1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ҳазрати Усмон мусҳафи

14:00 / 10.07.2021 5740 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг замонларига келиб Қуръони Карим оятлари қироатида ихтилофлар туғилгани сабабидан унинг ягона нусхасини тузиш ва бу нусхаларни пойтахтларга юборишга қарор қилинди. Бу ишга Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъд ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳишом жалб этилди. Бунга Ҳафса онамиз қўлларида сақланиб қолган Абу Бакр нусхаси асос қилиб олинди.

Ислом давлатининг учинчи раҳбари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу замонларида Ислом таълимотининг асосий манбаи Қуръони Каримни ўқишдаги ихтилофларга барҳам бериш мақсадида Китобнинг ягона нусхаси (Мусҳаф) тузилди ва милодий 651 йилда (ҳижратнинг 24 йили) Қуръони Карим кийик терисига бир неча нусхада ёзилиб, Ислом оламининг марказий шаҳарларига юборилди. Мусҳафнинг ўша қадимий табаррук нусхаларидан бири ҳозирги пайтда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.

Ҳазрати Усмон Мусҳафининг юртимизга келиб қолиши тарихи ҳақида турли ривоятлар бор. Ҳазрати Усмон мусҳафларидан бири Самарқандга олиб келинган. Уни Амир Темур, Қаффол Шоший, Ҳазрати Усмоннинг куёвлари Саид олиб келган деган ривоятлар машҳур. Бу ҳақда таниқли олимлардан шайх Исмоил махдум Саттиев, Юсуфхон Шокиров, Ҳамид Зиёев, Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва бошқаларнинг фикрлари эътиборга лойиқ.

Кўп йиллар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати (идораси) раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Исмоил махдум Саттиевнинг «Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи» («Тарихул Мусҳафил Усмоний фии Тошканд») китобларида бундай дейилган: «Ҳозирги пайтда Ўзбекистон жумҳурияти пойтахти Тошкентда, қадимий ёдгорликлар музейида кийик терисига ёзилган катта бир Мусҳаф мавжуд. Аввал у Самарқанддаги «Оқ мадраса» номи билан машҳур бўлган Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасининг махсус ҳужрасида узоқ вақт сақланган. Бу мадраса Хожа Аҳрор Валий масжидига ёндош бўлиб, Мусҳафни ҳар хил маросим ва муносабатлар билан одамлар истиқболига олиб чиқилар, «Фасаякфикаҳумуллоҳу ва ҳувас-самиъул ъалим» ояти устида қон излари бор эди. Саййидуно Усмон розияллоҳу анҳу шу Мусҳаф устида шаҳид бўлганлар деб табаррукона зиёрат қилинар эди. Мусҳаф аввалда шайх Убайдуллоҳ Аҳрор, сўнгра у зотнинг авлодлари ва ўзларидан кейинги халифалари тасарруфида бўлган. Бу ҳол 1285 ҳижрий сана – руслар Самарқандни истило қилгунларича давом этди».

Исмоил махдум Ҳазрати Усмон мусҳафининг Мовароуннаҳрга қандай келиб қолгани ҳақида бир қанча фикр ва ривоятларни келтирадилар:

1. Ибн Қутайбанинг тарих китобида: «Ҳазрати Усмон тепасида шаҳид бўлган бош Мусҳаф ўғиллари Холидга, сўнгра унинг авлодларига мерос бўлиб қолган эди. Шом аҳли шайхлари сўзига қараганда шу Мусҳаф ҳозир Тус шаҳрида экан», деб ёзилган.

2. Амин Хонжий «Манжамул Имрон» китобида (Ибн Батута Басрада ёдгорликларни ва бош Усмон Мусҳафини кўрганини зикр қилганидан кейин) бундай ёзади: «Ушбу Мусҳаф Басрадан Самарқандга, сўнгра Русияга олиб кетилган. Ҳозир у Петербургдаги император кутубхонасида». 

3. Миср султони Зоҳир Рукнуддин Бийбарс татар хонларидан Улуғ Сарой ва Дашти қипчоқ ҳукмдори Баракахонга дўстлик рамзи сифатида Ҳазрати Усмон Мусҳафини ҳадя қилган. «Талфикул ахбор фии тарихи Қозон ва Булғор» номли тарих китоби муаллифи шайх Муҳаммадмурод ибн Абдуллоҳ ар-Рамзий Мусҳафи Усмоннинг Ўрта Осиёга келиб қолиши ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Самарқанддан Петербургга олиб кетилган ва ҳозирда император кутубхонасида сақланаётган Мусҳафи Усмон деб танилган Қуръон Сарой ўлкасидаги ва Амир Темур у ерни забт қилгач, олиб кетган нусха бўлиши керак, бу ҳақиқатга яқин тахминдур. Буни инкор қилувчиларнинг ҳеч бир қатъий далиллари йўқ».

4. Мусҳафнинг меросхўр шайхлари Кауфманга бу Мусҳаф Амир Темурнинг Самарқанддаги хазинасидан чиққанини очиқ-ойдин айтишган. Бу ҳақда Мусҳафни Самарқанддан олиб кетиш пайтида ёзилган ҳисоботда ҳам қайд қилинган.

5. Бир ривоятга кўра, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор бир гуруҳ муридлари билан Ҳижозга сафар қилиб, қайтишда муридлардан бири Истанбулда қолади. Унинг табобатдан хабари борлиги учун бемор бўлиб қолган мамлакат подшоҳини тузатади ва эвазига ундан Ҳазрати Усмон Мусҳафини беришни сўрайди. Подшоҳ узоқ иккиланишдан сўнг унинг талабини бажаради ва мурид бу нодир китобни муршиди Хожа Аҳрор Валийга совға қилади. Хожа Аҳрор Самарқандга кўчиб келганларида бу ерда масжид ва мадраса қурдириб, Мусҳафни ўша ерда сақлайдилар.

6. Бу Мусҳафни кўп йиллар Ироқда яшаган ва умрининг охирида ватанга қайтишни ният қилган атоқли олим Имом Абу Бакр Қаффол Шоший Бағдоддан Ўрта Осиёга келтирганлар деган ривоят ҳам бор.

7. Самарқанд тарихига оид «Самария» китобида ёзилишича, Самарқанд қозиси Хожа Абуд-Дарун Мовароуннаҳрга келган илк араб фотиҳларидан, ҳазрати Усмоннинг куёвлари Саиднинг авлодидан бўладилар. Мусҳафни Самарқандни биринчи марта фатҳ қилган ана шу Саид олиб келган.

8. Ибн Касирнинг «Фазоилул Қуръон» асари ҳошиясида ёзилишича, Русия подшоҳлари қўлида бўлган Усмон Мусҳафи болшевиклар томонидан Бухоро амирига совға қилинган. Бундан бошқа ривоятлар ҳам бор.

«Тошкентдаги Мусҳафи Усмон тарихи» асари муаллифи шайх Исмоил махдумнинг ёзишларича, 1869 йил майида Туркистон бош губернатори генерал фон Кауфман буйруғи билан Самарқанд шаҳри ҳокими Серов воситачилигида ерли мусулмон уламолари розилиги билан Мусҳаф Санкт-Петербургга жўнатилди ва 1917 йилга қадар ўша ердаги кутубхонада асралди. Фон Кауфман Чор ҳукумати маориф нозирига ёзган мактубида, жумладан бундай дейди: «Зарафшон водийси ҳокими генерал Абрамов бизга Самарқанддаги Хўжа Аҳрор масжидида сақланиб келаётган Қуръонни юборди. У имло белгилари ва нуқталардан холи куфий хатида ёзилган. Қуръоннинг мусулмонлар наздида улуғлигини, унинг юксак даражали эканини ва Қуръон ишига чет кишиларнинг аралашувини мусулмонлар ёқтирмасликларини билган Абрамов Самарқанд ҳокими подполковник Серовга бу Қуръон тўғрисида маълумот йиғиш ва агар мусулмонлар қўлидан уни олинса, уларнинг диний ҳиссиётларига таъсир қилиш-қилмаслигини билишга буйруқ берди. Шундан сўнг генерал Абрамов бу Қуръонни олиб, масжид фойдаси учун юз рубл берди, Самарқанд уламолари бунга кўп хурсанд бўлишди… Ёзилиш тарихи жиҳатидан жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлса керак, деган ниятда олдиртирган ушбу Қуръонни шошилинч равишда юборяпман».

Инқилобдан сўнг Петербург миллий округи вилоят қурултойи Китобни ҳақиқий эгалари бўлмиш мусулмонларга қайтариш ҳақида қарор чиқарди ва у катта тантана билан Уфа шаҳрига жўнатилди. «Туркистон жумҳурияти ҳукуматининг аралашуви ва саъй-ҳаракатлари билан марказий ҳукуматнинг 1923 йил 25 июндаги қарорига кўра Мусҳафи Усмон унинг ҳақиқий ворислари бўлмиш Туркистон мусулмонларига қайтарилди ва орадан бир йил ўтгач махсус поездда Тошкентга олиб келинди». Мусҳафни қайтаришга ўша пайтда Туркистон «Исломий Шўро жамияти» раиси бўлган, Совет ҳукумати наздида катта обрў қозонган шайхулислом Тўрахон махдум Ҳўқандий (1341 ҳижрий йили Афғонистонда вафот этган) билан бир қаторда жаноб Мурод қори Усмонхўжабой Тошкандий ўғлини ҳам зикр қилиш лозим.

Мусҳафи шариф бошда бирмунча вақт Тошкент масжидларида сақланди. Аммо бу бебаҳо меросни асраш жиддий масъулият туғдирганини инобатга олиб у Тошкентдаги Ўзбекистон халқлари тарихи музейига кўчирилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлган мусулмонларнинг тўртинчи қурултойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Мусҳафи Усмон мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилгани эълон қилинди. Шундан буён табаррук Китоб мамлакат мусулмонлари идораси кутубхонасида авайлаб сақланмоқда. Уни кўз қорачиғидан асраш, келгуси авлодларга етказиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати катта илмий-техникавий тадбирларни амалга оширмоқда. Ҳазрати Имом мажмуасига кирувчи «Мўйи муборак» масжиди кутубхона сифатида тўла таъмирланиб, Германиядан Мусҳафни мўътадил табиий иқлим шароитида асрашга мўлжалланган махсус мослама келтириб ўрнатилди. Ҳар йили бу нодир Мусҳафни минглаб ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилишади.

«Ҳилол» журналининг 6 (27) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Олимлар фалон сайёрада сув борлигини аниқладилар,, деган гапларни эшитиб қоламиз. Гўё сув бор дейиш орқали яшаса бўлади демоқчи бўлишади шекилли. Биз бу сайёрада давоми...

2021 09:14 / 23 февраль
Ижтимоий тармоқ воситаларидан бироз узоқлашинг. Шунда уни ичида юриб бирон нарсани топганингиз йўғу, лекин ташқарисида яъни, воқеий ҳаётда улкан нарсаларни давоми...

1647 09:36 / 02 сентябрь
Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида инсонлар маҳрнинг нархини кўтариб юборишди. Умар розияллоҳу анҳу уни бир қолипга солиб қўймоқчи бўлиб минбарга чиқдилар. давоми...

3459 15:32 / 15.03.2021
Ибодатнинг хусусияти шуки, у Аллоҳ таоло билан инсон ўртасида риштадир. Ибодат орқали банда У билан алоқани боғлайди. Ибодат натижасида инсон борабора Аллоҳ давоми...

1402 06:00 / 30.03.2023