1447 йил 26 шаъбон | 2026 йил 14 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Бургут полапонларини қандай тарбиялайди?

10:30 / 30.10.2021 5447 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тирик жонзотлар ичида ота-онасидан энг кеч мустақил бўладигани инсондир. Айрим ҳашаротлар дунёга келиши биланоқ мустақил ҳаётни бошлаб юборса, айримлари тухумдан чиқиши билан ўз кунини ўзи кўра бошлайди. Баъзиларига бунинг учун бир неча соат, баъзиларига эса бир неча кун, бир неча ҳафта ёки ой керак бўлади. Аммо махлуқотларнинг гултожи бўлмиш инсон ота-онасидан мустақил ҳаётга ўтиши учун бир неча йиллар керак бўлади.

Бу хусусиятнинг негизида ётган сабаб шуки, Аллоҳ таоло инсон зотининг мустақил ҳаётга қадам қўйишини ота-онанинг зиммасига юклаб, бу шарафли масъулиятни шаръий таклиф мақомига кўтарган. Айни пайтда Роббимиз бошқа жонзотларнинг ҳаёт йўлини Ўзи белгилаб қўйганини айтиб, шундай деган: «…Роббимиз ҳар нарсага ўз(ига хос) хилқат берган ҳамда (ҳар бирига вазифа белгилаб, уни адо этиш учун) уларни ҳидоятга солган Зотдир» (Тоҳа сураси, 50-оят). 

Шунинг учун турли туман жонзотлар аниқ чегаралаб, белгилаб қўйилган муддатда мустақил яшай бошлайди. Буларнинг барчаси Аллоҳ таоло белгилаб қўйган илоҳий дастурга кўрадир: «Бу – ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир» (Намл сураси, 88-оят).

Аммо одам боласи ўзи мустақил яшаб кетиши учун керак бўладиган вақт вазиятга, шароитга қараб турлича бўлади. Айрим болалар 10-14 ёшлар орасида мустақил ҳаётга ўтса, айримлари йигирма ёки ўттиз ёшгача ҳам мустақил яшай олмайди. Баъзилар ҳатто ота-онаси вафот этгунича ҳам ўз кунини кўришга тайёр бўла олмайди, натижада уларнинг ўрнини босадиган одам қидиришга тушади, бутун ҳаёти давомида бировларга қарам бўлиб ўтади.

Шунинг учун ота-оналар фарзандларини мустақил ҳаётга имкон қадар эрта ўргатишлари, аста-секин, босқичма-босқич уларнинг ҳаётидан «чекинишлари», масъулиятни уларнинг ўз зиммасига юклашлари, уларни четдан кузатиб туришлари, зарур бўлганда фарзандлар уларнинг тажрибасидан фойдаланишини таъминлаб туришлари керак.

Бургутлар шундай йўл тутишар экан. Улар бўрон, қор ва ёмғирлар макони бўлмиш тоғ чўққиларга ин қуришади. Иннинг ичига тош бўлаклари, шиша парчаларини жойлашади. Кейин тухум қўйиб, бола очиб чиқишади. Ота бургут уларни егулик билан таъминлаб туради. Полапонлар бироз катта бўлгач, она бургут аста-секин уларга ҳаёт машаққатларидан тоттира бошлайди. Улар бу қийинчиликдан қочиб, инларидан атрофга чиқа бошлашади. Ниҳоят, она бургут ўз уясида полапонларга тош ва шиша парчаларидан бошқа нарса қолдирмайди. Шунда улар уянинг тепасига чиқишади. Она бургут эса улардан бирини пастликка итариб юборади. У катта тезликда пастга қулай бошлайди. Ташқаридан қараган одамга худди полапон ўзини қирралик тошларга ташлаб, жонига қасд қилётгандек кўринади. Сўнгги лаҳзада она бургут уни панжалари билан илиб олади. Бу амалиёт то полапонлар ўзлари мустақил учишни ўргангунича такрорланаверади. Шу билан она бургутнинг вазифаси тугайди. Мана шу бироз кескин, аммо ниҳоятда муваффақиятли тарбиядир. Болани аяйман деб, болам қийналмасин деб, уни тантиқ, эрка, қўрқоқ, худбин, текинхўр қилиб қўядиганлар учун ажойиб ибрат бу. Демак, мукаммал, тўлақонли, бу оламда ўз ўринини топишга тайёр шахсни тайёрлагач, ота-онанинг вазифаси ниҳоясига етади.

Бургутлар бу ишни Аллоҳ уларга берган ғариза – инстинкт асосида қилишади. Аммо инсонларда ҳам шундайми?...

 

«Болаларимиз бамисоли жавҳар, лекин темирчи ўзимиз» китобидан

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси.

Муаллиф
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, ҳофиз, ривоятлари собит Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ибн Ҳамдон Хуросоний. Илм талабида юрт кезганлар.Ҳоким ибн Баййиъга шогирд тушганлар ва таҳсил давоми...

2170 11:00 / 17.01.2021
Зиёратrdquo рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Зоҳидхон Қодиров отахон ўғлининг уйларига ташриф буюрдик.Зоҳидхон Қодиров Отахон давоми...

8059 15:20 / 17.01.2018
Ҳижрий 1442 йил 6 зулқаъда чоршанба куни кечқурун аянчли ҳодиса сабабли шайх ва етук даъватчини йўқотган Туркистон, хусусан, Ўзбекистон халқига, Қўқон аҳолисига давоми...

12124 14:00 / 18.06.2021
Ҳофиз ибн Асокирнинг .Табйину кизбил муфтарий, ва Тожуддин Субкийнинг .Тобақоту Шофеъийятил кубро, китобларида ҳижрий 419 йилда туғилиб, 478 йилда вафот этган усулий, давоми...

2302 18:35 / 20.09.2020