Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
XIX асрнинг охири XX асрнинг 90-йилларида яшаб ўтган ҳофизи Қуръон, олим ва шоир Насимхон тўра Надимий 1892 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси собиқ «Тўра» маҳалласи (ҳозирги «Зафар» кўчаси)да маърифатли хонадонларнинг бирида дунёга келди. Унинг насл-насаби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Шайхул-Ислом Зокир хўжа эшон авлодларига етиб боради. Отаси Азизхон тўра ўша даврнинг таниқли илм аҳилларидан бўлиб, шўролар қатағони қурбони бўлган. Бобоси Сулаймонхон (1844-1910) эшон Бобохон Нодим, катта бобоси Улуғхон тўралар замонасининг кўзга кўринган олим ва фозилларидан бўлганлар.
Насимхон тўра шоир-олим бобоси эшон Бобохон Нодимнинг таъсири ўлароқ, илмга, Қуръонга муҳаббат қўяди. Илк диний сабоқни отаси ва бобосидан олган Насимхон тўра дастлаб «Маржома» мадрасасига ўқишга киради. У ерда устоз Ғофур қори қўлларида таълим олиб, 10 ёшида ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишади. Сўнгра ўша даврнинг машҳур муфаққиҳи Собитхон (1866-1928) тўра Абул Маъоний даргоҳларида дарс олиб, араб, форс ва туркий тилларнинг сарфу наҳви, тафсир, ҳадис фиқҳ ва ақоид каби илмларни ўзлаштиради.
Ёшлигидан қобилиятли, илмга ташна бўлган Насимхон тўра бўш қолди дегунча, китоб ўқиб, шеъру ғазаллар ёзишни машқ қилади. Айниқса, Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикмати» ва Сўфи Оллоҳёрнинг «Саботул-ожизин» асарларини севиб мутолаа қилади.
«Бу даврда Нодим Намангоний, Исҳоқхон тўра (Ибрат) Мулла Шамс (Шавқий), Умрзоқ Ҳайрат, Мулла Йўлдош Хилватий сингари шоир, фузалоларимиз эл-юрт орасида маълум ва машҳур бўлдилар. Бу улуғларимиз фурсат топилди дегунча, бир-бирлари билан кўришиб, қироатхонлик, мушоирахонлик каби илм мажлисларни уюштиришарди. Муҳаммад Аминхўжа Муқимий Наманганга келса, албатта, Нодим хонадонида меҳмон бўлиб, ана шундай кечаларда иштирок этарди». [1] Унинг иштироки билан ўтадиган адабий-бадиий кечалар янада файзли ва мароқли бўларди. Ёшгина Насимхон тўра бундай илм мажлисларидан чуқур таассурот, билим ва кўникма олади. Ўз навбатида, улуғларнинг суҳбати ва табаррук назарлари уни келажакда олим-шоир бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
1937 йиллари Насимхон тўра бешафқат қатағон даври синовларини бошидан кечиради. Шўро коммунистлар аввалига диндор отасини сўнгра ўзини йўқ қилиш пайиги тушади. Натижада, Надимий ўзини ва оиласини даҳрийлар ситамларидан омонда сақлаш мақсадида, 1940 йили истиқомат қилиб турган хонадонини ташлаб, Тўрақўрғоннинг «Мозори кўҳна» қишлоғига кўчиб ўтади ва у ерда маълум муддат истиқомат қилади. Вазият барқарорлашгач, Надимий шаҳарга қайтиб, фақирона умр кечиради. Маълумотларга кўра, Насимхон тўра урушдан кейинги йиллар «Наманган вилоят сув хўжалиги бошқармаси»да узоқ йиллар меҳнат қилиб, нафақага чиқади. Ҳамкасблари у кишини: «тўғрисўз, босиқ ва камтар инсон эдилар. Доимо билмаган нарсаларимизни ўргатиб, панду насиҳат қилардилар» дея эслашди.
Насимхон тўра «ҳамсуҳбат», «сирдош дўст» маъноларини англатадиган «надимий» сўзини ўзига адабий тахаллус қилиб, қалам тебрата бошлайди. Насимхон тўранинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги дастлабки маълумотлар 2005 йилда филология фанлари номзоди Алихон Халилбеков томонидан эски ўзбек ёзувидан кирилл ёзувига табдил қилинган «Жамолинг мубталосиман» номли шеърий китобда баён этилган.
Шоир Надимийнинг ёзган назмларида асосан шеър, ғазал, муножот, мураббаъ, мусаддас, соқийнома ва марсия каби жанрлар етакчилик қилади. Уларда асосан Аллоҳни улуғлаш, зоҳирий ва ботиний ишқ, иймону эътиқод, одоб-аҳлоқ масалалари ижоднинг асосини ташкил қилади.
Бу танинг ичра ғаниматдир санга ҳар дам нафас,
Жон эрур монанди Булбул, тан эрур анга қафас,
Кўз юмиб очқунча чиқса кирмаса танга нафас,
Мунда қолғай мулк ашё барча авлод ул нафас.
Ғофило, бу уйқудин айтғил қачон уйғонасан,
Тавба айлаб йиғлағил, ёлғиз лаҳадга борурсан.
Шунингдек, шоир мисралари инсонларни яхшиликка, эзгуликка даъват этишини манманлик, тамагирлик, очкўзлик каби иллатларни қаттиқ қоралашини кўриш мумкин.
Баъзилар борким нафсига қулдир,
Боқани қўй дер, мени тўйдир.
Кеча-ю кундуз тинмайин югуриб,
Емаги овқат доимо кекириб.
Емак ичмакдан ўзга иши йўқ,
Гўрни ваҳми ёдида киши йўқ.
Насимхон тўра Надимий 1987 йили 95 ёшларида оламдан ўтдилар. У зотни шаҳарнинг катта қабристони «Мавлавий» мозорига дафн қилинди. Насимхон тўра Меҳрихон ойим (1906-1990) Маматхон (тах.1876-1956) эшон қизи билан оила қуриб, икки ўғил, уч қизнинг падари бузруквори бўлдилар. Ўғиллари: Қосимхон (1930-1988) ва Носирхон (1950)лар.
Ҳозирда Надимийнинг аждодларидан авлодларга ўтиб келаётган «насабнома»лари ва у зотнинг қўлёзма асарлари фарзандлари хонадонида асраб-авайлаб сақланмоқда. Адабиётшунос тадқиқотчи дўстларимиздан Насимхон тўра Надимийнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиб, унинг қолган асарларини кенг китобхонлар оммасига етказишда жонбозлик қилишларини Аллоҳдан сўраб қоламиз.
Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов
[1] А. Халилбеков. Нодим ҳаёти ва ижоди. – Наманган: Наманган, 1994. – Б. 11.
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.