1446 йил 17 жумадис сони | 2024 йил 19 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Абдулҳошим қорининг ҳаёти ва ижоди

17:00 / 17.02.2022 2254 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Мулла Абдулҳошим мулла Муҳаммад Юсуф афанди ўғли (Ҳошимжон қори) 1904 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси (ҳозирги Марғилон кўчаси)да зиёли, савдогар хонадонида таваллуд топди.

Отаси Муҳаммад Юсуф (1863-1951) афанди ва бобоси Муҳаммад Қосимлар ўз даврининг кўзга кўринган илм аҳлларидан бўлган. Бобоси Муҳаммад Қосим ҳаж сафарига бориб, ўша ерда яшаб қолган ва шу ерда оламдан ўтган.

Ҳикоя қилишларича, Муҳаммад Қосим диёримиздан ҳаж сафарига борган ҳожилар қийналмаслиги, эмин-эркин ибодат қилишлари учун Мадинаи Мунавварада «такя» (турар жой, меҳмонхона) барпо қилган экан. Ушбу такя узоқ вақт мобайнида ҳожиларга беминнат хизмат қилиб келган.

Ҳошимжон қори дастлабки билимларни отаси Муҳаммад Юсуфдан олди. У ўткир зеҳнли, илм-фаросатли ва одоб-ахлоқли бола бўлиб улғайди.

Отаси Муҳаммад Юсуф фарзанди Ҳошимжонни ҳофизи Қуръон бўлишини жуда ҳам хоҳлаб, Сардоба даҳасидаги «Маржома» қорихонасига ўқишга беради. Мавлоно Ҳошимжон ўша даврнинг машҳур мударриси ва ҳофизи Қуръон, устоз Абдулғофур қоридан сабоқ олиб, 12 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.

Кейинчалик, Наманганнинг таниқли мадрасаларидан бири «Мулла  Қирғиз» мадрасасида Собитхон тўра (1866-1928) Абул-маъоний қўлларида таҳсил олади. У устозидан тафсир, фиқҳ, ақоид ва ҳадис каби илмларни ўзлаштиради. Мадрасани тамомлагач, ҳазрат Йўлдошхожа Доғий (1880-1974) домлада яна илмни давом эттиради.

Шу тариқа, Ҳошимжон қори домла Қуръон ва суннатни маҳкам тутган ўз даврининг машҳур қориси, олим ва фозили бўлиб етишади.

Тарихдан маълумки, 1941-йилда иккинчи жаҳон уруши бошланган даврда Совет иттифоқи ўзининг мустамлака ўлкалари аҳолисидан кўпроқ зиёли ва аҳли илм қатламларни фронтга сафарбар қилган. Шу қатори шўролар Ҳошимжон қорини ҳам 37 ёшида урушга юбормоқчи бўлишади. Аллоҳнинг раҳмати, инояти сабаб Ҳошимжон қори урушга бормай қолади. Натижада, қори ўзи ва оиласини сақлаш мақсадида қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига кўчиб кетишга мажбур бўлади. У ерда Ҳошимжон қори уч йил муҳожирликда яшайди. Ниҳоят, 1944 йили вазият юмшаб, диндорларга бироз эркинлик берилади. Шу сабаб Ҳошимжон қорини она юртига қайтишга ундайди. Урушдан кейинги очарчилик ва йўқчилик халқнинг силласини қуритган эди. Ўша йиллари Ҳошимжон қори рўзғорни тебратиш мақсадида боғдорчилик қилар, бўш вақтларида бировларнинг уйларида сувоқчилик қилиб, ризқ топиб, оиласини таъминлаган экан.

Маълумотларга кўра, 1950 йили Мулла Абдулқайюм (1887-1971) домланинг тавсиялари ва кўрсатмаларига мувофиқ Ҳошимжон қори домла «Махдум Эшон» масжидида имом-хатиб фаолиятини бошлайди. Мазкур масжидда қарийб 1970 йилгача бош имом-хатиб вазифасида фаолият юритади. Кейинчалик эса имом ноиби вазифасини бажаради. Ҳазрат Ҳошимжон қори домланинг саъйи ҳаракатлари билан ўша вақтларда «Махдум Эшон» масжиди кенгайтирилди, атрофи эса кўкаламзорлаштириб, боғу роғ қилинди. Ҳошимжон қори домла умрларининг охирига қадар мазкур масжидда Рамазон ойларида хатми Қуръонга имомликка ўтган, илму маърифат тарқатиб, дин хизматида бўлдилар.

Ҳошимжон қори домлада Қуръондан сабоқ олиб, ҳофизи Қуръон бўлган шогирдларидан бири Муҳаммадалихон домла шундай хотирлайди: «Устозим Ҳошимжон қори домла Қуръон билан хулқланган, ўта ҳалим ва салобатли киши эдилар. Шунингдек етук ҳофизи Қуръон, билим ва заковат соҳиби ҳамда ибодат ва тақвода пешқадам инсон эдилар».

Набиралари Шокирхон ака шундай хотирлайди: «Бобомиз Ҳошимжон қори домла Рамазон ойининг биринчи кунидан, то охирги кунигача Наманганнинг турли жойларида хатми Қуръонда бўлиб, имом ёки оддий намозхон сифатида қатнашар эдилар. Кексайган чоғларида ҳам таровеҳ намозни ўтириб ўқиганларини кўрмаганман. Аксинча, ўттиз кун Рамазон давомида чарчоқ ва ҳориш нималигини билмай, атрофдаги ёшларга бақувват ва серғайрат эканликлари билан юксак намуна бўлардилар».

1996 йили 92 ёшида ҳазрат Ҳошимжон қори домла бу фоний дунёдан боқий оламга кўчди. У зот шаҳардаги «Мангулик» қабристонига дафн этилган. Ҳошимжон қори оиласи ва фарзандлари тўғрисида қисқача маълумот:

Ҳошимжон қори Зокирахон ойим (1910-1986) Абдулғофур (Ғофур қори) қизи билан турмуш қурган. Зокирахон ойим ҳам ўқимишли, тақводор, қория аёл бўлган.

Уларни 4та қиз, 1 та ўғил фарзандлари бор.

Фарзандлари Розияхон ойим (1926-2017), Абдулатиф (1936-2015), Хадичахон ойим (1938-2012), Хофизахон ойим (1946-2014) ва Насибахон ойимлар (1950-2017).

Мулла Ҳошимжон қорининг катта қизи Розияхон ойим Муҳаммад қори (1888-1975) Мулла Солихон ўғлига турмушга чиққан. Уларнинг 3 та ўғил, 2 та қиз фарзандлари бор.

Фарзандлари Ҳусанхон (1958), Шокиржон (1963), Олимжон (1960-1967).

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи.

Чиноз тумани Олмазор қўрғони.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўғиллари Абдурраҳим Шаъровий ҳикоя қилади.Отам шифохонада эдилар. Биз олдиларига кирдик. Бироз вақт ўтиб, отамнинг аҳволлари ўзгара бошлади. Кейин .Аллоҳ Аллоҳ, давоми...

2345 11:30 / 01.04.2021
Ҳофиз, олим, илм талабида юрт кезган Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Холид ибн Аҳмад ибн Холид ибн Ҳаммод Зуҳлий Холидий Ҳаравий.Абу Саъид ибн Аъробий, Абу Наср давоми...

1421 16:00 / 03.10.2021
Мулла Йўлдошхўжа Доғий 1880 йил Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси, .Чинор, маҳaлласи ҳозирги .Кўзагарлик, кўчасида Отахўжа эшон хонадонида таваллуд топди. Қиблагоҳи давоми...

2301 17:00 / 04.08.2022
Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқанднинг Мотурид номли қишлоғида туғулган. У кишининг ҳаётини ўрганган тарихчилар туғилган давоми...

5428 22:20 / 27.04.2017
Аудиолар

137307 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57374 14:35 / 11.08.2021