1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ироқ пайғамбарлари ва подшоҳликлари ҳақида

18:30 / 21.01.2019 5034 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи фасл 

Арабистон яриморолида аҳоли кўпайгач, гуруҳ гуруҳ бўлиб шимоли шарқий тарафларга кўчиб кетгандан кейин уларнинг кўпчилиги Ироқда жойлашиб қолди ва зироат билан машғул бўлди. Улар дастлаб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишди. Бироқ вақт ўтиши билан тўғри йўлдан адашиб, турли бут-санамларга сиғина бошлашди. Шунда расулларнинг биринчиси бўлган Нуҳ алайҳиссалом инсонларни Аллоҳ таолонинг динига чақира бошладилар. У зот алайҳиссалом мазкур диёрларда яшаб турган қавмлар учун пайғамбар қилиб юборилдилар.

Нуҳ алайҳиссалом

Нуҳ алайҳиссалом Идрис алайҳиссаломнинг авлодларидандир. У зотнинг оталарининг исми Ломакдир.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши: «Одам билан Нуҳ орасида ўн аср (авлод) ўтган. Ҳаммаси Исломда бўлган», деганлар.

Одамларнинг диндан узоқлашиши

Аллоҳ таоло Одам Атони жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касб-кор ўргандилар. Улар Одам Атога келган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилиб яшай бошладилар. Одам алайҳиссалом авлодларини то қиёматгача хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолга тоқат қила олмади. Кишиларни ширкка чақириш, бут-санамларга ибодат қилдириш пайига тушди. Одам Атонинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, солиҳ кишилар бор эди. Атрофдагилар уларни яхши кўришар, ҳурмат қилишарди. Вақти-соати етиб, улар оламдан ўтганларидан сўнг шайтон қолган кишиларни: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсангиз, уларни эслаб туришни хоҳласангиз, суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч кўриб турасизлар», дея васваса қила бошлади. Бу гап одамларга ёқиб тушди. Аввалбошда суратларига қараб, уларни эслаб туришди. Сўнг суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмаслигини яхши билишса ҳам, лекин солиҳ кишиларнинг баракаси умидида ҳайкалларни ҳурмат қилишарди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, уларга бўлган иззат-икром ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.

Кейинги авлодлар одамлар ўз оталарининг ҳайкалларини улуғлаётганларини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганини кўриб вояга етдилар. Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва уларга қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди.

Янги пайғамбарлар юбориш зарурати

Ана шунда Аллоҳ таоло адашган бандаларига раҳм қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиши учун пайғамбар юборишни ирода қилди.

Парвардигор бу пайғамбар одамларнинг ўзларидан бўлишини хоҳлади, чунки пайғамбар Аллоҳ таолонинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга, ўз ҳаётига татбиқ қилиб, ўрнак бўлиши ҳам зарур эди. Агар пайғамбар фаришта бўлса, одамлар: «Бу фаришта. Унинг биздан устунлиги бор. Шунинг учун фармонларни бажариши ҳам осон, биз эса бажара олмаймиз», дея баҳона қилишлари мумкин эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло одамларга ўзларидан чиққан, ўзларига ўхшаш бир одам пайғамбар бўлса, бундай баҳонани пеш қила олмайдилар, деган ҳикмат билан шундай ирода қилди.

Шис ва Идрис алайҳиссаломлар набий сифатида ўз қавмларининг хатоларини тузатишга, тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилдилар, аммо улардан кейин аҳвол янада оғирлашди. Аллоҳ таоло яна янги пайғамбар юборишни ирода қилди.

Нуҳ алайҳиссаломнинг юборилишлари

Ўша замонда яшаган кишилар ичида бойлар, зодагонлар кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ олижаноб, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғрисўз, омонатли, меҳрибон одам эди.

Аллоҳ таоло у зотга ваҳий юбориб, қавмини динга чақиришга буюрди. Нуҳ алайҳиссалом «Мен сизга пайғамбар бўлдим», деб қавмига мурожаат қилганларида, баъзилар: «Бу қачондан бери пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку!» дейишди.

Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ шу қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлган эканми?» дейишди.

Яна бошқа бировлар: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», дейишди.

Шундай қилиб Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини иймонга чорлади. Бут-санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади.

Бу ҳолатни Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида қуйидагича баён этади:

«Биз Нуҳни «Қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантир», деб ўз қавмига расул қилиб юбордик» (1-оят).

Нуҳ алайҳиссалом Ироқнинг жанубида, ҳозирги Куфа шаҳри жойлашган ҳудуд атрофида яшаган аҳолига пайғамбар қилиб юборилганлар.

Нуҳ алайҳиссалом «расулларнинг шайхи» деб ҳам аталадилар, чунки у зот беш «улул азм» («сабот-матонатли») пайғамбарлардан биридирлар.

(давоми бор)

«Ислом тарихи» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ndash ҳижратдан аввалги 53 йил, Фил йили, 8, 9, 10 ёки 12 рабиъул аввал, милодий 571 йил апрель. 2. Пайғамбар давоми...

2636 14:00 / 15.08.2022
Аммо ҳамма мусулмонлар ҳам ҳимоя остида эмас эдилар. Айниқса заифҳол мусулмонлар ўта ҳимоясиз эдилар. Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган давоми...

4133 05:00 / 06.01.2017
.Эҳсон, диннинг қалб тарбиясига боғлиқ қисми бўлиб, у одатда, .тариқат, ҳам дейилади. Бу қисмга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм .тасаввуф илми, деб давоми...

2335 14:09 / 03.10.2023
14 ёшдан 20 ёшгача бўлган йигитқизларга ўсмир, ўспирин сўзи ишлатилади.Аслида арабчада муроҳиқ, ўзбекчада ўсмир, ўспирин деб аталган сўз ғарб истилоҳи бўлиб, давоми...

1052 21:00 / 24.10.2022
Аудиолар

137656 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021