1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

ҲАЛОЛ КАСБ ТАЛАБИ ҲАҚИДА

05:00 / 03.03.2017 8505 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бундоқ шубҳалар айниқса ҳалол билан ҳаромнинг арашалиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча маълум ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.

Аллоҳ таоло: «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз», деган (Жума: 10).
Шарҳ: «Жума» сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин мусулмонларни ер юзида тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳнинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда.
Албатта, ризқ талаб қилишда турли ҳолатлар вужудга келиши мумкин. Мисол учун кўпроқ ризққа эришиш мақсадида ҳаром-харишга қўл уруш эҳтимоли бор.
Шунинг учун Аллоҳ таоло ризқ талаб қилишга амр қилганидан сўнг бевосита:
«ва Аллоҳни кўп зикр қилинг», демоқда.
Аллоҳни кўп зикр қилиш эса ризқ топиш ишида ҳаромни четлашга омил бўлади.
Қуръони Каримда бу маънода бошқа оятлар ҳам мавжуд. Жумладан «Мулк» сурасида: «У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, анинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир», дейилган (Мулк: 15).
Уламоларимиз қадимдан ушбу ояти каримани Исломда меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзинининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтирадилар.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ерни инсонга бўйсундириб қўйган, лекин бу ҳақиқат ҳозирги асримиздагидек ҳеч қачон яққол кўзга ташланмаган. Инсон ердан фойдаланишнинг барча турларини ишга солди. Бу оятдаги «юринг» деган хитоб мусулмонларни доимо касби-корга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четлатган. Шу билан бирга ризқ Аллоҳдан бўлишини унутмаслик зарурлигини эслатган.
Яъни, мусулмон одам ер юзида юриб ризқ талаб қилиши, ҳалол йўл билан касб қилиши керак.
«Наба» сурасида Аллоҳ таоло: «Ва кундузни маъош (тирикчилик) вақти қилдик», дейди (Наба: 11).
Бу ҳам маош учун, ризқу рўз топиш учун ҳаракат қилиш маъносидаги гапдир.
Кундузи тирикчилик, рўзғор ҳаракати вақти, буни ҳам Аллоҳдан бошқа ҳеч зот қилолмайди. Аллоҳ таоло кундузини маош учун қилиб қўйган. Фақат кундузнинг ёруғлигигина эмас, ундаги жуда кўплаб хусусиятлар инсон маоши учун керакдир. Мисол учун ёруғ бўлса-ю, Қуёши бўлмаса унда маош бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта. Кундуздаги қуёш иссиқлиги, ёғдусидан нафақат инсон, балки бутун мавжудот ўз маош-ҳаёти учун фойдаланади. Бунга ўхшаш Аллоҳ кундузга хос қилиб қўйган нарсалар кўп.
«Аъроф» сурасида: «Батаҳқиқ, Биз сизларга ер юзида имкон бердик ва унда маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр этасизлар», дейилган (10-оят).
Аллоҳ таолонинг маишатлар қилиб қўйганига шукр қилишни талаб қилиши талаби ризқ қилиш имконининг беришлиши ҳам неъмати илоҳий эканини билдиради.
Ғоят қисқа иборалардан ташкил топган ушбу ояти карима ўзида чексиз ҳақиқатни, воқеъликни мужассам қилгандир. Ер юзида инсонга яшаш имконини бериш осон иш эмас. Бу имконни яратиш учун қанчадан-қанча бир-бирига боғлиқ ишлар амалга оширилган. Аввало, олам инсон ҳаётига мосланган, кейин инсон бу дунёда яшашга мослаштирилган. Бу икки тарафлама мослашишнинг вужудга келишига сабабчи ишлар ҳақида олимлар қанчадан-қанча китоблар ёзганлар ва ёзмоқдалар ҳам.
Инсон ақлини ишлатиб, дунёда унинг учун яратиб қўйилган яшаш имконларидан ақалли бир ёки иккитасини ўйлаб кўрса, тушуниб етадики, Аллоҳга ҳар қанча шукр қилса ҳам оз экан. Мисол учун, энг эътибор берилмайдиган нарсани, ҳавони олиб кўрайлик. Инсон ҳавосиз яшай олмайди. Аммо ҳаёт учун зарур ҳаво фақат ерда ва атрофида бор. Ундан юқорига чиқсангиз ҳам йўқ, пастга тушсангиз ҳам йўқ. Қолаверса, ҳавони доимо тозалаб, инсонга керакли ҳолга келтириб турувчи омилларни, жумладан, дарахтларни ҳам Аллоҳ таоло яратиб қўйган. Бу неъматнинг қадрини билиш учун инсон ҳавоси йўқ жойда ёки ҳавоси бузуқ жойда бир оз турса, кифоя. Аммо ҳаво ҳар қанча мусаффо бўлса ҳам, уни қабул этиб турувчи аъзо бўлмаса, бефойда. Хўш, ҳавони қабул қиладиган, бошқа аъзоларга ҳам таъсирини ўтказадиган аъзоларни инсонга ким берган? Албатта, Аллоҳ берган.
Аллоҳ инсоннинг ер юзидаги ҳаётига имкон ўлароқ ўша аъзоларни бериб, уларни маълум тариқада ишлайдиган қилиб қўйган. Ушбу неъматнинг қадрини билиш учун нафаси қисадиган одамнинг олдида бир оз ўтиришнинг ўзи кифоя. Аллоҳ инсонга ер юзида яшаши учун берган имконияти сон-саноқсиз бошқа имкониятлардан бири, холос. Одатда, одам ўзига бирор нарса берган шахсга ташаккур айтиб, уни ҳурматлайди. Аммо кўп инсонлар шунчалик беҳисоб нематларни берган Аллоҳни инкор этадилар ва Унга шукр қилмайдилар. Шукр қиладиганлари эса жуда оз. Уларнинг шукри ҳам жуда оз.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон.
Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир.
Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир.
Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур.
Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир», дедилар».

Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
У киши розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Нўъмон ибн Башир ибн Саъд ибн Саълаба ибн Халлос ал-Ансорий ал-Хаз- ражийдирлар.
У кишининг оналари Амра бинти Равоҳа розияллоҳу анҳо бўлиб, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳунинг сингилларидир.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан ўн тўрт ой ўтгандан кейин таваллуд топган бўлиб, ҳижратдан сўнг ансорийлар орасида биринчи туғилган бола ҳисобланади.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам, ота-оналари ҳам саҳобий бўлганлар.
У киши Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу томонидан Ҳумсга омил этиб тайинланганлар. Ўша ерда 65-ҳижрий санада Холид ибн Хулий ал-Кулоъий исмли киши томонидан қатл этилганлар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.
Ушбу ҳадиси шариф, энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз, бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун бу ҳадисни, Исломнинг учдан бири, десак бўлади, деганлар.
Бу ҳадисдан бошқа қолган икки ҳадис «Албатта, барча ишлар ниятга боғлиқ», деб бошланувчи ва «Кишининг Исломининг гўзаллиги, ўзига беҳуда бўлган нарсани тарк қилишидадир» ҳадисидир, деганлар.
Имом Абу Довуд, ушбу уч ҳадисга «Сизлардан бирингиз то ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам яхши кўрмагунча комил мўмин бўлмайди» деган ҳадис ҳам қўшилади», деганлар.
Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда емоқ, ичмоқ, киймоқ, никоҳ- даги ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилдилар.
Шунингдек, у зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилдилар. Ҳалолга уриниш, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирди- лар. Шу билан бирга ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, ким дини ва обрўсини пок сақлай деса, шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарурлигини таъкидладилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш, худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли эканини баён қилдилар.
Сўнгида эса бу масаладаги энг муҳим масала, қалб масаласи экани, ҳалол - ҳаромда қалб асосий рол ўйнашини тушунтирдилар.
Имом Ибн Арабий: «Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин», деганлар.
Имом Қуртубий эса: «Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб солишти-риб кўриш мумкин», деганлар.
Энди ҳадиси шарифни таҳлил қилиб чиқайлик:
«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир».
«Ҳалол» сўзи луғатда тугунни ечиш маъносини билдиради.
Шариатда эса ҳаромлик тугуни ечилган, яъни, ҳаромлик сифати йўқ нарсага ҳалол деб айтилади. Чунки, ҳаром нарсанинг ман қилиш тугуни бўлади. Ҳалол нарсада ана ўша тугун бўлмайди, бўш бўлади.
Ҳадиси шарифда, ҳалол очиқ-ойдиндир, дейилиши жуда катта маънони англатади. Аввало, нима нарсалар ҳалол экани очиқ-ойдиндир; сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар гўштлари каби таомлар, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган шахслар кабилар ҳалолдир.
Қолаверса, ушбу нарсаларга эга бўлишлик ишончли, шариатда рухсат берилган йўл билан бўлиши керак. Бу жойда, ҳалол касб деганда, айнан шу маънода гап бормоқда. Яъни, ҳалол нарсага ҳалол йўл билан эга бўлиш ҳақида гап бормоқда. Бу ҳам очиқ-ойдин. Уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мулк ҳалол бўлади. Бу оддий ҳақиқатни билиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги ҳам йўқ.
Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан молу-мулк топиш фарздир.
Уламоларимиз, ушбу ҳадиси шариф, баъзи бир жоҳилларнинг, дунёда сув ва набототдан бошқа ҳалол нарса қолмади, дейишларига раддир. Шубҳа ва ҳаромнинг доирасини кенгайтириш жоҳиллик ва илмсизликнинг аломатидир, деганлар.
Ўтган далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб уламоларимиз, мутлоқ ҳалолни ўзига ҳаромлик сифати илашмаган ва касб қилиш сабабига ҳаром ёки макруҳ иш аралашмаган нарса, деб таърифлайдилар.
Демак, мусулмон инсон ўзи ҳалол бўлган нарсани, шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб фойдаланиши керак. Аллоҳ таолонинг амри шу.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Эй, одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир», дейди (168-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол-пок нарсаларни ейишга даъват қиляпти. Аллоҳ таоло ер юзидаги ноз-неъматларни бандалари учун яратган, уларнинг ҳалол-покларидан ейишга умумий рухсат бермоқда. Ҳалол-пок неъматларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, улар кўп. Ҳаром, нопок нарсалар жуда ҳам оз, кези келганда уларни санаб ўтилади.
Ейдиган нарсанинг ҳалол бўлишига Ислом динида катта аҳамият берилади. Жумладан, ушбу оятда ҳам бу нарса алоҳида таъкидланмоқда.
Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: «Нажот уч нарсада; ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдадир», деганлар.
Ояти каримада ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш қўйилмоқда. Яъни, шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол-пок емайдилар, деганидир бу. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаради. Шайтоннинг етовига тушиб қолган нодон инсон эса ҳалол - ҳаромни фарқламай нақадар улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади. Унга ҳаромни емасликни насиҳат қилсангиз, «Нима бўпти есам?» дейди. Мана шу ҳоли унинг шайтон етовида эканига далилдир.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас. Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг», дейди. (87-88-оятлар).
Аввал ўтган оятларда ва уларнинг тафсирида Аллоҳ ҳалол қилган нарса пок ва фойдали бўлиши айтилган эди. Бу ерда ўша покиза ва ҳалол нарсаларни ҳаром деб ҳукм чиқариш мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Чунки ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Аллоҳ ҳалол деган нарсани ким ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига, яъни, шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган бўлади.
Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, қандайдир диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниш, деб ўйлаши ҳам нотўғридир. Бундай иш диндаги ғулув-ҳаддан ошиш ҳисобланади.
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби буни таъкидлайди.
Имом ибн Жарир Табарий қуйидагиларни ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўтириб одамларга ваъз-насиҳат қилдилар, аммо ортиқча қўрқитмадилар. Сўнгра туриб кетдилар.
Шунда у кишининг саҳобаларидан баъзилари: «Агар янги бир иш қилмасак, нима деган одам бўламиз. Насоролар ўзларига бир қанча нарсаларни ҳаром қилишган, биз ҳам ҳаром қилайлик», дейишди.
Баъзилари ўзига гўшт ейишни ҳаром қилди, баъзилари соннинг юқори қисмини емоқни ҳаром қилди. Бошқалари кундузи овқат емоқни, яна бошқалари аёлларни ўзларига ҳаром қилди.
Бу гап Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб борганда: «Аёлларни, таомни ва уйқуни ўзига ҳаром қилганларга нима бўлди?! Огоҳ бўлинглар, мен ухлайман ҳам, бедор ҳам бўламан, рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким мендан ўзини тортса, у мендан эмас», дедилар.
Шунда Аллоҳ: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг», оятини нозил қилди.
Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб берганидан кам ишни қилиш нуқсон ва гуноҳ бўлганидек, Унинг белгилаб берганидан ортиқча қилишга уриниш ҳам тажовузкорлик ва гуноҳ ҳисобланади.
Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром қилишликнинг ягона соҳиби Аллоҳ таолодир, бошқа эмас.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади. Уч кишидан иборат бир гуруҳ Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам жуфти ҳалоллари уйларига у зоти шарифнинг ибодатлари ҳақида сўраб келдилар. Бу ҳақда хабар берилганда, уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари оз кўринди ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар-у, биз қаёқдамиз, у кишининг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар. Битталари: «Мен доимо кечаси билан намоз ўқиб чиқаман энди», деди. Иккиничиси: «Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан четда бўламан, ҳеч уйланмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб: «Сизлар шу-шу гапларни айтдингизми? Аммо, Аллоҳга қасамки, ичингизда Аллоҳдан энг кўп қўрқувчингиз менман ва унга энг кўп тақво қилувчингиз ҳам менман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Ким суннатимдан ўзини тортса, мендан эмас», дедилар.
Шу билан Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ўзига ҳаром қилиб онт ичиш ёки вазифа қилиб олиш бекор қилинди. Ҳамда ҳеч кимнинг Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилишга ҳақи йўқлиги таъкидланди.
Кейин эса яна бир бор Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол-покини емоқ ва бу борада фақат Аллоҳга тақво қилиш таъкидланди:
«Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг»
«Анфол» сурасида Аллоҳ таоло: «Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир», деган (69-оят).
Ўлжага олинган молларни ҳалол қилиб бериш ҳам Аллоҳнинг мусулмонларга кўрсатган бир марҳаматидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло асирлар учун, яъни, уларни озод қилиш учун олинадиган молни ҳам ҳалол қилди. Бу нарса олдинги Пайғамбарлар умматларига ҳалол қилинмаган эди.
Ўлжа ва тўлов моли дунё иши бўлгани учун эҳтиёткорлик қилинмаса, ҳаром аралашиб қолиши эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ:
«Аллоҳга тақво қилинглар», демоқда.
Юқорида айтиб ўтганимиз мусулмонларга берилган инъомларнинг ўз ўрни бор, улар ҳам яхши. Аммо энг катта неъмат Аллоҳдан мўминларга келадиган мағфират ва раҳматдир.
«Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир».
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг. Ва агар унга ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг», деган (114-оят).
Одам Аллоҳ унга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсаларни ейиш билан бирга, Аллоҳнинг неъматига шукр ҳам этади. Бу эса Аллоҳга ибодат қилиш доирасига киради. Шунинг учун ҳам оятда,
«агар ибодат қиладиган бўлсангиз», дейилмоқда.
Яна ҳадиси шарифнинг шарҳига қайтамиз.
«Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир».
Яъни, махфий ёки билиб олиш қийин нарса эмас.
«Ҳаром» луғатда ман қилишни англатади.
Шариатда эса ҳеч қандай шубҳасиз, очиқ-ойдин равишда ман қилинган нарса ҳаромдир.
Буни ҳам билиб олиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Ароқ, нажосат тушган сув каби ичимликлар, чўчқа гўшти, Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти, эркак кишиларга ипак кийимлар ва никоҳида бўлмаган шахс ила жинсий алоқада бўлиш кабилар ҳаромдир.
Шу билан бирга ўзи ҳалол бўлган нарсаларга шариатда ман қилинган ҳаром йўл билан эга бўлса, улар ҳам ҳаромга айланиб қолади. Мисол учун, зулм, ўғрилик, рибохўрлик, алдамчилик, порахўрлик йўли билан топилган ҳар бир нарса, ўзи қанча пок бўлса ҳам, топувчига ҳаромдир.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз мутлақ ҳаромни, ўзида ҳаромлик сифати бор ёки ман қилинган йўл билан топилган нарсадир, деб таъриф қиладилар.
Мусулмон инсон учун ҳаромдан ҳазар қилиш фарздир.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром-ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган.
Аллоҳ таоло: «Бақара» сурасида: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг», деган (188-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил-ҳаром йўл билан емоқдан қайтармоқда.
Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади дегани. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», деган эканлар.
Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол - ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча бўлмайди. Балки ҳамма нарсани кўриб билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатига қараб ҳукм чиқаради.
Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатвориши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳақидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», деганлар.
Зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди.
Имом Қуртубий, «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар киради», деганлар.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида эса: «Эй, иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз», деган (130-оят).
Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа, тўлади, бўлмаса, қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлавергандан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетаркан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмоқда.
Нафси бузуқ баъзи кимсалар бу оятни ушлаб олиб, Алло таоло Қуръони Каримда: «Рибони бир неча баробар қилиб еманг», деган, демак, бир неча баробар оширмай, маълум фоиз еса бўлаверади, деган даъволарни ҳам қилишади. Бу жоҳилликдир, Аллоҳ ҳаром этган нарсани ўзига ҳалол қилиб олиш йўлидаги ғаразли ҳаракатдир. Ҳолбуки, ояти карима воқеликдан келиб чиқиб, жоҳилият даврининг энг ёмон одатларидан бирини аста-секинлик билан муолажа этмоқда. Қолаверса, рибо ҳақида Қуръони Каримда фақат битта шу оятгина бор эмас, ахир. Рибонинг ҳаромлигини баён қилувчи асосий оятлар Бақара сурасида келган. Унда: «Рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг», дейилган.
Гуноҳни, жумладан рибохўрликни ҳамма ҳам осонгина тарк қилавермайди. Бунинг учун, аввало, Аллоҳ таолога тақво қилиш лозим:
«Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз».
Албатта, Аллоҳга тақво қилган ва бу дунёю у дунёда нажот топишдан умидвор бўлган одамлар рибохўрлик қилмайдилар.
«Нисо» сурасида Аллоҳ таоло: «Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур», деган (2-оят).
Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Балоғатга етмаган ёш бололар отаси ўлиб қолса, етим бўладилар. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлар ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. Етимга кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. Етим бола ёш бўлиб, молу мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун, кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди у ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам оятдаги: «Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча ила англатиш керак бўлади. Жоҳилиятда, яъни, исломий низомдан бошқа тузумларда етимларнинг ҳақига эътибор берилмайди, бу ҳақ доимо поймол қилинади, етим ҳақига хиёнат авж олгандир. Исломда эса уларнинг ҳақлари тўла муҳофаза қилинган.
«Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик, хусусан, етимларнинг молини ўз молига алмаштирмаслик тушунилиши лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз мол деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз. Чунки, узоқ давом этган худосиз тузум бошқа мулкка эгаликни ман қилган эди. Юқоридаги жумлани, уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг, деб тушунса бўлади. Мисол учун етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулклари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. Яъни, кафил ўзига нопок бўлган молни олиб, ўрнига ўзининг ҳалол-пок молини берган-алмаштирган бўлади.
«Уларнинг молини ўзингизнинг молингизга қўшиб еманг».
Бу иборада ҳам етимларнинг ҳимояси яққол кўриниб турибди. Кафиллар: «Мен шу етимга кафилман, унга қараяпман, тарбия қиляпман», деган маънодаги даъволар билан ўзларига топширилган етимнинг молларини ҳам ўз молларига қўшиб еб юбориш одати бор эди. Бу эса етимга нисбатан катта зулмдир. Ояти карима етимнинг молини ейишни ман этяпти. Бу ишни катта гуноҳ деб эълон қиляпти:
«Зеро, бу катта гуноҳ бўлур».
«Нисо» сурасида Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг мол ларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деган (29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.
«Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг».
Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан,
«Магар ўзаро розилик ила бўлган тижорат бўлса, майли», деб истисно қилинмоқда. Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижоратнинг зикр қилинишига сабаб–ботил йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор. Мисол учун, Арабистон ярим оролида рибохўрлик авж олган эди. Аллоҳ таоло бу ишни ҳаром қилганида, мушриклар, рибо ҳам тижоратга ўхшаш, деган даъвони илгари сурдилар. Шунга ўхшаш тушунмовчиликлар ёки ноўрин даъволарнинг бўлмаслиги учун ўзаро розилик билан бўлган тижорат истисно қилинмоқда. Чунки тижорат ҳалол меҳнат. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши гумон бўлади. У касод бўлиш, синиб, молсиз-пулсиз қолиш эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб бу ишга қўл уради. Энг муҳим омиллардан бири–тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда ҳур, бошқа томонга кетаверади.
Бу маънода ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп келган. Бир луқма ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмаслиги таъкидланган.
Мусулмон инсон ҳаром йўл билан молу дунё касб қилишдан, худди чўчқанинг гўштини ейишдан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан молу дунё топган одам икки дунёда шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига оловни таом ўрнига ейди.
«Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир».
Яъни, ҳалол билан ҳаром орасида шубҳали нарсалар бордир.
«У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар».
Бундоқ нарсаларни шариат илмларини пухта биладиган уламоларгина биладилар.
Демак, баъзи нарсаларнинг ҳалоллиги ҳам, ҳаромлиги ҳам очиқ-ойдин билинмайди. Ҳалол, дейин деса, ҳаромга ўхшайди. ҳаром, дейин деса, ҳалолга ўхшайди. Бундоқ нарсаларни шубҳали нарсалар, дейилади. Асосий мушкул худди шу нарсалардадир.
Шубҳа сўзи луғатда ўхшаш маъносини билдиради. Яъни, шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Аниқлиги йўқ бўлади.
Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун, икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса, дейилади, деганлар.

Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:

1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин эканлиги билинмаса, у шубҳали нарса бўлади. Бунга уламоларимиз келажакда ўрганиладиган «Мухобара» номли муомалани мисол қиладилар.
2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам машҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди. Мисол учун, «зобб» номли калтакесакдан катта, эчкиэмардан кичик ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.
3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб уламолар турлича тушунган нарсалар.
4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчаликми, доимийми эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар. Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш нарсалар.

Ушбу нарсаларга ўхшашларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва бошқа фиқҳий қоидалар билан солиштириб ўрганиб чиқадилар. Сўнгра эса ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин у ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқорида келтирилган фикрлар мазкур ҳайвонларнинг зотидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотлардир.
Аммо, зоти ҳалол бўлган нарсани бирор кишига ҳалол мулк бўлишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:
Биринчи хили, ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.
Мисол учун бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин, отилган қуш сувга тушсаю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб бўғилиб ўлдими билиб бўлмайди. Уламолар бу ва бунга ўхшаш шубҳали ҳолатларга ҳаромлик устун эканлигига фатво чиқарганлар.
Бундоқ шубҳалар айниқса ҳалол билан ҳаромнинг арашалиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча маълум ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.
Яна бир мисол, бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким эканлиги айнан маълум эмас. Фақат, бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги билинади, холос.
Шу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганидан, шубҳадан қочиб уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.

2. Чегараланган ҳаром нарса чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкуллик эътиборидан шариат бундоқ ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.
Мисол учун ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканини яхши билади. Аммо, ким эканини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёлларни унга ҳаром деб эълон қилинмайди, балки, хоҳлаганига уйланаверади. Уламолар иттифоқи шундоқ.
Шунингдек, молу дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг аниғи номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки емоқ-ичмоқни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундоқ бўладиган бўлса, кишилар учун катта танглик пайдо бўлади
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаи киромларининг вақтларида рибохўрлик, ўғирлик содир бўлган, кўп молу мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз бунга ўхшаш нарсаларни сўраб суруштириб, четлашга уриниш васвасадир, дейдилар.

3. Чегараланмаган ҳаром, чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Ҳозирги замондаги моллар шунинг мисолидир. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат далил бўлган нарсанигина ҳаром, деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки, шариат ҳукми бўйича аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида ҳаромдан топилган молу-дунё, рибохўрлик фойдаси, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи таланиб олинган моллар аралашиб кетган.
Ҳеч ким, мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу насрония аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридин юртлардан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб ишлатар эдилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳга шукрлар бўлсинким ўтган мужтаҳид олимларимиз бундоқ масалаларни жуда ҳам яхшилаб ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар.
Ҳозирги уламолар ўша китоблардан фойдаланган ҳолда жавоб беришлари осон. Ўтган вақтларда мавжуд бўлмаган масалаларни эса. Ислом фиқҳи мажмаъларидаги уламолар ҳал қилмоқдалар.
«Бас, ким шубҳалардан сақланса дини ва обрўси учун покланган бўлади».
Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўсини поклаган бўлади. Шунинг учун муайян шубҳали нарсадан узоқда бўлиши керак.
Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзингни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.

Шубҳали нарсага нисбатан керак бўлган муносабат бир неча хил бўлади:

1. Вожиб.
Ўзиникими ёки ўзганикими эканлиги аниқ бўлмаган молни олмаслик.
2. Мустаҳаб.
Молининг кўпи ҳаром бўладиган одам билан муомала қилмаслик.
3. Макруҳ.
Аллоҳ рухсат берган нарсаларни ва ҳадисларни олмаслик.
Имом Бухорий ва Имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Уқба ибн ал-Ҳорис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, мен бир хотинга ўйланган эдим, бир қора аёл келиб, мен билан хотинимни эмизганини даъво қилмоқда, у ёлғончи», деди.
Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар. У ўз гапини ул зотга иккинчи бор қайтарди. Шунда у зот:
«Қандоқ қилиб?! Ахир, у (аёл) икковларингизни эмизганини даъво қилиб турибдику? Уни талоқ қил!» дедилар.
Шубҳа тушгани учун шундоқ қилдилар.
Лекин, шубҳанинг ҳам чегараси бор. Бўлиши қийин нарсаларни ўзига фараз қилиб, турли хаёллар билан турли шубҳалар қилаверишни васваса, дейилади.
Уламоларимиз бундоқ васвасага бир қанча мисоллар келтирадилар. Бу юртда менинг қариндошларим ўтган экан, шу ердан уйлансам, билмай қариндошимга уйланиб қўймай, деб бутун бошли бир юртдан уйланишни тарк қилиш, очиқ жойдаги сувни нажосат тушган бўлиши мумкин, деб ишлатмаслик, бирор кийимни менинг қўлимга тушишидан олдин нажосат теккан бўлиши мумкин деб ювишга ўхшаш ишлар, шулар жумласидандир.
Имом Қуртубий, бундоқ ишлар парҳезкорлик эмас, шайтоний васвасадир. Чунки, буларда шубҳа маъносидаги ҳеч нарса йўқ. Бундоқ нарсаларнинг содир бўлиши шариатни билмасликдан келиб чиқади, дейдилар.
Имом Ҳарамайннинг оталари, Имом Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Жувайнийга, янги кийимни, буни бўяш, қуритиш вақтида ерга тушиши бор, нажосат тегиши бор, деб ювиб ташлаб киядиган кишилар зикр қилинди. У кишининг қаттиқ аччиқлари чиқди ва:
«Бу хорижийларнинг тарийқатидир! Уларни Аллоҳ таоло ноўрин жойда ташвиш қилиш ва эҳтиёт бўладиган жойда бепарво бўлиш балосига учратган. Буни қилувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳоба ва тобеъинларнинг ишига эътироз қилувчидир. Чунки, у зотлар янги кийимни ювмасдан кияр эдилар. Уларнинг асрларидаги кийимнинг ҳоли, бизнинг асримиздаги кийимнинг ҳоли каби эди. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кийимларни ювишга амр қилган бўлсалар махфий қолмас эди», дедилар.
Албатта, бу шаклдаги васвасага берилиш Ислом шариати руҳидан узоқ нарсадир.
Лекин, муайян шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шунинг учун ҳам, ҳадиси шарифнинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бермоқдалар: «Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади».
Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсаларни олиб, еб-ичиб, ишлатиб юрган одам ҳаромга тушиши турган гап. Чунки:
«Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон».
«Қўриқхона», деганда Ислом давлати бошлиғи томонидан жиҳодга миниладиган ва давлат мулки ҳисобланадиган ҳайвонларни боқиш учун ажратиб, чегаралаб қўйилган яйловга айтилган. У давлат томонидан қўриқланади. Ким ўша яйловда ўз ҳайвонини боқса, қоидани бузган ҳисобланади ва жазога тортилади.
Табийки, мазкур қўриқхонага энг яқин жойда ҳайвон боққан одамнинг ҳайвонлари қўриқхонага тушиши ва ундан ўтлаб қўйиши жуда ҳам осон. Чунки, энг яқин жойда турибди, бир ҳаракат билан қўйми молми ёки бошқа ҳайвонми қўриқхона ўтидан ейиши ва эгаси жавобгар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
Шубҳали нарсаларга яқин юрадиган одамнинг ҳоли ҳам худди шундоқ. Хоҳлаган лаҳзада, ўзи билмай қолиб ҳаромни олиб, еб ёки муомалага киритиб қўйиши мумкин.
Оқибатда обрўси тўкилиб, динига футур етиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам динини, обрўсини пок ҳолда сақлаш ниятида бўлган киши шубҳали нарсаларга умуман яқинлашиши керак эмас.
Худди шу маънони яна ҳам кучлироқ таъкидлаш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бошқа бир мисол келтирадилар:
«Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир».
Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан бошқа ҳар қандай ҳайвоннинг юриши қатъиян ман қилинган. Ушбу қоидани бузган одам эса тегишли жазога тортилган. Подшоҳнинг жазосидан қўрққан одам қўриқхонага ўзи ҳам яқинлашмайди, ҳайвонини ҳам яқинлаштирмайди. Эҳтиёт бўлмаган одам эса подшоҳнинг жазосига тортилиши ҳеч гап эмас.
«Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси, Унинг ҳаром қилган нарсаларидир».
Яъни, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалари, худди подшоҳнинг қўриқхонасига ўхшайди. Ким ўша ҳаром қилинган нарсаларга яқинлашса, унинг ҳаромга йўлиқиши осонлашади, ҳаром ишни қилган одам эса Аллоҳнинг жазосига учрайди. Ҳаром ишни қилган одам учун икки дунёда ҳам турли туман жазолар бордир.
Жинси ҳаром нарсаларни еган, улардан фойдаланганларга бу дунёда соғликлари бузилиши, турли бало - офатларга гирифтор бўлиш ва бошқа жазолар бор. Охиратда эса ўзига яраша жазолар бўлади.
Ҳаром йўлдан мол топганларга ҳам қўлларини кесиш ва бошқа турли тан жазолари билан бирга, бало - офатларга йўлиқиш, ибодати ва дуоси қабул бўлмаслик каби руҳий-маънавий жазолар бор. Охиратда эса дўзах азоби бўлиши турган гап.
«Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир».
Бу иқтибосда «солиҳ» сўзи бузуқ сўзига қарама - қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.
Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.
«Қалб» луғатда, бир нарсани ағдаришга айтилади. Қалб бир хилда турмай у ёқ-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам «қалб» деб аталган.
Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади.
Зоҳирийси кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир.
Ботинийси эса нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ўшадир.
Зоҳирий қалб инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.
Ботиний қалб эса инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди.
Қалбни бизнинг тилимизда, юрак, ҳам дейилади.
Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича қалб инсоннинг бузуқ ёки тузук бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Қалбнинг бузуқ ёки тузук бўлиши эса ҳалол ва ҳаромга боғлиқ экан.
Ушбу ҳақиқатни қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносида тушунилган.
Ҳозирги кунда эса юракни жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. Юрак ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, юрак соғлом бўлса жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб билинади.
Аслида эса ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилиши керак.
Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки, Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилингандан сўнг танда қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсаларда пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.
Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига молу-мулк топган одамлар гуноҳкори азим бўладилар. Мазкур гуноҳлар зарари эса уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаромхўрлик давом этаверса маънавий хасталик бориб-бориб маънавий ўлимга айланади.
Шунинг учун ҳам, қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.
Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз.
Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак.
Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим.
Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суруштириб ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани ўзимизга раво кўришимиз зарур.
Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қили нади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга бир замон келурки, унда киши молни нимадан олганига парво ҳам қилмайди: ҳалолданми, ҳаромданми», дедилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта мўъжизаларидан биридир. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан пайтда кўпчилик мусулмонлар молни ҳалол - ҳаромига қарамай олиш деган нарсани умуман хаёлларига ҳам келтира олмас эдилар.
Чунки, мусулмонман, деган одам фақат ҳалол нарсани олиши, ҳаромдан ҳазар қилиши уларнинг фикри-зикри, бутун вужудига сингиб кетган эди. Аммо асрлар ўтиб, кишилар Исломдан, иймондан узоқлаша бориб охир-оқибат ҳалол-ҳаромни фарқ қилмайдигон ҳолатга етди.
Кишилар ҳалолни қўйиб ҳаромга ўзини урадиган бўлишди. Молу дунё тўплаш йўлида ҳар қандай ҳаромдан, жирканчликдан, пасткашликдан тап тортмайдиган бўлишди. Ҳаттоки, ҳалол-пок бўлишга уринган кишини девоналикда, ақлсизликда айблайдиган даражага етдилар.
Шундоқ қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда айтган гаплари юзага чиқди.
Аслида эса инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқлашдир.
Дуч келган нарсани суруштирмай ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми, ҳаромми, яъни, фойдалими, фойдасизми, ўзиникими, ўзганикими эканлигини сўраб суруштиради.
Мусулмон инсон эса ҳар бир нарса шариат рухсат берган нарса бўлиши кераклигини тўлиқ тушунган ҳолда, масъулиятни сезган ҳолда, ҳар бир ҳаром нарса катта гуноҳ бўлишига эътиқод қилган ҳолда яшайди, амал қилади.
Ислом ақийдаси бўйича Аллоҳ ҳаром қилган, шариатда ҳаром ҳисобланган нарсани ҳалол санаш кофирликдир.
Ҳаромни ҳаром билиб туриб, ундан ҳазар қилмаслик эса гуноҳи азиймдир.
Шунинг учун мусулмон инсон нима ҳалол, нима ҳаром эканини яхшилаб билиб олиши ва ҳалол касбни ихтиёр қилиши керак.
Мусулмон инсонга бирор таом тақдим қилинса, ҳадя берилса ёки у бирор нарсани сотиб олмоқчи бўлса, у нарсанинг ҳалол - ҳаромлигини сўраб суруштириб олсин. Чунки бундоқ нарсалар вазиятга қараб гоҳида вожиб, гоҳида ҳаром, гоҳида мандуб ва гоҳида макруҳ бўлади, дейдилар уламоларимиз.

1. Молнинг эгаси ҳаромхўрлиги билан машҳур бўлса ёки молнинг кўпи ҳаромлиги маълум бўлса, сўраб - суруштириб, ҳаромхўрнинг ҳалол моли ва кўп ҳаром аралашган молнинг ҳалол қисмидан муомала қилиш вожиб бўлади.
2. Ҳаромхўрлиги маълум бўлмаган, ўзида ҳаромхўрлик белгиси ҳам бўлмаган, бунинг аломати ҳам бўлмаган кишининг молини сўраб - суруштириб, тафтиш қилиш эса беайб мусулмон кишидан ҳаромхўрликда шубҳаланиш бўлгани учун ҳаром бўлади.
3. Мол эгасининг ҳаромхўрлиги маълум бўлмаса, аммо унда ҳаромхўрликнинг аломатлари бўлса, у билан муомала қилиш жоиз, аммо тарк этса афзал.

Демак, сўраб-суруштириш шубҳага боғлиқ.
Бир одам ҳаром мол топиш гуноҳ эканини англаб етди. Қўлида ҳаром аралашган мол бор, нима қилади? Уламоларимиз ундай ҳолда қуйидагиларни қилишни маслаҳат берадилар:
Агар ҳаром молнинг жинси ва миқдори аниқ бўлса, ўша аниқ жинс ва миқдорни чиқаради.
Агар аниқ бўлмаса, ғолиб чамасига кўра ажратса ҳам бўлади. Аммо, кўнгли равшан бўладиган даражада ишонч билан чиқарса, яна ҳам яхши бўлади.
Кейин ўша молнинг эгасини ёки унинг меросхўрини топиб қайтариб беради. Агар у молнинг муайян эгаси бўлмаса ёки топилмаса садақа қилади ёки мусулмонлар оммасига фойда келтирадиган нарсаларга ишлатилади.
Ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонларнинг асосий фазилатларидан биридир. Балки, шубҳали нарсалардан ҳазар қилиши ҳам салафи солиҳларимизнинг одатлари бўлган.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қусиб юборганлари маълум ва маш- ҳур.
Ривоятларда зикр қилинишича Бишрул Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳга оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, кўчага чиқиб қайтиб қусиб юборган эканлар. Чунки, ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусилган.
Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг, дедим. У зот:
«Эй, Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар» деб айтганлар.
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Анас розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганларидан баъзи вақтларда ушбу ривоятда зикр қилинганга ўхшаш нарсаларни у зот алайҳиссаломдан сўрашга журъат қилиб қолар эдилар. Албатта, у киши розияллоҳу анҳунинг бу сафарги сўровлари катта сўров эди:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг».
Ҳар банда учун дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш улкан бахтдир. Балки, ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан бири ушбу нарсадир.
Албатта, бундоқ вақтда, одатда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳунинг дуоларини қабул қилинадиган этиб қўйишини сўрашлари хаёлга келади.
Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишига, ўзларидан ҳозир бу нарсани сўраб турган Анас розияллоҳу анҳуга етадиган эмас, Қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавоб бердилар.
«Эй, Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар».
Охирги замон Пайғамбари, Ҳабиби Роббил оламийн, Муҳаммад ал-Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди.
Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъий назар, ҳар-бир мўмин-мусулмон дуоим қабул бўладиган бўлсин, деса, ҳалол-пок касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол - пок қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги:
«Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас» деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бу жумладан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга илашса ҳам унинг дуоси қабул бўлмаслигини англаб етамиз.
Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин, сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган этиб қўяр экан.
Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.
Энди, инсоф билан бир ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамизнинг ҳамма қилаётган касбимиз, топаётган молу-мулкимиз ҳалол-покми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалол-покми?
Энди, нима учун дуолар қабул бўлмаётганини, нима учун ишлар юришмаётганини тушуниб етган бўлсак карак.
Ушбу улуғ ҳадиси шарифга амал қилиб, касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга омаслигимиз лозим. Икки дунёнинг бахт-саодати шундадир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизлардан бирингизнинг бир боғ ўтин териб орқалаб келиши, бировдан сўраши, унга бериш ёки ман қилишдан яхшидир», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ўз меҳнати билан касб қилиб ризқи рўз талаб қилиш катта фазилат экани баён этилмоқда. Бировдан бир нарса сўраса, у ўша сўралган нарсани бермаса ҳам ор-номус бўлади, берса ҳам ор-миннат бўлади. Аммо, бориб ўтин териб келиб, сотиб кун кўриш эса шараф бўлади. Бировга юзини сарғайтирмай ўзининг ҳалол меҳнати билан рўзғор тербатиш бўлади.
Ислом дини мусулмонларни айни ана шу руҳда тарбия қилади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ юборган ҳар бир Набий, албатта, қўй боққандир», дедилар.
«Сиз ҳамми?» дейишди у зотнинг саҳобалари.
«Ҳа, қийротлар учун аҳли Макка қўйини боққан эдим», дедилар».
 
Шарҳ: Қийрот динорнинг йигирма тўртдан бирига тенг.
Аллоҳ таолонинг Пайғамбарлари энг маҳбуб ва энг тўғри йўлда юрган бандалари бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг барча Пайғамбарларига қўй боқишни раво кўрган экан, ўз меҳнати билан ҳаёт кечириш энг яхши ҳаёт кечириш бўлади.
Уламоларимиз Пайғамбар алайҳиссаломларнинг қўй боқишларида, уларни келажак, Пайғамбарлик, вазифасига тайёрлаш ҳам бор, дейдилар. Қўй жуда ёввош ва меҳрга муҳтож ҳайвон, уни боқиб ўрганган шахс, умматга Пайғамбар бўлганида, одамларга ҳам меҳрибон бўлади, дейдилар.
Аллоҳнинг Пайғамбарларининг энг афзал ва энг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом ҳам қўй боққанлари маълум ва машҳур. У зотнинг ўзлари ушбу ҳадиси шарифда баён қилаётганларидек, аҳли Макканинг қўйини озгина миқдордаги чақа учун боққанлар.
Чунки, бошқа ҳаёт кечириш воситалари бўлмаган. Маълумки, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарларини Пайғамбар бўлишидан олдин ҳам обрўга футур етадиган нарсалардан сақлаб келади. Аммо, у зотга Аллоҳ таоло мардикор чўпон бўлишни раво кўриши, бу иш шарафли иш эканини кўрсатади. Бундан ҳайвон боқиб ризқу-рўз касб қилиш яхши экани келиб чиқади.

ал-Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч ким, ҳеч қачон ўз қўли билан топган таомдан яхшироқ таом еган эмас. Аллоҳнинг Пайғамбари Довуд алай- ҳиссалом ўз қўли билан топганидан ер эди», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «У зот ўз қўли билан топганидан бошқани емас эди», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам пешона тери билан топилган молу мулк билан ҳаёт кечириш афзал эканлиги баён қилинмоқда. Ҳамма халқларда ҳам, емоқ сўзи, умумий маънода ишлатилиши маълум. Молу мулкни еди, деганда, кийиш ва бошқа эҳтиёжларига ишлатилиши ҳам тушунилаверади.
Пайғамбар алайҳиссаломлар ичидан Довуд алайҳиссаломни алоҳида зикр қилинишида нима ҳикмат бор? Бунинг ўз меҳнати ила топилган нарсани ейиш муҳтожликка боғлиқ эмаслигини кўрсатади. Чунки, Довуд алайҳиссалом дунёни сўраган подшоҳ бўлганлар. У кишида молу мулкка ҳеч қандоқ эҳтиёж бўлмаган. Дунёнинг ҳаммаси у зотнинг ихтиёрларида бўлган. Лекин, шундоқ бўлса ҳам, темирчилик қилиб, совут ясаб, ана шундан тушган маблағни тирикчиликларига ишлатганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз меҳнатлари билан топилган нарсадан ҳаёт кечирганлар. Ҳатто, уйдаги таомларини ҳам ўз қўллари билан тайёрлаганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларида қандоқ қилар эдилар? деб сўралганда, у зот ўз аҳллари меҳнатида бўлар эдилар. Намозга иқомат айтилса, чиқар эдилар, деб жавоб берганлар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа қилиб сайланганидан кейин: «Батаҳқиқ, қавмим менинг ҳунарим аҳлимнинг таъминотига етмай қолмаслигини яхши билади. Энди эса мусулмонларнинг иши билан машғул бўлиб қолдим. Бас, Абу Бакрнинг аҳли ушбу молдан егай ва бунда мусулмонлар учун касб қилурман», деди». Ушбу учовини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳазрати Абу Бакри Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлиб сайлангунларига қадар савдогарлик қилар эдилар. У кишининг топганлари рўзғорларига етиб ортар, бошқаларга ҳам хайри эҳсон қилиб турар эдилар. Халифа этиб сайланганларидан кейин, савдогарликлари тўхтаб қолди. У киши розияллоҳу анҳу Ислом давлатини бошқариш билан, мусулмонларнинг иши билан машғул бўлиб қолди.
Орада янги савол пайдо бўлди. Оила боқиш нима бўлади? Шунда, ўз ижтиҳодлари билан, Байтулмолдан ишлатиб кўпайтириш ва ундан ўз оиласи нафақасига маош олиб турушга қарор қилдилар. Саҳобаи киромлар бунга рози бўлдилар.
Шундан Ислом давлати томонидан ишга тайинланган шахсга маош белгилаш келиб чиқди. Шу билан бирга белгиланган миқдордан ортиқ олиши жоиз эмаслиги таъкидланди.
Имом ал-Ҳоким ривоят қилган ҳадисда: «Кимни бир ишда ишлатиб, уни (маълум) ризқ ила ризқлантирилса, ундан кейин олгани хиёнат бўлади», дейилган.
Ибн Исҳоқ ривоят қилишларича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа этиб сайланганларидан кейин, бозорда бошларига кийимларни қўйиб олиб сотиб юрганларида Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳумолар учраб қолганлар. Икковлари унга:
«Мусулмонларга бошлиқ бўлиб туриб, нега бундоқ қилиб юрибсан?» дейишган.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Аҳли аёлимни қаердан боқаман?» деган.
Икковлари: «Сенга маош тайинлайлик, деб ҳар кунига яримта қўй, тайинлашган», дейилган.
Ҳазрати Абу Бакр вафотларидан олдин Байтулмолдан олган маблағни ҳисоблаганларида етти минг дирҳам чиққан. Сўнг ўз молларидан маълум нарсани Байтулмолга қайтариб беришни амр қилганлар. Ўша қайтарилган мол олинган етти минг дирҳамдан кўпроқ чиққан.
Имом Ибн Саъд ва Ибн Мунзирлар келтирган ривоятда Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар:
«Абу Бакр вафот этишидан олдинги хасталиги билан хасталанганда: «Амир бўлганимдан кейин молимга бирор нарса қўшилган бўлса, уни мендан кейинги халифага юборинглар», деди.
У вафот этганидан кейин қарасак, унинг бололарини кўтариб юрадиган нубалик қул ва унинг боғини суғоришда ишлатиладиган туя чиқди. Икковини Умар розияллоҳу анҳуга юбордик.
«Абу Бакрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, ўзидан кейин келадиганларга қийин қилди», деди у.
Яъни, амалдор бўлиб туриб молу-дунё оширишни йўқ қилиб қўйди, деди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлганларидан кейин зиёда бўлган молларини меҳнат туфайли эмас, мансаб туфайли кўпайган, деб эътибор қилдилар ва Байтулмолга қўшилиши керак, деб топдилар.
Бу иш у кишидан кейин бўладиган Ислом давлати бошлиқларига ҳам вожиб бўлиб қолди. Мансабдан фойдаланиб молу-мулк орттириш шубҳаси бўлмаслиги учун, умуман зиёда қилишга рухсат йўқ бўлиб қолди.
Умар ибн Абдулазиз халифалик вақтида давлатнинг ишини қилганда, давлатнинг чироғидан, ўзининг ишини қилганда ўзининг чироғидан фойдаланар эди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг фарзанди касбидандир, энг пок касбидандир. Қачон эҳтиёжингиз тушса, уларнинг молларидан еяверинглар», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Демак, ота-она учун фарзандларнинг топган молу мулки ҳалол. Хоҳлаган вақтларида олиб фойдаланаверадилар. Чунки фарзанд ота-онанинг касби, унинг топган моли ҳам ота-онаники бўлади. Бу маънони қўйидаги ривоят яна ҳам очиқроқ баён қилади.

Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, менининг молим ва болам бор ва шу билан бирга отамнинг молимга эҳтиёжи бор», деди.
«Сен ҳам, молинг ҳам отангга мулкдир», дедилар у зот».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу икки ривоятдан уламоларимиз, ота-онанинг нафақаси бола учун вожибдир, деган ҳукмни олганлар.
Имом Шофеъий, «муҳтож» сўзини эътиборга олиб, агар муҳтож бўлсалар, шартини қўшганлар.
Аммо, жумҳури уламолар, муҳтож бўлсалар ҳам, бўлмасалар ҳам барибир. Чунки, бола касб бўлганидан кейин, муҳтож бўлиши шарт эмас, деганлар.

Сохр ал-Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, бор Худоё! Умматимга эрталабки ишни баракали қилгин!» дедилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкар ёки «сарийя» юборадиган бўлсалар эрта тонгда юборар эдилар.
Сохр тожир одам эди. Қачон тижорат юборадиган бўлса, эрта тонгда юборар эди. У бой бўлиб, моли кўпайиб кетди». 

Термизий ривоят қилди, яхши, деди. Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Саҳархезлик яхши ва баракали экани ҳақида аввал ҳам бир неча ривоятларни ўрганганмиз.
Бу ривоятда бу ишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетгани ва айниқса тижорат ишида тажрибадан ўтганлиги таъкидланмоқда.
«Сарийя» дегани ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлмаган мусулмон жангчиларнинг гуруҳи. Ҳатто лашкар ҳам эрта тонгда ҳаракатга киришса, унга зафар ёр бўлар экан.
Ушбу ҳадиснинг ровийси Сохр ал-Ғомидий ўзлари ривоят қилган ҳадисга оғишмай амал қилганлари туфайли бойиб кетган эканлар.
Ҳар бир нарсада эрта саҳардан ҳаракат қилиш жуда ҳам фойдали ва баракотли. Чунки, бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетган. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Нима иш қиладиган бўлсак, эрта саҳардан бошлашга одатланишимиз керак.
Ўз меҳнати билан ризқу рўз топиш Ислом умматининг энг яхши авлоди, саҳобаи киромларнинг, энг кўзга кўринган сиймоларидан бири эди.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўзларига ўзлари хизматчи эдилар. Уларнинг ҳидлари чиқиб кетар эди. Ғусл қилиб олсаларингиз..., деб айтилди», деганлар.
Яъни, саҳобаи киромларнинг тижорат, зироат ва саноатда терлаб-пишиб ишлаганларидан нохуш ҳидлар пайдо бўлиб кетар эди. Шунинг учун уларга ғусл қилиб, тернинг ҳидини кетказиб юбориш тавсия қилинди.
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Абдурраҳмон ибн Авф Мадинага келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Саъд ибн ар-Робиъ ал-Ансо рий билан биродар қилиб қўйдилар. Саъд бой одам эди. У Абдурраҳмонга, сенга молимни ярмини бераман, сени уйлаб қўяман, деди. У эса:
«Аллоҳ сенинг аҳлингга ҳам, молингга ҳам барака берсин. Менга бозорни кўрсатиб қўйинглар», деди.
У ўша ердан аҳли байти учун қурт ва сарёғ орттириб келди. Бир оз (ёки Аллоҳ хоҳлаганича) вақт ўтганидан кейин у устида сариқ бўёқ билан келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бу қаердан?!» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ансорийлардан бир аёлга уйландим», деди.
«Унга нима тақдим қилдинг?» дедилар.
«Бир данак тилло (ёки бир донак вазнича тилло)», деди.
«Битта қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қил», дедилар.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Саъд ибн ар-Робиъ розияллоҳу анҳунинг молу мулкини олиб, у уйлаб қўйган аёл билан мазза қилиб яшасалар бўлар эди. Лекин, бундоқ қилмадилар. Ўз касблари билан ҳаёт кечиришни афзал кўрдилар. Шундоқ бўлди ҳам.
Касб қилишдан мурод ризқ топишдир. Ризқ топишга ҳаракат қилган ҳар бир одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ ризқ топишни хоҳлайди. Ҳар бир одам ҳам ризқи кенг ва мўл бўлишини хоҳлайди. Хўш, бу орзуга эришишнинг йўли қандоқ?
Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ризқининг кенг бўлишидан ёки умрининг узоқ бўлишидан хурсанд бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар.
Демак, ота-онага, қариндош-уруғларга яхшилик қилиш ана шундоқ нарса.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1648. Яна ўша кишидан ривоят қилинади .Вазн Макка аҳлининг вазнидир. Ўлчов Мадина аҳлининг ўлчовидир,, дедилар,. Абу Довуд, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар.Шарҳ давоми...

3651 18:32 / 17.09.2017
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом зоҳир бўлган пайтда инсоният жаҳолат ботқоғига ботган ҳолда эди. Деярли инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари йўлдан чиққан эди. давоми...

6762 05:00 / 17.02.2017
Уста қиладиган ишининг сифатига, иш берувчи эса керакли ашёлар, иш шароити ва иш ҳақи учун жавоб бериши лозим. Қайси бир томон ғирромлик қилса ҳам, иш бузилади, ҳар давоми...

3893 05:00 / 17.02.2017
Қўл остидагилар деганда хизматчи, мардикор ва шунга ўхшаган кишига қарам бўлган шахслар кўзда тутилади.Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан давоми...

3611 05:00 / 17.02.2017