1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳаё ва хижолатнинг фарқи

16:00 / 14.03.2023 4703 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишининг олдидан ўтиб қолдилар. У бошқа бир биродарига ҳаё ҳақида гапираётган эди. Яъни, “кўп ҳаёли бўлиш ҳам керак эмас”, деяётган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

“Уни ўз ҳолига қўй. Ҳаёдан фақатгина яхшилик келади!”.

Кўпчилик инсонлар “ҳаё” билан “хижолат бўлиш”нинг орасини аралаштириб юборишади. Уларни битта нарса деб ўйлашади. Аслида эса улар орасидаги фарқ ер билан осмон қадардир. Ҳаё мақтовли хулқдир. Хижолат бўлиш эса ёмон хулқдир. У шахсиятнинг заифлигидир.

Ҳаё буюк хулқ бўлиб, у диндаги салобатдан келиб чиқади. Яъни, ҳаёли инсон барча қилмишини Аллоҳ кўриб тургани учун Ундан ҳаё қилади. Ҳаё ҳақида айтилган энг гўзал жумла қуйидаги жумладир:

“Ҳаё бошни пастга тушириш ёки юзнинг қизариши эмас. Ҳаё бу Аллоҳ сени қайтарган нарсаларида топмаслиги, амр қилган нарсаларида йўқотмаслигидир!”.

Ҳаёнинг натижаларидан бири қалбнинг юмшоқлиги ва табиатнинг ёқимли бўлишидир. Ҳаё ўз соҳибини бошқаларга биргина сўз билан бўлсада азият бермасликка ундайди. Ҳаёли инсон сўзларини бошқаларга азият бермаслиги учун танлаб-танлаб гапиради. Ҳаё ўз соҳибини бошқаларга нисбатан бурчларини бажаришга ундаб туради.

Ҳаё пайғамбарлар хулқидир. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чимилдиқдаги келинчаклардан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бирор нарсани ёқтирмасалар буни юзларидан билса бўлар эди!”.

Ҳаё Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир. Ҳадисда келади: “Роббингиз ҳаёли ва сахийдир. Бандасининг Ўзи томон дуо қилиб чўзилган қўлини қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади!”.

Ҳаё фаришталар хулқидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳақларида: “Фаришталар ҳам ҳаё қиладиган кишидан мен ҳаё қилмайми?!”, деганлар.

Ҳаё иймоннинг шохларидан биридир. Ҳадисда: “Иймоннинг етмишдан ортиқ шохлари бор. Ҳаё иймоннинг шохларидан биридир!”, дейилади.

Хижолат қилиш эса ёмон хулқдир. Зеро, инсон у билан ўзини бошқалардан паст ҳисоблайди, бошқалар олдида ўзини нуқсонли ҳис қилади. Ўзига ишонмаганидан кишилар олдида ўзини одамови сезади. Хижолат бўлишнинг энг ёмон тури инсоннинг ўз ҳаққини талаб қила олмаслиги, ўзини ҳимоя қила олмаслигидир. У буни ҳаё қилиш деб ўйлайди. Аслида эса у хижолат қилиш ва қўрқоқликдир.

Бу иккаласининг орасини яхши ажратиб олишимиз лозим. Ана шунда ҳаёни мақтаб, ҳаёли инсонни шижоатлантирамиз, хижолат бўлишни муолажа қилиб уни тугатамиз.

Болаларимиз хижолат бўлганида хурсанд бўлмаслигимиз лозим. Уни одобнинг юқори чўққиси деб ўйламаслигимиз керак. Улар хатарли касаллик билан касаллангандир. Уни даволамасак катта бўлганида хижолат бўлиш уларнинг ҳаётини барбод қилади.

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ алайҳиссалом .Асбаҳоннинг тайласон кийган яҳудийларидан етмиш минг киши Дажжолга давоми...

2971 13:35 / 01.12.2024
Коинотда, атрофимизда, тарихда ва ҳатто ўз нафсимизда кечадиган баъзи бир ҳолатлар, ўзгаришлар борки, бизларнинг кейинги аҳволимиздан огоҳлантиради. Ушбу давоми...

4138 09:00 / 31.07.2022
Инсон ўз ҳаёти давомида турли рағбат ва шаҳватлар оқимига дучор бўлади. Бу нарсалар инсонни ўзгаларга зарар қилиб бўлса ҳам, фақат ўзи ҳақида ўйлашга ундайди. давоми...

5225 17:00 / 03.07.2022
Илм Аллоҳ розилиги учун ўрганилади, олим дейилиш учун эмасҚуръон Аллоҳ розилиги учун ёдланади, қори дейилиш учун эмасНамоз Аллоҳ розилиги учун ўқилади, намозхон давоми...

3360 09:03 / 13.07.2021