1446 йил 26 жумадис сони | 2024 йил 28 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Зоҳидлик асосидаги набавий тарбия

13:40 / 16.06.2019 4311 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини зоҳидлик асосида тарбиялаганлар. Уларнинг қалблари зоҳид қалб бўлишига катта эътибор берганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Олия деган баландлик жойдан тушиб келаётиб, бозордан ўтдилар. Одамлар у зотнинг икки томонларида туришар эди. Шунда қулоғи кесилган улоқчанинг ўлигини кўриб қолдилар. Бориб, унинг қулоғидан тутдилар ва:

«Қайси бирингиз мана шуни бир дирҳам эвазига олишни истайсиз?» дедилар.

«Уни ҳеч нарсага олмаймиз. Уни нима ҳам қиламиз?» дейишди.

«Унинг (эвазсиз) сизларники бўлишини истайсизларми?» дедилар.

«Йўқ!» дейишди.

Уч марта сўрадилар. Улар:

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, агар у тирик бўлганда ҳам қулоқларининг кесиклиги унга айб бўлар эди. Ўлик бўлгач, нима бўларди?» дейишди.

«Аллоҳга қасамки, сизлар учун бу қанчалик қадрсиз бўлса, Аллоҳ учун дунё ундан ҳам қадрсиздир», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан Аллоҳ таолонинг наздида бу дунё қай даражада қадрсиз, қийматсиз нарса эканини билиб оламиз. Албатта, буни ҳар бир мўмин-мусулмон билиши, яхши тушуниб олиши керак.

Албатта, бу каби набавий тарбия саҳобаларнинг зоҳид зотлар бўлиб етишишларига катта таъсир кўрсатган. Шунинг учун ҳам улар бутун дунёни яхшилик ишларига тўлдирганлар.

Ҳар бир мўмин банда қалбнинг ҳис-туйғулар, хоҳиш-истаклар, рағбат ва қўрқувлар макони эканини яхши англаб етмоғи ва бутун вужудига сингдирмоғи зарурдир. Шу билан бирга, мўмин инсон қалбнинг бутун вужудни эгаллаб турган истакларни йўлга бошловчи эканини, сергакликка чорлаб турувчи қўрқув ва бошқа маънавий ҳолатларнинг ҳаракатларига сабаблигини ҳам яхши билиши лозим. Ана ўша қалб зоҳид бўладиган бўлса, бошқача қилиб айтганда, турли дунёвий рағбатлардан фориғ бўлиб, ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига интилган бўлса, ундан доимо яхшиликлар чиқади.

Ана ўшандай зоҳид қалбдан чиқадиган ибодатлар, солиҳ амаллар бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Мазкур зоҳид қалб ила адо этиладиган амалларнинг сифати олий даражада бўлади. Чунки зоҳид қалб ила қилинган ибодатга дунёнинг муҳаббати тўсқинлик қилмайди. Чунки бундай қалбда Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа муҳаббатга жой қолмаган бўлади. Шунинг учун зоҳид қалб билан қилинган ибодатнинг сони оз бўлса ҳам, савоби кўп бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини зоҳидлик асосида тарбиялаш билан бирга, уларнинг қалблари дунёга роғиб қалб бўлмаслигига ҳам катта эътибор берганлар.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар ичига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмондир», дедилар».

Термизий ва имом Аҳмад ривоят қилганлар.

Мол-дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини ҳеч қандай ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан тушиб, динини барбод қилади. Шунинг учун динимни бўрилар еб кетмасин, деган банда дунёга ва шуҳратпарастликка ҳирс қўймаслиги лозим бўлади.

Рағбат қилувчи қалбни дунёнинг муҳаббати эгаллаб олади ва уни ерга томон тортиб туради. Унинг табиатидаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни сўндириб, унинг ўрнига мол-дунё, шаҳват ва айш-ишратга ўхшаш нобакорликларнинг муҳаббатини ўрнаштиради. Ушбу қалбнинг эгаси унинг талабларига жавоб беришга уринади. Қалбининг талаби асосида кечаю кундуз елиб-югуради, ҳориб-чарчайди, бориб-келади ва ўзини ҳалок қилади. Роғиб қалб эса эгасининг бу ҳолатидан ҳузурланади. Ушбу ҳолат давомли бўлса, мазкур роғиб қалбнинг эгаси қуйидаги оятда зикр қилинган шахсга айланиб қолади.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик. Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Қиссаларни айтиб бер, шоядки, тафаккур қилсалар» (176-оят).

Шу каби сифатга эга бўлган қалб соҳибидан содир бўладиган амалнинг қиймати қанчалик бўлиши мумкин? У одам ўқиган намоз, тутган рўза, қилган ҳаж ва берган закотнинг руҳий қиймати нимадан иборат бўлади? Албатта, дунё ва унинг матоҳларига роғиб қалб эгаси намоз ўқиётганида ҳам хаёли ўзи рағбат қилган нарсаларга боғланиб туриши турган гап. Қолган тоат ва ибодатларни бадани билан адо этса ҳам, қалби дунё ва унинг матоҳлари билан тўлиб-тошиб турган бўлиши турган гап.

Албатта, бу каби тоат ва ибодатларнинг сони ва ҳажми қанчалар катта бўлса ҳам, сифати паст ҳамда савоби оз бўлиши турган гап. Чунки роғиб қалб эгаси бадани ёки молу дунёси билан ибодат қилса ҳам ўша ибодат чоғида унинг қалби дунёнинг ишқи билан тўлиб-тошган бўлади. Унинг қалбида дунёнинг матоҳларига бўлган муҳаббатдан бошқа муҳаббатга жой қолмаган бўлади. Айнан шу сабаб асосида унинг қилган тоат-ибодати қанчалар кўп бўлса ҳам, савоби оз бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рост айтмишлар:

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур.

Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар».

Муслим ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Ушбу исломий таълимотлардан келиб чиқиб, машҳур машойихлардан бири Ибн Атоуллоҳ Сакандарий ўз ҳикматларидан бирида айтади:

«Зоҳид қалбдан чиққан амал оз бўлмас. Роғиб қалбдан чиққан амал кўп бўлмас».

Қалб инсондаги бош аъзодир. Агар у соғлом бўлса, бошқа аъзолар ҳам соғлом бўлади. Агар у бузуқ бўлса, бошқа аъзолар ҳам бузилади. Қалб инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди. Инсоний сифатлар айнан қалбда жойлашган бўлади. Ўша сифатлар инсондан содир бўладиган ҳатти-ҳаракатлар ва турли амалларнинг асосий манбаси бўлади. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ҳар бир инсондан содир бўладиган амалларнинг ўттиз фоизи ақлдан, етмиш фоизи қалбдан чиқади.

Инсоннинг қалби дунёга боғланиш масаласида зоҳид – юз ўгирувчи ёки роғиб – рағбат қилувчи бўлади. Банданинг бажарган амалига бериладиган савоб унинг қалби зоҳид ёки роғиб бўлишига қараб кўп ёки оз бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга зоҳид қалб эгаси бўлишимизни насиб этсин ва роғиб қалб эгаси бўлишимиздан асрасин!

«Зуҳд ва ҳаё» китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саид ибн Омир розияллоҳу анҳуни Ҳимсга волий қилиб юборган эдилар.Мадинага Ҳимсдан вакиллар келганда, Умар розияллоҳу анҳу давоми...

2491 11:00 / 30.12.2020
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак умрларининг қирқинчи йилини ўтказаётган тахминан милодий 610 йиллар эдилар. Дунё жар ёқасига келиб қолган, давоми...

2789 13:30 / 20.06.2019
Савол Ҳозирги пайтда кўпчилик орасида .Мусулмонлар илмфан соҳасида ғарбдан орқада қолиб кетишган, бунга дунёвий фанларни ўқитишга эътибор беришмаганидир, деган давоми...

2190 16:06 / 06.08.2020
Фазола ибн Динор айтади .Муҳаммад ибн Восиъ ўлим тўшагида ётган пайтда мен унинг ёнида эдим. Бир маҳал у шундай дея бошлади .Марҳабо, Роббимнинг фаришталари Лаа давоми...

2409 08:09 / 12.02.2020