1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Oта‑онага итоатнинг чегараси

10:00 / 28.09.2021 3864 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ота‑онанинг итоати ҳақидаги биз юқорида ўрганиб ва эслаб ўтган таълимотлар, яна бошқа қўшимча маълумотларни баъзи тарафларнинг суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзи ота‑оналар болаларининг гуноҳ ишларда ҳам уларга итоат қилишларини истайдилар. Ҳатто Аллоҳнинг амрига, У Зотнинг динига хилоф бўлган ишларда ҳам, менинг айтганим бўлиши керак, дейдиган ота‑оналар йўқ эмас. Бу ҳақдаги можаролар, низолар, саволлар тез-тез учраб туради.

Аммо, инсоннинг ва унга тегишли нарсаларнинг барчаси чегараланган нарсалар эканини унутмаслик лозим. Жумладан, ота‑онага итоатнинг ҳам чегараси бор. Бу ҳақиқатни ота‑онага итоат қилишни амр қилган Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилган.

Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга қайтганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман» (15‑оят).

Ҳа, ота‑онанинг фарзандда ҳаққи кўп. Фарзандлари уларни ҳар қанча эъзозласа, уларга ҳар қанча шукр қилса, итоат этса, оз. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳаққи ундан ҳам юқори. Чунки ота‑она фарзанднинг дунёга келишига, униб-ўсишига сабабчи бўлсалар, Аллоҳ таоло ҳақиқий яратувчи ва ризқ берувчидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳаққи ота‑онанинг ҳаққидан устундир. Бу оятда ана шу ҳақиқат баён этилмоқда.

«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма!»

Агар ота‑она ўз қадрини ўзи туширса, ота‑оналик бурчини адо этиш, Луқмони Ҳаким каби боласини ширкдан қайтариш ўрнига уни Аллоҳ таолога ширк келтиришга зўрласалар, нотўғри қиладилар, гуноҳкор бўладилар. Унда фарзанд уларга итоат этмайди. Гуноҳ ишда ота‑онагаки итоат этилмаганидан кейин, улардан бошқасига итоат этмаслик турган гап. Мўмин‑мусмон кимса нафақат Аллоҳга ширк келтиришда, балки умуман, У Зотга маъсият бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат этмайди.

Лекин бу «Бошқа эътиқодда бўлгани учун ота‑онангдан бутунлай воз кеч», дегани эмас.

«Ва дунёда икковларига яхшилик қил…»

Мусулмон фарзанд кофир ота‑онасига эътиқод, дину диёнат масаласида итоат этмагани билан, уларга ширин муомалада бўлади, дунёвий эҳтиёжларини қондиради. Ушбу ояти карималар нозил бўлмаган вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос, Саъд ибн Молик каби ота‑онаси мушрик бўлган саҳобийларга ота‑оналарини ҳурматлашни, уларга яхшилик қилишни буюрганлар.

«...ҳамда Менга қайтганларнинг йўлига эргаш».

Яъни, менинг йўлимни тутган мўмин‑мусмонларнинг изидан юр.

«Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир».

Мендан бошқага эмас. Қиёматда ҳаммангиз менга қайтасиз.

«Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман».

Ва ҳар ким қилган яхши амалига яраша мукофот, ношукр бўлганлар нонкўрлигига яраша жазоларини оладилар.

Бу борадаги умумий қоидани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида баён қилганлар.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқ» – дедилар».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Яъни, бандани рози қиламан, деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.

Мусулмон фарзанд ота‑онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда, банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади.

Ота‑она зулм қилсалар ҳам, уларга яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасидаги ҳужжат ва далилларни чуқур таҳлил қилган фуқаҳолар бундан истисно қилинадиган нарсаларни ҳам аниқлаганлар.

Машҳур Ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори:

«Бу (ота‑она зулм қилса ҳам, уларга итоат қилиш) айни камолдир. Аммо, жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота‑она қаттиқ озор топсалар ҳам», – деган.

Имом Таҳовий:

«Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади, наҳий қилинган нарсаларда эмас», – деган.

Тоҳир Фатаний:

«Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас»,– деган.

Иззуддийн Абдуссалом:

«Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳийда вожиб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар», – деган.

Имом Fаззолий:

«Кўпчилик уламолар ота‑онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота‑онанинг итоати эса мажбурийдир»,– деганлар.

Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар:

«Агар ота‑онанинг ҳаққига баробарига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади. Чунки насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота‑она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлайди. Фарзанд ота‑онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради».

Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Отангга, сўнгра энг яқинларга, кейин ундан кейинги яқинларга ва ҳоказо», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Мана шу ҳадисдан уламолар «Онанинг ҳаққи отанинг ҳаққига кўра уч баробар кўп» деган хулосани ҳам чиқарганлар. Ота‑она албатта, ҳар бир фарзанд учун улуғ зотлар. Лекин онанинг тутган ўрни алоҳида таъкидланади. Чунки она фарзандга ҳомиладор бўлганидан бошлаб, унинг машаққатини тортади. Тўққиз ой давомида қорнида кўтариб юради. Ҳомиладорликнинг қанчалик қийин кечишини ҳар бир ақлли одам яхши билади. Фақат фарзанд учун фидокорлиги туфайлигина она ўша машаққатларни кўтаради. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

Қолаверса, ҳар бир фарзанднинг туғилиши қанчалик оғир машаққат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Туғиш дарди ўлимни бўйинга олиш билан баробар эканини, айниқса, аёллар яхши биладилар. Шунинг учун ҳам онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

Кейин уни эмизиб, ювиб-тараб, тўғри тарбия бериб, катта қилиш қанчалик улкан меҳнат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Бу машаққатли меҳнатни ҳам фақат онагина яхшилаб адо эта олади. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи буюкроқ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ана шу эътибордан, уч марта «онангга яхшилик қил» деганларидан сўнггина, тўртинчи мартада «отангга» деб жавоб бердилар ва улардан кейингина яқинларга – бошқа қариндошларга яхшилик қилиш кераклигини таъкидладилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Одамларнинг қай бирининг аёл кишида ҳаққи энг улуғ?» – деб сўрадим.

«Эрининг», – дедилар».

«Одамларнинг қай бирининг эр кишида ҳаққи энг улуғ?» – дедим.

«Онасининг», – дедилар».

Насаий ривоят қилган.

Демак, эркак кишилар учун уларда ҳаққи энг улуғ одам оналари бўлади.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Совчилик ишлари, юқорида зикр қилинганидек, доимо енгил кўчавермайди. Баъзи ҳолатларда бир оиланинг ўзининг ичида ҳам фикр ва рағбатлар тўқнашиб қолиши рўй давоми...

6346 14:30 / 22.12.2018
Исрофrdquo сўзи асли арабча бўлиб, ҳисобсиз тарзда ишлатишrdquo, ҳаддидан ошишrdquo каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан давоми...

2341 13:30 / 16.07.2021
Ушбу турдаги ҳақлар эрга ҳам, хотинга ҳам бир тарафдан ҳақ бўлса, иккинчи тарафдан мажбурият ҳисобланадиган нарсалардир. Икки тараф ҳам мазкур ҳақдан баҳраманд давоми...

3207 17:30 / 12.05.2019
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик, иложи борича, давоми...

2338 11:20 / 30.04.2020