1447 йил 20 шаъбон | 2026 йил 08 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мустажоб бўлган дуо

08:00 / 25.11.2020 3400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қози Абу Бакр ибн Абдулбоқий Баззор Ансорий Бағдодийдан (ҳижрий 535 санада вафот этган( ривоят қилинади: «Макканинг яқинида яшар эдим. Бир куни жуда оч қолдим, аммо очликни кетказадиган ҳеч нарса топа олмай юриб, ипакдан тикилган, попуги ҳам ипакдан бўлган бир ҳамён топиб олдим. Уни кўтариб, уйимга йўл олдим. Очиб қарасам, ичида қимматбаҳо дурлар тизилган бир маржон бор экан. Бунақанги гўзал маржонни сира кўрмаган эдим. Кўчага чиқсам, бир киши қўлида беш юз динор пулни кўтариб, «Ким менга ичида маржони бор ҳамёнимни топиб берса, мана шу мукофот уники!» деб жар соларди. Ўзимга-ўзим: «Мен муҳтожман, қорним оч. Ҳамённи унга қайтараман-да, мукофотини олиб, фойдаланаман», дедим. Жарчини чақириб, уйимга олиб бордим. У ҳамённи ҳам, унинг попугини ҳам, ичидаги дурнинг белгилари-ю, нечталигини, ҳатто ҳамённинг ўзи нима билан боғланганини ҳам тўппа-тўғри айтиб берди. Мен ҳамённи унга олиб чиқиб бердим. У хурсанд бўлиб кетиб, беш юз динор тутқазди. Лекин мен уни олмадим. «Ўзи шундоқ ҳам мен уни сизга қайтаришим керак эди, энди унга мукофот ҳам олсам, тўғри бўлармикин», дедим. У эса менга мукофот пулини олишим кераклигини тушунтирарди. Лекин мен унинг бир динорини ҳам олмадим. У шодлигидан терисига сиғмай, раҳмат айта-айта, мени дуо қилиб, чиқиб кетди. Йиллар ўтиб, Маккадан чиқиб, бир кемага миндим. Тўсатдан кема ҳалокатга учраб, одамлар ҳам, уларнинг мол-мулки ҳам ғарқ бўлди. Мен эса кеманинг бир бўлак ёғочига осилиб олиб, омон қолдим. Бир муддат денгизда сузиб юрдим, қаерга кетаётганимни билмасдим. Юриб-юриб, тўлқин мени одамлар яшайдиган бир оролга чиқариб қўйди. Мен яқин-атрофдаги бир масжидни топиб, кириб, намоз ўқидим. Қироат қилаётганимни эшитиб, оролдаги барча одамлар олдимга тўпланиб олишди, ҳаммаси «Менга ҳам Қуръон ўргатинг», дер эди. Уларга Қуръон ўргатиб, бунинг орқасидан кўп мол орттирдим. Бир куни масжидга кирсам, Қуръон суралари ёзилган варақларни кўрдим. Уларни ўқий бошлаган эдим, оролликлар: «Ёзишни ҳам яхши биласизми?» деб сўрашди. «Ҳа», дейишим билан «Бизга ёзишни ҳам ўргатинг», дейишди. Эртасига каттаю кичик болалари билан олдимга келишди. Уларга ёзишни ҳам ўргата бошладим. Бу сабабли ҳам анча-мунча бойликка эга бўлдим. Бир куни орол аҳли: «Орамизда бир етим қиз бор, ўзига яраша мол-дунёси ҳам бор. Биз сизни унга уйлантирмоқчимиз», дейишди. Рад жавобини берсам ҳам, унга уйланишим лозимлигини айтишди. Кейин айтганларига рози бўлдим. Тўй ўтгач, қелинга назар солдим. Қарасам, бўйнида ўшанда мен топиб олган қимматбаҳо маржон осилган! Маржондан кўзимни уза олмай қолганимни кўриб, оролдагилар: «Шайх, маржонга бундай қараб, етимнинг кўнглини синдириб қўйдингиз-ку? Нима учун унга бунча тикилиб қолдингиз?» деб сўрашди. Уларга маржон топиб олганим ҳақидаги қиссани айтиб бердим. Улар бор овозлари билан таҳлил ва такбир айтиб юборишди. Бу овозлар оролдагиларнинг барчасига етиб борди. Улар: «Сиздан маржонни олган киши мана шу қизнинг отаси эди. Келиннинг отаси тинмай: «Мен дунёда мана шу маржонни қайтариб берган кишидек мусулмон одамни кўрмадим», дер, «Аллоҳим, мени у билан боғла, куёвим бўлишини насиб қил», деб дуо қилар эди», дейишди. Ҳозир ўша фурсат келди, ўша дуо ижобат бўлди. Мен ўша қиздан икки фарзанд кўрдим. Кейин у вафот этди. Ундан икки ўғлим ва ўша маржон мерос қолди. Кейинчалик икки фарзандимдан ҳам айрилдим. Маржонни эса юз минг динорга сотдим. Сизлар кўриб турган бу мол-мулкларим ўшанинг пулидан қолгани».

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши хотини билан қовурилган товуқ еб ўтирар эди. Кимдир эшикни тақиллатиб, .Хайрсадақа қилинг, ночор, мусофир одамман,, деди. Эр ғазаб билан чиқиб, тиланчини давоми...

2224 08:00 / 28.10.2020
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар.Бир куни хонамда ўтирсам сочлари ва кийиниши буткул ғарбона бўлган бир йигит олдимга кирди. Унда иймоннинг давоми...

8596 15:00 / 12.04.2019
Ҳозирги кунда маросимларнинг тури кўпайиб кетди. Уларнинг кўпчилигига Исломнинг алоқаси йўқ. Мазкур маросимлар кўпроқ бошқаларга тақлид қилароқ шаклланган. давоми...

3469 21:20 / 27.01.2019
Араблар Қурбон ҳайитини .Ийдул Азҳо,, Рамазон ҳайитини эса .Ийдул Фитр, деб аташади.Аслида .ийд, сўзи луғатда .қайтиш, деган маънони англатади. Ушбу икки байрам йил давоми...

3596 20:51 / 30.07.2020
Аудиолар

229041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

147679 14:35 / 11.08.2021