1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Сокинлик

05:00 / 03.03.2017 3414 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар, сокинлаштиринг, нафрат қилдирманглар», - дедилар».

Шарҳ: Бу тўртта амр-буюруқ-дан иборат бўлган ҳадис олам-олам маънога эгадир. Бу ҳукмлар асосан мусулмонлар ичида диний таълимотни тарқатадиган, дин аҳкомларини одамларга етказувчиларга қарата айтилгандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Яманга диний раҳбар сифатида жўнаб кетаётган Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ва у кишининг шерикларига у ерга борганда одамлар билан қандай муомала қилишни ўргатаётган пайтларида мана шундай насиҳат қилганлар. Исломни, умуман ҳаётдаги ҳамма нарсанинг енгилини олинглар, оғирлаштирманглар, деган маънодаги гапларни айтганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Аллоҳ таоло томонидан берилган икки нарсадан исталганини олиш имконияти бўлса, доим енгилини олганлар.
Шунинг учун аҳли илмлар мўмин-мусулмонлар билан муомала қилганда, шариатнинг аҳкомларини баён қилаётганда, саволларга жавоб бераётганда, фатво бераётганда доим енгил томонини олишган, чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари, амрлари, ўргатган услублари, ўзлари амал қилган нарсалари бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна «Сукунат», яъни бу ерда хурсандчилик томонини олинглар, нафрат қиладиган томонини олманглар», деб айтмоқдалар.
Ҳозирги кунга келиб эса бунинг тескариси кузатилмоқда. Енгиллик берилган оят турибди, ҳадис турибди, ҳамма нарса турибди, лекин «йўқ, мен бундай қиламан, фалон жойда фалон дейилган, буниси бўлмайди» деб ишнинг оғир томонини олишади.
Тарғибот ишига келганда ҳам, албатта, одамларни дўзахнинг қаърига тушириб, гапни оғир томонга буриб, одамларнинг нафратини қўзғайдиган гап-сўзларни қилишади.
Буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига, кўрсатган йўлларига, ўргатган таълимотларига зид нарсалардир. Бундай ишларни қиладиган одамлар, кишиларга диний таълимотларни етказиш борасида илмлари йўқ, усулларни ўрганмаган, мазкур ҳадисларни тушуниб етмаган кишилардир. Улар ўзларича ҳаракат қилиб, қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйишади. Кўпчиликнинг ичида ноқулай ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлишади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бани Исроил қавмига меҳмон келди. Ҳовлида уларнинг ити бор эди. Улар:
«Эй ит! Меҳмонимизга ҳурмагин!» дейишди.
Бас, унинг қорнидаги кучуклари қичқирдилар. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинганда:
Бу бамисоли сиздан кейин бўладиган умматга ўхшайди. Уларнинг эсипастлари уламоларидан ғолиб келадилар», дедилар
».
Шарҳ: Бани Исроил қавмига ҳурматли меҳмон келибди. Ҳовлида уларнинг ити бор эди. Улар ит меҳмонни безовта қилмасин дея унга ҳурмасликни тайинлашибди. Бироқ итнинг қорнида болалари бор экан. Ўша кучукчалар онасининг қорнида кечаси билан ғингшиб чиқибди. Меҳмон ғоятда безовта бўлибди. Мазкур қавм ўз меҳмонини ҳурмат қиламан деб, беҳурматликка гирифтор қилибди.
Бу гапни одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳикоя қилиб беришган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бунинг мисоли худди сизлардан кейин келадиган қавмларга ўхшайди. Уларда эси пастлар уламолардан устун, ғолиб бўлади» деган маънодаги гапни айтибдилар.
Агар шу итни ўз ҳолига қўйишганда, ҳеч нарса бўлмас эди, меҳмон ҳам безовта қилинмас эди. Бироқ ўзларидан ўзлари итни жим қиламан, тинчитаман, деб ундан баттар қилиб қўйишибди.
Биз бундан ибрат олишимиз лозим. Ичимиздаги билимсиз кишилар уламоларни ҳурмат қилиб, улардан маслаҳат олишга ҳаракат қилишлари керак. Акс ҳолда юқорида зикри келган қавмга ўхшаб ноқулай ҳолатга тушиб қолиш турган гап.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шариатимизда .Аллоҳнинг зоти ҳақида эмас, балки Унинг яратганлари борасида тафаккур қилинглар,, деган муҳим қоида бор. Биз бандалар Роббимизнинг яратган давоми...

2639 14:00 / 06.08.2022
Ато ибн Ясордан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссни кўриб қолиб .Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларини айтиб беринг,, ndash давоми...

3029 05:00 / 03.03.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.У киши.Бир мўминмусулмон инсоннинг мусулмон отаонаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг давоми...

11859 05:00 / 03.03.2017
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кундузи маълум вақтда учрашишга ваъдалашдилар. Аммо ўша вақт келганида келмадилар. Расулуллоҳ давоми...

2741 17:30 / 30.01.2022