1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Биз билмаган тарих: Амир Темур ва Ислом (иккинчи мақола)

17:00 / 20.12.2020 3962 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амир Темур болалигиданоқ диний илмларни ихлос билан ўрганди, ёшликдаёқ Исломнинг бош масдари Қуръони Каримни ёд олди. У уч йил ичида Аллоҳнинг Китобини шу даражада ёд олдики, ҳозиргача Амир Темур қилган тажрибани бошқа одам қила олган эмас. Амир Темур ҳар бир сурани аввалидан охиригача бехато ўқиганидек, охиридан аввалигача ҳам, яъни тескарисига ҳам бехато ўқир эди. Бу иш ҳеч ким томонидан рағбатлантирилмаса ҳам бу Соҳибқироннинг қанчалик пухта қори эканини кўрсатиб турувчи далилдир. Бундан ташқари, у фиқҳ, ҳадис, ақийда каби исломий илмларни ҳам пухта эгаллади. Отаси Амир Темурни маҳалладаги бошланғич мадрасага берганида у энг ёш талаба эди. Лекин у ёшлигига қарамай, ақл-заковати ва ўткир зеҳни билан ҳаммадан ажралиб турарди. У берилган вазифаларни тез ёдлаб олар, мударрислар томонидан берилган саволларга ҳаммадан кўра пухтароқ ва аниқлик билан жавоб берар эди.

Энг муҳими, Амир Темур тилда эмас, ҳақиқатда, гапда эмас, амалда чин мусулмон эди. Унинг ўзи мустаҳкам исломий ақийда соҳиби бўлиши билан бирга, бошқаларнинг ҳам бу ақийдага путур етказишига йўл қўймасликка ҳаракат қиларди. Амир Темур кўпчилик қатнашган бир илмий мажлисда машҳур шоир Ҳофиз Шерозийнинг баъзи байтларини ўқигач, ақийдага зарарли эканини айтиб, уни танқид қилгани маълум ва машҳур. Бу, Амир Темурга мусулмон инсон, олим сифатида вазифа бўлса, подшоҳ сифатида ҳам вазифа, ҳам обрў келтирар, халқ оммасининг унга бўлган муҳаббати, эҳтироми ва итоатини жўштирар эди.

Аслида Амир Темур ақийда бобида кучли бўлган, Ислом ақийдасини қаттиқ туриб ҳимоя қилган, ундан чекинганларга қарши муросасиз курашган. У Исломнинг барча дин ва тузумлардан устун эканига тўла ишонган инсон эди. У бу маънода «ҳамма мазҳаблар-динлар ҳам бир» деган ғояни илгари сурган Жалолиддин Румийни танқид қилади. Таассуб жиҳатидан эмас, илмга ва тажрибага суянган ҳолда Исломнинг устун эканини таъкидлайди. У «Мен – фотиҳ Темур» асарида ушбу сўзларни келтиради: «Куния шаҳрида «Маснавий» деган китобини ёзган Жалолиддин Румийнинг қабри бор экани маълум эди. Мен «Маснавий» ва соҳибини севмайман. Чунки бу одам ёзган китобда барча динларни баробар дейдур. Ҳеч қайси диннинг яна бирига ортуқлиги йўқ дегай, «Иннад-дина индаллоҳил-ислам» деб кўрсатилган ягона ва мўътабар динни бошқаларга баробар қилиб таълим беради. Мен Ислом динининг ўзга динлардан ортуғлигига тушунаман ва ҳақиқат деб биламан. Аллоҳ таолонинг ояти билан улуғланган Ислом динининг устунлигини инкор қилишнинг ҳеч ўрни йўқдур. Йўл ҳам йўқдур. Менинг Маснавийга нафратим борлиги ҳошиямдаги (атрофимдаги) кишилар Қўнияга келганимиздан кейин Мавлавийнинг қабрини бузиб, сўнгакларини чиқариб ташламоққа маслаҳат бердилар. Лекин мен Темур Кўрагон бўлиб туриб бир ўлик билан урушиб, унинг мозорини бузмайман. Унинг қабрини бузсам, ўзимни ўзим айблайман. Шунинг учун уларга: «Мен ўликлар билан урушгани келганим йўқ, балки менинг муқобилимда урушишга қобилиятлик, таслим бўлишга ҳам рози бўлмайдиган кишилар билан урушаман. Ҳатто таслим бўлғувчиларга ҳам тиғ кўтармайман», дедим».

Ҳукмдор динлар тарихини яхши билгани учун Исломнинг Аллоҳ томонидан юборилган охирги ҳақ дин эканини таъкидлаб, бу диннинг моҳиятини бошқаларга ҳам етказишга уринарди. Амир Темурнинг ўзи «Мен – фотиҳ Темур» асарида бундай ёзади: «Мен эса, таассуб юзасидан эмас, балки далил юзасидан дини Исломни барча динлардан юқори деб биламан. Исломнинг аҳком ва қонунларини мусавий (яҳудий), исавий (насроний) динларининг қонунларига солиштириб кўрилса, Исломнинг олий мартабада экани яққол кўрунуб туради. Мусавий динида фақат дунёга таважжуҳ (юзланиш) бўлиб, ўлимдан сўнг ҳаёт йўқ, деб тушунадилар. Исавийлар эса, фақат охиратга таважжуҳлари боғланиб, умури дунёвийга ҳеч қандай ўрун қўйилмаган. Дунё ҳаёти ёлғиз бир ваҳм – хаёл деб эътиқод қиладурлар. Ислом қонунлари бўйича, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг уммати исломияга берган таълимларида, дунё ва охиратнинг фикрида бўлмоқлик тавсия қилингандур».

Соҳибқирон ҳаётда, амалда чин мусулмон эди, мукаллаф мусулмон сифатида диний аҳкомларни тўлиқ адо этарди. Амир Темурнинг етук олим эканини, диний талабларни оғишмай бажариб келганини ҳатто унинг ашаддий душманлари ва танқидчилари ҳам тан олишади. Уларнинг таъкидлашича, Соҳибқирон намозини вақтида ўқир, рўзасини тутар, ёлғон сўзламас, ҳаром ичкиликлар ичмас, ҳаром юрмас, аҳдини бузмас эди. Амир Темур ўз ҳаётининг энг тубанлик билан ўтган даврида, айшу ишратга берилган деб васф қилинган пайтида ҳам шариатга хилоф ишлар қилмаган. Албатта, Ислом динининг ҳукмларига амал қилиш билан ҳукмдор аввало ўзининг бандалик бурчини адо этар, Аллоҳ таоло томонидан ҳар бир бандага фарз-вожиб этилган амрларни бажарар эди. Шу билан бирга бу исломий сифатлар унинг халқ ўртасида обрўсини кучайтирар, ҳукмини мустаҳкамлашга омил бўларди.

Соҳибқироннинг тақвоси шунчалар кучли бўлганки, у Аллоҳ ҳаром этган ишларни қилувчиларга мутлақо муросасиз бўлган. «Мен – фотиҳ Темур» асарида у биргина ёлғончиларга бўлган салбий муносабатини бундай ифодалайди: «Мен ўз эътиқодимда ноҳақ бўҳтонни улуғ гуноҳ деб биламан. Мен каби Ислом динига чин эътиқод билан бўйин эгиб тургувчи бир киши бировларга бўҳтон қилмоқдан чекинмоғим лозим келур эди. Бухоро амири ўз сарбозларидан ўтган гуноҳ масъулиятини тан олмай, ёлғон сўзлар билан уларни мудофаа қилмоқчи бўлди. Ҳақиқатга шариат назари билан қаралгудек бўлса, шариат ўғри, қотилни Худонинг душмани демасдан, ёлғончини Худонинг душмани деб таъбир қилгандур. Ислом динида ёлғончиликдан улуғ гуноҳ йўқ. Шундай бўла туриб, иккинчи мактубимга жавоб ҳам бермади. Шунинг учун мен Бухорога ҳамла қилмоққа қарор бердим».

Соҳибқирон Амир Темур Исломни фақат шахс билан Аллоҳ орасидаги яширин алоқа воситаси деб қарамаган, балки Ислом ижтимоий алоқаларда ҳамма нарсадан устун туриши лозим эканини яхши тушунган. Шунинг учун у фарзандларини, яқинларини, фуқароларини ҳамиша Исломни ўрганишга, унга амал қилишга чақирар эди. Соҳибқироннинг бу борадаги насиҳатларини кўпгина тарихчилар зикр қилиб ўтишган. Биргина мисол келтирайлик. Бир куни саҳрода ҳарбий машқ ўтказилаётганида қор ёғиб қолади. Машқларни тўхтатишга тўғри келади. Шунда Амир Темур одамларини чодирга тўплаб, ким Қуръони Каримдан қор ҳақидаги оятни топиб берса, бир миқдор олтин мукофот беришини эълон қилади. Одамлар чодирларга тарқалиб, кун бўйи Қуръон ўқиш билан овора бўлишади. Сўнг Соҳибқирон уларни қайта тўплайди ва уларни Қуръони Каримга алоҳида эътибор билан ёндашмаганликда айблайди. Қуръони Карим иссиқ, қор ёғмайдиган ўлкада нозил бўлгани учун унда қор ҳақида оят бўлиши мумкин эмаслигига эътибор бермаганларини эслатади. Уларни Қуръони Каримга, Ислом динига ихлосини кучайтиришга чақиради ва турли диний саволларига жавоб беради.

(Давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад

«Ҳилол» журналининг 12(21) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий 17 йилда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтириб ислоҳ қилдилар. Бухорий ва Абу Довуд Ибн Умар давоми...

1061 13:48 / 08 август
.Қадар, сўзи .ўлчов, маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни давоми...

1718 11:04 / 15 январь
Арабларнинг одати бўйича, болалар саҳролик аёлларга эмиздирилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхшироқ давоми...

2384 13:36 / 12.09.2019
Исмоил алайҳиссалом қиссасиИсмоил алайҳиссаломнинг қиссалари, у зотнинг ҳаётлари ҳақида юқоридаги саҳифаларда .Исмоил алайҳиссалом, сарлавҳаси остида батафсил давоми...

3476 12:00 / 04.07.2019
Аудиолар

137634 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57698 14:35 / 11.08.2021