1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Саҳарликка туриш ва унинг одоблари

03:33 / 10 март 3442 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўза тутиш учун саҳарликка туриш мустаҳаб амал эканлигига бутун уммат ижмоъ қилган. Уни тарк қилган гуноҳкор бўлиб қолмайди, албатта.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

تسحروا فانّ السحور بركة

«Саҳарлик қилинглар! Зеро, шак йўқки, саҳарлик баракадир!».

Миқдом ибн Маъдикараба розияллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу саҳарликни ўзингизга лозим тутинглар! Зеро, бу муборак озиқдир», дедилар.

Имом Насоий ривоят қилган.

Бараканинг сабаби рўзадор қувватли бўлади, хурсанд бўлади, рўза тутиши осон бўлади. Боз устига, охиратдаги савоби ҳам бор.

Шунинг учун саҳарлик қилиш керак. У озгина таом, гарчи бир қултум сув бўлса ҳам кифоя қилади.

Имом Аҳмад Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

السحور بركة فلا تدعوه ولو ان يجرع احدكم جرعة ماء فانّ الله وملائكته يصلون على المتسحرين

«Саҳарлик баракадир. Шунинг учун, ҳеч бирингиз уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк қилманглар. Зеро, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга саловот айтурлар».

Саҳарлик қилишнинг вақти тун ярмидан бошлаб то тонг отгунгачадир. Лекин, кечиктириб саҳарлик қилиш авлодир. Яъни, тонг отишидан сал олдин саҳарлик тугатилиши яхшироқ.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтадилар: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилар эдик. Сўнг намозга турар эдик. «Икковининг ораси қанча вақт эди?» – деб сўралди.

У: «Эллик оят ўқиш миқдорича эди», деди. 

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Тобеинлардан Амр ибн Маймунадан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари одамлар ичида ифторга энг шошадигани, саҳарликни энг кечиктирадигани бўлган эканлар.

Имом Байҳақий ривоят қилган.

Аммо, шуни билмоқ керакки, саҳарликни кечиктирганда, агар тонг отиб кетди, деган гумон бўладиган бўлса, унда еб-ичиб ўтириш макруҳ бўлади. Тонг отгани аниқ бўлганда ейиш эса, рўзани бузади.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Сиздан ким бу ойда ҳозир бўлса, бас, унинг рўзасини тутсин. Ва ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, ўша тутилмаган кунлар саноғини давоми...

5365 04:00 / 27.03.2023
Мана яқиндагина муборак Рамазон ойи кириб келаяпти, деб гапириб ва ёзган эдик. Бугун эса, Рамазон ойи ўзининг авж олган вақтида деб айтмоқдамиз ва ёзмоқдамиз. Бу давоми...

5317 17:17 / 26.05.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк давоми...

5214 17:37 / 05 март
Икки қисмга бўлинади 1. Зиммага вожиб бўлиш шартлари. Улар тўрттадир ndash Мусулмон бўлиш кофирнинг зиммасига рўза фарз эмас ndash Оқил бўлиш мажнуннинг зиммасига давоми...

3920 04:00 / 04.04.2023