1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон ойининг ўзига хосликлари (биринчи мақола)

10:30 / 22.04.2021 2159 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзларини Аллоҳнинг динини йўқ қилишга, йўқ қилолмаган тақдирда уни чигаллаштириб, қориштиришга, бузишга қаратилган кучлар ва уларга билиб-билмай қурол бўлганлар ўртага чиқарган, бандаларнинг хоҳишига мос ҳолда Ислом мафкураси таъсирида қадрсизланиб бошлаган рамазон тушунчасига муқобил ҳақиқий Рамазоннинг ва рўзанинг нима эканини тушуниш учун дастлаб Рамазоннинг қандай ой эмаслигини англамоғимиз лозим бўлади.

Рамазон – ифтор ойи эмас

Рамазон ойи – дунё неъматлари қўлида бўлатуриб, Роббининг буйруғига биноан емай, ичмай, шаҳватларини тийиш билан сабр имтиҳонида муваффақият қозонишга ғайрат қилган мўминларнинг ойидир. Дабдабали исроф шоусига айланган ифтор дастурхонлари Раббоний васфдан бенасиб дастурхонлардир. Бир соат кейин ўқиладиган таровиҳ намозининг қийинлашишига олиб борган ифтор дастурхони Рамазонга оид эмасдир. Рамазондан олдин ҳам макруҳ бўлган исрофли бозор-ўчарларни Рамазон соясида мубоҳ қилиб олиш хатодир. Рамазон очлик тарбияси экан, уни очлик адабиётига айлантиролмаймиз. Куни кеча ароқ ичиш бемалол бўлган меҳмонхоналарда бугун ифтор дастурхонларининг ёзилиши, камига унинг «Аллоҳ розилиги учун ифтор бериш», деб номланиши кулгулидир. Мусулмонлар дастурхонларига эгалик қилишлари лозим. Ичилиб-ичилмаслиги, ейилиб-ейилмаслиги шубҳали бўлган нарсалар ўрин олган ифтор дастурхонига қандай ўтириш мумкин?

Ифторларимиз «кимлар»нингдир чўнтакларини тўлдиришига сабаб бўлмасидан, Рамазон кунида овқатланмоқ миқдорича ундан узоқ турмоқ ва бунга ҳаракат қилмоқ керак.

Рамазон – саҳарлик ойи, рўза ойидир

Бизнинг ифторга бўлган эътиборимиз саҳарликдадир. Рўзанинг бошланиши саҳарлик, тугаши ифторликдир. Рўзанинг тугаши бўлган ифторга қаратилган эътибор, боши бўлган саҳарликка қаратилмаса, бу яхшилик аломати эмас. Рўза ойи бўлган Рамазон, ифтор ойига айлантирилмаслиги даркор. Ҳатто «ифтор» сўзининг маъноси ҳам нотўғри қўлланилмоқдадир. Ифтор (тўйгунича ейиш эмас) фақат «оғизни очиш» демакдир.

Рамазон – исроф ойи эмас

Шубҳасиз, мол билан вақт исрофи ҳеч қачон хуш кўрилмайди. Рамазон ойида эса мол ҳамда вақт исрофига йўл қўйиш асло мумкин эмас. Истеъмол қилинмасдан ташланган егуликлар, бир кўришиб ҳол-аҳвол сўрашиш баҳонаси билан ўктазиб юборилган соатлар, умрлар Рамазоннинг пучга чиққанининг нишонасидир. Овқатланиш вақтининг икки баравар камайишига қарамай, ошхона харажатларининг ортиши нимадан дарак бериши мумкин?

Кечаси ярим соатга камайган уйқу сабабли унга соатларча уйқуни илова қилиш, кундузлари уйқу билан вақтларни беҳуда ўтказиш Рамазонда юзага келган ишлардир. Молу вақтда исроф бор экан, Рамазон туби тешик бир пақирга айланиши мумкин.

Рамазон – зуҳд ва барокат ойи

Рамазон таом истеъмол қилишни ва иккинчи даражали эҳтиёжлар рўйхатини камайтириш ҳамда охират учун тайёргарлик кўриш фурсатидир. Рамазонда молимиз ҳамда вақтимиз баракали бўлиши, ўтган ўн бир ойда қилолмаган савобли амалларимизни қилиш имкони, вақти бўлмоғи лозим.

Аёлларимиз (оналаримиз, хотинларимиз, қизларимиз) муборак кунларни ошхонада овқат тайёрлаш ва идиш-товоқ ювиш билан ўтказмасликлари керак. Шунингдек, мўмин киши ҳам вақтини чойхонада ўтказиши тўғри эмас.

Бу ойда молимиз, вақтимиз, ибодатимиз, шууримиз, ухувватимиз (исломий ака-укалигимиз) баракали бўлиши лозим. Рамазон ойига киргандаги ҳолимиз яхши томонга ўзгарган ҳолда Рамазондан чиқмоғимиз керак.

Рамазон – асабийлашиш ойи эмас

Рўзадор бўлгани учун асабийлашган, бақириб-чақирган, уриб-синдирган мусулмон хатокордир. Ифторга етишолмагани, таровиҳга боролмагани учун бировларга азият етказадиган, беадаб сўзларни ишлатадиган мўмин, Рамазонини қўлдан бой берган мўминдир. Оила аъзоларидан бирини ранжитган, ҳамкасбларини ёхуд масжиддаги биродарларини хафа қилган мўмин синовини таҳликага қўйган мўминдир. Рамазонда асабийлашиб, бошқа пайтлар эса сабрли бўлган мусулмон, тузалиши қийин бўлган даъво эгасидир.

Рўзани бузувчи еб-ичиш сингари одатлардан ҳам тийилишимиз керак бўлган рўйхатдан ўрин олиши шарт.

Рамазон сабр-матонат ойидир

Рамазон фақатгина очликка эмас, нафсга оғир келган барча нарсаларга чидамли бўлиш ойидир. Тилга, қўлга, кўзга, ҳамёнга эгалик қила олиш ойидир. Гапиролган ҳолда гапирмаслик, еган ҳолда емаслик муҳимдир.

Саҳар ва ифтор соатларидаги Рамазон ва рўза аҳамиятини кун давомида давом эттира олиш, Рамазон руҳи билан яшашнинг исботидир. Рамазон сабр қилиш осон бўлмаган бир пайтга тўғри келиши мумкин. Чунки у бошқа бирор пайтда қўлга киритиш мумкин бўлмаган савоб ва барокат манбаларини ўзида мужассам қилган ойдир. Гулни яхши кўрган, тиканига ҳам чидашни билиши керак.

Қуйидагиларга чидашга мажбурмиз:

* гуноҳлардан тийилишнинг қийинлигига;

* ибодатларни бажаришдаги машаққатларга;

* мол, фарзанд ҳамда баданларимизга етган мусибатларга;

* уммати Муҳаммаднинг бошига тушган офатларга.

Рамазон – саёҳат ойи эмас

Шаҳарма-шаҳар айланиш Рамазонга алоқаси бўлмаган ишлардандир. Одатда мусулмонлар учун таътил ва саёҳат сезонига айлантирилган Рамазон тушунчаси руҳсиз ва ихлоссиз бир тушунчадир.

Масжидларнинг катталигию тарихийлигини кўраман дея айланмоқ, унинг минорасини, бунинг асарини суратга олмоқ Аллоҳ таоло ибодат ҳисоблаган ишлардан бўлмагани учун мўмин киши Рамазоннинг барокатли дамларини саёҳатларда, зиёратларда ўтказмасликка эътибор бериши лозим.

Бирор-бир кўча-кўй йўқки, кўз, қулоқ ҳамда дил офатга тушмасин, шундай экан, Рамазон ойида қайси кўча-кўйда сайру саёҳат қилиш мумкин?! Шундай экан...

Эътикоф қаерда-ю, сайру саёҳат қилиш қаерда?

Рамазонда тавсия қилинган нарса эътикофдир. Эътикоф эса масжидга бекинмоқдир.

Масжидга бекиниш билан масжидларни айланиб сайр қилиш бир хил нарса эмас.

Рамазонда тавсия қилинган бирдан-бир саёҳат умрадир. Рекламасиз, риёсиз, гўзал адо қилинган умра улкан ибодатдир.

Рамазон ўн икки ой эмас, бор-йўғи бир ойгинадир

Рамазоннинг илк кунларини ҳаяжон билан бошлаб, ҳали ҳайит келмасидан ярмига келиб ташлаб юбормоқ, (савоб ишларда) секинлашмоқ, ибодатларни ва узоқ туриш лозим бўлган нарсаларни поймол қилмоқ энг камида ишни бошлаб, охирига етказмаслик ҳисобланади. Рамазоннинг охириги кунларида бўшашмоқ, бозор-ўчар сингари бирор мақсад билан бўлса-да, шайтоннинг кескин тузоқлари қўйилган бозорларда бу муборак соатларни сарфламоқ, кейинчалик афсус-надомат қилинадиган хатолардир. «Болажонлар учун ҳайитлик» номи остида катталарнинг ўзлари учун байрамга сарф-харажат қилиши яхшими?!

Охири бошидан аҳамиятли – савоб дарёси охиридадир

Бунинг учун Рамазоннинг охирги ўн кунини илк ўн кунидан-да ҳаяжонлироқ, савоб умидида ҳарис ҳолда ўтказмоқ таҳсинга лойиқ. Мусулмон кишининг на ҳайит бозор-ўчари ва на сайру саёҳат учун фидо қиладиган бирор соати бўлмаслиги керак. Рамазоннинг ҳар бир кечаси янги бир умид, ҳар тонги янги бир фурсатдир. Дастлабки кунларига қараганда охирги дамларида ҳаяжоннинг йўқолишини, ичимизни қоплаган гуноҳлардан покланмай, Рамазоннинг файзи барокатидан бебаҳра қолиш, деб тушунишимиз мумкин. Агар ҳайит байрами учун бозор-ўчар қилиш зарур бўлса, уни Ррамазондан олдин қилиб қўйиш ақлли инсоннинг иши бўлади.

Бўшашган намоз – намоз эмас

Таровиҳнинг дастлабки кунларида чиройли бажариб, Рамазон ойида кўп намоз қилинади дея охирига бориб, намознинг (қироат, рукуъ, сажда, қаъда, хотиржамлик каби) асосий қуроллари бўшаштирмаслиги керак. Рамазон мўмин учун аҳамияти юксак бир ой бўлса, унинг ибодатларга қараган кўзи, азонни эшитган қулоғи, ўқиган тили бу аҳамиятга кўра кўриши, эшитиши ва гапириши лозим.

Таровиҳ кеча қиёмидир

Таровиҳ намози қўлдан бой берилмаслиги лозим, иложи бўлса, Қуръон хатми билан ўқилиши керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, қироати дуруст имомнинг ортида ва ҳақиқий намоздек ўқилиши даркор. Таровиҳларни қўлдан бой бериш надомат манбаидир.

Қадр кечаси – имконият ўйини эмас

Дастлаб Қадр кечасини бир кунга чекладилар. Ҳолбуки, у Рамазон ичида яширилган бир хазина эди. Кейин эса ўша кечани одамлар ўзларича ўйлаб топган маросим ва «ибодат» ниқобли намойишлар орқали асарини ҳам қолдирмадилар. Қадр кечаси бир имконият ўйинига айланди-қолди. Бир дона ширин тешиккулча тарқатиш билан беэътибор ўтказиб юбориладиган бўлди. Эртанги кунга таъсири бўлмаган, фақат ўтмишнинг муваффақиятли қилиб кўрсатилишига ишонилган бир «қадр кечаси» ишлаб чиқилди. Ҳатто Қадр кечасининг мусиқаси ҳам ижод қилинадиган ҳолга келиб қолди...

Қадр – истиғфор кечаси, Аллоҳга қайтиш кечасидир

Қадр кечасининг бизга берилишининг сабаби гуноҳларимиздан покланишимиз учундир. У шундай кечаки, Рамазоннинг барча кечалари Қадр бўлиши эҳтимоли бўлган кеча, Аллоҳга қайтиш қароримизни берган, Қуръон ва Суннатга зид ҳаракатларимиздан қутулган ва бандаларнинг ҳақларидан узоқ бўлган кеча бўлиши керак!

Рамазоннинг 27-кечаси келиб, бизни топган Қадр кечаси эмас, бизнинг бутун Рамазон бўйича ортидан елиб-югурганимиз Қадр кечаси, бир умрга бадал бўладиган кечадир...

(Давоми бор)

Турк олими шайх Нуриддин Йилдизнинг

«Рамазон рисоласи» китобидан таржима қилинган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда буюрилган, савоб олинадиган, рўзадорга мағфират ва жаннат эшикларини очадиган ҳақиқий рўза таомдан, ичимликдан ва аёлларга яқинлик қилишдан ўзини давоми...

1805 14:00 / 30.03.2023
Бу ўринда бир нарсани тушуниб олиш лозимдир. У нарсани тушунмаслик баъзи вақтларда адашишга сабаб бўлади. У нарса шуки, биринчидан, мўминнинг ҳар бир иши ибодат давоми...

1613 18:44 / 31.03.2023
Муборак Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берган улуғ неъматидир. Аммо биз бу ойнинг ҳақиқатию қадрини жуда кам биламиз. Чунки, эртаю кеч ўзимизнинг давоми...

1622 09:00 / 22.03.2023
Агар Рамазонда фаҳш ва одобсиз нарсаларни кўрсатадиган каналлардан четланиб, бомдод намози ва ундан олдинги саҳарликка куч йиғишни ният қилиб ухласак, таҳорат давоми...

2069 05:09 / 19 март