1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

“Хамр” сўзи ҳақида

05:00 / 04.03.2017 8527 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўчилик орасида айнан “хамр” сўзининг нотўғри талқин қилиниши натижасида турли хато фикр-мулоҳазалар ва тушунмовчиликлар келиб чиққан. Ҳатто баъзилар: “Қуръони карим нозил қилинганида ароқ бўлмаган”, деб нотўғри фикрларни айтиб юришади. Шу мақсадда, ушбу чалкашликларга барҳам бериш ва “хамр” сўзини янада аниқроқ англаб олишимиз учун қуйида шу борада баъзи маълумотларни келтириб ўтамиз.

Аввало, шуни эслатиб ўтиш лозимки, қуйида биз “маст қилувчи ичимлик” деб таржима қиладиган сўз араб тилида “хамр” (яъни, “хомрун”) деб юритилади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаҳам маст қилувчи ичимлик маъносида айнан “хамр” сўзиқўлланилган. У “ақлни тўсувчи”, “бўшаштирувчи” маъноларини ифодалайди. Бу сўз Қуръони каримнинг инглизча таржимасида “strong drink”, русча таржимасида эса “вино” деб келтирилган.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоятда:  “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир”, деб айтилган (Байҳақий, Ибн Абу Шайба, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ва Шофеъий ривоят қилган).

Демак, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шариф матнларида келган “хамр” сўзини фақатгина “ароқ” деб таржима қилиш дуруст эмас. Чунки маст қилувчи ичимликларнинг кўплаб турлар мавжудки, улар ҳозирда “пиво”, “вино”, “конъяк”, “виски”, “шампанский” ва бошқа номлар билан аталади. Бу номлар бошқа тилларда яна ўзгача кўриниш касб этади. Агар “хамр” сўзини “ароқ” деб ўгирадиган бўлсак, маъно тораяди. Сабаби, “ароқ” деганда ароқхўрлар фақатгина “оқ рангдаги маст қилувчи ичимлик”ни тушунадилар. Бошқа маст қилувчи нарсаларнинг ранги эса ҳар хил (қизил, яшил, жигарранг) бўлиши мумкин.


“Хамр” сўзининг маъносини яхшироқ тушунишимиз учун Умар розийаллоҳу анҳу томонидан айтилган қуйидаги қавлни келтириб ўтамиз.


1–Ибн Умар айтади: Мен (отам) Умар розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларида туриб, шундай деганини эшитганман:“Аммо баъд. Эй инсонлар, хамр ҳаром қилинди ва у беш нарсадан – узум, хурмо, асал, буғдой ва арпадан (тайёрланади). Хамр ақлни тўсгувчи нарсадир”(Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд ва Насоий  ривояти).

Хамр ҳаром қилинганида у беш нарсадан таёрланар эди. Бу нарса фақат ўша даврга хослаб айтилган. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу мазкур сўзларни Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларида туриб, энг машҳур ва олим саҳобалар ҳузурида айтган, аммо улардан биронтаси Умар розийаллоҳу анҳунинг фикрини инкор қилмаганлар.

Умар розийаллоҳу анҳу бу ерда: “Хамр ҳаром қилинди” деб Моида сурасининг 90-оятида келган хабарларни назарда тутган. Умар ибн Хаттоб бу билан хамр фақат узумдан қилинмаслигини, бошқа нарсалардан олинадиган ақлни тўсувчи ҳар қандай нарса ҳам хамр ҳукмига киришини таъкидламоқда. Шунингдек, саҳобалар ҳам хамр ҳаром қилинганда ҳар бир маст қилувчи ичимликни тушунганлар.

“Хамр ақлни тўсувчи нарсадир”. Ақл инсонга берилган, у кишига яхшини ёмондан, оқни қорадан, ҳалолни ҳаромдан ажарата билиш қобилиятини берувчи илоҳий неъматлардан биридир. Агар ақл завол топса, Аллоҳ Ўз бандаларидан талаб қилган ҳақлари – ибодат ва бандалик вазифасини бажариш издан чиқади ва бундай ҳолатда ҳар қандай киши зиммасидаги ибодатларни адо этолмай қолади.

Умар розийаллоҳу анҳунинг бу гапи шаръий нуқтаи назардан айтилгандир. Яъни, шаръий истилоҳда ҳар бир маст қилувчи нарса хамр ҳукмидадир. Аммо луғатшунос олимлар: “Фақат узумдан тайёрланадиган маст қилувчи ичимлик хамр дейилади”, деб айтишган. Шуни унутмаслик лозимки, шаръий истилоҳ луғавий истилоҳдан мутлоқ устун туради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг бир неча ҳадисларида ҳам хамр узум, хурмо, асал, буғдой, арпа ва шу каби нарсалардан тайёрланишини таъкидлаганлар.

Уламолар “хамр” сўзининг таърифида турли фикрларни айтиб ўтишган. Аслида “хамр” ва шу ўзакдан ясалган сўзлар “тўсмоқ, беркитмоқ, ўрамоқ” каби маъноларни англатади. Аёл кишининг рўмоли унинг аврат жойлари ҳисобланмиш юзи ва сочини ўраб, бегоналардан тўсиб тургани учун “химор” дейилади. Ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хоммирув анийатакум”, яъни “Идишларингиз (оғзи)ни беркитиб қўйинглар”, деб айтганлар.

Баъзилар: “Ичимлик истеъмол қилингунга қадар усти ёпиқ тургани боис “хамр” дейилади”, деб айтишган. Мухтор ибн Фулфул ривоят қилади: “Мен Анасга: “Хамр фақат узумдан олинадими ёки бошқа нарсалардан ҳам тайёрланадими?” – деб сўраганимда, у: “Агар узумдан бошқа нарсалардан тайёрланган ичимликларни ҳам устини беркитиб, ачитсанг, у ҳам хамр бўлади”, деди” (Ибн Абу Шайба саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

“Муфродатил қуръон” китобида шундай дейилади: “Хамр ақлни тўсувчи нарса бўлгани учун ҳам шундай аталган”. Баъзилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамр”, баъзилар: “Хусусан, узумдан олинган маст қилувчи ичимликлар хамр”, яна баъзилар эса:  “Узум ва хурмодан олинган маст қилувчи ичимликлар хамр дейилади”, дейишган. Ибн Сийдаҳ “Ал-Муҳкам” китобида: “Хамр аслида узумдан олинади, лекин бошқа маст қилувчи ичимликлар ҳам мажозий маънода хамр дейилади”, деган. “Ҳидоя” китобида: “Ҳанафийлар қошида хамр узумдан тайёрланиб, ачиган ҳолдаги ичимликдир”, дейилган. Ибн Абдулбарр айтади: “Куфа мактаби вакиллари: “Мен тушимда хамр сиқаётган эмишман”(Юсуф, 36) оятидан далил қилиб, узумдан тайёрланган маст қилувчи ичимликлар хамр дейилади. Ушбу оят хамрнинг набийз усули билан эмас, балки сиқиш йўли билан тайёрланишига далолат қилади”, дейишган”. Лекин бу фикр “хамр” сўзининг маъносини чеклаб қўйилишига ҳужжат бўла олмайди.

Мадина ва ҳижозлик уламолар ҳамда ҳадис аҳлининг барчалари: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамр ва унинг ҳукми худди узумдан олинган маст қилувчи ичимлик ҳукми кабидир”, дейишган. Уларнинг фикри қанчалик тўғри эканига қуйидаги мисолни келтирамиз. Қуръони каримда хамрнинг ҳаром экани ҳақидаги оят нозил бўлганида барча саҳобалар (улар араб тилини бутун фасоҳати билан яхши билар эдилар) барча маст қилувчи ичимликларни хамр деб тушунганлар ва ҳар қандай маст қилувчи ичимликларни тўкиб ташлаганлар. Улар хамр деганда фақат узумдан олинган ичимликни назарда тутмаганлар. Акс ҳолда фақат узумдан тайёрланганини тўкиб, бошқаларини сақлаб қолган бўлардилар.

Юқорида “хамр” сўзига уламолар томонидан берилган турли таъриф ва фикрлар билан танишдик, лекин башарият Саййиди соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг биргина ҳадислари орқали бу муаммони узил-кесил ҳал қилиб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир”, деб айтганлар. Яъники, маст қилувчи ҳар қандай нарса – у хоҳ ичимлик бўладими, таомми ёки ҳидлаб ё бўлмаса тутун ҳолида истеъмол қилинадими, агар маст қилса ва ақлни фикрлашдан тўсадиган бўлса, бас у хамр ҳукмидадир – ҳаромдир! “Хамр” сўзига ҳеч ким, ҳатто мана-ман деган наҳв ва луғат олимлари ҳам бундан ортиқ ва афзал тарзда жавоб бера олмайди.



* * * * *




Юқорида хамр сўзи ва унинг маъноси ҳақида тўхталиб ўтилди ва унда хамр алқни тўсиши айтилди. Қуйида мана шу фикрларга тиббий нуқтаи назардан ёндашамиз.

Хамр истеъмол қилиш, хусусан спиртли ичимликлар мия ҳужайраларига жуда катта зарар келтиради. Мия ҳужайраларида мой моддаси кўп бўлиб, у хамрни ўзига кучли шимиб олади. Агар маст қилувчи ичимлик ичилса, мия ҳужайраларида хамр миқдори ҳатто қонга нисбатан 70% кўп бўлади. Олимларнинг аниқлашларича, оз миқдордаги хамр истеъмол қилинганида ҳам миянинг ишлаш фаолияти пасаяди, унинг чарчаши кучаяди.

Хамр ичиш туфайли мия ҳужайраларидан ташқари энг майда қон томирлари – капилярлар ҳам ҳалок бўлади. Шу сабабли мия ҳужайраларига қон етиб боролмайди ва уларда кислород ва глюкоза етишмовчилиги юзага келади.

Киши хамр истеъмол қилганида унинг ҳаракатларини назорат қилиб турувчи мия пўстлоғида жойлашган онг (ақл) фалажланади ва мия остидаги марказлар “озодлик”ка чиқади. Бунда маст одам ўзини жуда эркин тутади, ундаги турмуш ғам-ташвишлари, чарчоқ, бадандаги оғриқлар, тортинчоқлик, ор-номус ва ҳаё каби фазилатлар йўқолади. Шу билан бирга ақл-фаросат, фикрлаш бузилади. Одам ўзини ушлаб туролмайди. Хавф-хатарни сезиш ҳисси пасаяди, қилган ишларининг оқибатини ўйлаш ҳисси уни тарк этади.

Шунингдек, хамр таъсирида капилярларнинг ҳалок бўлиши туфайли мияга майда қон қуйилишлари содир бўлиб, улардан қон ўтолмай тиқилиб қолади. Бу эса мия ҳужайраларидан кўп қисмининг ҳалок бўлишига олиб келади. Хуллас, хамр мия фаолиятига ҳалокатли таъсир кўрсатувчи, охир-оқибат киши ҳаётини барбод қилувчи энг ёмон иллатлардандир.


Хамрнинг ҳаром экани



Хамрнинг ҳаром қилинишидан кўзланган ҳикмат нима эди, хамрнинг ҳаром қилиниши тарихи қандай бўлган? Хамрнинг ҳаром эканига қандай ҳужжат-далиллар бор? Шу ва шунга ўхшаш саволларга қуйида жавоб бериб ўтамиз.

Аллоҳ таоло мўминларга қарата шундай хитоб қилади:

“Эй иймон келтирганлар, хамр (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган нопок ишдир. Бас, ундан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар! Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!”(Моида сураси, 90-91 отлар).

Мазкур икки оятда хамр – маст қилувчи ичимликларнинг ҳамма тури ҳаром экани ва мўмин-мусулмон банда ундан ўзини эҳтиётлаб юрмоғи лозимлиги очиқ-ойдин айтилмоқда. Бу ерда, шунингдек, қимор (нарда, карта ва шу каби ўйинлар) ўйнаш, бут-санамларга ибодат қилиш, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилиб, ғайбий нарсаларни билишга уриниш ҳам лаънати шайтонга хос бўлган ишлардан экани, кимки бу ишларни қилса, вақтида шу ишидан қайтиб, тавба қилмаса, шайтон амалини қилиб, оқибати аянчли бўлиши таъкидланмоқда.

Мазкур оятларни яхшилаб тушиниб олиш учун уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.

Муфассир уламолар мазкур оятларнинг нозил бўлишига сабаб қилиб бир неча ривоятларни келтирадилар. Жумладан, “Саҳиҳи Муслим”да Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръондаги бир неча оят мен ҳақимда нозил бўлди. Мен ансорларнинг олдига борган эдим, улар: “Кел, сени таомлантириб, хамр қуйиб берамиз”, дейишди. Бу воқеа хамр ҳаром қилинмасидан олдин юз берган эди. Бас, мен бир боғга кирдим. У ерда семиз туянинг қовурилган боши ва бир идишда хамр турар эди. Мен улар билан еб-ичдим. Ўша мажлисда мен муҳожир ва ансорларни эслай туриб: “Муҳожирлар ансорлардан яхшироқ!” – деб юборибман. Шунда ансорлардан бир киши туянинг жағ суягини олиб, у билан мени урди ва бурнимни яралади. Кейин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, ўша воқеа ҳақида хабар бердим. Шунда Аллоҳ таоло “Эй иймон келтирган, албатта хамр, қимор...” оятини нозил қилди.

Ушбу оятда ҳаром қилинган нарсалардан тўрттаси зикр қилинмоқда. Уларнинг биринчиси “хамр”дир. Бу ҳақида юқорида тўхталиб ўтдик.

“Қимор” ўйини оятнинг асл арабий матнида “майсир” сўзи билан ифодаланган. “Қимор” сўзи асли арабча бўлса ҳам, бу ерда унинг муродифи (синоними) ишлатилмоқда. “Майсир” сўзи “енгиллик, осонлик” маъноларини англатади. Чунки қиморда кимдир ҳеч бир қийинчиликсиз катта миқдордаги пулни ютиб олади ва шу йўл билан бойиб кетади.

“Тиклаб қўйилган бутлар” жоҳилият даврида мушриклар ибодат қилиб, ўз жонлиқларини сўядиган бут-санамлардан иборатдир. Аллоҳ таоло бу ерда иймон келтирганларни ўша ширк амалдан қайтармоқда.

“Чўплар (билан фолбинлик қилиш)”. Аллоҳ таоло Моида сурасининг аввалида “... чўплар билан қисматингизни билишга уринишингизни ҳаром қилди” (3-оят) деган.

Чўплар билан фол очиш жоҳилият даври арабларига хос одатлардан эди. Уларнинг бирига: “Қил”, иккинчисига: “Қилма”, учинчисига ҳеч нарса ёзилмасди. Агар улар турмуш қурмоқчи, сафарга чиқмоқчи ёки бирон муҳимроқ ишни бошламоқчи бўлсалар, шу йўл билан ўз “бахт”ларини синаб кўриб, фол очишарди. Агар уларга биринчи ёзув, яъни “қил” деган ёзув чиқса, улар ўша ишни кучли азму-қарор билан амалга оширар, агар иккинчиси чиқса, уни бутунлай тарк қилар, учинчиси чиқса, фол очишни қайтадан амалга оширар эдилар. Бу нарса ғайб илмини билишга бўлган уриниш ва коҳинлик ишларидан саналгани боис Аллоҳ таоло бундан амаллардан бандаларини қатъий қайтарган.

Аллоҳ таоло бу оятларда хамр, қимор, бут-санамларга ибодат қилиш ва фолбинлик билан шуғулланишни жамлаб зикр қилмоқда. Зеро, улар зарар жиҳатидан бир-бирига яқиндир. Яъни, хамр ва қимор, бут-санамларга топиниш ва фолбинлик, ҳам ҳаромлик жиҳатидан, ҳам гуноҳ жиҳатидан бир-бирига тенгдир. Буларнинг барчаси жоҳилият даври ишларидандир.

Замахшарий айтади: “Бут-санамларга ибодат қилган, Аллоҳга ширк келтирган, хамр ичган ва қимор ўйнаганлар орасида ҳеч қандай фарқ йўқдир!”

“Эй иймон келтирганлар...” Бу ердаги нидо барча мўминларга тегишлидир. Ояти каримада ҳаммага эмас, балки фақат иймон келтирганларга хитоб қилинаяпти, чунки Аллоҳга иймони бўлмаган одам У Зотнинг амр ва қайтариқларига ҳам қулоқ тутмайди.

Яъни: Аллоҳ таолога ҳақиқий ва йақийн иймон келтирган эй мўминлар, албатта ақлни тўсиб, кишини тўғри фикр юритишдан тўсувчи хамрни истеъмол қилиш ва у билан боғлиқ бошқа ҳолатлар, тасодифга асосланган қимор ўйини ва у орқали пул топиш, қурбонлик ва ибодат қилиш учун тиклаб қўйилган бутларга сиғиниш ҳамда киши келажагини билишга қаратилган фол чўплари билан фол кўриш “шайтон амалидан бўлган нопок ишдир”.Бу юқорида санаб ўтилган тўрт нарсанинг сифатидир.

Яъни: мана шу нарсалар, уларни истеъмол қилиш ва шуғулланиш нопок ва ҳаром ишлардандир. Уларни тўғри фикр ва соғлом алқ эгалари қабул қилмайди, балки инкор этади. Зеро, бу ишларни инсонга шайтон зийнатлаб, чиройли қилиб кўрсатади. Зеро, шайтоннинг ўзи нопокдир, нопок эса фақат нопокликка чақиради. Айни пайтда шайтон инсоннинг ашаддий душмани бўлиб, у одам боласига ёмонликдан бошқа нарсани раво кўрмайди.

Бу ишлар шайтонга нисбат берилишидан уларнинг ўта қабиҳ ва манфур ишлардан эканини билиб оламиз.

“Бас, ундан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар!” Бу ердаги “ундан” олмоши “нопок иш”га, нопок ишлар сирасига кирувчи тўрт иллат – хамр, қимор, тиклаб қўйилган бутлар ва фолбинлик қилиш чўпларига тегишлирдир. Оятда “ундан” деб бирлик шаклда айтилишига сабаб шуки, хамр, қимор, бут-санамларга сиғиниш ва фолбинлик қилиш – буларнинг ҳаммаси “нопок иш” деб жамланмоқда ва сўнгра ўша нопок ишдан узоқ бўлишга чақирилмоқда.

Яъни: ваҳоланки, мана шу тўрт нарса соғлом ақл тасдиқламайдиган нопок ва нажас нарсалар сирасига кирар экан, бас, эй мўминлар, дунё ва Охиратда нажот топишингиз учун уларни тарк қилинг, яқинига ҳам йўламанг! Мен сизларни бу разил ишларни нафақат тарк этишга, балки ундан узоқ юришингизга амр қиламан!

Шундан сўнг Аллоҳ таоло хамр ва қиморнинг дунёвий ва ухровий зарарларини баён қилади:

“Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!”

Яъни: шайтон мана шу мункар ишларни сизларга зийнатлаб кўрсатиш билан ўрталарингизда бўлиб турган муносабатларга раҳна солиш, ораларингизга ҳасад, нафрат ва адоват уруғларини сочишни хоҳлайди.

Буларнинг барчаси хамр ва қимор сабабидан юзага келади. Агар ароқхўрлар маст бўлиб олсалар, ақл-хушни йўқотиб, ҳидоятдан маҳрум бўладилар, яхшини ёмондан, ёмонни яхшидан ажрата олмай қоладилар, душманни дўст тутиб, ҳатто ўзларининг яқин дўстларини ҳам душман санай бошлайдилар, бир-бирлари билан жанжаллашиб, жиққа-мушт бўладилар. Мана шу нарсалар одамлар орасида нафрат ва адоват оловини ёқади ва натижада кишилар ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқади. Буни Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Қимор ҳам худди шундай. Қиморда фақат бир томон ютади, иккинчи томон бор бутидан, мол-мулкидан ажрайди. Ютқазган одам бунга бепарво қараб турмайди, энди у ютган одамга бор кучи билан адоват қила бошлайди. Чунки инсон табиатан мол-дунёга ҳарисманд бўлиб, кўз ўнгида бир зумда мол-мулкидан маҳрум бўлган одам уни қайтаришга, жуда бўлмаганда ўша рақибига бирон зулм қилишга, азият етказишга ҳаракат қилади. У, аввало, қалбида унга бўлган кучли адоват ва қасос олиш режасини тугиб қўяди, куни келиб уни амалга оширади. Натижада талон-тарожлик, қотиллик, ўғрилик каби жиноятлар содир этилади.

Шундай қилиб, хамр ва қимор одамлар орасидаги муносабатларга раҳна солиб, ўзаро алоқаларнинг узилишига сабаб бўлади. Бу хамр ва қиморнинг дунёвий зарарлари эди. Ояти карима давомида у иккисининг ухровий зарарлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилади:

“... ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!”

Яъни: шайтон сизлар хамр ичиш ва қимор ўйнаш билан шуғулланишингиз туфайли Аллоҳнинг зикридан, У Зотга ибодат қилиб, қурбат ҳосил қилиш ҳамда Диннинг энг асосий устунларидан бўлган намозни бекаму-кўст адо этишдан тўсади, машғул қилиб қўяди.

Ароқхўр маст бўлиши билан ақлини йўқотади. Ақл кетганидан кейин эса банда Аллоҳга итоат этиш, У Зот буюрган амалларни, хусусан намозни бажаришга қодир бўлмайди. Бу ҳақиқат ҳали хамр буткул ҳаром қилинмасидан аввал ўз тасдиғини топган. Абдураҳмон ибн Авф исмли саҳобийнинг уйига саҳобалар йиғилишиб, у ерда таом истеъмол қиладилар ва хамр ичадилар. Шом намози вақти кирганида, улардан бири имомликка ўтиб, қироатида хатоликка йўл қўяди. Мана шунинг ўзи хамр бандани намоздан тўсишига яққол мисолдир!

Тўғри, банда ҳам намоз ўқиб, ҳам ароқ истеъмол қилиши ва шу каби ҳолатлар кузатилади. Лекин бунда у намозни талаб этилган даражада – хушуъ-хузуъ билан тўлиқ адо этолмайди. Қолаверса, ҳадисларнинг бирида бир марта хамр истеъмол қилган одамнинг қирқ кунлик намози қабул бўлмаслиги айтилган. Балки оятдаги “намоздан тўсади” дегани “намознинг қабул қилинмаслиги”ни англатар. Валлоҳу Аълам!

Қимор ўйнайдиган одам шу йўл билан пул топиш ҳалол деб билади. Бундай кишида соф иймон ҳаловати ва соғлом ақл бўлмайди. Натижада у Аллоҳ буюрган ибодатларни бажариш у ёқда турсин, улар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Алусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шайтоннинг хамр туфайли бандани Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсишига сабаб шуки, ароқхўрда мастлик ва “қувонч” пайдо бўлади, у жисмоний лаззатларга ғарқ бўлади. Бундай ҳолда у ўз-ўзидан ибодатдан четда бўлади. Қимор ўйнайдиган одам агар ютса, қалби қувончга тўлиб, ғалаба ва мол-дунёга бўлган муҳаббати уни ибодатдан тўсади. Агар мағлуб бўлса, умидсизликка учраб, ғам-ташвиш ичида қолади ва у энди фақат ва фақат ўз душмани устидан ютиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бундай ҳолатда унинг хаёлига ибодат қилиш келармиди?!”

“Энди тўхтарсизлар!”Бу хамр, қимор ва шу каби ҳаром ишларнинг дунёвий ва ухровий зарарлари баён қилингач ҳам уларни истеъмол қилишда давом этадиганлар учун қаттиқ маломат ва тергов маъносида айтилмоқда.

Яъни: бу ҳаром ишлардан тезда тўхтанглар! Зеро, Мен сизларга уларнинг зарарларини баён қилдим. Сизлар хамр ичишдан тўхтайсизларми, йўқми?!

Бақара сурасида хамр ҳақидаги оят нозил бўлгач, ундан сўнг Нисо сурасидаги намоз пайтида маст ҳолда намозга яқинлашмаслик тўғрисидаги амрлардан сўнг ҳам мусулмонлар тараддудда, иккиланишда эдилар. Улар хамрни бутунлай ташлаб юбормадилар. Баъзилар ташласалар, баъзилари намоздан бошқа пайтларда ичар эдилар. Бу оятда эса мусулмонларга қаттиқ оҳангда нидо қилиниб, уларни хамр ичишдан бутунлай, батамом тўхташга чақирилмоқда. Шу сабаб ҳам ушбу оят нозил бўлганида, Умар розийаллоҳу анҳу: “Эй Раббим, тўхтадик! Тўхтадик!” – деб айтган.


2 –Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади:Хамр уч мартаҳаром қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага борганларида улар хамр ичар ва қимор(дан топилган фойда)ни ер эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан у иккиси ҳақида сўрадилар. Шунда Аллоҳ Ўз Набийсига: “(Эй Муҳаммад), Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бордир. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир (Бақара, 219)” оятини охиригача нозил қилди. Одамлар (бу оятни эшитиб): “У иккиси бизларга ҳаром қилингани йўқ. Чунки У Зот: “Буларда катта гуноҳ бор” деяпти, холос”, дедилар ва хамр ичишда давом этдилар. Кунларнинг бирида муҳожирлардан бўлган бир киши шом намозини ўқиб, биродарларига имомлик қилди ва қироатда хатоликка йўл қўйди. Шунда Аллоҳ аввалги оятдан кучлироқ бошқа бир оятни нозил қилди: “Эй иймон келтирганлар, гапираётган гапларингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар (Нисо, 43)”. Шундан сўнг агар одамлар намоз ўқийдиган бўлсалар, тетик ҳолда намозга келадиган бўлдилар. Шундан сўнг ундан-да кучлироқ ва шиддатлироқ бўлган бошқа бир оят нозил қилинди: “Эй мўминлар, хамр (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар! Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар! (Моида, 90)”. Оят нозил бўлгач, улар: “Эй Раббимиз, тўхтадик!” – дедилар. Баъзи одамлар: “Эй Расулуллоҳ, шундай одамлар борки, улар Аллоҳ йўлида ўлдирилдилар ёки тўшакларида вафот этдилар, аммо улар хамр ичар ва қимор(дан келган фойда)ни ер эдилар. Энди эса Аллоҳ у иккисини нопок ва шайтон амалидан қилди, (уларнинг ҳоли не кечади?)”– деб сўрашганида, Аллоҳ: “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун – агар (ҳаром нарсалардан) сақлансалар, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар – (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади” оятини нозил қилди. Шундан сўнг Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар (хамр, қимор ва шу каби нарсалар) уларга ҳаром қилинганида улар ҳам худди сизлар тарк қилганингиз каби (хамр ва қиморни) тарк қилар эдилар”, дедилар”(Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда хамрнинг ҳаром қилиниш тарихи мукаммал суратда баён қилинмоқда. Келинг бу ҳадисни атрофлича ўрганиб чиқайлик.

“Хамр уч мартаҳаром қилинди”.

Яъни, хамр уч босқичга бўлиниб ҳаром қилинди. Бунинг ўзига яраша ҳикматлари бор. Аллоҳ, агар хоҳласа хамрни бирданига ҳаром қилса ҳам бўларди, У Зотнинг бунга ҳаққи бор эди, лекин У бандларига раҳм қилди ва секин-асталик билан бу ишни амалга оширди. Бунда бандалар учун, айниқса даъват ва таблиғ йўлидан борувчи кишилар учун катта ибрат бор.

Қаффол раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Хамрнинг бу тартибда ҳаром қилинишидан кўзланган мақсад шуки эдики, Аллоҳ таоло қавм хамр ичишга муккадан келганлиги, улар аксарият ҳолларда ундан фойдаланишлари, яъники хамр улар ҳаётининг бир қисмига айланиб қолганини яхши билар эди. Агар У Зот хамрни бир йўла ҳаром қилганида, бу нарса улар учун оғирлик қиларди. Лекин Аллоҳ бу ишни босқичма-босқич, ҳикматли тадбир билан амалга оширди. Бу эса бандаларга кўрсатилган раҳматдир”.

Абу Лайс Самарқандай айтади: “Баъзи муфассирларнинг айтишларича, Аллоҳ таоло нимаки каромат ва яхшилик ато этилган бўлса, фақат мана шу умматга бергандир. У Зотнинг яхшиликларидан бири шуки, У шаръий таклифотларни (асосан тадбир билан босқичма-босқич амалга оширилиши лозим бўлган шаръий амр ва қайтариқларни) бирданига бандалар зиммасига юкламади, балки секин-асталик билан иш тутди. Ана шу тадбирлардан бирини хамрнинг ҳаром қилиниши мисолида кўришимиз мумкин” (“Баҳрул-ъулум”, 1-жузъ, 183-бет).

Ислом таълимотлари келишидан олдин, жоҳилият даврида кўп ўлкаларда, хусусан Арабистон ярим оролида ароқхўрлик жуда кенг тарқалган эди. Ҳатто шу даражага борган эдики, улар ароқ ичишлари билан фахрланишар, хамр ичишда бир-бирлари билан мусобақа қилишарди. Ҳамма ерда – шоирларнинг шеърларида ҳам, қўшиқчиларнинг хонишларида ҳам ароқхўрликка кучли тарғиб қилинарди. Бу нарса ўз-ўзидан ёшу қарини ароқ ичишга жалб қилган. Хуллас, жоҳилият даври кишилари ўз ҳаётларини ароқсиз умуман тасаввур қила олмас эдилар, хамр уларнинг энг яқин ошноларига айланган эди. Табиийки, бундай шароитда бўлган жамиатни тозалаш учун секин-асталик билан тадбир қилиш лозим эди. Тўсатдан иш тутиш уларга оғир келарди ва бу нарса уларнинг Диний таълимотлардан – амр ва қайтариқлардан бўйин товлашларига сабаб бўларди.

Эътибор берадиган бўлсак, хамрнинг ҳаром қилиниши Қуръони каримнинг илк оятлари нозил бўла бошлагандан анча ўтиб – тахминан ўн беш йилдан зиёдроқ вақтдан сўнг содир бўлган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Юқорида айтиб ўтганимиздек, жоҳилият даври кишиларининг ҳаёт тарзлари нопокликка, ақидалари эса куфр ва ширк тасаввур ҳамда ботил эътиқодларга асосланган эди. Шу сабаб ҳам уларга, аввало “Лаа илаҳа илаллоҳ” калимаси илгари сурилди ва кишилар онгига сингдириб борилди. Узоқ йиллар куфр ва ширк ботқоғига ботиб ҳаёт кечирган қавмга Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги, ибодат қилишга фақат ва фақат У Зотгина муносиблиги, У Зот Яккаю Ягоналиги, бутун оламлар Раббиси экани, куни келиб Қиёмат, албатта, қойим бўлиши, у кунда яхши ва ёмон амаллар тортилиб, яхши амаллар қилганларга жаннат, ёмон амаллар содир этганларга жаҳаннам бўлиши, қолаверса ҳалол-ҳаром нарсаларнинг баёни, фойдали ва манфаатли нарсалар ҳалол, зарар келтирувчилари эса ҳаром бўлиши, ҳалол ва ҳаром нарсалар фақат Аллоҳ таоло томонидан белгиланиши, ҳалол ишларни қилган одамларнинг саодатманд бўлишлари, ҳаромни қилганларнинг эса бадбахт бўлишлари, оламлар Рабби Аллоҳ таолонинг буюрган амрларини қилиш, қайтарганларидан шубҳа ва тараддудсиз қайтиш кераклиги яхшилаб тушинтирилди ҳамда бу нарса уларнинг қалбларига мустаҳкам ўрнашди.

Куфр ва ширк иллатларидан бутунлай покланган мусулмонлар энди Аллоҳни Ягона Илоҳ, Ундан ўзга ибодатга лойиқ ҳеч зот йўқлигини, ҳалол ва ҳаромнинг фарқини, бу иккисини Аллоҳ таоло белгилашини бутун қалблари билан англаб етдилар. Улар Аллоҳ таоло қандай амр ёки қайтариқ келса ҳам, унга оғишмай амал қиладиган ихлосли мўминлар даражасига эришдилар. Мўминлар шундай бир мукаммал ҳолатда бўлсалар ҳам, Меҳрибон Аллоҳ таоло уларни қийнашни, бандаларига машаққат бўлишини хоҳламади. Шу сабаб ҳам хамрни аста-секинлик билан, босқичма-босқич ҳаром қилиб борди. Аллоҳ таолонинг бу тадбирида ақл эгалари учун кўп ибратлар бор.

Хамр уч босқичда ҳаром қилинди, лекин у ҳақида умумий тарзда тўртта оят нозил бўлган. Энг аввало Аллоҳ таоло:

“Сизлар маст қилувчи (хамр)ни ҳам, гўзал – ҳалол ризқ(нинг ўзи)ни ҳам хурмо ва узумларнинг меваларидан олурсизлар. Албатта бунда ақл юритадиган қавм учун оят-ибрат бордир”(Наҳл, 67) оятини нозил қилди.

Бу ерда маст қилувчи ичимлик хамр, гўзал ризқ эса хурмо ва узум меваларини англатади.

Ибн Аббос айтади: “Маст қилувчи ичимлик хурмо ва узумдан олинадиган ҳаром нарса, гўзал ризқ эса майиз, узум ҳосили ва хурмо меваси, уларни сирка қилиш ва бошқа мақсадларда фойдаланишдир” (Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Мурдавайҳ ривояти).

Мазкур оятда хурмо ва узум мевалари зикр қилиниб, улардан маст қилувчи ичимликлар олиниши айтилмоқда. Қадимдан одамлар турли мева ва бошқа маҳсулотлардан маст қилувчи ичимликлар тайёрлаб келганлар. Буларнинг энг аввалида узум ва хурмо туради. Узумнинг суви сиқилиб, ачитиш йўли билан, хурмодан ҳам ўзига хос усулда маст қилувчи ичимлик тайёрланади. Лекин инсон бу мевалардан фақат маст қилувчи ичимликларни эмас, балки покиза, ҳалол маҳсулотларни ҳам олиши мумкин. Масалан, уларнинг меваси, майиз, хурмо доналар ва бошқалар.

Оятда маст қилувчи ичимлик покиза ризққа қарши қўйилмоқда. Мана шунинг ўзиёқ ақлли, ҳассос кишиларда хамрга нисбатан ёмон тасаввурнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шу туфайли ҳам Аллоҳ таоло оят давомида:

“Албатта бунда ақл юритадиган қавм учун оят-ибрат бордир”, демоқда.

Демак, хурмо ва узум меваларини яратган, уларга баъзи хусусиятларни берган Зот Аллоҳ таоло эканини, бу мевалардан фақат маст қилувчи ичимлик эмас, балки покиза ва фойдали маҳсулотлар ола билиш, қолаверса, хамр ёмон нарса эканини англаб етиш учун кишидан соғлом ақл талаб этилади. Мана шу белги ва аломатларни фақат ақлли кишиларгина тушуниб етадилар ва амал қиладилар.

Хуллас, ушбу оят билан хамр ичишга муккадан кетган қавмни бу иллатдан поклашга бўлган илк қадам қўйилган эди. Айнан шу оят Бақара сурасидаги хамр ва қимор ҳақидаги оятнинг нозил бўлишига замин тайёрлади.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага борганларида улар хамр ичар ва қимор(дан топилган фойда)ни ер эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан у иккиси ҳақида сўрадилар. Шунда Аллоҳ Ўз Набийсига: “(Эй Муҳаммад), Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бордир. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир (Бақара, 219)” оятини охиригача нозил қилди. Одамлар (бу оятни эшитиб,): “У иккиси бизларга ҳаром қилингани йўқ. Чунки У Зот: “Буларда катта гуноҳ бор” деяпти, холос”, дедилар ва хамр ичишда давом этдилар”.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Наҳл сурасининг 67-оятида хамрнинг ёмонлиги, унинг нопок ризқ экани айтилиб, мўминлар онгида унга бўлган илк салбий тасаввурлар пайдо бўлган эди. Лекин бу нарса уларнинг хамрни бутунлай ташлашларига етарли эмасди. Шу сабаб ҳам улар хамр ичишда давом этдилар. Кунларнинг бирида Умар, Муоз ва бошқа саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бизга хамр ҳақида хабар беринг, чунки у ақлни кетказиб, молни зое қилади”, дейишганида Аллоҳ таоло мана шу оятларни нозил қилди.

Бошқа ривоятда келтирилишича, Умар розийаллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳим, бизларга хамр ҳақида (иллатларимизга) шифо бўладиган баённи нозил қилгин! Чунки у мол ва алқни кетказади”, деганида “Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар” ояти нозил бўлган. Шунда Умар чақирилиб, унга ушбу оятлар ўқиб берилгач, у: “Эй Аллоҳим, бизларга хамр ҳақида (иллатларимизга) шифо бўладиган баённи нозил қилгин!” – деди. Шунда “Эй мўминлар, то гапираётган гапларингизни билмагунларингизгача маст ҳолингизда намозга яқин келманг!” ояти нозил бўлди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нидо қилувчилари намоз вақти бўлганида: “Маст одам намозга зинҳор яқинлашмасин!” – деб жар соларди. Умар розийаллоҳу анҳу чақирилиб, унга янги нозил бўлган оят ўқиб берилганида, у бу сафар ҳам: “Эй Аллоҳим, бизларга хамр ҳақида (иллатларимизга) шифо бўладиган баённи нозил қилгин!” – деди. Шунда Моида сурасидаги оят нозил бўлди. Умар чақирилиб, унга нозил бўлган оятлар ўқиб берилди. Қачонки “Энди тўхтарсизлар!” жумласига етиб келинганида, Умар: “Тўхтадик, тўхтадик!” – деди (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Абу Яъло, Имом Аҳмад, Ҳоким,  Байҳақий , Абу Ҳотим ривояти. Ривоятнинг санади саҳиҳ).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз хамр ичар эдик. “Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар” ояти нозил бўлди. Шунда биз: “Хамрдан ўзимизга фойда берадиганини ичамиз”, дедик. Қачонки Моида сурасидаги оятлар нозил бўлганида одамлар: “Эй Парвардигор, биз аниқ тўхтадик!” – дейишди (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Робийъ ривоят қилади: “Бақара сурасида хамр ҳақидаги оятлар нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Раббингиз хамрни ҳаром қилишни бошлади”, деганлар. Нисо сурасининг 43-ояти нозил бўлганида у зот: “Албатта Раббингиз хамрни ҳаром қилишни тезлатди”, деганлар. Қачонки Моида сурасининг 90-ояти билан хамр бутунлай ҳаром қилинди (“Тафсийрул-алусуий”, 5-жузъ, 123-бет).

“(Эй Муҳаммад), Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар”.

Яъни: эй Муҳаммад, сиздан асҳобларингиз хамр истеъмол қилиш ёки унинг шаръий ҳукми ҳақида сўрайдилар.

“Буларда катта гуноҳ... бордир”.

Хамр истеъмол қилган ва қиморбозлик билан шуғулланган одамнинг Динига нуқсон етиши, иймонига талофат келтириши хамр ва қиморнинг катта гуноҳлигига далолат қилади.

Мужоҳид “Буларда катта гуноҳ... бордир” ояти ҳақида: “Бу хамрнинг илк бор қораланишидир”, деган (Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Жарир ривояти).

Шунингдек, Ибн Аббос: “Уларнинг фойдаси ҳаром бўлмасидан олдин, гуноҳи эса ҳаром бўлганидан кейин”, деб айтган (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

“... ва одамлар учун фойдалар бордир”.

Ичганда лаззат олиш, ҳаётнинг ташвишларини унутиб, тананинг “яйраши”, чарчоқ, ғам-андуҳ ва бадандаги оғриқларнинг кетиши, масъулият ҳиссининг йўқолиши ҳамда тижорат орқали хамрни сотиб фойда кўриш хамрнинг “фойдалари”дандир.

Қиморнинг фойдалари кишига мол-дунёнинг ҳеч бир қийинчиликсиз келиши, унга хурсандчилик бағишлаши ва ҳоказолар.

Аллоҳ таоло биз ўрганаётган оятларни нозил қилиш билан мўминлар иймонини синовдан ўтказди. Мазкур оятлар нозил бўлганида баъзи одамлар: Унда манфаат борлиги учун ичамиз”, дейишди. Яна баъзилар: “Гуноҳ бор нарсада яхшилик йўқ”, дейишди.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар” ояти Моида сурасидаги хамрнинг ҳаромлиги ҳақида оятлар томонидан насх қилинган”, деган (Ибн Абу Ҳотим ва  Байҳақий  ривояти).

Қатода айтади: “Аллоҳ бу ерда хамр ва қиморни мазаммат қилмоқда (қораламоқда). Лекин то муддат етиб келмагунича хамр ҳаром қилингани йўқ” (Ибн Жарир Табарий ривояти).

Баъзилар: “Бу иккисини олиш, уларни истеъмол қилиш ва шуғулланишда катта гуноҳ, тарк этишда манфаатлар бордир”, дейишган.

Оятда “гуноҳ” сўзига “катта” сифатини берилиб, “манфаат”га ҳеч қандай сифат берилмаганининг ўзи хамр ва қиморнинг манфаатидан кўра зарарлари анча кўплиги маълум бўлади.

“Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”.

Яъни: бу иккисининг зарари улардан келиши мумкин бўлган фойдадан кўра кўпроқдир. Хамрнинг энг катта зарарларидан бири ақлнинг кетишидир. Ақл эса инсонни инсон қилиб турадиган, уни ҳар хил ёмонлик ва чиркин одатлардан сақлаб турувчи улуғ бир неъматдир. Шунингдек, хамр ва қиморнинг Динга, иймонга талофат етказиши ҳар қандай лаззат ва хурсандчиликдан кўра каттароқ йўқотишдир. Қолаверса, хамр бандани Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсиб, кишилар орасида адоват ва нафрат оловини ёқади, ҳатто уруш-жанжалларга ҳам сабаб бўлади. Хамрга одатланиб қолган сари кишининг унга бўлган ҳирси ортиб, ташлашга қийналадиган бўлиб қолади.

 Тиббиёт соҳаси ривожлангани сари хамрнинг сиҳат-саломатликка ўта зарарли экани маълум бўлмоқда. Аввало, юқорида айтиб ўтагнимиздек, хамр мия ҳужайраларига катта зиён етказади, унинг иш фаолиятини сусайтириб, миянинг чарчашини тезлатади. Шунингдек, хамр ичиш натижасида мияга қон қуйилади ва бу эса катта миқдорда мия ҳужайраларининг ҳалок бўлишига олиб келади.

Хамр ичиш натижасида жигар ҳужайралари нобуд бўлади. Натижада жигарда чандиқлар пайдо бўлади. Жигарга тўхтовсиз равишда оқиб келаётган ва жигарда қайта ишланиб юракка борадиган вена қонлари бу чандиқлардан ўта олмай тўплана бошлайди. Бу тўпланиш бошида жигарнинг катталашуви ва унда оғриқлар пайдо бўлиши билан аниқланади. Сўнгра жигар кичрая боради. Жигардан қон ўта олмагани сабабли оёқ, қўл, қорин ва юзларда ишишлар пайдо бўла бошлайди. Охир-оқибат бу нарса беморнинг аянчли суратда ҳалок бўлишига сабаб бўлади.

Хамр насл ва зурриётга катта зарар етказиши ҳам олимлар томонидан исботланган. Ичкиликка ружуъ қўйган эркакларнинг жинсиз без ҳужайралари маст қилувчи ичимликлар таъсирида нимжон, кам ҳаракатли, яроқсиз бўлиб, улар орасида тўлиқ етилмаганлари ҳам кўп бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, бундай уруғлар оталантиришга қодир бўлмайди. Натижада бепуштлик касали вужудга келади. Хамр истеъмол қилувчи аёлларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Илмий текширувлар шуни кўрсатадики, хамр истеъмол қилувчи оналарнинг биронтасидан ҳам соғлом бола туғилмаган, аксинча улардан маънавий бузуқ, маишатга ўч ва шаҳватпараст, қотилликлар содир этувчи, зеҳни паст, руҳий хаста ва бепушт болалар дунёга келади. Бу ҳам хамрнинг зурриётга нақадар хавфли эканини англатади.

Шунингдек, хамр истеъмол қилиш бир қатор оғир руҳий хасталикларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Шулардан келиб чиқиб, “буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир” оятида кўплаб ҳикматлар борлигига яна бир бор амин бўламиз.

Қиморнинг зарарлари ҳақида гапирадиган бўлсак, шуни айтиш мумкинки, қиморда бошқаларнинг молини ботил-ҳаром йўл билан ейиш бор. Бу нарса эса оқибатда қимор ўйнагувчиларни ўғрилик, талончилик, мол-дунёни зое қилиш, оилалардаги нотинчликка олиб борувчи ҳатти-ҳаракатлар, зимдан бировларга адоватда бўлиш ва яна кўплаб қабиҳ жиноятлар, разолат ишларга ундайди.

Ақлни кетказадиган хамрда ҳам, мол-дунёси гаровга қўйилиб, бир зумда камбағалликка учраб қолиш хавфи бўлган қиморда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ. Бу иккисининг озроқ манфаати улар келтирадиган беҳисоб зарарлар томонидан ювиб юборилади.

Аббос ибн Мирдосга жоҳилият даврида: “Хамр ичмайсанми? Зеро, у ҳароратингни кўтаради, иш фаолиятингни яхшилайди”, дейилганида, у: “Мен ўз қўлим билан жоҳилликни ичимга киргазмоқчи эмасман. Шунингдек, қавмнинг бошлиғи бўлиб тонг оттириб, уларнинг энг тентаги сифатида кеч қилишни хоҳламайман”, деб жавоб берган экан (“Тафсийрул-алусий”, 2-жузъ,210-бет).

Ривоят қилинишича, Аъмаш исмли киши Исломни қабул қилиш учун Мадинага қараб кетаётганида, йўлда унга баъзи мушриклар йўлиқиб: “Қаерга кетаяпсан?” – деб сўрашади. У эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кетаётганини айтади. Шунда улар: “Унинг олдига бориб нима қиласан? У сени намоз ўқишга буюради”, дейишди. “Парвардигорга хизмат қилиш вожибдир”, деди у. Шунда улар: “У сенга мол-дунёйингни камбағалларга беришга амр қилади”, дейишди. У: “Албатта яхшилик қилиш лозим”, деди. Шунда унга: “У сени зинодан қайтаради”, дейилди. Аъмаш бўлса: “Албатта зино фаҳш ишдир, устига-устак мен қариб қолган бўлсам, унга ҳожатим йўқ”, деди. Шундан сўнг унга: “У сени хамр ичишдан қатаради”, дейилди. У бўлса: “Бунисига чидолмайман”, деди ва ортига қайтди. Аъмаш ўзича: “Бир йил тўйиб хамр ичаман, Муҳаммаднинг олдига кейин бораман”, деди. Аммо у ният қилган манзилига етиб боролмади – туядан йиқилиб, елкаси синди ва тўсатдан вафот этди (“Баҳрул-ъулум”, 1-жузъ, 183-бет).

“Кунларнинг бирида муҳожирлардан бўлган бир киши шом намозини ўқиб, биродарларига имомлик қилди ва қироатда хатоликка йўл қўйди. Шунда Аллоҳ аввалги оятдан кучлироқ бошқа бир оятни нозил қилди: “Эй иймон келтирганлар, гапираётган гапларингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар (Нисо, 43)”. Шундан сўнг агар одамлар намоз ўқийдиган бўлсалар, тетик ҳолда намозга келадиган бўлдилар”.

Бу ерда Нисо сурасининг 43-оятидаги қайтариқларнинг нозил бўлишига сабаб бўлган воқеа келтирилмоқда.

“Эй иймон келтирганлар, гапираётган гапларингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар”.

Ушбу оятларда Аллоҳ таоло мўмин бандаларини маст ҳолларида намозга яқинлашмасликка чақирмоқда. Чунки маст ҳолдаги кишининг ақли жойида бўлмай, ўзи билмаган ҳолда қироатда хатоликка йўл қўйиши мумкин. Бу воқеъликда ҳам содир бўлган.

Мазкур оятлар нозил бўлганидан сўнг мусулмонлар энди намоз вақтида хамр ичиш ва ибодатга маст ҳолда келишдан қайтдилар, ҳатто масжидларда: “Маст ҳолдаги одам намозга яқинлашмасин!” деб нидо қилиб турилган.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: “Хамр ҳаром қилинмасидан аввал одамлар маст ҳолда ҳам намоз ўқийверар эдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло “Маст ҳолингизда намозга яқинлашманглар!” оятини нозил қилди (Ибн Жарир Табарий ривояти).

Қатода айтади: “Ушбу оят нозил бўлгач, одамлар намоз пайтларида хамрдан четланишарди. Бу нарса хамр бутунлай ҳаром қилиниши билан барҳам топди”.

Али ибн Толиб розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Абдураҳмон ибн Авф таом тайёрлаб, бизларни таклиф қилди ва бизларга хамр қуйиб берди. Намоз вақти бўлгач, мени имомликка ўтказдилар. Мен бўлсам: Айтинг (эй Муҳаммад): “Эй кофирлар, мен сизлар ибодат қиладиган нарсага ибодат қиламан, бизлар сизлар ибодат қиладиган нарсаларга ибодат қиламиз,” деб ўқибман. Шунда мазкур оят нозил бўлди” (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ҳоким ривояти. Ривоятнинг санади саҳиҳ).

Икрима айтади: “Бу оят Абу Бакр, Умар, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ва бошқа саҳобалар ҳақида нозил бўлган. Уларга таом ва ичимликлар тайёрланади. Таомланиб бўлишгач, хамр ҳам ичадилар. Сўнгра Али уларга шом намозида имомлик қилади. У Кафирун сурасини ўқийди. Охирги оятни эса: “Менинг диним йўқ, сизларнинг ҳам динингиз йўқ” деб тиловат қилади. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди” (Ибн Мунзир ривояти).

Суддий ривоят қилади: “Бақара сурасида хамр ҳақидаги оятлар нозил бўлгач аксарият одамлар ҳали ҳам хамр ичишни ташламагандилар. Кунларнинг бирида Абдураҳмон ва Авф таом тайёрлаб, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан баъзиларини таклиф қилди. Улар ичида Али ибн Абу Толиб ҳам бор эди. У намозда Кафирун сурасини бузиб, хато тиловат қилди. Шунда Аллоҳ таоло “Эй иймон келтирганлар, гапираётган гапларингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар” оятини нозил қилди. Бас, шундан сўнг улар бомдод намозидан сўнг кунниг ўртасигача бўлган вақт ичида хамр ичишар ва пешин намозига тетик ҳолда келардилар. Сўнгра хуфтон намозини ўқимангунларича ичмай турардилар. Хуфтондан сўнг тунниг ярмигача бўлган вақт мобайнида хамр истеъмол қилардилар ва бомдод намозига тетик ҳолда келардилар. Бу ҳол то Саъд ибн Абу Ваққос таом тайёрлаб, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан баъзиларини таклиф қилгунича давом этди. Ўшанда у бир туянинг калласини қовуриб, одамларни унга таклиф қилган эди. Бас, улар едилар, хамр ичдилар. Маст бўлишгач, бир-бирлари билан гаплаша бошладилар. Саъд бир гап айтган эди ансорлардан бирининг жаҳли чиқиб, туянинг жағ суягини олди-да, Саъднинг бурнини синдирди. Шунда Аллоҳ таоло хамрни бутунлай ҳаром қилди” (Ибн Жарир Табарий ривояти).

“Эй иймон келтирганлар...” Бу ерда мўминларни хослаб нидо қилинишига сабаб, айнан улар маст ҳолда намозга яқинлашар, уни адо этардилар. Кофиру мушриклар бўлса маст ҳолда ҳам, тетик пайтларида ҳам умуман намоз ўқимасдилар.

“Гапираётган гапларингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар”.

Яъни: намозда нима ўқиётганингизни билмагунингизча унга яқинлашманг!

Бу ҳукм маълум муддатгача ўз кучида қолди. Қачонки Моида сурасининг 90-ояти нозил бўлгач, мазкур оят мансух бўлди – амалдан қолдирилди. Шундан сўнг намоз вақтида ҳам, намоздан ташқарида ҳам – ҳар қандай ҳолатда ва маконда хамр ичиш батамом ҳаром қилинди.

Таржимада “яқинглашманглар” деб ифодаланган сўз аслиятда “лаа тақробув” деб берилган. Луғатшунослар олимларнинг айтишларича, агар “лаа тақробувус-солаата” бўлса, “намозда камчиликка йўл қўйманг, ҳарф ва сўзларни бир-бирига аралаштириб хато тиловат қилманг” маъносини англатади. Агар “лаа тақрубув” бўлса, “яқинлашманглар” мазмунини ифодалайди (“Фатҳул-қодийр”, 2-жузъ, 147-бет).

Шунингдек, кишида мудроқ устунлик қилса, у токи беҳоллик кетгунича бироз ухлаб олиши лозим. Бу ҳақда ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Оиша розийаллоҳу анҳо Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Агар биронтангиз намоздалик чоғида мудраса,бас,у мудроқ кетгунича ухлаб олсин.Акс ҳолда,ушбу тарзда намоз ўқилса,истиғфор айтаман,деб ўзини сўкиб қўйиши мумкин!” (Муттафақун алайҳ).

Демак,киши қайси намоз бўлишидан қатъий назар,агар уни уйқу босса,уйқуси кетгунича,бир оз ухлаб олгани маъқул.Чунки, бундай ҳолатда бирон хатоликка йўл қўйиши ҳеч гап эмас. Устига-устак намозида хушуъ бўлмайди.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Агар биронтангиз тунгги намозга турганида Қуръон унинг тилида ажамлашса (яъни,хато ва оҳангги бузилган ҳолда ўқилиб,маъноси тушунарсиз бўлса) ва у нима деяётганини билмайдиган даражада бўлса,бас,бир оз ухлаб олсин!” (Имом Муслим ривояти).

Одатда киши уйқудан туриши билан тезда бирон ишга ёки фаолиятга киришиб кетиши қийин кечади.Шунинг учун бу ҳолатдан чиқиш мақсадида уйқудан тургач,ўрнида бир-икки дақиқа тин олгани маъқул,агар шунда ҳам ундан мудроқ кетмаса,ҳадис айтилганидек бир оз ухлаб олгач,сўнгра намоз ўқийди.Чунки,намоз улуғ ибодат,унда банда бевосита Аллоҳ билан боғланади ва Унинг Каломини ўқийди.Мудроқ ҳолда намозда туриб,Қуръонни хато ўқиш дуруст эмас.

“Шундан сўнг ундан-да кучлироқ ва шиддатлироқ бўлган бошқа бир оят нозил қилинди: “Эй мўминлар, хамр (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар! Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар! (Моида, 90)”. Оят нозил бўлгач, улар: “Эй Раббимиз, тўхтадик!”– дедилар”.

Демак, энг аввало хамрнинг ёмон нарса экани айтилиб, ундан сўнг маст ҳолда намозга яқинлишмаслик буюрилган. Охири хамр ва унинг сифатига эга бўлган ҳар қандай нарса бутунлай ҳаром қилинган. Моида сурасининг 90-ояти хамрни буткул ҳаром қилингани ҳақида нозил бўлган. Бу ояти карималар тафсири билан юқорида танишдик.

“Агар (хамр, қимор ва шу каби нарсалар) уларга ҳаром қилинганида улар ҳам худди сизлар тарк қилганингиз каби (хамр ва қиморни) тарк қилар эдилар”, дедилар”.

Хамр ҳаром қилинганида, баъзи саҳобалар ўтмишда хамр ичиб, қимор ўйнаб оламдан ўтиб кетган биродарлари ҳақида ўйлаб қолишди. Шу сабаб Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уларнинг ҳоли не кечишини сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга, агар бандалар мукаллаф бўлмаган нарсаларини қилсалар, уларга маломат қилинмаслиги, гуноҳ ёзилмаслигини айтиб ўтдилар. Ҳақиқатан, хамр ва қимор ҳаром қилинмасидан олдин бу иккисини истеъмол қилиш мубоҳ бўлган, яъни улар гуноҳ ишлар сирасига кирмаган. Агар ўша ўтиб кетган саҳобалар ҳаётлик чоғларида хамр ҳаром қилинганида худди ҳозир ҳаёт бўлиб турган саҳобалар тарк қилганлари каби улар ҳам хамрни тарк қилган бўлар эдилар.



Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади:“Хамр ҳаром қилингач, одамлар: “Эй Расулуллоҳ, бизнинг дўстларимиз вафот этиб кетишди. Аммо улар хамр ичар эдилар, (уларнинг ҳоли нима бўлади?)”– деб сўраганларида: “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун – агар (ҳаром нарсалардан) сақлансалар, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар – (илгари)еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади”(Моида, 93) ояти нозил бўлди. Қачонки қибла ўзгартирилгач, одамлар: “Эй Расулуллоҳ, бизнинг Байтул Мақдисга юзланиб намоз ўқиб, вафот этиб кетган дўстларимиз(нинг ўқиган намозлари нима бўлади?)”– деб сўрадилар. Шунда: “Аллоҳ иймонларингизни (яъни, иймон билан, Аллоҳ таоло буюрган тарафга юзланиб ўқиган намозларингизни) зое қилгувчи эмас (Бақара, 143)” ояти нозил бўлди”(Имом Аҳмад ривояти).

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳаром қилинмасидан олдин хамр ичиб, ўтиб кетган биродарлари ҳақида савол қилишганида, Аллоҳ таоло Моида сурасининг 93-оятини нозил қилган. Мазкур оятда Аллоҳга иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган, ҳаром нарсалардан сақланиб, ўша нарсаларнинг ҳаром эканига иймон келтириб, Динда собитқадам бўлганлар илгари еб-ичган нарсалари учун гуноҳкор бўлмасликлари айтилган.

Дарҳақиқат, инсон фақат Рабби тарафидан ўзига буюрилган ва қайтирилган амаллар бўйича ҳисоб беради. Бу ерда яна бир нарсага эътибор бериш лозим. Саодат асрида ҳали Дин ва шариат амрлари тўла-тўкис нозил қилинмаган, секин-асталик билан амалга оширилаётган эди. Жаҳолат ботқоғига ботиб кетган қавмга амр ва қайтариқларни бирданига буюриш оғирлик қиларди. Шу туфайли бу нарса босқичма-босқич тарзда амалга оширилган. Аввал Ақида масаласи муолажа қилиниб, сўнг намоз ўқишга амр қилинган. Кейин рўза фарз бўлган. Шундай қилиб шариат таклифотлари нозил бўлган. Рўза фарз бўлмасидан илгари Рамазон ойида рўза тутмаган банда гуноҳкор бўлмаган. Беш вақт намоз фарз бўлмасидан олдин аср намозини ўқимаган банда ҳам маломат қилинмаган. Ҳар бир амр қачон фарз қилингани ёки қайтариқ бўлса, қачон ҳаром қилингани инобатга олинади. Худди шунингдек, хамр ҳаром қилинмасидан олдин хамр ичган мусулмонлар гуноҳкор бўлмаганлар. Лекин бу нарса энди такрорланмайди. Чунки хамр аллақачон ҳаром қилиниб бўлинган. Энди хамр ичган банда қаттиқ гуноҳкор бўлиб, дунёю Охиратда шунга яраша жазосини олади. Бу нарсани ҳар биримиз яхши англаб етишимиз лозим.

“Қачонки қибла ўзгартирилгач, одамлар: “Эй Расулуллоҳ, бизнинг Байтул Мақдисга юзланиб намоз ўқиб, вафот этиб кетган дўстларимиз(нинг ўқиган намозлари нима бўлади?)”– деб сўрадилар. Шунда: “Аллоҳ иймонларингизни (яъни, иймон билан, Аллоҳ таоло буюрган тарафга юзланиб ўқиган намозларингизни) зое қилгувчи эмас (Бақара, 143)” ояти нозил бўлди”.

Бу ерда ҳам худди юқоридагига ўхшаш бошқа бир воқеа ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Байтул Мақдис томонга қараб намоз ўқий бошлаганлар. Чунки қибла ўша томонда бўлган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошчилигида мусулмонлар тахминан бир ярим йил мобайнида Байтул Мақдисга юзланиб намоз ўқидилар. Сўнг ояти нозил бўлиб, Маккадаги Каъбага юзланиш амр қилинди. Шундан сўнг мусулмонлар фақат Каъбага юзланиб намоз ўқийдиган бўлдилар. Ҳозир ҳам шундай. Эслатиб ўтамиз, намозда Каъба томонга, яъни қиблага юзланиш намознинг шартларидан  саналади.

Қибла Каъбага ўзгартирилгач, худди аввалги ҳодисадагидек, баъзи саҳобалар Байтул Мақдис томонга юзланиб намоз ўқиб, ҳаётдан ўтиб кетган биродарлари ҳақида сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган саволга Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръон ояти билан жавоб қайтарди. Яъни, Аллоҳ таоло иймон келтирганларнинг ихлос билан қилган ҳар бир амалларини зое қилмаслигини билдирди.

Бу ерда яна бир нарсага аҳамият бериш лозим. Аллоҳ таоло ояти каримада “намоз” маъносини “иймон” сўзи билан ифодаламоқда. Бу – намоз ўқиш иймондандир, намоз Диннинг устунидир, намозсиз иймон бўлиши мумкин эмас деганидир!



Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Уҳуд куни одамлар маст ҳолатда тонг оттиришди. Ўша куни уларнинг барчаси шаҳидларча ҳалок бўлдилар. Бу хамр ҳаром қилинмасидан олдин юз берган эди”(Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис ўзидан олдинги ҳадисни бироз шарҳлаб келмоқда.

Мазкур ҳадис хамр Уҳуд жангидан (ҳижрий 3 йил, шаввол ойи) сўнг ҳаром қилинганига далолат қилади. Алусий раҳматуллоҳи алайҳ: “Хамрнинг бутунлай ҳаром қилиниши Аҳзоб ғазотидан бир неча кун ўтиб содир бўлган эди”, деган. Шунингдек, бу ердан хамр ҳаром қилинмасидан олдин уни ичиш мубоҳ бўлганини ҳам билиб оламиз.

Амр ибн Дийнор ривоят қилади: Мен Жобир ибн Абдуллоҳнинг шундай деганини эшитганман: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан баъзилари маст ҳолда тонг оттирдилар. Сўнгра Уҳуд куни шаҳид бўлиб вафот этдилар. Шунда яҳудийлар: “Уларнинг баъзилари қоринларида хамр бўлган ҳолда ўлиб кетишди”, деб айтишди. Шунда Аллоҳ таоло “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун – агар (ҳаром нарсалардан) сақлансалар, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар – (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади” оятини нозил қилди” (Имом Баззор саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Уҳуд жанги куни баъзи саҳобаларнинг маст ҳолда тонг оттирганлари.

2. Ҳар бир банда Рабби томонидан буюрилган ёки қайтарилган нарсагагина жавоб бериши.

3. Билиб-билмай ўзгалар устидан ҳукм чиқариш нотўғри экани.



Абдулазиз ибн Суҳайб ривоят қилади: Анас ибн Моликдан “фазийҳ” ҳақида сўрашди. У: “Бизда сизларнинг “фазийх”ингиздан бошқа маст қилувчи бирон ичимлик йўқ эди. Сизлар айтаётган шу “фазийх”ни мен туриб, уйимизда Абу Талҳа, Абу Айюб ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобларидан бўлган кўплаб кишиларга қуйиб бераётганимда бир киши келиб: “Сизларга хабар келмадими?”– деди. Биз: “Йўқ”, дедик. У: “Албатта хамр ҳаром қилинди”, деди. (Шунда Абу Талҳа): “Эй Анас, бу сопол идиш(даги хамр)ни тўкиб ташла!”– деди. Бас, ўша киши хабаридан сўнг улар хамрга бошқа қайтмадилар ва у ҳақида сўрамадилар ҳам”(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисда зикр қилинаётган “фазийх” ичимлиги хамрнинг бир тури бўлиб, у узумни сиқиб олиш йўли билан тайёрланади, аммо қайнатилмайди. У “бошни ёрувчи” маъносини англатади.

Хамр ҳаром қилинмасидан аввал мусулмон умматига ўрнак қилиб кўрсатиладиган саҳобалар ҳам уни истеъмол қилишган экан. Бу ерда ўша саҳобалардан Анас ибн Молик, Абу Талҳа ва Абу Айюбларнинг исми келтирилмоқда. Бошқа бир ривоятда Абу Убайда ибн Жарроҳ, Убай ибн Каъб, Абу Дужона, Суҳайл ибн Байзо ва бошқа саҳобалар ҳам ўша йиғинда иштирок этишгани айтилган.

Абу Талҳанинг асл исми Зайд ибн Саҳл бўлиб, йиғилиш айнан мазкур саҳобийнинг уйида бўлган. Абу Убайда ибн Жарроҳ Абу Талҳа билан биродар тутинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у иккисини ўзаро биродар қилиб қўйган эдилар.

Ушбу ҳадисда саҳобалардан уч кишининг исми айтилган бўлса, Абдураззоқ қилган ривоятда уларнинг умумий сони ўн битта бўлгани айтилган. Турли ривоятларда улардан етти кишининг сони саналган. Уларнинг аксарияти ансорлар эди. Ибн Мурдавайҳ Анас розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Абу Бакр ва Умарлар ҳам уларнинг орасида бор эди” дейилган. Лекин уламолар бу ҳадис санадини саҳиҳ эмаслигини айтишган. Чунки Абу Нуайм Оиша розийаллоҳу анҳодан қилган ривоятда: “Абу Бакр жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам ўзи учун хамр ичишни ҳаром қилган эди” дейилган. Баъзи уламолар бу ердаги Абу Бакр машҳур саҳобий Абу Бакр Сиддиқ эмас, балки Ибн Шағуб исмли киши эди деб айтишган.

“Қуйиб бераётганимда...” Демак Анас ибн Молик ўша пайтда саҳобийларга соқийлик ва косагуллик қилган.

“Бир киши келиб...” Бу кишининг ким эканлиги маълум эмас. Ҳадис матнида ҳам “бир киши” дейилиши унинг нотаниш бўлганлигини англатади. Хамр ҳаром қилингач, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир нидо қилувчига бу амрни одамларга етказишни топширганлар. У ҳамма ерга бориб, кишиларга Аллоҳнинг буйруғини эълон қилиб чиққан. Ҳадисда зикр қилинаётган ўша жарчи бир гуруҳ саҳобийлар ўтирган Абу Талҳанинг уйига яқинлашганида, у: “Чиқиб қаранглар, ким экан у?” – деган. Уларга хабарни етказган ҳам айнан ўша жарчининг ўзи бўлиши мумкин ёки кимдир ундан эшитиб, сўнгра уларга етказгандир.

“Эй Анас, бу сопол идиш(даги хамр)ни тўкиб ташла!” – деди.

Бу сўзлар Абу Талҳа тарафидан айтилган. Анас шу заҳотиёқ хамрни тўкиб ташлаган. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг амридан воқиф бўлишгач, барча Мадина аҳли ўзларидаги бор хамрларни кўчага олиб чиқиб оқиза бошладилар. Бутун Мадина кўчалари бўйлаб хамр анҳор бўлиб оқди. Мана иймон! Мана тақво! Мана Аллоҳнинг амрига итоат этиш!

Уларни бу нарсага ҳеч ким мажбур қилмади. Фақат қалбларида мустаҳкам ўрнашган иймонлари уларни бундай ҳаром нарсалардан фориғ бўлишгаундади.

“Бас, ўша киши хабаридан сўнг улар хамрга бошқа қайтмадилар ва у ҳақида сўрамадилар ҳам”.

Аввал хамр ҳақида сўрашган эди. Чунки у вақтда ҳали унинг ҳукмини билишмас эди. Аллоҳ таоло хамрни қатъий суратда ҳаром қилгач, энди саҳобалар бу ҳаром нарсадан буткул юз ўгирдилар, у ҳақида ҳар хил саволлар беришга ҳожат қолмади. Сабаби хамрни фақат тарк қилиш керак, холос. У ҳақида турли-туман саволлар бериш мўмин кишига тўғри келмайди.



Абу Мусо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен ва Муоз ибн Жабални Яманга юбордилар. Мен:“Эй Расулуллоҳ, бизнинг ерларда арпадан қилинадиган “мизр” ва асалдан тайёрланадиган “битъ” номли (маст қилувчи) ичимликлар бор”, дедим. У зот: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”, дедилар(Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

Абу Довуддан қилинган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Қавмингга айтгинки, ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”, деганлар.

Аслида Абу Мусо розийаллоҳу анҳу маст қилувчи ичимликлар эмас, балки “мизр” ва “битъ” номли ичимликларнинг асл моҳияти ҳақида савол берганди. “Мизр” арпа, бўғдой ва жўхоридан, “битъ” эса, ҳадисда айтилганидек, асалдан тайёрланади.

Ушбу ҳадис маст қилувчи ичимликлар хоҳ узумдан, хоҳ бошқа нарсалардан олинган бўлсин, барчаси хамр ҳукмига киришига далолат қилади. Мозирий айтади: “Узумнинг сиқиб олинган суви ачимасидан аввал ҳалоллигига ижмоъ қилинган. Агар ачиб, кўпирадиган бўлса, унинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром бўлади”.



Саид ибн Абу Бурда отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Мусо ва Муозни Яманга юбора туриб:“Башорат беринглар, енгиллаштиринглар! Ўргатинглар, аммо бездириб қўйманглар”. Ровий айтади: “Менимчи, “итоат этинглар”, дедилар шекилли”. Қачонки Абу Мусо қайтиб келгач: “Эй Расулуллоҳ, уларни асалдан тайёрланадиган, сув солиб қуйилгунича қайнатиладиган шароблари ва арпадан тайёрланиб, “мизр” деб номланадиган ичимликлари бор экан”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Намоздан тўсадиган ҳар бир нарса ҳаромдир”,– дедилар(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Одамларни Динга даъват қилаётганда кўпроқ тарғиб усулини қўллаш лозимлиги.

2. Даъват қилишда кишиларни Диндан бездириб қўймаслик кераклиги.

3. Яманликлар арпадан тайёрлайдиган шаробларини “мизр” деб номлаганлари.

4. Кишини Аллоҳ таолога ибодат қилиш, намоз ўқишдан тўсадиган ҳар қандай нарсанинг (бу маст қилувчи ичимлик бўладими, ўйин-кулгими, томоша ёки бекорчи суҳбатларми фарқи йўқ)  ҳаром экани. 

Қуйидаги ривоят юқорида келтирилган икки ҳадисни янада изоҳлаб келади.



Абу Бурда отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен ва Муозни Яманга юбора туриб:“Одамларни (Аллоҳнинг Динига, Ҳақ йўлга) даъват қилинглар, башорат беринглар, аммо бездириб қўйманглар, енгиллаштиринглар, зинҳор қийинлаштирманглар”, дедилар. Шунда мен: “Бизга икки хил шароб – асалдан тайёрланиб, ачигунича ташлаб қўйиладиган “битъ” ва жўхори ҳамда арпадан тайёрланиб, ачигунича ташлаб қўйиладиган “мизр” (ичимлиги) ҳақида фатво беринг”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга калималарни жамловчиси ва хулосасини қисқа жумлалар билан равон тилда баён қилиш (истеъдоди) ато этилган эди. У Зот: “Ҳар бир маст қилувчи нарсадан – намоздан тўсувчи нарсадан қайтараман”,– дедилар”(Имом Муслим ривояти).

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Термизийлар Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен (бошқа) пайғамбарлардан олти (жиҳат) билан афзал қилиндим”, деб туриб, уларнинг биринчисида ўзларига жамловчи калималар берилганини айтиб ўтганлар. Яъни, у зотга озгина жумлалар билан кўп маъно касб этувчи сермазмун сўз ва жумлаларни ифодалаш мўъжизаси берилган эди. Бу ҳолатни, ҳаттоки манаман деган шоир ёки ёзувчида ҳам учратиш қийин. У зот кўп гапирмасдилар, ҳатто сукут сақлашларида ҳам олам-олам маъно яширинган эди. Фақиҳ уламолар у зотнинг сукутларидан ҳам кўплаб далилларни чиқарганлар.

Мазкур ҳадисда ҳам Абу Мусо бежизга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга калималарни жамловчиси ва хулосасини қисқа жумлалар билан равон тилда баён қилиш (истеъдоди) ато этилган эди” деб айтмаяпти. У киши Яман юртида тайёрланадиган “мизр” ва “битъ” ичимликлари ҳақида сўраб, уларнинг ачиган ҳолатда бўлишини ҳам айтди. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мизр ҳаром, битъ ҳаром, фалон ичимлик ҳаром”, деб гапни чўзиб ўтирмадилар, балки барча замон ва маконга мос қилиб, фасоҳат билан: “Ҳар бир маст қилувчи нарсадандан – намозда тўсувчи нарсадан қайтараман”,– дедилар. Бу “мизр” ва “битъ” ҳамда бошқа маст қилувчи ичимликларнинг, қолаверса намозни адо этишга тўсқинлик қилувчи нарсаларнинг ҳаром эканини англатади.



Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир хамр ҳаромдир”(Имом Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Имом Аҳмад  ривояти).

“Ҳар бир хамр ҳаромдир” дегани маст қилувчи ичимлик ёки таомларнинг ҳар қандай тури ҳаромлигини англатади.

Аллоҳ маст қилувчи ичимликларни нима сабабдан ҳаром қилди? У Зот бизларнинг ичмай юришимизга муҳтожми? Йўқ, асло ундай эмас. Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган меҳрибонлиги шу қадар юксакки, У бандаларига зарари бўлган ҳар қандай нарсани ҳаром қилган, бу нарсалардан ва уларни истеъмол қилишдан қайтарган. Лекин бунинг асл ҳақиқатини яхши тушунмаганлар хамр ва шу каби нопок нарсаларнинг ҳаром қилинишини худди ўзларига қилинган зулм деб қабул қиладилар. Гўё уларнинг назарида хамрнинг ҳаром қилиниши бандаларни неъматдан чеклаб қўйиш саналармиш. Бироқ бу тор фикрлаш ва қисқа ўйлашдан бошқа нарса эмас.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳар бир маст қилувчи нарса хамр саналиши.

2. Хамрнинг ҳар қандай тури ҳаром экани.

3. Мўмин-мусулмон одам ҳаром нарсалардан узоқ юриши лозимлиги.



Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розийаллоҳу анҳу айтади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб:“Албатта Раббим менга (ва менининг умматимга) хамрни, қиморни, “мизр”ни, “кувба”ни ва “қиннийн”ни ҳаром қилди”,дедилар”(Имом Аҳмад ривояти).

“Мизр” арпа, бўғдой ва жўхоридан тайёрланадиган хамр тури экани юқорида айтиб ўтилди.

“Кувба” сўзига турлича таъриф берилган. Ал-Хаттобий “Маолим”да: “Кувба дўмбира маъносини англатади”,деб айтган. Баъзилар уни нарда деб тушунтиришган. Умумий тарзда оладиган бўлсак, барча чолғу асбоблари, шу қаторда уд ва кишини ибодатдан чалғитувчи, бекорчи нарсалар “кувба” сирасига киради. Суфён айтади: “Мен Али ибн Базиймадан “кувба” ҳақида сўрадим. У: “Кувба дўмбирадир”, – деб жавоб берди”(Абу Довуд  ва Имом Аҳмад ривояти).

 “Қиннийн” сўзига ҳам уламолар томонидан турли хил таърифлар берилган. Ибн Қутайба: “Қиннийн румликлар қимор ўйнайдиган восита”, деган. Баъзилар эса: “Қиннийн ҳабашларнинг тамбуридир”, дейишган (Ибн Манзур, “Лисанул ароб”, 5 жузъ, 3759-бет).

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларнинг энг аввалида хамр туриши.

2. Хамрдан ташқари қимор, ҳар хил лағв ва чалғитувчи нарсаларнинг ҳаром экани.



Муовия розийаллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман:“Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳар бир мўмин (эркак ва аёл)га ҳаромдир”(Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Мазкур ҳадисда хамр мўмин киши учун ҳаром экани таъкидланмоқда. Чунки фақат мўмин кишигина бунга ишонади ва иймон келтиради. Хамрнинг ҳаром эканини билиш учун кишидан иймон ва ислом талаб этилади. Кофир, мушрик ёки мунофиқлар эса, хамрнинг ҳаромлигига иймон келтирмайдилар ва бу ишдан қайтмайдилар.

Ҳар биримиз яхшилаб билиб олмоғимиз лозимки, хамр ва уни истеъмол қилиш, шак-шубҳасиз, ҳаромдир. Мўмин одам хамрнинг ҳаромлигига иймон келтириши ва уни истеъмол қилишдан узоқ юриши лозим. Агар кимки хамр (масалан, ароқ)ни ҳаром эмас ёки унинг ўзи ҳаром эмас, фақат кайфи ҳаром деса, иймондан чиқиб, кофир бўлади. Ким ўзини бу ҳаром ичимликлардан сақлаб юрса, маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилмаса, улуғ ажр-савобга эга бўлади.

Биз мўминлар хамр ва шу каби ҳаром нарсалардан нафсимиз хоҳламагани ёки соғлиғимиз учун зарарли бўлгани туфайли эмас, балки айнан Аллоҳ таоло ҳаром қилгани учун тийилсак, иншааллоҳ, улуғ савобларга дохил бўламиз. Агар бирон мўмин киши хамрнинг ҳаромлигига иймон келтириб, аммо ўзини тия билмаса, ожизлик қилса, у катта гуноҳ содир этган бўлади ва Охират куни қаттиқ азоб-уқубатга дучор бўлади.

Шуни билиб олишимиз лозимки, агар ўзини мусулмон санаб юрган киши хамрни “бисмиллоҳ” деб ичса, иймонидан айрилади. Чунки “бисмиллоҳ” калимаси фақат ҳалол таом ва ичимликлар истеъмол қилишдан олдин айтилади. Хамрни “бисмиллоҳ” билан ичган кимса ҳаром нарсани ҳалол санаган бўлади. Ақоид уламолари ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол деган кимсанинг иймондан чиқишини таъкидлаб ўтганлар.

Модомики, Аллоҳ таоло хамрни ҳаром қилдими, бас, ўзини мўмин санаган одам ҳеч бир ихтиёрсиз бунга итоат этиши керак бўлади. “Хамр нега ҳаром қилинди?”, “Ҳаром қилинмаса нима бўларди?”, “Хамрдан қанча миқдорда ичса бўлади?” каби ўринсиз саволлар энди унга ётдир. Чунки мўмин ўз номи билан мўмин. Агар унинг Аллоҳга иймони бўлмаса, У Зотга итоат этмаса, буюрган амалларни қилмай, қайтарганларидан қайтмаса, унинг мўминлик сифати қолмайди.

Хамр Аллоҳ таоло тарафидан ҳаром қилинди. Бунга ҳар биримиз шубҳа қилмаслигимиз, унга аниқ ишониб, бу разил иллатдан узоқ юришимиз даркор. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ҳалол дейишга ёки ҳалол қилиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Гарчи бутун дунёдаги одамлар бирлашиб, ичкиликка тарғиб қилсалар ҳам, табиблар ичкилик соғлиққа фойдали деб маслаҳат берсалар ҳам ва ароқхўрлар ўзларининг “ичкилик эмас, унинг кайфи ҳаром” каби бузуқ фалсафаларини илгари сурсалар ҳам хамр ҳалол ёки фойдали бўлиб қолмайди. Мўмин одам Рабби белгилаб берган ҳадда (шаръий чегарада) мустаҳкам туриши, инсонлар орасидаги Тўғри Йўлдан урувчи кимсаларга қулоқ солмаслиги керак. Ана шундагина Рабби ундан рози бўлади.



Қайс ибн Саъд ибн Убода айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман:“Кимки хамр ичса, Қиёмат кунида жуда чанқаган ҳолида келади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир. Сизлар “ғубайро”дан сақланинглар!”(Имом Аҳмад ривояти).

Бу ерда хамр ичувчиларга Қиёмат кунида ўзига хос жазо тури берилиши айтилмоқда. Бу дунёда Аллоҳ таоло ҳаром қилган ичимликдан сақланмаганлар Охиратда оғизлари қақраган аянчли бир ҳолатда бўладилар. Бу улар тортадиган азоб ва қийноқларнинг биринчи босиқчидир. Улар бир томчи сувга зор бўлиб турганларида жаҳаннам аҳлининг йирингидан иборат суюқлик уларга берилади. Қиёмат кунида шу куйга тушишни хоҳламаганлар ўзларини ҳаром ичимликлардан тийсинлар ва Аллоҳга ибодат қилсинлар!

Ҳадисда хамр турларидан саналмиш “ғубайро”нинг алоҳида зикр қилинишидан унинг жуда зарарли экани, хамрнинг энг ёмон турлариданлигини билиб оламиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Дунёда хамр ичган одамнинг Қиёмат кунида чанқаган ҳолида бўлиши.

2. Маст қилувчи ичимликлардан сақланиш лозимлиги.

3. “Ғубайро” хамр турлари ичида энг ёмони экани.

Мазкур ҳадисни ўқиб, баъзи ўқувчиларимизда “ғубайро” нима деган савол туғилиши табиий. Бунга қуйида келадиган ҳадисдан жавоб оламиз.



Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам хамр ва қимор, “кувба” ва “ғубайро”дан қайтарганлар ва: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”, деганлар. Абу Довуд айтади: “Ибн Салом Абу Убайд: “Ғубайро “сукуркат”дир. У жўхоридан қилинади ва уни ҳабашлар тайёрлашади”, деган”(Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадисда ҳам маст қилувчи ичимликлар ва қиморнинг ҳаром экани таъкидланмоқда.

 “Ғубайро” ўсимлик тури бўлиб, унга турли хил шарбатлар қўшиб, хамр тайёрланган ва у ғубайро деб аталган (“Мусоннафу ибни абий шайба”, 5 жузъ, 511-бет).

Саълаб: “Ғубайро шу номли ўсимликдан тайёрланадиган хамр туридир. У билан хамрнинг ҳаромлиги бир хил даражада, иккисининг орасида фарқ йўқ”, деган (“Лисанул ароб”, 5 жузъ, 3207-бет).

“Сукуркат” ғубайронинг бошқа бир номи саналади. Ушбу сўз аслида ҳабаший бўлиб, уни арабча ифодаланса, “суқурқуъ” шаклига эга бўлади.



Ато ибн Йасор розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “ғубайро” ҳақида сўрашди. У Зот: “Унда яхшилик йўқдир”, дедилар ва ундан қайтардилар”. Молик айтади: “Мен Зайд ибн Асламдан: “Ғубайро нима?” – деб сўрагандим, у: “Ғубайро сукуркатдир,” деб жавоб берди”(Имом Молик “Муваттоъ”да ривоят қилган).

 Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғубайро ичимлигининг ҳолати ва сифати ҳақида айтиб, унда яхшилик йўқ, фақат зарар борлигини маълум қилганлар ва уни ичишдан қайтарганлар.

“Ғубайро сукуркатдир”. Бу нарса сукуркат саҳобалар орасида маълум тушунча экани ва ғубайро эса, улар учун янги бир сўзлигидан дарак беради.



Қайс ибн Саъд ибн Убода розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Албатта Раббим таборака ва таоло менга хамр, “кувба”, “қиннийн”ни ҳаром қилди. Сизлар “ғубайро”дан сақланинглар! Чунки у оламдаги барча хамрларнинг учдан бири(га тенг)дир”(Имом Аҳмад ривояти).

Юқоридаги ҳадислар шарҳи орқали “кувба” ва “ғубайро” сўзларининг маъноси билан танишдик.

“Чунки у оламдаги барча хамрларнинг учдан бири(га тенг)дир”.

Бу нарса “ғубайро”нинг ўта зарарли ичимлик эканидан дарак беради. Яъники, у дунёдаги энг ёмон маст қилувчи ичимликлардан бири саналади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Хамр, “кувба”, “қиннийн”нинг ҳаром экани.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз саҳобаларига “ғубайро”дан сақланишни таъкидлаб айтганлари.

3. “Ғубайро”нинг оламдаги хамрларнинг учдан бирига тенг экани.



Умму Салама розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштиргувчи нарсадан қайтарганлар”(Абу Довуд ва  Байҳақий  ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавомиул калим эканликларини ушбу ҳадис мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. У зот Қиёматга қадар ўз умматларига барча замон ва маконга мос келадиган улуғ бир шариатни таълим бердилар. Вақт ўтиб, замон ўзгариб, инсоният ҳаёти такомиллашиб бораверади, турмушнинг зоҳири бутунлай бошқача тус олади, одамларнинг фикрлаш тарзлари ҳам ўзгаради, юриш-туриш, маиший турмуш шароитлари ва бошқа соҳалар ҳам бундай янгиланишлардан четдан қолмайди. Аммо шунча ўзгаришларга қарамай шаръий ҳукм энг олий ва адолатли ҳукмлигича қолаверади. Мазкур ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат ўз даврларидаги ва ўз юртларидаги маст қилувчи ва бўшаштирувчи нарсаларнинг номини санамасдан, балки умумий қилиб, уларнинг барчаси – шу сифатга эга бўлган ичимлик ва бошқа истеъмол қилинадиган нарсаларнинг ўз-ўзидан ҳаром бўлишини маълум қилмоқдалар.

Маст қилувчи нарсалар ҳаром эканлиги ва уни истеъмол қилиш қатъиян мумкин эмаслигини билиб олдик. Бу ерда “бўшаштирувчи” жумласи биз учун янги тушунча. “Бўшаштирувчи” дегани “баданни бўшаштирувчи”, “эҳтиросларни бўшаштирувчи” умуман олганда “одамнинг ўзини бўшаштирувчи” маъносини англатади. “Лисанул ароб” луғатида ушбу икки сўзга қуйидагича таъриф берилган: “Маст қилувчи нарсалар, агар ичилса, ақлни тўсади, бўшаштирувчи нарсалар эса баданни бўшаштиради, бўғимларни юмшатади” (“Лисанул ароб”, 5-жузъ, 3341-бет). Буларга мисол қилиб пиво, каняк, тамаки ва нос кабиларни келтириш мумкин. Кўпчилик ароқни ҳаром деб биладию, аммо ўзича пиво ва конъякни ичиш мумкин деб ўйлайди. Аслида, улар ҳам инсон саломатлигига зарар келтиргани учун ҳаромдир.

Ўзини мўмин ҳисоблаган одам ароқ – маст қилувчи ичимликларни ичмаслиги тайин. Чунки, улар кишини ҳатто диндан чиқишига сабаб бўлади.

 Тийбий айтади: “Ушбу ҳадис банж ва шаъсо (гиёҳванд моддалар)нинг ҳаромлигига далолат қилади, чунки улар танани бўшаштириб, ақлни кетказади”.

“Мирқодус суъуд” китобида шундай дейилган: “Ҳикоя қилинишича, ажамлик бир киши Қоҳира шаҳрига бориб, нашанинг ҳаромлиги ҳақида ҳужжат сўрайди. Шу юзасидан бир мажлис ташкил қилиниб, унда замонасининг энг олим кишилари ҳозир бўлишади. Ўша мажлисда Ҳофиз Зайнуддин ал-Ироқий мазкур ҳадисни нашанинг ҳаромлигига далил қилиб келтиради ва барчани ҳайрон қолдиради”.

  Ҳофиз ибн Ҳажар айтади: “Кимки наша маст қилмайди, балки бошни айлантиради, деса, бас у қаттиқ ўжар ва мутакаббир одам экан. Зеро, хамр келтирадиган зарар нашада ҳам мавжуд. Наша маст қилмаган тақдирда ҳам, танани бўшаштиради”.

Ал-Хаттобий айтади: “Бўшаштирувчи ичимлик аъзоларда бўшашишлик ва кайфни пайдо қилади. Кайф қилиш эса, кишини маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилишга ундайди”.

Ал-Ироқий ва Ибн Таймиййалар: “Уламолар нашанинг ҳаромлигига ижмоъ қилишган. Энди кимки уни ҳалол санаса, кофир бўлади”, дейишган.

Ибн Таймиййа айтади: “Наша ҳижрий олтинчи аср бошларида пайдо бўлган (яъни, шу даврдан бошлаб одамлар томонидан истеъмол қилина бошланган). У энг ёмон мункар нарсалардандир. У баъзи жиҳатлари билан хамрдан ҳам кўра зарарлироқдир. Наша ва унинг ҳукми ҳақида тўрт мазҳаббоши имомлар бирон нарса демаганлар. Чунки уларнинг даврида наша бўлмаган. Шуни унутмаслик лозимки, наша истеъмол қилган кишига ҳадд (шаръий жазо) белгилаш вожибдир!”

Ибн Байтар айтади: “Албатта наша – Мисрда унинг “қиннаб” номли тури мавжуд – агар бир ёки икки дирҳам миқдорида истеъмол қилинса, кишини ўта маст ҳолга келтиради. Унинг зарарли томонлари жуда кўп. Баъзи уламолар нашанинг бир юз йигирмадан ортиқ дин ва дунёга тегишли зарарларини санаганлар. Шунингдек, бундай зарар афюн (қорадори)да ҳам бор. У нашадан ҳам зарарлироқдир!”

Ибн Дақиқ: “Чилим чекиш кишини маст қилади”, – деган.

Ушбу ҳадис, аввало маст қилувчи ичимликларнинг ҳар қандай тури, шунингдек, бўшаштирувчи, бошни оғритиб, ақлни кетказувчи ҳар қандай нарса, у хоҳ ичимлик, хоҳ егулик, хоҳ ҳидлайдиган нарса бўлсин, ҳаром эканига далолат қилади. Бундан ташқари ушбу ҳадис тамаки ва нос каби нарсаларнинг ҳам ҳаромлигига далил бўлади. Бу масала кўпчилик орасида ихтилоф туғдиргани боис қуйида тамакининг шаръий ҳукми ва унинг зарарлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.


Одилхон қори Юнусхон ўғли

Шайҳонтоҳур туман бош имом хатиби

(Шайх Зайниддин жомеъ масжиди)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4. Таҳорат қилгандан кейин ўқиладиган намоз. Бу намозни .шукри вузуъ, ndash .таҳоратнинг шукри, дейилади. . . Уқба ибн Омир алЖуҳаний розияллоҳу давоми...

2132 19:00 / 07.04.2023
11. Одамлардан сўраладиган нарсани сўраб дуо қилиш. Намозхон қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорича ўтирмасдан олдин .Аллоҳим Менга минг динор бергин Аллоҳим Менга давоми...

2437 19:00 / 15.12.2022
. Намозхоннинг ихтиёрисиз таҳорати кетса, дарҳол таҳорат қилиб, намозини охирига етказади. Гарчи ташаҳҳуддан кейин бўлса ҳам. Янгидан бошлаш афзалдир. давоми...

2541 00:00 / 04.11.2022
Ҳозирги даврда ҳукм оятлари тафсири йўналишида ҳам янги китоблар ёзилмоқда. Уларнинг ичида Муҳаммад Али Соис раҳматуллоҳи алайҳининг .Тафсири оятил аҳком, ва давоми...

4705 16:40 / 21.08.2019