1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эркак ва аёл ақлидаги фарқ нимада? (иккинчи мақола)

13:30 / 25.08.2019 3324 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришидаги ҳикматни «сокинлик топишингиз учун» деб баён қилади. Дарҳақиқат, эркак фақат аёлдангина сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик топади. Шунингдек, аёл ҳам ўзига керак бўлган сокинликни, ором, осойишталик ва тинчликни эркакдан топади.

Бу ҳақиқатни англаб етишимиз учун бир хаёл отига миниб, тасаввур қилиб кўрайлик.

Дунёдаги барча инсон зоти аёллардан иборат, деб тасаввур қилайлик. Битта ҳам эркак йўқ. Унда нима бўлади? Дунёда инсон зоти учун сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик бўлмайди. Дунё хароб бўлади. Бир авлоддан сўнг инсон зоти инқирозга учрайди.

Энди, аксинча ҳолатни олиб кўрайлик. Дунёдаги барча инсон зоти эркаклардан иборат, деб кўрайлик. Битта ҳам аёл йўқ. Унда нима бўлади? Дунёда инсон зоти учун сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик бўлмайди. Дунё хароб бўлади. Бир авлоддан сўнг инсон зоти инқирозга учрайди.

Демак, Қуръони Карим таълимотлари асосида қуриладиган, тутиладиган оила сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик оиласи бўлиши керак. Инсон учун зарур бўлган мазкур улуғ неъматларга зид бўлган тўполон, оромсизлик, ташвиш ва уриш-жанжаллар Қуръони Карим таълимотлари асосида қурилган ва тутилган оилаларда мутлақо бўлмаслиги керак.

Қуръони Карим таълимотларига асосланган оила аъзолари орасидаги муносабатлар қандай бўлиши кераклигини ояти кариманинг кейинги жумласи баён қилади.

«...ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани...»

Қуръони Карим таълимотлари асосида қурилган ва уларга амал қилиб яшаётган оилада ўзаро севги ҳукм суриши керак. Бир-бирини ёқтирмаслик, ёмон кўриш бундай оилага мутлақо тўғри келмайди.

Қуръони Карим таълимотлари асосида қурилган ва уларга амал қилиб яшаётган оилада ўзаро раҳм-шафқат, меҳр-мурувват ҳукм суради. Бир-бирига нисбатан раҳмсиз, шафқатсиз бўлиш бундай оилада бўлиши мумкин эмас.

Аллоҳ таолонинг Ўзи эр билан хотиннинг орасига севги, меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат солмаса, улар бир-бирларининг баъзи камчиликларини, қийинчиликларни кўтара олармидилар? Чидаб, бирга яшармидилар?

Эркакнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, ҳаттоки, энг кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Аёлнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, ҳаттоки, кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Ҳа, уларни бир-бирига сокинлик бахш этувчи, меҳр-муҳаббатли, ўзаро келишиб дунёни обод қиладиган этиб яратган зот қудратли Аллоҳ таолодир.

«Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир».

Ҳа, албатта, бунинг учун тафаккур қилиш керак. Агар инсонлар, эркак ва аёллар ўзларининг тузилишлари, бир-бирларининг ораларидаги фарқлари ҳақида керагича тафаккур қилсалар, улар бир-бирларидан сокинлик топишлари учун яратилганларини англаб етар ва оилаларида ором ила яшашга ҳаракат қилар эдилар.

Агар инсонлар – эркак ва аёллар ўзларининг ораларига Аллоҳ таоло томонидан муҳаббат ва раҳм‑шафқат солиб қўйилганини тафаккур ила англаб етганларида, бир-бирларини ёмон кўрмас ва бир-бирларига нисбатан шафқатсиз бўлмас эдилар.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Улар (хотинлар) сизга либосдирлар, сиз уларга либосдирсиз» (187‑оят).

Узун оятнинг ичида келган ушбу қисқагина жумла билан Аллоҳ таоло олам-олам маъноларни баён қилган. Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий китоб эканига, бошқаларни ожиз қолдирувчи китоб эканига ёлғиз шу жумланинг ўзини тафаккур қилиш ҳам етарлидир.

Одатда либос – кийим бир неча муҳим мақсадлар учун ишлатилади. Агар кийим бўлмаса, ўша мақсадларга эришилмайди ва инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам қолмайди. Келинг, ўша кийимдан кўзланган мақсадлар ва эр‑хотин орасидаги муносабатнинг унга ўхшатилиши ҳақида тафаккур қилиб кўрайлик.

Биринчидан, либос – кийим ўзини кийган шахснинг айбини беркитиб туради. Қуръони Карим эр‑хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларининг айбларини беркитиб туришлари керак. Эр‑хотинларнинг бир-бирининг айбини очиши Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Иккинчидан, либос ўзини кийган шахсни зийнатлаб туради. Қуръони Карим эр‑хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларини зийнатлаб туришлари керак. Эр‑хотинларнинг бир-бирини зийнатламаслиги Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Учинчидан, либос ўзини кийган шахсни ёзда иссиқдан, қишда совуқдан сақлаб туради. Қуръони Карим эр‑хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларини ҳаётнинг иссиқ-совуқларидан сақлаб туришлари лозим. Эр‑хотинларнинг бир-бирини ҳаётнинг иссиқ-совуқларидан сақламаслиги Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Тўртинчидан, либос ўзини кийган шахсга энг яқин нарса бўлади. У билан уни киювчи шахс орасида ҳеч нарса бўлмайди. Қуръони Карим эр‑хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларига энг яқин шахслар бўлишлари ва ораларида ҳеч нарса бўлмаслиги керак. Эр‑хотинларнинг бир-бирига яқин бўлмаслиги Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Бешинчидан, либос ўзини кийган шахсга турли нохуш нарсалар, ҳатто чанг ҳам юқмаслиги учун хизмат қилади. Қуръони Карим эр‑хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларига турли нохуш нарсалар, ҳатто чанг юқтирмасликка ҳаракат қилишлари лозим. Эр‑хотинларнинг бир-бирига нохушлик етказиши, чанг юқтириши Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Қуръони Каримда эр‑хотин муносабатлари тўғрисида келган бир оят ва бошқа бир оятнинг бир жумласидан қисқача чиқарилган хулосалар шулардан иборат. Мана шуларнинг ўзида бир олам маънолар борлигини тушуниб олиш қийин эмас. Шу билан бирга, ушбу маъноларни ҳаётга татбиқ қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз, балки, аввало бахту саодатимиз эканини ҳам англашимиз зарур.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир,, давоми...

1321 16:47 / 21.10.2022
Оила қуришда фақат куёв тараф келин танлаш ҳуқуқига эга эмас, балки келин ҳам куёв танлаш ҳуқуқига эгадир. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, оила, аввало, давоми...

6883 09:05 / 10 декабрь
Ҳомиланинг жисмоний ва руҳий толиқишларсиз, яхши ривожланиб боришини таъминлаш.Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий давоми...

2615 19:29 / 19.10.2019
иккинчи мақола . . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан давоми...

1062 10:18 / 18 ноябрь