1446 йил 10 жумадул аввал | 2024 йил 12 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қарз беришнинг савоби

05:00 / 04.03.2017 8926 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсониятга чексиз неъматларни ато этганки, буларнинг барчаси одамзот зиммасига масъулиятли вазифаларни юклайди.


Албатта, Аллоҳ таоло ер юзидаги инсонларнинг ҳаммасини ҳар хил миқдорда мол-мулк билан ризқлантирган. Одамларнинг турли қабила ва элатларга бўлиниши уларнинг бир-бирлари билан танишишлари учун бўлгандек, мол-дунёларнинг турли миқдорда бўлиши бир-бирларига ёрдам беришлари учундир.Чунончи, қайси бир кишига қандайдир бир жиҳатдан одамларнинг ҳожати тушиб турган бўлса, Аллоҳ таоло унга кўп яхшиликларини хоҳлаган бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

     “Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар”. (Бақара сураси 245-ояти)

Ушбу оятда яхшилик йўлида, савоб ҳосил қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағни, мол-мулкни Аллоҳ таолога қарз бериш деб аталмоқда. Ислом динида садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Зеро, садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтож кишиларга берилаверади. Аммо қарз фақат муҳтож кишиларгагина берилади.

Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар:

“Бирор нарсани қарзга бериш, уни садақа қилишдан кўра яхшироқдир”.

Дарҳақиқат, баъзи одам ўта ишонувчанлигидан бировнинг ҳожатини чиқаришда оқкўнгиллик қилади. Яъни, муҳтож кимсанинг оғзаки лафзига ишониб қарз беради. Минг афсуски, яхшиликнинг қадрига етмайдиган ва ишончни суистеъмол қиладиганлар ҳам орамизда учраб турадики, ҳар бир амал динимиз кўрсатмаларига риоя этишлик орқали бажарилса, натижаси ҳам хайрли бўлиши, шубҳасиз. 

Бир ҳадисда Расулуллоҳ (сав):

 “Жаннатга кирдим ва унинг эшигида садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади)-деган ёзувни кўрдим. Шунда эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади? –деб сўрадим. Уайтдики: Чунки, садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади” – деб марҳамат қилганлар.

Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади: "Набий (с.а.в.): "Бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдур", дедилар. Демак, моддий имкон топганидан кейин ҳам ўз зиммасидаги қарзини бермай юрадиганларни золим дейишлик тўғри бўлади. Чунки қарзга бепарво бўлган киши ҳақдорга ҳам, ўзига ҳам зулм қилади. қарз берувчи ундан ўз вақтида ҳаққини ололмагани учун зулмга учраса, қарздор ҳақни вақтида бермаслиги билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади. 

Қарз олди-берди муомаласига ҳар икки тарафга ҳам ўзининиг талаб ва масъулиятларини юклайди. Қарзни фақат унга муҳтож бўлганда олиш, олганда ҳам уни ўз вақтида қайтариш шартдир. Қарзини узишга етадиган моли бўла туриб уни эгасига бермай вақтини ўтказиб юриш зулмдир.

Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар: 

“Бадавлат кишининг (қарзини, оманитини ва бировларнинг ҳаққини беришда) кечиктириш зулмдир. Агар (камбағал киши) пулдор кишидан қарзини бериб юборишини талаб қилса, қабул этсин”.

Лекин бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, уни чув тушириш, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш эса улкан гуноҳлардан бўлади. Жумладан, ҳадисда:

“Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади” – дейилади.

...Дарвоқе, киши ўзининг молидан маълум бир бўлакни қирқиб, қарзга бергани учун қарз сўзи луғатда қирқиш маъносини билдиради. Шариатда эса, бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини қайтариб бериш шарти билан мулк қилиб бериш тушунилади. Демак, қарзга олинган нарса қарзга олувчининг мулкига айланади ва уни хоҳлаган эҳтиёжига сарфлайди. қарз берган кишига эса (белгиланган муддатдан ўтказмай) бадалини бериши керак бўлади. 

Демак, қарзини узишга қодир бўлиб, уни адо қилмаса гуноҳкор бўлар экан. Лекин ҳар қандай сўровчига ва турли эҳтиёж учун ҳам қарз беравериш туғри келмайди.

Қарз берганда аввало, бировнинг оғирини енгил қилиш билан Аллоҳнинг розилигини топишни мақсад қилиш лозим. Зинҳор қарз бериш орқали мўмай даромад топишни кўзлаш мумкин эмас. Қарз бериб унинг эвазига қарздордан фойда олиш судхўрликдир. Сўдхўрлик эса, гуноҳи кабиралар жумласига киради. Бугунги кунда қарз олиб, уни ўз вақтида қайтариб беролмай юрганлар ҳам учраб туради. Қарз берган киши қарзини қистайвермаслиги, иложи борича имкониятлар яратиб бериб вақтини чўзиб бериши лозим. Пайғамбаримиз(сав) марҳамат қиладилар:

“Кимки камбағалнинг қарз узиш муддатини узайтириб қўйса ёки кечиб юборса, соя бўлмайдиган кунда (қиёматда) Аллоҳ таоло унга Арш остидан соя ато этади”.

Абдуллоҳ ибн Абу Робийа (р.а)дан ривоят қилинади: "Набий (с.а.в.) мендан қирқ минг қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар. Ва: "Аллоҳ молингга ва ақлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир", дедилар.

Агар қарздор қарзини уза олишга умуман кўзи етмаса, қарз берган киши қарзидан кечиб юбориши улуғ савобли иш бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир”. (Бақара сураси 280-ояти)

Шундай экан қарз олувчилар ўз ҳуқуқ ва масъулиятларини яхши билмоқлари билан бир қаторда бир-бирларига нисбатан мурувватни унутмасликлари керак.

Баъзида шундай кишиларни учратиш мумкин, кимдир қарзга пул сўраса, ўзи айлантириб сармоясини кўпайтираётганини, рози бўлса устига ўзи топаётган фойда миқдорича пулни қўшиб қайтара олса қарз бериб туришлигини айтади. Бироқ фойдани кўзлаган қарз Исломда жоиз эмас, балки рибо (судхўрлик) бўлади. Демак, бу борада чуқур мулоҳаза этиб иш кўриш талаб этилади.

Ҳазрати Набий (с.а.в.) нинг бир Ҳадисларида: "Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча Жаннатга кирмас", дейилган. 

Бундан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлишлик қанчалик улуғ мақом бўлмасин, инсон бўйнида қарз билан вафот қилса, қарзини адо қилмагани боис, Жаннатга кира олмас экан. 

Қуръони каримда шундай дейилади:

“Эй, имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!”. (Бақара сураси 282-ояти)

Демак, ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун қарзни гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ экан.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоятида бардавом қилиб, яхши амалларга муваффақ айласин! Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, қарз олиб, уни қайтаришликни унутиб юборадиганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозимдир.


Шавкат АҲМЕДОВ
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”
жомеъ масжиди ноиби – имоми



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом зоҳир бўлган пайтда инсоният жаҳолат ботқоғига ботган ҳолда эди. Деярли инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари йўлдан чиққан эди. давоми...

6634 05:00 / 17.02.2017
Шу ўринда рибо ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсак. .Рибо, луғатда .зиёда, деган маънони англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл давоми...

65264 05:00 / 07.03.2017
.Шарикат, ёки ширкат луғатда, аралашиб кетиш маъносини англатади. Шариатда эса ширкат раъсулмол ва фойда хусусида шерик бўлганлар орасидаги ақддан иборатдир. давоми...

4348 05:00 / 17.02.2017
1644. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатҳ йили Маккада .Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, давоми...

4037 18:22 / 17.09.2017
Аудиолар

134198 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54539 14:35 / 11.08.2021