1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Танамиздаги қўриқчилар

13:00 / 08.02.2021 3715 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ ۖ وَيُرْسِلُ عَلَيْكُمْ حَفَظَةً حَتَّىٰ إِذَا جَاءَ أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ تَوَفَّتْهُ رُسُلُنَا وَهُمْ لَا يُفَرِّطُونَ۝

«У бандалари устидан мутлақ ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборур. Ниҳоят, бирортангизга ўлим келганда, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирадир» (Анъом сураси, 61-оят).

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

إِن كُلُّ نَفْسٍ لَّمَّا عَلَيْهَا حَافِظٌ۝

«Ҳеч бир жон йўқки, унинг муҳофаза қилиб турувчиси бўлмаса» (Ториқ сураси, 4-оят).

Агар ушбу оятнинг аввалги муфассирлар томонларидан қилинган тафсирларини кўрсак, қуйидаги маъноларни топамиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу иккинчи оят борасида «Ҳар бир нафс устида муҳофаза қилиб турувчи фаришталар бор» деганлар.

Қатода раҳимаҳуллоҳ иккинчи оят борасида «Ҳафазалар сенинг амалингни, ризқингни ва ажалингни муҳофаза қиладилар. Эй Одам боласи, агар вафот этсанг, Роббингнинг ҳузурига қайтариласан» деганлар.

Баъзи тафсирларда иккинчи оят борасида «Ҳар бир нафс устида Аллоҳ тарафидан юборилган муҳофаза қилувчи бўлиб, у нафсни офатлардан қўриқлаб туради» дейилган.

Яна бир тафсирда иккинчи оят борасида «Нафснинг солиҳ ва ёмон амаллари муҳофаза қилинади. Нафснинг ана шу муҳофаза қилинган амалига яраша мукофот-жазо берилади» дейилган.

Агар оятдаги «муҳофаза қилиб турувчи» деб маъно берилган «ҳаафиз» сўзига илмий томондан назар солсак, нафсимизда битта эмас, кўплаб муҳофаза қилувчилар борлигини кўрамиз. Бу муҳофаза қилувчилар инсонни турли нарсалардан, кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган зарарлардан Аллоҳ таолонинг фазли билан ҳимоя қилиб туради. Масалан,

Теримиз. 

Теримиз танамиздаги суюқликни сақловчи, унинг қуриб қолишининг олдини олувчи восита сифатида бутун жисмимизни ўраб туради. Кучли даражада куйган кишилар терисига назар солинг. Уларнинг териси устида ҳам ўлик ҳужайралардан иборат пардасимон қават мавжуд. Ушбу пардасимон қават, Аллоҳ таолонинг фазли билан, тўқималар орасига касалликка сабаб бўлувчи микроблар киришининг йўлини тўсиб туради. Аллоҳ таоло барчамизни турли мусибатлар қаторида, куйиш каби мусибатлардан асрасин!

Шунингдек, теримизда ҳужайралар ва сезги нуқталари мавжуд бўлиб, улар шахснинг, уни ўраб турган муҳитнинг ўзгаришлари, масалан, иссиқлик, совуқлик, турли зарарли таъсир қилувчи нарсаларни сезишига хизмат қилади. Аллоҳ таолонинг изни билан теримиз бизни турли хатарлардан ҳимоя қилади. Қолаверса, теримизда тер безлари мавжуд бўлиб, улар тер ишлаб чиқаради. Тер жуда шўр суюқлик бўлиб, микробларни ўлдиришга, энг камида уларнинг фаолиятини тўхтатишга хизмат қилади. Тер ҳаво иссиқ пайтларда, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан, танамиз ҳарорати кўтарилиб кетишининг олдини олишда хизмат қилади.

Кўзимиз.

Агар кўзимизга ва ундаги аъзоларга назар солсак, Аллоҳ таоло уни кўплаб қўриқчилар билан жиҳозлаб қўйганини кўрамиз. Масалан, киприклар кўзга тупроқ ва шамол киришидан ҳимоя қилиб турса, қовоқлар инсон кўзларини тез юмиб-очиши учун хизмат қилади. Айниқса, ҳаром нарсалар чиқиб қолганда, кўзни дарҳол юмишда қўл келади. Кўзга ёруғлик тушганда, ундаги опсин моддаси ретинин моддаси билан реакцияга киришиб, родопсин моддасини ҳосил қилади. Кўриш жараёни ташқи дунёдаги нарсалардан қайтадиган ёки сочиладиган ёруғлик нурларининг Кўзга таъсир этишига асосланади. Моҳияти шундан иборатки, ташқи дунёдаги нарсалардан кўзга келувчи ёруғлик нурлари кўзнинг тиниқ муҳитлари (мугуз парда, суюқлик, гавҳар ва шишасимон тана) орқали ўтиб ва уларда синиб, тўр пардага тўшади ва унинг ҳужайралари (таёқчалар ва колбачалар)да фотокимёвий реакцияни вужудга келтиради (ўша ҳужайраларда ёруғсезгир моддалар парчаланади), натижада ёруғлик энергияси нерв импульси (қўзғалиш)га айланади, бу импульс тўр пардадан бош миядаги кўриш йўли орқали бош мия пўстлоғининг энса қисмларидаги кўриш марказларига боради, ёруғлик таъсирлари ана шу марказларда муайян образлар сифатида идрок этилади.

Кўзларимиз бош суягимизнинг кўз косаси деб аталадиган жойида, яъни ичкарироқда, ботиқроқ жойда жойлашган. Бу эса ташқаридан бўладиган турли зарбалар, таъсирлардан кўзни ҳимоя ҳимоя қилиш учундир.

Шунингдек, кўзга бирор нарса тушганда, масалан, бактерия, микроб, ёт жисмлар тушганда, Аллоҳ таолонинг фазли билан, кўз лизосома деб аталадиган махсус суюқлик ишлаб чиқаради. Аллоҳ таолонинг изни билан бу суюқлик ўша ёт жисмларни, бактерия ёки микробни парчалаб, йўқ қилади.

(Давоми бор)

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Асалари гоҳида хамр маст қилувчи нарса истеъмол қилиб қўяди ва бунинг учун жазоланади. Олимлар асалари ҳаётини ўрганиш чоғида бу ҳолатни аниқладилар. Олимлар давоми...

3941 11:00 / 11.10.2021
Ернинг ҳаво қобиғи турли газдан иборат. Бу газларнинг 78 фоизини азот, 21 фоизини кислород, 1 фоизини аргон, карбонат ангидрид, водород, гелий каби газлар ташкил давоми...

2502 20:30 / 24.07.2021
Маълумки, тиббиётда шахсий гигиена деб аталувчи тушунча мавжуд. Шахсий гигиена ҳар бир кишининг ўзига ва ёшига боғлиқ бўлиб, ақлий ва жисмоний меҳнатни тўғри давоми...

5475 11:59 / 29.10.2018
Бугунги кунда ушбу сувда яшовчи балиқнинг ўн икки оилага мансуб тахминан, 170 тури мавжуд. Бу балиқ денгиз сатҳидан 300 метрдан 5000 метргача бўлган чуқурликда яшагани давоми...

4501 17:00 / 26.02.2022
Аудиолар

135087 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55364 14:35 / 11.08.2021