1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Маҳрни қайтариб оладими ёки...

05:00 / 06.03.2017 3150 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

 Бундан бир неча йиллар аввал барча шаръий таълимотлар тўғрисидаги тушунчалар унут бўлгани каби маҳр тўғрисидаги маълумотлар ҳам истеъмолдан кўтарилган эди. Агар ақд-никоҳ пайтидаги устоз домлаларнинг “келиннинг маҳрига бир уй, бир даҳлиз пешайвони билан” деган сўзларини эътиборга олинмаса, маҳр нима экани ҳам мутлақо унутилган эди. Ҳаттоки ақд-никоҳ пайтида айтилган мазкур сўзни маъно-моҳиятини на келин-куёв ва на уларнинг ота-оналарию бошқалар ҳам тушунмас эди. Гўёки никоҳ пайтида шу сўзни эслатиб ўтиш миллий урф-одатимизга айланган эди? холос. Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсинки, ўзини билган, дийну диёнатини маҳкам ушлаб унинг ҳукмларига амал қиладиган ёшлар ўртасида ўзининг бўлажак жуфти ҳалолига яхшигина қийматга эга бўладиган маҳр бериш жорий қилинди.

Бир пайтлар маҳр нима эканини мутлақо билмаган аёллар бутун вужудини, бор имконият ва қобилиятини ишга солиб, ўз эрига вафоси ва садоқатини кўрсатиш билан бирга қайнота, қайноналарининг хизматларини қилиб, дуоларини олар эдилар. Гўёки уларни ўйнаб-кулиш, дам олиш ва яна қандайдир эрмак ва кўнгилочар нарсаларга вақтлари йўқ эди. Шундоқ бўлса-да, улар ўзларини ўта бахтиёр ҳис қилар эдилар. Ҳозирга келиб ҳаёт фарованлашиб, тўкин-сочинчилик, кенг-мўлчилик ва ҳар тарафлама серобчиликка эришилган бир пайтда баъзи бир аёллар тарафидан ўз турмуш ўртоқлари ёки қайнота-қайноналарига нисбатан ҳурматсизлик, эътиборсизлик, ҳаттоки хиёнат қилиш ҳам содир этиляпти. Мазкур муаммоларнинг салбий натижаси ўлароқ эрлар тарафидан “Агар хотиннинг айби туфайли (хиёнат, диндан қайтиш, ёлғончилик, чақимчилик, беҳаёлик) эр у билан ажрашмоқчи бўлса, берган маҳрини қайтариб олишга ҳаққи борми, ёки йўқми?” деган муаммолар кўтариляпти. Қуйида мазкур муаммонинг шаръий ечимлари тўғрисидаги маълумотларни сизлар билан ўртоқлашамиз.

 “Кифоя” китобидан:

Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир. Агар ўндан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам вожиб бўлади. Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади. Саҳиҳ хилват ҳиссий, шаръий ва табиий жиҳатдан жинсий яқинликни ман қилувчи нарса қолмаслигидир. Мисол учун, жинсий яқинликни ман қиладиган беморлик, Рамазон рўзаси, фарз намоз, эҳром, ҳайз, нифос кабилар.

Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир.

Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу нисобга етган молнинг йигирмадан бири, деганидир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дедилар.

Дорақутний ва Байҳақий ривоят қилишган.

“Агар ўндан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам вожиб бўлади”.

Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса, жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса ҳам, барибир, дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.

Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади.

 Ибни Мунзир: Бу Умар, Али, Зайд ибни Собит, Абдуллоҳ ибни Умар, Жобир, Маоз розияллоҳу анҳумларнинг сўзларидир ва имом Шофиъийнинг қадимги сўзидир. Лекин янги сўзида ва имом Молик: “Агар эр хотинни хилватдан кейин қўшилмасдан туриб талоқ қўйса, аталган маҳрнинг ярмини беради” деганлар. Ва:

Агар уларга қўл тегизмай талоқ қилсангиз...” (Бақара сураси, 237-оят), яятини далил қилганлар.

Биз эса:

 “Ва қандай ҳам олурсиз?! Ахир, бир-бирингизга қовушдингиз...” (Нисо сураси, 21-оят).

Оятини далил қилиб, ундаги “Афзо” (қовушдингиз)дан мақсад хилватдир, деймиз. Чунки эр одатда хотин билан фақатгина саҳиҳ бўлган хилватдагина қовушади. Зотан саҳиҳ хилват зоҳиран қовушишнинг сабабидир. Қолаверса, бу сўзимизни Имом Молик ўзларининг “Муватто” китобида келтирган ривояти ҳам қувватлайди.

Яҳё ибн Саиъд Саиъ ибни Мусайябдан: “Албатта Умар ибни Хаттоб розияллоҳу анҳу бир кишига турмушга чиққан аёл ҳақида ҳукм қилиб, агар пардалар туширилса, батаҳқиқ маҳр вожиб бўлади. Киши у билан қовушадими ёки йўқми” дедилар (Ниқоя китобидан олинди).

Яъни эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз бўлган маҳрдан бошқа нарсани ёки ўн дирҳам ёхуд ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса, ўшани бирлари вафот этса ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин бериш вожибга айланади. «Саҳиҳ хилват» нималигини кейинги жумладан билиб оламиз.

Саҳиҳ хилват ҳиссий, шаръий ва табиий жиҳатдан жинсий яқинликни ман қилувчи иарса қолмаслигидир. Мисол учун, жинсий яқинликни ман қиладиган беморлик, Рамазон рўзаси, фарз намоз, эҳром, ҳайз, нифос кабилар.

«Хилвати саҳиҳа» – «саҳиҳ хилват» деганда ақди никоҳдан кейин эр-хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.

«Холи жой» деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига ҳеч ким кира олмайдиган макон кўзда тутилади.

«Ҳиссий монелик» деганда, эркакнинг беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай туриши кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага моне бўлиши ҳам ҳиссий монеликка киради.

«Шаръий монелик» деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.

«Табиий монелик» деганда, эр-хотиндан бошқа шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.

Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, хилвати саҳиҳа юзага келгандан кейин эр маҳрни тўлиқ бериши вожиб бўлади, агар хотинининг айби билан никоҳ бузилса ҳам.

Мисол учун, қовушгандан ёки хилвати саҳиҳадан кейин аёл диндан чиқиб, муртад бўлса ҳам, маҳрни тўлиқ олиш ҳаққига эга бўлади.

Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эр-хотиннинг бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушгандан олдин содир бўладими, кейинми, барибир.

Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ ила аталган маҳрнинг ярми вожиб бўлади(Кифоя китобидан).

Мисол учун, хотинга маҳрингга минг дирҳам бераман деб белгилаган бўлса ва никоҳдан кейин хилвати саҳиҳадан эса олдин талоқ қўйиб юборса, шунда белгиланган маҳрнинг ярмини, яъни беш юз дирҳамни беради. Бунга эса қуйидаги ояти к арима далилдир:

“Агар уларга қўл тегизмай талоқ қилсангиз ва маҳрни аниқлаб қўйган бўлсангиз, аниқланганнинг ярмини берасиз...” (Бақара сураси, 237-оят).

 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Идда, сўзи луғатда .санаш,, .ҳисоблаш, маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин сақлаши лозим бўлган давоми...

9024 05:00 / 14.02.2017
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Савда бинти Замъа кечаси ташқарига чиқди. Бас, уни Умар кўриб таниди ва .Албатта, Аллоҳга қасамки, сен, эй Савда, бизга давоми...

3935 05:00 / 14.02.2017
Энди оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз юритишга ижозат бергайсиз. Албатта, бунда ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатлар эътиборидан давоми...

6818 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. Тенги чиқса, текинга давоми...

4512 05:00 / 07.03.2017