1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

АМАЛ ВА ЎЗИНИ ТУТИШДАГИ ҒУЛУВ

05:00 / 03.03.2017 3416 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги ислом «элчи»ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача биз Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган деб билган исломнинг ўрнига қўймоқчилар. Биз билган ислом Расулуллоҳ ҳидоятлари баёни, қатъий шаръий далиллар, собит фиқҳий қоидалар, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик берган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодлари тақозо қилган нарсаларни лозим тутишдан иборатдир...

Бу соҳада энг кўзга кўринган ҳаддан ошиш – ғулув қўполлик ишлатишдир. Мазкур қўполликни эгалари жиҳод деб номлайдилар. Унга қаршилар эса, террор деб атайдилар. Аммо асл Исломий манбаларга қарайдиган бўлсак, буни “хуруж” деб аталишини кўрамиз.
Кўзга кўринган олим, ўнлаб машҳур китобларнинг муаллифи, кўплаб илмий анжуманларнинг иштирокчиси, Суриялик Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратлари куч ишлатишни жиҳод деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган «Ал-Жиҳод фил Ислом» номли китобида қуйидагиларни ёзади: «Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мизожларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавои нафснинг султонидан келиб чиқади.
Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги ислом «элчи»ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача биз Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган деб билган исломнинг ўрнига қўймоқчилар.
Биз билган ислом Расулуллоҳ ҳидоятлари баёни, қатъий шаръий далиллар, собит фиқҳий қоидалар, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик берган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодлари тақозо қилган нарсаларни лозим тутишдан иборатдир…».
«…Мазкур фикр ва мизож исломи уни ихтиро қилганларнинг даъвоси бўйича гўёки Қуръон, Суннат ва салафи солиҳларнинг ҳукмининг фиқҳи эмиш. Аммо улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни шариат рухсат берган иш дейдилар.
Улар Исломий маҳкама зиммаларига бирор айбни қўймаган муслима қизларни сўйиб ташлашни шариат рухсат берган иш дейдилар.
Улар Батна шаҳридаги шаръий илмлар маъҳади мудирини ҳеч айби бўлмаса ҳам қатл қилиб юборишни шариат рухсат берган иш дейдилар.
Улар оддий йўловчилар тўла учқични ичидаги беайб инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам шариатда бор иш дейдилар.
Ҳар биримиз кўзларини юмиб олиб Расулуллоҳ соллалаҳу алайҳи вассаломни бугун ичимизда юрибдилар деб хаёл қилсин. У зот мазкур мижозий Исломга рози бўладиларми?! Уни қабул қилиб, бошлиқ бўлиб, унга даъват қиладиларми?…».
«…Энг ажабланарлиси, мазкур одамларнинг ичида Қуръон ва Суннат Исломидан ўзларининг одамнинг баданини титроққа соладиган тасарруфотларига ҳимоячи топишга тама қиладиганлари борлигидир. Ўша одамларга ҳеч ким тегмаслиги, ҳеч нарса демаслиги керак эмиш.
Биттаси менга қуйидагиларни ёзибди:
«Сизнинг собит фиқҳий ҳукмларни ёзаётганингиз тўғри. Лекин уларни одамлар ичида эълон ва нашр қилинса, ҳокимларга мазкур ишларни қилаётганларга зарба бериш учун ҳужжат бўлиб қолади-ку!»
Яъни, ўша одамлар ўзларининг ваҳшиёна ишларини қилиб юраверсинлар. Аллоҳнинг динига, расулнинг ҳидоятига хилоф бўлса ҳам майли. Биз кўнглимизни кенг тутиб, уфф ҳам демай тураверишимиз керак. Бунинг устига Исломни ҳам сукут сақлашга мажбур қилишимиз, ўша ваҳшийликлар ҳақида ҳукмини сўрамай туришимиз лозим. Бунинг ҳаммаси ҳокимлар мазкур ваҳшийликларни тўхтатишни баҳона қилиб, уларни қилувчиларнинг қўлига урмасинлар!
Ислом жим турсин. Исломга зарар етказадиган омилларни келтириб чиқарувчи ваҳшийликлар ҳеч қандай эътирозсиз ва қаршиликсиз кенг қулоч ёзиб бораверсин!
Қайси мусулмон, балки, қайси бир оқил бу аксилмантиқ нарсани қабул қилади ва унга қулоқ осади?!»
Ҳозирги кунда хуружнинг кенг тарқалган кўринишларидан бири кишиларга қарши суиқасд уюштиришдир. Одамларни ғафлатда турганларида ўлдириб кетишдир.
Кишиларга қарши суиқасд уюштиришни ўзига эп кўрганлар Каъб ибн Ашрафга қарши суиқасд уюштириш қиссасини ўзларига далил қилиб олганлар.
Каъб ибн Ашраф ат-Тоий Бани Набҳон қабиласидан бўлган. У шоир бўлиб, онаси Бани Назир қабиласидан эди. У яҳудийликни ўзига лозим тутди. Ислом келганда Пайғамбар алайҳиссаломга озор берди.
Бани Назир қабиласи Пайғамбар алайҳиссалом билан урушмаслик, бир-бирига озор бермаслик ва Пайғамбаримизнинг душманларига ёрдам бермасликка келишиб У зот билан шартнома тузади.
Расулуллоҳ Бадр урушида ғолиб келгач, улар: «Тавротда сифати келган Пайғамбар шу бўлади, унинг байроғи ҳеч қачон паст бўлмайди», деб юрдилар. Аммо мусулмонлар Уҳуд урушида мағлуб бўлганларидан сўнг Расулуллоҳ билан қилинган аҳдномани бузадилар. Уларнинг йўлбошчиси Каъб Ибн Ашраф қирқта отлиқ билан Маккага боради ва Қурайш қабиласини Муҳаммад алайҳиссаломга қарши курашга кўндиради. Фаришта Жаброил алайҳиссалом тезда бу хабарни Муҳаммад алайҳиссаломга етказади. Бунинг устига, Каъб Ибн Ашраф Пайғамбар алайҳиссаломни қаттиқ ҳажв қилади. Шунда ул Зоти бобаракотнинг изнлари билан Муҳаммад Ибн Салама Каъбни ўлдиради.
Имом Бухорий қиссани Жобир ибн Абдуллоҳ р-у.дан тўлалигича ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллалаҳу алайҳи вассалом:
«Каъб ибн Ашрафга ким чиқади?! У Аллоҳга ва Унинг расулига озор берди», дедилар.
Бас, Муҳаммад ибн Маслама ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг расули! Уни қатл қилишимни истайсизми?» деди.
«Унда бир нарса айтишимга изн беринг», деди.
«Айтавер», дедилар.
Муҳаммад ибн Маслама унинг олдига бориб: «Анаву одам (Муҳаммад алайҳиссалом) биздан садақа сўрайвериб қийнаб юборди. Мен сендан қарз сўраб келдим», деди.
«Аллоҳга қасам! Сизлар ҳам уни малол кўрасизларими?!» деди.
«Биз унга эргашиб қўйдик. Энди унинг иши қайга бурилишига назар солиш учун уни тек қўйдик. Бизга бир икки васақ қарз бериб туришингни ирода қилдик», деди.
«Хўп! Бирор нарсани гаровга қўйинглар», деди у.
«Нимани истайсан?» дейишди.
«Аёлларингизни менга гаровга қўйинглар», деди.
«Қандай қилиб аёлларимизни сенга гаровга қўямиз. Ахир сен арабларнинг энг чиройлиси бўлсанг», дейишди.
«Унда болаларингизни менга гаровга беринглар», деди.
«Қандоқ қилиб болаларимизни сенга гаровга берамиз. Кейин уларни бир икки гаровга гаровга қўйилган деган камситишга дучор бўладилар. Бу биз учун ордир. Аммо сенга силоҳимизни гаровга қўямиз», дейишди.
У билан қайта кўришишга ваъдалашиб олди ва кечаси Каъбнинг эмикдош иниси Абу Ноила билан бирга келди. У (Каъб) уларни қўрғонга чақирди ва уларнинг олдига кетаётган эди хотини: «Бу соатда қаерга кетмоқдасан?!» деди.
«Булар Муҳаммад ибн Маслама ва иним Абу Нолиалардир. Муҳаммад ибн Маслама ўзи билан икки кишини олиб келади», деди.
Муҳаммад ибн Маслама шерикларига:
«У келганда мен унинг шеъридан ўқиб бошини ҳидлаб кўраман, уни маҳкам тутишим билан зарба беринглар», деди.
У олдиларига қиличини белига боғлаб, атир ҳидини анқтитб келди.
«Бу кун каби хушбўй кунни кўрмаганман. Бошингни ҳидлаб кўришимга изн берасанми?» деди.
«Ҳа», деди.
У анинг бошини ҳидлади ва шерикларига ҳам ҳидлатти. Кейин яна: «Менга изн берасанми?» деди.
«Ҳа», деди.
Уни яхшилаб тутгандан кейин «Олға» деди. Уни қатл эттилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллалаҳу алайҳи вассаломнинг ҳузурларига келиб хабарни айттилар».
Бу ҳадиси шариф динда ҳаддидан ошганларга ҳужжат бўлиши мумкин эмас. Бу ердаги ҳолат тамоман бошқача.

1. Мазкур суиқасд вазиятдан келиб чиқиб Расулуллоҳ соллалаҳу алайҳи вассаломнинг шахсий амрлари билан амалга оширилган. Ҳар ким ўзи билганича қилмаган.
2. Қатл қилинган шахс кофир бўлиши билан бирга уруш ҳолатидаги ва мусулмонларга қарши куч тўплаётган одам бўлган.
Қатл қилинган шахс мусулмонларнинг бошлиғи Расулуллоҳ соллалаҳу алайҳи вассаломни ҳажв қилган одам бўлган.

Кейинги пайтларда «худкуш» ҳужумлар деб аталаётган нарсалар кўпайиб кетди. Бунда бир одам ўзига ёки маркабига портловчи моддани боғлаб олиб ўзига қарши бўлган тараф одамлари ичига ёки бирор муассасага кириб туриб портлатиб юборади.
Бу хилдаги хуружларнинг ичида йўловчилари тўла турли нақлиёт воситалари, бошланғич мактаб, ишхона, оддий хонадон ва бошқа ердаги тинч аҳолини гаровга олиш ишлари ҳам бўлиб турибди.
Ушбу ҳаракатлар жаҳон ахборот воситаларининг алоҳида эътиборида турибди. Ушбу ҳаракатларнинг қурбонлари ёш ҳатто эмизукли болалар, оналар, қариялар, турли тинч касб эгалари бўлиши одат. Чунки, ҳарбийлар, ёш ва чапдаст кишилар нима қилишларини ўзлари биладилар.
Бутун дунё бўйлаб кишилар зангори экранлар орқали мазкур ҳодисалар ва уларнинг натижаларини кўриб турадилар.
Гаровга олинган болалар, оналар, қариялар, турли тинч касб эгаларининг қўрқинчлари ва кўз ёшларига шерик бўладилар.
Парчаланиб кетган инсон аъзолари, оқаётган инсон қони, сочилиб ётган мурдаларни кўриб беайб инсонларнинг жонига зомин бўлганларга нафратлари жўшади ва уларга лаънатлар ўқийдилар.
Жафо чекканларнинг кўпи мусулмонлар бўлади. Одатда жафо қилувчиларнинг ҳаммаси….
Улар ўзларининг бу ишларини Ислом йўлида қилишаётганини даъво қиладилар.
Улар ўзларининг бу ишларига Исломдан далил топишга ҳаракат қиладилар.
Улар бошқаларни кофир бўлгани учун гаровга олганлари ва қатл қилганларини даъво қиладилар.
Улар ўзларини мужоҳид, ўзларидан ўлганларини шаҳид деб атайдилар.
Аммо Аллоҳнинг дини бўлмиш Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт – саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир. Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилгандир:

1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсади.
2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш мақсади.
3. Инсон динини муҳофаза қилиш мақсади.
4. Инсон наслини муҳофаза қилиш мақсади.
5. Инсон молу-мулкини муҳофаза қилиш мақсади.

Террор эса айнан ушбу мақсадларга қарши фаолиятдан иборатдир. Террорнинг бош зарари бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилишига Ислом қанчалар қарши эканини билишнинг ўз бу илоҳий диннинг террорга қанчалар қарши эканини очиқ – ойдин кўрсатиб беради.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деган.
Исломда ҳар бир жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Шу боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан тенг.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилди.
Ушбу ҳадисда кофир бўлса ҳам, инсон жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди.
Ҳадиси шарифда «муъоҳид» - аҳдномаси бор ғайридинни ўлдиришнинг оқибати қандоқ бўлиши ажойиб ўхшатиш ила васф қилинган. Мазкур жиноятни қилган одам «жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди». Жаннатга кириш, ундаги хушбўй-миску-анбарлардан ҳидлаб, лаззат олиш у ёқда турсин жаннатнинг умумий ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Яқинига йўлай олмаслик қай даражада бўлади? Бундоқ жиноят қилган одам жаннатда қирқ йиллик йўл юриш масофасидан ҳам узоқроқда бўлади. Чунки, жаннатнинг «ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур».
Бас, шундоқ экан, ҳар бир мўмин мусулмон ўзи билан тинч-тотувликда яшамоқчи бўлган ҳар бир ғайридинни ҳурматини жойига қўйиши, унга зинҳор ёмонлик қилмаслиги зарур.
Террордан дунёга келаётган ҳар бир зарарга қарши юқоридагига ўхшаш кўплаб таълимотлар мавжуд. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида китоб ёзиш мумкин. Шунинг учун бемалол Ислом террорнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қаршидир дейиш бизнинг бурчимиздир. Мусулмонлар террорга қарши курашнинг биринчи сафларида бўлиши лозимдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
29 савол. Инжилга мувофиқ Исмоил чўри Соранинг Иброҳимдан бўлган ўғлидир. Агар у туғилганидан кейин Соранинг тиззасига ташланганда эҳтимол ва ёлгиз ўғиллигида давоми...

5603 20:56 / 22.04.2017
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам .Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг давоми...

3277 15:04 / 22.07.2020
Дастлаб, мавзумизни зарурий бўлган муқаддимадан бошласак.Биз, манҳажrdquo деганда, ундан нимани қасд қилаётибмиз Бу манҳажrdquo ўз ичига олиши лозим бўлган шартлар давоми...

3502 05:00 / 13.03.2017
Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик. Мазҳабда биз Абу Ҳанифанинг сўзига суянамизми ёки мазҳабдаги муражжиҳ яъни ихтилофли масалаларнинг бири иккинчисидан устун давоми...

775 12:12 / 17 ноябрь