу алайҳи вассалламга мафтунлиги унинг замондошларини бефарқ қолдирмади, албатта. «Шарқ каломи мен учун андозага айланди, – дея эътироф қилган эди у шоир Денис Давидовга ёзган мактубида. – Бундан биз – эҳтиёткор ва совуққон оврупаликлар қанчалик фойдаланишимиз мумкинлигини билсангиз эди». Дўсту биродарлар Пушкинни «Муҳаммаднинг ҳаворийси» деб атаб, шоирнинг аждодлари арабларга бориб тақалиши бежиз эмас эканлиги ҳақида ёзишарди. Ўз навбатида, Пушкин араб бобосига мансуб аждодлар шажарасининг тўртинчи бўғини бўлганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Яъни Пушкиннинг онаси Надежда, Надежданинг отаси Осип, Осипнинг отаси Иброҳим ибн Ҳанбал (Ганнибал)* эди.


Пушкин Михайловское қишлоғида яшаган даврида (1824 йил) Иброҳим Ҳанбалнинг Пётр исмли иккинчи ўғли тирик бўлган. Александр катта буваси билан боғлиқ маълумотларни мана шу кекса амаки-бобосидан олган. Пушкиннинг томирларида оқиб турган ҳабаш қони уни ҳамиша Шарқ ўлкаларига тортар, ҳатто у жанубда сургунда юрган пайтларида Шарққа қочиб кетишни ҳам хаёлидан ўтказган. Шу вақтда у Константинополни кўришни, Африка осмони остида сайр қилишни орзу қилган. Шоирнинг рақиблари уни масҳаралаб, «Искандар Африкавий» деб аташарди.


Адабиётшунос олима Дилбар Қамбарова «Қуръон бахш этган илҳом» деган китобида таъкидлашича, Пушкин Қуръон таълимоти ҳақидаги дастлабки маълумотларни лицейда таҳсил олиб юрган пайтида, таълим маскани мударриси, шарқшунос олим И.Кайданов маърузалари ва дарсликларидан олган. Лекин 1824 йилга келибгина, яъни Михайловское қишлоғига сургун қилинган пайтда Қуръонни мустақил ўрганиш ва илмий жиҳатдан ўзлаштиришга муваффақ бўлган. Бу вақтда Пушкин бу улуғ китобнинг М.Верёвкин таржимасидан фойдаланган. Қуръондаги мўъжизавий илоҳий қудрат шоирнинг шеърий тафаккури лавҳига муборак сўзларни нақш ўйгандек ўчмас қилиб чизади. Натижада «Қуръондан иқтибос» асари дунёга келади. Асар Пушкиннинг жуда теран мулоҳазалари асосида тузилган.


Шеърий туркум тўққиз иқтибос – бўлимдан иборат бўлиб, ушбу мақолада уларнинг айримларини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.


Масалан, шоир асарнинг биринчи иқтибосида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам ҳаётларининг бошланғич даври ҳақида маълумот беради ва шеърни ёзиш давомида Қуръоннинг бир нечта суралардаги оятлардан фойдаланади:
 
Клянусь четой и нечетой,
Клянусь мечом и правой битвой,
Клянусь Я утренней звездой,
Клянусь вечернею молитвой.

Клянусь четой и нечетой...
(Қасамёд этаман) жуфт ва тоқ нарсаларга (Фажр сураси, 3-оят).
Клянусь Я утренней звездой...
 (Нури ўткир юлдуз билан (қасамёд этаман) (Ториқ сураси, 3-оят).
Клянусь вечернею молитвой...
(Аср (намози)га қасамки (Аср сураси, 1-оят).

Биринчи бўлимнинг иккинчи бандидан бошлаб бевосита «Зуҳо» сурасининг мазмуни баён қилинади. Маълумки, «Алақ» сурасининг дастлабки беш ояти нозил бўлганидан кейин ваҳий узилиб қолган.

 Жаброил алайҳисалом Қуръон оятларини хабар қилмай қўйган. Ушбу ояти карима Қуръоннинг биринчи оятлари нозил бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир муддат ваҳий тушмай қолиб, у зот алайҳисалом маҳзун бўлганларида, мушриклар «Муҳаммаднинг Роббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди», деб гап тарқатганларида раддия сифатида тушган. Аллоҳ таоло Ўзининг махлуқотларидан бўлмиш чошгоҳ ва тун билан қасам ичиб, Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ғазаб қилмаганини ва у зотни тарк ҳам этмаганини таъкидламоқда. Ваҳийнинг бир муддат узилиб қолиши эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга шавқларини яна ҳам ошириш учун бўлган, холос:
Нет, не покинул Я тебя,
Кого же в сень успокоенья
Я ввел, главу его любя,
И скрыл от зоркого гоненья?
Не Я ль в день жажды напоил
Тебя пустынными водами?
Не Я ль язык твой одарил
Могучей властью над умами?
Мужайся ж, презирай обман,
Стезею правды бодро следуй,
Люби сирот и Мой Коран
Дрожащей твари проповедуй.

Айтчи, сени қачон тарк этдим,
Мен гўшаи таскин ичра айт,
Бошин силаб кимни беркитдим,
Синчил нигоҳ таъқиб этган пайт.
Мен эмасми, сен ташна учун
Саҳро сувин йўқдан бор қилган?
Мен эмасми, тилингни бутун
Ақлларга ҳукмдор қилган?
Мардона бўл, ёв билан ёлғонни
Ҳақ йўлидан дадил юр марғуб
Етимларни суюб, Қуръонни
Қулларимга айлагил тарғиб. 

Учинчи иқтибоснинг бир бандини шоир «Бақара» сурасининг 256-оятига бағишлайди. Мазкур оятда Аллоҳ таоло: «Динга мажбурлаш йўқ», деб таъкидлайди. Пушкин бу қуръоний қоидани қуйидагича ёзади:
С небесной книги список дан
Тебе, Пророк, не для строптивых;
Спокойно возвещай Коран,
Не пробуждая нечестивых! 

Каломуллоҳ, сенга, пайғамбар,
Берилмаган шаккоклар учун.
Тарғиб айла Қуръонни магар
Осийларни зўрламоқ нечун.
Учинчи иқтибоснинг кейинги бандларани ёзишда Пушкин «Абаса» сурасининг 17–31 оятларини асос қилиб олган. Мазкур оятларда Аллоҳ инъом этган ризқ-рўз учун Раббига шукрона келтириш ўрнига ўзини яратган – йўқдан бор қилиб, сўнг ўлдирувчи, қиёмат куни қайта тирилтирувчи Холиқни тан олмайдиган даражада туғёнга кетган кишиларнинг итоб этилиши батафсил баён этилган: 
«Инсонга лаънат бўлсин, бунча ҳам кофир бўлди-я! У Зот уни қайси нарсадан яратди? Уни нутфадан яратди ва уни ўлчовли қилди. Сўнгра (чиқиш учун) йўлни осон қилди. Сўнгра уни ўлдирди ва қабрга киритди. Сўнгра қачон хоҳласа, уни қайта тирилтиради. Йўқ! У (У Зот) унга буюрган амрни бажармади.

 Инсон таомига бир назар солсин. Биз сувни роса қуйиб қўйдик. Сўнгра ерни ўзига хос ёрдик. Унда донни ўстирдик ва узум ва кўкатларни ва зайтун ва хурмоларни ва қуюқ, қалин боғу бўстонларни ва мева-чеваю ўт-ўланларни…»

Почто ж кичится человек?
За то ль, что наг на свет явился?
Что дышит он недолгий век,
Что слаб умрет, как слаб родился?
За то ль, что Бог и умертвит
И воскресит его – по воле
Что с неба дни его хранит
И в радостях и в горькой доле
За то ль, что дал ему плоды,
И хлеб, и финик, и оливу,
Благословив его труды,
И вертоград, и холм, и ниву?

Кеккаяди нечун инсон зиёда?
Бу оламга одам ялонғоч келиб,
Беш кунгина яшаб фоний дунёда,
Ўлгани учунми ожиз, ожиз туғилиб?
Аввал солиб ўлим гирдобига,
Сўнг жон ато этганигами?
Қувонч, ғамин ёзиб арш китобига
Қисматига жо этганигами?
Ё бергани учунми ризқ-рўз,
Зайтунни ҳам, хурмо, нонни ҳам,
Меҳнатни олқишлаб бесўз,
Токзорни ҳам, пайкал донни ҳам.

«Абаса» сурасининг 33–42-оятларида қиёмат куни Исрофил алайҳисалом сурни (икки марта) чалишлари, иккинчи сур чалинганидан кейинги содир бўладиган манзаралар ҳақида баён этилади:
«Вақтики кар қилувчи овоз келса, у Кунда киши ўз ака-укасидан қочади ва онаси ва отасидан ва хотини ва бола-чақасидан. У Кунда улардан ҳар бир кишини овора қилувчи ўз иши бор. У Кунда порлоқ чеҳралар бор – кулувчилардир, хушхабардан хурсандлар. У Кунда ғубор босган чеҳралар бор – устини зулмат қоплаган. Улар – ана ўшалар кофирлар ва фожирлардир».
(Давоми бор)


«Ҳилол» журналининг 3(48) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
НИКОҲНОМА ҲАҚИДАМустақиллигимиз шарофати билан бир пайтлар ҳалқимизнинг дилидаги армонлари рўёбга чиқа бошлади,яъни мусулмонларимизга берилган кенг давоми...

4448 05:00 / 07.03.2017
Тўртинчи бобОврўпо асриБиринчи фаслМоддиюнчи ОврўпоҒарб цивилизациясининг табиати ва тарихиДунёнинг ақл тарзи, халқлар ва элатларнинг ахлоқи, маданият, жамият, давоми...

5654 05:00 / 11.03.2017
Навоийни танимоқ бўлсак, Машҳур номи сўзлайди ундан. Қайга боқма кўча, боғу роғ, Аталади вилоят, туман. Шоирлар ким mdash қалби ёзади, Қаламқоғоз фақат таржимон. Соф давоми...

1245 12:00 / 09 февраль
Халқ орасида .Сўфи Оллоёр, номи билан машхур .Саботуложизин, асари Мовароуннаҳр ўлкаларида XX асрга қадар мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган. Ўкувчилар давоми...

8171 05:00 / 07.03.2017