1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Муҳаббат

18:00 / 15.05.2021 4710 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг уйининг томида тарнов бўлиб, у тарнов Умар розияллоҳу анҳу ўтадиган йўлда эди. Жума куни Умар розияллоҳу анҳу кийимларини кийиб инсонларга хутба қилиш учун масжидга шошилдилар. Аббоснинг оиласи томнинг тепасида иккита товуқ сўйишган эди. Улар қонни ювиб юбориш учун унинг устидан сув қуйиб юборишди. Қон аралаш сувнинг тарновдан тушадиган пайти Умар розияллоҳу анҳунинг кўчадан ўтадиган пайтларига тўғри келди. Қонли сув Умар розияллоҳу анҳунинг кийимларига тегди. Умар розияллоҳу анҳу тарновни дарҳол жойидан суғуриб ташлашни буюрдилар. Сўнгра тезлик билан уйларига қайтиб кийимларини алмаштириб яна масжидга қайтдилар. Инсонларга хутба қилиб намозни ўқиб бердилар. Намоз тугагач Аббос розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб деди:

-Эй мўъминлар амири! Аллоҳга қасамки, бу тарновни бу жойга Расулуллоҳ соллаллоҳу анлайҳи васаллам ўз қўллари билан ўрнатиб берган эдилар.

    Буни эшитган халифа Умар розияллоҳу анҳу дедилар:

-Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаман, оёқларинг билан менинг орқамга чиқиб бу тарновни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган жойга ўрнатасан.

    Аббос розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек қилиб тарновни ўз жойига ўрнатиб қўйишга мажбур бўлди.

    Умар розияллоҳу анҳунинг тарновни суғуриб ташлатганларига сабаб унинг бошқаларга зарар бергани эди. Зеро, тарнов у кишининг кийимларини булғаган эди. Эҳтимол, бошқаларнинг ҳам кийимларини кир қилиш мумкин эди. У зот халифа эдилар. Халқдан зарарни даф қилишлари лозим эди. Аббос розияллоҳу анҳу бу тарновни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан ўрнатиб берганларини айтгандан сўнг ҳолат ўзгарди. Умар розияллоҳу анҳу Аббосни орқаларига чиқиб тарновни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган жойга ўрнатишини айтиб қасам ичдилар.

   Бу қандай муҳаббат! Ҳаққа қайтишни қаранг, тавозуни қаранг, бўйсунишни қаранг!

   Энди масалага бошқа томондан қараймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун тарновдан қимматлироқ ва азизроқ нарсаларни ўрнатиб кетдилар. Биз уларни қўйилган жойида муҳофаза қилаяпмизми?!

   У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ота-оналаримизга яхшилик қилиш ҳақида кўрсатмалар бериб кетганлар. Биз унга риоя қилаяпмизми ёки ота-оналаримизга оқ бўлаяпмизми?! Бунга риоя қилмаслигимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган тарновни суғуриб ташлашимиз эмасми?!

   Хотинларимиз билан гўзал муносабатда бўлишимизни бизга васият қилиб кетганлар. Биз у васиятга амал қилаяпмизми ёки хотин-қизларимизга ёмонлик ва зулм қилиб уларнинг қалбини ёмон сўзлар билан жароҳатлаяпмизми?! Ахир аёлларимизга ёмон муносабатда бўлишимиз тарновни ўз жойидан суғуриб отиш билан тенг-ку!

  Қўшнига яхшилик қилишни бизга амр қилиб кетганлар. Биз яхшилик қилдикми ёки қўшниларимизга озор бердикми?! Гоҳида уларга бақирдик, гоҳо уларни ғийбат қилдик, гоҳида уларнинг айбларини очдик, гоҳида мулкларини ўзлаштирдик. Бу ишимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган тарновни ўз жойидан суғуриб отиш билан тенг эмасми?!

   Бизга силаи-раҳм қилишни васият қилиб кетганлар. Биз қариндошлар билан алоқани яхшиладикми ёки улар билан арзимаган дунё матоси учун хусуматлашиб узилишиб кетдикми?! Ака укасининг эшигини тақиллатмайди. Сингил акасини йўқлаб келмайди. Амакилар ташлаб қўйилган. Тоғаларнинг аҳволи сўралмайди. Фақатгина ҳайитларда ҳол сўралиши мумкин. Ахир бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган тарновни ўз жойидан суғуриб отиш билан тенг эмасми?!

   Умар розияллоҳу анҳу Аббос розияллоҳу анҳуга орқаларини эгиб турганлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларидандир.

  Муҳаббат бу бўйсуниш, эргашиш, бўйин эгишдир. Агар тарновни билмасдан суғуриб қўйган бўлсангиз Умар розияллоҳу анҳу каби дарҳол орқангизни эгинг ва тарновни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган жойга ўрнатиб қўйинг!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Абдуллоҳ исмли бир киши бор эди. Унинг лақаби .эшак, эди. У хушчақчақ ва қувноқ киши бўлиб Расулуллоҳ давоми...

2941 14:30 / 14.04.2022
Оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолонинг ҳабиби, оламларга раҳмат қилиб юборилган, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд давоми...

3476 18:44 / 15.09.2023
Отаси вафот этганидан кейин мусулмон фарзанд отасининг акаукаларини худди отасини эъзозлагандек эъзозлаши, уларни ота ўрнида кўриши лозимлиги шариатимизнинг давоми...

4431 16:02 / 03.12.2018
Кези келганда дам солиш ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтишга тўғри келади. Бу борадаги асосий гаплар сеҳрнинг муолажаси борасидаги мавзуда эслаб ўтилди. .Дам солиш, давоми...

5657 08:08 / 09.12.2018
Аудиолар

230223 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148800 14:35 / 11.08.2021