1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адҳам

18:00 / 01.03.2021 1592 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(учинчи мақола)

Суфён ибн Уяйнадан Муҳаммад ибн Маймун Маккий ривоят қилганлар: «Иброҳим ибн Адҳамга: “Уйлансангиз бўлмайдими?” – дейилганда, у киши: “Нафсим зўрлик қилмаганида, уйланмасдим”, – деб айтдилар».

Халаф ибн Тамим айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳам болта олиб, тоққа бордилар ва ўтин йиғиб келиб, сотдилар. Пулига ҳар хил ҳолва сотиб олиб, дўстларига тортиқ қилдилар. Ҳолва ейилаётган пайтда шўхчан оҳангда: “Югурганники ҳам, буюрганники ҳам бўлди, маза қилиб олаверинглар!” – дедилар».

Исом ибн Раввод ибн Жарроҳ оталаридан ривоят қилганлар: «Бир кеча Иброҳим ибн Адҳам билан бирга эдим. Бир киши янги пишган мева келтирди. Иброҳим эвазига бериш учун нарса излаб, ён-атрофга қарадилар. Менинг эгаримни кўрсатиб: “Шуни ол”, – дедилар. У эгарни олди. Менинг нарсам билан ўнғайсизликдан халос бўлганларига севиниб кетдим».

Али ибн Баккор айтганлар: «Бани Ижлдан бўлган олий насабли Иброҳим ибн Адҳам ўрим пайтида шеър хиргойи қилардилар:

اتخذ الله صاحبا *ودع الناس جانبا

Сен Аллоҳни ўзингга дўст тут,

Одамларнинг гап-сўзин унут.

Иброҳим ибн Адҳам кўйлаксиз, яктак киярдилар. Ёзда тўрт дирҳамлик кўйлак ва иштондан бошқа нарса киймасдилар. Муқимлик пайтларида ҳам, сафарда ҳам рўза тутардилар. Кечалари ухламасдан тафаккур қилардилар. Мардикорлик қилганларида, иш ҳақларини дўстлари оларди, ўзлари пулни ушламасдилар. “Бунга кўнглингиз тусаган нарсаларингизни олиб енглар”, – дердилар. Ўзлари эътибор бермай ўтирардилар. Ёрғучоқда икки муд буғдойни бир қўллари билан янчардилар».

Абу Юсуф Ғасулий айтганлар: «Авзоъий Иброҳим ибн Адҳамни овқатга таклиф қилдилар. Иброҳим камгина таом едилар. Авзоъий бунинг сабабини сўраганларида, у киши: “Таом кам бўлгани учун”, – деб жавоб бердилар». (Кунларнинг бирида Иброҳим ибн Адҳам кўп овқат пишириб, Авзоъийни меҳмонга чақирдилар. Авзоъий: “Исрофгарчиликдан қўрқмайсизми?” – деганларида, у зот: “Аллоҳ хушламаган иш – исроф бўлади. Аммо кишининг биродарига эҳсон қилиши диндандир”, – деб жавоб бердилар.)

Бишр Ҳофийга Яҳё ибн Ямон: “Суфён Иброҳим ибн Адҳам билан бирга ўтирсалар, кўп ўйлаб, кам гапирардилар”, – деганлар.

Абдурраҳмон ибн Маҳдий Толутдан ривоят қилганлар: «Иброҳим ибн Адҳамнинг: “Шуҳратга ўч кимса Аллоҳга ишонмабди”, – деганларини эшитдим».

Шуҳратни яхши кўриб, ўзи сезмайдиган кишига бу борада танбеҳ берилса, хафа бўлмайди, ўзини оқламайди, айбини тан олиб: “Камчиликларимни кўрсатганларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, – деб айтади, нафсига қул бўлиб қолмайди. Ўз айбини сезмаслик, сезишга ҳаракат қилмаслик – дарди бедаво.

Исом ибн Равводга Исо ибн Ҳозим Найсобурий айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳам билан Маккада эдик. У зот Абу Қубайс тоғига қараб: “Иймони мукаммал мўмин тоғни қимирлатишни истаса, қўлидан келади”, – дедилар. Шунда тоғ қимирлай бошлади. Иброҳим ибн Адҳам: “Жим тур, мен сени назарда тутганим йўқ”, – дедилар».

Ибн Абу Дунёга Муҳаммад ибн Мансур, у кишига Ҳорис ибн Нуъмон айтганлар: “Иброҳим ибн Адҳам эман дарахти меваларини терардилар”.

Маккий ибн Иброҳим айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳамдан: “Мўминнинг каромати нималарга қодир?” – деб сўрашди. “Тоққа “Қимирла”, деса, у қимирлайди”, – деб жавоб бердилар. Шу пайт тоғ қимирлай бошлади. Иброҳим ибн Адҳам унга қараб: “Сенга айтганим йўқ”, – дедилар».

Иброҳим ибн Адҳам айтганлар: “Ҳамма подшоҳ ҳам адолатли бўлмайди, адолатсиз подшоҳ ўғри билан баробардир. Ҳамма олим ҳам тақводор бўлмайди, тақвосиз олим бўри билан баробардир. Кимки Аллоҳдан бошқага қуллик қилса, у билан итнинг ўртасида фарқ йўқ”.

Бизга Аҳмад ибн Иброҳим Жулудий ва бошқалар хабар бердилар. Уларга Абдуллоҳ ибн Латтий, у кишига Жаъфар ибн Мутаваккил, у кишига Абул Ҳасан ибн Аллоф, у кишига Ҳаммомий, у кишига Жаъфар Хулдий, у кишига Иброҳим ибн Наср, у кишига Иброҳим ибн Башшор айтиб берганлар. У киши Иброҳим ибн Адҳамнинг: “Фидойилари бўлган дин улуғдир. Аллоҳ йўлида илм ўрганган киши учун ўзини кўз-кўз қилгандан кўра, пинҳонлик яхшироқдир. Аллоҳга қасамки, уйқу билан ўтадиган ҳаётга ишонч йўқ. Ажалга пеш қилинадиган узр йўқ. Шундай экан, эътиборсизлик, камчилик, сусткашликка не ҳожат?! Сермазмун амалларимиз учун, бардавом тавбамиз учун, боқий ҳаётнинг мазмунли бўлиши учун фоний ҳаёт ташвишларига рози бўлдик”, – деганларини эшитганлар.

Ибн Башшор юқоридаги санад билан шундай деганлар: «Бир куни Иброҳим билан бирга тунадик. Нонуштага ейдиган ҳеч вақомиз йўқ эди. “Эй Ибн Башшор, Аллоҳ таоло мискинлар ва фақирларга қандай неъматлар ва роҳатлар берган-а?! Қиёмат куни улардан закот, ҳаж, садақа ва силаи раҳм тўғрисида сўрамайди! Ғам ема, Аллоҳ таолонинг Ўзи ризқ беради. Қасамки, биз ҳар жиҳатдан боймиз. Бизга дунё роҳати берилган. Аллоҳнинг тоатида эканмиз, ҳеч нарсадан ташвишга тушмаймиз”, – дедилар. Сўнгра намозга турдилар. Мен ҳам туриб, намоз ўқий бошладим.

Бир киши саккизта нон ва анчагина хурмо олиб келди. Иброҳим ибн Адҳам: “Эй ташвишга тушган биродарим, ол, е”, – дедилар. Шу пайт бир тиланчи кириб келди. Унга хурмо билан учта нон бердилар. Менга учта нон бериб, иккита нонни ўзлари едилар.

Бир куни у киши билан дўмпайиб кўриниб турган қабрнинг олдига келдик. Унинг ҳаққига дуо қилдилар ва шундай дедилар: “Бу – Ҳумайд ибн Жобирнинг қабри. У мана шу диёрларнинг амири эди. Бир пайтлар мол-дунё уммонига шўнғиган экан. Кейинчалик Аллоҳ таоло уни бундан халос қилибди. Менга хабар беришларича, бир куни Ҳумайд бир нарсадан хурсанд бўлиб ухлабди. Тушига кирган киши қўлидаги китобни очибди. Унда зарҳал ҳарфлар билан: “Фонийни боқийдан устун қўйма, бойлигингга мағрур бўлма. Улар завол топганда ҳам, сен борсан. У қўлингдан кетгунича, сенинг мулкинг. У йўлдан уриб, кеккайтирмаса, хурсандлик ва шодлик. Некбин бўл: эртангга ишонилмаган кунинг кун эмас. Аллоҳнинг амрига шошил, Аллоҳ таоло:

وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضِ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ

“Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз” (Оли Имрон сураси, 133-оят)”, деган сўзлар ёзилган экан.

Уйқусидан чўчиб уйғониб: “Бу Аллоҳдан менга танбеҳ ва мавъизадир”, – дебди. Мол-мулкдан воз кечиб, шу тоққа келиб, вафотига қадар Аллоҳга ибодат қилибди».

Ривоятда келишича, Иброҳим ибн Адҳам бир кечада ўн ўроқчининг ишини қилиб, бир динор (бир кишига бериладиган ҳақнигина) олардилар.

Бизга Аҳмад ибн Салома Абдураҳим ибн Муҳаммаддан хабар бердилар. У кишига Ҳаддод, у кишига Абу Нуъайм, у кишига Иброҳим ибн Абдуллоҳ, у кишига Саррож, у кишига Иброҳим ибн Башшор айтиб берган эканлар: «Иброҳим ибн Адҳамдан: “Сиз қандай қилиб, бу йўлга кирдингиз?” – деб сўрадим. “Бундан бошқа нарсани сўрасанг, яхшироқ бўларди”, – дедилар. “Шу тўғрида айтиб берсангиз, шояд, бирор кунимга яраб қолса”, – дедим.

У киши шундай дедилар: «Отам Маёсир подшоҳларидан эди. Биз овни яхши кўрардик. Бир куни овга чиқдим. Бирдан қуёнми, тулкими, қочаётганини кўриб, изидан от солдим. Шу пайт орқамдан бир овоз эшитилди: “Сен бунинг учун яратилмагансан, бунга буюрилмагансан!” Тўхтадим, ўнгу сўлимга қарадим. Ҳеч ким кўринмади. “Иблисга лаънат бўлсин”, – деб яна отни чоптирдим “Эй Иброҳим! Сен бунинг учун яратилмагансан, бунга буюрилмагансан!” – деган овоз аввалгидан ҳам баландроқ эшитилди. Тўхтадим, чор атрофга қарадим. Ҳеч кимни кўрмадим. “Иблисни Аллоҳ лаънатласин!” – дедим. Эгаримнинг қошидан яна ўша овоз келди. “Тушундим, тушундим. Мен огоҳлантирилдим”, – дедим. Аллоҳга қасамки, ўшандан кейин Аллоҳ таоло мени гуноҳлардан сақлади. Уйимга қайтиб бориб, отимни қўйиб юбордим. Сўнгра отамнинг чўпонларининг ёнига келдим. Яктагини олиб, ўз кийимларимни унга бердим.

Ироққа бордим, бир неча кун ишладим. Ишимдан тўла-тўкис қониқмадим. Шомга боришимни маслаҳат беришди...

Шомда хизматга ёлланганимда, боғ саркори менга: “Анорларимиздан еб кўрмадингизми? Ширини ва аччиғини ажрата олмаяпсиз-ку!” – деди. “Аллоҳга қасамки, таъмини ҳам тотиб кўрганим йўқ”, – дедим. “Мабодо сиз Иброҳим ибн Адҳам эмасмисиз?” – деб кетиб қолди. Эртасига мен ҳақимда гапириб берганида, баъзилар у сифатлаган киши мен эканлигимни билишибди. Саркор бир неча одам билан мен томон келаётганини кўриб, дарахтнинг панасига яшириндим. Улар кириб келган пайтда ҳеч кимга сездирмай, секин қочиб қолдим».[1]

“Тарихи Ислом” китобимда Иброҳим ибн Адҳам ҳақларида бундан кўпроқ тўхталиб ўтганман. “Тарихи Дамашқ”, “Ҳиля” китобларимда ҳам у киши тўғриларида талайгина маълумот мавжуд. Ибн Жавсоҳ ҳам у киши ҳақларида ёзганлар. Ибн Латтий ҳам у кишига оид ривоятлар зикр қилганлар.

Дорақутний у кишини сиқа ҳисоблаганлар.

Иброҳим ибн Адҳам 162 йилда вафот этганлар. Қабрлари зиёрат қилинади.

У киши ҳақларида “Тарихи Дамашқ”да 33 саҳифалик маълумот берилган.

(Тамом)

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан


[1] Шунга ўхшаш воқеа муҳаддис, фақиҳ Суфён Саврий билан ҳам бўлиб ўтган. 7-жуз, 259-бет.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда ndash ақоид калом, мантиқ ва усулулфиқҳ илмлари соҳасидаги етук олимдир. Шайх Саъид 1967 йили Фаластиннинг Ҳайфа шаҳрида туғилган, давоми...

3263 10:47 / 29.02.2020
Абулқосим Заҳровий дорини беморнинг қонига аралаштириб томирдан юборилса, унинг таъсири тез бўлишини тажрибалар орқали кашф қилди. Шунинг учун у киши ҳозирги давоми...

2517 15:00 / 17.01.2021
Имом, шайх, узоқ умр кўрган, воиз, Бухоро муснидларидан Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Хизом Хизомий Бухорий.Тўрт юзинчи йилнинг охири ndash тўрт юз давоми...

1513 11:00 / 03.01.2021
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада туғилиб, ўша ерда вафот этганлар. У ердан ташқарига чиқмаганлар. Шунинг учун у кишини .Мадина аҳлининг фақиҳи, дейилади. У киши давоми...

1842 12:00 / 03.12.2021
Аудиолар

135322 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7490 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55572 14:35 / 11.08.2021