1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тақиллатилган эшик албатта очилади

13:30 / 02.04.2021 2295 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Илм – ҳар доим очиқ эшикка ўхшайди, унга кириш ҳар бир инсоннинг ўз ихтиёрига боғлиқ».

Шайх Абдулвоҳид Яҳё

Абдулвоҳид Яҳё (Рене Жан-Мари-Жозеф Генон) (1886 – 1951) – француз файласуфи, метафизика, анъанавийлик, рамзийлик ва иниция бўйича асарлар муаллифи. Интеграл анъанавийликнинг асосчиси ҳисобланади.

XIX асрнинг охирги чорагида Франциянинг Блуа шаҳарчасидаги католик ақийдаларига қаттиқ риоя қилувчи архитектор оиласида дунёга келган Рене католикларнинг Нотре Дам дез Эд мактабида илк илм таҳсилини олди. 1902 йилдан Огюстен-Тьерри коллежида ўқишни давом эттириб, бакалавр даражасига эришди. 1904 йили у Парижга кўчиб ўтиб, у ерда математикани ўрганиш учун Роллен коллежига ўқишга кирди.

1906 йили ўн тўққиз ёшли Генон оккултист (инсонда ва коинотда, умуман, дунёда сирли, яширин кучлар мавжудлигини эътироф этувчи, тафаккурга зид таълимот билан шуғулланувчи) Жерар Энкоуссе (Папус) билан учрашди ва мартинистлар орденига аъзо бўлди, аммо тез орада уни тарк этди. Папюс ва унинг издошларининг окултизм билан шуғулланиши унга бекорчи ва мантиқсиз иш бўлиб туюлди. Сектантларнинг ақийдаларидан ҳафсаласи пир бўлган Генон «Теософизм; чалкаш дин тарихи» китобида уларни жиддий танқид қилади.

1908 йили масонлар ва спиритуалчилар конгрессида қатнашади, у ерда янги танишлар орттиради, Шарқ фалсафасига оид билимларини кенгайтиради. 1909 йили Генон Палингениус номи билан «Гностик черков»нинг епископи даражасигача кўтарилди. Фалсафа бакалаврияти дипломини олгач, 1904 йили Парижга келиб, математика факультетига ўқишга киради. Тез орада у илмни тарк этиб, Шарқ фалсафасига қизиқа бошлайди.

1910 йили 24 ёшли Генон араб илоҳиётшуноси Абдурроҳман ал-Кабир, швед рассоми Иван Агуели (Абдулходий) ва Леон Чампрено (Абдулҳақ)лар ёрдамида тасаввуф оламини кашф этди. Бу кишилар Рене Генонни ҳол, мақом, қутб каби сўфийлик таълимотлари билан таништиришади.

Исломий билимларини бойитган Генон 1912 йили мусулмонликни қабул қилиб, Шозилия тариқатига киради. Исмини ҳам ўзгартириб, Абдулвоҳид Яҳё («Ягона хизматкор») номини олади. «Илм талаби – мана ягона мақсад, қолгани эса унинг равнақи учун восита!» деган эди Рене Генон.

1915 йили у фалсафадан дарс ўта бошлайди ва Жазоирда профессор унвонини олади. 1917 йили у Парижга қайтиб келди ва 1924 йилдан 1929 йилгача Цент-Луис коллежида фалсафа бўйича маърузалар қилди.

1930 йил баҳорида шайх Абдулвоҳид Яҳё Мисрга кўчиб кетади ва у ерда умрининг охиригача яшаб қолади. 1934 йили мисрлик шайх Муҳаммад Иброҳим билан танишади ва унинг тўнғич қизи Фотимага уйланади. Мисрда яшагани, Ислом динини қабул қилганига қарамай Европада китоблари ва мақолаларини чоп эттиргизиб туради. Ҳатто 1920 йили католикларнинг «Регнабит» деган журналида Луи Шарбонно-Лассэ билан ҳаммуаллифликдаги мақоласи эълон қилинган эди. Шайх Абдулвоҳид Яҳёнинг тарғиб этаётган концепсиялари Европа зиёлилари орасида ўз тарафдорларини топа бошлайди. Натижада Мишель Вальзан, Фритьоф Шуон, Титус Букхардт, Гвидода, Жоржа, Юлиус Эвола, Марко Паллис, Рене Алляр, Андре Про, Пробст-Бирабэн ва бошқалар унинг шогирд ва издошларига айланишади.

Бундан ташқари, шайх Абдулвоҳид Яҳёнинг кўплаб зиёлиларга катта таъсири бўлган, булар қаторида Гвидо де Жоржио, Юлиус Эвола, Мирча Элиаде, Андре Жид, Фритьоф Шуон, Титус Буркхардт, Александр Дугин, Гейдар Жемал, Серафим (Роуз), Авигдор Эскинларни санаб ўтиш мумкин.

Шайх Абдулвоҳид Яҳё илм талаби ҳар доим очиқ эшикка ўхшаши, унга кириш ҳар бир инсоннинг ихтиёрига боғлиқ эканини уқтириб, «Кимда ким бир эшикни астойдил тақиллатса, у эшик албатта очилади», дер эди.

1948 йили шайх Абдулвоҳид Яҳё Миср фуқаролигини олади. Лекин уни доим қийнаб келадиган хасталик сабабли соғлиги оғирлашиб бораверади. 1950 йили шифокорлар унинг қони заҳарланган деб ташхис қўйишади. 1951 йил 7 январда шайх Абдулвоҳид Яҳё тилдан қолади, фақат ҳар замонда араб тилида «Ан-нафс ҳаллас» дер эди. Шу куни тунда у омонатини топширади. Унинг охирги сўзи «Аллоҳ, Аллоҳ» калимаси бўлди.

«Ҳилол» журналининг 3(24) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барчамизга маълумки, Аллоҳ таолонинг энг гўзал исмлари бор. Бу ҳақда Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам баён этилган.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай давоми...

4558 11:03 / 14.02.2022
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишининг олдидан ўтиб қолдилар. У бошқа бир биродарига ҳаё ҳақида гапираётган эди. Яъни, кўп ҳаёли бўлиш ҳам давоми...

4086 16:00 / 14.03.2023
Аллоҳ таолонинг маърифати ва ваъдасининг тасдиғи ҳосил бўлса ҳамда умрнинг қисқалиги англаб етилса, ўша қисқа умрда қисқаликка йўл қўймаслик вожиб бўлади. Нафс давоми...

2163 18:30 / 04.04.2020
Бир гўзал воқеа ўқиган эдим. Саҳиҳлигини билмайман. Бу воқеа Бани Исроилда бўлган. Мусо алайҳиссалом Роббиларига муножот қилгани чиқадилар ва Ундан сўрайдиларЭй давоми...

2203 09:00 / 20.12.2021