1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Бошловчиларнинг ризқ талабидаги ўрни

15:48 / 21.10.2017 4337 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шаҳват қозонлари қайнаб турганда ва ҳавои нафс қора булутдек уюлиб турганда такаллуф юзасидан ўтириб олган эса ўзини куйдирди ва кўрликда яшади. У қай бир зулматдан чиқса, албатта бошқасига қулайди ва сидқдан жуда ҳам узоқда бўлади. Охир-оқибат, у сиддиқларнинг сўкилишига сабабчи бўлиб қолади. Қачон сиддиқларга таъна қилишса, фақат ўша ўтириб олганни зикр қилишади, чунки бу алдамчининг сирти сиддиқ бўлиб кўринади.

Унга дейилади: «Сен ризқни ўзингга буюрилганидек талаб қилдингми?! Сенга уни Аллоҳ азза ва жалладан тилашинг амр қилинмаган, балки «Уни Аллоҳ азза ва жалланинг фазлидан тила», дейилган эди. Яъни «Ер юзида бундоқ, бундоқ қилиб жавлон уриб, турли-туман талабларни қилгин. Зотан, У Зот қалбларни айлантириб турувчидир. Ҳидоятга бошлайди, етаклаб келади, ташлаб қўяди, кўпайтиради ва қалбларни эгаллаб, ўшани (ризқни) сенга етказади», дейилган эди. Мана шу сен учун У Зотнинг фазлидир.

Манави қайнаган қозони ва зулматли ҳавоси ила ўтириб олиб: «Мен Аллоҳдан Ўзи кафолатини берганидек, ризқлантиришини тилайман», деди.

У Зот қандай кафолат берганини сен қаердан билдинг?! У Зот ризқларнинг кафолатини умумий тарзда берган. Улардан осон ва роҳатлиси бор, қийин ва машаққатлиси бор. Сен қандай қилиб шиддатни қўйиб, роҳат томон одимладинг?! Во ажабо! Қачон ва қайси йўл билан, қайси ҳурмат, қайси жонфидолик, қайси яқийн ва қайси хотиржамлик ила сенга У Зотнинг ушбу ҳурмати вожиб бўлибдики, сен У Зотдан тиласанг! Сен фақатгина ер юзида жавлон уриб У Зотнинг фазлидан тилашга амр қилингансан, холос.

Сиддиқларнинг ризқ талабидаги ўрни

Ушбу ҳурмат фақатгина зоҳидларнинг* ҳуррияти, парҳезкорларнинг қўрқиши, тақводорларнинг чўчиши, хавф қилувчиларнинг ҳадиги, муштоқларнинг ёниши, мухбитларнинг(ўта тавозели) унсу улфати, орифларнинг* муроқабаси* ва волиҳларнинг* чексиз хоҳишига соҳиб бўлган кимсаларгагина вожиб бўлур.

*Зуҳд» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «юз ўгирувчи, тарк этувчи» деган маъноларни билдиради. Истилоҳда эса «Аллоҳ розилиги йўлида риёзатга берилган, нафс васвасаларидан, дунё ҳою ҳавасларидан юз ўгирган, ҳаромни ва шубҳали нарсаларни тарк қилган киши» «зоҳид» дейилади. Зоҳидлар Аллоҳнинг зикрига халал берувчи ҳамма нарсани тарк этишади, ширкдан, гуноҳлардан, ҳаромдан, ибодатдаги риёдан сақланишади, дунёга ҳавас қўйишмайди, ҳатто ҳалол ва мубоҳнинг ортиқчасидан ҳам юз ўгиришади.

* Ориф» сўзи луғатда «ирфон соҳиби» деган маънони билдиради. Тасаввуф адабиётида Аллоҳни таниган, ирфон ва маърифат соҳиби бўлмиш, том маънодаги ҳақпарвар инсон «ориф» дейилади. Орифлик – «фақр»нинг охири ва энг юксак мақом саналади. Тасаввуф тушунчасида илм ақлга, ирфон туйғуларга асосланади. Маърифати бутунлай Аллоҳга боғланган ориф «валий» ёки «ориф биллоҳ» дейилади. Ориф Аллоҳ таолонинг тавҳидида, Аллоҳ таолога ишончда, Аллоҳ таолога таваккул қилишда ва ишларни Аллоҳ таолога топширишда иродаси Аллоҳ таолонинг иродасига фоний бўлиш даражасига етган шахсдир.

* Муроқаба» луғатда «нафсни кузатиб туриш, пойлаш» деган маъноларни билдиради. Истилоҳда «қалбнинг Роббининг яқинлигини англаб етиши, банданинг ўз нафсини зийраклик билан қаттиқ кузатиб бориши» «муроқаба» дейилади. Муҳосибий: «Муроқаба қалбнинг мусаффо яқийн – тўлиқ ишонч билан сокинлик ва ҳаракатда Аллоҳ азза ва жалланинг илмини давомли равишда сезиб туришидир», деган. Нафсни зинҳор муроқабасиз, ўз ҳолига ташлаб бўлмайди, у муроқабасиз қолиши билан йўлдан тояди ва туғёнга кетади. Тасаввуфда бирон нарса ёки кимса (масалан, пири муршид) ҳақида ҳаддан ортиқ ўйлаб, унга тамоман берилиш, бошқа ҳамма нарсадан воз кечиш «муроқаба» дейилади.

* Волиҳ – Аллоҳдан бошқани эслай олмайдиган даражага етган обид.

У Зот таъминотсиз ва талабсиз ризқни фақатгина ризқни унутган, Робби ила машғул бўлиб, уни эсдан чиқарган ва Унга кафолат жиҳатисиз ўта ишонган кимсага беради, чунки у У Зот ҳақида яхшилик қилувчи ва латиф, меҳрибон ва раҳмли, ҳаннон ва маннон деб маърифат* ҳосил қилганида, Уни маъруф ила, кечириш карами ила, муомала карами ила, атолар сахийлиги ила таниганида ва ушбу маърифат қалбида қарор топганида, У Зот уни дунё ва охиратнинг яхшилигидан умидвор қилади. Сўнг умиди ошади, У Зот ҳақидаги гумони гўзал бўлади ва У Зот ҳақида қалби беқарор бўлишдан ҳамда У Зотга ёмон гумонда бўлишдан ҳаё қилади. Шу сабабли ризқнинг фавт бўлиши ёки уни деб чарчаб, ҳориш хавфидан омонда бўлади. Бу борада Унга вафо қилади.

* Маърифат»нинг луғатда «билиш, таниш, илм» деган маънолари бор. Истилоҳда «Аллоҳ таолони исмлари ва сифатлари билан сидқидилдан танимоқ» «маърифат» дейилади. Тасаввуфдаги тўрт йўлнинг энг олийси саналади. Маърифат инсоннинг ўзини ва Роббини танишидир. Инсон фақат Аллоҳнинг маърифати орқали саодатга эришади. Имом Ғаззолийнинг ёзишича, соғлом қалб фақат Аллоҳнинг зикри ва маърифатидан завқ олади. Маърифатни «ирфон» ҳам дейишади. Ирфон Аллоҳнинг эҳсони бўлганидан сўфийлар уни илмдан ҳам устун қўйишган.

Зоҳидларнинг ризқ талабидаги ўрни

Зоҳидлар ризқ борасида Роббларига тўлиқ ишончдадирлар. Уларнинг қалблари сокин бўлади ва етарли ризққа ишонадилар. Лекин бу қалбда беқарорликнинг қолдиғи бор. Бундай бўлишига сабаб шуки, нафслари бир нарсани истайди, лекин тақдирда нафсга мувофиқ келмайдиган, унга хилоф бўлган нарса битилган. Шунинг учун нафс беқарор бўлади.

Зоҳидлар ва сиддиқларнинг мисоли

Сиддиқларнинг қалблари хотиржам бўлган. Робблари ҳақидаги гўзал гумон сабабли унда беқарорлик қолмаган.

Бу худди иккита қули бор кишига ўхшайди. У бир ерга бориб келишни истайди. Икки қулидан бирининг ризқини ажратиб, унга сарфлаб туриши учун омонатдор ва ишончли одамнинг қўлига беради. Бошқасининг ризқини чиқариб, ота-онасининг қўлига топширади.

Биринчиси, ризқнинг йўқолишидан омонда бўлди, чунки уни ишончли одамнинг қўлига топширди. Лекин ризқнинг ижроси бўйича омонда бўлмади, чунки у кечга ёки эртароққа суришини ҳамда миқдорини билмайди. Шунинг учун у беқарорликдадир.

Иккинчисининг ризқи эса ота-онаси ҳузурига қўйилгани учун барча тарафдан омонликда бўлди. Ота-онаси ҳақида яхши гумонда бўлгани учун ҳеч қандай беқарорлик қолмади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Касбнинг баёни китобидан)



 

 

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй Оиша Бу Жаброил, сенга салом йўлламоқда,, дедилар. .Ва алайҳиссалому ва давоми...

3146 05:00 / 03.03.2017
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, давоми...

2701 05:00 / 03.03.2017
Сохр алҒомидий ривоят қилади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Эй Аллоҳим, умматимнинг барвақт қилган ишларида барака бергинrdquo деб дуо қилдилар. У зот қўшинни давоми...

4043 05:00 / 04.03.2017
Маълумки, фарзанд тарбиясида отаона ибрат мактаби бўлиши билан бирга, уларнинг кўзига виқорли бўлиб кўриниши керак. Агар отаона фарзандининг кўзига виқорли бўлиб давоми...

3375 05:00 / 03.03.2017