1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қарзни инкор қилишнинг ёмонлиги

11:12 / 12.11.2020 8086 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялиниб-ёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш даражасигача етиб бормоқдалар. Танишлардан бирининг айтишича, бир одам бошқасидан ялиниб юриб қарз олган. Иши битгач, қарзни қайтармай чўзиб юрган. Қарз берган одамнинг ўзига пул керак бўлиб, қарзни қайтаришини сўраб борган. Аввалига «Кейинроқ келинг», деган жавобни олган. Кейин алдаш давом этган. Охири бориб, «Мен сендан қарз олганим йўқ, яна келсанг, миршабларни чақириб, менга туҳмат қиляпти, деб қаматвораман», дейишга ўтган.

Интернет орқали менга бу борада келадиган саволлардан бирини эътиборингизга тақдим этишга рухсатингизни сўрайман:

«Ассалому алайкум, ҳурматли шайх Ҳазратлари!

Менинг саволим қуйидагича: бундан 4 йил олдин мен бир яқин танишимга катта миқдорда пул берганман. Албатта, қарз сифатида. У менга «10 кунда қайтараман», деб айтган эди. «Тилхат ёз», десам, у менга: «Худо бор-ку, 10 кунда бераман», деганди. Мен ҳам Худони тилга олгани учун ишондим. Мана, 4 йил бўлдики, ҳануз қайтармади. Лекин маълум қисмини, озгинасини қайтарган. Бир неча бор уйига бордим. «Қайтараман», деб алдаб келди. Мен ундан қарзни суд орқали қайтариб олмоқчи бўлдим ва ИИБ ходимларига мурожаат қилдим. Уларнинг олдида: «Мен пул олганим йўқ, олган бўлсам, Худо урсин», деб қасам ичди. Менинг эса Худодан бошқа гувоҳим йўқ. Шунинг учун сизга мурожаат қилмоқдаман. Илтимос, менга маслаҳат беринг. Олдиндан катта раҳмат».

Бунга ўхшаш мактублар жуда кўп. Баъзи одамлар бировнинг ҳақини еб кетишдан мутлақо қўрқишмайди. Бир одам ўзининг молидан ўзига ишлатмасдан, муҳтож бўлиб турган кишига бериб, унинг мушкулини осон қилса-ю, муҳтож одамнинг иши битиб, муҳтожлиги кетгач, «Мен сендан қарз олганим йўқ», деб тониб кетса! Бундан ёмон, бундан пасткаш одам  борми дунёда?!

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш  каби ишлар киради.

Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, Унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканига шубҳа йўқ. Жумладан, ботил йўл билан мол ейиш ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Шунинг учун бундай жамиятларнинг аъзолари ҳам қарз эгаси тарафида бўлишлари, қарзни инкор қилаётган нобакорга қарши туришлари, қарз эгасига ўзининг ҳалол мулкини қайтариб олишида ёрдамчи бўлишлари лозим.

Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарслар ҳам мавжуд.

Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади.

Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга «Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?» дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади».

Байҳақий ривоят қилган.

Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

Аввало қарз олишгача бориб қолмаслик чорасини кўриш керак. Мабодо қарз олишга эҳтиёж тушганда ҳам, яхши ният билан «Аллоҳ таолонинг ёрдамида албатта қарзимни узаман», деган ниятни қилиб, уни амалга ошириш учун ғайрат қилиш лозим. Ана ўшанда Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлади, ишлар яхшиликка бурилади. Яхши ният ёр бўлади. Аммо киши ишни ёмон ният билан бошласа, ёмон нияти ўзининг бошига етади. Қарзини узмай ўтиб кетганидан кейин ҳам қутула олмайди. У дунёда Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг жазосини беради.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Қарз ва унга боғлиқ масалалар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон савдогар ўзининг ҳамкасблари билан яхши алоқада бўлади. Бу ҳам тижорат одобларининг энг муҳимларидан биридир. Мусулмон савдогар бошқа савдогарлар билан давоми...

3102 11:17 / 06.10.2019
Аллоҳ таоло айтади У Аллоҳ сизлар учун Ерни хокисор ndash бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у Ернинг ҳар томонида юринглар ва У Аллоҳнинг ризқрўзидан давоми...

3632 05:00 / 04.03.2017
Таниқли ҳанафий олими ва фақиҳи, машҳур quotБаҳр арроиқquot, quotалАшбоҳ ванназоирquot асарлари муаллифи Зайн алобидин Зайниддин Ибн Нужайм алМисрий алҲанафий 15191563нинг давоми...

9879 05:00 / 17.02.2017
Дунёда қанча инсон бўлса, Аллоҳ таолога олиб борувчи йўл ҳам шунчадир. Аллоҳ ҳар бир бандасига ўзгага бермаган қобилият ва ажралиб турадиган хусусият берган. Ҳар давоми...

26967 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

213111 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132333 14:35 / 11.08.2021