1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Набавий мўъжиза : Таомни бошқалар билан баҳам кўриш

13:43 / 31 октябрь 1120 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларининг ҳаммасини илм тасдиқлади ва бугун олимлар у зотнинг таомни бўлишишга чақирувларини такрорламоқдалар.

Британияда ўтказилган янги тадқиқотда (Чиқиндилар ва Ресурслар Ҳаракати Дастури деб номланган Британия нодавлат ташкилоти томонидан олиб борилган) одамлар сотиб олган озиқ-овқатнинг учдан бир қисми ахлат қутисига ташлаб юборилар экан. Британиянинг Тессо компанияси каби энг йирик ресторанлар тармоғидан иборат бўлган компанияда ҳар йили 60 000 тонна овқат исроф қилинар экан.

«Бунга ўхшаш ҳолатларни тезлик билан ҳал қилиш керак», дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги» ташкилоти (ФАО) тадқиқотчиси Девин Неген. – Биз ҳаракатни истеъмолчиларга озиқ-овқатни исроф қилиш катта муаммо эканини тушунтиришдан бошлашимиз керак. Чунки ҳар йили миллионлаб тонна озиқ-овқат фойдаланилмасдан чиқиндиларга ташланмоқда. Тасаввур қилинг-а, бу миқдордаги таом камбағалларни боқиш учун ишлатилганда борми, Ер юзида бирорта ҳам оч инсон қолмасди.

Германия озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларига озиқ-овқат чиқиндиларини идеал тарзда утилизация қилишни юклаган биринчи Европа давлатидир. Ундан кейин Франция давлати 2012 йилда озиқ-овқат дўконларига озиқ-овқат чиқиндиларини утилизация қилиш тўғрисидаги қонунни жорий қилган. Мутахассислар бу ҳолат ривожланиши ва бутун Европа бўйлаб тарқалишига умид қилмоқда.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш чораларини кўриш қийин эмас ва қолган озиқ-овқатларни ташлаб юбориш муаммоси дунёнинг бошқа мамлакатларидаги очарчилик муаммосини бартараф этиши мумкин. Озиқ-овқат мутахассислари ушбу ҳолатга қуйидаги маслаҳатни беришди: «Қолган овқатни ташлаб юборманг, ундан фойдаланишга ҳаракат қилинг ёки муҳтожларга улашинг!»

Очлик ва қашшоқликни йўқ қилиш учун озиқ-овқат қолдиқларини сақлаш ва исрофгарчилик муаммосини ҳал қилиш билан шуғулланадиган кўплаб ташкилотлар тузилди. Ҳатто бу масала ҳукуматларнинг диққат марказида бўлиб қолди. Улар инсонларни атроф-муҳитни асраш, камбағалларни таомлантириш, овқат қолдиқларини ташламаслик, эҳтиёждан ортиқ озиқ-овқат сотиб олмасликка тарғиб қиляптилар.

Бу мавзуда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор ҳадис ворид бўлганми?

Маълумки, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб овқатни намунали тарзда истеъмол қилиш ва нима бўлишидан қатъи назар уни ташлаб юбормаслик зарурлигига даъват этганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшни, мискин ва камбағални овқатлантиришга буюрганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кишига тайёрланган таом уч кишига кифоя қилади. Уч кишига тайёрланган таом тўрт кишига кифоя қилади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Имом Муслимнинг Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида: «Бир кишининг таоми икки кишига, икки кишининг таоми тўрт кишига, тўрт кишининг таоми саккиз кишига кифоя қилади», дедилар.

Бу қоида озиқ-овқатни исроф қилмаслик ва мўминнинг ўз эҳтиёжидан кўп эмас, балки бироз озроқ таом ҳозирлаш зарурлигига далолат қилади.

Имом Бухорий Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.

«Суффа аҳли фақир инсонлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг ҳузурида икки кишига етадиган овқат бўлса, учинчи кишига берсин ва кимнинг ҳузурида тўрт кишилик таом бўлса, бешинчи ёки олтинчи кишига берсин», дедилар».

Бу озиқ-овқатнинг ҳаммасини ейишга ва озгина бўлса ҳам ташлаб юбормасликка очиқ чақириқдир. Овқатингиз бўлганда, қўшнилар, дўстлар ёки қариндошлар каби бошқаларни овқатлантиришга ҳаракат қилинг. Қолган овқатни ташлаб юборманг, чунки бу билан баракасини йўқотасиз.

Ажабланарлиси шундаки, айни олижаноб набавий даъват бугунги кунда тадқиқотчилар томонидан том маънода такрорланмоқда.

Бу немис веб-сайтидан кўчирилган расм. Улар овқатни улоқтириш ўрнига уни бошқалар билан бўлишиш ташаббусини тақдим этишмоқда. Бу каби ҳаракатларнинг илк ташаббускори Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эмасмидилар?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озиқ-овқат исрофгарчилиги муаммосининг ечимини одамлар қабул қиладиган ва ҳозирги кунгача амал қилиб келаётган оддий сўзлар билан баён қилганлар! Аммо олимлар бу катта муаммони қандай ҳал қилишни билмай, саросимага тушиб қолишади, бу давлат қонун чиқаради, у давлат жазолайди, бошқаси жарима солади. Бироқ муаммони тубдан ҳал қилишмайди.

Мана шу ерда меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюкликлари яққол кўринади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялар эдилар.

Анас айтдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сизлардан бирортангизнинг луқмаси тушиб кетса, унинг ёмон жойини олиб ташлаб есин. Шайтонга (насибасини) қолдирмасин», дедилар. Ва яна лаганни яланишини буюриб: «Чунки таомингизнинг баракаси қаерда эканини билмайсизлар», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озиқ-овқат қолдиқлари қолмаслиги учун косани ҳам ялаб қўяр эдилар. Бу неъматни сақлашнинг, атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг чўққисидир.

Тасаввур қилинг-а, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир луқма ҳам биздан тушиб, исроф бўлишини истамаганлар. Бу қандай ташвиш-а! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли кўрсатмалари қаердаю, дунё олимлари қаерда! У зот ҳақиқатдан ҳам кўплаб олимлар эътироф қилганидек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида етакчидирлар.

عَنْ نُبَيْشَةَ الْخَيْرِ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ : « مَنْ أَكَلَ فِي قَصْعَةٍ ، ثُمَّ لَحِسَهَا اسْتَغْفَرَتْ لَهُ الْقَصْعَةُ » . رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَةْ وَالتِّرْمِذِيُّ .

Нубайшатул Хойр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бирор идишдан таомланиб, сўнг уни ялаб тозалаб қўйса, идиш уни ҳаққига мағфират сўрайди» дедилар».

Термизий ривояти.

Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни овқат қолдиқларини қолдирмасликка ва бу амални қилган киши учун мағфират бўлишига қизиқтиришларини биляпсизми? Бу суннатга амал қилган мусулмон савоб ҳам олади.

Бу бизнинг Исломимиз! Унда бахт-саодат, барака, бошқаларга меҳрибонлик ва уларга таом бериш, меҳмонни ҳурмат қилиш ва қариндош-уруғларга эҳсон қилиш, атроф-муҳитни асраш, уни ифлослантирмаслик бор. Атроф-муҳит ифлосланишининг учдан бир қисмига озиқ-овқатнинг исроф қилиниши сабаб бўлади. Агар озиқ-овқат набавий таълимотларга мувофиқ муҳофаза қилинса, биз ифлосланишни учдан бирига камайтирамиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу таълимотларида дунёни қамраб олган очарчилик ва глобал исиш муаммосининг ечими бор. Шундай экан, Роббимизнинг шариатига тўлиқ амал қилиб, У Зотга чинакам қул эканимизга таслим бўлайлик. У Яккаю, Ягонадир, Ундан бошқа илоҳ йўқдир. Аллоҳ таолога ишонмайдиганлар, кўзингизни очинг, иймонга келинг, яратувчи ҳам, ризқ берувчи ҳам Удир!

Роббимиз Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Ёки махлуқотни аввал бошдан яратадиган, сўнгра уни яна қайта яратадиган ва сизларни осмонлару ердан ризқлантирадиган Зот (яхши)ми? Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! «Агар ростгўй бўлсангиз, далилингизни келтиринг», – дегин» (Намл сураси, 64-оят).

Абдуддоим Каҳел мақоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Урғочи чивин фақат инсон қони билан озиқланса, эркак чивин эса дарахт барглари била озиқланади. Шунингдек, денгиз сувининг кимёвий таркиби инсон қонининг кимёвий давоми...

2083 19:15 / 19 март
Баъзи одамлар қоринлари билан ухлайдилар.Баъзилари орқалари билан чалқанча ётиб ухлайдилар.Баъзилари чап тарафлари билан уйқуга ётадилар.Баъзи инсонлар ўнг давоми...

3419 09:03 / 25.01.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўзларидаги оят белгиларимизни яқинда кўрсатамиз. Токи, уларга унинг давоми...

3624 11:00 / 26.02.2021
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, давоми...

3011 14:00 / 05.01.2023