1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Қазо умра ва муъта ғазоти

16:32 / 12.09.2021 2419 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зулқаъда ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияда иштирок этган саҳобалар билан умрага отландилар.

Зул Ҳулайфа деган жойдан эҳром боғлаб, қурбонликларини ҳам ҳайдаб олдилар.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари олтмишта туя олиб борганлар. Ҳаммалари бир бўлиб «лаббайка»ни айтиб йўлга тушдилар.

Пайғамбаримиз бошлиқ саҳобалар Маккаи мукаррамага кириб борганларида мушрикларнинг раҳбарлари уларни кўришга тоқат қила олмай, шаҳардан ташқарига чиқиб кетишди. Қолганлар – эркак-аёл, ёш-яланг, қария ва болалар йўл четига, томларнинг устига чиқиб томоша қилиб ўтиришди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамада уч кун туриб, сўнг Мадинаи мунавварага қайтдилар.

ҳижрий саккизинчи йилдаги муҳим ҳодисалар муъта ғазоти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом ўлкасининг Бусро шаҳридаги Рум императори томонидан тайинланган ҳоким Шураҳбил ибн Амр Ғассонийга Ҳорис ибн Умайр Аздийни элчи қилиб юбордилар. У эса элчини ушлаб, боғлаб қўйди. Кейин бўйнидан чопиб ўлдирди.

Одатда, элчига ўлим йўқ эди. Аммо насоролар ҳамма амал этадиган қоидага риоя қилмай, мусулмонларнинг элчисини ўлдиришди. Бу ишни улар уруш чиқариш учун қилишган эди. Элчини ўлдириб қўйиб, яна аскар тўплашни давом эттиришди.

Румликлар ўзлари юз минг аскар йиғишди. Уларнинг Шом ўлкасидаги иттифоқдошлари ва насроний араб қабилалари ҳам юз минг аскар тўплашди. Шу икки юз минг аскар билан улар мусулмонларни йўқ қилиб ташлашни қасд қилишган эди.

Ҳижрий саккизинчи йилнинг жумодул аввал ойи эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам румликларга қарши лашкар юборишга қарор қилдилар. Уч минг кишилик лашкарга Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир этиб тайинладилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари эди. Лашкар ичида эса буюк саҳобалар ҳам бор эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир этиб тайинлар эканлар: «Агар Зайд шаҳид бўлса, одамларга Жаъфар ибн Абу Толиб амир бўлади, агар Жаъфар шаҳид бўлса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа», дедилар.

Ислом лашкари машаққатли сафарни бошидан кечириб, Маъон деган жойга етиб борди. Ўша ерда уларга Рум империяси юз минг аскар тўплагани, уларга Лахм, Жузом, Балқайн, Баҳро, Балий ва бошқа араб қабилаларидан яна шунча адад қўшилганининг хабари етди.

Мусулмонлар бу хабарни эшитганларидан кейин маслаҳат қилиб, Маъонда туриб қолдилар. Улар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб ёзиб, душманнинг адади ҳақида хабар берсак. У зот бизга янги кучлардан мадад юборсалар ёки бошқа бир амр берсалар, ўшани қилсак», деган фикрга бордилар.

Икки кундан кейин Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу кишиларни шижоатлантириб: «Эй қавм! Аллоҳга қасамки, сиз қўрқаётган, ўзингиз талаб қилиб чиққан нарса шаҳидликдир. Биз одамларга қарши сон ёки куч ва кўплик билан урушмаймиз. Биз фақатгина Аллоҳ бизни мукаррам килган ушбу дин билан урушамиз. Қани, жўнанглар! Икки яхшиликдан бири – зафар ёки шаҳидликдан бошқа нарса бўлмайди!» дедилар.

Одамлар дадил туриб, йўлга тушдилар. Улар юриб бориб, Балқо вилоятининг Машориф деган қишлоғига етганларида, румликлар ва араблардан иборат душман лашкарига йўлиқдилар. Душман яқинлашиб кела бошлади. Мусулмонлар ўзларини Муъта деган қишлоқ томонга олдилар. Икки тараф ўша ерда тўқнашди ва шиддатли жанг бошланди.

Мусулмонларнинг амири Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган байроқни баланд кўтарган ҳолда душманга қарши баҳодирона жанг қилдилар. У киши жанг давомида шаҳид бўлдилар.

Кейин байроқни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу олдилар. У киши ҳам ҳаммага ўрнак бўлиб, жанг қилдилар. Жаъфар розияллоҳу анҳунинг отлари йиқилиб тушган эди, пиёда юриб жанг қилдилар. Урушда у кишининг ўнг қўллари кесилиб кетди. Шунда у киши байроқни чап қўллари билан кўтардилар. Чап қўллари ҳам кесилган эди, байроқни икки кесилган қўлларининг қолган қисми билан кўтардилар. Охири шаҳид бўлдилар. Ўшанда Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўттиз тўққиз ёшда эдилар.

Мусулмонлар мазкур шаҳиди аълонинг танаси – кўксида душман қиличи ва найзаларидан етган тўқсонта жароҳат кўрдилар.

Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу олиб, олға ташландилар. У киши отларидан тушиб, байроқни кўтарган ҳолда жанг қила бошладилар.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганидан кейин мусулмонлар ўзларига Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни лашкарбоши этиб сайладилар. Энди байроқ Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қўлларига ўтди. У киши ниҳоятда шижоатли ва ҳикмат билан иш юритадиган тадбиркор шахс эдилар. Айниқса, уруш сирларини жуда яхши билар эдилар. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу жанг қила бориб, аста-секин Ислом лашкарининг жануб томон силжишини йўлга қўйдилар. Душман эса шимол томон силжий бошлади. Қоронғи тушди. Одамлар урушни тўхтатишди. Икки томон ҳам дам олишни афзал кўрди.

Кечаси Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу уларга худди орқадан мадад кучлари етиб келгандек овоз чиқаришни амр қилдилар. Жангчилар ўз амирларининг буйруғини аъло даражада бажаришди.

Шу билан бирга, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу яна бошқа бир ҳарбий ҳийла ҳам ишлатдилар. Лашкарнинг ўнг томонини чап томонга, орт томонини олд томонга алмаштирдилар. Эрталаб румликлар тамоман бошқа аскарларни кўришди.

Румликлар ичида «Мусулмонларга мадад кучлари етиб келибди», деган шов-шув тарқалди. Уларнинг кўнглига қўрқув тушди. «Буларнинг уч мингтасининг иши кечаги кўрганимиз бўлса, мадад кучи келганидан кейин кўрадиганимизни кўрар эканмиз-да», деб қўрқиб қолишди. Бу қўрқув уларни мусулмонларга қарши ҳужум бошлашдан тўсди. Шундай қилиб, Аллоҳ мусулмонларни сақлаб қолди.

Муъта жангида иштирок этган саҳобалар уч минг кишидан иборат бўлишларига қарамай, ўша замоннинг энг кучли икки юз минг аскарига тенг келган эдилар. Ўша аёвсиз жангда саҳобалардан фақатгина ўн икки киши шаҳид бўлган эди, холос. Кофирлардан қанчаси ўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Лекин жангнинг тафсилоти улардан жуда кўп аскарлар ҳалок бўлганига далолат қилади. Ўша жангда биргина Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг тўққизта қиличлари синган эди.

Бунинг устига, шунча тўс-тўполоннинг ичида мусулмонлар анчагина ўлжаларни ҳам қўлга киритган эдилар.

Муъта жанги мусулмонларнинг Арабистон яриморолидан ташқарида араблардан бошқалар билан биринчи бор тўқнашуви эди.

Бу жангда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари иштирок этмаган бўлсалар ҳам, унда нисбатан кўп одам бўлгани ва катта аҳамиятга эгалиги учун айрим тарихчиларимиз уни «ғазот» деб номлаганлар. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этмаган урушнинг «сарийя» деб аталиши ҳаммага маълум.

Ушбу жангдан кейин шу пайтгача мусулмонларга қарши хуруж қилишда давом этиб келаётган Бану Сулайм, Ашжаъ, Ғатафон, Зубён, Фазора ва бошқа араб қабилалари мусулмон бўлишди.

«Ислом тарихи» биринчи китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий 17 йилда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтириб ислоҳ қилдилар.Бухорий ва Абу Довуд Ибн Умар давоми...

526 09:44 / 10 август
Яман аҳлидан бўлган ўн уч нафар мусулмонлардан ташкил топган Нужайб гуруҳи ўзлари билан Аллоҳ уларга фарз қилган молларининг садақаларини олиб Расулуллоҳ давоми...

5630 05:00 / 11.03.2017
ҳижратдан аввалги 13 йил Рамазон ойи, душанбага ўтар кечаси милодий 610 йил, августОиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

2399 10:30 / 26.11.2019
Ироқ тарафга бориб, қарор топган одамлар жамоаси Шинъор номли пасттекисликка жойлашди. У ерда уларнинг ҳаёти яхшиланди. Қадрлари баланд, даражалари юқори бўлди ва давоми...

3389 16:20 / 29.01.2019
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021