1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

ЭРКАКЛАРГА ИПАК, ТИЛЛО ВА КУМУШНИНГ ҲАРОМЛИГИ ҲАҚИДА

05:00 / 02.03.2017 9849 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эр кишилар кўлларига тилло узук ва соатлар, бўйинларига тилло занжирлар тақишни ўзлари учун фахр биладиган бўлиб қолдилар. Ўйлаб кўрайлик-а! Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани одамлар фахр ила қилмоқдалар. Ҳаттоки баъзи ғарбдаги бетайнларга эргашиб қулоқларига тилло исрға тақиб оладиганлар ҳам бор...

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бу дунёда ипак кийса, охиратда уни киймас», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадислари эркак кишиларга ипак кийим кийиш мумкин эмаслигининг ишончли далилидир. Бундан охиратда ипак кийим киймоқчи, бошқача қилиб айтганда жаннатдан жой олмочи бўлган эр киши бу дунёда шариат амрига итоат қилиб мутлақо ипак кийим киймаслиги лозим бўлади. Чунки, охиратда ипак кийим кийиш жаннати бўлишнинг рамзидир.
Исломда эркак кишига ипак кийимларни кийиш ман этилганлиги улкан ҳикмат боисидандир. Ипак юмшоқ ва нозик нарса бўлиб, у билан муомалада бўлган шахсдан юмшоқлик ва нозикликни талаб қилади. Бинобарин, ипак кийим кийишга ўрганган шахс, юмшоқ ва нозик бўлиб қолиши турган гап. Бу эса, ҳақийқий эр кишига мутлақо тўғри келмайди. Мусулмон эркак-доимо турли оғирликларни кўтаришга шай турадиган, нозиклик ва зебу-зийнатни ўзига эп кўрмайдиган забардаст эркакдир. Шу боисдан ҳам шариат аёлларга атаган ва нозиклик ҳамда зебу-зийнат рамзи бўлган ипак мусулмон эркак учун ҳаром қилинган.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Мадоинда эди. Ичимлик келтиришларини сўради. Қишлоқнинг оқсоқоли кумуш идишда сув келтирди. У идишни олиб, келтирувчи қараб отди ва: «Мен уни қайтарсам ҳам яна шу идишда олиб келгани учун уни ўзига қараб отдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилло ва кумуш идишларда ичманглар. Ипак ва дебожни кийманглар. Чунки, ўшалар бу дунёда уларга, охиратда сизларга», деганлар», деди.
Бошқа бир ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни тилло ва кумуш идишларда ичимлик ичмоқ ва таом емоқдан ҳамда ипагу дебожни киймоқ ва устига ўтирмоқдан қайтарганлар», дейилган. Иккисини икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳузайфа розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийларданлигини ва у киши Шом тарафларда волий бўлиб ўтганларни аввалги китоб ва бобларда ўрганганмиз.
Мадоин ўша пайтда Форс юртига қарашли машҳур шаҳалардан бири бўлган. Биз, қишлоқ оқсоқоли, деб таржима қилиган ибора, «Деҳқон», деб келган. Араблар ўша пайтда қишлақ бошлиқларини шундоқ атаган эканлар.
Ушбу ривоятда саҳобаларнинг бошқа мусулмонлрга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган таълимотларини, шариат аҳкомларини қандоқ ўргатганлари худди кўргазмали дарсдек аён бўлиб турибди.
«Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Мадоинда эди. Ичимлик келтиришларини сўради».
Машҳур саҳобий Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Мадоин шаҳрида турганларида кунлардан бир кун сув ичкилари келиб ўша ерда турганлардан сув келтиришларини сўрадилар.
«Қишлоқнинг оқсоқоли кумуш идишда сув келтирди».
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу катта саоҳобий ва катта вилоят волийси бўлганларидан ҳурматларини жойига қўйиш мақсадида бировга амр қилмасдан қишлоқнинг оқсоқоли ўзи у кишига сув тутди. Аммо унинг сув келтирган идиши кумушдан бўлган идиш эди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу қишлоқ оқсоқоли қўлидан сувли идишни олдилар, аммо идиш кумушдан эканлигини кўрганларида…
«У идишни олиб, келтирувчи қараб отди»
Албатта, Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг қишлоқ оқсоқолига нисбатан бундоқ муомала қилишлари ўша ерда турганларни ажаблантириши турган гап эди. Шунинг учун у киши дарҳол ўзлари қилган иш юзасидан кишиларга тушунтириш баёноти ҳам бердилар.
«Мен уни қайтарсам ҳам яна шу идишда олиб келгани учун уни ўзига қараб отдим».
Яъни, бундан олдин ҳам шунга ўхшаш ҳодиса бўлган, Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга худди шу қишлоқ оқсоқолининг ўзи кумуш идишда сув тутган, у киши кумуш идишда сув ичмоқ мусулмон киши учун ҳаром эканини баён қилиб берган эканлар. Лекин қишлоқ оқсоқоли бу гапларга эътибор бермай яна кумуш идишда қайтадан сув олиб келгани учун Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ибрат бўлсин учун унга юқорида зикр этилган муомалани қилган эканлар. Аммо Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ўз сўзлари сингани учун бундоқ муомалага ўтган эмас эдилар. Балки, мазкур қишлоқ оқсоқоли ўзининг нотўғри тасарруфи ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини синдирган эди. Шунинг учун Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг қаттиқ аччиқлари чиқди. Ва сўзлари давомида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тилло ва кумуш идишларда ичманглар. Ипак ва дебожни кийманглар. Чунки, ўшалар бу дунёда уларга, охиратда сизларга», деганлар», деди».
Худди шу жумлалар «Таом ва шароб китоби»да келган ва ўша ерда бу масалани батафсил шарҳ қилганмиз.
Бошқа бир ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни тилло ва кумуш идишларда ичимлик ичмоқ ва таом емоқдан ҳамда ипагу дебожни киймоқ ва устига ўтирмоқдан қайтарганлар», дейилган».
«Ипак» ингичка арқоқли майин шойи бўлиб, «дебож» йирик арқоқли майинлиги ипакникичали даражада бўлмаган шойидир.
Ушбу ривоятда тўрт нарсадан тўрт мақсадда фойдаланмоқ ман қилинмоқда.
Тилло ва кумуш идишлардан ичимлик ичмоқ ва таом емоқ мақсадида фойдаланиш ман қилинган бўлса, ипак ва дебожни кийим қилиб киймоқ ёки тўшаб устига ўтиришдан ман қилинмоқда.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Обрўли кишилар ўз атрофидагилардан бирор нарсани келтиришни талаб қилиши мумкинлиги.
2. Бирор шаръий ҳукмни бузган кишини кўрганда билган одам унга қилган хатосини тушунтириши лозимлиги.
3. Бир марта баён қилинган хатони яна такрорлаган одамга ибрат олиши учун қаттиқроқ муомала қилиш ҳам мумкинлиги.
4. Бировга сиртдан ноўрин бўлиб кўринадиган муомала қилган одам атрофдагиларга бундоқ ишнинг сирини айтиб қўйиши кераклиги.
5. Тилло ва кумуш идишларда ичимлик ичиш ва таом тановул қилиш ҳаромлиги.
Бу ҳукм эркагу аёлга баробардир. Барча ҳадисларда бу ҳукм умумий қилиб айтилган ҳеч ким истисно қилинмаган.
6. Ипак ва дебождан кийим кийиш эркакларга ҳаромлиги.
Бошқа ҳадисларда аёллар ипак ва дебож кийишлари мумкинлиги айтилган, иншааллоҳ кези келганда бу масалани батафсил ўрганамиз.
7. Ипак ва дебождан тўшак, ўриндиқ сифатида фойдаланиб бўлмаслиги.

Бу масалада бир оз уламоларимизнинг, хусусан ҳанафийларнинг баъзи мулоҳазалари бор. Улар бошқа мазҳабларга хилоф қилароқ шойи тўшакларга ижозат берадилар. Чунки, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг гиламлари устига ташлаб қўядиган, ипакдан қилинадиган болишлари бўлган. Иккинчидан, устига чиқиб ўтириш ўша нарсани хорлашдек гап, дейдилар ҳанафий уламолар. Жонли нарсаларнинг расми бор матодан кийим киймоқ ҳаром, лекин ўшандоқ нарсанинг устига ўтириш ҳалол қилинган, ипак масаласи ҳам худди шунга ўхшайди. Бу ривоятда келган маъно эса фақат шу жойда бўлиб, уни қўллайдиган бошқа далил йўқ.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ипак кийим ҳадия қилинди. Биз уни силаб кўриб, таъжжублана бошладик. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, бундан таъжжубланяпсизларми?» дедилар. «Ҳа», дедик бизлар. Шунда у зот: «Саъд ибн Муознинг жаннатдаги дастрўмоллари бундан яхшидир», дедилар». Икки шайх, Термизий ва Насаий ривоят қилган.
Унинг лафзида: «Анас розияллоҳу анҳу Мадийнага келганда ва олдига Воқид ибн Амр ибн Саъд ибн Муоз кирганда «Саъд одамларнинг энг жуссалиси ва новчаси эди» у йиғлади. Кўп йиғлади. Сўнг қуйидагиларни айтди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Давманинг соҳиби Укайдирга одам юбордилар. Бас, Укайдир у зотга дейбождан бўлган, тилло қўшиб тикилган чопон юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кийдилар. Сўнг ўринларидан туриб, минбарга чиқдилар. Унда ўтирдилар, гапирмадилар. Сўнг тушдилар. Одамлар уни қўллари билан ушлаб кўра бошладилар. Шунда у зот:
«Ҳа, бундан ажабланяпсизларми? Саъднинг жаннатдаги дастрўмоллари бундан яхшидир», дедилар», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятлар бир-бирини тўлдирган ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари яшаган содда ҳаёт ҳақида ҳам бизга маълумот бермоқда. Ривоятларни биргаликда қўшиб, тартибли равишда ўргансак, бутун бошли бир қисса чиқади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Давманинг соҳиби Укайдирга одам юбордилар. Бас, Укайдир у зотга дейбождан бўлган, тилло қўшиб тикилган чопон юборди».
«Давма»дан мурод, Давмату Жандал номли Яман тарафдаги бир юртдир.
«Укайдир» ўша даврдаги Давмату Жандалнинг ҳукмдорининг исми.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳукмдорларга ўз вакилларини юбориб, уларни Исломга даъват қилганлари каби Давматул Жандалнинг ҳокими Укайдирга ҳам одам юборган эканлар. У эса эҳтиром юзасидан ўз олдига келган вакил орқли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга совға тариқасида чопон юборган экан. Ушбу ҳадия ҳақидаги маъно Анас розияллоҳу анҳунинг ривоятларида тўлиқ айтилган бўлса ҳам, Баро розияллоҳу анҳунинг ривоятларида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ипак кийим ҳадия қилинди», деган қисқа жумла ила баён қилинган.
Ҳар икки ровий ўз билганини ўз услуби ила баён қилган. Биз эса икки ривоятни кўшиб тўлиқ маънони англаб олмоқдамиз. Яна шу услуб ила ривоятларни ўрганишни давом этдирамиз.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кийдилар. Сўнг ўринларидан туриб, минбарга чиқдилар. Унда ўтирдилар, гапирмадилар. Сўнг тушдилар. Одамлар уни қўллари билан ушлаб кўра бошладилар. Шунда у зот:
«Ҳа, бундан ажабланяпсизларми? Саъд ибн Муознинг жаннатдаги дастрўмоллари бундан яхшидир», дедилар».
Кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Давматул Жандал ҳокими совғага юборган тилло қўшиб дебождан тикилган чопонни кийганлар. Уни одамларга кўрсатиш учун баландроқ жой, минбарга чиқиб ўтирганлар. Чопон нодирлиги билан содда ва арзон кийимдан бошқани билмайдиган одамларда катта қизиқиш ва ажабланиш уйғотган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушганларидан кейин саҳобалар мазкур чопонни қўллари билан силаб кўра бошлаганлар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ кийимларга қарши–ташвиқот ишларини бошлаганлар ва «Саъд ибн Муознинг жаннатдаги дастрўмоллари бундан яхшидир», деганлар.
Ўз-ўзидан ипак кийим ва тилло ҳаром бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун мазкур тилло қўшиб ипакдан тикилган чопонни кийдилар? деган савол пайдо бўлади. Бу саволнинг жавобига уламоларимиз бир овоздан, ушбу ривоятдаги ҳодиса шариатда ипак ҳаром қилинишидан олдин бўлган эди, деб жавоб берганлар.
Агар Аллоҳнинг амри ўша вақитда ҳам бўлганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у чопонни мутлақо киймаган бўлур эдилар.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Давматул Жандал ҳокими Укайдирга ҳам одам юборганлари.
2. Давматул Жандал ҳокими Укайдир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳурмат қилиб борган элчи орқали У зотга ўзича қадрли ҳисоблаб юрган дебождан қилинган чопонни ҳадияга юборгани.
3. Бошқа диёрдан юборилган совғани қабул қилиш, агар совға кийим бўлса уни кийиш мумкинлиги.
4. Аввалда ипак кийим кийиш ҳаром бўлмагани.
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар ўта камтарона ҳаёт кечирганлари.
Ипак чопонни кўриб ҳайрон қолишлари, уни қўллари билан силаб кўришлари ана шунга далолат қилади.
6. Жаннати бўлган мусулмонлар у ерда ипакдан ҳам яхши кийимлар кийишлари.
7. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг фазллари.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг жаннатга киришлари ва у ердаги дастрўмоллари бу дунёдаги тилло аралаштириб дебождан тикилган чопондан ҳам яхши бўлишининг башоратини бердилар.
8. Саҳобаи киромларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатлари олий даражада бўлгани.

Анас розияллоҳу анҳунинг Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг набиралари Воил ибн Амрни кўриб унинг бобосини эслаб узоқ йиғлашлари ва у кишига нисбатан улкан башорат ҳисобланган ривоятни айтиб беришлари шуни кўрсатади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ипакдан бўлган Фарруж ҳадия қилинди. У зот уни кийиб намоз ўқидилар. Сўнг қайтиб бориб уни ёмон кўргандек жаҳл билан ечиб ташладиларда:
«Бу тақводорларга тўғри келмайди!» дедилар
». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: «Фарруж» кийимнинг устидан кийиладиган енгил яхтак тўн.
Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни, эркак мусулмонлар учун ипакнинг ҳалоллиги тугаб, ҳаромлиги бошаланган айирим нуқтадир, дейдилар.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак. Исломдан аввал бошқа масалалар қатори кийим-кечак масаласида ҳам тартиб-интизом, ҳалол-ҳаром, фойда-зарар, деган тушунчалар бўлмаган. Ким хаёлига нима келса шуни қилаверган. Ислом дини инсон ҳаётининг бошқа соҳалари қатори кийиниш масаласини ҳам тартибга солган. Аввал, ўтган ривоятларда ўрганганимиз каби, ипак кийимлар у дунёнинг кийимлари олдида ҳеч нарсага арзимаслиги баён этилиб, мусулмонларни ундоқ зебу-зийнатга қизиқмасликка чорланган.
Кейин ушбу ўрганаётган ҳадисимиздагига ўхшаб ипак кийим тақводорларга тўғри келмаслиги таъкидланган. Қайси мусулмон тақвосидан айрилиб қолишни истарди дейсиз.
Кейин эса мусулмон эркакларга ипак ҳаром эканлиги узил-кесил айтилган.

Умар ибн Хаттоб Жобияда хутба қилди ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ипак кийишдан қайтардилар. Магар икки, уч ёки тўрт панжа миқдорича бўлса майли», деди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида Шомга борганлар. Жобия ҳам Шомдаги бир маконнинг исми. Ҳазарти Умар ўша жойда одамлар олдида қилган хутбаларида ипак кийим ҳақидаги шариат ҳукмини баён қилиб туриб ушбу ривоятда келган гапларни айтган эканлар.
Ушбу ривоятдан, кийимга ипакдан ямоқ солинса, белги учун юқорида зикр қилинган миқдорда ипак қўшилса жоиз, деган ҳукм олинган. Бу гапга барча мазҳаблар ва уламолар иттифоқ қилганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу бозордан шомдан келтирилган бир кийим сотиб олди. Сўнгра унда қизил ҳошия борлигини кўриб қолиб қайтариб берди. Бу ҳақда Асмаадан сўралди. У: «Эй, жория! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонларини олиб бер!» деди. Бас, у ёқаси, икки енги ва этагида дебождан ҳошияси бор қалин чопонни олиб чиқди». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган ва:
«У: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни кияр эдилар. Биз шуни беморларга шифо учун ювар эдик», деди»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда кишилар саҳобаи киромларнинг тасарруфларидан қанчалик ибрат олишлари, шариат ҳукмини аниқлаб олиш учун қандоқ ҳаракат қилишлари яққол намоён бўлмоқда.
«Ибн Умар розияллоҳу анҳу бозордан шомдан келтирилган бир кийим сотиб олди. Сўнгра унда қизил ҳошия борлигини кўриб қолиб қайтариб берди».
Ҳазрати Абдуллоҳ инб Умар розияллоҳу анҳу тақводорликлари билан саҳобалар ичида ҳам алоҳида ажралиб турадиган, ўта илмлилари билан шуҳрат қозонган зот эдилар. Шунинг учун бозордан сотиб олган кийимда ипакдан тикилган ҳошияни кўриб қолиб уни эгасига қайтариб беришлари у киши учун оддий бир ҳолат. Тақволари қаттиқ бўлганидан шундоқ қилганлар.
Аммо у кишининг тасарруфларига назар солиб турган баъзи кишилар, шунчалик катта одам бу ишни қилдилар, ипак ҳошияли кийим ҳам жоиз эмас эканда, деган хаёлга бордилар. Лекин кўпчиликка маълум гапга қараганда, ипак ҳошияли кийимга шариатда рухсат бор эди. Орада шубҳа пайдо бўлди. Ана шунда,
«Бу ҳақда Асмаадан сўралди».
Оиша онамизнинг опалари Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хонадонларига яқин бўлишлари билан бирга, баракали илм соҳибаси ҳам эдилар. Шунинг учун одамлар мазкур ўзларида шубҳа пайдо қилган масалани у кишидан сўрадилар. Яна Асмаа розияллоҳу анҳа айнан шу масалани яхши билишлари ила машҳур бўлган бўлишлари ҳам мумкин. Бунга у кишининг ўзларига берилган саволга жавоб бериш услублари ҳам далолат қилади.
«Эй, жория! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонларини олиб бер!» деди.
Бас, у ёқаси, икки енги ва этагида дебождан ҳошияси бор чопонни олиб чиқди».
Асмаа розияллоҳу анҳо жавобни ашёвий далил билан бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонлари у кишининг уйида сақланиб турар эди. Хизматчи қизга ўша муборак чопонни олиб чиқишни амр қилдилар. У чопоннинг ривоятда зикр қилинган жойларига ипакдан ҳошия қилинган эди. Асмаа розияллоҳу анҳога кийимда ипакдан ҳошия бўлиши мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида савол сўраган кишилар ўша далил чопонни кўрдилар.
Сўнгра Асмаа розияллоҳу анҳо яна ҳам аниқроқ қилиш мақсадида масалага изоҳ ҳам бердилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни кияр эдилар. Биз шуни беморларга шифо учун ювар эдик», деди».
Яъни, чопон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадия қилингану уни киймаган бўлсалар керак, деган хаёлга борманглар. Бу чопонни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кияр эдилар. Бунинг устига биз худди шу чопонни ювиб сувини шифо учун беморларга ичирар эдик, дедилар.
Агар шариатда бунга ўхшаш нарса ҳаром бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мутлақо қилдирмас эдилар.
Шундоқ қилиб шубҳа пайдо бўлган масалада қонқарли жавоб олинди.
Биз яна бир нарсани таъкидламоқчимиз. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ипакдан қизил чизиғи бор кийимни олмай эгасига қайтариб берганлар, холос. Унинг ношаръий эканлиги ҳақида бирор нарса демаганлар. У киши ўз шахслари учун ҳеч бир кўнгилларига ғубор туширмайдиган равишдаги кийим олишни ният қилган бўлишлари мумкин ва бунга ҳақлари бор. Бундоқ қилиш ҳар кимнинг ўзининг шахсий иши. Аммо бу ишни оммавийлаштириш, кишилар орасида гап тарқатиш мумкин эмас.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Саҳобийларнинг розияллоҳу анҳум камсуқим ва камтар эканликлари. Абдуллоҳ ибн Умардек улуғ зот ўзлари бозорга бориб, ўзлари учун кийим олишлари шуни кўрсатади.
2. Одамлар орасида шариат илмлари ила машҳур бўлган, кишилар ундан ўрнак олишга уринадиган шахслар овом халқ билан бўладиган муомалада ҳушёр бўлишлари лозимлиги.
Уларнинг баъзи тасарруфотларининг сирини тушинмаган кишилар бу иш шариатда бор бўлса керак, бўлмаса фалончи қилмас эди, деб нотўғри хулоса чиқариб олишлари мумкин.
3. Асмаа розияллоҳу анҳонинг фазллари. Кишиларнинг ўзлари шубҳада қолган масалани у кишидан сўраб боришлари, у кишининг ҳузурларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонлари сақланиб туриши шуни кўрсатади.
4. Эркак кишининг кийимида оз миқдорда, ҳошия ва шунга ўхшаш ипак бўлиши мумкинлиги.
5. Улуғ кишилардан қолган нарсани сақлаб қўйиш мумкинлиги.
6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос нарсаларини табаррук учун ювиб беморларга ичирилганлиги.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам соф ипакдан бўлган кийимдан наҳий қилганлар, холос. Аммо белги учун ёки узун арқоқ учун ипак ишлатилган бўлса, ҳеч гап эмас». Абу Довуд ва Ал-Ҳоким ривоят қилди.
Шарҳ: Бу ривоят ҳам ўзидан олдингиларининг маъносини таъкидлаш билан бирга баъзи янгиликларни ҳам баён қилмоқда.
Белги учун, ҳошия ва шунга ўхшаш нарсаларда эркак кишилар кийимида ҳам ипак ишлатиш мукинлигини олдин ўргандик.
Бу ривоятдан эса кийимлик мато тўқиш пайтида узун тарафига ишлатиладиган арқоқнинг баъзисини ипакдан қилинса жоизлиги чиқмоқда. Чунки бу оз бўлади. Аммо кўндалангига ишлатиб бўлмайди. Чунки у ҳолда ипак кўпайиб кетади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф ва Зубайр ибн Авомларга икковларида пайдо бўлган қичима сабабидан ипак кийим кийишга рухсат берганлар». Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда умумий ҳукмдан ташқари истисно тариқасида эркак кишиларга ипак кийиш мумкин бўлган ҳолатларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Эркак киши ушбу ривоятда зикр қилинган Абдурраҳмон ибн Авф ва Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳумоларга ўхшаб қичима ёки шунга ўхшаш кийимга боғлиқ хасталикка чалиниб қолса тиббий мақсадда истисно тариқасида ипак кийим кийса бўлар экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ўша икковлари ўзлари иштирок этган бир ғазотда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга битдан шикоят қилган эдилар, у зот уларга ипак кўйлаклар кийишга рухсат бердилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: «Ўша икковлари» Абдурраҳмон ибн Авф ва Зубайр ибн Авом. Кўриниб турибдики, ғазот ишлари билан машғул бўлиб баъзи ғозийларга, бу ривоятда зикр қилинишича, Абдурраҳмон ибн Авф ва Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳумоларга бит тушиб қолган. Бу нарса уларга озор берган. Бу ҳақда иккилари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилганларида уларга истисно тариқасида ипак кийим кийишга рухсат берганлар. Чунки бит асосан, кийимдаги ўзига қулай жойга ўрнашиб олиб, урчийди. Кишиларга озор беради. Ипак кийим кийилганда эса инсон у муаммодан қутилади.
Ушбу ривоятдаги саҳобаларнинг тасарруфларидан баъзи ноқулай ҳолатларга дучор бўлиб қолган кишилар ўзларича турли чоралар кўришга уринмай, дарҳол шариат илмларини яхши биладиган кишилардан маслаҳат, фатво сўрашлари лозимлигни билиб оламиз.

Абдуллоҳ ибн Саъддан, у ўз отасидан ривоят қилинади: «Бухорода бир кишини оқ хачирга миниб олиб, хазздан бўлган қора салла кийиб олиб кетаётганини кўрдим. У: «Буни менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кийгазганлар», деди».
Насаий, Ал-Ҳоким ва Абу Довуд ривоят қилган. Ҳамда у: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан йигирмадан ортиқ киши хаззни кийган», деди.
Шарҳ: «Хазз» бизнинг эски тўқувчиларимиз тили билан айтганда арқоғи ипакдан, ўрмаги ипакмас иплардан тўқилган матодир. Яъни, узунига тортилган иплари ипакдан, кўндаланг иплари ипакдан бошқа ипдан бўладиган матодир. Бу ҳолда, албатта, ипак оз бўлади. Ана ўша хилдаги матоларни эркак кишилар кийимига ишлатса жоиз. Бунга далил, ушбу биз ўрганаётган ривоятдир. Унда ровий:
«Бухорода бир кишини оқ хачирга миниб олиб, хазздан бўлган қора салла кийиб олиб кетаётганини кўрдим. У:
«Буни менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кийгазганлар», деди».
Ушбу васф қилинган салали киши ўша вақтдаги Хуросонинг амири Абдуллоҳ ас-Силмий номли киши эканлар. У киши саҳобийлардан бўлиб, ўша кийиб юрган саллаларини у кишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кийгизган эканлар. Агар бундоқ матодан бўлган салла кийиш шариатда нодуруст бўлганида, у зот Абдуллоҳ ас-Силмий розияллоҳу анҳуга мазкур саллани кийгизмас эдилар.
Имом Абу Довуднинг ривоятга қилган қўшимчаларига қарагандан хазздан бўлган саллани саҳобийлардан фақат Абдуллоҳ ибн ас-Силмий розияллоҳу анҳугина эмас, балки бошқалар ҳам кийган эканлар.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан йигирмадан ортиқ киши хаззни кийган»
Демак, бу нарса саҳобалар ичида маълум ва машҳур иш экан.
Уламоларимиз ҳам бу ва шунга ўхшаш бошқа далилларни эътиборга олиб, баъзиси ипакдан бўлган матодан қилинган кийимни экаклар ҳам кийса бўлади, дейдилар.
Имоми Шофеъий бу масалада энг кенг йўл тутиб, ярими ипакдан бўлса ҳам бўлаверади, деган эканлар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг набийси ипакни олиб ўнг қўллари ила тутдилар, тиллони олиб, чап қўллари ила тутдилар, сўнгра: «Албатта, мана бу иккиси, менинг умматимнинг эркаклари учун ҳаромдир», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Аввалги ривоятларда ипак, тилло ва кумушни ҳаромлиги, ул ҳукмдан истисно бўладиган ҳолатлар ва шунга ўхшаш масалалар баён қилинган эди.
Ушбу ривоятда эса, мазкур ҳукмларнинг ҳаммаси фақат эркакларга хос экани, аёлларга тегишли эмаслиги очиқ-ойдин айтиб ўтилмоқда. Бу нарсаларнинг нима учун айнан эркакларга ҳаром қилинганлиги ҳикматини аввал айтиб ўтилди.

Муовия атрофида муҳожир ва ансорлардан бир қанча кишилар турганда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ипак кийишдан қайтарганларини биласизларми?» деди. Улар: «Шундоқ! Аллоҳ ҳаққи!», дедилар. У: «Тиллонинг қитъа-қитъа бўлганидан бошқасини кийишдан қайтарганлариничи?» деди. Улар: «Шундоқ! Аллоҳ ҳаққи!» дедилар». Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Машҳур саҳобий Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўз илмлари етарли бўлса ҳам, ипак ҳақидаги шаръий ҳукмни муҳожир ва ансорийлардан иборат бир гуруҳ саҳобалар ҳузурида яна бир бор тасдиқлаб олишни ирода қилиб уларнинг ҳаммаларга бирданига савол бериб:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ипак кийишдан қайтарганларини биласизларми?» деди».
Бу саволга у кишининг ҳузурларида турган саҳобийлар, ҳа, деб жавоб бердилар.
Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳу бу масалани майда тафсилотларигача бир йўла тасдиқлатиб олишни ирода қилиб:
«Тиллонинг қитъа-қитъа бўлганидан бошқасини кийишдан қайтарганлариничи?» деди».
Уламоларимиз тиллонинг қитъа-қитъа бўлгани уни тишга, бурунга ва шунга ўхшаш заруратдан озгина миқдорда ишлатилгани, дейдилар.
Бу саволга ҳам саҳобалар гуруҳи таъкидли равишда, ҳа, деб жавоб бердилар. Бундан, бу ҳукмлар ҳаммага маълум ва машҳур ҳукмлар бўлиб, улар ҳақида ҳеч ким ихтилоф қилмагани келиб чиқади.

Аржафа ибн Асъад розияллоҳу анҳудан ривоят: «Жоҳилиятда Кулоб воқеъаси куни бурним ярадор бўлди. Шунда кумушдан бурун қилиб олувдим, сасиб кетди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тиллодан бурун қилиб олишга амр қилдилар». Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилган.
Шарҳ: «Кулоб» бир жойнинг номи бўлиб, у ерда бир неча бор уруш бўлган экан. Ўша уршлардан бирида ушбу ривоятнинг соҳиби Аржафа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг бурнига душман тарафнинг силоҳи тегиб кесилиб кетган экан. Шунда у киши ўша замоннинг имкониятларидан келиб чиқиб, ўзларига кумушдан бурун ясатиб олган эканлар. Лекин кумуш ярали этга мос келмай, жароҳат ўрни йиринглаб, сасиб кетибди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аржафа розияллоҳу анҳуга тиллодан бурун қилиб олишни амр қилибдилар. Тилло соф ва баданга зарар етказмайдиган бўлганидан яхши ўрнашиб, Аржафа розияллоҳу анҳунинг жонлари ором топибди.
Ушбу ҳадисни ҳужжат қилароқ уламоларимиз бурундан бошқа аъзолар зарар топиб ўрнига сунъий нарса қўйиш эҳтиёжи туғилиб қолса, тиллодан қўйса бўлади, деган фатвони чиқарганлар. Бу масала айниқса, сунъий тиш қўйдиришда кўп асқотади. Тиш масаласига келганда Имом Термизий, аҳли илмларнинг бир қанчалари тилло тиш қўйдирганлари ривоят қилингандир, деганлар.
Баъзи кишилар сунъий тилло тиш қоплама бўлиши эътиборидан, асл тиш тиллонинг остида қолиб кетиб, ғусл ва таҳорат пайтида унга сув тегмай қоладику? деган мулоҳазага ҳам борадилар. Бу мулоҳазага уламоларимиз, ўша сунъий тилло тиш қўйдиришда таҳоратли ҳолда қўйдирса бўлди. Кейингиларида тилло тишга теккан сув асл тишга теккан ўрнига ўтаверади, дейдилар. Чунки, соғликка зарар етганда, зарурат юзасидан бўладиган ишларда енгиллик томонини олиш Ислом шариатининг қоидаларидандир.
Кўриниб турибдики, оддий ҳолатларда шариатимиз ҳаром қилган нарсаларга зарурат юзасидан рухсат берилар экан.
Оддий ҳолатларда эркакларга ипак кийим кийиш ҳаром, аммо, қичима касалига йўлиққан ёки бит тушганларга истисно тариқасида рухсат берилган.
Оддий ҳолатлида эркак кишиларга тилло ёки кумушдан идишлар ва баданда бўладиган нарсалар шаклида фойдаланиш ҳаром қилинган. Аммо танадаги жароҳат ёки зарарланган тиш ўрнига тилло қўйишга рухсат берилган.
Афсуски, ҳозирги пайтда диндан узоқлашганимиз сабабли бошқа масалалар қатори бу ишга ҳам эътибор берилмай қўйилди. Эр кишилар кўлларига тилло узук ва соатлар, бўйинларига тилло занжирлар тақишни ўзлари учун фахр биладиган бўлиб қолдилар. Ўйлаб кўрайлик-а! Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани одамлар фахр ила қилмоқдалар. Ҳаттоки баъзи ғарбдаги бетайнларга эргашиб қулоқларига тилло исрға тақиб оладиганлар ҳам бор.
Шунингдек, уйида олтин ва кумуш идишлар ишлатиш билан ўзини кўрсатишга ҳаракат қиладиганлар ҳам бор.
Ипак кийимлар ҳақида ҳам шунга ўхшаш гапларни айтишимиз мумкин.
Ҳаммамиз Аллоҳ таолонинг шариати кўрсатмаларига амал қилишга ўтишимиз лозим. Жумладан, ушбу бобда келган амрларни ҳам ҳаётимизда оғишмай амалга оширишимиз зарур.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Мусодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳеч бир кимса ёки ҳеч бир нарса Аллоҳ азза ва жаллачалик ўзи эшитган озорларга сабр қила олмайди. давоми...

2647 05:00 / 03.03.2017
Фусайла деган аёлдан ривоят қилинади .Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим.Эй Аллоҳнинг Расули Бир одам қавмига зулмда ёрдам берса, тарафкашлик бўладими, давоми...

2571 05:00 / 03.03.2017
Ҳинш ибн Ҳорисдан, у киши отасидан ривоят қилинади.Ичимиздан бир кишининг оти туғса, уни сўйиб ер ва буни мингунча яшармидим, дер эди. Умардан бизга .Аллоҳ сизларга давоми...

3062 05:00 / 03.03.2017
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг .Тарих, китобида келтиришларича, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу вафоти олдидан Бадрда қатнашган саҳобаларнинг ҳар бирига 400 давоми...

4766 19:30 / 27.05.2021