1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

МУОМАЛОТ СОҲАСИДА ИШЛАТИЛГАН ИСТИЛОҲЛАР

05:00 / 17.02.2017 4292 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизда савдо деб таржима қилинадиган сўз арабчада «Байъ» дейилиб, луғатда, ўзаро бир нарсани алмаштиришни англатади.
Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига ийжоб ва қабул ила олишга «байъ» деб айтилади.
Қисқа қилиб айтганда «савдо» сўзи «тижорат» сўзидан умумийроқ бўлиб, бугунги куннинг истилоҳи билан айтилганда «Бозор иқтисоди» маъносига яқинроқ келади.
«Ҳалол» сўзи луғатда тугунни ечиш маъносини билдиради.

Шариатда эса ҳаромлик тугуни ечилган, яъни, ҳаромлик сифати йўқ нарсага, ҳалол деб айтилади. Чунки, ҳаром нарсанинг ман қилиш тугуни бўлади. Ҳалол нарсада ана ўша тугун бўлмайди, бўш бўлади.

«Ҳаром» луғатда ман қилишни англатади.
Шариатда эса ҳеч қандай шубҳасиз, очиқ-ойдин равишда ман қилинган нарса ҳаромдир.
«Шубҳа» сўзи луғатда ўхшаш маъносини билдиради. Яъни, шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Аниқлиги йўқ бўлади.
Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун, икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса, дейилади, деганлар.

Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:

1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин эканлиги билинмаса, у шубҳали нарса бўлади.
Бунга уламоларимиз келажакда ўрганиладиган «Мухобара» номли муомалани мисол қиладилар.
2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам машҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди.
Мисол учун, «зобб» номли калтакесакдан катта, эчкиэмардан кичик ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.
3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб уламолар турлича тушунган нарсалар.
4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчаликми, доимийми эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар. Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш нарсалар.

Ушбу нарсаларга ўхшашларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва истисҳоблар билан солиштириб ўрганиб чиқадилар. Сўнгра эса ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин у ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқоридаги зикр этилган нарсалар зотидаги ҳалолик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотлардир.
Аммо, зоти ҳалол бўлган нарсани бирор кишига ҳалол мулк бўлишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:
Биринчи хили, ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.
Мисол учун бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин, отилган қуш сувга тушсаю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб бўғилиб ўлдими билиб бўлмайди. Уламолар бу ва бунга ўхшаш шубҳали ҳолатларга ҳаромлик устун эканлигига фатво чиқарганлар.
Бундоқ шубҳалар айниқса ҳалол билан ҳаромнинг арашалиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишни имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча маълум ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.
Яна бир мисол, бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким эканлиги айнан маълум эмас. Фақат, бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги билинади, холос.
Шу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганидан, шубҳадан қочиб уларнинг борортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.

2. Чегараланган ҳаром нарса чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкил эътиборидан шариат бундоқ ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.
Мисол учун ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканини яхши билади. Аммо, ким эканини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёлларни унга ҳаром деб эълон қилинмайди, балки, хоҳлаганига уйланаверади. Уламолар иттифоқи шундоқ.
Шунингдек, молу дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг аниғи номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки емоқ-ичмоқни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундоқ бўладиган бўлса, кишилар учун катта танглик пайдо бўлади
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаи киромларининг вақтларида рибохўрлик, ўғирлик содир бўлган, кўп молу мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз бунга ўхшаш нарсаларни сўраб суриштириб, четлашга уриниш васвасадир, дейдилар.

3. Чегараланмаган ҳаром, чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Ҳозирги замондаги моллар шунинг мисолидир. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат далил бўлган нарсанигина ҳаром, деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки, шариат ҳукми бўйича аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида ҳаромдан топилган молу-дунё, рибохўрлик фойдаси, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи таланиб олинган моллар аралашиб кетган.
Ҳеч ким мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳолол молларга аралашиб кетишига қарамай бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган.

НАРХНИ ЧЕГАРАЛАШ ВА ЭҲТИКОР

«Нархни чегаралаш» деганда ҳоким, унинг ноиби ёки ҳукумат томонидан нархни чегаралаб қўйишни тушунилади.
«Эҳтикор» (монополия) деганда эса турли услублар билан бир хил савдо молини эгаллаб олиб нархни оширишга урунишни айтилади. Исломда бу икки иш ҳам ҳаром, иқтисодий жиноят ҳисобланади.
Луғатда ушлаб туришга «Эҳтикор» деб айтилади.
Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархни ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга эҳтикор деб айтилади.
Ушбу таърифдан эҳтикор бўлмайдиган ҳолатлар ҳам аён бўлади.

1. Ўзи етиштирган нарсани ушлаб туриш эҳтикор эмас.
2. Қайта сотиш учун эмас, ўз эҳтиёжи учун сотиб олган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас.
3. Бошқа юртдан сотиб олиб келинган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас. Агар доимий равишда олиб келадиган одам бўлса-ю, нархни сунъий равишда ортдириш мақсадида ушлаб турса эҳтикор бўлади.

Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсаларнинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.
Биринчисини мутлақо мумкин эмас, десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас, деганлар.
Эҳтикор ҳақида юқоридаги мазкур ҳадисдан бошқа бир қанча ҳадислар ҳам келган улардан баъзиларини зикр қилсак мавзуъни яна ҳам очиқроқ тушунишимизга ёрдам берса, ажаб эмас. «Муломаса» луғатда, ушлаб кўриш, маъносини англатади.
Амалда эса матнда келганидек, ушлаганини олиш, қоидаси асосида савдо қилинади. Савдо молини айлантириб кўриш, яхшилаб текширишга имкон берилмайди. Қўлинг тегдими, оласан, деб туриб олинади. Албатта, бу ғиромликдан иборат нарса. Савдо деган икки томон розилиги билан, айби бўлса айтиб, кўриб, айниш ихтиёри билан бўлиши керак.
«Мунобаза» эса луғатда «ирғитиш» маъносини билдиради.
Амалда эса «қачон сенга ушбу кийимни ташласам савдо вожиб бўлур», дейишлик.
Бу ҳам ғирт ғирромликнинг кўринишларидан бири, шунинг учун ҳам Исломда бундоқ золимона савдони ҳаром қилган. Ҳозирда ҳам моли касодга учраб, савдоси юришмай қолган баъзи савдогарлар шунга ўхшаш ишларни қилишга ўтадилар. Бу эса шариатга тўғри келмайди. Мусулмонлар огоҳ бўлишлари керак.
«Нажш» сўзи луғатда шишириб кўрсатиш маъносини англатади.
Савдода эса бошқаларни алдаб қизиқтириш учун бир нарсани ортиқча баҳога сотиб олишга айтилади.
Бунда сотувчи билан келишиб олган шериклари бўлади. Сотувчи савдо молини мақтаб туради. Шериклар эса одам тўпланганда келиб, жуда зўр нарса экан, баҳоси ҳам арзон, деб хўжакўрсинга сотиб оладилар. Буни кўриб турган бошқа кишилар ҳам қизиқиб сотиб ола бошлайдилар. Бу иш очиқ ойдин алдамчилик экани кўриниб турибди. Бундоқ услуб билан пул мол топишни Ислом ҳаром қилди.
«Муҳоқала», «ҳақл» – дала сўзидан олинган бўлиб, даладаги ўсимликни сотиш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса ўсиб чиқаётган ёки чиққан майса экинни ўлчовли буғдойга сотишни англатади.
Бундоқ савдо мумкин эмас. Чунки, аниқ навли, маълум ўлчовли нарсани, ўзи йўқ, ўлчови ва нави маълум эмас нарсага алмаштириш ҳисобланади. Экилган буғдой униб чиқиб, етилиб ҳосилга кирадими, йўқми, яхши бўлиб пишадими, пишса нави қандоқ бўлади ҳаммаси номаълум. Бу ҳолда тайёр буғдойнинг эгаси куйиб қолиши мумкин.
«Музобана» «забн» қайтариш сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани олиб ўрнига бошқа нарсани қайтариш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса бир меванинг хўлини олиб қуруғини қайтаришга айтилади.
Мисол учун, дарахтда турган хўл хурмони олиб ўрнига қуруқ хурмо ёки токдаги узумни олиб ўрнига майиз қайтариш. Бу ҳолатда ҳам савдода аниқлик бўлмайди. Хўл мева қуритилганда ўз ўрнига олинган қуруқ мева сифати ва миқдорига тўғри келадими, йўқми маълум эмас.
«Муъовама» «ом» йил сўзидан олинган бўлиб йиллашиш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса бир дарахтнинг бир неча йиллик мевасини олдиндан сотишни билдиради.
Бундоқ савдо ҳам ҳаромдир. Чунки, унда йўқ нарсани, таслим қилиб бериб бўлмайдиган нарсани сотиш билан шуғулланади.
«Мухобара» «хабар» экишиш сўзидан олинган бўлиб, шерикликка ер экиш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса ер эгаси ўз ерини бир кишига бериб, ўзинг нима қилсанг, қилавер, менга маҳсулотнинг фалон қисмини берасан, дейишидир. Бу ҳам аниқ нарса бўлмагани учун жоиз эмас.
«Санъя» истисно маъносини англатади.
Воқеъликда эса бир нарсани номаълум қисмини истисно қилиб сотишга айтилади.
Мисол учун, сенга ушбу кийимларнинг баъзисидан бошқасини сотдим, дейишлик. Чунки, бунда ҳам номаълумлик бор. Унинг оқибати бир томонга зулм бўлиши, уруш-жанжал келиб чиқиши мумкин.
Агар ўша истисно қилинган нарса маълум бўлса, савдо жоиз бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рухсат берганлар.
«Ароя» орият вақтинча фойдаланиш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса бой одам камбағалга, ушбу дарахтнинг бу йилги мевасидан фойдаланавер, дейди.
Камбағал ўзига ориятга – вақтинча фойдаланишга – берилган дарахт олдига келиб-кетавериши бой учун ноқулайлик туғдириб қолиб, сенинг шу дарахтингдан чиқадиган мевани ҳозироқ бериб қўяй, деб у билан келишади. Ана ўша савдо истисно тариқасида жоиз. Чунки, икки ҳолатда ҳам камбағал фойда кўради. Айниқса, тайёр мева берилганда аниқ фойда муддатдан олдин юзага чиқади.
«Ароя» – орият – луғатда вақтинча фойдаланиш, деганидир.
Шариатда эса вақтинча фойдаланиш учун берилган нарсанинг фойдасини муддатдан илгари мол эгаси томонидан сотиб олинишига айтилади.
Мисол учун, бой одам камбағал кишига ушбу дарахтни сенга бир йилга ориятга – вақтинчалик фойдаланиб туришга бердим, дейди. Камбағал дарахтни парвариш қила бошлайди. Унинг келиб-кетиб ишлашлари бойга бир оз танглик туғдиради. Шунда бой шу дарахтингдан бу йил чиқадиган мевани менга сот, дейди. Истисно тарийқасида бунга шариатда рухсат берилган.
«Орият»ни қарз, деб ҳам аташ одат бўлган. Лекин бу икки нарса орасида фарқ бор.
«Орият» бир киши ўзининг ҳайвони, кийими ёки идиш ва шунга ўхшаш нарсаларини бошқа кишига вақтинчалик фойдаланиш учун бериб туришдир. Ориятга олинган нарсанинг ўзи яна эгасига қайтариб берилиши шарт.

1. Зоминлиги бор орият.
Бунда орият олувчи, ориятга олинган нарсага бирор нарса бўлса, тўлаб беришга зомин бўлади.
2. Адо қилинадиган орият.
Бунда, ориятга олинган нарсага, ориятга олувчининг айбсиз бирор нарса бўлса тўлаб бермайди.

«Ким ошди савдоси» ҳаммага маълум ва машҳур савдо. Унда савдо молини кўпчилик ҳузурида бозорга солинади. Бошланғич баҳо эълон қилинади. Биров мен шу баҳони бераман, дейди. Сотувчи, ким ошди? дейди. Бошқа биров нархни оширади. Охирги нархни берган одам молни сотиб олган бўлади.

РИБО ВА САРФ ҲАҚИДА

«Рибо» луғатда зиёда маъносини англатади.
Шариатда эса молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишга айтилади.
Рибо (судхўрлик) бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз беришнинг ўрнига, судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни, мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан, дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.
Бизнинг тилимизда «рибо» сўзи судхўрлик деб таржима қилиб келинган.
Яхшироқ тушуниш, маънонинг Қуръони Каримдагига янада яқинроқ бўлиши учун айтиш керакки, араб тилида «рибо» сўзи зиёда бўлди, кўпайди маъносини англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган зиёда рибодир.

Рибо икки хил бўлади:

1. Насия рибоси:
Қарзни адо этишни кечга суриш эвазига олинадиган фойда. У оддий қарз бўлса ҳам сотиб олинган нарсанинг нархи бўлса ҳам бари-бир.
2. Савдо рибоси:
Олтин, кумуш, буғдой, арпа, туз ва хурмоларда бир жинсдаги нарсани алмаштиришда зиёда олишдир. Буни Рибо ал-Фазл ҳам дейилади.
Сарлавҳада келган иккинчи сўз «Сарф» эса луғатда «Зиёда» маъносини билдиради.
Шариатда - нақд пулни нақд пулга, хоҳ бир жинсдан бўлсин, хоҳ турли жинсдан бўлсин, сотишга айтилади.

САЛАМ ҲАҚИДА

«Салам» луғатда таслим қилиш-бериш маъносини англатади.
Шариатда эса зиммадаги васф қилинган молнинг қийматини олдиндан беришга айтилади.
Бундоқ савдони «салаф» ҳам дейилади, бу қийматни олдин берилган деган маънони англатади.
Бу савдо ҳожат тушганда рибо аралашмаслиги шарти ила жоиз. Яъни, олди сотди қилинаётган нарса бир хил бўлмаслиги ва рибони бошқа кўринишлари бўлмаслиги керак.
«Салам»да олувчи сотувчига: «Мен сенга бу дийнорни фалон нарсани менга сотишинг учун, фалон вақтда ва фалон жойда беришинг учун топширдим», дейди.

Салаф савдода қуйидагилар бўлиши шарт:

1. «Маълум ўлчов». 
Соъ, мудд каби ёки бошқа ўлчовлар аниқ айтилиши керак. Мен сенга бу динорларни бунча соъ хурмо учун бердим, деб, сотиб олинаётган нарсанинг ўлчови аниқ айтилиши керак.
2. «Маълум вазн».
Нархи олдиндан берилаётган савдо молининг вазни, агар унинг миқдори вазн билан ўлчанадиган бўлса, аниқ айтилиши керак. Мисол учун, мен сенга ушбу динорлари менга бунча мисқол тиллони сотишнинг учун таслим қилдим, дейиши керак.
3. «Маълум муддат».
Яъни, нархи олдиндан берилган савдо моли харидорга қачон берилиши ҳам аниқ келишиб олиниши керак. Ана шунда турли келишмовчиликларнинг олди олинган бўлади.

ГАРОВ

Биз «гаров» деб таржима қилган сўз арабчада, «раҳн» дейилиб, луғатда тутиш, давомийлик ва субут маъноларни билдиради.
Шариатда эса «қарз сабабидан ҳужжат сифатида ишонч учун тутиб қолинган молга гаров», дейилади.

ШУФЪА

«Шуфъа» луғатда, қўшиш маъносини англатади.
Шариатда эса эски шерикка шериклик нарсани сотиб олиш имтиёзи мажбуран берилишини, англатади. Яхшироқ тушуниб олиш учун мисол келтирайлик:
Икки киши шерик бўлиб бир ҳовли олишган. Вақт ўтиб, бирлари ўз ҳиссасини сотмоқчи бўлса, ўша сотиладиган қисмини олиш имтиёзи эски шеригига берилади. У хоҳласа, биров қарши чиқа олмайди, ҳатто сотаётган шериги ҳам, сендан бошқага сотаман, дея олмайди.

ИЖАРА

Луғатда «Ижара», ажр, берилган ҳақ маъносини билдиради.
Шариатда эса маълум эваз бадалига бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилишга оид қасд қилинган аҳдномага ижара, дейилади.
Маълум эваз бадалига, дейилганидан, маълум эваз бадалига бўлмайдиган, ҳиба, васият, шериклик ва ориятга бериш каби муомалалар ижарага кирмаслигини билдиради.
«Бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилиш», деганидан эса жинсий алоқага оид ақдлар чиқиб кетади, чунки, у ижара дейилмайди. Эркак ҳайвонларни (эркаклигидан истифода қилиш учун) ижарага олиб бўлмайди.
«Қасд қилинган» деганидан қасд қилинмаган, арзимаган нарсалар чиқиб кетади. Улар ҳам ижара дейилмайди.
«Маълум» дейилганидан, номаълум нарсаларга одам ёки нарса ишлатиш чиқиб кетади. Ундоқ ақдни музораба ёки жаъола, дейилади.
Ҳанафий мазҳабида эса қисқа қилиб:
«Ижара эвазли манфаатлар учун тузилган ақддир», дейилади.
Яъни, ижарада икки томон манфаати асос бўлади. Ижарада мулк бир томондан иккинчи томонга бир йўла ўтиши ҳам йўқ. Шунингдек, бир нарсадан бир томон манфаат олиб, иккинчи томон манфаат олмаслиги ҳам йўқ.

ШАРИКАТ ВА ВАКОЛАТ

«Шарикат» ёки «ширкат» луғатда, аралашиб кетиш маъносини англатади.
Шариатда эса ширкат раъсулмол ва фойда хусусида шерик бўлганлар орасидаги ақддан иборатдир.
«Ваколат» луғатда вакил, намоянда қилмоқ маъносини англатади.
Шариатда эса бир кишининг ўз ўрнига бошқа бир кишини мутлақ ёки шартли равишда қўйишидан иборатдир.
Ислом уммати доимо молу мулкда, молиявий муомалаларда шерикликни маъқуллаб келган. Чунки, модомики кишилар бир жамиятда яшар эканлар бундоқ ишга муҳтождирлар.

Ширкатлар бир неча хил бўлади:

1. Абдон ширкати.
Бу хилдаги ширкатда ҳар ким ўз ҳиссаси билан иштирок этади. Бировнинг ҳиссаси кўп, бошқаники оз бўлиши мумкин. Биров ширкат ишида масъул, бошқаси масъул эмас бўлиши ҳам мумкин. Кўпроқ тарқаладиган ширкат ҳам шу.
2. Муфоваза ширкати.
Тенгдошлик ширкати. Бундоқ ширкатда шерикларнинг раъсулмолдаги ҳиссаси ҳам, ширкатдаги иши ҳам ва фойдадаги улуш ҳам тенг бўлади.
3. Зиммадорлик ширкати.
Моли ҳам, иши ҳам йўқ шахслар шерик бўлиб баробар нарсани насияга олиб, ўшани ишлатиб тушган фойдасини бўлиб олиш билан шуғулланади.
4. Музораба ширкати.
Бунда раъсулмол бир томондан, хизмат иккинчи томондан бўлади. Молнинг эгаси ишчи билан келишиб, молни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан бўлиб олинади. Зарар эса мол эгасига бўлади. Ишчи эса қилган меҳнатидан зарар кўради, холос.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом шариатида ширкатлар ишига катта эътибор берилган. Чунки, эркин иқтисодий ривожланиш асосан ширкатларга боғлиқ. Кўпчилик бир ўзи бирор ишни юритиши қийин. Ширкат бўлганда эса иш осонлашади. Шунинг учун ҳам эски фиқҳ китобларимизни варақлайдиган бўлсак, бу масалада ҳаддан зиёд кўп ва фойдали маслаҳатларни кўрамиз. Мусулмон кишилар топган молу-мулклари ҳалол-пок бўлишини истасалар бошқа иқтисодий фаолиятлари қатори ширкат ишларида ҳам шариат кўрсатмаларига амал қилмоқлари лозим.

ҚАРЗ ҲАҚИДА

«Қарз» луғатда қирқиш маъносини билдиради. Чунки, қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб қарзга беради.
Шариатда эса бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини қайтариб бериш шарти билан мулк қилиб беришдир.
Демак, қарзга олинган нарса қарзга олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берувчига эса бадалини берса бўлади.

ҲАВОЛА ВА КАФИЛЛИК

«Ҳавола» - бировга ўтказиш деганда, қарздор ўзида ҳаққи бор кишига, фалончиниг мендан қарзи бор, сен мендаги ҳақингни ўшандан ол, дейишдир.
Кафиллик, маълум нарса, биров бошқага кафиллик қилади. Бу икки нарса ҳам жоиздир.

МУСОҚОТ ВА ХАРС

Мусоқот - шериклик учун суғоришдан, шерикликка боғдорчилик қилиш тушунилади. Бир кишининг боғи бўлади. Уни боғбонга беради. Ораларида йиғиладиган маҳсулни маълум миқдорда бўлиб олишга келишилади.
Мевани дарахтда турганда тахмин билан ўлчашни арабчада – харс - дейилади. Харс молиявий муомалаларда ҳам келиши мумкин бўлгани учун бу ерда ҳам зикр қилинмоқда.

ЖОИҲА

Экинларга офат етгандаги ҳолат «жоиҳа» дейилади.
Экинларга офат етганда, хусусан, икки томондан молиявий муомалага кириб қолган экинларга офат етса нима бўлади? Мисол учун, бир деҳқон бировнинг ерини олиб, шартнома асосида экди. Аммо, сел, дўл, бошқа бирор офат ёки ҳашорат туфайли ҳосил ола билмади, ҳосили кам ёки сифатсиз бўлди. Бундоқ ҳолда қандоқ тасарруф қилинади?
Бир киши етилган меваларни сотиб олган. Лекин, уларни териб олиб савдога қўйгунча бўлмай офат етиб, мевалар ҳалокатга учраган. Оқибатда қарзга ботиб қолган. У кишини ноқулай ҳолатдан чиқариш ниятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни унга садақа қилиш орқали ёрдам беришга чақирганлар. Аммо, бу ҳам кифоя қилмаган. Сўнгра охирги чора сифатида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдорларга борини олиб, қолганига рози бўлиб қўйишни тавсия қилганлар.
Демак, шунга ўхшаш, бирор офат туфайли экин-тикинида мусибатга учраб, оғир иқтисодий ҳолатга тушиб қолган кишига, мусулмонлар оммаси қўлларидан келганича ёрдам беришлари керак. Ундан ҳақдор бўлган кишилар ҳам борини олиб, қолганига рози бўлиши керак.
Мва дарахтда турган ҳолида сотилган, аммо сотиб олган киши нархни тўламай туриб, дарахтда турган меваларга офат етган. Бу ҳолда зарарни сотувчи кўтаради.
Бу масала жуда ҳам кенг ўрганилган ва уламолар орасида тортишувларга сабаб бўлган. Умумий ҳолатга қараб жумҳур уламолари, зарарни сотувчи кўтаради, деганлар.
Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари эса зарарни харидор кўтаради, деганлар. Лекин, ҳамма бараварига, зарар тортганга ёрдам берилади, деган.
Тафсилотга келганда эса қайси экин ва мевалар бу масалага оид, қайсилари оид эмас ва бошқа турли жиҳатлар майда-чуйдасигача ўрганиб чиқилган. Яъни, бошқа масалалар қатори бу масала ҳам ўзига керакли эътиборга эга бўлган.

ҲАДИЯ

«Ҳадия» деганда бир одамни бошқасига эвазсиз ва беғараз шаклида белгиланган молиявий нарса тушунилади. Уни, ҳадя, ҳиба, атияя, минҳа ва бошқа сўзлар билан ҳам аталиши мумкин ва бу номларнинг ҳаммасининг ўзига яраша хусусиятлари ҳамда тегишли ҳукмлари бор.

МАНИЙҲА

«Манийҳа» соғиб ичиб туриш учун берилган туя, қўй ёки сигирдир. Бу ҳам ўз эгасига, ўз вақтида қайтарилиши лозим. Ўзига ёрдам сифатида вақтинча соғиб ичиб туриш учун берилган ҳайвонни эгасига бермай қўйиш ўта номардлик ва инсофсизлик бўлади. Бир одамнинг Аллоҳ берган ҳаққини поймол этиш бўлади.
Қишлоқ жойларда болали, камбағал оилалар соғиб ичадиган ҳайвонга ўта муҳтож бўладилар. Ундоқ оилалар ҳар қандай қийинчиликларга чидаб бўлса ҳам оиладан соғин ҳайвонни йўқотмасликка ҳаракат қиладилар. Чунки, уларнинг тирикчиликларининг бир томони шунга боғлиқ бўлиб қолади. Ана шундоқ ҳолда бир бой-бадавлат одам бир соғин ҳайвонни соғиб ичиб туриш учун бирор камбағал, муҳтож оилага берса, ҳақиқатдан улуғ иш қилган бўлади. Унга ажру савоблар улуғ бўлиши турган гап.

УМР БЎЙИЧАГА ВА ЎЛГУНЧАГА БЕРИШ

Ушбу икки маънони арабчада «Умраа ва руқбаа» дейилади.
«Умраа» деганда шу нарсани сенга умрбодликка бердим, деган бўлади. Яъни, бу дунёда умр кечириб турсанг сеникидир, деган бўлади.
«Руқбаа» эса муроқобот кутиб туриш маъносини билдиради. Унда бу нарса сенга, сен олдин ўлсанг, менга қайтади, мен олдим ўлсам, сенда қолади, деган бўлади.
Биров бошқасига ушбу нарсани сенга умрбодга бердим, деб берса, у олиши билан ўша нарса олган одамнинг мулкига айланади. Бундан кейин барча муомалалар унинг мулкига бўлган муомалага ўхшаш бўлар экан. Ҳатто, умридан кейин, яъни, ўлганидан кейин ҳам ўша одамнинг мулки сифатида меросхўрларига қолади.

ҚАТИЙЪА - СУЮРҒОЛ

«Суюрғол» сўзи ҳозирги замон истилоҳида йўқ. Чунки, бу сўзга тегишли иш қолмаган. Илгари подшоҳ томонидан бир кишига совға тариқасида бўлиб берилган ерга «суюрғол», дейилган.
Бу маъно арабчада «Қатийъа», дейилади. Ислом давлати раҳбарига ўзи хоҳлаган кишига суюрғол ери бериш ҳуқуқи берилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қарз, луғатда .қирқиш, маъносини билдиради. Чунки қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб, қарзга беради.Шариатда эса, бошқа кишига бир нарсани унинг давоми...

7166 05:00 / 17.02.2017
Таърифи .Ғарар, луғатда хатар маъносини билдирадиПайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарар савдосидан қайтарганлар. Муслим ривояти. 10157.Фиқҳий истилоҳга кўра, давоми...

3823 05:00 / 17.02.2017
Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялинибёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш давоми...

7304 11:12 / 12.11.2020
I. Ижарага оид шарт.Икки томоннинг розилиги.II. Ижара қилинган нарсадаги шартлар1. Ижара қилинган нарса низони ман қиладиган даражада маълум бўлиши шарт.Бунда ундан давоми...

5096 16:30 / 22.09.2017