1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 04 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Аллоҳ таолони кўпроқ таниш учун нима қилиш керак?

11:03 / 14.02.2022 4425 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барчамизга маълумки, Аллоҳ таолонинг энг гўзал исмлари бор. Бу ҳақда Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам баён этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 «Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Бас, Унга улар ила дуо қилинг» (Аъроф сураси, 180-оят)

Аллоҳ таоло яна бир оятда:

«Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Энг гўзал исмлар Уникидир», деб айт. Намозингни жаҳрий ҳам қилма, уни махфий ҳам қилма, шунинг орасида бир йўл тут» (Исро сураси, 110-оят), деб марҳамат қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Албатта, Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Аллоҳни янада кўпроқ танишимиз учун Унинг энг гўзал исмларини, баркамол сифатларини яхшилаб ўрганишимиз керак. Агар Аллоҳ таолонинг энг гўзал исмлари ва баркамол сифатларини ёд олсак, ўргансак, бу амалимиз орқали ҳам Роббимизни янада кўпроқ таниймиз, ҳам охиратда жаннат мукофотига эришамиз. Бунинг учун ўша исмлар ва сифатларнинг шарҳлари ёзилган китобларни топиб ўқишимиз керак. Энг гўзал исмларнинг борлиқдаги тажаллийларини кўриб, тафаккур қилишимиз керак.

Масалан, чиройли қуш, гул, бирор жонзот, манзара, нарсани кўрганимизда, Аллоҳнинг Холиқ, Бориъ, Мусаввир исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак.

Қаттиқ шамол, чақмоқ, момақалдироқ, зилзила, жала, дўл пайтларида Аллоҳнинг Муҳаймин, Азиз, Жаббор, Мутакаббир, Қаҳҳор исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак.

Ота-онамиз, фарзандларимиз, яқин кишиларимиз меҳр кўрсатганда, онанинг фарзандига, жонзотларнинг ўз болаларига меҳрини кўрганимизда, Аллоҳнинг Роҳман, Роҳийм, Латиф, Роуф исмлари ҳақида тафаккур қилиб, шу инсонларга, жонзотларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат туйғусини Роҳман, Роҳийм, Латиф, Роуф исмли Зот берган, деб ўйлашимиз лозим.

Бирор фалокатдан омон қолганимизда, Аллоҳнинг Ҳофиз, Муъмин исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак.

Чўнтагимизда пулимиз бўлмаса ҳам оч қолмаганимизда, Аллоҳнинг Раззоқ, Босит исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз лозим.

Қўйидаги ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари сифатида машҳур бўлган тўқсон тўққиз исмни зикри келади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни тўлиқ билиб олса, жаннатга киради. У Ундан ўзга илоҳу маъбуд йўқ Аллоҳдир. Раҳмон, Роҳийм, Малик, Қуддус, Салом, Мўмин, Муҳаймин, Азиз, Жаббор, Мутакаббир, Холиқ, Бариъ, Мусаввир, Ғаффор, Қаҳҳор, Ваҳҳоб, Раззоқ, Фаттоҳ, Алийм, Қобиз, Босит, Хофиз, Рофеъ, Муъизз, Музилл, Самийъ, Басийр, Ҳакам, Адл, Латийф, Хабийр, Ҳалийм, Азийм, Ғафур, Шакур, Алий, Кабийр, Ҳафийз, Муқийт, Ҳасийб, Жалийл, Карийм, Рақийб, Мужийб, Восеъ, Ҳакийм, Вадуд, Мажийд, Боъис, Шаҳийд, Ҳақ, Вакийл, Қавий, Матийн, Валий, Ҳамийд, Муҳсий, Мубдиъ, Муъийд, Муҳъйи, Мумийт, Ҳайй, Қайюм, Вожид, Воҳид, Сомад, Қодир, Муқтадир, Муқаддим, Муаххир, Аввал, Охир, Зоҳир, Ботин, Волий, Мутаолий, Барр, Таввоб, Мунтақим, Афвву, Раъуф, Моликул Мулк, Зул Жалол вал Икром, Муқсит, Жомеъ, Ғаний, Муғний, Монеъ, Зорр, Нофеъ, Нур, Ҳодий, Бадийъ, Боқий, Ворис, Рашийд ва Сабур», дедилар». Термизий, Ибн Ҳиббон ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Аслида Аллоҳ таолонинг исмлари кўп. Бу ҳадисда 99 исми зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Ўзининг энг гўзал исмларини, баркамол сифатларини яхши ўрганиб, маърифат ҳосил қилишимизни барчамизга насиб этсин, омин!

Islom.uz маълумотлари асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда мусулмон кишининг ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзиниўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишига .яхшилик, деб қаралмайди. давоми...

3257 16:00 / 09.06.2021
Аллоҳ таолонинг маърифати ва ваъдасининг тасдиғи ҳосил бўлса ҳамда умрнинг қисқалиги англаб етилса, ўша қисқа умрда қисқаликка йўл қўймаслик вожиб бўлади. Нафс давоми...

2133 18:30 / 04.04.2020
Барчамиз гуноҳ қиламиз. Агар шу гуноҳ ва маъсиятларимизни тарк этсак, қуйидаги фойдаларни қўлга киритамиз1. Мурувватнинг тикланиши.2. Обрўнинг сақланиши.3. Молнинг давоми...

1973 09:00 / 29.12.2021
Вақтдаги барака.Аллоҳ дўстларининг вақтлари баракали бўлади,, деган гап жуда машҳур бўлиб, мушоҳад, яъни кўз билан ҳам кўрилгандир. Улар қисқа вақт ичида жуда давоми...

2229 11:00 / 04.03.2023