1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

"Умматим, денг..." (шеърлар тўплами) 7

05:00 / 07.03.2017 5022 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЎРИНБОСАР БЎЛ!

Кулгингдан айланай, дилбандим маним,
Азиз жигарбандим, фарзандим маним,
Унутма шул эрур дил пандим маним:
Мардликда Темурга ўринбосар бўл!

Болам, насиҳатим илгин қулоққа:
Кўнглингни бузмагил ишқий фироққа,
Элинг хизматини қўйиб дудоққа
Камида Бобурга ўринбосар бўл!

Ғазал бўстонида сайр эту, аммо,
Ҳар бир сатр дилна айласин раво!
Ёт эл даҳоларин излама асло,
Бобонг Навоийга ўринбосар бўл!

Фақат ўйлайвермай танда сиҳатни,
Ўзингда жо айла буюк сифатни:
Илм бўстонида билмай роҳатни
Имом Бухорийга ўринбосар бўл!

Унут беш кун давом этар сафони,
Куйлама, ўткинчи ёлғн навони!
Қалбингдан излагин жами давони
Ибн Синоларга ўринбосалар бўл!

Эл дарди фақат мард кўксига кирар,
Фақат шу дард учун йиғлаб ҳайқирар.
Замин остидан ҳам ўгитлар берар
Буюк Куброларга ўринбосар бўл!

Болам, фиғон чекма дил хунобига,
Номангни тўлдиргин ахд савобига!
Ҳисоб бер ҳамиша эл хитобига
Ўтмиш даҳоларга ўринбосар бўл!

МАНЗИЛГОҲИМ...

Яшагандек руҳ ила жон
Шу ватанда топдим макон,
Ўзимни бир таништирай:
Манзилгоҳим – Ўзбекистон!

Водийим бор, райҳоннамо,
Пойтахтимга кулар само,
Қаршим гўзал воҳа, аммо
Манзилгоҳим – Ўзбекистон!

Сурхоним кўз тўймас қараб,
Бухорога илҳақ араб!
Келсангиз гар мени сўраб,
Манзилгоҳим – Ўзбекистон!

Азаллардан халқим дейди:
“Ажралганни айиқ ейди!”
Менга шу бир сўз татийди
Манзилгоҳим – Ўзбекистон!

Қуқоним деб ажратиш не,
Жонни жонга қайратиш не,
Маҳаллам деб қаратиш не...
Манзилгоҳим – Ўзбекистон!

Анжанчам ҳам ўзимники,
Жиззахларим кўзимники,
Ким бўлса ҳам сўзимники:
Манзилгоҳим – Ўзбекистон!

Муштоқдирман ҳурматимга,
Ўзбек деган миллатимга,
Ёзадурман ҳужжатимга
Манзилгоҳим – Ўзбекистон!

Шевам шудир, тил бураманг,
Аслимга ҳам кўп қараманг,
Қаердансан, деб сўраманг,
Манзилгоҳим – Ўзбекистон!

Дунё узра ушбу садо
Таралсин то тугар дунё:
Катта бобом сизга бобо
Манзилгоҳим – Ўзбекистон!

ШУНИНГ УЧУН

Асли «Ватан» сўзи «тан»дан олинган,
Шу боис ватанни севиб қолинган.
Ҳар қарич еримга бошлар солинган...
Ватанни севаман мен шунинг учун!

Дунёни забт этди бобом ноласи,
Барчага бирдай хат бир рисоласи!
Бухорий деб йиғлар араб боласи
Ватанни севаман мен шунинг учун!

Дунё истаганда илму, шифолар,
Шарт эмас эдику баланд бинолар
Ҳар маҳалладан бир ибн Синолар...
Ватанни севаман мен шунинг учун!

Фикрни оятга улар Беруний,
Бу ҳолдан орзуга тўлар Беруний
Ер шари устида кулар Беруний
Ватанни севаман мен шунинг учун!

Яссавий, Кубро ва Румийлари бор
Бу миллат бир куни кўрсатгай виқор,
Бошида мусибат куни ҳам бисёр...
Ватанни севаман мен шунинг учун!

Фаранглар Темурга ўрнатиб ҳайкал,
Буюк юришларни гўё этди ҳал.
Тунлари шаънингга битиблар ғазал,
Ватанни севаман мен шунинг учун!

Навоий Хиротда ҳамон дарс берар,
Луғатшуносларга сўздан қарз берар,
Газал минбаридан бизга фарз берар...
Ватанни севаман мен шунинг учун!

Дунё лол Бобурнинг дод фироқига,
Фойдаси текканда ёт бир халқига!
Бир ҳинд дуо қилса унинг ҳақига...
Ватанни севаман мен шунинг учун!

Чўлпон отилган кун, у сотилган кун,
Аламлар кетидан ғам тотилган кун,
Ўлим эвазига уйғотилган кун...
Ватанни севаман мен шунинг учун!

Бугун юртим озод ва кўркам, обод,
Ҳар кимда ўзига ёр бир эътиқод,
Хизмат қилишликка имкон умрбод!
Ватанни севаман мен шунинг учун!

МИЛЛАТ

Бобо Темур пичирлаб айтган
Бир калом бор калбим каърида:
«Улусингиз хурмати учун
Малхам булинг элнинг дардида!

Турфа хиллик ҳолга шай туринг,
Ўзни бунга мажбурлаб юринг.
Бозорларни бир четга суринг,
Малхам бўлинг элнинг дардида!

Аёлингиз завқин унутинг,
Хаёлингиз шавқин унутинг,
Қўлни қўлга сиз маҳкам тутинг,
Малхам бўлинг элнинг дардида!

Гаштакларда отингиз ҳандон,
Зиёфатда ўлтуриб шодон,
Тинч маҳалда яшангиз обдон,
Малхам бўлинг элнинг дардида!

Тўй ҳашамни қолдирманг асло,
Оёқларни толдирманг асло.
Сизга қараб қолса эл аммо
Малхам бўлинг элнинг дардида!

Зарчопону, зарбоп тўнларни
Ирғитиб сиз чекиб унларни,
Ажратмайин кундан тунларни
Малхам бўлинг элнинг дардида!

Хайр ишда Худо ёр бўлсин,
Ўзбек деган миллат бор бўлсин,
Ёв нигоҳлар буткул хор бўлсин,
Малхам бўлинг элнинг дардида!

Соғунийлар яшаган шундай,
Умрин элга тўшаган шундай,
Азизларга ўхшаган шундай -
Малхам бўлинг элнинг дардида!

Сўзим топиб бормоқда поён,
Бу - ҳақиқат, унда йўқ гумон.
Бутун бўлсин десангиз иймон
Малхам бўлинг элнинг дардида!

ЖОНДАН АЗИЗ

Дарддан устун кулгуларим топтаманг,
Кулгу бўлган қайғуларим топтаманг,
Изн йўқдир сизга изн сўрашга,
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Ундаманг сиз виждонимни хорларга,
Фахшиётнинг гирдобига чорларга!
Иймонимни алишмасман зарларга,
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Гулсанамлар гул айласин хонамни,
Алишмасман уларга бир донамни -
Ҳаммасидан устун қўйгум онамни...
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Енгил нафас олгум адир, қиримда,
Бул босафо ҳаво бордир теримда!
Ўз тилимда сўйланг маним еримда
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Кўзларимдан дув оқизиб жоламни
Тун қўйнида дуо қилсам боламни,
Тупроқларга уриб қалбий ноламни,
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Оғир дамда шилинган бир пўстимни,
Соғинганман мендан олис дўстимни,
Ёмонламанг шу бир холис дўстимни!
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Ман ўзимга берилган бу ҳаётни
Ўзим яшай! Ҳеч сўраманг саботни!
Сиздан асло тиламагум нажотни
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Хорламасман барибир иймонимни,
Топтамасман барибир виждонимни
Тортиб олинг майли сўнгги нонимни...
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

ФАРЗАНДЛАРГА НАСИХАТ.

Онт ичинг ватанни сотмайман, дебон,
Эгнимдан кафанни отмайман, дебон,
Булғатиб чаманни, ётмайман, дебон,
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

Онт ичинг кўнгилни топтамайман, деб,
Қабиҳ таклифларга «хўп» демайман, деб,
Бу равон йўлимдан тўхтамайман, деб,
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

Онт ичинг, юракни хор этмасликка,
Энг гўзал тилакни зор этмасликка,
Чекинмасликка ва ор этмасликка
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

Онт ичинг, болангиз етук ўсар, деб,
Энг мушкул тўғонни осон тўсар, деб,
Камида Бобурга ўринбосар, деб,
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

Онт ичинг, кетар чоғ кўнглим бўлсин тўқ,
Қалбингиз тўридан жой олган бу чўғ -
Буюк таълимотда орқага йўл йўқ,
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

ЎРГИЛОЙИН.

Ҳар қарич ерингдан ўргилойин-эй!
Мингдан кўп сирингдан ўргилойин-эй!
Ҳатто эрта саҳар эгнимга қўнган
Чанглару, кирингдан ўргилойин-эй!

Гулларнинг бағрига тўкилган доғим,
Эрам саройидан чиройли боғим,
Вужудан аслимсан, она тупроғим,
Ҳар қарич ерингдан ўргилойин-эй!

Ўтмишим кўзгуга этганда ханда,
Тушларимга кирар қадимий жанда!
Бобомларим қони қуриган санда,
Ҳар қарич ерингдан ўргилойин-эй!

Кечаги кунингга термулдим такрор,
Бир онинг минг йиллик муддатга ҳам тор,
Соғуний соғиниб яшаган диёр
Ҳар қарич ерингдан ўргилойин-эй!

Таърифинг тополмас энг чиройли тил,
Сени ром этолмас туйғулар ботил...
Ҳар маҳалла ичра туғилар Бедил
Ҳар қарич ерингдан ўргилойин-эй!

Ҳеч ким айтолмагай таърифинг тугал
Рим ҳам туюлади қаршингда дағал,
Фурқатинг фироқда инграган маҳал
Ҳар қарич ерингдан ўргилойин-эй!

Сени эсладиму, кўзгинамда нам,
Азизимсан ўзинг мисоли онам.
Бугун пойимдаю, эртан бошпанам
Ҳар қарич ерингдан ўргилойин-эй!

... Ҳар қарич ерингдан ўргилойин-эй!
Мингдан кўп сирингдан ўргилойин-эй!
Ҳатто эрта саҳар эгнимга қўнган
Чанглару, кирингдан ўргилойин-эй!

СОҒИНЧ

Ватанни соғиниш нимадир асли
Чанқаган маҳали сув топган мисол
Ёки ошиқларни қийнаган васли
То тонгга улашган ҳаёлий висол.

Ватанни соғиниш нимадир, дўстлар
Итариб юборган жами қўрқинчни?!
Ҳатто китобларда энг гўзал сўзлар
Изоҳлаб беролмас ушбу соғинчни!

Ватанни соғиниш нимадир, балки
Оғиз етганидир тансиқ таомга?!
Ё Зумрад нигоҳин қуршаган кулги
Кўзи тушганида таниш бир томга!

Ватанни соғиниш нимадир? Топдим!
Қувончдан кўз тугул, юракда ҳам нам:
Бағрида кўзимни индамай ёпдим
У мени эъзозлар иккинчи онам!

Ватанни соғиниш тушса гар дилга
Қарши бўлолмагай энг ёвуз қўрқинч.
Ишонинг, дунёда бирон бир тилга
Таржима қилинмас ягона соғинч!

Бек!

Қаддингни тут тек, ўзбегим
Йўлинг эрур эрк, ўзбегим!
Асрларни ортмоқлаб
Ўзингга бўл бек, ўзбегим!

Йўқотар бир бор асо кўр,
Ямалмайди йиртилган тўр,
Ўзинг экканинг ўзинг ўр,
Ўзингга бўл бек, ўзбегим!

Бир хил яша қиш-ёзингда,
Фарқ бўлмасин кўп, озингда!
Қишлоғингу, марказингда
Ўзингга бўл бек, ўзбегим!

Ҳур яшамак одат бўлсин,
Топганинг саодат бўлсин,
Ўтмиш санга ибрат бўлсин
Ўзингга бўл бек, ўзбегим!

Ҳукм берма шоша-пиша,
Ўз вақтида ёр андиша!
Ҳаққинг таниб ол ҳамиша
Ўзингга бўл бек, ўзбегим!

Кўриб бахтинг кўзим юмай,
Ювошлигинг ерга кўмай!
Бировга ёмон қарамай
Ўзингга бўл бек, ўзбегим!

Қаддингни тут тек, ўзбегим,
Йўлинг эрур эрк, ўзбегим!
Асрларни ортмоқлаб
Ўзингга бўл бек, ўзбегим!

СОТИБ БЎЛМАЙДИ!

Ўзга эл эртагин билишлик мумкин,
Оғир сулхларга келишлик мумкин,
Гунох килиб тавба қилишлик мумкин,
Лек Ватанни сотиб бўлмайди асло!

Қолмайин десангиз виждон доғига,
Қоврилиб яшанг сиз элнинг ёғига!
Кирмаслик мумкиндир севги боғига,
Лек Ватанни сотиб бўлмайди асло!

Дардин айта олмай қалбий навода
Гулларни хидлашлик жоиз хавода!
Шеър ёзмаслик мумкин одам дунёда,
Лек Ватанни сотиб бўлмайди асло!

Мардлар силсиласи бу ишга бормас,
Улар ёт манзилга сира ҳам зормас!
Ота ҳовлисини ҳам сотишлик ормас,
Лек Ватанни сотиб бўлмайди асло!

Ватанни сотганлар охири гадо!
Аввалу, охири қилгани хато!
Ҳаёт - жонни сотиш учун бир савдо,
Лек Ватанни сотиб бўлмайди асло!

Баъзида қалб титраб бўшашлик мумкин,
Соддадил туйғуни тўшашлик мумкин,
Оддий одам бўлиб яшашлик мумкин,
Лек Ватанни сотиб бўлмайди асло!

ФИДОЛИК

Беш кунлик дунёни билмангиз ҳазил,
Акс ҳолда йиғлаб егайсиз таъзир!
Нозик бир туйғуни пичирлаб айтгум:
Ватан жонни фидо этишга арзир!

Тунлари дод чекар нолангиз учун,
Жойнамозга томар жолангиз учун,
Сизга бир термулган болангиз учун
Ватан жонни фидо этишга арзир!

Адоват пичоғин солиб қинларга,
Юракни бой берманг ҳасад-кинларга!
Куйинманг куйдирма нозанинларга,
Ватан жонни фидо этишга арзир!

Эл дардида яшар билгай не тахсин!
Бул маскан қадри зўр, билганлар қайтсин,
Тарих тилга кирсин, келажак айтсин:
Ватан жонни фидо этишга арзир!

Қалб тўрида ётган буюк халқ дарди,
Бу ҳолни ҳис қилар элимнинг марди!
Буюк боболарга мос бўлиш шарти:
Ватан жонни фидо этишга арзир!

ХУДО ЎЗИ ХОҲЛАСА

Худо ўзи тақдирда тақсимотни белгилаб,
Ношукр элга албатт, жоҳил, золимни бергай!
Мен негадир шу алфоз сўрарман ундан йиғлаб,
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Бухорийдек, Темурдек қалби солимлар бергай!

Кимларгадир шуъурдан, яловлардан насиба,
Узоқ Шарқ даласига қировлардан насиба!
Японларга тез юрар уловлардан насиба...
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Навоийдек, Бобурдек қалби солимлар бергай!

Қай элда буюк санъат – йиғламаклик ё кулиш,
Фаранги қиз кулгуси мисоли ойдек тўлиш,
Қора қитъа жасурлик, қувватдан олса улуш,
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Форобию, Синодек қалби солимлар бергай!

Форс диёри балоғат саҳнида этса ҳиром,
Соҳир оҳанглар ила айласа бизни тамом,
Мен йиғлагум “ўзбекка яна бергин деб Имом”...
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Термизийдек, Кубродек қалби солимлар бергай!

Ғарб дунёга дарс берсин майли табобатлардан,
Пушкин туққан рус эли жўшсин балоғатлардан,
Жоним бугун бўғзимда асрий ҳақоратлардан,
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Замаҳшарий, Румийдек қалби солимлар бергай!

Эрта тонгда шу туйғу ўрнашибди дилимга,
Охир йиғлаб бул ҳисни чиқордим ман тилимга:
“Икки дарё орасин” буркаб тамом илмга
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Бухорийдек, Темурдек қалби солимлар бергай!

СОҒИНИБ ЯШАЙМАН...

Титратиб қалбдаги эзгу, иймонни
Арзир фидо қилмак тан ила жонни
Тунлари боламга билдирмай ҳатто
Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!

Гулларнинг сарвари ташласа қиё,
Унга тикилмакдан қилурман ҳаё.
Пойимда тўшалган бўлса ҳам дунё
Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!

Кўзим тушганида кулган нигоҳа
Қўлимда гуллаган турфа хил соҳа,
Тушларимда кезиб водию воҳа,
Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!

Туғилган заминдан чиққан бир гардни
Олтинга алишмай ўтган бир мардни,
Аёлим тушунмас мандаги дардни
Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!

Қалбимни эзғилар турфа химматлар,
Эришдек туюлар етук хизматлар,
Дастурхоним тўла нозу, неъматлар
Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!

Инсофи бор кимса ватан демасми,
Ҳамиша элининг ғамин емасми,
Ҳамма ерда тупроқ бир хил эмасми,
Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!

Кулманг ҳолатимга кулгунимгача
Гўдак нигоҳидек тўлгунимгача...
Англадим охири - ўлгунимгача
Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!

ЎРГАН

Улуғ зотларингга ўхшашга ўрган,
Тўнингни етимга тўшашга ўрган,
Ғорларга беркиниб кун кечирмасдан,
Элнинг қучоғида яшашга ўрган!

Маъниси ғазалдан тўлиғроқ бўлган,
Дарди сўл тарафдан сўлиғроқ бўлган,
Қадри осмонлардан улуғроқ бўлган
Элнинг қучоғида яшашга ўрган!

Қалбингга тамоман бўлмай кушанда
Ёлғон ҳислар ила кезма гулшанда!
Навоий тушингга кирар ўшанда
Элнинг қучоғида яшашга ўрган!

Заҳматдан қочгувчи бўлма қаландар,
Бу ватан хизмати буткул баробар!
Гапирма, воизлик қилма, биродар,
Элнинг қучоғида яшашга ўрган!

Асрий чигалларни ёпмоқ истасанг,
Нам босган заминни ўпмоқ истасанг,
Ҳақиқий ҳаловат топмоқ истасанг
Элнинг қучоғида яшашга ўрган!

Биродар, ўшанда ўйнаб куласан,
Юрак зарбини ҳам тинглаб биласан,
Ўшанда чинакам Маҳмуд бўласан
Элнинг қучоғида яшашга ўрган!

ВАТАН…

Лойига қоришган бугун руҳ ва тан,
Ечилмай эзилган тугун руҳ ва тан!
Пойингда терилган суяклар кўрдим,
Сен ўзи недирсан, тушунтир, Ватан?!

Кўнгилга татимас қасрлар ўзга,
Таърифингга тил ҳам ўтолмас сўзга,
Қоп-қора ерингни суртарлар кўзга
Сен ўзи недирсан, тушунтир, Ватан?!

Ерингда гадойлар куларлар нега,
Сендан айри шоҳлар сўларлар нега,
Шаҳидларинг кулиб ўларлар нега
Сен ўзи недирсан, тушунтир, Ватан?!

Бир қарич ерингга тугаб таърифлар,
Навоий луғатин тамом сарифлар.
Хизматингга шайдир ҳатто орифлар,
Сен ўзи недирсан, тушунтир, Ватан?!

Ёвларинг парчалар қаҳр бор санинг,
Қаҳрингдан устунроқ меҳр бор санинг.
Бағрингда қандайин сеҳр бор санинг,
Сен ўзи недирсан, тушунтир, Ватан?!

Қайнатиб совиган илиқ қонимни,
Аслига қайтариб нур иймонимни,
Фидо қилмоқчиман ҳатто жонимни
Сен ўзи недирсан, тушунтир, Ватан?!

Сўзим интихоси манзилга келмас,
Ошиқлар дардингда менчалик эмас,
Ҳатто маҳбубам ҳам сенчалик эмас,
Сен ўзи недирсан, тушунтир, Ватан?!

БИР КУН

Бухорийни аллалаган юрт,
Термизийни аллалаган юрт,
Фаробийни аллалаган юрт,
Яна қайтар бир кун аслига!

Навоийга ҳарф ўргатган,
Тўғри йўлни кулиб кўрсатган,
Атрофига зиё таратган
Яна қайтар бир кун аслига!

Тотиб кўргач ҳаловат таъмин
Кўтарганди ер аҳли ғамин.
Дунёларга пешқадам замин
Яна қайтар бир кун аслига!

Булбулни жим қўшиқ айтгандек,
Ушалмас орзулар қайтгандек,
Ариқларга сувлар қайтгандек
Яна қайтар бир кун аслига!

Синоларга илм берган юрт,
Яссавийни жим кўтарган юрт,
Кўп қайтишни кўп бор кўрган юрт
Яна қайтар бир кун аслига!

Унинг дардида ёнмоқчиман,
Ишқида ҳам дил қонмоқчиман,
Мен негадир ишонмоқчиман,
Яна қайтар бир кун аслига!

ВАТАН СЕВИЛМАЙДИ

Меҳримдан асар йўқ шода гулларда,
Соҳталик беркиниб ётмиш дилларда,
Ҳаётимда шуни англадим, дўстлар:
Ватан севилмайди фақат тилларда!

Ҳар ким воҳасини гуллатар экан,
Ҳар ким соҳасини гуллатар экан,
Авлодин манзилга йўллатар экан
Ватан севилмайди фақат тилларда!

Тугади тўқима эртаклар даври,
Бошланди ҳақиқий эркаклар даври,
Яъниким фидоий юраклар даври...
Ватан севилмайди фақат тилларда!

Алданган, мудраган кўзни ёпингчи,
Хаёлда саодат асрин топингчи,
Бир зумга индамай кетмон чопингчи
Ватан севилмайди фақат тилларда!

Қўлларни қўлларга тутайлик энди,
Ғамни ҳам бир бўлиб ютайлик энди,
Амалда исботга ўтайлик энди
Ватан севилмайди фақат тилларда!

Дунёга фош қилмай асрий сирингни,
Қўриқла мард бўлиб ёвдан ерингни!
Маҳмуд, тўхтатақол энди шеърингни
Ватан севилмайди фақат тилларда!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола Пушкин учинчи иқтибоснинг охирги икки тўртлигида ана шу ҳолатларни тасвирлашга ҳаракат қилади. Но дважды ангел вострубитНа землю гром небесный давоми...

1174 06:00 / 13.06.2023
Ислом динининг моҳияти, унинг инсон ҳаётидаги ўрни ана шу дин бағридан етишиб чиққан мутафаккирлар, шайхлар, азизавлиёларнинг поклик ва камолот сари етакловчи давоми...

2133 09:49 / 09 февраль
Тасаввуф хакида тасаввур китобиданТасаввуф ҳақида бироз бўлса ҳам хабардор бўлган киши шатаҳот сўзини фақат тасаввуфда ишлатилишини ва у суфийларнинг ўзларини давоми...

4069 05:00 / 07.03.2017
Тўртинчи фаслИнсониятнинг маънавий йўқотишлариОврўпо мустамлакачиликлари даврида Ҳозир биз Осиёдаги шарқий халқларнинг сиёсат, иқтисод, савдоshy сотиқ ва саноат давоми...

3434 05:00 / 11.03.2017