1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради

15:00 / 15.05.2021 1894 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Худди тўхтовсиз нафас олганингиздек, яхшиликларни ҳам тўхтовсиз амалга ошириб туриш керак. Шуни билингки, яхшилик улашишга бўлган эҳтиёжингиз сизни нафас олиб туришга бўлган эҳтиёжингиздан кўпроқдир. Нафас бир кун тугайди, яхшиликлар эса боқий қолади”.

Яхшилик ҳақида ёзиш савобли иш, назаримда. Сабаби, бунда яхшиликка далолат қилиш бор, яхшилик ҳақида эслатиш бор. Яхши иш қилаётган мўминларни, солиҳларни яхши кўриш ва имкон топилса уларга ёрдам қилиш, уларнинг биридан бўлишга интилиш, ниҳоят, ҳеч бўлмаганда уларнинг ҳаққига дуо қилиш - ҳар биримиз учун иймон талабидир, валлоҳу аълам.

Зеро, дунё яхшилар билан обод. Токи яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариб турадиган, йўқсилларга ёрдам қўлини чўзиб, етимнинг бошини силайдиган, муҳтожлар, мусофирлар билан борини бўлишадиган инсонлар ҳаёт бўлиб турар экан, дунё мавжуд бўлишда давом этади. Аллоҳнинг чексиз лутфи марҳамати билан инсонлар бошига оммавий бало-офатлар келмайди, азоб ёғилмайди.

 Бир киши Суфён ибн Уяйнанинг ҳузурига нарса сўраб келди. Аммо у зотда беришга бирон нарса йўқлигидан йиғлаб юборибдилар. У кишига: “Нега йиғлаяпсиз?” деб айтилганида, у зот: “Ахир бундан ҳам катта мусибат борми, бир киши сиздан яхшилик умид қилиб келсаю, аммо эриша олмай қайтиб кетса”, деб жавоб берган эканлар. Ўтмишдаги буюкларимиз шундай бўлишган. Яхшилик қила олмасалар, ёрдам беришдан ожиз қолсалар йиғлаганлар, надомат қилиб, аламланганлар.

 “Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. Оли Имрон сураси, 134-оят.

Ҳар қандай ҳолатда яхшилик қилиш, бойликда ҳам, камбағалликда ҳам, шодликда ҳам қайғуда ҳам хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўлиш кишини Аллоҳнинг мағфирати ва жаннатига элтувчи амаллардан эканини ушбу оят яқинроқ англатади.

“Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимани нафақа қилганингизни Аллоҳ билувчидир”. Оли Имрон сураси, 92-оят.

Ушбу оят ҳақида “Тафсири Ҳилол” соҳиби шундай баён этадилар: “Мусулмонлар бу маънога тўлиқ тушунган замонларида яхшиликка эришиш учун ўзларининг энг яхши, суюкли молларини нафақа қилиб, улуғ даражаларга эришганлар... Мусулмонлар асрлар давомида Аллоҳнинг розилигини тилаб, яхши кўрган молу мулкларини нафақа қилиб келганлар”. 

Яхшилик қалбга хотиржамлик ёғдиради. Яхшилик учун одамлардан раҳмат эшитмасангизда, у Аллоҳнинг ҳузурида сақлаб қўйилади. Донолардан бири“Яхшилик қилган йиқилмайди. Йиқилса, тургизадиган топилади” деган экан. Биз яхшилик қилсак, у албатта кўпайтирилган тарзда, турли кўринишларда, қайта ва қайта бизга қайтади. Бунга асло шубҳа йўқ.

Шайх ҳазратларининг “Яхшилик ва силаи раҳм” асарларида шундай сатрлар бор: “Демак, билиб-билмай қилган гуноҳларим, хатоларим ўчиб турсин деган инсон бева-бечораларга, фақир-фуқароларга, етим-есирларга ва муҳтожларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадига эришади. Садақа албатта катта миқдорда, катта ҳажмда бўлиши шарт эмас. Бир дона хурмо бўлса ҳам, садақа бўлаверади. Садақа оч қолган инсоннинг қорнини тўйдиради. Садақа уни қилган одамнинг хатосини ўчиради”. 

Унутмайликки, садақа ва эҳсонлар – Аллоҳ таолога энг маҳбуб амаллардан бўлиб, уни берувчи киши ва унинг аҳлидан балонинг аришига, ризқининг кенгайиши ва ажрнинг кўпайишига сабаб бўлади. Айни кунларда биз таниган ва танимаган ака- укаларимиз, ёру дўстларимиз бир-бирларини чорлаган, намуна бўлган ҳолда улкан ишларни амалга оширишяптики, барчаси таҳсинга лойиқ.

Уларнинг қилаётган эҳсон ва садақотларини Аллоҳ таоло қабул айласин, савобларини номаи аъмолларига кўпайтириб ёзсин, гуноҳларини мағфират қилсин, ўтганларини раҳмат қилсин, фарзандларини роҳатини берсин. Сарф этганларини ўрнини юз чандон, минг чандон тўлдириб, ҳалол тижоратларига баракот ёғдирсин.

-Яхшилик қил, жаҳон яхшилик олсин, 

Яхшилар бошига яхшилик солсин. 

-Мол-дунё барчадан, сендан ҳам қолур, 

Яхшиси мол эмас, яхшилик қолсин. 

Сўзимни замонамизнинг буюк олимларидан бирининг ушбу сўзи билан якунлайман: “Худди тўхтовсиз нафас олганингиздек, яхшиликларни ҳам тўхтовсиз амалга ошириб туриш керак. Шуни билингки, яхшилик улашишга бўлган эҳтиёжингиз сизни нафас олиб туришга бўлган эҳтиёжингиздан кўпроқдир. Нафас бир кун тугайди, яхшиликлар эса боқий қолади”.

Бобур Аҳмад

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жарроҳ шифокор касалхонага кириб келди. Беморни жарроҳлик амалиётидан аввал дуо қилди. Сўнгра амалиёт хонасига кириб кетаётганда, бемор боланинг отаси жарроҳ давоми...

3698 17:13 / 15.03.2020
Қуръони Карим тўлиқ ҳолда, ҳар бир ҳарфигача барча оламларнинг Роббиси Холиқи, Розиқи, Тарбиячиси ва Тадбирини қилувчиси Аллоҳ томонидан туширилгандир. Унинг давоми...

23536 09:30 / 25.03.2020
Молни зое қилиш, исроф қилиш, беҳуда кетказиш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган амаллардан ҳисобланади. Буни доимо ёдимизда тутишимиз лозим.Абул Убайдайндан давоми...

2818 20:00 / 21.12.2018
Абдуллоҳ ибн Солиҳ Ажлий айтади .Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ўғилларидан бири Ибн Саммокнинг илм ҳалқаларига қатнашар, аммо одатда бўлиб турадиган баҳсмунозараларга давоми...

1478 08:00 / 05.05.2020