1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ризқингиз кўпайишини хоҳлайсизми?

18:30 / 02.03.2021 2756 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ  قَالَ أَتَى رَجُلٌ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  فَقَالَ يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ لِي قَرَابَةٌ أَصِلُهُمْ وَيَقْطَعُونِي، وَأُحْسِنُ إِلَيْهِمْ وَيُسِيئُونَ إِلَيَّ، وَأَحْلُمُ عَنْهُمْ وَيَجْهَلُونَ عَلَيَّ، قَالَ لَئِنْ كَانَ كَمَا تَقُولُ كَأَنَّمَا تُسِفُّهُمُ الْمَلَّ، وَلَا يَزَالُ مَعَكَ مِنَ اللهِ ظَهِيرٌ عَلَيْهِمْ مَا دُمْتَ عَلَى ذَلِكَ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб:

«Ё Расулаллоҳ! Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар мендан алоқаларини кесадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қиладилар. Мен уларга ҳалиймлик қиламан, улар менга жоҳиллик қиладилар», – деди.

«Агар ҳол сен айтгандек бўлса, уларга қизиган кул таом бўлади. Ўз ҳолингда бардавом бўлсанг, уларнинг зиддига сен билан Аллоҳдан бир ёрдамчи доим бирга бўлади», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Бу ҳадисда қариндошлар ёмонлик қилса ҳам, уларга яхшилик қилишни давом эттиравериш кераклигига урғу берилмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирига – қариндошларининг ёмонликларидан шикоят қилиб келган кишига тасалли бериб, уларга яхшилик қилишда бардавом бўлишга чорламоқдалар. Агар у мазкур хайрли ишида давомли бўлса, унга осонлик яратилишини ваъда қилмоқдалар.

Аллоҳ таоло сенга доимий бир ёрдамчи туширади, яъни фаришталарни сенга нусрат, суянчиқ қилиб қўяди. Агар сен шу ишингда давом этсанг, яъни қариндошларинг яхшилик қилмаса ҳам, сен уларга силаи раҳм қилиб турсанг, улар ёмонлик қилса ҳам, сен яхшилик қилиб турсанг, улар жоҳиллик қилса ҳам, сен ҳалийм бўлиб, уларни кечириб турсанг, Аллоҳ субҳаанаҳу ва таоло сенга бир ёрдамчини бериб қўяди. Қилаётган яхшиликларинг туфайли у доим сенинг ёнингда бўлади, демоқдалар.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  يَقُولُ قَالَ أَنَا الرَّحْمَنُ، وَأَنَا خَلَقْتُ الرَّحِمَ، وَاشْتَقَقْتُ لَهَا مِنِ اسْمِي، فَمَنْ وَصَلَهَا وَصَلْتُهُ وَمَنْ قَطَعَهَا بَتَتُّهُ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ

Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитган эканлар:

«Аллоҳ азза ва жалла:

«Мен Роҳманман. Раҳмни Мен яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни кесса, кесаман», – деган».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Бу ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошлик алоқаларини боғлаш ва кесиш оқибатлари ҳақида Аллоҳ таоло айтган сўзларни баён қилиб бермоқдалар.

Аллоҳ таоло раҳмни Ўзи яратганини таъкидламоқда. Демак, қариндошлик алоқалари ана шу қудсият асосида бўлиши лозим.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло раҳмнинг исмини Ўз исмидан олганига алоҳида урғу бермоқда. Аллоҳ таолонинг Роҳман, Роҳийм исмлари ва «раҳм» сўзи бир ўзакдан эканини эслатмоқда. «Ким уни боғласа, яъни силаи раҳм қилса, Мен ҳам уни боғлайман, яъни Ўзимга яқин тутаман, раҳматимга сазовор қиламан. Ким уни кесса, Мен ҳам уни кесаман, яъни уни Ўзимдан йироқ қиламан, ундан раҳматимни узиб қўяман», демоқда Аллоҳ таоло.

Силаи раҳм ана шундай фазийлатли нарса экан.

Ҳар бир мўмин‑мусмон ана шу фазлдан умидвор бўлиб, бу ишда бардавом бўлиши лозим.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ مَنْ أَحَبَّ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ризқининг кенг бўлишини ва орқасидан асари кўп қолишини яхши кўрса, силаи раҳм қилсин», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Демак, силаи раҳм қилган, қариндош-уруғларига яхшилик қилган, ёрдам берган, хайр-эҳсон қилган одамнинг ризқини Аллоҳ таоло кенгайтириб, бойлигини зиёда қилиб қўяр экан. Шу билан бирга, ундан яхши хотира, эсдалик қолишини таъминлар экан. Ушбу ҳол силаи раҳмнинг бу дунёда ҳам фойда беришини кўрсатади.

Четдан қараганда, силаи раҳм қилинса, қариндошига ёрдам берса, моли ёки пули камайиб қолгандек кўринади. Лекин Аллоҳ таоло бунинг эвазига унинг молини кўпайтириб берар экан ҳамда у банданинг яхшилик билан эсланиб юришини таъминлар экан.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ  قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  يَقُولُ مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ، وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ризқининг кенг бўлишидан, орқасидан асари кўп қолишидан хурсанд бўлса, силаи раҳм қилсин», деганларини эшитдим».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى  رَضِي اللهُ عَنْهُ  يَقُولُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ إِنَّ الرَّحْمَةَ لَا تَنْزِلُ عَلَى قَوْمٍ فِيهِمْ قَاطِعُ رَحِمٍ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ичида қариндошлик алоқасини узувчи бор қавмга раҳмат тушмайди», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Бир одамнинг сабабидан бошқалар ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин.

Масалан, беш-олтита ака‑ука, опа‑сингиллардан фақат биттаси, нима баҳона ёки сабаб бўлишидан қатъи назар, силаи раҳмни узиб юрган бўлса, қолган барчалари ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Аслида, силаи раҳмни узишга ҳеч бир нарса сабаб, баҳона бўла олмайди. Кимдир мерос талашиб ёки бошқа сабаб билан акасининг ёки укасининг ёҳуд опа‑синглисининг ҳаққига хиёнат қилган бўлса, кўнглига оғир ботадиган гап айтган бўлса ёки жоҳиллик қилиб, яқинлари билан муштлашган бўлса ҳам, охиратда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавобини ўзи беради. Агар у бу дунёда қилган гуноҳлари учун тавба қилиб, уларни такрорламаса, солиҳ амаллар қилиб, истиғфор айтиб юрса ва энг асосийси, силаи раҳм қилишда давом этса, Аллоҳ таолонинг раҳматидан ҳар қанча умид қилса, ҳақли бўлади. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Ким уни боғласа, боғлайман» деб, силаи раҳм қилувчи бандасини Ўзига яқин олишини айтган ва унга кўп яхшиликлар ваъда қилган.

Аммо, юқорида айтилган сабаблар билан бўлса ҳам, силаи раҳмни узиб юрган кимса охиратда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида жуда оғир аҳволга тушиб қолади. Чунки унинг биронта ҳам яхши амали қабул бўлмайди. Барча қилган яхшиликлари, ҳаттоки, Ҳаж ва умра қилган бўлса, уларнинг ҳам савоби бекор бўлади. Энг оғири, энг фожиалиси шуки, бундай банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан буткул бенасиб бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло «Ким уни кесса, кесаман» деб, аниқ қилиб айтиб қўйган. Лекин энг ёмон тарафи шундаки, бундай кимсанинг касри уриб, унинг барча яқинлари, қавму қариндошлари ва маҳалладошлари ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин.

Шунинг учун ҳар бир жамоа, ҳар бир қавм доим бир-бирларидан хабардор бўлиб, ичимизда шундайлар пайдо бўлиб қолмасин, ҳаммамиз унинг сабабидан балога қолмайлик, деб, бир-бирларини ўзаро силаи раҳмга ундаб туришлари керак. Силаи раъмни узмасликка мустаҳкамлик билан тарғиб қилиб, ундай қилма, бу иш яхши эмас, сен сабаб бўлиб, биз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қоламиз, деб насиҳат қилиш билан бирга, қаттиқ талаб ҳам қилишлари лозим.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазилмутойиба ва кўнгилхушлик қилишга ўхшаш ишларда мўътадиллик бўлиш шарт.Бу масалада аёлларга жуда ҳам эрк бериб, одоб доирасидан чиқиб кетишларига, шариатга давоми...

3218 09:05 / 22.07.2019
Бу мақола эркак киши уйланмоқчи бўлган аёлга бериши керак бўлган 12 та савол ва аёл киши турмушга чиқмоқчи бўлган йигитга бериши лозим бўлган 10 та саволдан иборат. давоми...

7166 17:00 / 20.10.2021
Биринчи мақола Эр ўз хотини олдидаги молиявий бурчларини адо этиш билан бирга, муомалавий бурчларини ҳам шараф билан адо этиш пайидан бўлиши лозим.Эр хотинига давоми...

3582 08:55 / 02.07.2019
Барра бинти Ҳорис бу шартномадан кейин ўша келишилган миқдордаги тиллани топиш пайига тушди. Бу мақсадга эришиш учун нима қилиш кераклигини у яхши билар эди. давоми...

2354 20:05 / 14.09.2019
Аудиолар

135256 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55513 14:35 / 11.08.2021