1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Тажовузкорлик

05:00 / 03.03.2017 3353 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: 

«Агар бир тоғ иккинчисига тажовуз қилса, тажовузкор парчаланади».

Шарҳ: Ушбу ривоятда бировга зулм - тажовуз қилишнинг оқибати баён қилинмоқда. Агар золим тоғ бўлса ҳам, қилган зулмнинг ёмонлигидан парчаланиб кетар экан. 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннат ва дўзах тортишиб қолди.
Дўзах: «Менга мутакаббирлар ва жабборлар киради», деди.
Жаннат: «Менга фақат заифлар ва фақирлар киради», деди.
Бас, У зот дўзахга: «Сен азобимсан. Сени ила ҳоҳлаган кишимдан интиқом оламан», деди».
У зот жаннатга: «Сен раҳматимсан. Сен ила ҳоҳлаган кишимга раҳм қиламан», деди
». 

Шарҳ: Демак, мутакаббир, жабирчи бўлиш, кибр-ҳаво қилиш дўзахга туширадиган амал экан. Бундайларга Аллоҳнинг азоби бўлар экан. 

Заиф, мискин, фақир бўлганлар сабр билан, ибодат билан тўғри йўлга юрса, жаннатга кирар экан, Аллоҳнинг раҳматига эришар экан.


Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч кимсадан сўралмайди.
Жамоадан ажраб имомига осий бўлган ва осий ҳолида ўлгандан. Ундан сўралмайди.
Қочиб кетган чўри ёки қулдан.
Эри дунёнинг нафақасини таъминлаб ундан ғойиб бўлганда, очилиб-сочилиб кўчада юрган аёлдан.
Яна уч кимсадан ҳам сўралмайди.
Аллоҳ билан Унинг ридоси бўлган кибирёни ва изори бўлган иззатни талашган одамдан.
Аллоҳнинг ишига шак келтирган одамдан.
Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлган одамдан», дедилар
». 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёмон сифат ҳақида сўз юритмоқдалар. Уларни иккига бўлиб, учта учтадан баён қилмоқдалар.

«Уч кимсадан сўралмайди».

Уларга нима бўлгани ҳақида сўраб суриштирилмайди. Чунки мусулмонлар ичида уларнинг ҳурмати ва қадр-қиймати йўқ. Улар ўз қилмишлари ила ўзларининг обрўларини тўккан одамлар.

«Жамоадан ажраб имомига осий бўлган ва осий ҳолида ўлгандан. Ундан сўралмайди». 

Жамоадан бидъатга берилиб, тажовузкорлик қилиб ва бошқа сабабларга кўра чиқиш эҳтимоли бор. Мусулмонлар жамоасидан ажралиб чиққан одам, уларга хилоф қилган ва тажовукорлик қилган одам жамоат олдидаги ҳурмати ва эътиборини йўқотади. Унинг ҳолидан биров хабар олмайди. Унинг ҳақида сўралмайди. 

«Қочиб кетган чўри ёки қулдан». 

Бу ҳолат аввал бўлган. Ҳозир йўқ.

«Эри дунёнинг нафақасини таъминлаб ундан ғойиб бўлганда, очилиб-сочилиб кўчада юрган аёлдан». 

Эркак иш билан сафарга кетган. У сафарга кетаётиб аёлнинг нафақсини таминлаб қўйган. Аёл эрининг йўқлигида тўликка шўхлик қилди. Кўча-кўйда очилиб-сочилиб тентиб юрди. Эрининг ғойиблигида ўзига эрк берди. Унга ишонга эрининг ҳақини поймол қилди.

Бундай шахс ҳам мусулмонлар жамоасида ўз ҳурмат эътиборини йўқотган кимса ҳисобланади. Унинг қадри-қиймати қолмайди. Ўзидан кўрсин. Унинг ҳақида ҳам сўралмайди. 

«Аллоҳ билан Унинг ридоси бўлган кибирёни ва изори бўлган иззатни талашган одамдан». 

Бу жумлани англаб олиш учун аввал ўрганилган бир ҳадиси қудсийни эслашимиз лозим бўлади. Унда:

«Аллоҳ азза ва жалла:

«Иззат изоримдир. Кибрё ридоимдир. Ким иккисида Мен ила низолашса, уни азоблайман», деган». 

Кибрё ва иззат фақат Аллоҳга хос экан, бу сифатлар бандага тўғри келмас экан. Шунинг учун ким бу сифатларни Аллоҳ билан талашса, яъни шу сифатлар билан сифатланишга уринса, Аллоҳ Таолонинг азобига учрар экан.

Анашундай кибрё ва иззатталаб одамнинг ҳам мусулмолар жамоаси ичида эҳтиром ва эътибори қолмас экан. Ундан ҳам сўралмайди.

«Аллоҳнинг ишига шак келтирган одамдан».

Аллоҳнинг ишига шак келтириш Ўзига шак келтириш билан баробар десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу сифатга эга бўлган одам ҳам мусулмонлар жамиятида ўз обрў эътиборини йўқотади. Уларнинг ичида унинг қадр қиймати қолмайди. Унинг ҳақида ҳам ортидан эслаб сўралмайди.

«Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлган одамдан».

Ноумид фақат шайтондир, бандалар ҳеч қачон Аллоҳнинг раҳматидан умид узмасликлари лозим. Ноумид бўлган одам шайтонга алданади. Аллоҳ Таолонинг раҳматидан фақат шайтонгина ноумиддир. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг Ўзи бандаларига раҳматининг кенглигини ва чегарасиз эканлигини баён қилган. 

Шунинг учун банда ҳар қанча осий бўлса ҳам, гуноҳкор бўлса ҳам, ёмон ишларни кўп қилиб қўйган бўлса ҳам, дарҳол тавба қилиб, гуноҳлардан бутунлай қайтиб, бошқа такрорламайдиган бўлиши, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги керак. 

Аммо Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлган одам мусулмонлар жамиятида ўз обрў эътиборини йўқотади. Уларнинг ичида унинг қадр қиймати қолмайди. Унинг ҳақида ҳам ортидан эслаб сўралмайди.


 Баккор ибн Абдулазиздан, у отасидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ ҳамма гуноҳлардан хоҳлаганичани охиратга олиб қўяди. Фақат тажавузкорлик, ота-онага оқ бўлиш ва қариндошлик алоқасини узишники бу дунёда ўлимдан олдин эгасига зудлик ила файтарилади», дедилар
».

Шарҳ: Аллоҳ таоло барча гуноҳларнинг жазосини, ўзи истаганича қиёмат кунига олиб қўяди. Ўшанда ҳисоб китоб қилиб, адолат ила жазо беради. 

Фақат учта гуноҳнинг ҳисобини бу дунёда қилади, оқибатини бу дунёда кўрсатади, охиратга олиб қўймайди. 

Бири – тажовузкор, золим бўлиш. 

Иккинчиси – ота-онага оқ бўлиш. 

Учинчиси - силаи раҳмни узиш. 

Бировнинг ҳаққига, молига тажовуз қилган, ота-онага оқ бўлган ва қариндошлик алоқаларини узган киши бу гуноҳларнинг жазосини шу дунёнинг ўзида кўрар экан. 

Ривоятда ушбу гуноҳларнинг оқибати кишига «ўлимидан олдин, бу дунёда» кўрсатилиши таъкидланмоқда. 

Шунинг учун мазкур гуноҳлардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. 


Язийд ибн Асомдан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан эшитдим:
«Сизлардан бирингиз ўз биродарининг кўзига тушган гардни кўради. Лекин ўз кўзидаги шохни унитади
». 

Шарҳ: Бу бировнинг айбини кўриш осон, бироқ ўз айбини кўриш қийин, демакдир. Бировда салгина айб бўлса ҳам кўрасан, ўзингдаги катта айбни ҳам кўрмайсан. Киши ўз айбини кўрмайди. Киши ўз айбини кўрса, кўзига шох киргандек алам тортади.


 Муовия ибн Қуррадан ривоят қилинади: 

«Мен Маъқал Мазалий билан эдим. У йўлдаги озор берадиган нарсани олиб, бошқа ёққа қўйди. Бир нарсани кўриб ундан аввал олиб ташладим. Шунда у:
«Эй биродаримнинг ўғли! Нима бундай қилишингга ундади?» - деди.
«Сизнинг қилганингизни кўрдим, шунинг учун мен ҳам шундай қилдим», дедим.
«Яхши қилдинг, эй биродаримнинг ўғли. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки мусулмонларнинг йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташласа, унга бир ҳасана ёзилади. Кимнинг бир ҳасанаси қабул бўлса, жаннатга киради», деганларини эшитганман», деди
». 

Шарҳ: Демак, йўлдаги озор берадиган нарсани – у нима бўлишидан қатъи назар – тошми, кесакми, тиконми, шишанинг синиғими – нимаики бўлмасин, ўша нарсани олиб ташлашга, мусулмонларга зарар берадиган нарсани бартараф қилишга ҳисса қўшган одамга шу қадар катта ваъдалар бор экан. 

Йўлда ётган нарсани олиб ташлашга шунча катта мартаба берилса, у ҳолда кўпчиликка фойдаси тегадиган, манфаат келтирадиган, каттароқ озорни кетказадиган ишларнинг савобини тасаввур қилиб кўринг. 

Бир ҳасанаси қабул бўлиб қолган одам иншааллоҳ, жаннатга кириши бор экан.

Шунинг учун катта-кичик демай, мусулмонларга, бева-бечораларга озор бериб турган нарсаларни бартараф қилиш ёки уларга манфаат берадиган, оғирини енгил қиладиган, кўнглини кўтарадиган амалларни қилиш улкан савобли ишлар экан.

Бас, шундаё экан арзимаган тажовузкорликдан ҳам сақланишимиз лозим экан.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз .мулойимлик, деб таржима қилган сўз арабчалар .рифқ, деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл давоми...

4245 05:00 / 03.03.2017
1Аллоҳга итоат қилувчи ва дунёда бахту саодатга эришган. 2 Аллоҳга итоат қилувчи ва дунёда бахтсиз. 3Аллоҳга осий дунёда бахтли. 4Аллоҳга осий дунёда бахтсиз. давоми...

9755 13:04 / 13.01.2018
Ислом тарихига диққат билан назар ташлар эканмиз, ушбу ояти карима мўъжизаси олдида бош эгамиз. Мусулмон уммати иймонига қанчалик содиқ бўлса, Аллоҳнинг ёлғиз давоми...

4719 05:00 / 02.03.2017
Эй иймон келтирганлар Сабр қилинг, сабрда устун келинг, қўриқчиликда шай туринг ва Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, зафар топсангиз.Сабр даъватнинг машаққатли давоми...

5446 09:00 / 20.07.2020