1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тикан эккан киши асло гул териб олмайди

09:00 / 20.12.2021 2203 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир гўзал воқеа ўқиган эдим. Саҳиҳлигини билмайман. Бу воқеа Бани Исроилда бўлган. Мусо алайҳиссалом Роббиларига муножот қилгани чиқадилар ва Ундан сўрайдилар:

-Эй Роббим! Заиф инсон кучли инсондан ҳаққини қандай қилиб олади?

Аллоҳ таоло деди:

-Эртага фалон жойга бор, ўз кўзинг билан кўрасан!

Эртаси куни Мусо алайҳис алом айтилган жойга бордилар. У ерда тоғнинг бағридан отилиб чиқадиган шаршарани кўрдилар. Шаршара пастга тушиб оқар дарёга айланар эди. Мусо алайҳиссалом заиф инсон кучли инсондан ҳаққини қандай олишини кўриш учун ўша ерда ўтирдилар. Бироздан сўнг у ерга бир чавандоз сув ичгани келди. У сув ичишга халақит бермаслиги учун белидаги белбоғини ечиб анҳор четига қўйди. Отини ўша ердаги дарахтга боғлади. Сўнгра сувга тушиб чўмилди. Кейин анҳордан чиқиб кийиндида, отига миниб жўнаб қолди. Белбоғини ўша ерда унутиб қолдирди. Кейин бир кичкина болакай эшак миниб келиб қолди. У ҳам сув ичиб анҳорда чўмилди. Сўнгра бир четда турган белбоғни кўрди. Унда ҳамён боғланган эди. Бола ҳамённи очди, унинг ичида олтин бор эди. Бола белбоғ ва ҳамённи олиб эшагига миндида жўнаб қолди.

Бироздан сўнг у ерга бир чол келди. У ҳам сувдан ичиб анҳорда чўмилди. Шу пайт ҳамёнини қидириб чавандоз келиб қолди. Чолни кўриб қолиб ундан ҳамёнини сўради. Табиий, чол ҳеч қанақа ҳамённи кўрмаганини айтди. Чавандоз қиличини чиқариб чолнинг бошини узиб ташлади. Мусо алайҳиссалом бўлган воқеани кўриб тафаккур қилдилар. Сўнгра Аллоҳга дедилар:

-Эй Роббим! Бу чавандоз чолга зулм қилди-ку!

Аллоҳ таоло деди:

-Эй Мусо! Бу чол чавандознинг отасини олдинроқ ўлдирган эди. Болакайнинг отаси эса чавандознинг отасини уйида йигирма йил ишлади. Чавандознинг отаси унга зулм қилиб ҳаққини бермасдан қувиб юборди. Чавандоз отасининг қасосини чолдан олди. Болакай эса отасининг ҳаққини чавандоздан олди. Заиф инсон кучли инсондан ҳаққини ана шундай қилиб олади!

Энг кўп пайғамбарлар яҳудийларга келган. Чунки улар энг бузуқ ва мунофиқ халқдир. Аллоҳ уларни тузатиш учун пайғамбар кетидан пайғамбар жўнатди. Улар баъзи пайғамбарларни ўлдиришган бўлса, бошқаларини инкор қилишди. Улардан озгина пайғамбарларгина қутилиб қолишган. Шундай бўлганидан сўнг уларда ҳар-хил ҳикоялар кўп бўлиши  табиий. Ибрат олинадиган нарса исломга зид келмайди. Мен бу ҳикоянинг собит ёки собит эмаслигига куч сарфламасдан ибрат учунгина келтирдим. Бунга ўхшаш нарсалар ақидага хилоф келмаса, унга суяниб амал қилинмаса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бани Исроилдан гапираверинглар, зарари йўқ», деган қавллари остига киради.

Жазо амалнинг жинсидан бўлади. Қилмишингга яраша жазоланасан. Бу Аллоҳнинг адолатидандир. Ким ўғирласа ундан ҳам ўғирлашади. Ким зулм қилса унга ҳам зулм қилишади. Ким бировнинг обрўсига тажовуз қилса Аллоҳ унинг тажовузини ўзига қайтаради. Шунинг учун биз бировни ҳимоя қилганимизда аслида ўзимизни ҳимоя қилаётган бўламиз. Ким яхшилик қилса яхшилик кўради. Тикан эккан киши асло гул териб олмайди. 

Бир йигит ожиз бўлиб қолган отасини хотинининг қистови билан узоқроқ жойга ташлаб келмоқчи бўлибди. Отасини ўша жойга олиб борганида отаси дебди:

-Ўғлим! Мени ташлаб кетсанг анави тошнинг устига қўйиб кет.

Йигит ажабланиб сўрабди:

-Нима учун?

Ота дебди:

-Чунки мен отамни ўша тошнинг устига қўйиб кетган эдим!

Дунёда ҳалол бўлган бир банк бор. Дунёда ҳаётни суғурталайдиган ҳалол суғурта бор. Дунёда фарзандларни суғурталайдиган ҳалол суғурта бор. Бу банк тақво банкидир. Битта яхшиликка ўнта яхшилик беради. Бу банкнинг кириш жойида бундай оят ёзилган:

«Ўзлари заифҳол зурриётларини ортда қолдиришдан қандай қўрқсалар, (бошқалар ҳақида ҳам) шундай қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқсинлар ва тўғри сўз айтсинлар».

Мана шу фарзандларни суғурталаш эмасми? Аллоҳ таоло икки етим боланинг йиқилай деб турган деворларини тиклаб қўйиш учун нега Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссаломни юборди? Уларнинг отаси солиҳ бўлгани учун эмасми?! Отанинг солиҳлиги сабабли Аллоҳ унинг фарзандларини муҳофаза қилади. Агар ота ёмон бўлса гоҳида унинг фарзандларини унга мос қилади.

Кунлар Аллоҳнинг лашкаридир. Улар билан бир қавмни кўтарса, бошқасини туширади. Замон бир айланиши билан ҳақлар адо қилинганини кўрамиз. Мазлум ғолиб бўлади, золим эса мағлуб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан соҳиблари Абу Бакр розияллоҳу анҳу кеча қоронғусида Маккадан ҳижрат қилиб кетганлари билан Маккага қайтадан ғолиб бўлиб кириб келишлари орасида саноқли йиллар ўтган холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни она шаҳарларидан қувганлар у зотга яна ўзлари Макка эшигини очиб беришди. Маккада Билол розияллоҳу анҳунинг устиларига оғир тошларни қўйиб қийнаган Умайя ибн Халаф Бадр жангида Билол розияллоҳу анҳунинг оёқлари остида ҳалок бўлди. Маккада Билол розияллоҳу анҳу Умайянинг оёқлари остида қонга беланиб ётган бўлсалар, Бадрда Умайя Билол розияллоҳу анҳунинг оёқлари остида қонга беланиб ётар эди. Бирга бир. Кунлар Аллоҳнинг энг кучли қўшинидир. Кунлар Аллоҳнинг адолатидир. Нима эксангиз шуни ўрасиз. Кунлар чархпалакдир. Ҳар-бир жароҳатнинг қасоси бор!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Мавзуга оид мақолалар
Бу гапнинг маъноси адолат мавжуддир, раҳмат мавжуддир, мағфират мавжуддир деганидир.Бу гапнинг маъноси У Зотни зикр қилиб қалб ором топади, руҳ хотиржам бўлади, давоми...

3254 15:00 / 14.01.2021
1. Ейиш ва ичишингиз ҳалол ва пок бўлишига эътиборли бўлинг.2. Ҳаром амаллардан узоқлашинг.3. Агар овқат тайёр бўлса, аввал овқатланиб олинг.4. Ҳожатхонага бориш давоми...

3061 16:26 / 02.06.2021
Набий алайҳиссаломнинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳо ўғилчаси жон бераётганини айтиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақиртирди. Расулуллоҳ давоми...

2076 15:00 / 23.11.2021
Рамазон тугади. Лекин бандалик тугамади. Рамазондаги Роббимиз бошқа ойларда ҳам Роббимиздир. Рамазондаги ҳаром ишлар бошқа ойда ҳам ҳаром.Рамазондаги савобли давоми...

1755 14:37 / 22.04.2023