1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Бешикдан қабргача мадраса бўлдилар (иккинчи мақола)

17:32 / 24 январь 2067 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дадам халққа, динга шунча хизмат қилсалар ҳам, биз учун, набиралари учун ҳам алоҳида вақт топиб, таълим-тарбияда қоим бўлди. Ўзлари имом, олим бўлсалар ҳам, бизга ўрнак бўлиб, талабадек илм ўрганар, китоблар ўқир эди. Сўнг ўрганганларини бизга дарс қилиб ўтарди, вазифалар бериб, уни бажаришимизни қаттиқ назорат қиларди. Дадажоним бизнинг ҳам, набираларининг ҳам ўқишимизни, юриш-туришимизни кузатиб борардилар, орқамиздан мактабга бориб, хабар оларди, ўқитувчилардан биз ҳақимизда доим сўраб турар эди. Вазифани аъло даражада бажарган набираларини яхши мукофотлар билан рағбатлантириб, совғалар, ҳадялар берарди, ҳадя беришни аввал қиз набираларидан бошлар эди. Ота-онам барча фарзандларимиз учун энг яхши устоз, қўшимча дарс қилишлари ва илмлар ўрганишида ҳозирги куннинг тилида беминнат «репетитор» бўлдилар. Ота-оналар фарзандини мактабдаги дарсга, қўшимча билимлар олишга қизиқтира олмай, жони ҳалак юрганини кўрсам ҳозир ҳам ота-онам билан фахрланиб, улардан хурсанд бўлиб кетаман.


Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам набираларини, саҳобаларининг фарзандларини тиззаларига ўтирғизиб «Булар менинг райҳонларим» деганлари, уларни суйганлари, шу йўл билан чиройли таълим берганлари каби, менинг ота-онам ҳам биз фарзандларига, биздан ортиб, набираларига, қўшни, қавм-қариндошларнинг болаларига доим бағрикенг бўлдилар, улар учун таълим-тарбияда, меҳр-муҳаббатда, силаи раҳмда бебаҳо даргоҳ вазифасини ўтадилар.


Мана, қиблагоҳим ва волидамнинг вафотларига неча йиллар бўлган бўлса-да, ҳалигача Булоқбошидан тортиб қўшни вилоят, юртдагилар «Одамлар ила самимий муносабатда бўлишни, билмаганларини сабр билан ўргатишни ҳожи аямдан ўрганганман» десалар, бошқалари эса Ҳожи дадам бизга оилада фарзандлар таълим-тарбиясида жуда кўп тавсияларни берган эдилар» дея ота-онамни гўзал хотира, кучли соғинч билан эслашади.


Падари бузрукворим умрларининг охири- да менга қилган насиҳатлари бутун умримга етарли сабоқ бўлиб келяпти. Дадамнинг вафотидан бироз олдинроқ Байтуллоҳни зиёрат қилиш бахти насиб бўлиб қолди. Ҳаж мавсуми тугаб, юртимизга қайтишим билан она Ватанимиз остонасига қадам қўяр эканман, мени биринчи бўлиб дадам қарши олдилар. Кўзларимга ёш келди. Шундай улуғ ёшдаги табаррук, мен учун дунёларга тенгсиз инсоннинг зиёратига мен боришимнинг ўрнига, дадамнинг мени кутиб олишга келганларидан ҳам севиндим, ҳам юрак-бағрим эзилиб кетди. «Дада, шу ёшда сизни кўргани мен боришим керак-ку, ўзингизни уринтириб, мени кутиб олгани келдингизми?» десам, «Қизим, сизнинг ҳузурингизга овораликдан келмадим, хавотир олиб келдим. «Ҳажга бориб, ҳожи она бўлдим» деб, юрт тупроғини кибр билан босманг, деб келдим. Олдингизга чиққанларга юқоридан боқманг, деб келдим. Зиёратингизга келганларга илгари кавуш кийиб хизмат қилган бўлсангиз, энди ялангоёқ елиб-югуриб хизмат қилинг деб келдим...» деган эдилар менинг улуғ Тарбиячим!


Қучоқларидан доим райҳонлар тўкилган волидайнларим бешикдан қабргача барчамизга мана шундай улкан мадраса бўлдилар. Аллоҳ субҳанаҳу таоло ота-онамнинг борган манзилларини жаннати наъимлардан қилиб, дарчаларини Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак боғчаларига туташтирсин. Охират диёрида у зоти бобаракотнинг сафларида, авлиёлар, анбиёлар қаторида Роббул Оламийннинг раҳматига, марҳаматига чулғаниб яшасинлар, омин!
Шарофат Ҳазратзода ёзиб олди.

Муҳтарам ўқувчим, мақолани шу жойда, бир беназир отанинг қизидан, дунё эътироф этиб, улуғлаётган бир олимнинг синглисидан эшитган хотираларим билан тугалласам ҳам бўлар. эди. Аслида газетанинг, айнан бу рукннинг талаби ҳам шу. Лекин кўнглимдан ўтган баъзи ўй-хаёллар каби ўйлар сизнинг ҳам хаёлингиздан ўтиши мумкинлигини мулоҳаза қилиб, суҳбат сўнгида қуйидагиларни ёзишни маъқул топдим.


Мақолани ўқиб, «Энди ҳамма фарзанд ҳам ота-онасини улуғлаши фарзда, кўкларга кўтариб мақташи қарзда», «Қалам аҳли ёзаверади-да» дейишингиз мумкин. Аммо сиз бешикдан қабргача мадраса бўлган бу улуғ зотлар ҳақида мендан бошқа таниш, нотаниш инсонлар билан ҳам суҳбатлашсангиз, мен таърифлаб бера олмаган эътирофларга дуч келишингиз аниқ. Бу суҳбатни ўтказиб келиб, айнан Муҳаммад Юсуф ҳожи дада, Собирахон ая ҳақида қўшимча маълумотлар тўплаш учун, гарчи шайх Муҳаммад Содиқ Му ҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ сийратларини ёритган бўлса-да, «Исломга бағишланган умр» китобига ва шу номли ҳужжатли фильмга, «Муҳаммадга содиқ Муҳаммад Содиқ» хотиралар кундалигига, Youtube саҳифасидаги «Ҳазратни хотирлаб» ва «Фахринисо» туркум кўрсатувларига такрор мурожаат қилдим. Мен бу манбаларда ҳазратнинг ота-оналари ҳақида илгари у қадар диққат қилмаган бетакрор эътироф, битикларга дуч келдимки, инсон беихтиёр ҳайратга тушади. Менга ўзгача таъсир қилган бу эътирофлар айнан Муҳаммад Юсуф ҳожи дада, Собирахон ая ҳақидаги фарзандлар таъриф-таснифидан ташқари етук, таниқли олиму уламоларнинг, айниқса келин-куёвларининг эътирофлари бўлди. Бешикдан қабргача мадраса бўлган Муҳаммад Юсуф ҳожи дада, Собирахон ая ҳақида билдирилган барча эзгу фикрлар самимий эканини шу миллат фарзанди сифатида яна бир бор эътироф этиб, мана шундай ота-оналардангина шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек олимлар, Тожини- со аядек ҳаёли, жасоратли, ҳеч кимга ўзини кўрсатмасдан Оллоҳнинг динига хизмат қилаётган қизлар туғилишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Бундай қатъият билан гапиришимнинг сабаби шуки, бу суҳбатга Тожинисо аяни кўндиришим анча қийин бўлди, шунинг учун кўнглимдан ғилли-ғашли турли ўй-хаёллар ҳам ўтди. Лекин суҳбат учун Тожинисо аянинг эшигини қоқишим билан, гарчи ая ёшлари улуғ, ҳозир бетоб бўлишларига қарамай, келинидан олдин қўллари кўксида қаршимга тавозу билан чиққанини кўриб, ўзимдан ҳам, бемаъни ўй-кечинмаларимдан ҳам уялиб кетдим. Устоз ҳазрат раҳимаҳуллоҳ каби қадди-басти тик, салобатли, ҳатто нигоҳлари ҳам ҳазратни эслатиб турадиган бу аёлдаги камтарлик, ўзини намойиш этмаслик, жуда танқис одоб-ахлоқни кўриб, аяга ҳурматим, ихлосим янада ортди. Шу ҳолларининг ўзидан бир олам дарс олдим. Дунёнинг ярмига ҳукмронлик қилиб турган халифа Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ «Аллоҳ таолонинг динига жим туриб даъват қилинглар» деганларида одамлар «Қандай қилиб жим туриб даъват қилиш мумкин?» деб сўрашади, шунда у зот «Гўзал одоб-ахлоқ билан» деган эканлар.


Ота-онанинг юзига назар солиш ҳам ибодат, ибодат бўлганда ҳам, энг юксак ибодат! Энди тасаввур қилинг, ота-она, ака-ука, опа-сингил, ҳатто жиянларга қош қайирмасдан, қовоқ солмасдан хизмат қилиш, шу йўлда ўз роҳат-фароғатидан кечиш учун инсон шунчаки одам бўлмайди-да, тасаввуримизга сиғдиришимиз қийин, ўта олийжаноб сифат, сифатлар бўлганда ҳам ҳайратингизни оширадиган, ҳам улуғворлик, ҳам камтарлик, ҳам соддадиллик, ҳам шижоатни ўзида мужассам қилган фазилатлар билан зийнатланган инсон бўлади.


Ая бугун бизда топилиши қийин бўлган жуда кўплаб хислатлар соҳибаси бўлиш билан бирга волидаларига ўхшаб, фавқулодда жасоратли, оталаридек кўпчиликнинг хизматига бел боғлаган, шижоатли, меҳнатсевар аёл эканлар. Тожинисо ая ўзлари ҳақида кўп ёзмаслигимни такрор-такрор тайинлаган бўлсалар-да, у кишининг ота-онасига, дин йўлидаги яқинларига қилган ва қилаётган хизматлари бир асар ёзишга, ёзилганда ҳам жилд-жилд китоб бўлишга лойиқ экан.


Ая Аллоҳнинг розилиги йўлида шариат илмларини халқимизга етказаман деб, умрини шу ишга тиккан, бу йўлда туҳмат-бўҳтонларга учраб, тазйиқлардан қочиб, муҳожирликка кетган икки акасининг бошидан кечган оғир кунларини ёдга олиб суҳбат мобайнида бир хотирани ўзим учун маълумот ўрнида билиб қўйишимни таъкидлаб айтдилар. Бу воқеани эшитар эканман, миллатимиз аёл-қизлари орасида ҳамон мана шундай «юрагида арслон қишлайдиган» қизлар, опа-сингиллар, оналар, жуфти ҳалоллар борлиги билан фахрланиб кетдим. Ая рози бўлсалар, қалбимга ўзгача таъсир қилган бу хотирани ҳам қоғозга тушириб, ўрнак сифатида халқимизга тақдим қилишни ният қилиб, уйга қайтдим.


Шарофат Ҳазратзода.
2023 йил 5 декабрь.
«Ma’rifat» газетасининг 2(9483) сонидан олинди.

 

Биринчи мақола: https://islom.uz/maqola/21706

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Аввома 1940 йилда Суриянинг Ҳалаб шаҳрида таваллуд топган. 1953 йилдан шайх Муҳаммад Салқинийнинг дарсларида иштирок эта бошлаган. Айни пайтда шайх давоми...

5361 12:57 / 19.09.2018
У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Абул Барокат Ҳофизиддин ан Насафийдир. У киши замонасининг етук олимларидан бўлиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, давоми...

5062 22:20 / 27.04.2017
Шайх, имом, забардаст муҳаддис Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муқрий муҳаққиқ Аҳмад ибн Умар ибн Абул Ашъас ибн Самарқандий. Дамашқда туғилиб, Бағдодда яшаганлар. Луғат давоми...

1567 15:00 / 29.11.2020
Ўша пайтларда Учқўрғонда 13 та гузар, 13 та масжид, 2 та мадраса ва 1 та аёллар мадрасаси ҳамда 1 та хонақоҳ фаолият кўрсатган экан.Маълумотларга кўра, Ҳожимат эшоннинг давоми...

2146 17:00 / 17.11.2021
Аудиолар

137652 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57720 14:35 / 11.08.2021