1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Қўшничиликка оид ўнта насиҳат

05:00 / 04.03.2017 3463 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим


Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаламга саловатлар бўлсин.

Қўшничилик ҳақлари ва қўшничиликни яхши адо этиш Ислом дини даъват қилган энг улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

«خير الأصحاب عند الله خيرهم لصاحبه، وخير الجيران عند الله خيرهم لجاره»

“Аллоҳ ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхши бўлганлардир. Аллоҳ ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхши бўлганлардир”. (Аҳмад ва Термизий ривояти).


Аслида қўшнининг қалбини забт этиш, у билан яхши муомалада бўлиш ва уни муҳаббатини қозонишнинг бир қанча йўллари мавжуд. 

Бугунги кунда биз қўшнилар орасида хусумат ва баъзи пайтларда ўзаро душманлик пайдо бўлаётганини кўриб турибмиз. Бунинг сабаби, улар қўшничилик одобларига риоя қилмаяптилар. Улар агар мазкур обод ва ахлоқларга қаттиқ риоя қилсалар, қўшничилик ришталари янада мустаҳкамланади, улар орасида ўзаро муҳаббат ва эҳтиром пайдо бўлади. Ушбу мақсадларга эришишнинг қуйидаги воситалари мавжуд:


1- Азият етказишни тўхтатиш ва бағрикенг бўлиш. 

Қўшниларга азият бериш энг номақбул ишлардан ва гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Жумладан, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

«من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فلا يؤذ جاره» 

“Ким Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, бас, ўз қўшнисига азият бермасин” (Муттафақун алайҳи)

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

«وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ، قِيلَ: مَنْ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: الَّذِي لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ». 

«Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!» дедилар.

«Ким, эй Аллоҳнинг Расули!» дейилди.

«Қўшниси ёмонлигидан эмин бўлмаган одам», дедилар».

(Бухорий ривояти)

Муслим ривоят қилган ҳадисда:

«لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ».

«Қўшниси ёмонлигидан эмин бўлмаган одам жаннатга кирмайди». 

Бу ерда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам қўшнилар орасида азият етказишни тарк этишни иймон даражасига олиб чиқдилар. Қўшниларга азият етказишнинг хатарли оқибатларига далолат қилдилар. Қўшнига зарар етказиш ва уни хавотирга қўйиш, уни ҳақорат қилиш исломда қораланган ишлардандир. Мусулмон киши доимо қўшнисининг қалбига йўл топа олиши ва унга ҳеч қандай зарар етказмаслиги алоҳида таъкидланади. 

Қўшнига азият етказишнинг қуйидаги кўринишлари мавжуд: 

- Унга ҳасад қилиш ва унга берилган неъматларнинг тезроқ йўқ бўлиб кетишини тилаш. 

- уни ҳурмат қилмаслик ва унинг устидан кулиш. 

- Унга тегишли шахсий масалаларини устидан кулиш ва одамлар орасида ўша масалаларни очиқ-ойдин айтиб, унинг устидан кулиш. 

- Унга ёлғон гапириш ва одамларда унга нисбатан нафрат уйғотиш. 

- Унинг хатоларини юзига солиш ва бундан ҳурсанд бўлиш. 

- Уни ёмон аҳволга солиб қўйиш ва унинг ҳақларига риоя қилмаслик. Масалан: машинангизни қўшнингиз уйининг эшиги олдида қўйиб кетиш, уйингиздан чиққан ахлат идишларни унинг ховлисининг олдига қўйиш, уйингиздан чиқаётган иялос сувларни қўшнингизнинг ховлиси томон қаратиб қўйиш, қўшнингизнинг ховлиси кўриниб турадиган даражада уйингиздан дераза очиб қўйишингиз, қўшнингиз ухлаётган ёки дам олаётган пайтда болаларингизни шовқин-сурон кўтариб унга халақит беришлари, бирорта қўшиқ ёки мусиқани баланд овозда қўйиб, қўшнингиз халоватини бузишингиз, болаларингиз қўшнингизнинг болаларини уриб, ҳақорат қилиб, уларга азият беришлари каби кўринишлардаги азият ва зарарлардир. (Муҳаммад ал-Ҳамаднинг “Ат-тақсийр фий ҳуқууқи ал-жаар” китобидан) 

Аммо бағрикенг бўлиш эса, у саховатли ва карамли бўлишдир. Карамли бўлиш – одамлар ўйлагандек мол дунёда саховатли бўлишгина эмас, балки муомала, сабр-тоқат, мол-дунё ва илмда саховатли бўлишдир. (Ибн Усайминнинг “Макарим ал-Ахлоқ” китоби, 25-бет).

Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

«من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم جاره»

“Ким Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, бас, ўз қўшнисини ҳурмат қилсин (қўшнисига карамли бўлсин)”. (Муттафақун алайҳи). Муслим ривоятида эса: 

«فليحسن إلى جاره» 

“бас, ўз қўшнисига яхшилик қилсин” дейилган.  

Қўшнига карамли бўлиш ва унга яхшилик қилиш унга ҳадялар беришдир. Жумладан, Оиша (р.а.)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

 عن عائشة - رضي الله عنها - قالت: يا رسول الله! إن لي جارين، فإلى أيِّهما أهدي؟ قال: «إلى أقربهما منك بابًا»

“Оиша (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в)га дедилар: “Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшим бор. Уларнинг қайси бирига ҳадя берай?”. Шунда Расулауллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам дедилар: “Эшиги сенга энг яқинига” дедилар. (Бухорий ривояти)

Қўшнига икром қилиш деганда унга бирорта эҳтиёж пайтида у билан ҳамкорлик қилиш, агар унга иброр нарса керак бўлса, бериб туришлик, унинг ҳолидан хабар олиб туриш, қўшнининг ўзи билан ҳам, унинг фарзандлари билан ҳам хушмуомалалик билан сўзлашишдек ахлоққа оид ижтимоий одоблар киради. Буларнинг ҳаммаси қўшнилар ўртасида муҳаббат ва ўзаро самимиятни уйғотади.  


2-Салом билан бошлаш


Ҳар бир ишни салом билан бошлаш тавозеълик ва мўминлик аломатларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 {وَاخْفِضْ جَنَاحَكَ لِلْمُؤْمِنِينَ}

“Мўминларга қанотингни пастлат!” (Ҳижр сураси, 88 оят) 

Салом бериш қалбларда муҳаббат уруғини ундиради. Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

«... أَوَلاَ أدلكم على شيء إذا فعلتموه تحاببتم، أفشوا السلام بينكم»

“Сизларга бир нарсани далолат қилайми? Агар уни билсангиз сизларни ўзаро муҳаббатли қилиб қўйяди. Ўзаро ораларингизда саломни очиқ беринглар” (Муслим ривояти)

Ибн Ҳиббон шундай деганлар: “Ақлли одам омманинг олдида саломни очиқ бериши керак. Чунки агар ким одамларга салом берса, қул озод қилганга ўхшайди. Салом бериш манманликни ва кўролмасликни кетказади. Одамдаги нафратланиш ва кўролмасликни кетказади. Ҳижронни кесади ва ўзаро биродарликни мусаффолаштиради”.  

Саломни биринчи берадиган инсон иккита ҳасанотда бўлади: 

Биринчиси- Аллоҳнинг ҳузурида салом бераётган инсоннинг даражаси алик олаётганнинг даражасидан бир даража устун бўлади. Салом берган инсонгина Аллоҳнинг ҳузурида эсланади. Агар саломига ҳеч ким алик олмаса, малоикалар алик оладилар. (“Равзатул уқало” китоби 120-бет)

Саломни очиқ бериш суннати муаккададир. У мусулмоннинг мусулмон олдидаги ҳаққидандир. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

«حق المسلم على المسلم ست: إذا لقيته فسلم عليه، وإذا دعاك فأجبه، وإذا استنصحك فانصح له، وإذا عطس فحمد الله فشمِّته، وإذا مرض فعُده، وإذا مات فاتبعه»

“Мусулмоннинг мусулмон олдида олтита ҳаққи бор: агар учратиб қолсанг, унга салом бер!; агар чақирса, унга жавоб бер!; агар сенга насиҳат қилса, насиҳатга амал қил! агар аксирса ва аллоҳга ҳамд этса, унга “ярҳамукаллоҳ” дегин! агар касал бўлиб қолса, бориб кўр! агар вафот этса, унинг орқасидан юр!” (Муслим ривояти)

Энг бахил инсон- салом беришда бахиллик қилган инсондир. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган навбатдаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар: 

«إن أبخل الناس من بخل بالسلام» 

“Албатта, инсонларнинг энг бахили салом беришда бахиллик қилганидир”. (Ибн Ҳиббон ривояти) 

Шунингдек саломни очиқ бериш жаннатга киришнинг сабабларидандир. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

 «يا أيها الناس! افشوا السلام، وأَطعموا الطعام، وصِلُوا الأرحام، وصَلُّوا بالليل والناس نيام، تدخلوا الجنة بسلام»

“Эй инсонлар! Саломни очиқ беринглар, таомни едиринглир, силаи раҳмни боғланглар, одамлар ухлаётган пайтида намоз ўқинглар, (шундагина) жаннатга саломатлик билан кирасизлар” (Термизий ривояти)

- Эй азиз биродарим! Қўшнингизга саломингизни ўйламай беринг. Шундагина унинг қалбида муҳаббатни уйғотасиз. 


- салом беришда бахиллик қилманг. Инсонлар сизни кибрли ва мағрур деб сифатлаб қўймасинлар. 


3- Ҳурсандчилик, табассум қилиш


Ҳурсандчилик деганда кўришиш пайтида табуссум қилишни, юздан ўпишни, чиройли сўзларни гапиришни, самимиятни тушунишимиз керак. Набий саллаллоҳу алайҳи вассаламнинг одатларидан бири ўз саҳобаларини кўрган ва учратган пайтларида уларга табассум билан боқар эдилар. Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажлий (р.а.) шундан ривоят қилган: “ما رآني رسول الله  إلا وتبسم في وجهي”

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам мени фақат юзларимда табассумим билан кўрар эдилар” (Муттафақун алайҳи)

Агар қўшнингиз сизга камситиш ниятида озор берса, сиз Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам айтган йўлларидан юринг: 

«تبسُّمك في وجه أخيك صدقة» 

“Ўз биродарингизга қилган табассумингиз ҳам бир садақадир” (Термизий ривояти)

Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

 «لَا تَحْقِرَنَّ مِنَ الْمَعْرُوفِ شَيْئًا، وَلَوْ أَنْ تَلْقَى أَخَاكَ بِوَجْهٍ طَلْقٍ» 

«Яхшиликдан ҳеч нарсани кичик санама. Ҳатто биродарингни очиқ чеҳра билан кутиб олиш билан бўлса ҳам»

Ибн Ҳиббон дейди: “Бир мусулмон киши иккинчи мусулмон кишига йўлиқса, унга табассум билан салом бериши лозим. Шунда у иккисининг гуноҳлари ҳудди қишда дарахтнинг барглари тўкилгандек тўкилиб кетади. Инсонлар ўзаро табассум билан муомала қилсалар, улар орасида муҳаббат пайдо бўлади”. 

Яна шундай дейди: “Мулойимлик ва табассум уламоларнинг хислати ва ҳакимларнинг хилқатидир. Чунки башарият қайсарлик оловини ўчиради. Ўзаро кўролмаслик табиатини ёндиради. Кимки инсонларга табассум билан қараса, одамлар унинг қўлидаги нарсага ҳасад билан қарамайдилар”.

Ҳишом ибн Урва ўз отасидан қилган ривоятда шундай дейилади: “Мен бир ҳикматни ўқиганман. Унда: “Эй ўғлим, юзинг содда бўлсин! Сўзларинг яхши бўлсин! Мана шуларни килсанг, одамларга бирор нарса берган кишидан кўра севимлироқ бўласан” дейилган экан”. 


4- Қийинчилик пайтида таъзия билдириш


“Ҳақиқий дўст кулфатда билинади” – деб бежиз айтилмаган. Дўстликнинг ўзига яраша ҳақлари ҳам бор. Қўшничиликни ҳам ҳақлари бор. Қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш учун айрилиқ, жаноза, касаллик етган пайтда қўшнисидан хабар олиб, унга таъзия, сабр-тоқат ва матонат тилаш лозимдир. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

«إِنَّ الْأَشْعَرِيِّينَ إِذَا أَرْمَلُوا فِي الْغَزْوِ أَوْ قَلَّ طَعَامُ عِيَالِهِمْ بِالْمَدِينَةِ جَمَعُوا مَا كَانَ عِنْدَهُمْ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ ثُمَّ اقْتَسَمُوهُ بَيْنَهُمْ فِي إِنَاءٍ وَاحِدٍ بِالسَّوِيَّةِ، فَهُمْ مِنِّي وَأَنَا مِنْهُمْ».

«Албатта, ашъарийлар ғазотда емаклари оз қолса ёки Мадинада аҳли аёлларининг таоми озайиб қолса, олдиларида қолган нарсани бир кийимга жамлайдилар. Сўнгра уни бир идишда ўзаро тенг қилиб тақсимлайдилар. Бас, улар мендан. Мен уларданман». 

Мана шундай инсоний ахлоқлар айнан ислом дини вакиллари томонидан амалга оширилган. 

Кўпчилик қўшнилар ўз қўшниси ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслар. Балки қўшниларининг кийишга кийимлари ва ейишга бирорта таомлари йўқдир. Лекин қўшнилар буни билмайдилар. 

Сиз қўшнингиз оғир аҳволга тушиб қолганида ёки муҳтож бўлиб қолганида унинг аҳволидан хабар олмасангиз, унинг қалбига йўл топа олмайсиз.  

Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

 «أفضل الأعمال أن تُدخل على أخيك المؤمن سرورًا، أو تقضي عنه دينًا، أو تطعمه خبزًا» 

“Амалларнинг энг афзали- сен биродарингга бирор ҳурсандчилик улашишинг ёки унинг қарзини тўлашинг ёки уни нон билан овқатлантиришнгдир”. (Ибн Абуддунё ривояти)


5- Шахсий эҳтиром


Қўшнилар ўртасидаги ёмон муносабатлар қўшниларнинг ўзаро шахсий ишларига аралишишларидан келиб чиқади. Демак, улар ўртасидаги шахсий саволлар қуйидагилар: Ойлигингиз неча пул? Бир ойда қанча сарфлайсиз? Банкдаги ҳисоб рақамингизда қанча пул бор? Сизнинг битта ҳисоб рақамингиз борми ёки бир қанчами? 

Баъзи одамлар ўз хотини ёки ўғлини қўшниларнинг олдига уларнинг аҳволи ва ишларида қандай янгилик бўлаётганини билиб келишлари учун жўнатадилар. 

Мусулмон киши мард ва жасур бўлиши керак. Унга тегишли бўлмаган ишларга аралашиши яхши эмас. Инсонларнинг шахсий ишлари ва ички ишлари ҳақида сўрамайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 {وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا}  

“Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар.” (Исро сураси, 36-оят)

Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам дейдилар: 

«من حُسن إسلام المرء تركهُ ما لا يعنيه» 

“Кишининг исломининг яхшиси ўзига тегишли бўлмаган ишга аралашмаслигидир”. (Термизий ривояти) 

Агар қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишни истасангиз, ўзингизга тегишли бўлмаган ишларга аралашманг. Уларнинг шахсий ишларини суриштирманг. 


6- Узрларни қабул қилиш


Қўшничиликнинг ҳақларини адо этишнинг йўлларидан бири бу рухсат сўраш, мулойим гапириш ва яхшилик қилишдир. Хусусан, агар қўшнилар хато иш қилиб, узр сўрасалар, уларнинг узрларини қабул қилиш дуруст ишдир. Ҳар бир одам боласи хато қилади. Ҳар бир ақлли инсон, агар олдига узр сўраб келсалар, уларнинг узрини қабул қилиши, ўтган ишни унутиши ва ўша инсонни ҳудди хато қилмагандек ҳис қилдириши энг гўзал ишлардандир. 

Энг афзали эса, ўша инсонни узр сўрашини кутиб турмасликдир. Агар узр сўрашга келаётган бўлса, уни бу қийин ҳолатдан чиқариб юборишингиз унинг қалбида сизга нисбатан меҳр-муҳаббатни уйғотади. 

Ибн ал-Қайм (раҳматуллоҳи алайҳ) деди: “Сен узр сўраб келган инсоннинг узрини қабул қилишинг шарт. Агар сенга бирорта инсон ёмонлик қилган бўлса ва у ўша ёмонлигидан сендан узр сўраса, унинг узри ҳақиқийми ёки қалбкими, сен узрни қабул қилишинг шарт. Унинг қалби ва ичидаги ниятини Аллоҳга топширгин. Бундай ишни Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам бир ғазотта уларга хиёнат қилган мунофиқларга нисбатан қилганлар. Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам қайтиб келганларида улар олдиларига келиб узр сўраганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам уларнинг узр ва кечиримларини қабул қилганлар ва уларнинг қалби ва ичларидаги ниятларини Аллоҳга топширганлар”. 

Карамлик ва тавозеъликнинг аломати шуки, агар сиз унинг узрида бирор айбни сезсангиз, уни узр сўрашидан тўхтанманг ва айбини унга исбот қилишга уринманг. Унга: “Ҳа, иш балки сиз айтаётгандек бўлгандир. Бўлган иш бўлиб ўтди. Хижолат қилманг”га ўхшаш гапларни айтинг. 


7-Ёрдам бериш ва мулойимлик насиҳати


Оқил инсонлар насиҳатни инкор этмайдилар. Насиҳат қилувчини ҳам ёмон кўрмайдилар. Балки кўпчилик инсонлар қаттиқлик ва қўполликни қабул қилмайдилар. Уларни қаттиқлик ва қўполлик билан хатоларидан қайтармоқчи бўлсангиз, дархол сизни ёмон кўриб қоладилар. Аллоҳ таоло Набиййимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаламни Қуръони каримда шундай деб мадҳ қилган:

 {فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ}

“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар.” (Оли Имрон сураси, 159 оят)

Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам деганлар:

 «إن الله رفيق يحب الرفق في الأمر كله»

“Албатта, Аллоҳ таоло Рафиқдир (меҳрибон ва мулойим). У ҳар бир ишда мулойимликни бўлишини яхши кўради” (Муттафақун алайҳи) 

Мусулмон киши ўз қўшнисини ёмон-гуноҳ иш қилаётган пайтида, маъсият иш қилаётган пайтида уни холи ташлаб кетиши яхши эмас. Агар бундай қилса, демак, ўша мусулмон кишининг қўшнисига муҳаббати йўқлигига далолатдир. Ҳар бир мусулмон киши мулойим ва меҳрибон бўлиши талаб қилинади. Ўша қўшнисининг қўлидан тутиб, унга яхши амалларни баён қилиб, унга рағбат бериши ва ёмон амалларни баён қилиб, уни огоҳлантириши керак.  Буларнинг ҳаммаси қўшничилик ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ислоҳ қилиш йўлларидир. 


8-Беркитиш ва жахлини чиқаришни тарк этиш


Қўшнилар ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш воситалари шуки, қўшни қўшнининг пардаси бўлиши керак. Унга насиҳат қилиши ва уни ҳақорат қилмаслиги, унинг сирларини ошкор қилмай сир тутиш, қўшниси хато қилганида ўзи ҳам ғамгин бўлиши қўшничиликнинг ришталаридандир. Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

 «ومن ستر مسلمًا ستره الله في الدنيا والآخرة»  

“Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини дунёю охиратда беркитади”. (Муслим ривояти) 

Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

 «إن الله عز وجل حليم حيي ستِّير، يحب الحياء والستر»  

“Аллоҳ таоло азза ва жалла Мулойим, Тирик ва Беркитувчидир. У ҳаё ва беркитишни яхши кўради” (Насаий ва Абу Довуд ривояти)

Мусулмон содиқ киши ўз биродарига фақат яхшиликни тилайди. Уларнинг хатолари ва айбларини беркитади, ўзаро келишувни бузмайди, уларга яхшилик ва тўғри йўлни тилайди. Ўзи яхши кўрган нарсасини қўшниларига улашади. Ўзи ёмон кўрган нарсасини қўшниларига раво кўрмайди. Шунинг учун у хатоларини беркитади. Камчиликларини камайтиради. Ёмонликларини беркитади. Шу тариқа у биродарларининг кўнглини топади ва уларнинг муҳаббатларини қозонади. 


9-Зиёрат қилиш


Қўшничилик ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашнинг йўлларидан яна бири- ўзаро бир-бирини зиёрат қилишдир. Зиёрат – алоқанинг янгиланиши ва узоқ давом этишини қадрлаш ва рағбат беришдир.  Зиёрат қилишнинг фазилати ҳақида Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам  шундай деганлар:

«زَارَ رَجُلٌ أَخًا لَهُ فِي قَرْيَةٍ أُخْرَى فَأَرْصَدَ اللهُ لَهُ عَلَى مَدْرَجَتِهِ مَلَكًا، فَلَمَّا أَتَى عَلَيْهِ قَالَ: أَيْنَ تُرِيدُ؟ قَالَ: أُرِيدُ أَخًا لِي فِي هَذِهِ الْقَرْيَةِ، قَالَ: هَلْ لَكَ عَلَيْهِ مِنْ نِعْمَةٍ تَرُبُّهَا؟ قَالَ: لَا، غَيْرَ أَنِّي أَحْبَبْتُهُ فِي اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، قَالَ: فَإِنِّي رَسُولُ اللهِ إِلَيْكَ بِأَنَّ اللهَ قَدْ أَحَبَّكَ كَمَا أَحْبَبْتَهُ فِيهِ». 

«Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига бир фариштани мунтазир қилиб қўйди. Унинг олдига келган пайтда:

«Қаёққа бормоқчисан?» деди.

«Шу қишлоқдаги биродаримга», деди.

«Унда сен сақлаётган бирор неъмат борми?» деди.

«Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ азза ва жалла учун яхши кўрганман», деди.

«Сен уни Аллоҳ учун яхши кўрганингдек, Аллоҳ ҳам сени яхши кўрди. Бас, мен шуни сенга етказиш учун  Аллоҳнинг элчисидирман».

(Муслим ривояти)

Қўшни зиёрат учун бир муносиб вақтни танлаши керак. У ўз зиёрати билан қўшнисини овора қилиб қўймаслиги лозим. Зиёрати ҳақида айтиб, зиёрат қилишга рухсат сўраши керак. Ва бошқа қўшни ҳам зиёрат қилмоқчи бўлган қўшнисини рад этмасдан, муносиб вақтни айтиши керак. Лекин зиёрат қилишни жуда ҳам кўпайтириб юбормаслик керак. Бу билан қўшнига малол келиб қолади ва сиздан безиб қолиши мумкин. Шуниндек, қўшнини зиёратига чиққанда узоқ вақт ўтирмаслик керак. Балки озгина ўтириб, чиқиб кетиш дуруст амал ҳисобланади. Буларнинг ҳаммаси қўшнилар ўртасида иштиёқни оширади. Шундагина қўшнилар уларни зиёрат қилмоқчи бўлган қўшниларни очиқ кўнгил ва ҳурсандчилик билан кутиб оладилар ва кўнгилларидагини очиқ айтадилар. 


10- Чиройли муомала қилиш.


Қўшнилар қўшниларни чиройли иборалар билан мақташи ва муомала қилишлари ҳамда чиройли ҳадялар бериш, бирор овқатга чақириш ёки шу каби муомалаларни қилиш савобли амаллардандир. Бу эса, қўшнилар ўртасидаги алоқанинг мустаҳкамланишига олиб келади. 

Чиройли сўзларни айтиш бўйича Қуръони каримда шундай ояти карималар келган:

{قَوْلٌ مَعْرُوفٌ وَمَغْفِرَةٌ خَيْرٌ مِنْ صَدَقَةٍ يَتْبَعُهَا أَذًى}

“Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир.”   (Бақара сураси, 263 оят) 

Ҳадя бериш бўйича Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:

 «تهادوا تحابوا»

“Ўзаро ҳадя улашинглар, ўзаро муҳаббатли бўласизлар” (Бухорий “ал-Адаб ал-Муфрадда ривоят қилган)

Таомга чақириш бўйича ҳадисни салом бериш бандида келтириб ўтдик. 

Демак, юқорида кўрсатиб ўтилган қўшничиликка оид ўнта насиҳатлар динимиз буюрган амаллардандир. Уларнинг ҳар бирига қўлдан келганича амал қилиш ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш ҳақиқий мусулмоннинг амалларидан ҳисобланади.


Абу Юсуф тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари икки елкаларига уриб турар эди,.Бешовларидан фақат Термизий ривоят давоми...

4759 05:00 / 03.03.2017
УЛАМОЛАР ГЎШТЛАРИ ЗАҲАРЛИДИРёхуд Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фазллари Ҳанафий мазҳабининг асосчиси, яъни мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит давоми...

3502 05:00 / 06.03.2017
198387 йиллар Ислом институтида таҳсил олдим. Талабалик даврларининг бир кунида бир курсдошим билан шаҳар айланиб, Миробод эски Госпиталная бозори ёнидаги давоми...

3412 05:00 / 03.03.2017
Ҳар ким ўзини кўрсаткиси келади. Илмсиз киши ҳам ўзини илмли қилиб кўрсатиш ила ҳузурланади. Диний илмга оид гапларни гапириб турганда шайтон унинг хаёлига олим давоми...

3755 05:00 / 02.03.2017