1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Таровеҳ намозининг ҳукми нима?

13:30 / 12.04.2021 3995 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтон намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган бўлса-да, аслида, суннати муаккададир. Уни эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўқишларига бутун аҳли суннат вал-жамоатнинг уламолари иттифоқдирлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари таровеҳни ўқиганлар. Бу умрларининг охирги йилидаги Рамазон ойи эди. Кейин ўқимай қўйганликларига узр ҳам айтганлар:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом масжидда одамлар билан қўшилиб, намоз (таровеҳ) ўқидилар. Сўнг эртаси куни яна ўқидилар. Одамлар кўпайиб кетди. Кейин учинчи кеча одамлар жам бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқмадилар. Эрталаб бўлганда, ул зот: «Мени сиз билан чиқиб намоз ўқишдан фақат сизларга бу фарз бўлиб қолишдан қўрқув манъ қилди», дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.

Асҳоби сунан (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа) Абу Зар ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларига қараганда, ўша вақтда таровеҳ намози қироат чўзилганлиги ҳисобига одамлар саҳарлик қилолмай қолишдан қўрқиб ҳам қолишган эканлар.

Ана шундай сабабларга кўра, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намозини ўқимай қўйдилар.

Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим уни ўқишга одамларни тарғиб қилар эдилар. Ул зоти шариф бундай деганлар:

من قام رمضان ايمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه

«Кимки Рамазон кечаларида иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади». (Асҳоби сунан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривояти).

Имом Термизий Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

«Ўзингизга кечалари қойим бўлишни лозим тутинг. Зеро, у сиздан олдинги солиҳ зотларнинг одатидир. У Парвардигорингизга сизни яқинлаштирадиган, ёмонликлар учун каффорат бўладиган, гуноҳлардан қайтарадиган амалдир».

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса:

«Фарзлардан кейинги энг афзал намоз кеча ичидаги намоздир», дейилади.

Имом Байҳақий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қори Қуръонларни ва кечалари қоим бўладиганларни умматнинг энг шариф зотлари деб мадҳ қиладилар:

«Умматимнинг энг шарофатлилари Қуръонни кўтарганлар ва кечаларнинг соҳибларидирлар».

Имом Термизий ҳасани саҳиҳ деб, Имом Ҳоким саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

«Эй одамлар! Саломни ошкора қилинглар, (бир-бирларингизга, очларга) таом беринглар, қариндошларга силаи раҳим қилинглар ва одамлар ухлаётганда кечаси намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат кирасизлар!».

Фақатгина Пайғамбаримиз кечки намозларни мадҳ қилган эмас, кечки намозларга тарғиб қилган эмас, балки Аллоҳ таолонинг ўзи Раҳмоннинг суюкли бандаларини бундай тавсиф қилган:

«Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир». (Фурқон сураси, 64-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврида жамоат бўлиб ўқилмай қолган таровеҳ намози Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу халифалик даврида ҳам жамоат бўлиб ўқилмади. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу халифалигининг аввалги йилларида ҳам ҳеч ким буни ўзгартиришга журъат қилолмади. Кейинги воқеалар Имом Бухорий ҳамда Ибн Ҳиббон ва Байҳақийлар саҳиҳ иснод билан ривоят қилганларидек бўлди:

Бир куни буюк саҳобий, Пайғамбар алайҳиссалом халифаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифаликларининг иккинчи йилида масжидга чиқсалар, одамлар ҳар ер, ҳар жойда алоҳида-алоҳида намоз ўқияпти экан. Ҳазрати Умар: «Буларни бир қорининг орқасига жамласам, яхши бўлар экан», деб, машҳур қорилардан Убай ибн Каъбнинг орқасида ҳамма жамоат бўлиб ўқишни буюрдилар. Кейинги куни чиқиб, одамлар жамоат бўлиб намоз ўқиганларини кўриб: «Бу қандай ҳам ажойиб бидъат бўлди! Ҳар ким ўзи уйида кечанинг охирида ёлғиз ўқиганидан кўра, масжидда жамоат билан кечанинг аввалида ўқиб олгани яхшироқдир!», дедилар.

Шундай қилиб, Ҳазрати Умарнинг тадбирлари билан одамлар Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорий каби улуғ қорилар орқасида таровеҳни яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ички орзулари натижаси ўлароқ жамоат бўлиб ўқий бошладилар. Шундан бери ҳозиргача одамлар жамоат бўлиб таровеҳни қолдирмасдан ўқиб келмоқдалар.

Имом Абу Довуд Ибн Умар розиялллоҳу анҳудан қилган ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёлларнинг уйлари улар учун яхшироқдир», дедилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёллари, хусусан, Ойша ва Умму Салама оналаримиз розияллоҳу анҳумолар таровеҳни қолдирмай ўқишар эдилар. Ойша онамиз Заквон розияллоҳу анҳунинг орқасида намоз ўқисалар, Умму Салама онамиз ўзи аёллар билан жамоат бўлиб ўқиб берар эдилар .

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни ташкил қилганларида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу йўқ эканлар. Бир куни масжидга келсалар, масжидда қандиллар осилган, ҳаммаёқ чароғон, одамлар жамоат бўлиб таровеҳ ўқишмоқда. Буни кўриб Ҳазрати Али: «Масжидларимизни нурга тўлдирганидек, Аллоҳ Умарнинг жойини нурга тўлдирсин!» дея мадҳ қилган эканлар.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шукрлар бўлсинки, Рамазоннинг илк кунларига ҳам етиб хатми Қуръонларни ҳам бошлаб олдик.Бугун 2021 йил 12 апрель куни .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жоме давоми...

2021 02:30 / 13.04.2021
.Эътикоф, сўзи .бир нарсани лозим тутиш, маъносини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида масжидда ибодатни лозим тутишга айтилади. давоми...

1503 09:26 / 17 март
Қуёшни ҳам кулдириб,Қалбга сурур тўлдириб.Дўстларни суюнтириб,Рамазоним келмокдаСаҳар туринг ёронлар,Хатм қилинг Қуръонлар.Дод деворсин шайтонлар,Рамазоним давоми...

2200 11:41 / 09.04.2021
Энди сиз вақтингизнинг тартибию жадвалини қилиб олинг. Қай тарзда бу ойни ўтказиш керак Қанча ишларни ортга суриш имкони бўлса, ортга суриб туринг. Рўзани тутиш ва давоми...

1127 06:30 / 07.04.2023