1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ҳаёти ва фаолиятига назар

11:41 / 07 январь 3349 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

23 ёшида ўз мактабини очган, мардикор ўқувчини катта шоирга айлантирган, СССРда қораланса-да, Европада эътироф этилган жадид – Мунаввар қорининг қисқагина умр йўли барчага ибрат бўлгулик. Миллат фидойиси Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ҳаёти ва фаолиятига назар соламиз.


«У ташкилотнинг якка-ю ягона раҳбари, теран ақлли мафкурачи, илҳомлантирувчи, уста дипломат ва бошқа шу каби жуда ижобий киши ҳисобланади. Унинг ақл-заковати ҳар доим ҳиссиётларидан устун бўлган. Шунинг учун ҳам у ўз ҳаракатларида камдан-кам хатога йўл қўярди». Бу таъриф топинг-чи, кимга тегишли? Ушбу таъриф қайсидир саркарда ёки сериал қаҳрамонига эмас, айнан бизнинг бугунги қаҳрамонимизга берилган. Бу таърифни унинг шогирди Азиз Лазиззода айтган эди. У киши миллат фидойиси, юрт фидойиси Мунавварқори Абдурашидхон ўғли эди.


Мунавварқори Абдурашидхонов 1878 йил Тошкент шаҳри Дархон даҳасида дунёга келади. У кишининг отаси мударрис бўлиб, Мунаввар қори 3 ўғилнинг кенжаси эди. Онаси Хонхўжа Эшон қизи Хосият отин Мунаввар қорининг маънавий шаклланишида катта ўрин тутади, Хосият отиннинг ўзи ҳам қизларга дарс берган. Мунаввар қорини Тошкентда машҳур бўлган Усмонхон домлада ўқитишади, у жуда ёшлигидан қори бўлади, шунинг учун ҳам болаликдан ҳурматда бўлган. Унинг ота томони ҳам, она томони ҳам ҳурматли, обрўли инсонлар бўлишган.


У Бухорода ўқиб юрган кезларида Аҳмад Дониш, Садри Зиё, Икромиддин Ўроқ каби маърифатпарварларнинг маърузаларини тинглаган. У вақтда Бухорога Афғонистон, Эрон, Татаристон каби ҳудудлардан кўплаб талабалар, савдогарлар келарди. Мунаввар қори улар билан фикр алмашади. Бухоро ярим мустамлака бўлгани учун Тошкентдан кўра ташқи алоқалари яхши эди. Мунаввар қори мусулмон шарқи мустамлакачилар ихтиёрида эканини, тараққиёт ва куч Овропа томонда эканини ўйлаб, зулмдан қутулиш учун ягона чора илм-маърифат, миллатни тараққиётга етаклаш эканини тафаккур қилади. Шундан сўнг у Тошкентга қайтгач, мактабчилик, яъни маориф соҳасида иш бошлайди. Чўлпон, Акмал Икромов эътирофига кўра, Мунаввар қори том маънода доҳий бўлган. Унинг биргина таълим соҳасидаги қилган ишлари замонаси учун ҳам, кейинги даврлар учун ҳам миллий таълим дастурини яратди


1906 йил 14 июнь куни «Тараққий» газетасида чиқарган мақоласида шундай жумлалар бор: «Кўп диндошларимизни кўрамизки, ўз фарзандларини асло мактабга бермай, дунё-охират саодати ўлған илм ва маорифдан маҳрум қилмоқдан ҳеч ҳаё қилмаслар».


1907 йилда думага Беҳбудийнинг Туркистонга маданий мухторият лойиҳасини таклиф этгандаёқ Мунаввар қорида Туркистондаги биринчи сиёсий партия яратиш фикри пайдо бўлади. Шу йилларда Финландияда бир муддат бўлиб, Европадаги сиёсий партиялар тузилиши, низомларини ўрганади. Қайтиб келгач, сиёсий партиялар андозасини Туркия ва Озарбойжондаги партиялардан олиш кераклигини айтади, чунки уларнинг халқи мусулмонлар эди. Мунаввар қори фақатгина педагог эмас, педолог ҳам эди, ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндаша оларди. Унинг ютуғи ҳам шунда эди.


Мунаввар қори ўқувчиларига текин дарслик берган, текин дарс берган. 1929 йил терговларда Муродий ҳам шуни таъкидлаб ўтади, у ҳам Мунаввар қори мактабида текин ўқиган эди. Мунаввар қори бошқа бойлардан ҳам мактабга ҳомийлик қилишни сўрарди, унинг чақириқларига «лаббай» деб жавоб берган бойлар ҳам кўп эди.


Элбек хотираларида Мунаввар қори ҳақида шундай ёзади: «Куз кунларининг бирида дадам мени шаҳарга олиб тушмоқчилигини айтди, мен хурсандлигимдан ухламай чиқдим. Аммо бориб зерикдим, чунки дадам у ерда мардикор ишлар экан. Кузда одамларнинг уйининг деразасига ойна қўйиб бераркан, мен у кишига ёрдам берардим, музлаб қолардик... Бир куни эрталаб Шайхонтоҳур масжиди олдида бир киши чиқиб, ўғлинг мактабда ўқимайдими, деб сўради. Дадам ўқимайди, деганидан сўнг у киши мени ўқитишини айтиб, отамдан рухсат олди. Шундан сўнг менга ҳомийлик қилди, дадамга ҳам ёрдам берди». Мунаввар қори миллатни ана шундай севган, шунинг учун ҳам у доҳий даражасида тан олинган. На бойлар, на уламолар Мунаввар қорига қаролмаган. Унинг дўсти Рустамбек Ниёзбеков айтишича, Тошкентда Мунаввар қорига «сен» деб мурожаат қила оладиган одам йўқ эди, фақат мен ҳазиллашиб сенсирашим мумкин эди, дейди. Бу жуда катта эҳтиромдан дарак.


1919 йилдан бошлаб Мунаввар қори фаолиятида асосан педагоглик ва сиёсатчилик жараёни пайдо бўлади. 1920 йилда Бокудаги конференцияда Хоразмдан Бекжон Раҳмон, Бухородан Файзулла Хўжаев бошчилигидаги делегациялар қатнашади. Анвар пошшо бошчилигидаги конференцияда Чор Россиясига Туркистондан чиқиб кетинг, бўлмаса биз курашамиз, деган мурожаат бўлади. Конференциядан қайтган Мунаввар қори бир муддат қамоққа олинади. У қамоқдалигида бутун Туркистон ларзага келади ва уни қамоқдан чиқаришга мажбур бўлишади.


Ҳеч эътибор берганмисиз яқин-яқингача ҳам Чўлпон, Қодирий деса, фақат шеър ёзган, роман ёзган инсон, Мунаввар қори, Беҳбудий деганда фақат мақола ёзган, дарс берган, маориф билан шуғулланган инсонлар кўз олдимизга келадиган бўлиб қолган. Балки тасаввурларимизни ўзгартиришимиз керакмасмикан?


1922 йилда Мунаввар қорининг шогирди Салимхон Тиллахонов раҳбарлигида «Кўмак» ташкилоти пайдо бўлади. Ушбу ташкилот туркистонлик талабаларни Германияга ўқишга юборади. Бу талабалар энергетика, кимё, саноат, тиббиёт, йўл қурилиш соҳаларида асос яратишди.


Мунаввар қори аёллар билим юртида ҳам дарс беради. У миллат оналарини тарбиялашга катта эътибор беради. Имкон қадар маърифатни юксалтиришга эътиборини қаратди.


1929 йил 5 ноябрда Мунаввар қорини қамоққа олишди ва 1931 йилда отиб ўлдиришди. Мунаввар қори СССРда ёлғон мақолалар орқали қораланган бир пайтда у ҳақида Италия, Германия каби давлатларда катта-катта ижобий мақолалар эълон қилинди. Кейинчалик ҳам унинг юбилейлари ўтказилди, юзлаб мақолалар, асарлар ёзилди. Бизда эса Мунаввар қори 1991 йилга келибгина оқланди. Унинг кўп хизматларини ҳалигача халқимизга етказолганимиз йўқ. Билишимча, яқинда «Сабзазор» чоп этилди, лекин «Тарихи қавми турк», «Ислом тарихи», «Анбиёлар тарихи» каби тарихий китоблари кенг оммага эълон қилингани йўқ. Унинг «Кўз», «Девпечак», «Ялқовлик ёвимиз», «Орзу» каби шеърларини ўқиган ёшларда катта орзулар, юксак марралар пайдо бўлади, ходими миллат орзуси уйғонади. Унинг асарлари ёшларимизга етиб борса, уларда ҳам Мунаввар қори орзуларига ҳамоҳанг орзулар пайдо бўлиб, миллатни юксалтириш иштиёқи уйғонади.


Мунаввар қорини ҳис қилмоқчи, уни тирилтирмоқчи, у билан тиллашмоқчи бўлсангиз, албатта, унинг асарларини ўқинг.


2020 йилда тарихдаги беқиёс хизматлари ҳисобга олиниб, Мунаввар қори Абдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди. Сўзимизни Мунаввар қорининг ушбу байти билан якунлайман.
Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб сендан иш кутадир,
Сенда кўрган ишсизликни ҳасрат чекиб қон ютадир,
Тур ўрнингдан, оч кўзингни,
Айт ёвингга сўз сўзингни!


Манба: kun.uz

 

Мавзуга оид мақолалар
Улуғ имом, ҳофиз, мужаввид, сўзлари ҳужжат, тўғрисўз Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ибн Вард ибн Кушоз Қушайрий Найсобурий. Саҳиҳrdquo китобининг муаллифи. давоми...

1953 16:30 / 04.04.2021
Туркия диёнат вақфи Ислом тадқиқотлари маркази ISAM раҳбари Доктор Муртазо Бедир 1968 йили Туркиянинг марказий қисмидаги Сивас вилоятида таваллуд топган. 1992 йил давоми...

227 14:59 / 11 октябрь
Тоҳиpxон тўpa 1900 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси ҳозирги .Тўрақўрғон, кўчасида маърифатли хонадонлардан бирида таваллуд топди. Бобоси Яҳёхон тўра XIX аср охири ва XX давоми...

1301 19:30 / 15.12.2022
Таниқли даъватчи ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган Абдуллоҳ Бониъма фоний дунёдан охират сари риҳлат қилдилар. Бу зот Аллоҳнинг синовига учраб ўттиз йил фалаж давоми...

1930 16:00 / 01.02.2023
Аудиолар

135329 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7490 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55579 14:35 / 11.08.2021