1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Соч ва унинг парвариши ҳақида

00:00 / 03.03.2017 6118 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари икки елкаларига уриб турар эди».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қулоқларининг юмшоқ жойларигача эди».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу икки ривоятни қўшиб хулоса чиқарадиган бўлсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қисқа бўлган пайтда қулоқларининг юмшоқ жойига баробар бўлган. Ўсганда эса, икки елкаларига уриб турадиган бўлган. Ўша ҳолатга етганда қулоқларининг юмшоқ жойига баробар қилиб, қисқартириб олганлар.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар. Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эди. Мушриклар эса, бошларидан фарқ очар эдилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар. Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар бутпараст мушриклар ва аввал самовий китобга эга бўлган яҳудий ва насронийлар билан алоқада бўлар эдилар. Баъзи ишларда мазкур икки томондан бирини танлаш зарурати туғилиб қолар эди. Шунда мусулмонлар доимо аҳли китоблар томонини олар эдилар. Мисол учун, Рум ва Форс давлатлари уруш қилсалар, аҳли китоб бўлгани учун мусулмонлар румликларнинг тарафини олар эдилар. Чунки Ислом ҳам ўша аҳли китоблар ишининг охирги ва мукаммал нуқтаси эди. Ўша вақтдаги аҳли китоблар динлари ва илоҳий китобларини бузган бўлсалар ҳам, мусулмонларга мушриклардан кўра яқинроқ эдилар. Шунинг учун ҳам,

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар».

Албатта, Аллоҳдан амр келган ишларда бошқаларнинг қилмишига ҳеч қандай эътибор йўқ. Аммо баъзи ишларда Аллоҳнинг амри йўқ бўлса, худди ўша ишни мушриклар бир хил, аҳли китоблар бошқа хил қиладиган бўлсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларнинг услубини танлар эдилар. Жумладан, сочни тарашда,

«Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эди».

Яъни, аҳли китоблар пешоналаридан фарқ очмай сочларини олдинга тушириб юрар эдилар.

«Мушриклар эса, бошларидан фарқ очар эдилар».

Яъни, пешонадан фарқ очиб, сочни икки ён томонга тараш мушрикларнинг иши эди.

Бу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга амр ҳам келмаган эди.

«Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар».

Бу билан аҳли китобларга мувофиқ иш тутиб, мушрикларга хилоф қилдилар. Вақти соати етиб У зотга Аллоҳ таолонинг амри келганда эса,

«Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини ювиб, сўнг фарқ очиб тараб қўйишлари ҳақида бир неча ривоятлар келган.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ишларининг барчасида имкони борича ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар: таҳоратларида ҳам, соч парваришларида ҳам, оёқ кийими кийишларида ҳам ва мисвок қилишларида ҳам».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу маънодаги ҳадиси шарифлар олдин ҳам ўрганилган. Мусулмон маданияти таълимоти бунга ўхшаш нарсаларнинг барчасида ўнг томонни афзал кўради. Ушбу ривоятда «соч парваришларида ҳам» деган гап борлиги учун ушбу жойда келтирилмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилишимиз лозимлигини айтиб ўтиришнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак.


Абдуллоҳ Ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бевақт соч парваришидан қайтарганлар».

Сунан эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Баъзи кишилар бўлган-бўлмаганга вақтларини соч тараш билан ўтказишни одат қилганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшандоқ нарсадан қайтарган эканлар. Ўз вақтида соч қараб, тартибга солиб олгани етарли. Беҳуда ишга вақтни кетказмай, фойдали иш билан машғул бўлиш керак.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтарганлар», деди у киши.

«Қазаъ нима?» дейилди Ибн Умарга.

«Бола сочининг баъзисини қириб, баъзисини қолдириш», деди у киши».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир боланинг сочининг баъзисини қирилиб, баъзисини қолдирилганини кўрдилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни наҳйи қилдилар ва:

«Ҳаммасини қиринглар ёки ҳаммасини қолдиринглар», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ўша пайтда жоҳилият жамиятининг бидъат-хурофотларининг сон-саноғи йўқ бўлганини яхши биламиз.  Ана  ўша  номаъқулчиликлар  ҳатто  ёш болаларнинг сочини олдириш борасида ҳам бор эканлиги ушбу ривоятлардан билинмоқда. Агар ўхшатиш мумкин бўлса, авваллари бизда ҳам ёш болаларга кокил қўйиш одати бор эди. Сочни олиб келиб, маълум жойни ташлаб кетиларди. Бир неча бор олинмагандан сўнг ўша жойдаги соч ўсиб кетади. Кўпроқ кокил бирор мозорга атаб қўйилади. Бирор сўйиш олиб бориб ўша мозорда бирор таом пишириб улашилгандан сўнг кокилни олар эдилар. Ана ўшанга ўхшаш бидъат қадимги мушрикларда ҳам бўлган экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшандан наҳйи қилмоқдалар.

Ушбу ривоятдан эркакларнинг сочларини тагидан қиртишлаб олдириб юришлари жоиз экани тушунилаади.

Аммо аёлларга бу ишни қилишга рухсат йўқ.

Имом Насаий ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл киши сочини қирдиришидан наҳйи қилдилар», дейилган.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Эй Пайғамбарлар Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман,, деган Мўминун, 51.Ва яна давоми...

5209 00:00 / 03.03.2017
Али розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зубайр ибн Аввом билан бирга юбордилар. Иккимиз ҳам отлиқ эдик. .Тезлаб юриб давоми...

3903 00:00 / 03.03.2017
Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули Кимга яхшилик қилай, дедим..Онангга,, дедилар. .Кимга яхшилик қилай, дедим..Онангга,, давоми...

4074 00:00 / 03.03.2017
Банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг яна бири осийликдир..Осийлик,, .исён,, .маъсият, сўзлари бир ўзакдан бўлиб, луғатда .тоатдан чиқиш, деган давоми...

6774 19:01 / 13.05.2017
Аудиолар

232077 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150586 09:35 / 11.08.2021