1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Жўшқин фаолият

17:55 / 19.06.2017 6875 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


МУҲАММАДГА СОДИҚ 

МУҲАММАД СОДИҚ

(ЯНГИ ХОТИРА КИТОБИДАН БОБЛАР)


1980 йили Ливия дорилфунунини муваффақиятли тугатиб қайтган Муҳаммад Содиқни ўзлари таҳсил олган Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом маъҳадига (институтига) мударрис қилиб ишга олишди. Айни пайтда у киши Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро алоқалар бўлимида таржимонлик ҳам қилганлар. Муҳаммад Содиқ маъҳадда талабаларга тафсир, ҳадис, улумул-Қуръон, ақида ва фароиз (мерос илми) фанларидан дарс бердилар. 1982 йили у шу маъҳад проректорлигига тайинландилар. Икки йилдан сўнг эса ана шу ўқув даргоҳига ректор бўлдилар. У кишининг фаолияти даврида маъҳадда том маънодаги ташкилий ўзгаришлар, ислоҳотлар ўтказилди. Ўшангача маъҳадда одатланилмаган айрим диний фанларни ўқитиш янгидан жорий бўлди. Хусусан, “Улумул-Қуръон”, ақида фанлари, тафсир ва ҳадисдан “Раваъиул-байан”, “Манҳалил-ҳадис” каби ўқув қўлланмалари ўқитиладиган бўлди. Шайх маъҳаднинг янги ўқув дастурини ишлаб чиқдилар, талабаларни керакли ўқув дарсликлари ва илмий адабиётлар билан таъминлаш тадбирларини белгиладилар.

1989 йилгача Шайх маъҳадда бир неча фанлардан дарс бериш билан бирга шогирдларни тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор бердилар. Собиқ иттифоқнинг турли ўлкаларидан келган ёшларни таълими ва таҳсили ҳақида ҳамиша жон куйдириб ишладилар. Ўша пайтдаги барча талабалар Шайхнинг шогирдлари эди. У кишининг шогирдлари орасидан йирик олимлар, дин арбоблари етишиб чиқди. Масалан, Россия Федерациясининг бош муфтийи Равил Ғайниддин, Чеченистон муфтийи ва биринчи президенти Аҳмад ҳожи Қодиров, Кавказнинг бош муфтийи Исмоил Бердиев, Доғистон имоми Муҳаммад Расул, озарбойжонлик олим Мулкадор ва бошқалар Шайхнинг шогирдларидан эди. Шайх Ливияда юрганларида жуда кўп ўзбек ёшларига устозлик қилиб, дарс бердилар. Анвар Аҳмад, Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ, Муҳаммад Умар, Муҳаммад Қурбон, Рисқулбек Каримбеков ва бошқалар шулар жумласидандир.

 Ўтган милодий аср саксонинчи йилларининг ўртасига келиб собиқ иттифоқнинг бошқа республикалари қатори Ўзбекистонда ҳам мустақиллик насими эса бошлади. Халқнинг кўзи очилиб, асл қадриятларини, маънавий ҳурриятни қўмсаб қолди. Узоқ йиллар ҳукмрон бўлган, ҳокимиятини даҳрийлик ва эътиқодсизлик асосига қурган тузумнинг барча тазйиқ-таъқиблари ва қийноқ-жафолари жабрини яхшигина тортган мусулмонлар айниқса катта умидлар билан яшашар эди.

Мана шундай бир шароитда мусулмонларга етакчилик қила оладиган, уларнинг дарду ҳасратлари, муаммолари, орзу-умидлари билан яшай оладиган диний раҳбар масаласи ҳам ўртага чиқди. Ўшангача ярим асрдан зиёд вақт мобайнида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари ишига Бобохоновлар сулоласининг аъзолари раҳбарлик қилиб келишган эди. Сулоланинг олдинги вакилларидан Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон минтақадаги энг етук уламолардан бири сифатида 1947 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг таъсис этилишида ташаббускор ва бош-қош бўлганлар, у зот 1958 йили вафот этганларидан кейин эса оталарининг ишини атоқли дин арбоби Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон муваффақиятли давом эттирган эди. 1982 йили у киши вафот этгач, ўрниларига ўғиллари Шамсуддинхон Бобохонов тайинланди. Аммо яхши инсон, истеъдодли олим ва моҳир дипломат бўлган Шамсуддинхон диний ишларни бошқариш, мусулмонларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда янги замоннинг ўсиб бораётган талабларига жавоб бера олмай қолди. Республика раҳбарияти унинг ўрнига чуқур диний илм олган, ташкилотчилик қобилиятларига эга бўлган, мусулмонлар манфаати ҳақида қайғуришни асосий мақсад қилиб олган олимни тайинлашга қарор қилди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳайъатининг 1989 йил февраль ойидаги мажлиси қарорига мувофиқ минтақа мусулмонлари қурултойида тасдиқлангунча вақтинча диний бошқарма раиси ва муфтийлик вазифасига Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни тайинлади.

 Ўша йилнинг март ойида Ҳасти Имомдаги Ғафур Ғулом кинотеатрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг тўртинчи қурултойи ўтказилди. Унда минтақа мусулмонларининг долзарб муаммолари, уларни ҳал этиш йўллари ҳақида сўз борди. Сўзга чиққан нотиқлар иттифоқда бошланиб кетган қайта қуриш диний соҳада жуда суст бораётгани, бунга турли тўсиқлар қўйилаётгани, бу борада мусулмонлар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида гапиришди. Мазкур қурултойда бошқарма ҳайъатининг тавсиясига кўра шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бир овоздан минтақа мусулмонлар диний бошқармаси раиси, муфтий қилиб сайланди.

Қурултойдан сўнг мусулмонларга қайтариб берилган, ўшангача мамлакат музейларида сақланган Мусҳафи Усмонни (Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ёзилган олтита Мусҳафнинг бири) бошқарма кутубхонасига тақдим қилиш маросими бўлди. Минглаб мусулмонлар табаррук Мусҳафни зиёрат қилиш учун “Тиллашайх” масжидидаги кутубхонага ёпирилиб кела бошлашди. Мусҳаф ҳозиргача шу ерда сақланмоқда ва уни ҳар йили жаҳоннинг турли мамлакатларидан минглаб мусулмонлар зиёрат қилишмоқда.    

1989 йилнинг баҳоридан бошлаб шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтийлик вазифасини адо этишга киришар экан, масжидлар очиш билан бир қаторда диний адабиётлар нашр этиш масаласига алоҳида эътибор бера бошлади. Ўшангача уч ойда бир марта чиқадиган, асосан чет эллардаги ўқувчиларга юбориладиган “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали узоқ йиллик динсизлик тузумидан қутулиб, кўксига шамол теккан мусулмонларнинг талабига жавоб бера олмай қолган эди. Шунинг учун фаолияти умуман тўхтаб қолган журнал мундарижаси, шакли ва мазмуни тамоман янгиланиб, “Мовароуннаҳр мусулмонлари” номи билан чиқа бошлади. 1990 йили “Ислом нури” газетасига асос солинди. Янгидан иш бошлаган “Мовароуннаҳр” нашриёти ишларини жонлантириш учун шоир-ёзувчи ва журналистлардан Асқар Маҳкам, Шодиёр Мутаҳҳархон ўғли, Исомиддин Алимов, уламолардан Муҳаммад Шариф Жуман, мўйқалам усталаридан Абдулбоқи Имомхон ўғли, Абдулбосит Абдулборий ўғли ва бошқалар нашриётга ишга таклиф қилинди. 1992 йили Шайх ҳазратлари укалари Муҳаммад Аминнинг тавсияси билан каминани “Мовароуннаҳр” нашриётига масъул котиб вазифасига ишга таклиф қилдилар. Жўшқин ишлар бошланиб кетди.

Ҳазратнинг нашриёт ходимлари билан ўтказган биринчи учрашувлари кечагидай эсимда. Устоз узоқ йиллик даҳрийлик тузумининг мусулмонлар онги ва шуъурига етказган жароҳатларини тузатиш осон кечмаслиги, ҳозирги пайтда дин асосларидан узоқлашиб кетган юртдошларимизни тезроқ илмли, маърифатли қилиш, халқ орасида жаҳолатни тугатиш, бунинг учун зудлик билан диний адабиётларни чоп этишга киришиш зарурлиги ҳақида куйиниб гапирдилар. У киши яна шундай дедилар: “Минг таассуфки, нашриётлар ишга тушиб, кадрлар билан таъминланган, матбаа корхоналари билан шартнома тузилган бир пайтда чоп этгани бирорта тайёр китоб йўқлиги аён бўлиб қолди. Ходимларимиз “Ислом дини” номли татар тилидаги бир китобни араб ёзувида катта нусхада нашр этишибди. Ваҳоланки, бу китобни араб ёзувида ўқийдиган одам кам, бунинг устига тили татарча, у одамларимизга Ислом дини ҳақида етарли маълумот бера олмайди. Шунинг учун ўз муаллифларимиз билан ишлаб, уларнинг китобларини нашр қилиш ҳақида бош қотиришимиз керак. Исломнинг асослари бўлган Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ақидага бағишланган китоблар нашрига кўпроқ эътибор қаратиш лозим”.

Ўшанда айтган яна бир гаплари сира эсимдан чиқмайди: “Айрим қаламкашлар бутун куч-иқтидорларини мустабид тузумни танқид қилишга, ёмонлашга қаратишяпти. Ҳозир бунинг асло кераги йўқ. У тузум қулади, йиқилган одамни уришдан фойда йўқлиги каби ўтмишга тош отиш мақбул иш эмас. Бунинг ўрнига Ислом динининг моҳиятини очиб беринглар, одамларга динимизнинг ҳақ ва муносиб дин эканини тушунтиринглар, салафларимизнинг ҳаётларини тарғиб қилинглар. Шундагина кўзлаган мақсадимизга эришамиз”.

Адашмасам, 1993 йилда бўлса керак, Наманган Давлат университетининг профессори Одилжон Носиров (Аллоҳ раҳмат қилсин), фан номзодлари Муҳаммаджон Юсупов, Мўминжон Сулаймонов, Нишонов каби устозлар Х. К. Барановнинг “Русско-арабский словарь” луғатини ўзбекчага таржима қилишни   режалаганларини эшитиб қолдим. Бу нарса мусулмонларнинг маънавий ҳаётида муҳим воқеа бўлиши мумкин эди. Сабаби, араб тилидан таржима қилувчи мутаржимлар, илм толиблари, умуман Ислом дини мутахассислари учун бу китоб жуда зарурлиги, аммо рус тилини билмаганларга ундан фойдаланиш катта қийинчилик туғдираётгани боис мазкур луғатнинг ўзбекчасига эҳтиёж катта эди. Ўшанда “Мовароуннаҳр” нашриётида ишлаб турган эдим. Янгиликни дарҳол Ҳазратга етказдим. “Жуда маъқул иш бошлашибди, агар вақтлари бўлса, Тошкентга таклиф қилсангиз, лойиҳа ҳақида бафуржа маслаҳатлашсак, қўлдан келганича ёрдам кўрсатишимиз ҳам мумкин”, дедилар. Уларни пойтахтга чақиртирдик. Бир ҳафтадан сўнг келишди, Ҳазратнинг ҳузурларига олиб кирдим. Қабулхона котиби Ҳазратнинг банд эканларини, кутиб туришимизни айтди. Кейин ўзи юмуш билан ичкарига кирганида Намангандан луғат таржимонлари келишганини эслатибди. Хонада бир неча киши билан ниманидир маслаҳати қилиб турилган экан, бу хабарни эшитиб, Ҳазрат уларга ижозат бердилар ва меҳмонларни хонага таклиф қилдилар.

Шайх ҳазратлари меҳмонларни илиқ кутиб олдилар, фойдали иш бошлангани билан қутладилар. Кейин бош ҳисобчини чақиртириб, луғат таржимонларига ойлик маош тайинлаш ва мунтазам тўлаб бориш топшириғини бердилар. Таржимонлар у кишининг қабулидан хурсанд ҳолда чиқиб кетишди. Луғат устида қизғин иш бошланиб кетди. Ҳазрат ишнинг боришини доимий назорат қилиб турдилар. Аммо тақдир тақозоси билан у киши хорижга кетишга мажбур бўлиб қолгач, бошлаган кўпгина хайрли ишлари каби луғат таржимонларини маош билан таъминлаш тўхтаб қолди. Шунда таржимонлар маошсиз ҳам луғат таржимасини охирига етказишга қарор қилишди. Ижодий гуруҳ раҳбари раҳматли Одилжон Носиров шундай деди: “Биз бу ишни Аллоҳнинг розилиги учун холис бошлаганмиз. Агар маош бериб турилганида тирикчилик учун қилаётган ишларимизни тарк этиб, асосан луғат билан шуғулланган бўлар эдик. Начора, ҳолат шундай бўлгач, биз Шайх ҳазратларига берган ваъдамизни албатта бажариб, ишни охирига етказамиз”.

Орадан бир неча йил ўтиб, арабча-ўзбекча “Ан-Наъим” луғати нашр этилди. Аммо уни кўриш профессор Одилжон Носировга насиб этмади, Ҳазрат эса юртдан олисда яшаётган эдилар.

1989 йил август ойида Совет Иттифоқининг Европа қисми ва Сибирия мусулмонлари диний бошқармасининг 200 йиллиги ҳамда Волгабўйи ва Урал халқлари Исломни қабул қилганининг 1100 йиллиги тантаналарида қатнашиш учун Уфа шаҳрига жаҳоннинг жуда кўп Ислом мамлакатларидан меҳмонлар келишди. Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга юқори мартабали меҳмонлардан Бутун олам Ислом уюшмасининг Бош котиби доктор Абдуллоҳ Умар Насиф бошчилигидаги Саудия Арабистони намоёндаларини кутиб олиш топширилди. Муфтий уларни Шереметьево аэропортида кутиб олиб, Москванинг диққатга сазовор жойларини кўрсатдилар. 1989 йилнинг 15 августида уюшма вафди Ўзбекистонга ташриф буюрди. Меҳмонлар аввал Самарқандда бўлиб, Имом Бухорий мақбараларини зиёрат қилишди, сўнгра Тошкентга келиб, диний бошқарма ҳаёти билан танишишди, кутубхонада сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафи шарифларини кўздан кечиришди. Мамлакат бўйлаб сафарда уларга Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси муфтий шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамроҳлик қилдилар. Абдуллоҳ Умар Насиф “Совет Шарқи мусулмонлари” журналининг мухбири билан суҳбатда шундай деди: “Шайх муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни мен у зот Тошкент Ислом маъҳадида мудирлик қилган вақтдан буён яхши биламан. Аллоҳга шукрлар бўлсин, мен у кишини Совет Иттифоқи мусулмонлари ҳаёти ва эҳтиёжларини яхши тушунадиган арбоб сифатида танидим. Ташрифим давомида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. У мусулмонларни ҳидоят йўлига бошлашда катта саъй-ҳаракат кўрсатмоқда, таълим-тарбия, ноширлик ишларига алоҳида эътибор бермоқда. Исломдан узоқ бўлган кишиларга унинг ҳақиқий моҳиятини очиқ-ойдин тушунтириш ишларида фаоллик кўрсатмоқда. Мусулмонлар ва ғайримусулмонлар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, маданий-илмий муносабатлар ўрнатиш муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф орқали амалга оширилмоқда. У зот, иншааллоҳ, шунга муносиб кишидир. Аллоҳ таолодан у кишига ушбу фаолиятларида равнақ тилаймиз, Аллоҳ мустаҳкам соғлиқ ато этишини сўраб дуо қиламиз”.

Суҳбат асносида уюшма Бош котиби Совет Иттифоқи мусулмонлари учун Мадинаи мунавварадаги Қуръони карим чоп қиладиган Фаҳд ибн Абдулазиз босмахонасидан бир миллион нусхадаги мусҳафни жўнатишга ваъда қилди. “Шунча мусҳаф ҳозир тайёр қилиб қўйилган, фақат уни тезроқ уловларга юклаб, тўғридан-тўғри Тошкентга юбориш қолди, холос. Иншааллоҳ, бу ишлар тезда амалга оширилади”, деди у. Шундан сўнг меҳмонлар муфтий ҳамроҳлигида юбилей тантаналарида қатнашиш учун Уфага учиб кетишди. Ўша суҳбатдан икки йил ўтганидан кейингина ҳадя қилинган ана шу китобларни юртга келтириш имконияти туғилди.


Аҳмад МУҲАММАД.

(Давоми бор)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Муҳтарам муфтий ҳазратлари Турғунлик йилларининг жамиятимизга етказган иқтисодий ва маънавий зарарлари тобора кўпроқ ойдинлашмоқда. Бу зарарларнинг давоми...

1237 17:25 / 26 апрель
Ушбу меҳроб олдида Моликий мазҳабининг забардаст фақиҳи, муҳаддис ва тарихчи Имом Ибн Абдулбарр Буюк муфассир Имом Қуртубий Моликий мазҳабининг Андалусдаги давоми...

907 09:00 / 10.05.2023
Ҳомиддин қори домла 1895 йил ҳозирги Наманган шаҳри, Шишшаки мавзесида истиқомат қилган Усмонхон ота ваф. 1899 хонадонларида дунёга келди.Падари бузруквори Усмонхон давоми...

2643 14:00 / 23.03.2022
учинчи мақолаИбн Ҳиббон Имрон ибн Ҳусайн айтган ҳадисни келтирганлар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишидан .Шаъбоннинг охирида бирор кун рўза давоми...

1334 12:30 / 07.02.2021
Аудиолар

137639 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57706 14:35 / 11.08.2021