1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Алвидо, илмнинг юраги!

09:04 / 19.06.2021 3506 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оғир бир жудолик сабаб, таълимидан ғойибона дарс олган домлаларимдан Ёрқинжон қори Фозилжон домлани руҳлари шод бўлишидан умидворликда буларни ёзаяпман. Жудолик қанчалик оғир бўлмасин домлани хотирлашда Роббим таолодан ёрдам сўрадик.

Кеча кечки тамадди сабабидан дастурхон атрофида ўтирганимизда овулимиздан жияним қўнғироқ қилиб қолди. Синиқ овозда саломатлигимни суриштирар экан:

– Хола -, дедию томоғига нимадир тиқилгандек йиғлаб юборди...

Жиянимдан эшитган хабардан битта сўзни такрорлайман-у «Роббим, жияним янглишган бўлсинда. Ҳозир тармоқларда ишончли, ишончсиз маълумотлар бодроқлаб ётибди...» дейман-у интернетни ёқиб тармоққа киришга юрагим чидамайди.

Ниҳоят куч топиб интернетни ёқдим. Ҳали бир жудоликни ўрни совумай, иккинчи бир олимнинг вафотини аниқ манбаларда ўқидим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни «Мусибатингизда мени эсланг» деган сўзларни эсладим.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун! 

Ўзбек адабиётининг энг ҳаёли, одобли адиби, улуғ алломаларнинг елкадош ва сирдоши бўлган, ўрни келганда қаламдоши Аҳмад Муҳаммад Турсун домла ҳақидаги фикрларимни қоғозга туширишга улгуриб, улгурмай яна бир жудоликка учраш...

2018 йил куз, илм йўлида ўзимни у кўчага, бу кўчага уриб юрган кезларим, Ислом оламининг ишончли ва манфаатли сайтларидан бири «Islom.uz» телеграм саҳифасида юртимизга ташриф буюрган таниқли аллома, муҳаддислар шайхи Муҳаммад Аввома ҳазратлари ҳақидаги расм, видеоларга кўзим тушди. Бир лавҳани очишим билан у кишини гўзал бир одоб, сеҳрли овоз билан Аллоҳ таолога ҳамд айтаётганини эшитиб беихтиёр термулиб қолдим. Шундай уламолардан дарс олишни жудаям хоҳлашимни кўнглимдан ўтказар эканман, у кишини толиби илмларга илм ўрганиш йўлида ўқиб юриш керак бўлган мана бу «Аллоҳумма иннаа насъалука ъилман наафиъан ва ризқон тоййибан ва ъамалан мутақоббалан» дуони тавсия қилганликларини ўқидим. Дуо матнини кундалигим ва кичик бир қоғозчага кўчириб ёдлашга киришдим.

Илм ўрганишга бўлган иштиёқим ортгани сайин шу йўлдаги қийинчиликлар, кимдан таълим олиш, кимга эргашиш керак деган саволлар ортса ортардики камаймасди. Шу сабабдин ичимга чироқ ёқса ҳам ёришмайдиган бир ҳолда эдим. Билмадим орадан қанча вақт ўтди бир кун компьютерим ёнига келиб ўтирдимда, гўзал бир маъруза истаётганимдан файлларни очиб кўришга, эшитишга уриндим. 4,8,5, ва яна шунга ўхшаш узун рақамлардан иборат аудио файл диққатимни тортди. Ҳайрон бўлдим, нима экан? Буни мен олганмиканман? Аслида интернетдан оладиган маълумотларимга жуда диққатли эдим. Лекин бу файлни кўчириб олганимни эслолмадим.

Узоғи билан ўн тўққиз минут давом этган маърузани эшитиб якунлар эканман ичимда «Ё Роббий, қанийди шу маъруза тугамаса. Ахир бу таълимни Ўзинг менга ғойибдан ҳадя қилдинку» дея илтижо қилдим. Маърузани қайта-қайта эшитдим. Руҳиятимда кўтаринки бир шижоат, салафи солиҳлар йўлига интилиш пайдо бўлди. Бу ажиб маърузани компьютеримга қаердан келиб қолгани сирлигича қолди. Шайх Аввома ҳазратлари тавсия қилган дуога янада эътиборли бўлдим. Фақат рақамлардан иборат файлдаги дилтортар маъруза соҳиби ким эканлигини аниқлашга киришдим. Кўп уринишларим натижасида у киши илмнинг юрагиЁрқинжон қори Фозилжон домла эканликларини билдим.

Домладан такрор-такрор «Уламолар сабридан лавҳалар» номли маърузани эшитар эканман Андалусиядан илм талабида Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига келиб гадойлик чопонида илм ўрганган толиби илм эгаси, дунё синовларига киприк қоқмасдан сабр қилган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга муҳаббатим зиёдалашарди. Ғойибдан берилган таълим ўлароқ Ёрқинжон қори Фозилжон домланинг бошқа маъруза ва суҳбатларини қидириб, топиб эшита бошладим. Ҳазил-мутойибалари билан илмни инсон кўксига малолланмасдан жой қила оладиган бу ғаройиб инсон шахсиятига, таълим-тарбиясига ниҳоятда диққатли бўлдим. Ўзининг нодир, ноёб китоблари билан қалбимга Роббим, диним, Расулим соллалоҳу алайҳи васалламга бўлган ниҳолларни экиб кетган Ҳазратимиздан сўнг уларни чуқур илдиз отиб мустаҳкамланишида ёрдамчи бўлган иккинчи буюк олим Ёрқинжон домла бўлдилар.

Домлага Аллоҳ тарафидан берилган Роббоний илм, фазилат шу қадар эдики тингловчини дилидан ўтган «халқа, тақвия, рошид, маҳдий» ва шу каби кўплаб илмий сўзларга оид савол, ё бирон маълумотда иккиланишлар қалблардан тилга кўчмасдан изоҳлар айтилар, маълумотлар ҳақида баёнлар келарди.

Мен ҳам Ҳиндистоннинг маҳобатли, синоатли олим-у фозилларини домланинг маърузалари орқали танидим. «Дудуқ қори», уммат аёллари орасидан чиққан олима, фозилалар ҳақида таъсирли маърузалар эшитдим. «Ташаҳҳуд» ҳақидаги дарсларидан ҳам таълим олдим, ҳам тарбия. Яқинда у кишининг Данғара туманидаги масжидлардан бирида илмий суҳбатлар олиб бораётганини эшитиб этимга сиғмай қувонгандим. Ижтимоий тармоқлар орқали имкон қадар дарсларини тинглаб, илм олишга ҳаракат қилаётгандим.

Аллоҳ насиб этса жонли дарсларига боришга интилиб яшаётганимда... Шу ниятимни эшитган бир яқиним «Сен аниқ касалсан. Масжидда, эркаклар сафида дарс олишингга дунё жим қараб турарканда. Яна бир ўзинг. Ўзи одамларга гап топилмай ётибди. Илтимос, кулгимни қелтирма, шу интернетдан дарс олиб қўя қол» дея менга роса гапирганди. Мен «Илм талаб қилиш ҳар бир мўмин, муслима учун фарз. Билмайсанда, жонли дарсни қанчалик мўъжизакорлигини. Буни ўқитувчи бўлганим учун айтаяпман. Қолаверса, мана бу қулоқли, қулоқсиз ўқувчилар дарсимга бир кирса фанимга «комфорт» бўладиган даражада домладан метод ўрганиб келаман» деб, ҳазил аралаш ниятим жиддийлигини айтгандим. Шу суҳбатни эслаганим сайин энди ўзимни койиб ўтирибман. Баҳоналарим битмади.

Ҳали бир ойча ҳам бўлмаганди домладан «Тасбеҳнинг фазилати» ҳақида ажойиб бир дарс, янги маълумот олгандим. Айни дамда шу дарсни хотирлар эканман Ёрқинжон қори домлада ҳам тасбеҳ фазилати сингари Аллоҳ таолодан берилган ноёб фазилат борлиги ҳақида мулоҳаза қиламан. У кишини дарсларига келган ё тинглаганлар борми битта бўлса ҳам янги маълумот олмасдан кетмасди. Домлани то қиёмат қадар қалбимизда ўчмас сабоқлари қолди.

Домла ҳақида хотимасиз, аммо қораламамни мухтасарловчи сўнгги сўзим –  у киши соялаш учун бу дунёдан қоя изламади. Ўзи шу қадар улкан қоя бўлдики курраи заминда не жонзот борки, бу қоя соясидан баҳра олаётган эди. Умрлари қисқа бўлган бўлсаларда, қийматли ҳаёт кечирибдилар.

Домламизни Аллоҳим мағфирати, муҳаббатига ғарқ қилган бўлсин. Уммат учун домладан ёдгорлик бўлиб қолган илм-маърифатни баракали айласин, омин. Ортида қолган оила аъзолари, дўст-биродарлари ҳамда илм аҳлларига Аллоҳ таоло сабри-жамийл берсин.

Алвидо, илмнинг юраги, алвидо!

Алвидо, исломнинг тиргаги, алвидо!

Бу кун..

Бугун, маърифат бўзлаб қолди, тариқат излаб қолди,

Алвидо, миллатнинг эркаги, алвидо!

Ҳазратзода 

2021 йилнинг 17 июнь 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоният дунёга келтирган энг буюк ақл соҳиби Ғарб даъво қилганидек Эйнштейн эмас, балки, Абу Райҳон Берунийдир.Абу Райҳон Беруний тиббиёт, фалсафа, химия, физика, давоми...

2531 10:30 / 01.07.2021
Анқарадаги Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез 1959 йилда Туркиянинг Газиантеп вилояти Низип туманида туғилган. Бошланғич таълимни Низипда, ўрта давоми...

297 13:07 / 14 октябрь
Шайхулолам, муҳаддис, садуқ, муснид Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ханб Бухорий Бағдодий. Лақаблари ndash .Деҳқон,.Бухорода истиқомат қилиб, у ернинг мусниди давоми...

1614 15:00 / 27.12.2020
Мулла Абдухалил домла 1902 йил Наманган шаҳри .Сардоба, даҳаси собиқ Охунбобоев маҳалласи ҳозирги .Ўзбекистон, кўчасида таваллуд топди. Қиблагоҳи Абдужалил ота давоми...

1667 11:27 / 04.01.2023
Аудиолар

135107 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7485 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55382 14:35 / 11.08.2021