1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

Умматим, умматим деб йиғлаган зот

11:00 / 06.02.2021 2687 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Ота-онамизни, ака-ука, опа-сингилларимизни, фарзандларимизни нега яхши кўрамиз? Чунки уларни яқиндан таниймиз, нима ёқтиришлари, нима кийишлари, қандай гапиришлари, қандай юришларини пухта биламиз. Қолаверса, ўртада ота-болалик, она-болалик, қондошлик, жигарлик ришталари ҳам бор.

Баъзан танимаган кишимиз билан оддий кўришсак, бирор киши келиб, ўша одамнинг биз яқиндан танийдиган танишимизнинг ўғли ёки укаси эканини айтса, ўртадаги масофа қисқариб, аввалгидан кўра яқинроқ масофада кўришамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَّحِيمٌ۝ 

«Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизни ардоқловчи, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди» (Тавба сураси, 128-оят)

Аллоҳ таоло бу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча сифатлари баён этяпти. Булар:

Ўзингиздан бўлган.

Яъни, фариштадан эмас, инсон наслидан бўлган Пайғамбар.

Машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган.

Яъни, мўминларнинг қийналишлари, озорга учрашлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир бўлган.

Сизни ардоқловчи.

Яъни, сизнинг ҳидоят топишингизга ҳарис, ҳақ йўлда бўлишингизга ўч бўлган Пайғамбар.

Мўминларга мушфиқ, меҳрибон.

Яъни, ўз умматлари учун мушфиқ, меҳрибон, уларга осонликни истайдиган, машаққат бўлишини истамайдиган Пайғамбар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматлари учун ана шундай меҳрибон, ҳидоятда бардавом бўлишимизга ҳарис, мушфиқ эдилар. Биз ҳамма инсонлардан ҳам кўпроқ у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришимиз керак.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди», дедилар.

Хўш, биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни барча инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрамизми?

Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-онамиз, оила аъзоларимиздан кўра яхшироқ, яқинроқ таниймизми? Биз ахир у зот алайҳиссаломнинг умматларимиз.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

• қандай инсонларни ёқтиришларини

• қандай амалларни ёқтиришларини

• хулқлари

• либослари

• оилавий ҳаётлари қандай бўлганини

• фарзандлари

• жуфту ҳалоллари кимлигини

• фазилатлари қандай бўлгани

• қанча ғазотларда иштирок этганлари

• нечта ҳарбий гуруҳни турли жойларга юборганлари

• инсонлар билан қандай муомала қилишлари

• насаблари

• ташқи кўринишлари қандайлиги

• қачон пайғамбарлик келгани

• ваҳийни қандай қабул қилишлари

• Маккада неча йил турганлари

• Исро ва Меърож воқеалари қачон, қандай содир бўлгани

• ҳижратлари

• Мадинада қанча яшаганлари

• неча ёшларида Рафийқул Аълога интиқол қилганларини биламизми?

Агар шуларни ихлос билан ўргансак, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ яхши кўриб қоламиз.

Ўзимизга савол берайлик:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ яхши кўраманми ёки ота-онамними? Ёки фарзандларимними? Ёки оиламними? Ёки ака-укаларимними? Ёки опа-сингилларимними? Ёки пул, тижоратними? Ёки машинамними?»

Бу саволга нима дея оламиз? Бу кимнидир имтиҳон қилиш эмас, ҳар бир одам саволни ўзига бергач, ҳолатини ўзи билади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини ўйлаб, кўзларига ёш олдилар. Умматим, умматим” деб изтироб чекдилар. «Биродарларимни кўргим келди» деб, у зот биз умматларини «Биродарларим» деб атадилар. Шундай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни севмай бўладими?

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай яхши кўришни саҳобаи киромлардан ўрганамиз. Улар гаплари орасида тез-тез «Жоним сизга фидо бўлсин!» дердилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-онамиздан, фарзандларимиздан, ўзимиздан ва барча инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрмагунимизча, иймонимиз комил бўлмаслигини унутмайлик!

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ, яқинроқ танишга уринайлик ва бу уринишимизни йил бўйи давом эттирайлик!

(Давоми бор)

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломни Қуръони Каримда ўн олти марта зикр қилган. У зот ҳақларида Бақара, Нисо, Моида, Анъом, Исро, Анбиё, Намл, Саба ва Сод давоми...

39491 15:50 / 28.04.2017
иккинчи мақолаЎзимиз уриниш билан бирга оила аъзоларимизга ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни танитишга ҳаракат қилайликАллоҳ таолонинг энг маҳбуб Расули давоми...

2326 11:00 / 07.02.2021
ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИБиринчи инсон ва биринчи Пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади .Эсла, давоми...

56661 15:54 / 28.04.2017
РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯНИНГ ИНСОНИЯТГА ФАЗЛИ ВА УНИНГ ОЛАМШУМУЛ АРҒУМОНЛАРИРИСОЛАТ ВА ДИЁНАТЛАР ТАРИХИДАГИ БЕНАЗИР ЭЪЛОН.Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳамад давоми...

4525 18:42 / 28.04.2017