1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ота‑онага оқ бўлиш ҳақида

15:00 / 04.11.2020 4444 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Арабча «оқ» сўзи луғатда «ёриш» ва «кесиш» маъноларини билдиради ҳамда озор бериш, осий бўлиш ва қарши чиқишни ифода қилади. Бир сўз билан айтганда, «оқ» сўзи «бирр»нинг тескарисидир.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ ثَلَاثًا، قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، - وَجَلَسَ وَكَانَ مُتَّكِئًا - أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ. مَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلْتُ: لَيْتَهُ سَكَتَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Абдурроҳман ибн Абу Бакрадан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:

«Сизларга гуноҳларнинг каттасининг хабарини берайми?» – дедилар.

«Ҳа, ё Расулаллоҳ!» – дейишди.

«Аллоҳга ширк келтириш. Ота‑онага оқ бўлиш», – дедилар ва ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар-да:

«Огоҳ бўлинглар, ёлғон гап!» – дедилар.

Ана шу гапни такрорлайвердилар, такрорлайвердилар, ҳаттоки, сукут сақласайдилар, дедим».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда энг катта гуноҳлар ҳақида хабар бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтиришдек буюк, дунёдаги энг катта гуноҳдан кейинги, иккинчи ўринда турадига катта гуноҳ ота‑онага оқ бўлиш эканини айтяптилар.

Демак, инсон Аллоҳга ширк келтиришдан қанчалик қўрқса, ота-онага оқ бўлишдан ҳам шунчалик қўрқиши ва ёлғон гап, тўқима бўҳтонлардан ҳам шунчалик эҳтиёт бўлиши лозим экан.

قَدْ رُوِيَ عَنْهُ صلى الله عليه وسلم أَنَّهُ قَالَ: يُرَاحُ رِيحُ الْجَنَّةِ مِنْ مَسِيرَةِ خَمْسِمِائَةِ عَامٍ، وَلَا يَجِدُ رِيحَهَا مَنَّانٌ بِعَمَلِهِ، وَلَا عَاقٌّ، وَلَا مُدْمِنُ خَمْرٍ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади.

«Ул зот айтдиларки:

«Жаннатнинг ҳиди беш юз йиллик масофадан сезилади. Унинг ҳидини амалини миннат қилувчи, оқ бўлган ва сурункали хамр ичганлар топа олмайдилар».

Тобароний ривоят қилган.

Аслини олганда, ота‑онага яхшилик қилиш деб ҳисобланган ишларнинг зиддини қилган ва унинг натижасида ота‑онасининг ранжишларига сабаб бўлган, уларнинг кўнглига озор берган фарзанд оқ бўлган ҳисобланади.

Аммо, ота‑онага оқ бўлиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал жумладан, қуйидагилар ила юзага келишини айтганлар:

1. Ота‑онага қилиш лозим бўлган яхшиликни қилмаслик «оқ бўлиш» деб аталади. Ўша вазифалардан бирортасини қилмаслик ота‑онага ўша соҳада оқ бўлишдир.

2. Ота‑она боласи ҳақида қасам ичсаю, бола унга амал қилмаса.

3. Ота‑она боласидан бирор нарсани сўраса, бола имкони бўла туриб, бермаса.

4. Ота‑онанинг омонатига хиёнат қилиш.

5. Боланинг ота‑онаси унинг ҳақида Аллоҳ таолога шикоят қиладиган иш қилиши.

6. Ота‑онага оқ бўлиш амалий ва каломий қисмларга бўлинади. Ота‑онага гап-сўз билан озор етказганлар уларга каломий оқ бўладилар. Ота‑онага бирор қилмиши ила озор берганлар амалий оқ бўладилар.

Буларга ота‑онани малол олиш, уларга дўқ қилиш, ғазаб кўрсатиш, тик қараш каби нарсалар киради.

7. Ота‑онага оқ бўлишнинг умумий ўлчови шуки, агар бегонага нисбатан қилинса, кичик гуноҳ бўладиган нарса ота‑онага қилинса, катта гуноҳга айланади.

Ушбу масалада ҳам одамлар орасида тушунмовчиликлар, бепаровлик ва ҳаддан ошишлар мавжуд.

Баъзи фарзандлар бепарволиклари туфайли ота‑оналарига салбий оқ бўлишга олиб борадиган муомалаларни ўзларига эп кўрадилар.

Баъзи ота‑оналар бўлар-бўлмасга ўз фарзандларини оқ қилишга шошиладилар. Яна бошқалари Аллоҳ таолонинг иродасига қарши бўлган ишларда болалари узр айтсалар ҳам, оқ қиламан, деган дўқ-пўписаларни қилишдан тап тортмайдилар. Бунга мисол тариқасида, «хотинингни талоқ қилмасанг, оқ қиламан», «ароқ ичмасанг, оқ бўласан», дейишлар киради. Баъзан ота‑оналар орасидаги низоларда фарзандлар зулмга қоладилар. Ота: «онангдан кечмасанг, розимасман», деса, она: «отангдан юз ўгирмасанг, оқ қиламан», деб туриб олади. Бунда улар фарзандларини гуноҳга ундаш билан, ўзлари ҳам гуноҳкор бўладилар.

Бас, ҳар ким ўз чегарасини билиши ва ўша чегарада туриши лозим. Бунинг учун эса, албатта, динимиз таълимотларини пухта ўрганиб бориш керак.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг одатимизда маҳр масаласи кўрилиб, келин ва куёвдан розиризолик сўраб бўлингандан кейинги домлаларимиз томонидан оҳанг билан ўқиладиган араб тилидаги давоми...

46492 09:15 / 19.02.2025
Оила қуриш чоғида умр йўлдошини танлаш борасида отаоналар ва болалар, валий ndash ишбошилар ва муваллолар ndash уларнинг қўл остидагилар орасида содир бўладиган давоми...

6780 10:00 / 24.01.2025
Кулайб ибн Манфаъадан ривоят қилинади.Бобом .Ё Расулаллоҳ, кимга яхшилик қилай, ndash деди..Онангга, отангга, опасинглингга, акаукангга ва улардан кейин келадиган давоми...

4077 15:20 / 16.09.2021
Отаоналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар, жамиятдаги етакчи доираларнинг ёш авлодни оилали қилиш борасидаги бурчлари уларни никоҳлаб қўйиш билан давоми...

10324 10:00 / 26.02.2025