1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ўзбек халқининг буюк фарзанди

05:00 / 06.03.2017 3847 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Устозлар ҳақида сўз кетар экан, юртимизнинг улуғ фарзанди, буюк аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Бу зотнинг вафотлари нафақат юртимиз мусулмонлари, балки бутун Мовароуннаҳр ўлкаси, бутун Ислом олами учун улкан йўқотиш бўлди. Устозимиз 63 ёшларида, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёшларида, энг навқирон дамларида, комилликка етиб, динга хизматнинг чўққисига чиққан пайтларида охиратга сафар қилдилар. Аллоҳ бу зотни раҳмат қилсин, жойларини жаннатлардан қилсин, динга, илмга, халққа, Ватанга қилган хизматларини давом эттиришни ҳаммамизга насиб қилсин.

Юртимиз мусулмонлари бу буюк инсоннинг ҳаёт йўлини, илмий фаолиятини яхши билиб олишлари керак. Зеро, бу инсон бутун ҳаётини шу юрт учун, шу Ватан учун, мўмин-мусулмонлар учун дин хизматига сарфладилар. Ором олиш, дам олиш деган нарсани билмадилар. Кундалик ҳаётларининг маишат учун, хотиржам дам олиш учун ажратилган қисми йўқ эди. Ҳар бир кунлари қатъий тартибга солинган эди, ҳеч бир ошиқча вақт йўқ эди. Бемалол телевизиор кўриб, газета ўқиб ўтиришга вақтлари йўқ эди. Аммо Ислом оламида, бутун дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан яхши хабардор эдилар.

Ҳазрат доим шошилардилар, ҳатто биз буни баъзан тушунмас эдик, эртаю кеч нимагадир шошилардилар. Нимага шошилганларини мана энди билиб олдик. У зот хайрли ишларга, режалаштирган, кўзлаган мақсадларига улгуриб қолай дер эканлар, вақт ғаниматлигини, фурсат озлигини доим ҳис қилиб юрган эканлар. Албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буни Ўзининг азиз бандаларига билдиради. Аммо биз яна ҳам қойил қолдикки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳазратга билдиргандир, аммо устоз буни ҳеч кимга билдирмадилар. Ўзларига берилган улкан илм неъматини имкон қадар шогирдларига, толиби илмларга етказдилар. Исломий илмларнинг деярли барча йўналишлари бўйича китоб ёзиб, халққа тақдим қилдилар. Исломни, ҳақни, шариатни, илм-маърифатни, одоб-ахлоқни етказишнинг ўзлари яшаган даврда мавжуд бўлган барча воситаларидан унумли фойдаланиб, амр маъруф ва наҳйи мункар фарзини адо этдилар. Халққа зиё тарқатадиган илм-маърифат масканларига – нашриёт ва матбаага, интернет сарҳадларидаги илк ўзбекча исломий порталга асос солдилар. Буларнинг барчасига ҳар бир соати, ҳатто дақиқаси режалаштирилган кун тартибидан бирор марта оғишмаган ҳолда улгурдилар. Ҳаётларининг сўнгги кунида ҳам ҳар доимгидек дарс бердилар, зиёратчиларни қабул қилдилар, сўнг жисмоний тарбия билан машғул бўлдилар. Аллоҳ таолога омонатни таслим қилганларини ёнларидаги ҳамроҳлари ҳам билмай қолишди.

Устозимиз, халқимизнинг улуғ фарзанди, алломаи замон, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ана шундай шонли, баракали, илму маърифатга тўла, чинакам исломий умр кечирдилар, ҳаётлари ҳам, вафотлари ҳам барчамизга ибрату намуна, ҳикмату андоза бўлиб қолди. Бу улуғ зотнинг вафотларидан сўнг юртимизда хатми Қуръон ўқиш бирдан авж олиб кетди. Вафот этганларига икки йил бўляпти ҳамки, қабрларини зиёрат қилишга борсангиз, ҳар куни бомдоддан сўнг камида битта хатми Қуръон ўқилаётган бўлади. Зиёратчиларнинг эса кечгача қадами узилмайди. Илмга чанқоқ, маърифатга ташна халқимиз бу буюк фарзандини ана шундай ардоқлаб, руҳини шод қилишга ҳиммат қилмоқда.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бутун умрларини, барча куч-қувватларини, юксак илмий салоҳиятларини илм-маърифат, зиё тарқатишга бағишлаб, аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш; Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш; исломий маърифат таратиш; салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш; бағрикенглик ва биродарлик руҳини тарқатиш; диний саводсизликни тугатиш; ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш; мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш шиори остида эл-юртга, халққа, Ватанга, мусулмонларга, Исломга фидокорона хизмат қилдилар. Бу хизматнинг нечоғлик муҳим ва улкан бўлганини бугун ҳаммамиз янада чуқурроқ англаб турибмиз. «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими» деганларидек, бу зотнинг айрилиғи бутун эл-юртнинг қалбига оғир мусибат бўлди. Аммо у зотнинг руҳлари барҳаёт, шундай экан, устоз қолдирган буюк илмий меросни ўрганиш ва баҳолиқудрат ўргатиш билан, устозимизнинг ҳақларига, у зотни тарбиялаб ўстирган ота-оналари, устозларининг ҳақларига мудом хайрли дуолар қилиб, шогирдлик бурчимизни, ватандошлик, замондошлик, диндошлик, биродарлик бурчимизни адо этайлик.

 Аллоҳ таоло у зотни Ўз раҳматига олган бўлсин.

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, ҳофиз, фақиҳ, Насаф қозиси, улуғ олим Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил ибн Ҳажжож Насафий. Насаф .Нахшаб, ҳам дейилган.Қутайба ибн Саъид, Жуббора ибн Муғаллис, давоми...

1931 17:00 / 14.03.2021
Қуръони Карим ходими, фазилатли шайх, доктор Аҳмад Исо Ҳасан Маъсаровий ҳазратлари 1953 йил 1 март куни Миср Араб Республикасининг Дақаҳлия вилояти Фотиҳ Морис давоми...

836 22:00 / 28 август
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робиий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари .Робиа, давоми...

3507 21:57 / 27.04.2017
Беназир имом, ҳофиз Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Али ибн Рустам Бухорий Калободий. 323 йилда таваллуд топганлар.Калобод ndash Бухоро давоми...

1604 13:30 / 13.06.2021
Аудиолар

137273 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57347 14:35 / 11.08.2021